АҚШ хукуматининг Ўзбекистон борасидаги алохида хисоботлари
2008 йил инсон ҳуқуқлари амалиётига доир ҳисобот (02/25/2009)
Ўзбекистон
Америка Қўшма Штатлари қонунига мувофиқ, Давлат Департаменти дунёдаги Элчихоналар Инсон Ҳуқуқларига оид Йиллик Ҳисоботни Давлат котиби томонидан эълон қилинганидан кейин ўттиз кун ичида мезбон мамлакатдаги тил(лар)да нашр этишини таъминлайди.
Ўзбекистон аҳолиси тахминан 28.2 миллион кишидан иборат бўлган авторитар давлатдир. Конституцияга кўра бошқарувнинг президентлик шакли белгиланган бўлиб, ҳокимият ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд тармоқлари ўртасида тақсимланган; бироқ, амалда Президент Ислом Каримов ва марказлаштирилган ижроий ҳокимият сиёсий ҳаётда ҳукмронлик қилди ва ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари устидан қарийб тўлиқ назоратни амалга оширди. Икки палатали Олий Мажлис (парламент) деярли бутунлай президент тайинлаган мансабдор шахслардан ва уни қўллаб-қувватловчи партияларнинг аъзоларидан таркиб топган. 2007 йил декабр ойида Президент Каримов учинчи маротаба президентлик лавозимига сайланган, бироқ Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг чекланган кузатувчилар миссиясига кўра, ҳукумат овоз берувчиларни ҳақиқий танловдан маҳрум қилган. Хавфсизлик кучлари умуман олганда фуқаровий органларнинг самарали назорати остида бўлган.
Фуқаролар тинч ва демокартик йўл орқали ўз ҳукуматларини ўзгартириш ҳуқуқига амалда эга бўлмадилар. Хавфсизлик хизматлари сўроқ қилинаётган маҳбусларни айбга иқрор қилиш ёки айблашга асос бўла оладиган маълумот олиш мақсадида қийноқларга солишган, калтаклашган ва бошқача усулдаги номақбул муомалаларни қўллашган. Ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларга нисбатан тазйиқ ўтказилган, улар рухсатсиз ҳибсга олинган, сиёсий сабаб ила таъқиб қилинган ва жисмоний тажовузга дуч келган. Ҳукумат умуман олганда ҳуқуқбузарликларнинг энг қўпол ҳолларини текшириш ёки жазолаш учун чоралар кўрмаган, аммо кўплаб мансабдор шахсларни коррупцияда айблаган, жавобгарликка тортган, камида бир неча мулозимни эса жиддийроқ жиноятлар, жумладан, қотиллик учун жавобгарликка тортган ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борган. Бир мунча яхшиланиш пайдо бўлишига қарамай, қамоқхоналардаги шароит ёмонлигича қолган. Ташқаридан кузатувчилар ҳибсхоналарга кириш имкониятини қайта қўлга киритдилар. Кўпгина ҳолларда, ҳибсга олинганлар оила-аъзолари ёки адвокатлар билан учрашишдан маҳрум этилган ҳолда узоқ вақт давомида ушлаб турилган. Жиноий ишлар бўйича судланувчилар баъзан юридик ёрдам ололмадилар. "Айбдор" деган ҳукмлар деярли барча маҳкама жараёнида ўқилди ва одатда бу ҳукмлар судланувчиларнинг айбни бўйниларига олишлари ва гувоҳларнинг босим остида берган кўрсатмаларига асосланганди. Ҳукумат оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилди ва ҳеч қандай танқидга йўл қўймади. Ҳукумат фуқароларнинг эркин тўпланиш ё уюшиш ҳуқуқига риоя қилмади. Милиция оммавий намойишларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларни мунтазам равишда ҳибсга олди ва уларнинг хорижий дипломатлар билан учрашувига тўсқинлик қилди. Маъмурлар нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг (ННТ) фаолиятини назорат қилиб туришга уринди.
Ҳукумат халқаро кузатувчиларнинг маҳкама жараёнларидаги иштирокини қийинлаштирди, гарчи у хорижий дипломатларга баъзи маҳкама жараёнларини кузатишга рухсат берди. Ҳукумат давлат рухсат берган тузилмалардан ташқарида ўтказилган деярли барча диний тадбирларни жиноят деб ҳисоблаган ҳолда, диний фаолиятни чеклади. Экстремистик руҳда ёки экстремист фаолиятда гумон қилинган ва рухсат берилмаган исломий гуруҳларга қарши ҳукумат кампанияси сусайгандек бўлди, аммо гумон қилинган баъзи аъзоларнинг ҳибсга олиниши ва узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилиниши давом этди. Ҳукумат шунингдек бир қанча диний озчилик гуруҳларига нисбатан тазйиқ ўтказди ва уларнинг баъзи аъзоларини қамади. Ҳукумат БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий Коммисари Бошқармаси (ҚОКБ) ҳимояси остида бошқа мамлакатларда турган Ўзбекистонлик қочоқларни мажбуран қайтариш учун ана шу мамлакатларга босим ўтказган ва афғон қочоқлари ўз ватанларига қайтишлари учун босимни давом этган. Жамиятда коррупция чуқур илдиз отган деган фикр кенг тарқалган. Ҳукумат одам савдосига қарши кураш учун мудом чора-тадбирлар кўрган бўлишига қарамай, бу жиддий муаммолигича қолди. Пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиш, мамлакатнинг бир неча вилоятларида давом этди.
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ
1-Бўлим: Шахсий дахлсизликка риоя қилиш, шу жумладан:
а. Ҳаётдан ноқонуний равишда маҳрум қилиш ҳолларидан озод бўлиш
Ҳукумат томонидан ёки унинг агентлари томонидан амалга оширилган сиёсий қотилликлар тўғрисида тасдиқланган хабарлар бўлмади.
Хукумат 2005 йилнинг 12 ва 13 май кунлари зўравонлик билан ўтган ғалаён пайтида кўплаб қуролсиз фуқаролар ва бошқалар ўлдирилганлиги ҳақидаги гумонлар борасида халқаро мустақил текширишув ўтказишга рухсат бермасликда давом этди. Ўша кунга қадар тинч намойишчилар Андижон маҳкамаси биноси олдида бир неча ҳафтадан бери тўпланиб турган эдилар. Улар ҳукумат томонидан экстремист гуруҳга аъзоликда айбланиб, суд қилинаётган 23 маҳаллий исломий тадбиркорларни кўллаб-кувватлаш мақсадида келган эдилар. 12 май оқшомда сон жиҳатдан номаълум бўлган шахслар милиция гарнизонига ҳужум қилганлар, қурол-яроқларга эга бўлиб, яқин атрофда жойлашган қамоқхонага бостириб кирганлар ва бир неча юз маҳбусни, жумладан, 23 тадбиркорни ҳам озодликка чиқариб юборганлар. Бир неча гувоҳларнинг айтишича, 13 майда ҳарбий машиналар бир неча минг фуқаро тинч мақсадда тўпланган марказий майдонга келган ва огоҳлантиришсиз оломонни бир неча марта ўққа тутган. Ҳукуматнинг 2005 йилда олиб борилган ўз текширувларига асосланиб маълум қилишича, қуролланган шахслар ҳукумат қўшинларига қарата биринчи бўлиб ўқ узиб, зўравонликни бошлаганлар. Ҳалок бўлганларнинг тахминий сони, ҳукуматга кўра жаъми 187 та бўлса, гувоҳларнинг айтишича бир неча юз киши бўлган. Халқаро текширув ўтказилмаган бўлса-да, ҳукумат 2005 йил май воқеаларига оид ички текширувлар олиб борганини маълум қилди. 2006 ва 2007 йилларда ҳукумат текширув услубларини ва унинг натижаларини дипломатлар ва бошқа ҳалқаро вакиллар билан муҳокама килди.
Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, маҳбусликда содир бўлган ўлим ҳоллари сони хабар берилгандан кўра юқори бўлган, лекин қамоқларни кенгқамровли мустақил мониторинги бўлмагани сабабли буни аниқ ўлчаб бўлмайди.
б. Ғойиб бўлиш ҳоллари
Йил давомида инсонларнинг сиёсий сабабларга кўра ғойиб бўлиш ҳоллари ҳақида хабарлар бўлмади. Андижондаги зўравонлик билан ўтган ғалаёнда ҳозир бўлган шахслар 2005 йили ғойиб бўлгани ҳақида кўплаб тасдиқланмаган хабарлар келишда давом этди. Йил давомида мамлакатга зўрлаб қайтарилган бир неча қочоқларнинг аҳволи ва қаердалиги номаълумлигича қолди.
c. Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалалар ва жазолар
Конституция ва қонунга хилоф ҳолда, қонунни муҳофаза қилиш органлари ва хавфсизлик ходимлари айбни бўйинга қўйиш ва жиноий айбловга олиб борувчи маълумотни олиш мақсадида маҳбусларни калтаклаганлар ва бошқа қўпол муомала усулларини қўллаганлар. Қийноқлар ва ҳуқуқбузарлик ҳоллари қамоқларда, дастлабки тергов идораларида ва маҳаллий милиция участкаларида ҳамда хавфсизлик хизматлари бўлинмаларида кенг тарқалган. Хабарларга қараганда, бир неча тиббий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, сиёсий сабаблар бўйича мажбурий руҳий даволаш ҳоллари қайд қилинган.
Хьюман Райтс Вотч ва БМТнинг Қийноққа Қарши Қўмитаси (ҚҚҚ) тайёрлаган 2007 йил ноябрдаги ҳисоботларга кўра, қийноқ ва зўравон муомала бутун тергов жараёни давомида мунтазам қўлланилган ва 2003 йилда БМТнинг махсус маърузачиси айни шундай хулосага келганидан бери бу ҳолат яхшиланмаган. ҚҚҚнинг ҳисоботига кўра, жиноят кодексининг 235-моддасига, қийноқ таснифига оид киритилган ўзгартиришга қарамай, ушбу моддани бузганлар камдан кам ҳолатда жазога тортилган ва бундай жиноятларнинг оғир табиатини акс этмаган.
Баъзан маъмурлар Ички ишлар вазирлигининг (ИИВ) ходимларини ҳуқуқбузарликка йўл қўйганлари учун жавобгарликка тортиб, жазолаган. Йил давомида Тошкент вилоятидаги суд қотиллик ишини қайта текширишни буюрди, чунки гумон қилинаётган беш нафар шахс айбни бўйниларига олишга мажбурланган. Натижада дастлаб гумон қилинган беш нафар шахсга қарши айблов олиб ташланган ва суд қарорига биноан, Ангрен шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг муовини далилни беркитиш учун жавобгарликка тортилган. Сентябрда Қашқадарё вилоятидаги Муборак тумани суди, хабар қилинишича, ИИВ ходимини қотиллик ва талон-тарож жиноятлари учун 23 йил қамоққа ҳукм қилган. Тошкентдаги суд ноябр ойида олти нафар собиқ милиция ходимини, маҳаллий тадбиркорни олиб қочишда айблаб, ҳар бирини 16 йил қамоқ жазосига ҳукм этди. 12 декабр куни Тошкент вилояти жиноий ишлар бўйича суди тўрт нафар милиция ходимини, Ангренда истиқомат қилган Музаффар Туйчиевни ўлгунча калтаклашгани учун, 8 йилдан то 17 йил оралиғидаги қамоқ жазосига ҳукм этди. Бу ҳодисадан кейин, маъмурлар, 10дан ортиқ милиция ходимини, жумладан Ангрен ИИВ бошқармаси бошлиғи ва унинг тергов бўлими бошлиғини ишдан бўшатган. ИИВ ўзининг вебсайтида берган ҳабарга кўра, йил давомида 1622 нафар милиция ходими ўз лавозимини суиистеъмол қилгани учун тартибга чақирилган ва улардан 185таси ишдан бўшатилган.
Хабарларга кўра, экстремистик исломий сиёсий кайфиятдаги шахслар, айниқса Ҳизб ут-Тахрир (ҲТ - тақиқланган экстремист сиёсий ташкилот)га мансубликда гумон қилинаётган ва судини кутаётган маҳбусларга, оддий жиноятчиларга қараганда маъмурлар шафқатсизроқ муносабатда бўлишган. Инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий фаоллар шуни маълум қиладиларки, маъмурлар кўпинча экстремизмда гумон қилинаётганларни ва давлатга нисбатан мухолифатда турган бошқа кишиларни калтаклаш учун оддий жиноятчиларга пул тўлашган ёки уларни бошқача тарзда шундай қилишга ундашган.
4 майда маҳбус Одил Азизов Қорақалпоғистондаги Жаслик қамоқхонасидан кўчирилгач, Тошкентдаги қамоқхона шифохонасида вафот этди. Азизов оиласи берган хабарга кўра, унинг баданида қийноқ изи бор эди, жумладан кўкрак қафаси моматалоқ, оёқлари эса шишиб кетган эди. Азизов қийноқ сабабли вафот этганми ёки қишнинг аёзли кунларида бронхит бўлиб ўлганми, деган бир-биридан фарқли хабарлар бўлган. Азизов диний экстремизмда айбланиб, 15 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди.
14 июл куни, хабарларга кўра, милиция терговчиси, суддан олдин ҳибсхонада ушлаб турилган инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғунов орқасига қайноқ сув қуйиб, унинг айбга иқрор бўлишини қўлга киритишга ҳаракат қилган. Маҳаллий даражада қонун устуворлиги ва коррупция ҳолларини текширган ҳуқуқшунос Турғунов, 11 июл куни товламачиликда айбланиб, Қорақалпоғистоннинг Манғит шаҳрида қўлга олинган эди. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишларича, унга қарши қўйилган айбловлар сиёсий мотивацияга эга. Қайноқ сувни қуйишга оид ходисани текшириш учун, суд ҳаками Турғунов устидан олиб борилаётган суд жараёнини тўхтатиб қўйган, аммо кейинроқ суд ҳаками, текширув натижаларига кўра, Турғунов қийноққа солинмаган деб айтган. Суд Турғуновни 23 октябр куни айбдор деб топиб, 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. 11 декабр куни Қорақалпоғистон Олий Суди Турғуновнинг айбдор деган ҳукмни кўриб чиқиш аппеляциясини рад этди. Маъмурлар, Турғуновни тергов қилган милиция ходимига, ИИВнинг «гумон остидагиларни ҳимоя ва эскорт қилиш» кўрсатмаларини бузганлиги учун, ҳайфсан эълон қилиб, унинг унвонини пасайтирганлар, гарчи улар Турғуновга қайноқ сув қуйилганини ҳам инкор этганлар.
Сиёсий мотивация билан тиббий ҳуқуқбузарликнинг тасдиқланган ҳоллари бўлган. Бундай ҳуқуқбузарликларнинг қурбонлари, ўз адвокатлари орқали, уларнинг ишлари мутахассис тиббий ҳайъат томонидан кўриб чиқилишини сўрашлари мумкин. Бироқ амалда бундай ҳайъатлар умуман олганда ҳуқуқ-тартибот органлари қарорини қўллаб-қувватлаганлар.
Президент Каримовнинг жияни бўлмиш журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Жамшид Каримовни 2006 йилдан бери Самарқанд шаҳар Психиатрия шифохонасида мажбуран ушлаб турилибди. Ҳукумат, онасининг жанозасида қатнашиш учун Жамшид Каримовга шу йили беш кунга жавоб берган. Унинг соғлиги қандай шароитда эканлиги номаълум эди, чунки мустақил кузатувчиларда у билан кўришиш имкони бўлмаган.
Фитрат Салоҳитдинов, Тоҳир Нурмуҳамедов ва исмлари номаълум бўлган бошқа икки маҳбусларнинг ишига оид қўшимча маълумот пайдо бўлмаган. Уларнинг бари ҲТга аъзоликда айбланган эди ва хабарларга кўра, 2007 йилнинг ноябр ва декабр ойлари қамоқда қийноққа солинганларидан кейин вафот этганлар. Эзгулик инсон ҳуқуқлари гуруҳининг сиёсий мотивация билан товламачилик ва фирибгарликда айбланиб, 2005 йили 9 йилга қамалган аъзоси Абдурасул Худойназаров қариндошлари сентябр ойида берган хабарларига кўра, Худойназаров Ангрендаги 64/1 қамоғида, қамоқ соқчилари тарафидан тез-тез ўтказилган тазйиққа бардош беролмай, ўз жонига суиқасд қилишга ҳаракат қилган. Йил якунидаги мавжуд хабарга кўра, унинг аҳволи барқарор эди.
Аъзам Фармонов оила аъзоларининг сентябрда берган хабарларига кўра, маъмурлар Фармоновни қамоқнинг ички қоидаларини бузганликда айблаганлар ва шу боис унга амнистия қўллаш мумкин эмаслиги айтилган. Ноябрда Алишер Караматов қариндошлари, уни қамоқда юққан сил касаллиги билан оғир хасталанганини хабар қилишган. Караматов Қаршидаги 64/49 қамоғидан даволаш учун Тошкентдаги Сангород қамоқхонасига ўтказилган. 25 декабр куни Сирдарё вилояти суди Караматовни тиббий сабабларга кўра озод этиш учун адвокатлар томонидан берилган аппеляцияни рад этган.
2005 йилда сиёсий мотивацияга эга айбловлар билан 10 йил қамоққа маҳкум этилган инсон ҳуқуқи фаоли Норбой Холйигитов қариндошлари 3 ноябрда берган хабарларига кўра, унинг соғлиғи Қаршидаги 64/49 қамоғида ёмонлашиб борган. Олтмиш ёшдан ошган Холйигитов, айтилишича, қанд касаллиги ва юқори қон босими хасталиклари билан оғрийди.
Қамоқхона ва ҳибсга олиш марказларидаги шароитлар
Қамоқхона мулозимлари берган маълумотга кўра, 53 ҳибс иншоотларида 34 мингга яқин маҳбус бўлган. Қамоқхона шароитлари ёмонлигича ва баъзи ҳолларда ҳаёт учун хавфлилигича қолган. Қамоқхоналарда қаттиқ тазйиқ ҳоллари, хоналар ўта гавжумлиги, озиқ-овқат ва дори-дармон камлиги ҳақида хабарлар келишда давом этди. Сил ва сариқ касалликлари қамоқларда кенг тарқаган, шу сабабли қамоқларда қисқа муддат бўлса ҳам туриш ҳаёт учун хавф туғдириши эҳтимоли катта. Қамоқ мулозимларининг таъкидлашларича, тахминан 1000 маҳбус сил касали билан хасталанган. Ушбу рақам соғлиқни сақлаш масалалари билан шуғулланувчи халқаро ва бошқа ташкилотлар томонидан тасдиқланмаган. Оила аъзоларининг кўплаб хабарларига кўра, уларнинг маҳбуслар учун деб олиб келган озиқ-овқат ва дори-дармонларини қамоқ мулозимлари ўғирлаб олишган. Маҳбусларнинг оғир шароитларда ишлашлари ҳақида хабарлар бўлган. Шундай бўлса-да, бир қатор манбаларнинг хабар беришича, сўнгги икки йил ичида маъмурлар қамоқхоналардаги шароитларни яхшилашда, хусусан, сил касаллигини тарқатилиши билан курашда ютуқларга эришганлар.
Манбаларнинг хабарларига кўра, маъмурлар баъзи қамоқхонларда сиёсий маҳбусларни ва тақиқланган диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалган шахсларни махсус белгиланган қисмда ва бошқа маҳбусларга нисбатан оғирроқ шароитда сақлаганлар. Бироқ, мамлакат бўйлаб бир нечта қамоқхонлардаги маъмурлар, диний маҳбусларни қолган маҳбуслар билан бирлаштирганлари ҳақида хабарлар бўлган. Маъмурлар қамоқ муддатини ўтаб бўлган маҳбусларни, айниқса диний экстремизда айбланган маҳбусларни озод этмаганлар, деган хабарлар келган. Бунинг ўрнига, қамоқ маъмурлари маҳбусларни қўшимча жиноятларда айблаб, бу маҳбуслар жамиятга хавф туғдиришни давом этади дея, кўп ҳолларда қамоқ муддатини яна узайтириш йўлларини топишарди. Бундай қўшимча айбловлар юридик кўрикдан ўтмас эди.
Ҳукумат билан узоқ давом этган музокаралардан сўнг, 11 март куни Ҳалқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) ИИВнинг жазони ижро этиш бўйича бош бошқармаси (ГУИН) масъулияти остидаги ҳибсхоналарни олти ой синов муддати мобайнида бориб кўриш амалиётини қайта бошлади. Қамоқхоналардаги шароитларни кузатиш амалиёти 2004 йил декабр ойида тўхтатиб қўйилган эди. Синов муддати сентябр ойида тугагач, ХҚХҚ ўз хулосалари ва тавсияларидан иборат ҳисоботни ҳукумат эътиборига тақдим этди. Ҳукумат шунингдек Олмониянинг Конрад Аденаур жамғармаси ва Бухородаги тиббий-ҳуқуқий марказ ННТси вакилларига йил давомида қамоқхоналарни чекланган равишда мониторинг қилиш рухсатини берган.
д. Рухсатсиз ҳибсга олиш ёки ҳибсхонада ушлаб туриш
Конституция ва қонун рухсатсиз ҳибсга олиш ва ҳибсхонада ушлаб туришга йўл қўймайди: бироқ бу амалиётлар рўй беришда давом этди.
Милиция ва хавфсизлик аппаратининг тутган ўрни
Ички Ишлар Вазирлиги милицияни назорат қилади. Милиция ҳуқуқ тартиботни таъминлашга ва жамоат тартибини сақлашга масъулдир. Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раис томонидан бошқарилади. Раис тўғридан-тўғри президентга ҳисобот беради. Унинг вазифаси миллий хавфсизлик масалаларига тегишли кенг миқёсли масалаларни ўз ичига олади. Жумладан, коррупция, уюшган жиноятчилик ва наркотикларга қарши кураш. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида коррупция ҳолатлари ҳамон муаммо бўлиб келмоқда. Милиция мунтазам равишда фуқароларни рухсатсиз ҳибсга олган ва улардан пора ундирган. Ҳуқуқбузарларни жазоламаслик ҳоллари муаммолигича қолди ва ҳукумат ўз лавозимларини суиистемол қилган мутасаддиларни камдан кам ҳолларда жазолади. Ички Ишлар Вазирлиги бош тергов бошқармаси ички текширувларни олиб бориш ҳуқуқига эга ва инсон ҳуқуқларини бузган ходимларни тартибга чақиради ва бу каби чораларни бир қатор алоҳида ҳолатларда қўллаган. ИИВ инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланадиган янги бошқарма тузди, ушбу бошқарма, милиция ходимлари томонидан амалга оширилган баъзи шафқатсизлик ҳолларини ижобий ҳал этди. Парламент қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг идораси, бу каби ҳолатларни ўрганиб, текширув олиб бориш ваколатига эга. Бироқ, доимий равишда бундай ҳолатларни ўрганиб текширув олиб бориш ваколатига эга бўлган мустақил орган йўқ.
Ички Ишлар Вазирлиги бош тергов бошқармаси ўз ходимларининг малакасини ошириш учун инсон ҳуқуқлари бўйича тренинг курсларини татбиқ қилди.
Октябрда ички ишлар вазирлиги ва МХХнинг саккиз нафар ўрта мартабали ҳуқуқ тартибот ходимлари Венгрияда Халқаро ҳуқуқ тартибот ходимлари Академиясида инсон ҳуқуқлари масалаларини ўз ичига олган икки ойлик етакчилик курсларида иштирок этдилар.
Ҳибсга олиш ва қамаш
Жиноий кодексга киритилган «Habeas Corpus»га оид ўзгартиришлар 1 январ куни кучга кирди. Янги кодексга кўра, айбланаётган ёки шубҳа остидаги шахсларни ҳибсга олиш қарори суд ҳаками томонидан кўриб чиқилиши керак ва айбланувчилар ҳибсга олиниш пайтидан бошлаб адвокат маслаҳатини олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Киритилган ўзгаришларга биноан, қамоққа олиш ҳақида санкция берган суд вакили айбланувчининг суди жараёнида суд сифатида иштирок этолмайди. Қонунга биноан, ҳибсга олинган шахслар ҳибсда қолишлари ёки озод қилинишлари имконини суд кўриб чиқишини талаб этиш ҳуқуқига эгадирлар. Қонунга кўра, шахс ҳибсга олингандан кейин 24 соат ичида, ҳибсга олувчи орган, унинг қариндошига ёки яқин дўстига хабар бериши ва маҳбус шубҳа остида ёки айбланаётган бўлишидан қатъий назар, сўроқ қилиниши керак. Шубҳа остидагилар гапирмаслик ҳуқуқига эгалар. Расмий айбловсиз ҳибсда ушлаб туриш муддати 72 соатгача чекланган, гарчи прокурор қўшимча етти кунга узайтириши мумкин, бу пайт мобайнида шахсга айблов эълон қилиниш керак ёки уни озод қилиш керак. Амалда маъмурлар турли воситаларни ишга солиб, шубҳа остидагиларни рухсат берилган муддат ўтиб кетгандан кейин ҳам ушлаб туришда давом этадилар.
Маъмурлар шахсларни дастлаб гувоҳ сифатида олиб келганлари, кейин эса уларни сохта йўл орқали жиноятда айблаган бир неча ҳоллар бўлган. 72 соатли муддат шубҳа остидаги шахснинг милиция участкасига олиб келингандан кейингина бошланаши хусусида ташвишлар сақланиб қолган, чунки бу ҳол қонун моҳиятини суиистемол қилишга олиб бориши мумкин. Юқори мартабали мулозимларнинг жамоатда эътироф этишларича, қонун мукаммал эмас ҳамда халқаро ташкилотлар ва мутахассислар билан уни такомиллаштириш сари иш олиб бориш лозим.
Айбловлар эълон қилингач, шубҳа остидаги шахс суддан олдин ҳибсхонада уч ойга қадар, то тергов тугамагунча, сақланиш мумкин. Қонунга мувофиқ, тергов олиб бораётган орган сўрови билан, ушбу муддатни тегишли суд узайтириши мумкин. Прокурор ҳали суди бўлмаган маҳбусдан тилхат олиб, уни қўйиб юбориши мумкин, лекин амалда маъмурлар кўпинча бу ҳуқуқий ҳимоя усулларини эътиборга олмаганлар. Ҳибсга олиниб жиноятда айбланаётганлар суд бошлангунча заколатсиз қўйиб юбрилишлари мумкин, башарти улар судга келишларини тасдиқловчи важ тақдим этишлари ва маҳаллий милиция участкасида ҳар куни рўйхатдан ўтиб туришлари керак бўлади.
Олий Суд томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, айбланувчи ҳибсга олинган вақтдан бошлаб адвокат хизматидан фойдалана олиш ҳуқуқига эга. Амалда эса маъмурлар кўпинча айбланувчининг адвокат билан учрашишига йўл қўймаганлар ёки кечиктирганлар ва қариндошлари билан алоқа қилишга йўл қўймаганлар. Терговчилар айбланувчиларга уларнинг қариндошлари ёллаган хусусий адвокат хизматидан фойдаланмаслик ҳақидаги ҳужжатга имзо чекишлари учун кўп ҳолларда босим ўтказганлар. Хусусий адвокатлар ўрнига маъмурлар кучли ҳимояни ташкил этмайдиган давлат адвокатларини белгилаганлар.
5 декабр куни парламент адвокатлар фаолияти ҳақида янги қонун қабул қилди, унда айбланувчининг жим туриш ҳуқуқи, ҳибсга олингандан кейин адвокатга ёки қариндошга телефон қилиш ҳуқуқи ва истаган пайтда адвокати билан учрашиш ҳуқуқи белгиланган. Қонунга биноан илк бор жиноий ишдаги гувоҳ адвокат томонидан намоён қилиши мумкин. Қонунга кўра, айбланувчилар адвокатлари ва гувоҳларни ҳимоя қилаётган адвокатлар прокурорлар каби процессуал ҳуқуққа эга бўладилар. Янги қонун хусусий адвокатлар ташкилоти, жумладан, Ўзбекистон адвокатларининг мустақил уюшмаси ва Тошкент юристлар уюшмасини бекор қилиб, уларнинг ўрнига давлат назоратидаги Адвокатлар палатасини ташкил этди. Шунингдек қонунга мувофиқ, барча адвокатлар ушбу палатага аъзо бўлишлари керак. Бир тарафдан ҳукумат, мазкур қоидалар адвокатларнинг профессионал маҳоратини оширишга қаратилган деб айтса, иккинчи тарафдан баъзи танқидчилар киритилган чоралар адвокатларнинг мустақиллигини камайтиришга қаратилган демоқдалар.
Хабарларга кўра, милиция ходимлари уларнинг коррупцияда ёки маҳаллий жиноий фаолиятлардаги иштирокини фош этмоқчи бўлган шахсларни ёки уларнинг оила аъзоларини қўрқитиш мақсадида, уларга қарши товламачилик ёки солиқдан қочиш каби уйдирма айбловлар билан ҳибсга олганлар.
Маъмурлар шахсларни экстремистик кайфиятда бўлганликда ёки фаолият юритганликда, ёки тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айблаб, уларни рухсатсиз ҳибсга олишда давом этдилар. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг хабарларига кўра, милиция ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҲТ ҳалқаларини тарқатиш керак деган босим остида фаолият юритиб, кўп ҳолатларда ташкилотга аъзоликда гумон қилинган шахсларнинг оила аъзоларини, яқин танишларини ҳибсга олишган ва ножўя муомалада бўлишган. Айбловларни тан олишга ва гувоҳлик беришга мажбурлашлар кенг кўламда қўлланилган.
Милиция ходимлари «Бирлик», «Озод деҳқонлар», «Эрк» ва «Бирдамлик» мухолифат партиялари аъзоларига қарши тазйиқ ўтказиб, баъзи ҳолатларда уларни рухсатсиз ҳибсга олган.
Йил мобайнида судгача бўлган ҳибсда ушлаш даври одатда 1 ойдан 3 ой орасида бўлгани кузатилди. Қамоқ расмийларининг ҳисобларига қараганда, бир вақтнинг ўзида тахминан 3400 шахс судгача бўлган муддатда ҳибсда ушлаб турилган.
Умуман олганда, прокурорлар жиноий ишларни кўриб чиқишда, жумладан, судгача бўлган ҳибсга олишда, ўз ихтиёрларига мувофиқ ҳаракат қилдилар. Ҳибсга олинганларга судларга мурожаат қилиб ўзларининг судгача бўлган қамоқда ушланишларининг муддати ёки асосли эканлиги бўйича савол бериш имкони берилмади. Ҳатто, хеч қандай айблов қўйилмаган ҳолатда ҳам, милиция ва прокуратура ходимлари фуқароларни шубҳа остидаги шахс сифатида эмас балки гувоҳ сифатида ушлаб туриш орқали, белгиланган муддатга оид чекловларни айланиб ўтишга уринишган.
Ноябр ойида Олий Суд раиси Бўритош Мустафоев жиноий ишларни, айниқса кичик болалар, аёллар ва қарялар аралашган ишларни ҳал этишда арбитраж ва «суддан ташқари келишувлар» қўлланиши ҳукумат томонидан илгари сурилаётганлигини маълум қилди.
Маҳаллий милиция ходимлари диссидентларнинг овозини бўғиш учун мунтазам равишда уй қамоғини қўллади. Кўпгина ҳолатларда милиция инсон ҳуқуқлари фаолларининг ёки ҳукуматни танқид қилганларнинг уйларини қуршаб олиб, уларни намойишларда ёки бошқа фаолиятларда иштирок этишининг олдини олишга ҳаракат қилишган.
Ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги қонун 1 январда кучга кирди ва ўлим жазоси ўрнига 20 йилдан то умрбод қамоқ жазоси бериладиган бўлди. Қонунда айтилишича, умрбод қамоққа ҳукм қилинган маҳбуслар озодликка чиқишни сўраб мурожаат қилишларидан аввал қамоқ жазоларининг 20 йилини ўташлари лозим бўлади, шунингдек, умрбод қамоқ жазоси фақат қасддан қотиллик қилишда ва терроризмда айбдор деб топилганларга қўлланилади. Январ ва апрел ойлари орасида Олий Суд 40дан ортиқ ўлим жазосини ўз ичига олган ишларни кўриб чиқди ва тахминан 12 ҳукмни умрбод қамоқ жазосига юмшатган, қолган ҳукмларни эса 25 йиллик қамоқ жазосига пасайтирган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари Олий Суд томонидан ишларни кўриб чиқишда шаффофлик йўқлигини танқид остига олган. Йил давомида қатл этиш ҳоллари маълум бўлмаган. 12 декабр куни Президент Каримов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро келишувнинг ўлим жазосини бекор қилувчи иккинчи ихтиёрий протоколига қўшилиш тўғрисидаги қонунга имзо чекди.
Амнистия
2 январда Президент Каримов конституциянинг 15 йиллиги муносабати билан президент амнистиясини эълон қилди. Қамоқхона маъмурлари хабарларига кўра, амнистия бўйича 3500 шахсни озод этганлар ва анча кўпроқ (аммо аниқланмаган сондаги) шахслар ҳукмини юмшатган.
2 февралда ҳукумат таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр Ҳамроевни амнистия билан озод этди. Маъмурлар Ҳамроевни 2006 йили сиёсий мотивация билан безориликда айблаб, уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. 2 февралда ҳукумат шунингдек андижонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновни ҳам амнистия билан озод этди. Зайнобиддинов 2005 йилги Андижон воқеаларига алоқадор бўлган экстремист фаолият учун Тошкент вилояти жиноий ишлар бўйича суд томонидан 2006 йили етти йиллик қамоққа жазосига ҳукм қилинган эди.
4 ва 5 феврал кунлари ҳукумат уч нафар сиёсий маҳбус: Баҳодир Мухторов, Бобомурод Мавлонов ва Улуғбек Каттабековни амнистия билан озод қилди. Феврал ойида ҳукумат шунингдек Хюман Райтс Вотчнинг собиқ ходими ва журналист Умида Ниёзовага қўйилган уч йиллик шартли қамоқ ҳукмини амнистия билан олиб ташлади ҳамда андижонлик инсон ҳуқуқи фаоли ва паталогоанатом Гулбаҳор Тураевага қўйилган олти йиллик шартли қамоқ ҳукмини амнистия билан олиб ташлади.
1 сентябрда мамлакатнинг мустақиллик куни шарофати билан ҳукумат яна бир умумий амнистия эълон қилди. Давлат назорати остидаги оммавий ахборот воситаларига биноан, ушбу амнистия тушганлар орасида аёллар, ногиронлар, хорижий фуқаролар, балоғатга етмаганлар, 60 ёшдан катта эркаклар ва «жамоат тартибига хавф солмайдиган» шахслар бўлган. Ҳукумат сентябр амнистияси қанча одамга қўлланилганига оид ҳали ҳеч қандай расмий рақамлар эълон қилмаган, бироқ мамлакат вилоятларидаги маҳаллий матбуот берган хабарларга кўра, йил якунига келиб, камида бир неча юз шахс озод этилган. Октябрда ҳукумат икки сиёсий маҳбусни - Дилмурод Муҳиддинов ва Мамаражаб Назаровни амнистия билан озод этган.
Ўтган йиллардаги амнистиялар каби, хабарларга кўра, маъмурлар маҳбусларни озод бўлиш учун шарт қилиб, тавба-тазарру хатларини ёзишга мажбурлаганлар. Баъзи гумонларга кўра, маъмурлар бу каби хатларга имзо чекишдан воз кечган айрим маҳбусларга нисбатан жисмоний қўпол муомалада бўлганлар ва баъзи бир хабарларга кўра, маъмурлар бу каби хатларга имзо чеккан кўплаб маҳбусларни ҳам озод қилмаганлар. Озод қилишга рухсат берувчи мавжуд қонун-қоидаларга қарамай, маҳаллий қамоқхона маъмурлари кимга нисбатан амнистия қўллаш ёки қўлламаслик ҳақида ўзлари қарор қабул қилиш каби катта ваколатга эга бўлганлар. Ўтган йилларда бўлгани каби, бу йил ҳам бу соҳада коррупция ҳолатлари ҳақида ҳабарлар бор.
e. Очиқ адолатли суд жараёнига монелик
Гарчи конституцияга кўра, суд тизими мустақил бўлсада, суд-ҳуқуқ тармоғи ҳукуматнинг ижроий тармоғидан, хусусан Бош прокуратура идорасидан кўрсатмалар олган ва амалда суд тизими унчалик мустақил бўлмаган.
Қонунга кўра, президент барча суд ҳакамларини 5 йил муддатга тайинлайди. Олий Суд ҳакамларининг ишдан озод қилиниши парламент томонидан маъқулланиши керак. Парламент ўз ўрнида президентнинг хоҳиш иродасига бўйсинади.
Қорақалпоғистон Олий суди Қорақалпоғистон Автоном Республикасида юрисдикцияга эга. Туман ва вилоят судлари томонидан қабул қилинган қарорлар ҳукм ўқилгандан кейин 10 кун ичида юқори инстанцияларга аппеляция учун берилиши мумкин. Бундан ташқари, Конституцион суд қонунлар, қарорлар ва суд ҳукмларини Конституция билан мувофиқлигини таъминлаш учун кўриб чиқади. Ҳарбий судлар ҳарбийларда содир этилган барча фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга. Олий Суд умумий юрисдикцияга эга бўлиб, давлат аҳамиятига эга ишларни кўриб чиқади.
Суд жараёнлари
Маҳкама жараёнларининг кўпи жамоатчилик учун расман очиқдир, бироқ баъзан амалда судга кириш чекланган. Судлар баъзи бир алоҳида ҳолатларда, жумладан давлат сирига оид маълумотлар бўлса ёки жабрланувчи ва гувоҳларни ҳимоя қилиш мақсадида, ёпиқ бўлиши мумкин. Судлар, кўпинча, халқаро кузатувчиларнинг суд жараёнида иштирок этиши учун суд раиси ёки Олий суддан ёзма рухсатнома олишларини талаб қилганлар. Бу каби рухсатномаларни олиш қийин кечган ва кўп ҳолатларда узоқ вақт талаб қилган, бироқ халқаро кузатувчилар, жумладан хорижий дипломатлар, баъзи суд жараёнларига кириш рухсатини олганлар.
Маъмурлар, умуман олганда, суд жараёнлари, жумладан диний экстремизмда гумон қилинганлар устидан ўтадиган судларни, ушбу суд бўлиб ўтадиган суд залида ва суднинг бошланишидан бир ёки икки кун аввал эълон қилган.
Суд жараёнларига бир профессионал ҳакам ва ишчилар коллективи қўмиталари ёки маҳалла қўмиталари томонидан танланадиган икки нафар маслаҳатчи раислик қилади. Маслаҳатчи раислар камдан-кам ҳолатларда сўз оладилар. Одатда профессионал ҳакам ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича прокурор тавсияларига мурожаат қилади. Жюри иштирокидаги суд бўлмайди.
Айбланувчилар суд жараёнларида иштирок этиш, гувоҳлар билан юзлашиш ва далил-исбот келтириш ҳуқуқига эгалар. Бу каби ҳуқуқларга умуман олганда риоя қилинди (жумладан, инсон ҳуқуқлари фаоллар ва сиёсий арбоблар устидан бўлиб ўтган катта суд жараёнларида). Бироқ, прокурор томонидан судга оширилган аксарият жиноий ишларда, айбланувчи айбдор деб топилган. Айбланувчилар адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар, ҳукумат керак бўлган ҳолатларда бепул адвокат ҳизмати билан таъминлайди. Аммо бундай давлат томонидан белгиланган адвокатлар мунтазам равишда ўз ҳимояси остидагиларни эмас, балки ҳукумат манфаатларида ҳаракат қилган. Судгача бўлган ҳибс мобайнида, айбланувчининг адвокат хизматига бўлган ҳуқуқлари маъмурлар томонидан кўп ҳолатларда поймол қилинди ва суд ҳакамлари бир қанча ҳолатларда айбланувчининг адвокат танлаш ҳуқуқларини бузган. Бир қанча хабарларда, терговчилар айбланувчиларга босим ўтказиб, юридик маслаҳатчилардан воз кечишга мажбур этган. Кўпинча, ҳимояловчи юрист бирор масалани ҳал қилишга ожиз ва кўп ҳолатларда адвокатининг тутган ўрни фақатгина айбланувчининг иқрор бўлиши ва авф сўрашини етказиш билан чегараланган.
Йил давомида ҳукумат, хабарларга кўра, 24 соат давомида телефон орқали чақирса бўладиган адвокатлар хизмати тизимини йўлга қўйган, бунинг натижасида айбланувчиларнинг малакали адвокатлар маслаҳатига эришиши бир мунча яхшиланган. Бир қатор хусусий юридик фирмалар бепул малакали хизмат кўрсатган, уларнинг баъзилари халқаро донор ташкилотлар томонидан молиялаштирилган.
Давлат прокурорлари ҳибсга олиш буйруғини берадилар, терговларни бошқарадилар, жиноий ишларни тайёрлайдилар ҳамда қандай ҳукум чиқаришни тавсия этадилар. Айбланувчилар айбсизлик презумпцияси ҳуқуқидан фойдалана олмайдилар. Агар суд томонидан чиқарилган ҳукм прокурорнинг тавсиясидан фарқ қилса, прокурор ҳукмни юқори инстанцияга аппеляция қилиш ҳуқуқига эгадир. Хабарларга кўра, ҳукмлар кўп ҳолларда қийноқ, айбланувчининг оила аъзоларига таҳдид ва мажбурлашнинг бошқа йўллари орқали қўлга киритилган иқрор бўлиш ва гувоҳлар кўрсатмаларига асосланади. Айни бир жиноят учун икки марта жиноий иш қўзғатишга қарши ҳуқуқий ҳимоя амалда қўлланмайди.
7 феврал куни инсон ҳуқуқлари бўйича адвокат Руҳиддин Комилов ўз мижози, диссидент шоир Юсуф Жумаев билан учрашган. Гарчи қонун, айбланувчиларга ўз адвокатлари билан яккама-якка учрашиш ҳуқуқини берса-да, қамоқхона мулозимлари бутун учрашувни кузатиб турганлар, Комиловга таҳдид қилганлар ва Жумаевга нисбатан қамоқда амалга оширилган ҳуқуқбузарликлар тафсилотларини очиб берувчи деб айтилаётган хатни мусодара қилганлар. 15 апрелда Бухоро суди Жумаевни ҳукумат маъмурларини ҳақорат қилишда, ҳибсга олиш пайтида қаршилик кўрсатишда ва милиция ходимига зарар етказишда айбдор деб топган. Суд Жумаевни беш йиллик қамоққа маҳкум этган.
Қонун айбланувчиларни аппеляцияга бериш ҳуқуқи билан таъминлайди. Сиёсий ишларда, аппеляция ҳукмларнинг бекор қилинишига олиб келмаган, аммо бир қатор ҳолатларда аппеляция натижасида ҳукм муддати камайтирилган ёки шартли қамоқ ҳукмига ўзгартирилган.
Ҳукумат қўлида мавжуд бўлган далиллардан адвокатларнинг тўла фойдаланиши имкони бўлмаган, гарчи ушбу далиллар улар ҳимояси остидаги айбланувчилар ишига тааллуқли бўлган. Бироқ кўпгина ҳолатларда қораловчи тараф фақатгина айбланувчининг иқрори ёки давлат чақирган гувоҳларининг айбловчи кўрсатмалари асосида иш тутган, айниқса бундай ҳолатлар ҲТ аъзолари устидан олиб борилган жараёнларда кузатилди. Адвокатлар суд ҳакамларини айбни тан олганлик ҳақидаги ҳужжатларни эътиборга олмасликка ва қийноқ қўлланганлиги ҳақидаги даъволарни кўриб чиқишга чақиришлари мумкин ва айрим ҳолларда шундай ҳам қилганлар. Ҳакамлар бундай чақириқларни одатда эътиборсиз қолдирганлар ёки уларни асоссиз деб топганлар.
Сиёсий маҳбуслар ва тутқунликдаги шахслар
Ҳукумат сиёсий маҳбуслар борлигини инкор этган ва сиёсий сабабларга кўра қамалган маҳбуслар ёки тутқунликдаги шахсларнинг сонини аниқлашнинг имкони бўлмади. Хорижий элчихоналар ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларидаги сиёсий маҳбуслар номлари ёзилган рўйхатларда 11дан то 23 нафаргача шахс кўрсатилади. Йил давомида бир қанча сиёсий маҳбус озод этилган бўлса-да, бошқа бир қатор шахслар сиёсий мотивация билан айбланиб, қамалганлар. Сиёсий жиноятлар учун маҳкум қилинган шахсларнинг аксарияти ҳибсга олинишларида уларга қарши сурилган жиноятларда, жумладан ноконституцион фаолият, ноқонуний ташкилотларда иштирок этиш, ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш каби жиноятларда айбдор деб топилганлар. Бироқ судлар бир қанча инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни товламачилик ва безорилик каби сиёсий мотивацияга эга айблар билан маҳкум этганлар. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, ҳукумат мустақил мониторинг гуруҳларига, жумладан ХҚХҚга, сиёсий маҳбуслар ёки тутқинликдаги шахсларни кириб кўришга рухсат берган.
8 майда БМТнинг рухсатсиз ҳибсга олиш ҳоллари бўйича ишчи гуруҳи, 2006 ва 2007 йиллар ўтказилган учта суд жараёнида сиёсий мотивация билан коррупция ва жосусликда айбланган, Мудофаа вазирлигининг собиқ мулозими Эркин Мусаев иши бўйича, фикр-баёнот билдирди. Баёнотда айтилишича, Мусаев устидан олиб борилган суд давомида жиддий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган ва унинг тутқинликда ушлаб турилиши Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро битимнинг бир қанча моддаларига зид деган хулоса келтирилади. Ҳукумат Ишчи гуруҳининг баёнотига ҳали муносабат билдирмади, гарчи ҳукуматдан бундай муносабат билдириш сўралган.
Сентябр ойида маъмурлар инсон ҳуқуқи фаоли Мўътабар Тожибоевага, соғлиқ билан боғлиқ шароит юзасидан, хорижда тиббий муолажа олиши учун чиқиш визасини бердилар. 2 июн куни ҳукумат Тожибоевани соғлиғи сабабли қамоқдан озод этган эди, аммо амнистия қилмаган эди. Унга нисбатан уч йиллик шартли қамоқ жазоси қўлланилиши, жумладан ҳаракатланиш чекловлари, сақланиб қолган. 2006 йили суд Тожибоевани сиёсий тусга эга айблов билан 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.
Серқуёш Ўзбекистон коалицияси муассисларидан бири, солиқдан қочиш ва ноқонуний равишда товарлар савдоси билан шуғулланиш айблови билан 2006 йили сиёсий сабаблар билан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Санжар Умаровнинг оила аъзолари, унинг соғлиғи йил давомида ўта ёмонлашгани ва унинг баданида қўпол жисмоний муомала излари борлиги ҳақида хабар берганлар. Шунингдек оила аъзоларига кўра, Умаров Навоий вилоятидаги қамоқхонадан Тошкент вилоятидаги қамоқхонага кўчирилганидан кейин, уни қаерда эканлигини аниқлаш қийинлашган. Ишончли хабарларга кўра, ҳукумат Умаровнинг ёмон соғлиғи борасида маълум чоралар кўришни бошлаганлар.
Фуқаролик судлари шаҳар ва туман ҳамда туманлараро ва вилоят даражасида фаолият кўрсатади. Жиноий ишлар судлари шаҳар ва туман даражасида иш юритади. Бундан ташқари яна олий фуқаролик судлари ҳам мавжуд бўлиб, улар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам юрисдикцияга эга.
Иқтисодий судлар ҳар бир вилоятда ва Тошкент шаҳар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида юрисдикцияга эга. Улар юридик шахслар ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этади. Улар томонидан қабул қилинган қарорларга қарши аппеляцияни Олий Иқтисодий Судга жўнатса бўлади.
Фуқаролик ва юридик процедуралар ва ҳуқуқий ҳимоя йўллари
Конституцияда қайд этилган кафолатларга қарамай, судлар фуқаролик ишларида мустақил эмас ёки тўлиқ холис эмас. Фуқаролар фуқаролик судларига аризалар ёзишлари мумкин, агар керак бўлса, ушбу аризлар инсон ҳуқуқларининг пой-мол бўлиши ҳақидаги айбловлар бўлиши мумкин. Ариза берган шахсларнинг даъвосининг қондирилиш ҳолатлари ҳақида ҳабарлар бўлган. Бироқ кўпгина хабарларга кўра, суд ҳакамларига пора берилиб, суд ҳукмига таъсир кўрсатилган.
f. Шахсий, оилавий хаётга, уй ишларига ва хатларга рухсатсиз аралашув
Конституция шахсий, оилавий хаётга, уй ишларига ва хатларга рухсатсиз аралашувларга йўл қўймайди; бироқ, амалда эса маъмурлар бу каби тақиқларга риоя қилмадилар. Қонун талабига кўра, электрон кузатувлар учун прокурорнинг санкцияси талаб этилади, бироқ бундай рухсатномаларни текшириш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Фуқароларнинг умумий фикрича, хавфсизлик органлари мунтазам равишда мухолифат сиёсий фаолиятда машғул бўлган шахсларнинг телефон суҳбатларини кузатиб, уларнинг кетидан назорат ўрнатганлар ва хуфёна кузатув мосламаларини ишга солганлар.
Йил мобайнида милиция ва бошқа хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диндорларнинг уйларига мустақил суд вакилининг рухсатисиз бостириб кирганлари ҳақида кўплаб хабарлар келган. Протестант черковлар аъзолари хусусий хонадонда диний маросим ўтказаётган вақтда, бир неча бор қуролланган хавфсизлик ходимлари уларнинг уйларига рейдлар ўтказиб, черков аъзоларини ноқонуний диний фаолиятда гумон қилиб, ҳибсга олишган. Йил давомида ҳукумат маъмурлари Андижон қочқинларининг Ўзбекистонда қолган қариндошларини тазйиқ остига олгани ҳақида хабарлар келган.
Ҳукумат тахминан 12 000 маҳалла қўмиталаридан экстремизмга мойил бўлганларнинг рўйхатини тузишда ахборот манбаси сифатида фойдаланишда давом этди. Қўмиталар турли ижтимоий вазифаларни бажарди, шу билан бирга улар маҳаллий аҳоли ва ҳукумат ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида кўприк сифатида иштирок этди. Қишлоқ жойлардаги маҳалла қўмиталари шаҳар жойларда жойлашган қўмиталардан кўра кўпроқ таъсирга эга. Ҳар бир қўмитада посбон бириктирилган бўлиб, уларнинг вазифаси ўз маҳаллаларида жамоатчилик тартибини ва тўғри маънавий муҳитни таъминлаш бўлган. Маҳалла қўмиталари кўп ҳолатларда милиция учун шубҳали шахсларни аниқлашда ёрдам берган ва ИИВ ва МХХ вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб борган ҳолда, хабарларга кўра, амнистия бўлиб озод бўлганларга ва экстремизмда айбланиб қамалган шахсларнинг оила аъзолари устидан алоҳида назорат ўрнатган. Йил мобайнида, хабарларга кўра, маҳалла қўмиталари МХХ буйруғи остида шахсларнинг диний амалларини кузатди ва аҳолини рўйхатдан ўтмаган христиан черковларга аъзо бўлишдан қайтарди.
Милиция, иш берувчилар ва маҳалла қўмиталари инсон ҳуқуқлари фаолларининг оила аъзоларини тазйиқ остига олганлари ҳақида ишончли хабарлар бўлган.
2-бўлим: Фуқаро эркинликларини ҳурмат қилиш, шу жумладан:
a. Матбуот ва сўз эркинлиги
Конституция ва қонун сўз ва матбуот эркинлигини таъминлайди; шунга қарамай, умуман олганда ҳукумат бундай ҳуқуқларни амалда ҳурмат қилмади ва фикр ифодаси эркинлиги қаттиқ чекланди.
Қонун президентни танқид қилишни чегаралайди ва президентни омматан ҳақорат қилиш беш йилгача қамоқ жазоси бериладиган жиноят ҳисобланади. Қонун диний ихтилоф ва этник зиддият ҳолларини қўзғатувчи ва конституцион тузумни қўпоришни ёки ағдариб ташлашни тарғиб қилувчи мақолаларни тақиқлайди.
2007 йили январда қабул қилинган қонун, барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларини ўз ахборотларининг "холислиги" учун жавобгар этиб, хорижий журналистларга мамлакатда расмий аккредитациясиз ишлашни ман қилади, ҳамда хорижий ахборот воситалари оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунларга бўйсунишини талаб қилади. Шунингдек, қонун диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб этиш ҳамда этник ва диний адоватни қўзғашга даъват қилишни тақиқлайди. Қонунга кўра, таркибида чет эллик сармоя улуши 30 фоиздан ортиқроқ бўлган юридик шахсларга мамлакатда оммавий ахборот воситасига асос солишни тақиқлайди.
Хабарларга кўра, йил давомида милиция, тақиқланган диний экстремистик, аксил-яҳудий ва аксил-Ғарб гуруҳ ҲТнинг адабиётларини сақлаганликлари учун бир неча кишини ҳибсга олган.
Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги (ЎзА) расман рухсат берилган барча янгилик ва ахборотларни тайёрлаш ва тарқатишда президент аппарати билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Ноябрда ЎзА берган хабарга кўра, 1100дан кўпроқ газета, журнал, ахборот агентлиги, электрон ОАВ ва вебсайтлар барча оммавий ахборот воситаларини назорат қилишга масъул бўлган Матбуот ва Ахборот Агентлигидан рўйхатдан ўтган. Вазирлар Маҳкамаси энг катта таъсирга эга ҳисобланган кундалик нашрлардан учтаси - "Правда Востока" (русча), "Халқ сўзи" (ўзбекча) ва "Народное Слово" (русча) газеталарига муассис бўлиш баробарида, уларни назорат қилди. Ҳукумат ёки унинг назоратидаги сиёсий партиялар ёки ижтимоий ҳаракатлар, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда вилоят ҳокимиятлари бошқа бир қанча кундалик ва ҳафталик нашриётларга эгалик қилди ёки уларни назорат остида ушлади. Давлат назоратидаги газеталар ҳукумат нуқтаи назарини акс этди. Асосий ҳукумат газеталари халқаро ахборот агентликларининг танлаб олинган хабарларини нашр этдилар.
Шунингдек, ҳукумат Интернетдаги Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлигига тегишли UzA.uz ва Ташқи Ишлар вазирлигига тегишли Jahon.mfa.uz расмий сайтларида янгиликлар бериб турди. Гарчи мустақил бўлишни даъво қилсаларда, бир неча веб-сайтлар, хусусан, Press-uz.info, Gazeta.uz ва C-Asia.org хабарларида ҳукумат нуқтаи назари акс этди. Қорақалпоғистонда чиқадиган мустақил газета «Савдо Пресс», 2007 йили март ойида гўё ўз низомини бузганлиги учун тўхтатиб қўйилгандан кейин, май ойи ўрталарида ўз ишини қайта бошлади.
Мамлакатда 1300 нашриёт уйлари мавжуд. Ҳукуматга қарашли нашриётлар кўпчилик газеталарни чоп этишган. Реклама, мунажжимлар башорати ва шу каби материаллар ҳамда баъзи мазмунли маҳаллий янгиликлар, жумладан ҳукуматнинг ижтимоий иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи мақолалар чоп этувчи адади унча кўп бўлмаган бир нечта хусусий газеталарнинг нашр этилишига ҳукумат рухсат берди. Рус тилида мамлакат миқёсида чиқадиган учта хусусий газета - "Новости Узбекистана", "Новый век" ва "Бизнес Вестник Востока" ҳамда иккита ўзбек тилидаги "Хуррият" (Журналистлар Уюшмасига қарашли) ва "Моҳият" (ҳукуматга мойил нодавлат ахборот агентлиги "Туркистон-Пресс"га тегишли) газеталари ҳукуматга маъқул бўлган янгиликлар ва мақолалар бериб борди. Россиянинг газеталари ва бошқа хилма-хил кўнгилочар ва маиший йўналишдаги нашрлари сотувга чиқди, хорижий даврий нашрларнинг кўп бўлмаган нусхаларини Тошкентда сотиб олиш мумкин бўлди.
Давлатга қарашли ва ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган тўртта телевизион канал мамлакатнинг телеэфир тўлқинларида устунлик қилди. Хусусий бўлган 24 та вилоят телестанциялари ва 14 та хусусий радиостанция фаолият юритди. Ҳукумат теле ва радио оммавий воситалари ҳамда даврий нашрлар устидан қаттик назорат ўрнатди. Журналистлар ва давлат ОАВдаги тахририятларнинг катта ходимларининг айтишларича, вазифаси цензура қилишдан иборат бўлган мулозимлар бўлган. Ҳукумат мулозимлари ҳам хорижий элчихоналар ҳомийлигида ўтказилган муайян тадбирларни ёритмаслик ҳақида оғзаки кўрсатма берганлар, деган хабарлар бор. Шунга қарамай, вилоят телестудиялари маҳаллий муаммолар ҳақида бир неча нисбатан танқидий материалларни кўрсата олишган деган хабарлар ҳам бор.
Октябрда ҳукумат мулозимлари инсон ҳуқуқлари масалаларига оид йиллик муҳокама доирасида Европа Иттифоқи (ЕИ) ҳомийлигида Тошкентда ўтказилган матбуот эркинлигига бағишланган анжуманда иштирок этдилар. Гарчи анжуманда хориждан келган нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилотлари иштирок этиб, ҳукуматни қаттиқ танқид қилган бўлсалар-да, маъмурлар маҳаллий мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг тадбирда иштирок этишига рухсат бермадилар. ЕИ июн ойида айни шундай тадбир ўтказишга ҳаракат қилди, аммо ҳукумат халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ёки мамлакат ичидаги мустақил журналистлар иштирокига рухсат бермади.
Ҳукумат "Озод Европа Радиоси/Озодлик Радиоси"га ва "БИ-БИ-СИ Жаҳон Хизмати"га мамлакат ичидан эфирга чиқишга рухсат бермади. Шунингдек, ушбу ёки бошқа ғарб ОАВнинг чет эллик журналистлари аккредитациядан ўтказилмади. Июл ойида ҳукумат бир қанча ғарб ахборот агентликларига анчадан бери ишлаб келган маҳаллий мухбирларга аккредитация узайтирилмагани боис, улар мамлакат ташқарисида иш излашга мажбур бўлишди. Agence France-Presse (AFP) ахборот агентлиги мухбирининг аккредитацияси, Россия, Хитой ва бошқа халқаро ахборот агентликлари мухбирлари аккредитацияси каби, Ўзбекистонда амал қилишда давом этди.
Июнда давлат телевидениеси эфирга узатган бир соатлик дастурда "Озодлик" радиоси журналистлари ҳужум остига олиниб, сотқин сифатида қораланган. Дастур Озодлик радиосининг тўққиз нафар журналистларини исм-шарифлари билан бирма-бир санаб ўтди, улар ва уларнинг оила аъзолари ҳақидаги шахсий маълумотларни, жумладан уларнинг уй манзиллари ва ишлаш жойлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди.
Йил давомида журналистларга қарши тазйиқ давом этди. Милиция ва хавфсизлик кучлари матбуот ва телерадио журналистларига нисбатан ҳибсга олиш, тазйиқ ўтказиш, қўрқитиш, зўравонлик қилиш ва уларнинг фаолиятига бюрократик чекловлар қўйиш ҳолларини қўлладилар.
5 август куни Самарқандда, баъзи гапларга кўра, бир гуруҳ аёллар «Овози Тожик» (Тожик овози) газетасининг икки журналисти Пардақул Тўрақулов ва Зокир Хасанзода ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Комил Ашуровга қарши ҳужум уюштирганлар. Улар учови шаҳарнинг Сиёб бозори қайта қурилиши ҳақида тушган шикоятлар бўйича текширув олиб боришаётган эдилар. Афтидан ўзлари қурбон бўлишларига қарамай, уларнинг учовига қарши милиция безорилик абловларини илгари суриб, жиноий иш қўзғатган. Йил якунида уларга қарши қўзғатилган жиноий иш давом этаётган эди.
10 октябрда Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида, суд мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновни гиёҳванд моддаларни тарқатиш ниятида сақлашда айблаб, 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этди. 19 ноябрда Абдураҳмоновнинг чиқарилган ҳукмга қарши аппеляцияси тушунтиришсиз рад этилган. 7 июнда ҳукумат муъмурлари, Абдураҳмоновнинг машинасини кўздан кечириш пайтида гиёҳванд моддаларни топганлар деб айтилаётган воқеадан кейин уни қўлга олган эдилар. Абдураҳмоновнинг ҳибсга олиниши, Қорақалпоғистонда коррупция ва инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳақидаги танқидий мақолалар uznews.net вебсайти ва ғарб газеталарида чиққанидан кўп ўтмай ўрин олган. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, гиёҳванд моддалар аввалдан машинага ташлаб қўйилган ва айбловлар сиёсий тусга эга.
Йил давомида ҳукумат давлат ОАВда фаолият юритувчи журналистларни хорижий дипломатлар билан алоқада бўлганликлари учун ўч олиш мақсадида тазйиқ қилганликлари ҳақида хабарлар бўлган. Баъзи журналистлар хорижий элчихоналар ҳомийлигидаги касбий алмашинув дастурлар доирасида Европага сафар қилганлари учун ишдан бўшатилганлар, бошқа журналистларнинг хабарига кўра, улар шу каби халқаро алмашинув дастурларида иштирок этиб қайтганларидан сўнг уларга нисбатан кузатув кучайган. Ҳукумат томонидан босим давом этган бўлса-да, Тошкентдаги хорижий элчихоналар тадбирида бу йили кўпроқ журналистлар иштирок эта олдилар.
Хабарларга қараганда, Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Уюшмаси (ЭОАВМУ) ўз директорининг ҳукумат билан яқинлигидан фойдаланган ҳолда, маҳаллий телестанцияларни уюшма таркибига киришга ва аҳён-аҳёнда белгилаб берилган, ҳукумат тайёрлаган дастурларни эфирга узатишга ундаган. Ҳукумат ЭОАВМУга қўшилишга қаршилик қилган станцияларда солиқ инспекциясининг текширувларини ташкиллаштирган, баъзи ҳолларда эса эфир лицензиясини олиб қўйиш билан пўписа қилган.
Ҳукумат хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралар мунтазам равишда ноширларга босиб чиқариш учун муаллифининг исми-шарифи ўйлаб топилган мақолалар ва хатлар берган, шунингдек, нашр этиш мумкин бўлган мавзулар бўйича аниқ кўрсатмалар юборган. Кўпинча, ҳукуматга қарашли ёки хусусий газеталарнинг мазмунида унча катта фарқ бўлмаган. Мустақил текширувга асосланиб ёзилган материаллар босилган тақдирда ҳам, уларнинг сони жуда оз бўлган. Газеталарда танқидий мақолаларнинг сони камлигича, уларнинг кўлами эса торлигича қолган. Бироқ аввалги йилларга нисбатан фарқли ҳолда, давлат назоратидаги ОАВлар ўтган йил давомида инсон савдосига оид кўплаб дастурлар ва мақолалар тақдим этган, ушбу дастур ва мақолаларнинг баъзилари бу масала муаммо эканлигини эътироф этган ва фуқароларни қурбон бўлмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Жиноят ва маъмурий жавобгарлик кодексларидаги моддалар бўҳтон ва ҳақорат учун катта миқдорда жарима белгилайди. Ҳукумат президент ёки ҳукуматни танқид килган журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва бошқа шахсларни жазолаш учун бўҳтон, туҳмат ва ҳақоратлаш айбловларидан фойдаланган.
Интернет эркинлиги
Ҳукумат Интернетдан фойдаланиш имкониятини берди ва ноябрда чиққан хабарига кўра, мамлакатда Интернетдан фойдаланувчилар сони ўсиб бормоқда ва 2 миллиондан ошиб кетган. Бироқ Интернет хизматлари провайдерлари мунтазам равишда ҳукумат талабига биноан, ҳукумат номақбул деб ҳисоблаган вебсайтларни очилмайдиган қилиб қўйди. Ҳукумат бир қанча маҳаллий ва халқаро ахборот вебсайтларини ва мухолифат партиялар бошқарадиган вебсайтларни блокировка қилиб қўйса-да, уларнинг баъзиларига прокси-серверлар орқали кириш имконияти мавжуд бўлди, уларнинг озгинаси блокировка қилинмади.
2007 йил январда ОАВ ҳақидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, вебсайтларни ҳам ОАВ сифатида таърифлайди, бу эса ўз навбатида вебсайтлар ҳам қонун талабларига биноан бошқа маҳаллий, ҳамда хорижий ОАВ каби ҳукумат рўйхатидан ўтиши, ҳукуматга ўз муассислари, бош муҳаррири ва ходимларининг исми-шарифлари ҳақидаги маълумотни беришлари керак. Вебсайтлар шунингдек ҳар бир мақолаларининг нусхасини расмий шахсларга етказишлари шарт. Маҳаллий журналистларнинг сўзларига қараганда, ўзгартирилган қонун кучга қиргандан буён Интернет хизмати провайдерлари мамлакатнинг ҳар қандай жиҳатини муҳокама этган блогларни ҳам ёпиб қўйишган.
2006 йилнинг октябрида Вазирлар Маҳкамаси ".uz" доменидаги барча вебсайтларнинг Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтишини талаб қилувчи қарор қабул қилди. Қарор асосан ҳукуматга тегишли ёки ҳукумат томонидан назорат килинадиган вебсайтларгагина дахл килди. Мухолифатга тегишли вебсайтлар ва халқаро ННТ ёки ОАВлар бошқарадиган вебсайтлар, одатда, мамлакатдан ташқарида рўйхатга олинган домен номларига эга.
Январ ойида ҳукумат қуйидаги ташкилотлар вебсайтларига бўлган блокировкани олиб ташлади: Здравплюс, Миллий демократик институт, Очиқ мулоқот лойиҳаси, Bearing Point ва бошқа ташкилотлар. Сентябрда ҳукумат Интернетдаги видеолавҳалар вебсайти "youtube.com"га бўлган блокировкани олиб ташлади.
Академик эркинлик ва маданий тадбирлар
Ҳукумат академик эркинликни ҳам чеклаб борди, гарчи ўтган даврга нисбатан хорижий институтлар билан ўзаро иш олиб бориш очиқроқ кўринди. Маъмурлар баъзи ҳолларда ўқув маърузалари ва конспектларга кафедра раҳбаридан рухсатнома олишни талаб қилди, университет ўкитувчилари асосан ўзини-ўзи цензура қилишни қўллади. Университетлардаги кўплаб талабаларнинг хабар қилишларича, президентнинг китоблари ва нутқларига бағишланган "Каримов асарлари" бўйича мажбурий курс ўқитилган ва мана шундай семинарларга қатнашмаслик университетдан ҳайдаш учун асос бўлган. Гарчи мавжуд буйруққа кўра, олий таълим муассасалари билан хорижий ташкилотлар ўртасида ҳукуматнинг олдиндан берилган тасдиғисиз ҳамкорлик ўрнатиш маън этилган бўлса-да, хорижий институтлар, Ташқи ишлар вазирлиги орқали, бундай рухсатни, айниқса чет тилларни ўргатиш лойиҳаларига оид рухсатларни олишга муваффақ бўлганлар. Баъзи мактаб ва университет маъмуриятлари ўқитувчи ва талабаларга дипломатик миссиялар ҳомийлик қилган конференцияларда қатнашмасликлари учун босим ўтказган. Шахслар халқаро алмашинув дастурларида қатнашган ҳолда ўз ишларидан ҳайдаб юбориш билан таҳдид қилингандан сўнг, улар ушбу алмашинувларда қатнашмасликни афзал кўрганликларига оид ҳоллар бўлган. Аммо алмашинув дастурларида қатнашган иштирокчилар ўз ишларидан бўшатилганлари ҳақида хабарлар бўлмаган. Йил давомида, ҳукумат расмийлари маҳаллий аҳолига хорижий дипломатик миссиялар ҳомийлик қилган маданий дастурларда қатнашмасликлари учун босим ўтказганликлари ҳақида камроқ хабарлар бўлган.
б. Тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлиги
Йиғинлар ўтказиш эркинлиги
Конституция ва қонунда йиғинлар ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, бироқ амалда ҳукумат бу ҳуқуқни кўп ҳолларда чегаралади. Маъмурлар хавфсизликни сақлаш нуқтаи назаридан оммавий чиқишлар, митинглар ва намойишларни тўхтатиш ёки тақиқлашга ҳақлидирлар. Ҳукумат намойишлар ўтказиш учун лозим бўлган рухсатни мунтазам равишда бермай келди. Фуқаролардан рухсат берилмаган оммавий чиқишлар, йиғилишлар ёки намойишларни ўтказишга ёрдам берганликлари ёки уларни ўтказиш учун жой ва бошқа воситалар билан таъминлаганликлари,оммавий чиқишлар, йиғилишлар ва намойишларни ташкил этишга тааллуқли қоидаларни бузганлик учун учун катта жарима ундирилади.
Маъмурлар тинч норозиликларнинг олдини олиш ёки тўхтатиш учун қатор усулларни қўллаган. Февралда, Жиззах вилоятидаги маъмурлар инсон ҳуқуқлари фаоли Саида Қурбоновага қарши таҳдидлар кампанияси ва босим бошлаганлар. Қурбонова вилоятда иситиш ва электр қуввати муаммоларига ечим топишни талаб қилиб, январ ва феврал ойларида Жиззахда намойиш уюштирган эди.
13 март куни Тошкентдаги Бош прокуратура идораси ташқарисида, ўзларининг ҳафталик намойишларини ўтказаётган Инсон ҳуқуқлари альянси аъзоларига қарши тахминан 20 киши жисмоний тажовуз уюштирган. Хабарларга кўра, милиция ҳодисани кузатиб турган, лекин аралашмаган. Номаълум гуруҳ фаолларга кейинги ҳафта ҳам ҳужум уюштирган. Намойишчилар милицияни ёрдамга чақирганларида, уларнинг ўзларини ҳибсга олишган ва баъзиларига «ҳибсга олиш пайтида қаршилик кўрсатиш» ва «ҳуқуқ тартибот органи ходимига бўйсунмаслик» учун маъмурий жарима солинган. Ушбу ҳодисадан сўнг, Инсон ҳуқуқлари альянси ўзининг 2007 йил декабр ойидан бери ўтказиб келган ҳафталик намойишларини тарк этган.
Бироқ бошқа бир қанча ҳолларда, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг хабарларига қараганда, маҳаллий аҳоли иқтисодий аҳволдан нолиб намойишлар уюштирган ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг ўзлари, чамаси маъмурларнинг аввалдан берилган рухсатисиз, аҳён-аҳёнда кичик намойишлар ўтказишга муваффақ бўлишган.
Уюшиш эркинлиги
Қонун уюшиш эркинлигини кафолатласа-да, ҳукумат амалда бу ҳуқуқни чегаралашда давом этди. Ҳукумат ННТларнинг фаолиятини назорат қилишга интилди. Ҳукумат наздида, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштирилган ННТлар, бошқа собиқ совет давлатларидаги ҳукуматларни ағдарилишига олиб келган деб айтилаётган «рангли инқилобларни» амалга оширишда иштирок этган. Қонун тузиш мумкин бўлган гуруҳлар турини кенг равишда чегаралайди ва барча ташкилотлар расман ҳукумат рўйхатидан ўтишини талаб қилади. Қонун, рўйхатга олинишини кутиб турган янги ташкилотга, дастлабки олти ой ичида фаолият юритишга рухсат этади ва мана шу пайт ичида ташкилот расман "ташаббускор гуруҳ" деб юритилади. Бир неча ННТлар олти ойдан кўпроқ вақт мобайнида ташаббускор гуруҳ сифатида фаолият юритишда давом этганлар. Ҳукумат сиёсий бўлмаган уюшмалар ва ижтимоий ташкилотларни рўйхатга олишга рухсат берди, лекин мураккаб тартиб ва ҳукумат мураккаб бюрократияси ушбу жараённи қийинлаштирди ҳамда ҳукумат тўсқинликлари учун кўплаб имкон яратди. Ҳукумат аксарият маҳаллий ННТлардан ҳукумат назоратида бўлган ва мақсади барча молия ҳамда ННТлар фаолиятини назорат қилишга қаратилган ННТ уюшмасида рўйхатдан ўтишни талаб этди.
17 декабрда Президент Каримов ННТлар ва бошқа фуқаро жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун 2,1 миллиард сўм (тахминан 1,5 миллион доллар) давлат маблағини ажратишга қаратилган қонунни имзолади. Ушбу маблағ парламентнинг икки палатаси аъзолари, тегишли вазирликлар ва идоралар мутахассислари ҳамда ННТ ва ОАВ вакилларидан иборат парламентар комиссия томонидан бошқарилади. Баъзи кузатувчиларнинг муноқаша қилишларича, ҳукуматнинг бу қадами ННТларнинг давлатга бўлган қарамоғини оширишга қаратилган. Бироқ, баъзи манбалар берган хабарларга кўра, мустақил ташкилотлар ушбу маблағдан фойдаланиш учун мурожаат қилишлари мумкин. 2007 йил январ ойида Президент Каримов имзолаган қонунга кўра, ННТларга муайян ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади, жумладан ННТлар "қонун тақиқ этмаган ва уларнинг низомида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ истаган фаолиятларини" олиб бориш ҳуқуқи кўзда тутилади. Қонун шунингдек, ННТлар фаолиятига аралашувни тақиқлайди, уларга мулкдорлик ҳуқуқи, ҳамда "қонунга мувофиқ ахборот қидириш, олиш, ўрганиш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш" ҳуқуқларини беради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан ННТ фаолиятини тартибга солиб турувчи қоидаларни бузганлик, шунингдек, ноқонуний ННТ фаолиятига "бошқаларни жалб этганлик" учун катта миқдорда жарима солинади. Қонун "ноқонуний" деганда мажбуран ёпилган ёки фаолияти тўхтатилиб кўйилган ёки шунчаки рўйхатдан ўтказилмаган ННТлар назарда тутиладими, буни аниқлаштирмайди. Шунингдек, маъмурий кодекс халқаро ННТларга сиёсий фаолият олиб борганлик, низомда кўзда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик ва олдиндан ҳукумат томонидан маъқулланмаган фаолият билан шуғулланганлик учун ҳам жарималар солади. Бир қарашда ноқонуний топилган пулларни қонунийлаштириб олишга қарши курашиш учун ҳукумат томонидан 2004 йили қабул қилинган «банк қарори» рўйхатдан ўтган ва ўтмаган ННТларнинг четдан молиявий кўмак олиш саъй-ҳаракатларини мураккаблаштирди. Бошқа мамлакатлардаги ташкилотлардан пул олаётган шахслар ушбу пул қайси манбадан ва нима мақсадда банк орқали ўтказилаётганини кўрсатишлари талаб қилинган.
Ҳукумат наздида экстремистик деб ҳисобланадиган ташкилотлар, жумладан Таблиғи Жамоат ва умумий атама билан «Ваҳҳобий» деб аталадиган бошқа гуруҳларга аъзолик қонун томонидан тақиқланади. Қонун экстремистик исломий сиёсий ташкилот Ҳизб-ут-Таҳрир (ҲТ)ни адоватни тарғиб қилгани ва терроризмни олқишлагани учун тақиқлайди. ҲТ ўзини зўравонликка амал қилмайди деб ҳисобласа-да, ушбу партиянинг ашаддий аксил-яҳудий ва аксил-ғарб адабиётлари дунёвий ҳукуматларни, шу жумладан Марказий Осиёдаги ҳукуматларни ағдариб ташлаш ва уларнинг ўрнига дунё бўйлаб ислом ҳукуматини ташкил этишга даъват қилди.
Ҳукумат 1997 йилдан буён Акромия ислом гуруҳи (Акромийлар) аъзоларига босим ўтказиб келди ва уларни суд орқали таъқиб қилди. Мустақил диний экспертлар Акромия ислом дини ақидалари билан тадбиркорликни илгари сурадиган норасмий уюшма деб таъкидлаганлар. Ҳукумат эса ушбу гуруҳ ҲТнинг бир қисми бўлиб, Ўзбекистон Ислом Ҳаракати билан биргаликда 2005 йили Андижондаги намойишларда қуролли ғалаён йўли билан ҳукуматни ағдариб ташлашга уринган, деб таъкидлайди.
Феврал ойида ҳукумат маъмурлари Олмониянинг Озод демократик партиясига алоқадор, бошқа мамлакатларда инсон ҳуқуқлари соҳасида иш олиб борадиган ННТ - «Фридрих Науман жамғармаси»ни рўйхатга олдилар. Ушбу жамғарма рўйхатга олинишидан аввалроқ, Олмониянинг сиёсий партияларига алоқадор икки шунга ўхшаш жамғарма Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиб келмоқда эди.
2005 йил Андижон воқеаларидан бери илк маротаба маъмурлар қароргоҳлари АҚШда жойлашган иккита халқаро ННТни рўйхатга олдилар. 4 июл куни Адлия вазирлиги Янги демократиялар учун институтнинг (IND) расман рўйхатдан ўтганлигини эълон қилиб, ушбу ташкилотга чекланмаган муддат давомида фаолият юритишга рухсат берди. Йил давомида IND юқори мартабали ҳукумат мулозимлари ва халқаро экспертлар иштирокида диний эркинлик ва Хабеас Корпус қонунчилигига оид бир нечта семинар ва тренинглар ўтказди. Ҳукумат қўллаб-қувватлайдиган Минтақавий сиёсат жамғармаси ва Фуқаро жамиятини ўрганиш бўйича институт ҳамда Адлия вазирлиги ва Шарқий Кентукки Университети баъзи тадбирларга биргаликда ҳомийлик қилдилар. IND, шунингдек, Нукус, Андижон ва Самарқанд шаҳарларида ноябр ойида Хабеас Корпус қонунига оид тренинглар ўтказди. IND илгари мамлакатда расман рўйхатга олинмаган ҳолда фаолият олиб борган эди.
29 декабрда маъмурлар қароргоҳи АҚШда жойлашган Миллий демократик институт (NDI)ни рўйхатга олдилар. Рўйхатга олинишни кутиш чоғида, INDнинг Тошкентдаги идораси йил давомида сиёсий партиялар ва бошқаларга тренинглар олиб борган.
Июл ойида ҳукумат Хьюман Райтс Вотчнинг (ХРВ) мамлакатдаги вакили Игорь Воронцовнинг мамлакатга қайта киришини ман этди. 8 майда Адлия вазирлиги Воронцовнинг акредитациядан ўтиш учун топширган сўровига рад жавобини бериши натижасида, яқиндагина, 6 февралда келган Воронцов мамлакатдан кетишга мажбур бўлган. ХРВ мамлакатда рўйхатдан ўтган ташкилот мақомини сақлаб қолди, аммо 2007 йилнинг июл ойида, яъни ҳукумат ўша пайтда ХРВнинг мамлакатдаги сўнгги хорижлик ходимига аккредитация бермагандан бери, ХРВ идораси бўш қолиб келаётган эди.
1 декабрда Адлия вазирлиги муҳтожларга инсонпарварлик ёрдами тарқатадиган Америка яҳудийларининг тақсимлаш бўйича қўшма қўмитасини (JDC) қайта рўйхатга олди. Апрелда Вазирлик мулозими JDCни Ўзбекистон қонунини бузишда очиқчасига айблади ва ташкилотни рўйхатдан олиб ташлашга пўписа қилди.
2006 ва 2007 йиллари суд қарорлари билан вақтинчалик ёки бутунлай ёпилган 17та ёки ундан кўпроқ бўлган хориждан молиялаштирилган ташкилотларнинг ҳеч бири йил давомида қайта очилмади. Маълумотга эга кузатувчининг хабарига кўра, ҳукумат сўнгги тўрт йил ичида 300дан кўпроқ ННТни ёпган. Йил давомида камида саккизта маҳаллий ННТ ёпилган, гарчи улар ўз хоҳишлари билан тарқалганми ёки ёпилишга мажбур қилинганми, аниқ эмас. Ўзбекстонда камида 300та мустақил ННТ қолган, шу билан бирга тахминан 290та ҳукумат назоратидаги ННТ (GONGO) ва 240 спорт ва касбий йўналишдаги ташкилотлар фаолият юритмоқда.
Ҳукумат барча халқаро ННТларни аудит қилиш сиёсатини олиб борди. Умуман олганда, аудитдан сўнг, Адлия вазирлиги аудит қилинган ҳар бир ННТга хат йўллаб, унда текширув жараёнида топилган қонунбузарликларни кўрсатган ва ушбу қонунбузарликларни 30 кун ичида баратарф этишни айтган.
Ҳукуматнинг ундовига кўра, ННТлар ўз тренинг ёки семинарларини ҳукумат маъмурлари билан мувофиқлаштиришлари керак. ННТ бошқарувчиларининг фикрича, бу қоида ННТларнинг барча дастурий фаолиятлари учун аввал ҳукуматдан расмий рухсат олиш керак деганидир. Ҳукумат назоратидаги Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти қошидаги ННТлар ўз тадбирларини муваффақиятли ўтказдилар.
c. Дин эркинлиги
Конституция дин эркинлигини, ҳамда дин билан давлатнинг алоҳидалигини кафолатлайди. Бироқ амалда ҳукумат ва қонунлар диний фаолиятни, айниқса, рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар фаолиятини чегаралаб қўйган.
Муфтиятни назорат қилиш ва маблағ билан таъминлаш орқали ҳукумат ўз наздида Исломнинг мўътадил вариантини олға суришга интилди. Муфтият эса ўз навбатида мамлакатдаги исломий мартабалар тизимини ва имомлар ўқийдиган маърузалар мазмуни ва нашр этиладиган исломий материалларни назорат қилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси (ДИҚ) рўйхатга олинган диний фаолиятни назорат қилиб турди ва барча турдаги диний адабиётларни тасдиқдан ўтказди. Ҳукумат оз сондаги норасмий, мустақил масжидларга ҳукумат маъқуллаган имомлар кузатувида фаолият олиб боришга рухсат берди.
Мамлакатнинг 1998 йили қабул қилинган Динга оид қонуни барча диний гуруҳ ва жамоаларнинг рўйхатдан ўтишини талаб этади ва қатъий ҳамда рўйхатдан ўтишни мушкуллаштирувчи мезонларни қўяди, жумладан, ҳар бир гуруҳ Адлия вазирлигига камида 100 нафар маҳаллий фуқародан иборат аъзолар рўйхатини тақдим этиши, жамоанинг ҳақиқий юридик манзили бўлишини талаб қилади. Бу ва шунга ўхшаш кўплаб бошқа талаблар, масалан, гуруҳ низомида грамматик хатолар мавжудлиги ҳукуматга бундай гуруҳларни рўйхатга олмаслик учун техникавий бахоналарни топиш учун имкон берди. Бу ҳолат асосан кичик, рўйхатга олинмаган жамоалар, хусусан тақиқланган миссионерлик фаолияти олиб бормоқда, деб қаралган жамоаларга қўлланилган. Бундан фарқли ўлароқ, рўйхатдан ўтган оз сонли жамоалар ўз фаолиятларини олиб боришда камроқ чекловларга дуч келганлар.
Кўплаб кичик протестант черковлар, жумладан Тошкент, Чирчиқ, Самарқанд, Нукус, Гулистон, Андижон ва Ғазалкентдаги черковлар рўйхатдан ўтмади. Ушбу черковларнинг аксарияти, маҳаллий мулозимлар уларни рўйхатдан ўтказишига ишонқирамай ёки рўйхатдан ўтиш учун лозим бўлган аъзолар сони жуда оз бўлгани сабабли, рўйхатдан ўтишга ҳаракат ҳам қилишмади. Кўпинча улар ўз аъзолари, айниқса, миллати ўзбек бўлган аъзоларининг номларини маъмурларга беришдан чўчишган. Баъзи протестант черковлар шу ўтган йилда рўйхатдан ўтишга уриниб кўришди, аммо рўйхатдан ўта олмаганлар ёки маъмурлардан ҳеч қандай жавоб олмаганлар. 1999 йилдан бери бирорта баптист черкови рўйхатдан муваффақиятли ўтмаган. Қорақалпоғистонда протестант черкови рўйхатдан ўтмаган. Иегова гувоҳлари маҳаллий, вилоят ва мамлакат даражасида рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган, аммо раддия жавоб олган ёки ҳеч қандай расмий жавоб олмаган. Иегова гувоҳларининг фақат битта жамоаси рўйхатдан ўтган. Бундан фарқли ўлароқ, маъмурлар шу йили Хоразм вилоятида янги православ черковининг рўйхатдан ўтишига ва қурилишига розилик берганлар.
Рўйхатга олинмаган диний ташкилотнинг ҳар қандай диний маросими ноқонуний саналади. Милиция рўйхатга олинмаган гуруҳларнинг хусусий уйларда ўтказиладиган йиғинларини кўп ҳолларда тарқатиб юборган ва баъзан ушбу гуруҳларнинг аъзоларини ҳибсга олган ва калтаклаган.
Бошқа динга оғдириш (прозелитизм) ва давлат рухсатисиз диндан дарс бериш жиноят ҳисобланади. Ушбу моддалар бўйича бир нечта таъқиб қилиш ҳоллари ўрин олган. Иегова гувоҳларига нисбатан қаттиқ текширув олиб борилган бўлиб, прозелитизм ёки ноқонуний равишда диндан дарс бериш айбловлари билан уларга суд рухсатисиз жарималар солинган, улар ҳибсга олинган ва қамалган.
Мусулмон динига мансуб этник гуруҳлардан келиб қўшилган аъзоларга эга христиан жамоалар кўп ҳолларда расмий тазйиқ, ҳуқуқий чора ёки баъзи ҳолларда ножўя муомалага дуч келганлар.
8 июлда Навоий суди Иегова гувоҳлари аъзоси Гулдара Ортиқова ва Турсуна Йўлдошевага, айтилишича, суд маҳкамасида гувоҳлик беришдан воз кечганлари учун жарима солган. 30 майда Навоийда милиция Ортиқованинг уйига келиб, диний адабиётни мусодара қилган ва Ортиқова ва Йўлдошевани ҳибсга олган. Аёллар милиция участкасига олиб келинганлар, у ерда милиция ходимлари Йўлдошевани калтаклаганлари оқибатида, хабарларга кўра, унда кўплаб моматалоқлар пайдо бўлган ва бош мияси чайқалган. Милиция аёлларнинг паспортларини мусодара қилгач, уларни эртаси куни тонгда озод қилган.
23 июлда маъмурлар марғилонлик икки нафар Иегова гувоҳлари Адуманноб Ахмедов ва Сергей Ивановни, айтилишича, ноқонуний равишда диний сабоқ берганлари учун тўрт йил ва уч ярим йил қамоқ жазосига маҳкум этганлар. Судлар, шунингдек, уч нафар бошқа марғилонлик Иегова гувоҳи - Рая Литвиненко, Светлана Шевченко ва Азиза Усмановани уч йилик шартли қамоқ жазосига маҳкум қилган. Самарқандлик икки нафар Иегова гувоҳи - ноқонуний равишда диний сабоқ беришга оид жиноий абловлар билан 2007 йили май ойида икки йиллик меҳнат колониясига маҳкум этилган Ирфон Ҳамидов ва ноқонуний равишда диний сабоқ бериш ҳамда ноқонуний диний гуруҳ тузушга оид жиноий айбловлар билан апрелда тўрт йилга қамалган Олим Тўраев ҳамон қамоқ жазосини ўтаётган эдилар.
26 сентябрда маъмурлар, Айтмурат Хайбурахмановни ҳибсдан озод этдилар, чунки Қорақалпоғистондаги суд ҳаками Хайбурахмановга диний экстремизм бўйича қўйилган айбловларни асоссиз деб топган. Маъмурлар, шунингдек, Хайбурахмановга амнистия қўллаб, ундан ноқонуний равишда диний сабоқ бериш айбловларини олиб ташлаганлар. 14 июнда маъмурлар нукуслик протестант Хайбурахмановни ҳибсга олиб, калтаклаган эдилар.
Рўйхатдан ўтган Тўла Инжил Элликчилари жамоасининг етакчиси бўлмиш пастор Дмитрий Шестаков ноқонуний диний гуруҳ тузиш, диний адоватни қўзғаш ҳамда диний эктремистик руҳдаги адабиётни тарқатишда 2007 йил март ойида айбдор деб топилган эди, йил якуни ҳолатига кўра, у Навоийдаги меҳнат колониясида тўрт йиллик қамоқ жазосини ўташда давом этди. Ҳукумат январда эълон қилинган амнистияни Шестаковга қўлламаган, чунки Шестаков, айтилишича, қамоқхонанинг ички қоидаларини бузган.
Сиёсий айбловлар билан ҳибсга олинган мусулмонларнинг аксарияти конституцияга қарши фаолият ва "диний экстремистик, сепаратист, фундаменталист ёки бошқа тақиқланган ташкилот" да иштирок этгани учун суд қилинган, бу эса ўз ичига ҳам сиёсий, ҳам диний экстремизм айбловларини олади. Ушбу айблов остида ҳибсга олинган кишиларнинг жуда кўпчилиги ҲТга аъзо бўлишда айбланган. Ҳукумат, шунингдек, умумий равишда Ваҳҳобий деб атаган бошқа гуруҳ аъзоларини ҳам ҳибсга олди.
Ҳукумат ҲТ каби экстремист ташкилотларга қарши кампаниясида жиддий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйишда давом этди. Бироқ, хабардор кузатувчиларнинг айтишича, ҳукумат диний амалларнинг бошқа соҳаларига қўйган чекловлари, экстремист ташкилотларнинг янги аъзоларни жалб этишига қўл келишини эътироф этган бўлиши мумкин. Гарчи масжидларда намозхонлар сони ва диндорлик аломатлари ошган бўлса-да, диний экстремист ташкилотларга аъзоликда гумон қилиниб ҳибсга олиш, тутқунликда ушлаб туриш ёки маҳкум этишга оид маълум ҳоллар мана иккинчи йилдирки камайиб бораётган кўринади.
Маъмурлар экстремизмда гумон қилиниб ҳибсга олинган шахсларга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлганлар. Диний экстремизм билан маҳкум қилинганлар учун қамоқҳона шароитлари яхшиланаётгани ҳақида бир нечта хабарлар келган бўлса-да, ҳуқуқбузарликлар давом этди. Аксарият айбланувчилар 3-14 йилгача бўлган қамоқ жазосига, баъзилари эса 16-20 йилгача бўлган қамоқ жазосига маҳкум этилдилар.
Қамоқхона маъмурлари, хабарларга кўра, исломий экстремизмда гумон қилинган кўплаб маҳбусларга ўз диний амалларини эркин адо қилиш ҳуқуқидан фойдаланишга йўл қўймаганлар ва баъзи ҳолларда Қуръон сақлашга рухсат бермаганлар. Маъмурлар, хабарларга кўра, қамоқхона қоидаларига қарамай, ўз диний мажбуриятларига амал қилишга уринган ёки шу қоидаларнинг ўзига норозилик билдирган маҳбусларни якка хонага қамаш ва калтаклаш билан жазолаганлар.
Сентябрда маъмурлар марғилонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ахмаджон Мадмаровнинг диний экстремизм айблови билан қамалган ўғли Ҳабибулло Мадмаровни Навоий вилоятидаги қамоқхонада бўлган пайтида экстремистик иғвогарликда айблаб, унинг қамоқ муддатини қўшимча 16 ярим йилга узайтирган. Хабарларга кўра, маъмурлар ўша қамоқдаги 36 бошқа маҳбусларни ҳам айблаб, уларнинг қамоқ муддатларини ҳар бирига 16 йилдан то 20 йилгача узайтирганлар. Апрелда маъмурлар Ҳабибулло жамиятга таҳдид солишда давом этмоқда, деган асосда, унинг қамоқ муддатини уч ярим йилга расмий рухсатсиз узайтирганлар. Ҳабибулло ўзининг дастлабки қамоқ муддатини февралда ўтаб бўлган эди. 26 июнда маъмурлар Мадмаровнинг етти йиллик қамоқ жазосини якунлаган бошқа ўғлини тилхат ёздириб озод этганлар, аммо Ахмаджон Мадмаровнинг бошқа бир ўғли ва икки жияни қамоқда қолганлар. Уларнинг ҳаммаси диний экстремизмда айбланган эди.
2007 ва 2006 йилларда ҲТ ва бошқа экстремист ташкилотларга аъзоликда айбланган шахсларга тааллуқли кўплаб ишлар бўйича силжиш бўлмаган.
Қонунга кўра, диний сабоқ фақат расман рухсат берилган диний мадрасаларда ва давлат маъқуллаган ўқитувчилар томонидан берилиши мумкин ва хусусий равишда диний таълим бериш ёки балоғатга етмаганларга уларнинг ота-онаси розилигисиз диний таълим бериш тақиқланади. Мамлакатда диний арбобларни тайёрлайдиган бир нечта ўқув муассаса иш олиб борса-да, диний муассасада ишлашни кўзламаган, аммо ўз динлари ҳақида ўрганмоқчи бўлганларлар учун имкон жуда кам.
Декабр ойида, мулозимлар бир неча вилоятлардаги мактаб ва университетларда, "миссионерлар ва экстремист ҳаракатлар"нинг мамлакатга солаётган таҳдиди, деб айтилаётган мавзуга бағишланган учрашувлар ўтказганлар. Хабарларга кўра, мулозимлар "дунё бўйлаб тез суръатда ёйилиб бораётган миссионерлик фаолиятининг илдизини қуритиш ва миссионерлик фаолиятининг салбий таъсири ҳақида ёшларни огоҳ қилиш лозимлиги" ҳақида муҳокама қилганлар.
Ҳукумат диний адабиётнинг нашр қилиниши, мамлакатга олиб кирилиши ва тарқатилишини назорат қилган ва диний цензорлар томонидан номақбул деб топилган адабиётни чоп этиш ёки импорт қилишдан қайтарган ва вақти-вақти билан тўсқинлик қилган. Ҳукумат мамлакатда чоп этиладиган ҳар бир нашр бўйича маълумотнома талаб қилади ва унда ношир ҳақидаги маълумот кўрсатилиши керак. Экстремист деб ҳисобланган адабиётга эга бўлиш оқибатида ҳибсга олиниб, суд орқали таъқиб қилиниш мумкин. Диний материалларнинг ноқонуний ишлаб чиқариш, сақлаш, импорт қилиш ёки тарқатиш натижасида минимал ойлик маошнинг 100дан то 200 баробаригача тенг бўлган жарима тўлаш ёки уч йилгача "ахлоқни тузатиш колонияси"да ўтказиш мумкин. Ҳукумат ноқонуний равишда олиб кирилган диний адабиётни мусодара этган ва йўқ қилган. Ўзбекистон Инжил Жамияти май ойида мамлакатга олиб киришга уринган минглаб диний китоб ва брошюралар ҳукумат томонидан ушлаб қолинган, бунга Жамиятнинг маъмурларни юк ҳақида тўла хабардор этмагани сабаб қилиб кўрсатилган. Бошқа жиноий ва маъмурий кодекслар "ирқий ва диний нафратни тарғиб қилувчи адабиётни" нашр қилиш ва тарқатиш учун жазоларни белгилайди.
Ўз диний эътиқодларининг ташқи белгилари, яъни соқол, ҳижоб ёки масжидга қатнашга асосланган ҳолда, мусулмон диндорларни ҳибсга олиш ёки тазйиқ ўтказиш ҳақида хабарлар бўлмаган. Қонун жамоат жойларида "диний либос" қийишни таъқиқлайди, аммо диний ташкилотларда хизмат қилувчилар бундан мустасно. Амалда бу модда татбиқ этилмаган кўринади. Кўплаб манбаларнинг хабар беришича, мусулмонлар учун муҳит яхшиланган, жума намозларида масжидларга одам сиғмай кетадиган даражада намозхонлар келган. Художўй мусулмонлар чамаси ўз эътиқодларини жамоатда эркинроқ равишда намойиш эта олдилар.
Ижтимоий ҳуқуқбузарликлар ва камситиш ҳоллари
Умуман олганда, жамият бошқа динга оғдириш ҳолларидан ташқари диний хилма-хилликка нисбатан бағрикенгдир. Хусусан, мусулмон, рус провослав, рим католиклари ҳамда яҳудий раҳнамолар жамиятда динлараро муносабат юқори даражада эканлиги ҳақида хабар беришди. Бошқа оз сонли диний гуруҳлар, айниқса сафларида исломдан христианликка ўтган ўзбек миллатига мансуб кишилар бўлган черковлар ижтимоий ғаразгўйлик туфайли қийинчиликларга дуч келишган. Исломдан христианликка ўтган ўзбек миллатига мансуб кишиларни камситиш ҳамда таъқиб қилиш ҳоллари ҳақида хабарлар кўп бўлган. Давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари баъзи ҳолларда муайян, оз сонли диний гуруҳларга нисбатан ижтимоий ғаразгўйликни рағбатлантирганлар. 17 майда Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали бир нечта черковларни миссионерлик фаолиятлари учун қораловчи хужжатли фильмни ўзбек тилида эфирга узатди. Дастурда айтилишича, миссионерлар янги аъзоларни жалб қилишда гўё психотроп моддалар ва гипнозни қўллаганлар ва сафларини кенгайтириш учун ёшларни ва ақлан ожизларни нишонга олганлар. Давлат назоратидаги матбуотда чоп этилган мақолаларда ҳам шу ҳужумлар акс этган.
Аксил-яҳудийлик ҳоллари ёки яҳудийларга қарши камситиш андозалари ҳақида хабарлар бўлмаган. Рўйхатдан ўтган саккизта яҳудийлар жамоаси мавжуд бўлиб, кузатувчиларга кўра, асосан Тошкент, Самарқанд ва Бухорода яҳудий аҳолисининг тахминан 15000-20000 вакили истиқомат қилади. Уларнинг сони асосан иқтисодий сабабларга кўра эмиграция қилиш туфайли қисқариб борган. Бу йили ҲТ аъзолари аксил-яҳудий руҳдаги варақаларни тарқатганликлари ҳақида хабарлар бўлмаган.
Батафсилроқ маълумотни www.state.gov/g/drl/irf/rpt вебсаҳифадаги "Диний эркинлик бўйича халқаро ҳисобот"дан олиш мумкин.
д. Ҳаракат эркинлиги, мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлган шахслар, қочоқлар ҳимояси ва фуқаролиги йўқ шахслар
Конституция ва қонун мамлакат ичида ва чегарадан ташқарида эркин ҳаракат қилишни кафолатлайди, бироқ, амалда ҳукумат бундай ҳуқуқни чеклаган. Бошқа шаҳарга кўчиш учун маҳаллий маъмурлардан рухсат олиш талаб этилган. Ҳукумат камдан-кам ҳолларда Тошкентга кўчиб ўтишга рухсат берган. Маҳаллий кузатувчиларнинг хабарларига кўра, кўчиш учун зарур бўладиган ҳужжатларни олиш учун фуқаролар 100000 сўм миқдорда (72 АҚШ долларигача) пора беришга мажбур бўлганлар.
Ҳукумат фуқароларнинг чет элга чиқиши ёки эмиграция қилиши учун чиқиш визаси олишларини талаб этган ва умуман олганда визани берган, лекин шу вақтнинг ўзида, маҳаллий маъмурлар кўпинча чиқиш визасини бериш учун кичик миқдорда пора сўраган. Йил давомида келган хабарларга кўра, инсон ҳуқуқлари фаолларининг чет элга сафар қилишларининг олдини олиш учун ҳукумат уларга чиқиш визасини бермаган. Ҳукумат, шунингдек, инсон ҳуқуқи фаолларининг мамлакат ичида ҳаракатланиш эркинлигини чеклаган. Ҳукумат жорий этган рўйхатга олиш тизимига кўра, мамлакатдан чиқиш учун фуқаролар яшаш жойларидаги маҳаллий маъмурлардан махсус муҳр олишлари керак. Фуқаролар умуман олганда қўшни давлатларга сафар қилиш имконига эга бўлишда давом этдилар ва муҳр олиш талаби буткул татбиқ этилмади. Афғонистонга ер усти транспортлари орқали ўтиш қийинлигича қолди, чунки Афғонистон билан чегарадош бўлган Сурхондарё вилоятининг катта қисмида, жумладан, чегарадош Термиз шаҳрида ҳукумат томонидан қўйилган ҳаракат чекловлари давом этди. Фуқаролар чегарадан ўтиш учун миллий хавфсизлик хизматидан рухсатнома олишлари зарур бўлган, лекин афғонлардан Ўзбекистон ҳудудига савдо-сотиқ қилишга кириш учун визадан ташқари бошқа рухсатномалар талаб қилинмаган.
Чет элликлар одатда амал қилиш муддати ҳақиқий бўлган виза билан мамлакат ичида тўсиқсиз ҳаракат қила олганлар, бироқ, ташриф буюрувчилардан Сурхондарё вилоятига кириш учун махсус рухсатнома талаб этилган. Йил давомида, амал қилиши ҳақиқий визага эга бўлган чет элликларни маъмурлар мамлакатга киритмаганликлари ҳақида хабарлар келган. 19 майда ҳукумат мамлакатда бўлиб турган чет элликларга қонун-қоидаларни кучайтирадиган фармон чиқарди ва уларни ҳукумат томонидан депортация қилинишини осонлаштирди.
10 август куни маъмурлар Бирлик мухолифат партияси етакчиси ва Ўзбекистон фуқароси Пўлат Охуновни Қирғизстонга мажбуран депортация қилганлар, хабарларга кўра, Охуновни олиб қочиб, уни чегарадан олиб ўтганлар ва Бишкек теварагида пулсиз ва ҳужжатсиз ташлаб кетганлар. Ўзининг паспортини янгилаш учун Охунов Швециядан Андижонга 2007 йил март ойида келган эди, зеро қонун-қоидаларга кўра, фуқаролар ўз паспортларини 25 ва 45 ёшга етганда янгилашлари керак. Маъмурлар Охуновнинг паспортини янгиламадилар ва оқибатда Охунов Швецияга қайтиб боролмай қолди. Уни депортация қилишдан аввал, Охунов Андижон вилоятидан чиқмоқчи бўлганда, ҳукумат маъмурлари уни кўп ҳолларда қўлга олардилар. Айни пайтда Охунов Швецияга қайтиб келган.
Қонун куч ишлатиб мамлакатдан чиқариб юборишни очиқ-ойдин тақиқламайди, лекин ҳукумат бундан фойдаланмади. Йил охиригача мухолифатдаги бир неча сиёсий арбоблар ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари ихтиёрий равишда қувғинда қолишди.
Қонун икки фуқароликка рухсат бермагани боис, эмиграция ва репатриация (ватанга қайтиш) чегараланган. Амалда, юртига қайтаётган фуқаролар чет элда бўлган вақтларида бошқа фуқаролик олмаганликларини ҳукумат органларига исботлашлари керак бўлган, акс ҳолда улар жавобгарликка тортилишлари мумкин эди. Кўпинча фуқаролар икки фуқароликка эга бўлганлар ва ҳеч бир муаммосиз сафар қилганлар.
Қочоқлар ҳимояси
Қонун 1951 йилдаги Қочоқлар мавқеига тегишли БМТ Конвенциясига ҳамда унинг 1967 йилдаги Протоколига мувофиқ қочоқларга бошпана ёки қочоқ мавқеини бермайди ва ҳукумат қочоқларни ҳимоя қилишни таъминлашга оид тизим ишлаб чиқмаган. Амалда, ҳукумат кочоқларнинг ҳаёти ёки эркинлиги таҳдид остида бўлиш эҳтимоли бор мамлакатларга мажбуран жўнатиш ёки қайтариш ҳолатига қарши баъзи ҳимояларни таъминлаган. Ўтган йиллари каби, ҳукумат афғон фуқароларини мамлакатдан мажбуран чиқариб юборгани ҳақида хабарлар бўлган. Амалда ҳукумат қочоқлар ва бошпана изловчиларга кўмак беришда БМТнинг Қочоқлар бўйича Олий Комиссариати (БМТ ҚБОК) билан ҳамкорлик қилмади.
Йил давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ривожланиш Дастури (БМТРД) мамлакатда қолган тахминан 870 нафар Афғон қочоқларини мониторинг қилиш ва уларни бошқа мамлакатларга кўчириш бўйича кўмаклашишни давом эттирган. Шунингдек, БМТРД БМТ ҚБОКнинг баъзи инсонпарвар вазифаларини олиб боришда давом эттирди, чунки ҳукумат БМТ ҚБОКнинг офисини 2006 йилда ёпишга мажбур этган эди. БМТ ҚБОК 2005 йили Андижонда бўлиб ўтган ғалаёндан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтган ўзбек қочоқларига ёрдам берган.
Йил давомида афғон қочоқларини тазйиқ қилиш давом этди, уларнинг бир қанчаси Афғонистонга мажбуран қайтарилгани ҳақида хабарлар бўлган. Ташқи ишлар вазирлигининг БМТРДга маълум қилишича, БМТ ҚБОК берган мандат сертификатлари узоқ муддатли ҳуқуқий истиқомат қилиш учун асос деб ҳисобланмайди ва шундай сертификатларга эга шахслар тегишли виза олиш учун мурожаат қилишлари керак, акс ҳолда улар депортацияга дуч келадилар. Ҳукумат афғон ва тожик қочоқларга иқтисодий муҳожирлар сифатида қаради, уларга нисбатан тазйиқ ўтказди ва улардан пора олди. Аксарият тожикистонлик қочоқларнинг миллати ўзбек эди. Афғон қочоқлардан фарқли ўлароқ, тожикистонлик қочоқлар маҳаллий аҳолига киришиб кета олганлар ва у томонидан қўллаб-қувватланганлар. Гарчи тожикистонлик қочоқларнинг аксарияти ижтимоий ғаразгўйликка дуч келмаган бўлсалар-да, уларнинг кўпчилиги расман фуқароликка эга бўлмаган шахс эди ёки расман фуқароликка эга бўлмаган шахсга айланиш эҳтимолига рўбарў келган, чунки уларнинг кўпчилиги Тожикистон ёки Ўзбекистон паспорти ўрнига эски совет паспортига эга бўлганлар холос.
БМТ ҚБОК хабар беришича, афғон қочоқлар қонуний меҳнат кучи сифатида ишлай олмаганлар, шу боис, тирикчилик қилиш учун чекланган имкониятларга эга бўлганлар.
Йил давомида ҳукумат бир қанча бошқа мамлакатларга ўша давлатда БМТ ҚБОК ҳимоясида бўлган ўзбек фуқароларини куч ишлатиб Ўзбекистонга қайтариши учун босим кўрсатди. 14 май куни Қирғизстон ўзбекистонлик бошпана изловчи Эркин Холиковни ҳукумат босими остида Ўзбекистонга экстрадиция қилди. Холиков чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтгани ва жиноят ҳақида хабар бермагани учун Қирғизстонда тўрт йиллик қамоқ жазосини ўтаётган эди. Холиковга антиконституцион фаолият олиб бориш ва диний экстремизм айбловлари қўйилиши мумкин.
Март ойида Наманган вилояти суди Абдуғани Камалиевни диний экстремизм айблови билан 11 йил қамоқ жазосига ҳукм этди. Россия маъмурлари Камалиевни 2007 йил декабр ойида Россиядан Ўзбекистонга депортация қилишган эди, ҳолбуки Европанинг инсон ҳуқуқлар бўйича суди (ЕИҲС) Камалиев қийноққа солиниши мумкин деб, унинг депортациясига қарши чиққан эди.
10 ноябрда ЕИҲС Россияга икки ўзбекистонлик - Абдуллажон Исаков ва Абдумуталлиб Каримовни - экстрадиция қилмасликни буюрди, акс ҳолда улар ўз диний эътиқодлари учун тазйиққа учрашлари, қийноққа солинишлари ва кимсанинг ихтиёрий қарори ила узоқ муддат қамоқ жазосига рўбарў келишлари эҳтимоли бор деб изоҳлади. Россиялик прокурорлар Исаковни экстрадция қилиш буйруғини 13 августда, Каримовнинг экстрадиция қилиш буйруғини эса 18 сентябрда бердилар. Ўзбекистон ҳукумати ушбу икки шахсни ҳибсга олиш ҳақида санкция бергач, Россия маъмурлари Исаковни март ойида Тюменда, Каримовни эса июн ойида Йошкар-Олада ҳибсга олган эдилар.
9 декабрда Киевдаги суд Ўзбекистон фуқароси Абдумалик Бакаевни экстрадиция қилиб бўлмаслиги ҳақида ҳукм чиқарди. Украина суди 24 апрелда ЕИҲС томонидан қабул қилинган қарорига таянган, ушбу қарорда (Исмоилов ва бошқаларнинг Россиядан чиқариб юборилиши) милиция шафқатсизлигининг кундалик равишда рўй бериши туфайли, Инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларини ҳимоя қилишга оид Европа Конвенциясининг 3 моддаси бузилиши ҳақида айтилган эди. Хабарларга кўра, Бакаев Украина миграция хизматидан унга қочоқ мақомини беришни ноябрда сўраган, бунга асос қилиб, у илгари Ўзбекистонда икки маротаба ҲТга аъзоликда айбланганлиги ва қийноққа солинганлигини даъво қилган.
12 декабрда ЕИҲС эълон қилган ҳукмга кўра, Россия маъмурлари ўзбекистонлик фуқаро Рустам Мўминовни, унинг ЕИҲСга топширган аппеляциясига жавоб чиқмай туриб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиш орқали унинг ҳуқуқларини поймол этганлар. Ўзбекистонда Мўминов ҲТга аъзоликда айбланиб, қамалган. ЕИҲС қоидаларига кўра, ушбу Судга аппеляция йўллаган шахсларни дастлаб воқиф этмасдан мамлакатдан экстрадиция қилиб бўлмайди.
2005 йили май ойида Андижонда бўлиб ўтган қонли ғалаён билан алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олингандан кейин, ўша йили Ўзбекстондан қочган 13 нафар ўзбеклар гуруҳи, яъни "Иваново ўзбеклари"ни ёқлаб 15 декабр куни ЕИҲС ўз ҳукмини эълон қилди. ЕИҲС чиқарган ҳукмга кўра, Россия маъмурлари Иваново ўзбекларига Швецияга йўл олишлари учун рухсат беришлари ва уларнинг ҳар бирига 15000 евродан компенсация тўлашлари керак эди. Россия ҳукумати йил якуни ҳолатига бу ҳукмни бажармади.
Қочоқларни мажбуран қайтаришга оид қуйидаги ҳолларда ўзгариш бўлмади:
2007 йил июнда Ўзбекистон МХХ вакиллари эканлиги зоҳир бўлган шахслар Россияда бошпана излаётган Муҳамадсолиҳ Абутовни Москва теврагида тутиб олиб, Россия маъмурларига депортация қилишлари учун топширганликларига оид ишда; 2007 йил августда Москвадаги туман суди Ўзбекистонда диний сабабларга кўра таъқибга учраганини таъкидлаган Яшин Джураевни экстрадиция қилиш ҳукмига оид ишда ўзгариш бўлмади.
3-бўлим. Сиёсий ҳуқуқларнинг ҳурмат қилиниши: фуқароларнинг ўз Ҳукуматини ўзгартириш ҳуқуқи.
Конституция ва қонунчилик фуқароларга Ҳукуматни ўзгартириш ҳуқуқини беради. Амалда эса тинч ва демократик воситалар билан буни амалга оширишнинг имкони бўлмади. Ҳукумат ўз фикрини ифода қилиш эркинлигини қаттиқ чеклаб сиёсий оппозицияни таъқиб қилди. Ҳукумат жуда марказлашган бўлиб, қонун чиқаришга оид кенг қамровли ҳуқуқ, қонунларни лойиҳалаш учун бирламчи ваколат ва ҳукумат мансабларига тайинлаш, иқтисодиётнинг асосий қисми ва хавфсизлик кучларини назорат қилиш орқали Президент Каримов ва ижро органи томонидан бошқарилди.
Сайловлар ва сиёсий иштирок.
16 январ куни Президент Каримов учинчи маротаба президентлик лавозимига киришиш қасамёдини келтирди, зеро 2007 йил декабр ойида у қайта сайланган эди, аммо ушбу сайлов жараёни халқаро демократик нормаларга жавоб бермади. ЕХҲТнинг Сайловни кузатиш бўйича чекланган миссияси (СКЧМ)га кўра, олдинги сайловларга нисбатан бу сафар кўпроқ номзодлар, яъни тўртта номзод бўлиб улар орасида бир аёл киши ҳамда ташаббускор гуруҳ томонидан номзоди қўйилган ва ҳеч бир партияга аъзо бўлмаган номзод ҳам қатнашди, лекин ҳамма номзодлар амалдаги раҳбарнинг сиёсатларини очиқ қўллаб-қувватладилар. Бундан ташқари, сиёсий қарашлар орасида рақобат бўлмаган, маъмурий тўсиқлар номзод бўлиши мумкин бошқа шахсларни сайловда кураш олиб боришга йўл қўймади ва ҳукумат ОАВни қаттиқ назорат қилди. СКЧМнинг таъкидлашича, овоз бериш натижаларини жадваллашда ташкилий муаммолар ва қоидабузарлик ҳоллари рўй берган.
Конституцияга кўра президентларга учинчи марта сайланиш таъқиқланган, аммо ушбу зоҳир зиддият ҳукумат томонидан очиқчасига ёритилмади. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)2000 йилдаги сайловни унинг эркин ва одил бўлиши учун шароит йўқ, дея кузатишдан воз кечган эди, ўшанда Президент Каримов иккинчи муддатга сайланган эди. Кўп томонлама ташкилотлар ва хорижий элчихоналар кузатишдан воз кечган 2002 йилдаги референдум натижасига кўра, президентлик муддати беш йилдан етти йилга узайтирилган.
2007 йил август ойида Президент Каримов кейинги парламент сайловларининг 2009 йилда бўлиб ўтишини эълон қилди. ЕХҲТнинг маълум қилишича, 2004 йилдаги парламентнинг қуйи палатасига бўлган сайловлар демократик сайловлар бўйича халқаро андозалардан анча йироқ бўлгани натижасида, аксар ўринлар ҳукуматга мойил партиялар томонидан эгалланган.
Июнь ойида Фидокорлар партияси Миллий тикланиш партиясига қўшилиб кетиши сабабли рўйхатдан ўтган сиёсий партияларнинг умумий сони бештадан тўрттага қисқарди. Рўйхатдан ўтган қолган учта партиялар Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси (ЎХДП), Адолат Социал Демократик Партияси ва Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси. Ҳукумат барча рўйхатдан ўтган партияларни назорат қилди ва молиявий маблағ билан таъминлади.
Қонунга кўра мустақил сиёсий партиялар фаолиятига рухсат берилган, аммо қонун Адлия Вазирлигига (АВ)партиялар ишига аралашиб, ҳукуматга мухолиф бўлган партияларга молиявий ва ҳуқуқий кўмак беришни тўхтатиб қўйиш ваколатини беради.
Ҳақиқий мустақил сиёсий партияларни тузиш, номзодларни тақдим этиш ва кампаниялар ўтказиш қонун томонидан жуда қийинлаштирилган. Янги партияни расмий рўйхатдан ўтказиш учун 20000 та имзо тўплаш лозим. Номзодни рўйхатдан ўтказиш тадбирлари эса жуда мушкул. Қонунга кўра, Адлия Вазирлиги партиялар фаолиятини олти ойгача суд қарорисиз тўхтатиб қўйиши мумкин. Ҳукумат фаолият юритаётган партияларнинг молиявий ҳолатини назорат қилиш орқали ҳам уларни назорат остида ушлади.
Мустақил ташаббускор гуруҳларга ўз номзодларини парламент ва президентлик сайловларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи моддаларни бекор қилувчи қонун 29 декабрда Президент Каримов томонидан имзоланди. Энди фақат расмий рўйхатдан ўтган партиялар ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин. Қонунга кўра парламентнинг қуйи палатасидаги (Олий Мажлис) депутатлар сони 120 дан 150 тага кўпайтирилиб, янги ўринларнинг ярми янги ташкил этилган "Ўзбекистон Экологик Ҳаракати" аъзолари учун сақлаб қўйилди.
Сиёсий партияларга суд ҳакамлари, прокурорлар, МХХ ходимлари, ҳарбийлар, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг аъзо бўлиши қонун томонидан тақиқланган. Дин ёки этник мансубликка асосланган, мамлакатнинг суверинитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига ҳамда фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларига қарши бўлган, уруш ёки ижтимоий, миллий ёки диний адоватни ташвиқ қилувчи ва ҳукуматни ағдаришни кўзлайдиган партиялар қонун томонидан тақиқланган.
"Бирлик" мухолифат сиёсий партияси олдинги йилларда бир неча марта расмий рўйхатдан ўтиш учун АВга мурожат қилган эди, лекин хеч бир жавоб олмади. "Бирлик" аъзолари 2005 йилдаги Андижон воқеалари муносабати билан ҳибсга олинган ва қамалганлар орасида бўлганлар. Бешта рўйхатдан ўтмаган мухолифат сиёсий партиялардан учтасининг етакчилари - "Эрк" партиясидан Муҳаммад Солиҳ (суд унинг иштирокисиз уни 1999 йилда терроризмда айблаган), "Бирлик"дан Абдурахим Пўлат ва "Озод Фермерлар Партияси"дан Бобур Маликов ихтиёрий сургунда қолдилар. Тўртинчи мухолифат партия бўлган "Бирдамлик" етакчиси Баҳодир Чориев ҳам хорижда яшайди. Рўйхатдан ўтмаган бешинчи мухолифат партияси муассисларидан бири - "Серқуёш Ўзбекистоним" коалициясидан Санжар Умаров - қамоқда сақланмоқда.
Декабр охирларида депутатлар сони кўпайтирлишидан олдин парламентнинг 120 ўринли қуйи палатасида 21 нафар аёл бор эди ва 100 кишилик сенатда 15 нафар аёл бор эди. 28та аъзога эга вазирлар маҳкамасида бир аёл бўлган.
Парламентнинг қуйи палатасида оз сонли этник гуруҳларнинг 9 вакили, сенатда эса бундай гуруҳларнинг 15та вакили бўлган. Оз сонли элатлар вакилларининг вазирлар маҳкамасида қанча эканлиги номаълум эди.
15-16 октябрда ҳукумат мулозимлари ҳамда рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар вакиллари, "Минтақавий сиёсат жамғармаси" номли ҳукумат қўллаб-қувватлайдиган ННТ ва демократияни тарғиб қилувчи халқаро ташкилотлар томонидан ташкил қилинган демократик сайловларга бағишланган анжуманда қатнашдилар.
Ҳукумат Коррупцияси ва Шаффофлик
Расмий мулозимлар коррупцияси учун жиноий жазолар қонун томонидан белгиланган. Октябрда АВнинг маълумотига кўра, 48 та ҳукумат мулозимлари жиноий айбловларда, жумладан коррупцияда айбланганлар, йилнинг дастлабки 9 ойи ичида 793 та мулозим маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундан ташқари, хабарларга кўра, 4863та мулозимга қарши интизом бузиш айблови қўйилган ва 327та мулозим ўз вазифасидан озод этилган.
Шундай бўлса-да, ҳукумат ҳар доим ҳам аксил-коррупция қонунларни самарали равишда қўлламади ва коррупциялашган фаолиятда қатнашган мулозимлар кўп ҳолларда жазосиз қолдилар. Мамлакатда нуфузли таълим муссасаларга кирувчилар пора билан ўқишга кириш мумкинлиги умумий равишда тан олинган ҳолдир. Айни ҳол ҳуқуқ тартибот органлари ва йўл ҳаракати хавфсизлик органларида жиддий муаммога айланди ва судьяларга пора берилиши оқибатида фуқаролик даъволарнинг натижаларига таъсир кўрсатилгани ҳақида бир нечта хабарлар бўлган. Бироқ, маҳаллий маъмурият ёки милиция мулозимлари коррупцияда айбланиб, ўз вазифаларидан озод этилганлиги ҳақида бир неча хабарлар бўлган.
7 июль куни Президент Каримов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясини ратификация қилиш қонунига имзо чекди.
Қонунга кўра, барча давлат идоралари фуқароларга ўз эркинликларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материалларни ўрганиб чиқиш имкониятини таъминлашлари керак.
Амалда эса, ҳукумат бу ҳуқуқларга камдан-кам ҳолларда риоя қилди. Аҳоли ҳукуматда мавжуд маълумотлар билан танишиб чиқиш имкониятига умуман олганда эга бўлмаган ва одатда омма учун очиқ ҳисобланган маълумотлар кам ҳолларда хабар қилинган.
4-бўлим. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши бўйича халқаро ва нодавлат терговнинг ўтказилишига давлатнинг муносабати
Маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир нечта гуруҳлар мамлакатда фаолият олиб бордилар, гарчи расмийлар қарши чора кўради, деган қўрқув уларнинг фаолиятига ҳалақит берган.
Инсон ҳуқуқларини химоя қилувчи фаоллар давлат томонидан тез-тез тазйиқ қилинди, ҳибсга олинди ва суд орқали таъқиб қилинди.
Икки маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ННТ "Эзгулик" ва Ўзбекистон Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти давлат томонидан рўйхатга олинган эди. Бошқалар эса рўйхатдан ўтишга муваффақ бўлишмади, бироқ ҳам мамлакат, ҳам маҳаллий миқёсда фаолият кўрсатишда давом этишди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти, "Мазлум" ташкилоти, "Оналар Ўлим Жазоси ва Қийноқларга Қарши" ташкилотлари аввалги йилларда ҳам рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилган, лекин ҳалигача рўйхатдан ўтмаган ташкилотлардир. Ҳукумат турли сабаблар туфайли, жумладан, аризада грамматик хатолар борлиги сабабли ҳам расмий рўйхатдан ўтказмади.
Бу ташкилотлар қонуний ташкилот сифатида тан олинмаса ҳам, фаолият кўрсатишда давом этди, аммо ижарага жой олишда ёки молиявий амалиётларни амалга оширишда қийинчиликларга дуч келди ва банкларда хисоб рақамларини оча олмасликлари туфайли қонуний равишда маблағларни олиш иложсиз бўлиб қолди. Расмий рўйхатдан ўтмаган гуруҳни юргизиш, техник нуқтаи назардан ҳукумат томонидан таъқибга учраш мумкин, дегани эди.
Ҳукумат мулозимлари гоҳо маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашганлар, ҳимоячилардан баъзиларининг айтишларича, маъмурлар билан бевосита учрашиш натижасида баъзи ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ечимини топишга муваффақ бўлганлар.
Хорижий ННТ маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, милиция ходимлари, қамоқхоналар бошқармаси ва хавфсизлик хизмати вакиллари билан учрашиш учун форум ташкил қилишни давом этди. Ҳукумат бу йили мазкур ННТ билан ҳамкорликни оширди.
28 ноябр куни мустақил "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари гуруҳи анжуман ўтказиб, унда тахминан 40та фаол ва ҳукумат мулозимлари қатнашди. Ушбу анжуманда ҳукуматнинг ҳуқуқий соҳадаги сўнгги ислоҳотлари ва уларнинг татбиқ этилишига баҳо берилди. Бир қатнашувчининг кузатишларига кўра, бу тадбир мустақил инсон ҳуқуқлари гуруҳи томонидан 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин Тошкент шаҳрида ўтказилган биринчи анжуман бўлди. Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ҳам мустақил инсон ҳуқуқлари фаолларига кузда Тошкент вилоятидаги бир нечта мактабларда инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотларини ўтказишда ёрдам кўрсатди.
Милиция ва хавфсизлик хизматлари йил давомида маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ННТларни тазйиқ қилишда давом этди.
Хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаолларига уларнинг фаолиятларини тўхтатиш ва чет эллик дипломатлар билан учрашишдан қайтариш мақсадида пўписа қилганлар ва қўрқитганлар, баъзан милиция ва бошқа ҳукумат маъмурлари фаолларга хорижликлар билан алоқани тўхтатиш буйруғини беришган. Номаълум шахслар инсон ҳуқуқлари фаолларига ҳужум қилган. Маъмурлар, инсон ҳуқуқлари фаолларини мунтазам равишда қўлга олдилар ёки ҳибсда ва уй қамоғида ушладилар, баъзан мажбурий психиатрик муолажалар ўтказиб, уларга қарши сохта жиноий айблар қўйдилар. Бундан ташқари, ҳукумат мулозимлари муайян фаолларни ҳукуматнинг обрўсини тўкиш учун халқаро журналистлар билан тил бириктиришда ошкор равишда айбладилар.
2 октябрда инсон ҳуқуқлари фаоли Карим Бозорбоев пахта далаларида болалар меҳнатини мониторинг қилаётган хорижий дипломатлар билан учрашгандан кейин, Гулистон шаҳрида ИИВ ходими томонидан асоссиз равишда бир соатдан кўпроқ қамоқда сақланди.
ИИВ ходими Бозорбоевни хорижий дипломатлар билан учрашганлиги учун "сотқин"ликда айблаб, унга қарши сохта жиноий иш очиш билан таҳдид қилган. Милиция ходими Бозорбоевни уриб, унинг бир тишини синдирган. 2007 йил ноябрда Бозорбоевга фирибгарлик моддаси бўйича сиёсий тусга эга айблов қўйилиб, уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш хукми чиқарилган эди, лекин Президентнинг январ ойидаги амнистия қарорига асосан озод этилди.
2005 йилдаги Андижон воқеаларидан кейин ҳукумат халқаро инсон ҳуқуқлари ННТларининг фаолиятларини қаттиқ чеклаб, уларнинг ходимларига тез-тез тазйиқ ўтказди ва уларга таҳдид солди. Ҳукумат мулозимлари ва ҳукумат назоратидаги матбуот халқаро ННТларни мамлакатга қарши халқаро "ахборот уруш"да қатнашганликда тез-тез айбладилар.
Ҳукумат халқаро ташкилот ва хорижий дипломатик миссияларнинг ишини чегаралашда давом этди, уларнинг инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш билан боғлиқ фаолияти ва сиёсатларини қаттиқ танқид қилди. Йил давомида ҳукумат баъзи дипломатларнинг инсон ҳуқуқлари фаоллари ва расмий рўйхатдан ўтмаган ташкилот аъзолари, айниқса Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарида жойлашганлар билан учрашгани учун танқид қилиб, уларни мамлакатдан ҳайдаш билан таҳдид қилди.
Ҳукумат ЕХҲТ ваколатхонасини кенгайтиришга рози бўлмади - ЕХҲТ миссияси 2006 йилда ҳукумат ундови билан ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлган ва инсон ҳуқуқлари дастурлари жиддий равишда қисқартирилган эди. Бироқ ЕХҲТ вакиллари шу йили ҳамкорликнинг яхшиланганлиги тўғрисида хабар беришди ва ҳукуматга ЕХҲТ томонидан таклиф қилинган қатор лойиҳалар, жумладан Инсон Омили Ўлчовига оид лойиҳалар ҳам ҳукумат томонидан маъқулланди. Сўнгги уч йилда биринчи маротаба ҳукумат Финляндиянинг Хельсинки шаҳрида декабр ойида бўлиб ўтган вазирлар даражасидаги йиғилишга вазир бошчилигидаги ўз ҳайъатини юборди.
2006 ва 2007 йилларда ЕИ ва ҳукумат Андижон воқеалари ва бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишига бағишланган бир қатор чекланган расмий муҳокамалар ўтказди, жумладан 2007 майда бўлиб ўтган Қўшма ЕИ/Ўзбекистон консултатив кенгашнинг адлия, ички ишлар ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича қуйи-қўмита ҳомийлиги остида бўлиб ўтган йиғин ҳам бундан мустасно эмас. Ҳукумат мулозимлари Андижон воқеаларини бошқа хорижий юқори мартабали вакиллар билан муҳокама қилишди, уларга Андижон воқеаларини "фожиа" деб тарифлаганлар. Бироқ ҳукумат 2005 йилдаги Андижон воқеаларини мустақил халқаро тергов ўтказиш бўйича хорижий ҳукуматлар, БМТ, ЕХҲТ, ЕИ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг дастлабки талабларини беэътибор қолдиришда давом этди. 2005 йилда БМТ ҚБОКнинг Андижондаги зўравонлик ҳақидаги хулосаси бир-бирига мувофиқ, ишончли гувоҳликлар шуни яққол кўрсатадики, Ўзбекистон ҳарбий ва хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқларини ўта қўпол равишда бузди. Ушбу зўравонликлар натижасида оммавий қотилликнинг содир этилганлиги истисно қилинмайди.
Парламент қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбундсман фундаментал инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва бу борада кенг омма хабардорлигини ошириш, қонунчиликни инсон ҳуқуқларига оид халқаро нормаларга мос равишда ўзгартиришда ёрдам кўрсатиш ва айтилаётган ҳуқуқбузарлик ҳолларининг ечимини топишга қаратилган мақсадларни ўз олдига қўяди. Омбундсман идораси, унга мурожат қилган фуқаролар ва ҳукумат орасидаги мунозаралар бўйича воситачилик қилиб, ҳукумат идораларининг қарорларини ўзгартириш ёки тасдиқлаш учун тавсиялар киритиши мумкин, лекин ушбу тавсияларга риоя қилиш мажбурий бўлмаган. Омбудсман мамлакатнинг барча вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистон Автоном Республикаси ва Тошкент шаҳрида ҳам ўз идораларига эга.
Йил давомида Омбудсман 9000дан ортиқ шикоятларни рўйхатга олди ва юзлаб шикоят бўйича иш олиб борди. Уларнинг кўпчилиги лавозимни суиистеъмол қилиш, турли меҳнат ва ижтимоий муҳофаза масалалари билан боғлиқ бўлган. Омбудсман ҳукумат мулозимлари томонидан инсон ҳуқуқларининг энг қўпол бузилиши ҳолларини намойиш этувчи ҳисобот нашр қилди. Бу ҳолларнинг аксарияти процессуал ҳуқуқбузарликларни ҳамда милиция ва маҳаллий мулозимларнинг ўз лавозимларинин суиистеъмол қилишларига оид даъволарни ўз ичига олган.
Йил давомида Омбудсман идорасида ҳуқуқ-тартибот органлари, суд вакиллари ва чекланган ҳолда халқаро ННТлар иштирокида Омбудсманнинг воситачилиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини олға суриш имконларини муҳокама қилиш мақсадида учрашув ва анжуманлар ўтказилди. Омбудсман феврал ойида Жиззах вилоятини ва апрел ойида эса Қашқадарё вилоятини зиёрат қилиб, вилоят етакчилари билан инсон ҳуқуқлари масалаларини муҳокама қилди. Май ойида Омбудсман Бухорода ҳуқуқий ва суд ислоҳотлари, жумладан шу йили қонунга киритилган Хабеас Корпусга оид ўзгартиришлар ҳақида семинар ўтказди. Август ойида Омбудсман ва ЕХҲТ биргаликда ташкил этган анжуманда, янги Хабеас Корпус қонуни ва Омбудсман идораси билан ҳуқуқ тартибот ва суд органлари орасида ҳамкорликни ошириш масалалари кўрилди.
Инсон ҳуқуқлари миллий маркази давлат идораси бўлиб, аҳоли ва мулозимларнинг инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари борасида билимларини оширишга ва ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари ҳақида маълумотларни тақдим этиш бўйича ўзининг халқаро мажбуриятларини бажаришини таъминлашга маъсулдир. Марказ йил давомида БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашининг Умумжаҳон Даврий Баёни учун миллий ҳисоботни тайёрлади. Халқаро ташкилотлар ҳуқуқий соҳага оид сўнгги ислоҳотлар, жумладан инсон савдосига қарши янги қонун ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг болалар меҳнатини тақиқловчи конвенциялари қабул қилиниши бўйича ҳукумат мулозимларининг билимларини ошириш мақсадида Марказ билан ҳамкорликда иш олиб борганлари ҳақида хабар берганлар.
5-бўлим. Камситиш, ижтимоий ҳуқуқбузарликлар ва инсон савдоси
Қонунга кўра, ирқ, жинс, ногиронлик, тил ёки ижтимоий мақомига кўра камситиш тақиқланган. Конституция ирқ, жинс ва тил бўйича камситишни тақиқлайди, лекин ногиронлик бўйича камситишни хоссатан тақиқламайди. Ижтимоий муҳитда аёллар ва ногиронларни камситиш ҳоллари бўлган ва болалар меҳнатини суиистемол қилиш давом этди.
Аёллар
Қонун зўрлашни, жумладан "яқин қариндошни" зўрлашни тақиқлайди, бироқ Жиноят Кодекси турмуш ўртоғи томонидан зўрлаш ҳолларини хоссатан тақиқламайди ва судларда бундай ҳолатлар кўрилмаган. Маданий урф-одатларга кўра, аёллар ва уларнинг оилалари зўрлаш ҳоллари ҳақида очиқ гапирмайдилар ва матбуотда бундай мисоллар ҳақида деярли умуман хабар берилмаган.
Қонун оила ичидаги зўравонликни хоссатан тақиқламайди, гарчи бу ҳол кўп тарқалган. Қонун жисмоний тажовуз учун жазо белгиласа-да, милиция ходимлари аёлларга ўз зўравон эрлари устидан шикоят қилишдан кўпинча қайтарганлар ва тажовузкорлар камдан-кам ҳолатларда ўз уйларидан олиб кетилган ёки ҳибсга олинган. Ўз аёлини калтаклаш жиноят эмас, балки шахсий иш деб хисобланди. Бундай ҳолатлар одатда оила аъзолари ёки маҳалла қўмиталаридаги оқсоқоллар томонидан ҳал этилган ва судларга камдан-кам ҳолатда етиб борган. Маҳаллий маъмурият зўравонлик ҳолатини кўриб чиқишдан кўра кўпроқ эр билан хотинни яраштиришга ҳаракат қилди. Оила ичидаги зўравонлик масалалари бўйича иш олиб борувчи ННТларнинг таъкидлашича, маҳаллий ҳукумат мулозимлари таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик қилишган ва маҳалла қўмиталари билан ҳамкорликни ошириш бўйича бир қанча ташаббуслар билан чиқишган. ННТнинг ўқув машғулотларида баъзи милиция ходимлари ва диний арбоблар қатнашдилар.
Ўтган йиллардаги каби, оила ичидаги зўравонлик натижасида аёллар ўз жонларига қасд қилишга уриниши ёки қасд қилгани ҳолатлари ҳақида кўп хабарлар бўлган. Маълумотларга кўра, кўп ҳолатлар ҳақида хабар қилинмаган, ушбу муаммо миқёси бўйича ишончли статистика мавжуд эмас. Анъанага кўра, эр ёки ёш келинни тўла назорат қилувчи қайнона билан мунозара келиннинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлишини кузатувчилар айтиб ўтишган. Ўз жонига қасд қилиб тирик қолганларга ёрдам берувчи ННТларнинг маълумотига кўра, мулозимлар ва маҳалла қўмита вакиллари томонидан кўрсатиладиган ҳамкорлик номутаносиб бўлган.
Қонун фоҳишабозликни тақиқлайди. Бироқ бу муаммолигича қолди, айниқса оз сонли миллатлар вакиллари орасида. Милиция фоҳишабозликка қарши қонунни ҳар ерда ҳам бир хил қўлламади; баъзи милиция ходимлари фоҳишалардан пул ундириш мақсадида уларни қўрқитишди ва тазйиқ остига олишди.
Қонун жинсий тегажоғлик қилишни маън қилмайди. Ижтимоий нормалар ва қонуний чора йўқлиги ушбу муаммо миқёсини ўрганиб баҳо бериш имконини қийинлаштиради.
Қонун аёлларни камситишни тақиқлайди. Амалда эса анъанавий, маданий ва диний одатлар уларнинг жамиятдаги ролини чегаралаб қўйган. Аёллар юқори лавозимларда ва саноатда кам намоён қилинган бўлсалар-да, январда ҳукуматга мойил Адолат Социал Демократик Партияси раҳбари ва 2007 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида расман эътироф этилган тўрт нафар номзодлардан бири Дилором Тошмухамедова Олий Мажлиснинг (парламентнинг қуйи палатаси) биринчи аёл спикери этиб сайланиши мамлакат тарихида аёл киши томонидан эгалланган ҳукуматдаги энг юқори лавозим бўлди.
Ҳукумат бош вазир муовинига аёлларнинг жамиятдаги ролини янада ошириш ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасини бошқариш вазифасини юклади.
БМТРД Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда "Ўзбекистонда аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш учун қонуний ва институционал ривожлантириш" қўшма миллий лойиҳа бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа асосида 14 майда ҳукумат ва ННТлар вакиллари гендер тенглигини тарғиб қилиш ва БМТнинг аёлларга нисбатан барча турдаги камситишларга барҳам бериш (CEDAW)га бағишланган семинарда қатнашдилар. Ҳукумат CEDAW бўйича ўзининг сўнгги ҳисоботини августда тақдим этди.
Болалар
Ҳукумат болалар хуқуқи ва фаровонлиги масалаларига умуман олганда эътиборини сусайтирмади. Январда ҳукумат "Бола ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида" кенг қамровли қонунни қабул қилиб, унда болаларни мажбурий меҳнатга ундашдан ҳимоя қилиш борасида аниқлик киритилган ва Болалар Омбудсманини расман таъсис этиш мавзулари айтиб ўтилган.
Қонун болаларнинг ҳуқуқларини ва бошланғич-ўрта мактабдаги 12 йиллик мажбурий бепул таълим олиш ҳуқуқини белгилайди. Амалда эса етишмовчиликлар ва бюджет қийинчиликлари туфайли кўп оилалар таълим олиш харажатларини тўлашга мажбур бўлишди. Ўқитувчилар маоши жуда кам бўлиб, улар ўқувчилар ва ота-оналарнинг мунтазам пул тўлашларини кутишарди.
2007 йилдаги болалар фаровонлигини таъминловчи тўрт йиллик миллий дастуриламалга мувофиқ, ҳукумат 9 йиллик умумий таълимдан 12 йиллик мажбурий-ихтиёрий, яъни ўрта махсус, касб-ҳунар таълимни қамраб олувчи тизимга ўтишда давом этди. Ҳукумат мамлакатнинг ҳамма вилоятларида кўплаб янги 3 йиллик касб-ҳунар мактаб, коллеж ва лицейларни қурди. Ҳозирги кунда тахминан 100тача лицей ва 900тача махсус касб-ҳунар мактабларда миллионга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Қолган 300000 та талаба мамлакатдаги 65 та олий ўқув юртларида ўқимоқда.
Ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимини субсидиялади, бунга болалар соғлиғини сақлаш ҳам кириб, ўғил ва қизларга бир хилда фойдаланиш имкони берилгандир. Таълим тизимидаги каби, шифокорлар маошининг камлиги ва совет давридан қолган соғлиқни сақлаш тизимига маблағларнинг кам ажратилиши хизматлар учун норасмий тўловларнинг кенг тарқалган бир тизими шаклланишига олиб келди; баъзи ҳолларда бу камбағаллар учун хизматлардан фойдаланишда тўсиқлар яратди. Баъзи ҳоллардан ташқари, яшаш жойдан расмий рўйхатдан ўтмаганлар,масалан кўча болалари ва муҳожир ишчиларнинг фарзандлари давлат соғлиқни сақлаш масканларидан фойдаланиш имкони йўқ эди.
Болаларга зулм ўтказиш умуман олганда оиланинг ички иши ҳисобланиб, ҳукумат вакиллари ушбу мавзуни халқаро ташкилотлар билан очиқ муҳокама қилишга мойил эмасдилар. 2007 йилда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ)ҳукумат билан Болалар ва ўсмирлар соғлиғини сақлаш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиб, унда "бола травмаси" устувор мавзу, "болани ҳайиқтириш" ва "оилада зулм" эса қуйи мавзулар сифатида кўриб чиқилади. Маҳалла қўмиталаридаги оқсоқоллар маҳаллий доирада қўмита вазифаларига биноан маҳаллаларда уйғунлик ва тартибни таъминлашга иштиёқ билан киришишди. Болаларга зулм ўтказиш ҳолларига қарши ҳукумат дастури бўлмаган, аммо инсон савдосига қарши ҳукумат етакчилигидаги кампания доирасида балоғатга етмаганлар мақсадли гуруҳ сифатида эътироф этилган.
Болалар никоҳи кенг тарқалмаган бўлса ҳам, баъзи қишлоқ ҳудудларида баъзан 15 ёшдаги қизлар давлат томонидан расмий тан олинмаган диний никоҳ орқали турмушга чиқишган.18 ёшгача бўлган қизларнинг турмушга чиқиш ҳоллари ўтган давр мобайнида камайганлигини кузатиш мумкин. БМТнинг Болалар Фонди (UNICEF)ва Ўзбекистон Давлат Статистика Қўмитаси томонидан тасдиқланган 2006 йилдаги ҳисоботга кўра, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган қизларнинг 5 фоизи турмуш қурган эдилар. Ушбу ҳисоботга кўра, ҳозирда 20 дан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг 12,5 фоизи 18 ёшга етмасдан туриб турмуш қурганлиги маълум бўлди.
Қизларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида бошқа мамлакатларга олиб чиқиб кетиш ва уларни фоҳишабозлик билан шуғулланишга мажбур қилиш ҳоллари хақида хабарлар бўлган.
Пахта йиғим теримида кўплаб мактаб ўқувчилари хусусан қишлоқ ҳудудларида, пахта далаларида ишлашга мажбур этилди.
Ҳукумат 2008 йилни "Ёшлар йили" деб эълон қилди, бунда таълим учун харажатларни оширди, ёшлар учун касбий малака ўргатишни кўпайтирди ва ёшларнинг хуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилувчи бошқа тадбирлар олиб борди.
Бола Ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг Болалар савдоси, болалар проституцияси ва болалар порнографиясига тегишли Ихтиёрий протоколнинг Ўзбекистон томонидан қабул қилиниши хақидаги қонун 11 декабрда Президент Каримов томонидан имзоланди. 12 декабрда Президент Каримов, Бола Ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг Боланинг қуролли можароларда қатнашишига оид Ихтиёрий Протоколи Ўзбекистон томонидан қабул қилиниши хақидаги қонунни имзолади.
Одам савдоси
Қонун одам савдосининг ҳар қандай шаклларини тақиқлайди. Ҳукумат инсон савдосига барҳам беришнинг минимум стандартларига тўла риоя қилмади, лекин бунга эришиш йўлида сезиларли саъй-ҳаракатлар олиб борди.
8 июлда ҳукумат миллий дастуриламал қабул қилиб, унда юқори мартабали мулозимлардан иборат миллий идоралараро комиссиясини тузиш ҳам киритилган. Комиссия энг камида ҳар кварталда бир марта йиғилиб, инсон савдоси масалаларини муҳокама қилиш ва аҳолининг хабардорлигини ошириш учун миллий ва ҳудудий тадбирларни амалга ошириш, жабр кўрган шахсларни ҳимоя қилиш ва қонунчиликка ўзгартириш киритиши лозим. Ушбу режа Президент Каримов 17 апрелда имзолаган инсон савдосига қарши ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган қонундан кейин шаклланиб, ҳукумат томонидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишни таъминлади ва инсон савдосининг барча оғир турларини, мажбурий меҳнатга асосланган инсон савдосини ҳам жиноят деб талқин қилди. Июнь ойида ҳукумат БМТнинг Инсон Савдосига Қарши Протоколини қабул қилди.
Сентябрда ҳукумат Жиноят Кодексига ўзгартиришлар киритиб, айбдор деб топилган инсон савдогарларига нисбатан қўлланиладиган жазолар кучайтирилди. Ўзгартиришлар Жиноят Кодексининг 135- моддасининг янги таҳририда ўз аксини топди. Расмий номи "Инсон савдоси" бўлиб, ушбу модда инсон савдосининг барча турларини формал равишда аниқлайди ва жиноий жавобгарликни белгилайди. Биринчи марта айбдор деб топилган жиноятчиларга асосий жазо уч йидан 5 йилгача қамоқ жазоси этиб белгиланган. Агар икки ёки ундан кўп киши савдоси билан шуғулланган бўлса ва куч ишлатиш ёки таҳдид қилиш, рецидивизм, уюшган жиноят, эгаллаб турган мансабини суиистеъмол қилиш ва инсон савдоси қурбонининг ўлими ҳолатларида, саккиз йилдан ўн икки йилгача қамоқ жазоси қўлланилади. Олдинги Жиноят Кодексидан фарқли ўлароқ, 10 йил ёки ундан кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум этилган жиноятчиларга амнистия умуман олганда қўлланилмайди.
Мамлакат тижорий жинсий эксплуатация қилиш мақсадида хотин-қизлар савдосида ва мажбуран ишлатиш мақсадида эркаклар савдосида асосан манба бўлди ва камроқ даражада транзит мамлакат бўлди. 2002 ва 2007 йиллар мобайнида Ўзбекистонда фақат 2та транзит ҳолати расмийлаштирилган эди. Ушбу муаммонинг кўлами бўйича ишончли статистика йўқ, аммо ННТлар ва ҳукуматнинг хабарига кўра, жинсий эксплуатация мақсадида қилинган одам савдосидан кўра мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадида қилинган инсон савдоси кўпроқ учраган ва оғир иқтисодий шароит туфайли ортиб борган. Охирги беш йил мобайнида хабар қилинган инсон савдоси ҳолларининг кўпчилиги аёлларни ўз ичига олса, инсон савдосидан жабрланган эркакларнинг сонини аниқлаш айниқса мушкулдир.
Йил давомида аёлларнинг Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Таиланд, Туркия ва Украинага инсон савдоси қурбони сифатида юборилгани ишончли хабарлар орқали маълум бўлди. Қирғизистон, Қозоғистон, Грузия ва Озарбайжон орқали бошқа йўналишларга транзит қилинган қурбонлар ҳақида ҳам хабарлар берилди. Инсон савдосига қарши иш олиб борадиган маҳаллий ННТнинг маълумотига кўра, кўпчилик аёллар инсон савдоси қурбони сифатида Озарбайжон ва Қозоғистон орқали БАА ва Туркияга юборилган. Мажбурий меҳнатга жалб қилдириш мақсадида савдо қилинган қурбонлар, кўпинча эркаклар бўлиб, улар асосан Қозоғистон ва Россияга қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш секторларида ишлаш учун юборилган. Баъзи инсон савдоси қурбонлари қўшни мамлакатлардан Ўзбекистонга олиб келиниб, у ердан Таиланд, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва БААга юборилган, чунки бу йўналишларда Ўзбекистон орқали қулай транспорт алоқасига эга. 17 дан 30 ёшгача бўлган аёллар жинсий эксплуатация қурбони бўлишга эҳтимоли кўп бўлса, эркакларнинг ҳаммаси ёшидан қатъи назар меҳнат учун инсон савдоси қурбони бўлиши мумкин эди. Инсон савдосига қарши маҳаллий ННТ томонидан йил давомида 529 та инсон савдоси ҳолати рўйхатга олиниб, булардан 343 таси аёл киши ва 186 таси эркак киши қурбонлар бўлди. Бу 2006 йилдаги 527 та ҳодисага яқин ва 2005 йилдаги 874 та ҳолларга нисбатан камайганлиги рўйхатга олинган.
Инсон савдогарлари тунги клублар, ресторанлар ёки фоҳишалар ҳалқаларида фаолият кўрсатиб, аксарияти фоҳишабозлик билан шуғулланадиган аёлларни топишга ҳаракат қилар эди. Тошкент ва Самарқанд каби катта шаҳарларда инсон савдогарлари газета орқали турмушга чиқиш ва чет элда шубҳали иш имкониятлари эълонлари орқали қурбонларни жалб қилишарди. Туркия, Таиланд ва БААда саёҳат қилиш ва ишлаш имкониятини ваъда қилувчи саёҳат агентликларидан ҳам қурбонларни ишга ёллашда фойдаланилган. Кўп ҳолларда инсон савдогарлари аёллар манзилга етиб бориши билан уларнинг ҳужжатларини олиб қўйишарди. Мажбурий меҳнат мақсадида савдо қилинган қурбонлар одатда маҳаллий ҳудудларда ишга ёлланиб, Қозоғистон ва Россияга олиб кетилар ва кўпинча "иш берувчи" га сотиб юборилар эди. Инсон савдогарлари қурбонларни уларнинг бўйнига қарздорлик мажбуриятини қўйиб, ушлаб туришарди, айниқса, жинсий экплуатация қурбонлари орасида бундай ҳолат кенг тарқалган.
Ишга ёлловчилар одатда потенциал қурбон билан бир маҳаллада яшаб кўпинча қурбонга таниш бўлишган. Ушбу ишга ёлловчилар бўлажак қурбонларни инсон савдогарларига таништирар, инсон савдогарлари эса транспорт, авиачипта, виза ва бориладиган мамлакатда ким кутиб олишига оид маълумотлари билан таъминларди. Эски қурбонлардан янги қурбонларни ишга ёллашда фойдаланиш ҳоллари ҳам хабар қилинди.
Ҳамма ҳуқуқ тартибот органларига Жиноят Кодексидаги инсон савдосига қарши моддаларнинг бажарилишини таъминлаш маъсулияти юклатилди. Қонунни татбиқ қилиш ҳолати йил давомида яхшилангандек бўлди.
Инсон савдоси бўйича айбловлар сони ортиб боришда давом этди. Адлия Вазирлиги томонидан 17 октябрда эълон қилинган ҳисоботга кўра, йилнинг дастлабки тўққиз ойлик даври мобайнида маъмурлар томонидан инсон савдосида айбланучиларга нисбатан 436та жиноий иш очилиб, 339таси бўйича жиноят исботланди (293та эркак ва 136та аёл). Ушбу ҳисоботга кўра жаъми 1449та фуқаро ўша давр мобайнида инсон савдоси қурбони бўлиб, улардан 1283таси (88,5 %) эркак ва 166таси (11,5%) аёл эди. Қурбонлардан 28таси балоғатга етмаган шахслар бўлган. 2007 йилда маъмурлар томонидан инсон савдосида гумон қилинган 303та шахс текширилиб, улардан 185тасининг жинояти исботланди.
Давлат назоратидаги ОАВ Жиноят Кодексидаги янги ўзгартиришлар бўйича жинояти исботланган бир қанча инсон савдогарлари ҳақида хабарлар берди. Масалан, Тошкент шаҳар суди октябрда бир ўзбек кишини ва учта аёл шерикларини Ўзбекистондан Қозоғистонга аёлларни сотиб юборишда айблаган ва ҳар бирини 10 йилдан 14 йилгача бўлган қамоқ жазосига маҳкум этган.
ТИВ, ИИВ ва маҳаллий контактларнинг хабарига кўра, судланган инсон савдогарларининг қамоқда жазо ўташи тобора ошиб бормоқда. Мустақил фаолнинг маълумотига кўра, инсон савдосида айбдор деб топилган кишилар умуман олганда қамоқхонада амнистияга тушмайдиган гуруҳ тоифасига қўшилган.
Инсон савдосига қарши курашиш учун мутасадди давлат идораларига ИИВнинг Инсон савдосига қарши курашиш бўлими, Жиноятни олдини олиш бошқармаси ва Кириш-чиқиш ва фуқаролик бошқармаси, МХХнинг Уюшган жиноятчилик, терроризм ва наркотикларга қарши кураш бўлими, Бош Прокуратора, Меҳнат вазирлиги, ТИВнинг консуллик бошқармаси, ва Давлат Хотин-қизлар қўмитаси киради. Инсон савдосига қарши кураш бўйича ҳукумат идоралараро комиссияси ҳар кварталда бир марта йиғилади ва юқорида қайд этилган давлат идораланинг вакилларидан иборат.
Инсон савдосига аралашган мулозим устидан камида битта тергов ҳақида хабар бўлган. Март ойида парламентнинг қуйи палатаси аъзоси Матлуба Бурхонова инсон савдоси билан боғлиқ айбловлар босими остида ўз лавозимидан бўшади. Бурхонованинг аёлларни фоҳиша сифатида чет элга ишлаш учун юборишни ташкил қилганликда айблов бўйича жиноий тергов натижаларининг сўнги ҳолати ҳақида янги хабарлар бўлмаган.
Инсон савдоси қурбонлари ҳукумат томонидан ноқонуний миграция учун суд орқали таъқиб қилингани хақида хабарлар бўлмади. Хабардор манбаларга кўра, маъмурлар, мамлакатга қайтиб келаётган инсон савдоси қурбонларининг иммиграция қоидаларини бузишига кўз юмганлар. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг инсон савдоси билан боғлиқ порахўрлик ёки фирибгарликда қатнашганлик ҳоллари ҳақида хабарлар бўлмаган.
Ўз уйларига қайтарилган қурбонлар, кўпинча жамият ва оилада муаммоларга дуч келганлар. Йил охирида олинган маълумотга кўра, Тошкент ва Бухорода ҳалқаро ҳамжамият ёрдамида фаолият кўрсатаётган ННТлар, қурбонларнинг жамиятга қайта мослашиб кетишларини таъминловчи иккита маскан фаолиятини юргизганлар. Маҳаллий милиция томонидан масканда яшайдиганларга тазйиқ ўтказиш ҳоллари ҳақида хабарлар бўлмади. Лойиҳани амалга оширадиган ННТ хабарига кўра, маъмурлар билан ишлаш муносабатлари аста яхшиланиб, ҳозирги кунда улар масканга тез-тез янги шахслар масаласи билан мурожат қилишмоқда. Ҳисобот даври мобайнида, ННТларнинг маълумотига кўра, улар жинсий эксплуатация қилиш мақсадида ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш мақсадида инсон савдоси қурбони бўлган 308та кишига (245та аёл ва 63та эркак) ёрдам кўрсатганлар.
5 ноябрда Президент Каримов Меҳнат Вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида инсон савдоси қурбонларига ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш миллий реабилитация марказини очиш ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳукумат Ҳалқаро миграция ташкилоти (ҲМТ) билан қайтарилган инсон савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилди. ҲМТнинг маълумотига кўра, милиция, консуллик ходимлари ва чегарачилар хориждан қайтаётган ва инсон савдоси қурбони бўлган аёлларга ташкилотнинг хизматларини тавсия қилишган. Ҳукумат мунтазам равишда ҲМТга аэропортда қайтиб келган аёллар гуруҳига ёрдам кўрсатиш, мамлакатга кириш жараёнидан ўтишда кўмаклашиш ва қурбонларнинг ИИВга дастлабки кўрсатмалар беришда ҲМТнинг ҳам қатнашишига рухсат берди.
Бир қанча вилоятларда инсон савдосига қарши фаолият кўрсатувчи ННТлар, ҳуқуқ тартибот органлари ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг иштирокида, меҳрибонлик уйлари, мактаблар ва олий таълим масканларида семинарлар ўтказди; инсон савдоси ҳақида огоҳлантирувчи эълонларни маҳаллий газеталарда чоп этди; ўқитувчи ва талабалар учун информацион брошюралар ва йўриқномалар тайёрлади. Ушбу ННТлар инсон савдоси ҳақида огоҳлантириш мақсадида Ўзбекистондаги маҳаллалар билан хусусан қишлоқ худудларда иш олиб борди ва ёшлар учун инсон савдосига қарши ёзги лагерлар ташкил қилди.
Йил давомида ҳукумат инсон савдосини олдини олиш масаларига эътиборини мужассамлашда давом этди. ИИВдаги инсон савдосига қарши махсус бўлим ННТлар билан ҳамкорликда ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари ва консуллик ходимларига инсон савдосига қарши махсус ўқув машғулотлари ташкил қилди. Ушбу бўлим инсон савдогарларига қарши гувоҳлик берган қурбонларга ёрдам кўрсатди ва оммавий огоҳлантирувчи тадбирлар ташкил этди.
Ҳукумат назоратидаги ОАВ жинсий эксплуатация ва меҳнат экплуатацияси мақсадида амалга ошириладиган инсон савдосининг таҳдидлари ҳақидаги мақола ва дастурларни мунтазам равишда чоп этиб, оммавий огоҳликни оширди. Ўтган йилга нисбатан бундай мақолаларнинг умумий сони анча ошди. Ҳукумат назоратидаги телевизион станциялар маҳаллий ННТлар билан бирга инсон савдосига қарши хабарлар намойиш қилди, ННТларнинг ҳудудий тезкор алоқа телефонларини эълон қилди ва бу телефон орқали қурбонлар ва потенциал қурбонларга маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Ҳукумат ННТларга оммавий транспорт воситаларида, паспорт столларида ва чет элдаги консуллик идораларида инсон савдосининг хавфларини намойиш этувчи эълонларни жойлаштиришга рухсат берди.
Ногиронлар
Қонун иш жойларда ва таълим олиш масканида ногиронларни камситишни таъқиқлайди, бироқ қонун уй-жойда ёки давлат хизматларидан фойдаланишдаги камситишни хоссатан маън этмайди. Ногиронларни ижтимоий камситиш бўйича баъзи ҳоллар бўлиб ўтди. Ҳукумат ақлий ногирон касалларни махсус уйларда парвариш қилишни ташкил қилди.
Августда Меҳнат Вазирлиги икки йиллик АССЕSS (Қулайлик яратиш, Фуқаролик онг, Иш билан таъминлаш ва Ногиронларга жамият ёрдами) лойиҳасида бир нечта халқаро ташкилотлар, жумладан БМТРД, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО ва БМТнинг Аҳоли Фонди билан бирга қатнашиш бўйича шартномани имзолади. Лойиҳанинг мақсади ногиронларни жамиятда камситишга қарши кураш ва уларнинг жамиятга интеграциялашуви, иш билан таъминлаш ва инклюзив таълим олиш имкониятларини кўпайтиришдан иборат. Лойиҳа доирасида ҳукумат олтита синов лойиҳалари - "ногирон ва ногирон бўлмаган болалар биргаликда аралаш таълим олиш" болалар боғчаси ва мактабларини - Навоий, Термиз, Қарши, Жиззах, Самарқанд ва Қўқонда очди. АССЕSS лойиҳаси бўйича БМТРД декабрда Меҳнат вазирлиги томонидан бошқариладиган ишга жойлаш марказлари ходимлари учун ногиронларни иш билан таъминлаш бўйича ўқув машғулотларни ҳам ўтказди.
Июнда ҳукумат 1991 йили қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш" қонунига ўзгартиришлар киритди. Унда ногиронлар учун қулай эмас деб ҳисобланган объектларга энг кам иш хақининг 70 баровар миқдоригача жарима солинишини ўз ичига олган шартлар бор бўлса ҳам, объектларга жарима солингани ҳақида хабарлар бўлмади. Кўп жамоат жойларида ногиронлар учун шарт-шароитлар йўқ, лекин мамлакат бўйлаб баъзи жойлардагина ногиронларнинг араваси учун кириш имкони яратилган. Қонун мажбурий равишда инсонни ёпиқ даволаш муассасасига жойлаштиришга қарши самарали ҳимоя чораларини таъминламайди. Йил давомида инсон ҳуқуқлари фаолларининг маълумотига кўра, руҳий ёки жисмоний ногирон бўлган бир қанча киши, руҳий касаллик аломатлари бўлмаса ҳам, руҳий касалхоналарда сақланганлар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш ҳолларини назорат қилди, Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги эса ногиронларга иш жойларини яратишда фаолият кўрсатди.
Оз сонли миллий/ирқий/этник гуруҳлар
Конституция барча фуқаролар учун ишлаш ва касб танлаш хуқуқини беради. Қонун ишга олишда қандай этник гуруҳга мансублиги ва миллатига асосланиб камситишни тақиқлайди. Лекин этник руслар ва бошқа оз сонли миллатлар вакиллари чекланган иш имкониятлари ҳақида тез-тез шикоят қилишди. Ҳукумат идораларидаги юқори лавозимлар одатда маҳаллий ўзбекларга ажратилган, лекин кўп ҳолларда истиснолар ҳам бўлган.
Қонунга кўра, фуқаролик олиш учун ўзбек тилини билиш мажбурияти йўқ, лекин тил масаласи долзарб масала бўлишда давом этди. Ўзбек тили давлат тили бўлиб, конституцияга кўра, президент ўзбек тилини билиши керак. Қонунга кўра, рус тили "халқлараро восита тили"дир. Рус тили катта шаҳарларда кўп ишлатилди, тожик тили эса Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида кенг тарқалган.
Жамиятдаги бошқа ҳуқуқбузарликлар ва камситиш
ОИВ/ОИТС билан касалланган шахсларга нисбатан ижтимоий тамға мавжуд эди. ОИВ билан оғриган шахсларнинг маълумотига кўра, қўшнилар, давлат идоралари ходимлари, соғлиқни сақлаш ходимлари, ҳуқуқ тартибот органлар вакиллари, уйни ижарага берувчилар ва иш берувчилар уларнинг касалидан хабардор бўлганларидан кейин ижтимоий иҳоталаб қўйишарди. Қуролли кучларда хизматга чақирилган шахснинг ОИВ-позитив эканлиги маълум бўлганда, у зудлик билан бўшатилган. ИИВнинг Қамоқлар Бошқармаси қамоқхоналар ходимлари учун ўтказилган ўқув машғулотларида ОИВ/ОИТСнинг аслида қандай касаллик эканлигини ёритиб бериш борасида ҳаракатларини давом эттирди. Ҳукуматнинг ННТларга нисбатан қўйган чекловлари оқибатида, мамлакатда ОИВ/ОИТС билан хасталанган шахсларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш учун саноқлигина ННТлар қолган.
Йил давомида ҳукумат "Биз ОИТСни тўхтатамиз!" шиор остида ОИВ/ОИТС қандай тарқалиши, ОИВ/ОИТС беморларини даволаш ва уларга нисбатан камситиш ҳолларига барҳам бериш учун кенг қамровли оқартув кампаниясини бошлади. Кампания доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИВ-позитив болалар учун маблағлар йиғиш мақсадида хайрия тадбирларини ўтказди ва телевидение ва радиода дастурлар олиб борди.
Бесоқолбозлик билан шуғулланиш уч йилгача қамаш билан жазоланади. Баъзи бесоқолбозлар мавжуд чекловчи муҳит туфайли мамлакатни тарк этганлари ҳақида хабарлар бор.
6-Бўлим. Ишчилар ҳуқуқи
a. Уюшмалар ташкил этиш ҳуқуқи
Қонун ишчиларга уюшмалар тузиш ва уларга аъзо бўлиш ҳуқуқини беради. Бироқ ушбу хуқуқдан фойдаланишга ишчиларнинг амалда имкони бўлмади. Қонун уюшмаларнинг ҳукуматнинг маъмурий ва иқтисодий идораларидан мустақиллигини эълон қилади, магар бошқа қонунлар бунга монелик қилмаса. Амалда уюшмалар марказлашган ва ҳукуматга қарамдир. Давлат бошқарувидаги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг кенгаши энг катта уюшма бўлди. Ҳамма ҳудудий ва маҳаллий миқёсдаги саноат касаба уюшмалари давлатга қарашли бўлган. Мустақил уюшмалар мавжуд эмас эди. Қонунга кўра, уюшма аъзолари ва ходимларини камситиш тақиқланган, лекин бу тақиқлаш уюшмаларнинг ҳукумат билан яқин алоқада бўлганлиги учун масалага ҳеч қандай дахли йўқ эди.
б. Уюшиш ва жамоа бўлиб музокаралар олиб бориш хуқуқи
Уюшмалар ва уларнинг етакчилари ҳукуматнинг аралашувисиз фаолият кўрсатишга эркин эмас эдилар. Қонун уюшиш ва жамоат бўлиб музокаралар олиб бориш ҳуқуқини таъминлайди; амалда эса ҳукумат ушбу ҳуқуқларга риоя қилмади. Уюшмалар давлат томонидан ташкил қилинган идоралар бўлиб, унча катта таъсирга эга бўлмаган, гарчи соғлиқни сақлаш ва ишдаги хавфсизлик масаларига маълум даражада таъсир кўрсатган.
Қонунга кўра, уюшмалар корхоналар билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга, бироқ уюшмалар ҳукуматнинг катта таъсири остида бўлганлиги сабабли жамоат ҳолда музокара олиб бориш ҳолати тўла маънода намоён бўлмади. Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги, Касаба уюшмаларининг Федерация кенгаши КУФК) билан маслаҳатлашган ҳолда, давлат идоралари ходимларининг маошларини белгилайди. Кичик хусусий секторда раҳбарият маошларни белгилади ёки ишга олинаётган ишчилар билан шахсан келишилди. Меҳнат мунозаралари бўйича масъул давлат идораси мавжуд эмас.
Қонунда иш ташлаш хақида хуқуқ бериш ёки ман қилиш айтилмаган. Қонун шахсий ва жамоат меҳнат мунозаралари бўйича уюшмаларга назорат хуқуқини беради.
Божсиз товарни қайта ишлаб, яна экспорт қилиш учун махсус зоналар мавжуд эмас.
в. Мажбурий меҳнатни маън этиш
Конституция ва қонунлар куч билан бажаришга мажбурланган ва мажбурий меҳнатни, жумладан болалар меҳнатини маън қилади. Аммо қароқчилик, фирибгарлик ёки солиқ тўлашдан қочиш, ёки бошқа ҳоллар учун қонунда белгиланган жазо сифатида мажбурий меҳнатни татбиқ этиш мумкин; бироқ, хабарларга кўра, маъмурлар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари ва бошқаларни пахта йиғим-терими пайтида мажбурий меҳнатга жалб қилганлар.
г. Болалар меҳнатини тақиқлаш ва ишга олиш учун минимал ёш.
Ҳукумат иш жойларида болаларни эксплуатация қилинишдан ҳимоя қилиш бўйича қонунлар ва сиёсатни самарали равишда қўлламади. Мамлакат меҳнат кодексида ишлашга рухсат берилган энг кам ёш 16 ёш бўлиб, иш 18 ёшдан кичик бўлганларнинг ўқишига таъсир кўрсатмаслиги лозим. Қонун 14 ёшдан бошлаб қисман ишлаш ҳуқуқини беради ва болалар ота-оналарининг рухсати билан ва мактаб таътиллари даврида ҳафтада энг кўпи билан 24 соат, мактабда ўқиш бор даврида 12 соат ишлашлари мумкин. 16 дан 18 ёшгача бўлган болалар мактабда ўқиш йўқ даврида - 36 соат, мактабда ўқиш даврида - 18 соат ишлаши мумкин. Шаҳарларда етти ёки саккиз ёшдаги болалар мактаб таътилларида оилавий ишда ишлашди, шунингдек, кўчада юриб савдо қилишди, хизмат кўрсатиш соҳасида, қурилишда, қурилиш молларини ишлаб чиқаришда ва транспортларда ҳам меҳнат қилишди.
Ўзбекистон йиллик пахта йиғим-терими даврида жалб қилинадиган болалар меҳнатига чек қўядиган қонуний чоралар қабул қилди. Апрелда ҳукумат, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг 182 (Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари ҳақида) ва 138 (Ишга ёллашда энг кичик ёш ҳақида) сонли конвенцияларини қабул қилди. ХМТ Ўзбекистоннинг 182-конвенцияни қабул қилганини эътироф этди, аммо 138-конвенцияни қабул қилганини тан олмади.
Сентябрда ҳукумат болаларнинг йиллик пахта йиғим-теримига жалб этилишини бекор қилишга чақирувчи ХМТнинг конвенцияларини татбиқ этиш бўйича миллий дастуриламал қабул қилди. Бош Вазир, хабарларга кўра, вилоят ҳокимларини "ҳар қандай шароитда" болалар меҳнатини жалб қилмасликка огоҳлантирган ҳамда Меҳнат вазирлиги ҳам Халқ таълими вазирлигига ва Фермерлар асоциациясига болаларни пахта йиғим-теримига жалб қилиш ноқонуний эканлиги хақида хат юборган. 2001 йилдаги ҳукумат қарори 18 ёшдан кичик бўлганларнинг қўл билан пахта теримида ёки бошқа соғлиққа зарарли иш шароитларида ишлатишни тақиқлайди.
Пахта йиғим-терими даврида 18 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг кенг кўламда мажбурий меҳнатга жалб қилиниши кўп қишлоқ ҳудудларида давом этди. Бундай меҳнатга кам ҳақ тўланиб, яшаш шароитлари кўпинча ёмон бўлган. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, маъмурлар дастлаб 16 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларини теримда қатнашмаслиги учун муштарак саъй-ҳаракатлар қилгандек бўлишди. Халқаро ташкилотларнинг далаларда олиб борган кузатувларига кўра, ҳосил терими мавсумининг бошида пахта тераётган ўқувчиларнинг сони ўтган йилларга нисбатан камроқ бўлганлигини таъкидладилар; бинобарин ўқувчилар охир-оқибат мамлакатнинг бир нечта вилоятларида теримга жалб қилинди. Пахта теримида қатнашган болаларнинг ёши ва иш шароитлари вилоятлар орасида бир-биридан катта фарқ қиларди. Болаларнинг кўпчилиги 11 ёшдан юқори бўлган, лекин ҳатто 9 ёшдаги болаларнинг баъзи ҳудудларда пахта тераётгани кузатилган эди. Коллеж ва университет талабалари, жумладан 16дан 18 ёшгача бўлганлар ҳам мамлакатнинг кўп вилоятларида пахта теримига жалб қилинди.
Мамлакатда болалар меҳнатининг ҳақиқий кўлами бўйича маълумотга эга ишончли манбалар жуда оз ва ишончли рақамлар мавжуд эмас. Сўнгги статистика 2006 йилга тааллуқли бўлиб, унга кўра, меҳнатга жалб қилинган болаларнинг сони 2% дан 19% гача бўлган.
Баъзи болалар ўз ота-оналари ёнида туриб бирга пахта тераётгани кузатилган. Жанубий Қозоғистонда пахта тераётган болаларнинг кўпчилиги ота-онаси билан бирга борган ўзбекистонлик болалар бўлган.
Ҳозирги мавжуд қонунларда Меҳнат ва Ижтимоий Ҳимоя Вазирлиги инспекторларига болалар меҳнатини назорат қилиш бўйича ваколатлар аниқ-тиниқ равишда кўрсатилмаган. Болалар меҳнати бўйича қонунларни татбиқ этиш Меҳнат Вазирлиги, Бош прокуратура ва ИИВ ва унинг умумий жиноий терговчилари ваколатларига киради. Болалар меҳнати бўйича идоралараро ишчи гуруҳи 2006 йилда ҲМТнинг ёрдамида ташкил қилиниб, болалар меҳнати масалалари бўйича миллий форум сифатида хизмат қилади.
Қонунда қонунбузарларга жиноий ва маъмурий жазолар белгиланган, лекин маъмурлар пахта терими билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жазо чораларини кўрмади ҳамда жиноий ва маъмурий жазоларни белгилаган тафтишлар бўйича хабарлар бўлмади. Қонуннинг бажарилмаслигига қисман болалар меҳнатидан фойдаланиш пахта теримининг бир услубидир, деган жамиятда анчадан бери сақланиб келаётган фикр сабабдир.
д. Мақбул меҳнат шароитлари
Меҳнат ва Ижтимоий Ҳимоя Вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (КУФК) билан келишилган ҳолда энг кам иш ҳақини белгилайди ва татбиқ этади. Энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 25040 сўм (тахминан 18$)бўлиб, ишчи ва оилага ўрта ҳол ҳаёт кечириш учун етарли миқдорда эмас.
Қонунга кўра, стандарт иш ҳафтаси 40 соат бўлиб, 24 соатлик дам олиш талаб қилинади. Нормадан ортиқ ишга ҳақ тўлаш фақатгина назарияда бўлиб, амалда эса ортиқча иш учун тўловлар камдан-кам тўланган.
Меҳнат ва Ижтимоий таъминот вазирлиги касаба уюшмалар билан маслаҳатлашган ҳолда соғлиқ ва хавфсизликка оид касбий стандартларни белгилайди ва амалга оширади. Хабарларга кўра, ушбу стандартларни амалга ошириш самарали бўлмаган. Уюшмалар ва ҳукумат, ишчилар хавфсизлиги таъминланиши сари иш олиб бормагани хақидаги шикоятлар матбуотда баъзан чоп этилди. Қонун қоидаларга кўра, иш хавфсизлиги таъминланиши кўзда тутилган бўлса ҳам, зарарли ишлардаги ишчиларда кўпинча ҳимоя қилувчи кийим ва жиҳозлар йўқ эди. Ишчилар қонуний равишда иш шартномасига путур етказмасдан зарарли ишдан воз кечишлари мумкин, лекин саноқлигина ишчи, агар шундай ишчи умуман бўлса, ушбу ҳуқуқдан фойдаланди, чунки бу ҳол самарали равишда татбиқ этилмади. 2007 йил июлда мамлакатнинг муҳожир ишчиларининг қатор хуқуқлари ҳимоясини ошириш учун Ўзбекистон Россия билан икки томонлама миграция шартномасини имзолади. Янги шартномага кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россияда қонуний ишлашга рухсат олишлари учун Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлигига мурожат қилишлари мумкин. Сентябр ҳолатига кўра, 1000 нафар киши Россияда қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида ишлаш учун дастурдан фойдаланишди. Бироқ бу рақам Россияда ҳозирги кунда ишлаётган (кўпинча ноқонуний равишда) бир миллиондан ортиқ кишининг кичик бир қисми холос. Агентлик ёрдамида 3000 та киши Жанубий Кореяда қонуний ишлашга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, Тошкент Меҳнат Бюроси, хабарларга кўра, Польша билан алоқалар ўрнатган ва Ўзбекистон фуқароларининг у ерга бориб, қонуний равишда қурилиш соҳасида ишлашига имкон берган.
Демократия, инсон хуқуқлари ва меҳнат бюроси томонидан чоп этилган
25 февраль 2009 йил

