Президент Обаманинг инаугурация нутқи (01/20/09)
Ҳурматли юртдошлар!
Мен бугун олдимиздаги вазифаларнинг улкан аҳамиятини ҳис этган ҳолда, менга билдирилган ишонч учун ўз миннатдорчилигимни изҳор этган ҳолда, аждодларимиз келтирган қурбонларни ёдга олган ҳолда турибман. Мен президент Бушга мамлакатимизга қилган хизмати ва шунингдек ҳокимиятни топшириш давридаги саховати ва ҳамкорлиги учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шу онга қадар қирқ тўрт нафар америкалик президент қасамёдини келтирди. Қасамёд сўзлари тинчлик ҳукм сурган фаровонлик ва осойишта даврларда янграган. Аммо баъзан ушбу қасамёд қора булутлар ва шиддатли тўфонлар пайтида келтирилган. Ана шундай онларда Америка нафақат олий лавозим эгаларининг маҳорати ва заковати туфайли, балки “Биз, яъни халқ”, давлатимиз асосчиларининг орзу-умидларига ва асосий қомусимизга содиқ қолганмиз туфайли олға юришда давом этган.
Доим шундай бўлган. Америкаликларнинг бугунги авлоди даврида ҳам шундай бўлиши керак.
Биз инқирозни бошимиздан кечираётганимиз бугун барчага аён. Мамлакатимиз ҳар ерда зўравонлик ва нафрат уруғини сочаётган тармоққа қарши уруш ҳолатида турибди. Иқтисодимиз баъзи инсонларнинг нафсга берилгани ва масъулиятсизлиги ҳамда барчамиз қатъий ҳаракат қилиб, мамлакатимизни янги даврга тайёрлай билмаганимиз натижасида анча заифлашган. Одамлар турар жой ва иш жойларини йўқотишмоқда, корхоналар ёпилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими бизга жуда қимматга тушмоқда, мактабларимиз кўплаб ўқувчиларга етарлича билим бермаяпти ва ҳар бир кун шуни кўрсатадики, бизнинг ёқилғи энергиясидан фойдаланишимиз рақибларимизни кучайтирмоқда ва планетамизга таҳдид солмоқда.
Буларнинг бари инқироз белгиларидир, ва статистик маълумотлар буни тасдиқлайди. Гарчи рақамлар билан ўлчанмасада, аммо жиддийлиги бўйича қолишмайдиган яна бир муаммо шуки, мамлакатимиз фуқароларидаги келажакка бўлган ишонч сўниб бормоқда, уларда Американинг таназзули муқаррар ва америкаликларнинг кейинги авлоди одатдаги ҳойи-ҳаваслардан маҳрум бўлади деган қўрқув бор.
Бугун сизга шуни айта оламанки, биз рўбарў турган муаммолар чинакам муаммолардир. Улар жиддий муаммолар ва уларнинг сони анчагина. Уларни осон ва тез ҳал қилиб бўлмайди. Бироқ шуни билгингки, Америка, биз уларнинг ечимини топамиз.
Бугун биз қўрқув ўрнига умидни танлаганимиз, можаролар ва ихтилофлар ўрнига мақсадларимиз бирлигини танлаганимиз учун тўпландик.
Биз бугун бу ерга арзимас гина-кудратлар ва сохта ваъдаларга, ўзаро айбловларга ва анчадан бери сиёсий тизимимизни бўғиб келган ва сийқаси чиқиб кетган догмаларга чек қўйиш пайти келди, деб эълон қилиш учун келдик.
Биз ҳамон ёш давлатмиз, аммо Муқаддас китобда айтилганидек, болалик қилиқларидан воз кечиш пайти келди. Руҳимиз матонатини қайта тасдиқлаш, яхшироқ келажак танлаш, ҳамда авлоддан авлодга ўтиб келаётган қимматбаҳо туҳфа, олийжаноб ғояни, яъни Парвардигор сўзи билан айтганда барча инсонлар тенг, барча инсонлар озод ва барча инсонлар саодатли бўлишга тўла ҳақлидирлар, деган ваъдани олға суриш пайти келди.
Мамлакатимиз буюклигини қайта тасдиқлаган ҳолда, биламизки, буюклик шунчаки ўзи пайдо бўлмайди. Унга меҳнат билан эришмоқ лозим. Ўз йўлимизда биз осон йўлларни изламаганмиз ва олдимизда борига қараб ўтирмаганмиз. Бу йўл меҳнат ўрнига дам олишни афзал кўрадиган ва фақат бойлик ва шуҳрат келтирадиган роҳатга интиладиган иродасизлар учун эмас эди. Билакс, таваккал қилиб, ҳаракат қилган, бунёдкорлик иши билан шуғулланган, баъзилари таниқли, аммо аксарияти меҳнат билан банд бўлган номаълум эркагу-аёллар мамлакатимизни узоқ ва машаққатли йўл сари фаровонлик ва озодликка олиб чиққанлар.
Бизни деб улар ўзларининг орттирган озгина буюмларини олиб, янги ҳаёт бошлаш умидида океан ортига йўл олганлар.
Бизни деб улар қора терга ботиб, оғир меҳнат билан Ғарбни ўзлаштирганлар, хипчин дарраларига чидаб, қаттиқ ерни ҳайдаганлар.
Бизни деб улар Конкорд ва Геттисберг, Нормандия ва Кхесан каби уруш майдонларида жанг қилганлар ва ҳалок бўлганлар.
Бизнинг яхшироқ ҳаёт кечиришимиз учун ушбу эркагу-аёллар қайта ва қайта курашишган ва ўзларини қурбон келтирганлар ва қўлларида қадоқлар пайдо бўлгунча ишлаганлар. Улар учун Америка, алоҳида кишиларнинг иддаоларидан кўра каттароқ, келиб чиқишдаги тафовутлар ёки бойлик ё сиёсий қарашлардан кўра муҳимроқ эди.
Биз бугун ҳам шу йўлдан боришда давом этмоқдамиз. Биз курраи заминдаги энг фаровон, энг қудратли давлат бўлиб қолмоқдамиз. Бугун бизнинг ишлаб чиқариш кўрсатгичларимиз инқироздан аввалги кўрсатгичлардан паст эмас. Ақлу-зеҳнимиз эса ҳамон янги ихтироларга қодир, маҳсулотларимиз ва хизматларимизга бўлган талаб эса ўтган ҳафта, ўтган ой ёки ўтган йилга нисбатан пасаймаган. Бизнинг салоҳиятимиз камайиб қолмаган. Бироқ, ўз билганимдан қайтмайман деган фикр, тор манфаатларни ҳимоя қилиш ва нохуш қарорларни кейинга қолдириш пайти, шубҳасиз ортта қолди. Бугундан бошлаб, қаддимизни ростлаб, ўзимиздан чангни қоқиб ташлаб, Американи қайта қуришни бошлашимиз керак.
Қаерга қарамайлик, ҳар ерда бажарилиши лозим бўлган вазифалар бор. Иқтисод ҳолати қатъийлик ва зудлик билан чора кўришни талаб қилмоқда ва биз бундай чораларни кўрамиз, бу нафақат янги иш жойларини яратиш учун, балки янги иқтисодий ўсиш учун асос солишга хизмат қилади. Биз мамлакат иқтисодимизни жадаллаштирувчи ва бир биримиз билан боғловчи йўллар ва кўприклар, электр қуввати тармоқлари ва замонавий телекоммуникация линияларини қурамиз. Биз илм-фаннинг жамиятдаги муносиб ўрнини қайта тиклаймиз ва техник тараққиёт ютуқларини соғлиқни сақлаш тизими сифатини кўтаришга ва унинг нархини камайтиришга татбиқ этамиз. Биз қуёш, шамол ва ер энергиясидан автомобилларимизга ёқилғи сифатида ва корхоналаримиз ускуналарини ҳаракатга келтириш учун фойдаланамиз. Биз мактабларимиз, коллежларимиз ва университетларимизни янги давр талабларига жавоб беришлари учун ўзгартирамиз. Буларнинг бари бизнинг қўлимиздан келади. Буларнинг барини биз амалга оширамиз.
Кимдир бизнинг иддаоларимиз миқёсини шубҳа остига олиши ҳам мумкин, улар бизнинг тизимимиз жуда кўп йирик режаларни уддасидан чиқа олмайди дейдилар. Уларнинг хотираси заифдир. Чунки улар мамлакатимиз нималарга эришгани, умумий мақсад сари бирлашган ва мардона амалларга қодир бўлган озод эркак ва аёллар нималарга эришиши мумкинлигини унутганлар.
Бадгумон кишилар англамайдиларки, уларнинг оёқ остидаги ер силжиган, биз анча вақтдан бери муккасидан кетган эски сиёсий муноқашаларга ортиқ ўрин йўқ. Бугун биз сўрайдиган савол ҳукуматимиз каттами ёки кичикми деган савол эмас, балки ушбу ҳукумат ўз вазифаларини бажармоқдами, оилаларга яхши маош бера оладиган иш жойларини топишга, уларнинг тўлашга қурби етадиган тиббий хизмат яратишга, қариялик гаштини суришга етарли нафақа беришга ёрдам бермоқдами. Агар ушбу саволларга жавоблар ижобий бўлса, биз олға юрамиз. Агар жавоблар салбий бўлса, дастурлар ёпилади. Давлат маблағларини бошқарадиганлар маблағларни тўғри ишлатиш, ёмон одатларга барҳам бериш ва ишни тўла шаффофлик шароитида олиб боришга масъул бўладилар, чунки фақат шу ҳолда биз халқ ва ҳукумат орасидаги ҳаёт учун ўта зарур бўлган ишончни қайта тиклай оламиз.
Биз учун бозор муносабатлари яхшими ёмонми деган савол ҳам ноўриндир. Бойлик келтириш ва эркинликни кенгайтиришда бозорга етадиган куч йўқ, аммо жорий инқироз шуни эслатадики, қаровсиз қолган бозор назорат остидан чиқиб кетиши мумкин, мамлакат фақат бойларга шароит яратиш билан фаровон бўла олмайди. Иқтисодимиз муваффақияти нафақат ялпи ички маҳсулот ҳажми, балки фаровонлик жамиятнинг барча қатламларига етиб боришига, муваффақиятга интилаётган ҳар бир киши учун имкон яратиб бера олишимизга боғлиқ, хайрия кўрсатиш ҳиссидан келиб чиқиб эмас, балки умумий фаровонлигимизга бўлган ишончли йўл шудир.
Мудофаа масаласига келсак, биз хавфсизлигимиз ва олий мақсадларимиз орасидан биттасини танлаш керак, деган сохта фикрни инкор этамиз. Юртимизга асос солган аждодларимиз, бизнинг ҳаёлимизга ҳам келмаган таҳдидларга юзма-юз келганларида ҳам, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқини таъминлайдиган хартия ишлаб чиққанлар, бу хартия матни авлодлар қони билан битилган. Ушбу олий мақсадлар бутун дунё халқлари учун маёқ бўлиб қолмоқда ва биз ҳозирги фойдамизни кўзлаб, улардан воз кечмаймиз. Шунинг учун бугун бизни кўриб турган дунёдаги барча халқлар ва ҳукуматларга, энг катта пойтахтлардан тортиб то менинг отам туғилган қишлоққача, шундай деймиз: билингки, Америка тинч ва муносиб келажакка интилаётган ҳар бир халқ ва ҳар бир эркак, аёл ва боланинг дўстидир ва биз яна бир бор етакчи бўлишга тайёрмиз.
Ёдингиздами, аввалги авлодлар фашизм ва коммунизмни нафақат ракета ва танклар ёрдамида, балки мустаҳкам иттифоқчилик ва кучли ишонч туфайли мағлуб этишган. Улар билардиларки, фақат кучга таяниб, ўзимизни ҳимоя қилиш мумкин эмас, шунингдек куч билан истаганимизни қилишимиз мумкин дегани эмас. Мулоҳаза билан ишлатилган тақдирдагина қудратимиз ўсишини улар англаб етгандилар, хавфсизлигимиз манбаи биз олиб бораётган ишнинг адолатлигида, бошқаларга намуна бўлишда, камтарлик ва ўз-ўзини назорат қилишдадир.
Биз ушбу мероснинг сақловчиларимиз. Бу тамойиллар яна қайтиб, биз янада кўпроқ саъй ҳаракатларни, турли мамлакатлар халқлари орасида янада яқинроқ ҳамкорлик ва ўзаро англашувни талаб қилаётган янги таҳдидларга қарши туришга қодир бўламиз. Биз масъулият билан Ироқни ўз халқига топшириб, у ердан чиқа бошлаймиз ва Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган машаққатли иш олиб борамиз. Эски дўстлар ва собиқ рақибларимиз билан бирга биз ядро таҳдидини камайтириш учун зўр бериб меҳнат қиламиз ва глобал иссиқлиқка қарши кураш бўйича чоралар кўрамиз. Биз ўз ҳаёт тарзимиз учун узр сўрамаймиз ва уни ҳимоя қилишда иккиланмаймиз ҳам, ўз мақсадларига террор ва бегуноҳларни ўлдириш орқали эришишга интилаётганларга биз айтамиз: бизнинг иродамиз кучли ва бизни енгиб бўлмайди, биз таслим бўлмаймиз ва ғалаба биз томонда.
Биламизки, жамиятимиз ҳилма–хиллиги бизга заифлик эмас балки куч бағишлайди. Биз, масиҳий ва мусулмонлар, яҳудий ва индуистлар, ҳамда динсизлар мамлакатимиз. Жамиятимиз шаклланишига дунёнинг ҳар бир бурчагидан келтирилган барча тиллар ва маданиятлар таъсир ўтказган. Фуқаролар уруши ва сегрегациянинг аччиқ заҳматини тотиб, тарихнинг ўша зулматли саҳифасидан кучлироқ ва бирлашган ҳолда чиқишимиз сабабли, эртами-кеч эски нафрат йўқолиши ва қабилавий тафовутлар қачондир ўчиб кетишига ишонамиз. Дунё торайиб бормоқда, инсоният ўзини янгиттан кашф этажак, Америка эса тинчликнинг янги даврини кашф этишда ўз ролини ўйнаши керак.
Ислом дунёси билан ўзаро манфаат ва ўзаро ҳурматга асосланган ва олға етаклайдиган янги йўлларни излаймиз. Можаро уруғини экишга интилаётган ёки ўз жамиятларидаги иллатларда Ғарбни айблаётган етакчиларга, биз айтамиз: билингки, сиз нимани вайрон қилганингиз билан эмас, балки нимани барпо қилганингиз билан халқингиз ёдида қоласиз. Коррупция, алдов ва норозилар овозини бўғиш ёрдамида ҳокимиятни ушлаб турганларга, биз айтамиз: тарихда яхши ном қолдирай десангиз, муштингизни очинг ва биз ўз қўлимизни сизга узатамиз.
Камбағал мамлакатлар халқларига ваъдамиз шуки, биз улар билан бирга иш олиб борамиз, токи уларнинг экин майдонлари ҳосил келтирсин, токи одамларда тоза ичимлик суви бўлсин, токи очлар тўйсин ва очиққан онглар озуқалансин. Бизнинг мамлакатимиз каби нисбатан тўкинчиликда яшаётган давлатларга қарата айтамиз: сарҳадларимиз ташқарисидаги одамларнинг изтиробига ортиқ бефарқ қараб тура олмаймиз ва оқибатини ўйламай, дунё заҳираларини истеъмол қила олмаймиз. Зеро дунё ўзгарди ва биз ҳам у билан бирга ўзгаришимиз керак.
Олдимиздаги йўлга қараб, шу онда, олис сахроларда ва узоқ тоғлар қояларида хизмат ўтаётган жасур америкаликларни миннатдорчилик билан ёдга оламиз. Уларнинг бизга кўп айтар гаплари бор, Арлингтон қабирстонида қўним топган қахрамонлар ҳам асрлар давомида нимадир демоқчи гўё. Биз уларни нафақат озодлигимиз посбони бўлганлари учун, балки улар ватанга хизмат қилиш ғоясини ўзларида мужассам этишлари, ўзларидан кўра буюкроқ бўлган нарсада маъно топишга тайёр турганлари учун ҳам шарафлаймиз. Ва айнан шу онда – авлодни шакллантирадиган онда – айни шу ғояни ҳар биримиз ҳис этмоғимиз лозим.
Гарчи ҳукумат кўп нарса қила олсада ва қилиши ҳам керак бўлсада, охир оқибатда мамлакатимиз Америка ҳалқининг ишончи ва қатъиятига таянади. Сув тошқинидан азият чеккан нотаниш инсонга бошпана беришдаги эзгулик, дўстларининг ишсиз қолишидан кўра, ўзларининг иш соатларини қисқартиришга тайёр турган ишчилар холислиги – айни шу хусусиятлар бизга оғир даврларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Тутун билан тўла зинадан кўтарилаётган ўт ўчирувчининг жасорати баробарида ота-оналарнинг фарзандларни тарбиялашга тайёр туришлари – тақдиримизни ҳал этувчи хусусиятлардир.
Олдимизда янги муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Биз уларни янги чоралар билан ҳал этишимиз мумкин. Аммо бизнинг муваффақиятимиз боғлиқ бўлган қадриятлар – тўғрилик ва меҳнатсеварлик, жасорат ва адолатга интилиш, бағрикенглик ва янги нарсани билишга бўлган иштиёқ, садоқат ва ватанпарварликдир. Булар азалий қадриятлардир. Бутун тарихимиз мобайнида мазкур қадриятлар тараққиётнинг сокин кучи бўлиб келган. Биз ушбу қадриятларга қайтмоғимиз керак. Ҳозир биздан талаб қилинадиган нарса – масъулиятнинг янги даври – яъни ҳар бир америкалик ўзи олдидаги, мамлакат олдидаги, дунё олдидаги бурчини эътироф қилиши керак. Бу масъулиятларни норози бўлиб эмас, балки чин дилдан қабул қилмоғимиз лозим, чунки аниқ биламизки, қийин вазифаларнинг ечимига ўзимизни бутунлай бағишлаш орқалигина, табиатимизни шакллантирувчи руҳий ҳолатимизни қаноатлантирган бўламиз .
Мана шу ҳар бир фуқаронинг бурчи ва ҳуқуқдир.
Мана шунда ишончимиз манбаи – яъни Парвардигорнинг ўз тақдиримизни ўзимиз шакллантиришимиз керак деган чақириғини англашдадир.
Мана шунда озодлигимиз ва ақидамиз маъноси, ва шу туфайли бизнинг ажойиб Молл ҳиёбонимиз ҳозир барча ирқлар ва динларга мансуб эркаклар, аёллар ва болалар учун байрам қилиш жойига айланди, ҳамда олтмиш йилча илгари отасини маҳаллий ресторанга киритишмаслиги мумкин бўлган киши энг муқаддас қасамёд қабул қилиш учун ҳозир олдингизда турибди.
Келинглар, шу бугун кимлигимизни ва қандай йўл босиб ўтганимизни ёдга олайлик. Америка туғилган йили, йилнинг энг совуқ ойида муз қоплаган дарё ёқасида ватанпарварларнинг кичик гуруҳи сўнаётган гулхан атрофида тўпланишган. Пойтахт тарк этилган эди. Душман бостириб келаётган эди. Қор қон излари билан буркалган эди. Ўшанда, инқилобимиз нима билан якунланиши номаълум бўлиб турган бир пайтда, давлатимиз асосчиси жангчиларга қуйидаги сўзларни ўқиб беришни буюрди:
“Келажак авлодга етиб борсинки... қишнинг қоқ чилласида, фақат умид ва қадр-қиммат тирик қола оладиган пайтда... шаҳар ва қишлоқлар умумий хавфга рўбарў келиб, унга қарши чиқдилар.”
Америка, қишнинг қировли кунларида, умумий хавф олдида, ушбу абадий сўзларни эслаб қолайлик. Умид ва қадр-қиммат ила совуқ оқимларни яна бир бор енгиб ўтайлик ва бизни олдинда кутаётган тўфонларга бардош берайлик. Фарзандларимиз фарзандлари шуни билсинлар: биз синовларга дуч келганда ўз йўлимиздан қолмадик, ортга қайтмадик ва чекинмадик. Нигоҳимизни уфққа қарата ва Ҳудо марҳамати билан, биз озодликнинг улуғ неъматини олиб ўтдик ва келажак авлодларга топширдик.


