Таълим алмашинуви
Фулбрайт Хорижий Талаба Дастури
Фулбрайт Хорижий Талаба Дастури чет эл олий ўқув юртлари битирувчилари, ёш мутахассислар ҳамда санъат арбобларининг Америка Қўшма Штатларида бир йил ёки ундан кўпроқ муддат давомида таҳсил олишлари ва изланишлар олиб боришларига кўмак беради. Фулбрайт Хорижий Талаба Дастури гуманитар йўналишлар, табиий фанлар, жумладан муҳандислик ва ижтимой фанлар бўйича ўқишга ариза топширишга рағбатлантиради. Эдмунд Маски Битирувчилар Стипендияси Дастурида (инглиз тилида) кўзда тутилган академик йўналишлар бўйича ўқишни истаган номзодлар Фулбрайт Хорижий Талаба Дастурига ариза топширмасликлари керак. Қуйида келтирилган олтита йўналиш ҳам Фулбрайт Дастури доирасига кирмайди: тиббиёт, бизнес бошқаруви, иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, давлат бошқаруви ва давлат сиёсати.
Қатнашувчилар очиқ рақобат орқали кўрсатган билим ва тажрибаларининг натижасига кўра танлаб олинади. Танловда қатнашувчиларнинг етакчилик қобилияти, аъло баҳоларга ўқиши, етуклиги, АҚШдаги ҳаётга муваффақиятли мослаша олиш қобилияти, америкаликлар билан мулоқотга киришиш иштиёқи, Америка Қўшма Штатлари ва Ўрта Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро англашувни олға суриш салоҳиятига катта эътибор берилади.
Дастур Талаблари:
- Номзодлар Ўзбекистон фуқаролари ёки мамлакат томонидан бериладиган ҳақиқий паспорт олиш ҳуқуқига эга доимий резидентлар бўлиши лозим.
- Номзодлар грант муддати бошланиш пайтида АҚШ таълим даражаси бўйича Бакалавр унвонига тенглаштирилган маълумот соҳиби бўлишлари лозим.
- Қайси Университетдан бўлишидан қатъий назар, Магистр маълумотига эга бўлган номзодлар ушбу Дастурда иштирок эта олмайдилар.
- Номзодлар АҚШдаги ўқишларини муваффақиятли якунлашлари учун инглиз тилини етарли даражада ўзлаштирган бўлишлари зарур. Уларнинг қоғоз-асосидаги TOEFL баҳолари камида 550 га ёки унинг компютер (интернет)-асосидаги эквивалентига тенг бўлиши керак.
- Яқин орада АҚШга узоқ муддатга бормаган номзодлар учун имконият кўпроқ.
- Ҳозирги кунда АҚШда бўлган номзодлар иштирок эта олмайдилар.
- Танлов жараёнида номзоднинг молиявий эҳтиёжлари ёки ҳолатига эътибор берилмайди.
Муҳим: J-виза талабларига биноан ҳамда ўзаро англашувни олға суриш мақсадида барча грант олувчилар дастур тугаши билан ўз мамлакатларига қайтиб, унда камида икки йил қолишлари лозим.
Дастур томонидан таъминланадиган эҳтиёжлар:
Барча грант соҳиблари ўқиш тўлови, 24 ойгача бўлган ойлик стипендиялар, касаллик ва бахтсиз ҳодисаларга қарши суғурта харажатлари, китоб ва жиҳозлар учун ажратиладиган маблағлар, сафар харажатлари учун моддий ёрдам ҳамда Фулбрайт томонидан уюштириладиган тадбирларда иштирок этиш имкониятлари билан таъминланадилар.
Фулбрайт Хорижий Талаба дастурига 2009 йил учун ҳужжатларни топшириш муддати ўтиб кетган. Келгуси йил дастури учун 2010 йил июл ойида мурожаат қилинг.


