Кўп сўраладиган саволлар
Консуллик/ноиммигрант визалар
Савол: Агар менга виза берилмаса, тўлаган пулимни қайтариб оламанми?
Жавоб: Йўқ, виза учун тўлов қайтариб берилмайди.
Савол: Виза олиш учун қандай ҳужжатларни тақдим этишим лозим?
Жавоб: Одатда, консуллик бўлими хизматчиси 214-б бўлимга кўра ҳужжатлардаги камчиликни деб виза беришни рад этмайди. Консуллик бўлими хизматчиси ҳар бир аризанинг умумий ҳолатини кўздан кечиргач, шу асосда қарор қабул қилади.
Савол: 214-б бўлимда нима баён этилган?
Жавоб: Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 214-б банди бўйича визани рад этиш билан боғлиқ маълумотни кўриш учун мана бу ерни босинг.
Савол: Нима учун консуллик бўлими хизматчиси ҳатто ҳужжатларимни кўздан кечирмай туриб менга рад жавобини берди?
Жавоб: Консуллик бўлими хизматчиси ҳар бир аризани диққат билан кўздан кечириб чиқади ва кўпинча бу маълумот суҳбат жараёнидаги маълумот билан биргаликда тегишли қарор қабул қилиш учун етарли бўлади.
Савол: Менинг таклифномам бор – нега мен виза ола билмайман?
Жавоб: Таклифноманинг мавжудлиги виза бериш учун кафолат ёки асос бўла олмайди. Кўп ҳолларда консуллик бўлими хизматчиси таклифнома бўлишини талаб қилмайди.
Савол: Америкалик дўстим (ёки қариндошим) менинг қайтиб келишим учун кафил бўлиши мумкинми?
Жавоб: Америка ҳукумати виза бериш борасида бирор кишининг кафиллигини олмайди.
Савол: Консуллик бўлими хизматчиси қарорини ўзгартириши учун Элчига мурожаат қилсам бўладими?
Жавоб: Элчи виза масалалари билан шуғулланмайди. АҚШ қонунига кўра, фақатгина консул виза бериш ёки рад этиш ваколати ва масъулиятига эгадир.
АҚШ Ҳукумати таълимий алмашинув дастурлари
Савол: Бу дастурларга ким ариза топшириши мумкин ва ҳар бир дастурнинг ўзига хос хусусиятлари нимада?
Жавоб: Илтимос, талаблар ва чекловлар тўғрисида батафсил маълумот олиш учун веб-сайтнинг Алмашинув дастурлари саҳифасидаги ўзингизни қизиқтирган дастур сарлавҳасини босинг.
Савол: Даража берадиган ва даража бермайдиган дастурлар нима дегани?
Жавоб: Даража бериладиган дастурда иштирокчига алмашинув дастури сўнггида бирор илмий даража (бакалавр, магистр) берилади. Даража берилмайдиган дастурда одатда иштирокчи АҚШда бир йил ёки ундан кам бўлган муддат ичида таълим олади ва унинг сўнггида ҳеч қандай илмий даража олмайди.
Савол: Ҳар бир дастур учун ёш чегараси борми?
Жавоб: Кўпгина дастурларда ёш чегараси мавжуд эмас, аммо улар илмий даража ёки профессионал ютуқларга катта эътибор қаратади. Ёшлар алмашинув дастури ва Чет тили ўқитишда ёрдамчи дастури (ЧЎЁД) бундан мустасно.
Савол: TOEFL имтиҳонини топшириш талаб этиладими?
Жавоб: Ҳа, қуйидаги дастурлар учун TOEFL талаб этилади: Ҳюберт Ҳамфри, Маски ва ЧЎЁД. Одатда, АҚШ Элчихонаси аризаларни саралаш жараёнидаги тегишли босқичда TOEFL имтиҳони учун ўзи пул тўлайди ва ташкиллаштиради, асосан, бу ярим финал босқичи бўйича суҳбатдан кейин бўлиб ўтади.
Савол: Бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ АҚШ Ҳукумати алмашинув дастурига ариза топширсам бўладими?
Жавоб: ҲА, агар ариза топшириш талабларига жавоб берсангиз, бўлади. Мабодо иккита дастурдан ҳам финал босқичига чиқиб қолсангиз, уларнинг бирини танлашингиз лозим бўлади. Ҳар икки дастурдан грант олишингиз МУМКИНМАС. Ҳар икки дастурга мурожаат қилганингиз борасида очиқ ва самимий бўлмоғингиз керак.
Савол: Қайтадан ариза топширсам бўладими?
Жавоб: Илгари топширган аризангизда ёлғон ишлатмаган ёки далилларни чалкаштирмаган бўлсангиз, ёки аввал ариза топшириш талабларига жавоб бермай, эндиликда ҳолатингиз ўзгаргани туфайли талабларга жавоб берадиган бўлсангиз, албатта, қайтадан ариза топширишингиз мумкин. Бунинг учун янги ариза билан унга илова қилинадиган барча ҳужжатларни, шу жумладан, тавсияномаларни қўшиб топширишингиз ШАРТ. Ариза шакли ҳар йили ўзгаради, аризалар САҚЛАНМАЙДИ ёки эгасига ҚАЙТАРИЛМАЙДИ.
Ахборот Ресурс Маркази (АРМ)
Савол: АРМ нимани англатади?
Жавоб: Ахборот Ресурс Маркази (АРМ) Элчихонанинг тадқиқот ва ахборот бўлимидир. У фойдаланувчиларга АҚШ сиёсати, ҳукумати, қонунлари, ташқи сиёсати, мудофаа ишлари, жамият, АҚШ ва халқаро иқтисод каби соҳаларга оид китобларнинг мукаммал тўпламини, видеоларни ва бошқа материалларни таклиф этади.
Савол: АРМдан кимлар фойдаланиши мумкин?
Жавоб: АРМдан, асосан, Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари, НДТ вакиллари, журналистлар, олий ўқув юрти ўқитувчилари, кутубхоначилар, битирувчи талабалар ҳамда АҚШ алмашинув дастурлари иштирокчилари фойдаланишлари мумкин. Ташриф буюрувчилар АРМ маълумотларини кўришлари, марказдаги компьютерларда Интернетдан фойдаланишлари мумкин. Барча хизматлар бепул тақдим этилади.
Савол: АРМ саволларга жавоб қайтарадими?
Жавоб: Агар Америка Қўшма Штатлари билан боғлиқ саволларингиз бўлса, уни АРМга факс ё электрон почта орқали юборишингиз ёки қўнғироқ қилишингиз мумкин. АРМ саволингизга иложи борича тезроқ жавоб қайтаришга ҳаракат қилади.
Савол: Иш соатлари ҳақида маълумот берсангиз?
Жавоб: АРМ келгуси бир неча ҳафта ичида очилиши кўзда тутилган. Ташриф буюрувчилар воситалардан белгиланган муддатда фойдаланишлари мумкин. АРМ душанбадан жумага қадар, соат 10:00 дан 12:00 гача ва 13:00 дан 16:00 га қадар очиқ.
Савол: АРМ билан қандай боғланишим мумкин?
Жавоб: Саволлар билан АРМга мурожаат қилиш: тел. (+998-71) 120-5450, факс: (+99871) 120-6335, эл. почта: Tashkent-irc@state.gov
Демократия комиссияси кичик грантлар дастури
Савол: Демократия комиссияси кичик грантлар дастури нимани англатади?
Жавоб: 1994 йилда ташкил этилган АҚШ Давлат Департаменти Демократия комиссияси кичик грантлар дастури Марказий ва Шарқий Европа ҳамда собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидаги АҚШ Элчихоналарига тегишли мамлакатдаги демократик институтларни ривожлантириш ва фуқаролик жамияти қуришга тааллуқли НДТларга молиявий ёрдам беришга имкон яратади.
Савол: Демократия комиссияси гранти учун кимлар ариза топшириши мумкин?
Жавоб: Грантлар дастур талабларига мос келадиган лойиҳани амалга оширишга қаратилган ноҳукумат, нотижорат ташкилотлар (НДТ) ва ахборот воситалари учун ажратилади.
Савол: Таклифлар киритишда белгиланган муддати борми?
Жавоб: Демократия комиссияси кичик грантлар дастури учун таклифлар бутун йил давомида берилиши мумкин. Комиссия таклифларни кўриш ва грантлар бериш учун бир йилда 4-6 марта мажлис ўтказади.
Демократия / Битирувчилар учун грант дастури
Савол: Демократия / Битирувчилар учун грант дастури қандай дастур?
Жавоб: ОЗОДЛИКНИ қўллаб-қувватлаш қонуни орқали маблағ билан таъминланадиган Демократия / Битирувчилар учун грант дастури Марказий ва Шарқий Европа ҳамда собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларидаги АҚШ Элчихоналарига АҚШ Ҳукумати алмашинув дастурлари иштирокчилари учун демократик институтларни ривожлантириш ва фуқаролик жамияти қуришда молиявий ёрдам беришга имкон яратади.
Савол: Демократия / Битирувчилар учун грант дастурига кимлар ариза топшириши мумкин?
Жавоб: Грантлар дастур талабларига мос келадиган лойиҳани амалга оширишга қаратилган, таркибида АҚШ Ҳукумати алмашинув дастури битирувчиси бўлган маҳаллий ташкилотлар ва ташаббускор гуруҳлар учун ёки алоҳида битиручи шахслар учун ажратилади.
Савол: Таклифлар киритишда белгиланган муддати борми?
Жавоб: Демократия / Битирувчилар учун грант дастури учун таклифлар бутун йил давомида берилиши мумкин. Комиссия ҳар икки ойда бир марта таклифларни кўриб чиқади ва грантлар ажратади.

