АҚШ Ҳукумати Ҳисоботлари
Озодлик ва демократияни илгорлаштириш - 2008 хисоботи (05/23/2008)
Ўзбекистон
1-қисм
Президент Ислом Каримов мамлакатни 1990 йилдан буён бошқариб келмоқда ва 2007 йил декабрь ойида у учинчи муддатга қайта сайланди, аммо бу сайлов на эркин ва на ҳаққоний бўлди. Президент ҳукуматдан устун туради, икки палатали парламентда эса мустақил ваколат мавжуд эмас. 2007 йилда ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳисоботи аянчлилигича қолди, лекин у 2008 йилнинг бошида бу борада айрим қадамларни қўйди. Мамлакатда ҳақиқий маънодаги сиёсий партиялар йўқ; мавжуд мухолиф гуруҳларга расмий равишда қаршилик кўрсатилиб, рўйхатдан ўтказилмаган. Суд ҳокимияти давлат назоратида қолди; суд қарорлари одатда аввалдан ҳал этилиб, баъзи судланувчилар ҳуқуқий маслаҳат олишдан маҳрум этилди. 2007 йил ноябрь ойида БМТнинг Қийноқларга қарши Қўмитаси бутун текширув жараёнида қийноқ ва суиистеъмолчилик мунтазам қўлланиб келинган, дея хулоса қилган. Ҳукумат йиғилиш ва уюшиш эркинлигини ҳамда диний фаолиятни чегаралади. Мулозимлар барча НДТларнинг фаолиятини назорат остига олиб, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини ёпиш учун мажбурлашда давом этди. Кўпинча блоклаб қўйиладиган Интернетдаги айрим янгилик сайтларидан ташқари, том маънодаги мустақил ахборот воситалари кузатилмади, ўз-ўзини цензура қилиш амалда кенг қўлланди. Ҳукумат бошқа мамлакатлардан ўзбек қочоқларини қайтаришни талаб қилди, қайтарилган баъзи қочоқларни эса қамоққа ташлади. Гарчи ҳукумат одам савдоси борасида чекланган фаолият олиб борган бўлса ҳам, бу мавзу муҳим муаммолигича қолди. Болаларнинг меҳнатидан фойдаланиш кенг ёйилди.
2-қисм
АҚШ ҳукуматининг демократия ва инсон ҳуқуқлари борасидаги мақсадлари инсон хуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳақоратлашнинг олдини олиш, хусусан, текширув жараёнида қийноқ усулини қўллашга ҳамда қамоқхоналардаги суиистеъмолчиликка йўл қўймасликка қаратилган. Шунингдек, у кучли фуқаролик жамияти, матбуот эркинлиги, сиёсий хилма-хиллик, ҳуқуқий ислоҳот, жавобгарлик, диний эркинлик, аёллар ва ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзда тутади. Америка Қўшма Штатлари бошқа дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларини амалда қўллаш шаффофлигини қўллаб-қувватламоқда ҳамда 2005 йилда содир бўлган Андижон воқеалари бўйича мустақил текширувга рухсат беришни талаб этиб келмоқда. Америка Қўшма Штатлари АҚШ иштирокидаги ҳамкорлар ва маҳаллий НДТларни қистовга олишни, АҚШ грантларини маҳаллий НДТларга берилишини чеклаб қўйишни тўхтатишни ҳамда НДТларнинг қайта очилишига рухсат беришни талаб этмоқда. Америка Қўшма Штатлари фаолларга дастурий кўмак бериб келмоқда, материалларнинг ахборот воситаларига, фуқаролик жамияти ва ҳукуматга тарқалишини таъминламоқда.
2007 йилда орқага силжишга қарамасдан, Америка Қўшма Штатлари демократия ва инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолиятини давом эттирмоқда. АҚШнинг бундай танқидига жавоб тариқасида ҳукумат 2007 йилнинг иккинчи ярми охирига қадар АҚШ мулозимлари билан муносабатга киришишни қаттиқ чегаралаб қўйди. 2007 йил май ойида суд қарори билан АҚШ молиялаштираётган иккита НДТ фаолияти тўхтатилди. 2007 йил июлда ҳукумат АҚШга қарашли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотини ёпишга мажбурлаб, унинг охирги ходимига аккредитация беришни рад этди. 2006 йилда суд қарори билан вақтинча ёки бутунлай ёпилган 15 дан ортиқ АҚШ НДТлари қайта очилгани йўқ. Гарчи 2008 йил февраль ойида АҚШга қарашли битта НДТ очилган бўлса ҳам, аммо унинг директори ҳали аккредитациядан ўтиши лозим. Ҳукумат АҚШ маблағ билан таъминлайдиган таълимий ва бошқа алмашинув дастурлари фаолиятига тўсқинлик қилди, аммо алмашинув дастурларининг айримлари қисқарган шаклда фаолиятини давом эттирди. Америка Қўшма Штатлари ҳукумат билан боғлиқ дастурларни маблағ билан таъминлашни тўхтатиб турди, чунки давлат котиби мамлакат 2002 йилда Қўшма Штатлар билан тузган мажбуриятларига, жумладан, инсон ҳуқуқларига амал қилаётганини тасдиқлай олмади. Бироқ, истисно тариқасида демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳамда одам савдосига тааллуқли ҳукумат иштирокидаги АҚШ дастурлари маблағ билан таъминланди.
3-қисм
Тўсиқларга қарамай, Америка Қўшма Штатлари ҳукумат билан ишлашни, инсон ҳуқуқлари ва демократия дастурларини қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. АҚШнинг юқори лавозимли мулозимлари, жумладан, Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчисининг муовини 2007 йил февраль ойида, АҚШ Марказий Қўмондонлигининг қўмондони 2008 йил январь ойида, Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчиси муовини вазифасини бажарувчи 2008 йил март ойида сўзлаган нутқига кўра, инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурмат икки томонлама муносабатларнинг ҳал қилувчи элементидир. Мамлакатдаги энг охирги халқаро НДТларнинг бирини ёпиб юборилиши ортидан Америка Қўшма Штатлари ҳукуматдан ушбу НДТни қайта очишни талаб қилди. Суд залларига киришга тақиқланганига қарамай, АҚШ мулозимлари мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари ва диний арбобларнинг суд жараёнларида қатнашишига уриниб келмоқда. АҚШ мулозимлари суд ишларини мониторинг қилиш мақсадида бошқа ҳукумат ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари билан келишиб иш кўради ва ҳукуматдан суд жараёни халқаро андозаларга мос равишда ўтказилишини талаб қилади. Қонун рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг чет эл ҳомийлигидаги дастурларда иштирок этишини тақиқлагани учун, АҚШ маблағ билан таъминлайдиган бир дастур қонун чегаралари доирасида сиёсий партиялар билан мулоқотга киришади ва уларга ёрдам беради. Ушбу дастур АҚШлик бир олимни сайловлар ва демократик сиёсий жараёнларни муҳокама қилиш учун 2007 йил сентябрь ойида ўтказилган анжуманда иштирок этишини таъминлади ҳамда мамлакатдаги Минтақавий Сиёсат Жамғармаси билан 2007 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган демократия ва инсон ҳуқуқлари форумини ташкил этишда ҳамкорлик қилди. АҚШ мулозимлари 2007 йил декабрь ойидаги президентлик сайловини кузатиб борди.
Қийноқларга қарши кураш АҚШнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги кун тартибининг энг юқори поғонасида қолмоқда. Қисман АҚШ ва халқаро кучларнинг ҳукумат билан мулоқоти натижасида, 2008 йил март ойида Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига қамоқхоналарни суд жараёни доирасида мониторинг қилишга рухсат берилди. Мониторинг 2004 йил декабрь ойидан бери тўхтатиб қўйилганди. 2007 йилда Элчихона бир қатор НДТларнинг лойиҳаларига кичик грантлар тақдим этди, жумладан, бундай ёрдам бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи марказларни очиш, ҳамкорлик асосида маҳаллий ҳокимият билан инсон ҳуқуқларини муаммосини ҳал этиш ҳамда қамоқхона шароитини мониторинг қилиш ва қийноқларга қарши ҳимояни ташкил этиш мақсадида тиббий ходимларнинг мувофиқлаштирувчи марказини яратишга берилди.
Ҳукуматнинг кучли босими остида Америка Қўшма Штатлари фуқаролик жамиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда. АҚШ ҳомийлик қилаётган дастур орқали АҚШлик профессионал ҳуқуқшунослар фуқаролик жамияти гуруҳларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатяпти. АҚШ ҳомийлигидаги ташкилотлар ҳукуматга НДТ ва оммавий ахборот воситалари учун ҳуқуқий ва тартибга солувчи тизимни қандай қилиб ислоҳ қилиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат беряпти. 2007 йилда АҚШ Элчихонаси фуқаролик жамияти муассасалари ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш мақсадида 30 та НДТ ва ахборот нашрларига кичик грантлар ажратди. Америка Қўшма Штатлари фуқаролик жамияти билан қонун юритиш ўртасидаги мулоқотни такомиллаштиришга қаратилган дастурни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. АҚШ мулозимлари АҚШнинг НДТларга ёрдам кўрсатиши ортида мавжуд тизимни ўзгартириш эмас, балки ислоҳот ва инсон ҳуқуқларига ҳисса қўшиш ётишини очиқ-ойдин урғулади. Америка Қўшма Штатлари хилма-хил фаолиятлар орқали матбуот эркинлигини, жумладан, мамлакатдаги воқеалар хусусида ахборот дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда босма нашрлардаги аҳвол борасида ҳисоботлар тайёрлашни қўллаб-қувватламоқда. Журналистлар матбуот эркинлигига қаратилган малака ошириш ва алмашинув дастурларида иштирок этяпти. Элчихона мунтазам равишда маҳаллий журналистлар ва бошқалар билан Америка Қўшма Штатларидаги ахборот воситалари ва матбуот эркинлигининг аҳамияти тўғрисида баҳс-мунозаралар ўтказиб келмоқда. Америка Қўшма Штатлари ҳукумат билан мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларини ҳақоратлаш ва ҳисбга олишни камайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
4-қисм
Америка Қўшма Штатлари алмашинув дастурлари, диний арбоблар ва муассасалар билан мулоқот ҳамда ахборот материалларини тарқатиш орқали диний бағрикенглик ва хилма-хилликка бўлган ҳурматни оширишга уринмоқда. Америка Қўшма Штатлари алоҳида ҳолатлар устида кузатув олиб борган ҳолда ўқитувчилар, журналистлар ва барча диний жамоаларнинг етакчилари билан алоқа боғламоқда. АҚШ мулозимлари бу масалаларни имконият бўлган ҳар бир пайтда кўтаради ва диний ба6рикенглик ва сиёсий хавфсизлик ўзаро бир-бирини тўлдирувчи мақсадлар эканига урғу беради. 2007 йил июнь ойида АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси юқори лавозимли ҳукумат вакиллари билан учрашиб, ҳукуматнинг диний эркинликка кенг йўл беришга ҳиса қўшиши, унинг 2006 йилдаги диний эркинлик борасида алоҳида ташвишга сабаб бўлган мамлакат сифатидаги ҳолатини бартараф этиши мумкинлиги хусусида суҳбатлашди. Элчихона Америкадаги диний эркинлик, бағрикенглик ва Ислом ҳақида баҳс-мунозаралар уюштирди.
Америка Қўшма Штатлари аёллар ва ногиронлар ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиб келмоқда. АҚШ ҳомийлик қиладиган бир ташкилот фуқаролик жамияти етакчиларига ташкилотчилик қобилиятларини ривожлантириш, адвокатлик кампаниясини амалга оширишда техник ёрдам кўрсатмоқда. АҚШ 2007 йилда қатор ташкилотларга грантлар ажратди, масалан, у Фарғона водийси телевизион станциясига аёллар ҳуқуқлари ва ички низолар бўйича хабардорликни оширишга қаратилган ойлик дастурлар намойиш қилиш учун, Бухородаги маҳаллий НДТга вилоят ҳокимияти кўмагида оилавий низо қурбонлари ва уларнинг болалари учун бошпана барпо этиш учун ёрдам кўрсатди. 2007 йил июнь ойида Элчихона ногиронларга тенг имкониятлар яратилганини ўрганиш учун тўрт нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Америкага сафарини уюштирди. Шунингдек, у маҳаллий НДТларга кичик грантлар ажратмоқда. 2007 йил декабрь ойида Элчихона АҚШ адвокатлари, ҳукумат мулозимлари, амалиётчилар ва ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар ўртасида видео анжуман ташкил этди.
Америка Қўшма Штатлари одам савдосининг олдини олиш, жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган дастурларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда ҳамда бу йўлдаги қурбонлар ва ҳуқуқ посбонларининг малакасини ошириш, чегара кучлари билан ҳамкорликни осонлаштиришга ёрдам бермоқда. АҚШ ҳомийлигидаги умуммиллий НДТ тармоғи 10 та жамоатчилик телефонлари орқали маслаҳат ва ахборот беради, ушбу тармоқ 2007 йилда 17 000 дан зиёд қўнғироқ қабул қилди, шунингдек, у маҳаллий доирада семинарлар ва баҳс-мунозаралар ўтказди. 2007 йилда АҚШ ёрдам берадиган НДТлар 497 нафар кишининг мамлакатга қайтишига ёрдам кўрсатди. Иккита АҚШ ҳомийлигидаги бошпаналар мамлакатга қайтган траффик қурбонларига тиббий, психологик, ҳуқуқий ва таълимий ёрдам кўрсатади, учта марказ эса ишчи мигрантларга маслаҳатлар беради. 2007 йил давомида АҚШ қўллаб-қувватлайдиган НДТлар 200 дан ортиқ ҳуқуқ тартиботи ходимлари учун огоҳлик ва хабардорлик борасида 10 та ўқув машғулотлари ташкил этди. Америка Қўшма Штатлари чегара ҳудудидаги одам савдоси бўйича ҳамкорлик ва ахборот алмашинувларини такомиллаштиришга қаратилган Марказий Осиё НДТ Тармоғи тузилишига ҳам яқиндан ёрдам берди.

