Skip Navigation
Сиз ...дасиз: АҚШ сиёсати > 2007 йил инсон ҳуқуқлари амалиётига доир ҳисобот
Skip Left Section Navigation
АҚШ сиёсати

АҚШ Ҳукумати Ҳисоботлари

2007 йил инсон ҳуқуқлари амалиётига доир ҳисобот (03/11/2008)

Ўзбекистон


Ўзбекистон аҳолиси 27.3 миллион кишидан иборат бўлган авторитар давлатдир. Конституцияга кўра бошқарувнинг президентлик шакли белгиланган бўлиб, ҳокимият ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд тармоқлари ўртасида тақсимланган; бироқ, амалда Президент Ислом Каримов ва марказлаштирилган ижроий ҳокимият сиёсий ҳаётда ҳукмронлик қилди ва ҳокимиятнинг бошқа тармоқлари устидан қарийб тўлиқ назоратни амалга оширди. Икки палатали Олий Мажлис (парламент) деярли бутунлай президент тайинлаган мансабдор шахслардан ва уни қўллаб-қувватловчи партияларнинг аъзоларидан таркиб топган. Парламентнинг қуйи палатасига 2004 йилда ўтказилган сайлов халқаро андозалардан анча йироқ бўлган. 23 декабр Президент Каримов учинчи маротаба президентлик лавозимига сайланган, бироқ сайловда овоз берувчилар ҳақиқий танловга эга бўлмаганлар. Хавфсизлик кучлари умуман олганда фуқаровий органларнинг самарали назорати остида бўлган.

Фуқаролар тинч ва демокартик йўл орқали ўз ҳукуматларини ўзгартириш ҳуқуқига амалда эга бўлмадилар. Хавфсизлик хизматлари сўроқ қилинаётган маҳбусларни айбга иқрор қилиш ёки айблашга асос бўла оладиган маълумот олиш мақсадида мунтазам равишда қийноқларга солишган, калтаклашган, ва бошқача усулдаги номақбул муомалаларни ишга солишган. Бир қанча ҳолларда, маъмурлар инсон ҳуқуқлари фаолларини ва режим танқидчиларини психиатрик муолажадан ўтишга мажбурлашган. Ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқи фаоллари ва журналистларга нисбатан тазйиқ ўтказилган, улар рухсатсиз ҳибсга олинган, сиёсий сабаб ила таъқиб қилинган ва жисмоний тажовузга дуч келган. Ҳукумат умуман олганда зўравонликнинг энг қўпол кўриниш ҳолларини текшириш ёки жазолаш учун чоралар кўрмаган, аммо кўплаб мансабдор шахслар коррупцияда айбланиб, жавобгарликка тортилган. Қамоқхоналардаги шароит жуда ёмонлигича қолган ва ташқаридан кузатувчилар ҳибсхоналарга кириш имкониятига тўлиқ эга бўлмадилар. Кўпгина ҳолларда, ҳибсга олинганлар оила-аъзолари ёки адвокатлар билан учрашишдан маҳрум этилиб, узоқ вақт давомида карцерда ушлаб турилган. Жиноий ишлар бўйича судланувчилар кўпинча юридик ёрдам ололмадилар. "Айбдор" деган ҳукмлар деярли барча маҳкама жараёнида ўқилди ва одатда бу ҳукмлар судланувчиларнинг айбни бўйниларига олишлари ва гувоҳларнинг босим остида берган кўрсатмаларига асосланганди. Оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг қаттиқ назорати остида бўлди ва режимни танқид қилиш жиноят деб қабул қилинди. Ҳукумат фуқароларнинг эркин тўпланиш ҳуқуқига риоя қилмади; милиция оммавий намойишларни олдини олиш мақсадида фуқароларни мунтазам равишда ҳибсга олди ва уларнинг хорижий дипломатлар билан учрашувига тўсқинлик қилди. Ҳукумат барча нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг (ННТ) фаолиятини назорат қилиб туришга уринди ва мамлакатда қолган энг охирги халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири Ҳюман Райтс Вотчнинг (HRW) амалда ёпилишга мажбур қилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг мамлакатни тарк этиши хорижий элчихоналарнинг инсон ҳуқуқлари пой-мол этилиш ҳолларини қайд этиш имконига салбий таъсир кўрсатди. Ҳукумат шунингдек халқаро кузатувчиларнинг маҳкама жараёнларида иштирокини чеклаб қўйди. Ҳукумат давлат рухсат берган тузилмалардан ташқарида ўтказилган деярли барча диний маросимларни жиноят деб ҳисоблаган ҳолда диний фаолиятни чеклаб турди. Судлар экстремистик фаолияти учун кўплаб мустақил мусулмонларни жазога ҳукм қилди, ва ҳукумат бир нечта протестант гуруҳларга нисбатан тазйиқ ўтказган. Ҳукумат БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий Коммисари Бошқармаси (ҚОКБ) ҳимояси остида бошқа мамлакатларда турган Ўзбекистонлик қочоқларни мажбуран қайтариш учун ана шу мамлакатларга босим ўтказган ва Афғон қочоқлари ўз ватанларига қайтишлари учун босимни кучайтирган. Жамиятда коррупция чуқур илдиз отган деган фикр кенг тарқалган. Ҳукумат одам савдосининг олдини олиш учун чора-тадбирлар кўрган бўлишига қарамай, бу жиддий муаммолигича қолди. Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, хусусан пахта теримида, давом этди.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ

1-Бўлим: Шахсий дахлсизликка риоя қилиш, шу жумладан:

а. Ҳаётдан ноқонуний равишда махрум қилиш ҳолларидан озод бўлиш

Ҳукумат томонидан ёки унинг агентлари томонидан амалга оширилган сиёсий қотилликлар тўғрисида тасдиқланган хабарлар бўлмади.

Хукмат 2005 йилнинг 12 ва 13 май кунлари зўравонлик билан ўтган ғалаён пайтида кўплаб қуролсиз фуқаролар ва бошқалар ўлдирилганлиги ҳақидаги гумонларни халқаро мустақил гуруҳ текширишига рухсат бермасликда давом этди. Ўша кунга қадар тинч намойишчилар Андижон маҳкамаси биноси олдида бир неча хафтадан бери тўпланиб турган эдилар. Улар ҳукумат томонидан экстремист гуруҳга аъзоликда айбланиб, суд қилинаётган 23 маҳаллий исломий тадбиркорларни кўллаб-кувватлаш мақсадида келган эдилар. 12 май оқшомда сон жиҳатдан номаълум бўлган шахслар милиция гарнизонига хужум қилганлар, қурол-яроқларга эга бўлиб, яқин атрофда жойлашган қамоқхонага бостириб кирганлар ва бир неча юз маҳбусни, жумладан 23 тадбиркорни ҳам озодликка чиқариб юборганлар. Бир неча гувоҳларнинг айтишича, 13 майда ҳарбий машиналар бир неча минг тинч фуқаро тўпланган марказий майдонга келган ва огоҳлантиришсиз оломонни бир неча марта ўққа тутган. Ҳукуматнинг 2005 йилда олиб борилган ўз текширувларига асосланиб маълум қилишича, қуролланган шахслар ҳукумат қўшинларига қарата биринчи бўлиб ўқ узиб, зўравонликни бошлаганлар. Жами ҳалок бўлганлар сони ҳукуматнинг айтишича 187 бўлса, гувоҳларнинг айтишича бир неча юз киши бўлган. Халқаро текширув ўтказилмаган бўлсада, ҳукумат 2005 йил май воқеаларига оид ички текширувлар олиб борганини маълум қилди. 2006 ва 2007 йилларда ҳукумат текширув услубларини ва унинг натижаларини дипломатлар ва бошқа ҳалқаро вакиллар билан муҳокама килди.

Мусулмон руҳоний Шавкат Мадумаровнинг ўлими борасида янги тафсилот пайдо бўлмади, у тақиқланган ислом гуруҳига аъзоликда айбланиб, етти йил қамоқ жазосига маҳкум бўлганидан уч кун ўтиб қамоқда вафот этган эди. Андижон вилоятининг Шахрихон туманидаги милиция участкасида 2005 йили вафот этган Озодбек Сатимовнинг ўлими борасида ҳам тафсилотлар бўлмаган. Мустақил тиббий текширувчилар мавжуд эмаслиги ва Ислом ақидасига кўра марҳумни тезда дафн этиш керак деган расмийлар томонидан оилаларга ўтказиладиган босим туфайли қамоқда қийноқ сабабли юз берган ўлим ҳолларини тасдиқлаш қийин.

29 июнда парламент анчадан бери режалаштирилган қонун, яъни ўлим жазосини 2008 йилнинг 1 январидан бекор қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилди ва ўлим жазосини 20 йилдан то умрбод муддатгача бўлган қамоқ жазосига ўзгартирди. Қонунда айтиб ўтилган шартга кўра, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслар қамоқ муддатининг 20 йилини ўтаганларидан кейингина аппеляцияга ҳужжат топширишлари мумкин. Шунингдек, қонунга мувофиқ, умрбод қамоқ жазоси фақат қасддан ўлдириш ва терроримзда айбдор деб топилганларга нисбатан қўлланилади. Йил давомида маҳкумларни қатл этиш ҳолларига оид маълумот йўқ. Бироқ, аввалги йилларда ҳукумат қатл этилажак маҳкумларнинг оила-аъзоларига қатл этиш ҳақида хабар бермасди ва қатл этилиш куни ва қатл этилган шахсларнинг дафн этилиш жойини давлат сири деб сақларди. Ушбу амалиёт БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича маърузачиси томонидан "бешафқат ва ғайриинсоний" деб қораланган.

Аввалги ҳисобот даврларида, Амнести Интернешнл ташкилоти(АИ)ҳар йили ўнлаб маҳкумлар қатл этиларди, ва "Оналар Ўлим Жазоси ва Қийноққа Қарши" номли маҳаллий ННТнинг маълум қилишча, йилига 100 зиёд маҳкум қатл этиларди. Маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг ўтган йилларда берган маълумотларига кўра, ўлимга маҳкум этилган шахсларга адвокат ёллаш ёки ўз ҳукмлари юзасидан аппеляцияга топширишлари учун кўп ҳолларда муносиб имконият яратилмаган.

б. Ғойиб бўлиш ҳоллари

Йил давомида инсонларнинг сиёсий сабабларга кўра ғойиб бўлиш ҳоллари ҳақида хабарлар бўлмади. Андижондаги зўравонлик билан ўтган ғалаёнда бўлган шахслар 2005 йили ғойиб бўлгани ҳақида кўплаб тасдиқланмаган хабарлар келишда давом этди. Йил давомида мамлакатга зўрлаб қайтарилган бир неча қочоқларнинг аҳволи ва қаердалиги номаълумлигича қолди.

c. Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалалар ва жазолар

Конституция ва қонунга хилоф ҳолда, милиция ва Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ходимлари айбни бўйинга қўйиш ва жиноий айбловга олиб борувчи маълумотни олиш мақсадида маҳбусларни калтаклаганлар ва бошқа қўпол муомала усулларини қўллаганлар. Милиция, қамоқхона маъмурлари ва МХХ калтаклаш билан бир қаторда нафасни тўсиш, электр шок, таом ва сувдан маҳрум қилиш, жинсий зўравонлик каби зўравонлик усулларини қўллаганлар деган хабарлар бор. Қийноқлар ва зўравонлик ҳоллари қамоқларда, дастлабки тергов идораларида ва маҳаллий милиция участкаларида ҳамда хавфсизлик хизматлари ҳудудларида кенг тарқалган. Бир неча тиббий зўравонлик ҳолатлари, жумладан сиёсий сабаблар бўйича мажбурий руҳий даволаш ҳоллари қайд қилинган. Суд пайтида айбланувчиларнинг кўпинча айтишларича, улар иқрор бўлган айбловлар қийноқ остида олинган ва айбловчи тараф ўз хулосаларини ана шу айбловга асослаган.

Хьюман Райтс Вотчнинг 7 ноябрдаги ҳисоботи ва БМТнинг Қийноққа Қарши Қўмитасининг 23 ноябрдаги ҳисоботига кўра, қийноқ ва зўравон муомала бутун тергов жараёни давомида мунтазам қўлланилган ва 2003 йилда БМТнинг махсус маърузачиси айни шундай хулосага келганидан бери бу ҳолат яхшиланмаган. Қийноққа Қарши Қўмитасининг ҳисоботига кўра, жиноий кодекснинг 235 моддасига қийноқ масаласига оид киритилган ўзгартиришга қарамай, ушбу моддани бузганлар камдан кам ҳолатда жазога тортилган ва бундай жиноятларнинг оғир табиатини акс этмаган. Бироқ, йил давомида Ички Ишлар Вазирлигининг ходимлари қийноқ қўллаганликда айбдор деб топилганига оид икки жиноий иш ҳақида хабар қилинган. 2005 йилда ҳукумат мулозимлари қамоқ қоидаларига биноан шифокорларнинг назорати остида калтаклаш мумкин эканлигини ва қамоқ маъмурлари бундай ҳолатларни хужжатлаштиришларини тасдиқлаганлар.

Хабарларга кўра, исломийларнинг экстремистик сиёсатига хайрихохликда гумон қилинган шахслар, айниқса Хизб ут-Тахрир (ХТ - тақиқланган экстремист сиёсий ташкилот)га мансубликда гумон қилинаётган маҳбусларга оддий жиноятчиларга қараганда маъмурлар шавқатсизроқ муносабатда бўлишган. Терговчилар ХТга мансубликда гумон қилиниб қўлга олинганларни айниқса қаттиқ сўроққа тутганликлар. Инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий фаоллар шуни маълум қиладиларки, маъмурлар кўпинча экстремизмда гумон қилинаётганларни ва давлатга нисбатан мухолифатда турган бошқа кишиларни калтаклаш учун оддий жиноятчиларга пул тўлашган ёки уларни бошқача тарзда шундай қилишга ундашган. Аввалги йилларда бўлгани сингари, қамоқ расмий вакиллари ХТ аъзоларидан тавба-тазарру хатини олиш мақсадида уларга нисбатан зуғум ўтказишганига доир ишончли маълумотлар бор. Ушбу тавба хатлари маҳбуснинг амнистияга тушиши учун лозим бўлган шартдир. Маҳбусларнинг қариндошлари, амнистия қилинган маҳбуслар ва инсон ҳуқуқи фаолларининг хабарларига кўра, ХТ билан ҳар қандай алоқалардан воз кечиш ҳақидаги аризаларни ёзишдан бош тортган маҳбусларни ҳукумат калтаклаган ёки бир кишилик камераларга ташлаган.

12 февралда суд Фурқат Сагдиевни қотиллик ва босқинчиликда айбдор топиб, 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд пайтида сўз олган адвокат Сагдиевнинг иқрори қийноқ остида қўлга киритилган деб айтган.

6 апрелда Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди, қийноқ орқали қўлга киритилган деб айтилаётган иқрорга асосланиб, Саимжон Умаровни босқинчиликда айблаб, 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари олиб борган текширувга кўра, Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги милиция участкаси ходимлари Умаровни калтаклаганлар ва узоқ муддатга қамаласан дея пўписа қилишган ва айбни ўз бўйнига олишига мажбур қилишган. Судда Умаров ўз иқроридан воз кечган ва жабрланувчи сифатида сўз олган шахс босқинчилар орасида Умаров йўқ эди, деб айтган.

30 ноябрда таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг қамалган аъзоси Ихтиёр Ҳамроев қамоқ соқчилари томонидан калтакланганига норозилик билдириб ўзига пичоқ урган. Январ ойида Ихтиёр Ҳамроевга ошқозон яраси диагнози қўйилгач, маъмурлар уни Зафаробод тумани шифохонасига ўтказганлар. Айтилишича ошқозон яраси калтаклар оқибатида пайдо бўлган ё авж олган. 2006 йилнинг сентябр ойида суд Ҳамроевни безорилик учун уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Ноябр ойида эса, ХТга аъзоликда айбланиб қамалган уч нафар киши Андижон қамоқхонасида вафот этган. Улардан иккови - Фитрат Салохиддинов ва Тохир Нурмуҳамедовнинг жасадларини милиция 13 ва 15 ноябр кунлари оила аъзоларига олиб бориб берган. Оила аъзолари жасадларда қийноқ белгилари борлиги ҳақида хабар берганлар. Қамоқда вафот этган ва исми айтилмаган учинчи маҳбус 29 ноябрда ё шунга яқин пайтда вафот этган. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, қамоқларда ўлиш ҳоллари сони хабар қилингандан кўра юқори бўлган, аммо қамоқларни мустақил равишда кузатиш имкони йўқлиги сабабли буни аниқлаш иложиси бўлмаган.

2006 йилнинг июн ойида тамагирлик учун тўққиз йиллик қамоққа маҳкум этилишларидан аввал, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) аъзолари Алишер Караматов ва Азам Фармонов терговчилар томонидан бир ой давомида карцерда ушлаб турилган ва хабарларга кўра, уларга нисбатан қийноқ ва тазйиқ қўлланилган. Ҳукм ўқилгач, Фармонов диний маҳбуслар учун 1997 йилда қурилган Жаслик қамоқхонасига жўнатилган илк инсон ҳуқуқлари фаоли бўлди, Караматов эса Қаршидаги қамоқхонага жўнатилди. Оила-аъзоларининг айтишича, Фармонов қамоқда қийноққа солинган. 23 май ва 19 июн оралиғида Фармонов бир кишилик камерада ушлаб турилган ва қамоқ қўриқчилари, айтилишича, ҳар куни унинг товони ва бошига уришган. 10 октябр ва 20 октябр оралиғида Фармонов бир кишилик камерага яна жойлаштирилган ва шу вақт мобайнида беш нафар қўриқчи, ҳабарларга кўра, уни ҳушидан кетгунча калтаклашган.

2005 йилда қамоқдаги икки нафар сўфий, шунингдек Ёқубжон Алиевга қарши қўлланган қийноқ ҳоллари бўйича тафсилотлар пайдо бўлмаган. Сиёсий сабабларга кўра тиббий тазйиқ ўтказишга доир бир қанча тасдиқланган хабарлар бўлди. Ўтган йилларда бўлгани сингари ҳуқуқ-тартибот органлари маҳаллий сиёсий ва инсон ҳуқуқлари фаолларини, уларнинг фаолиятига чек қўйиш мақсадида, руҳий муассасаларга топширганлар. Бундай ҳаракатларнинг қурбонлари адвокатлар орқали ўз ишларини мутахассислардан иборат тиббий комиссия кўриб чиқишини талаб қилишлари мумкин эди; бироқ амалда бундай комиссиялар асосан ҳуқуқ тартибот органларининг қарорларини қўллаб-қувватлаганлар.

13 апрел куни, маъмурлар Президент Каримов жияни бўлмиш журналист Жамшид Каримовни яна олти ой шифохонада қолишига қарор қилдилар. 2006 йилнинг сентябр ойида суд Жамшидни Самарқанд шаҳар Психиатрия Шифохонасига жойлаштиришга ҳукм чиқарди, гарчи шифокорлар Жамшидни "барқарор ҳолатда, соғлом, ақли расо ва ўқимишли" инсон деб эътироф этганлар.

Май ойида Жамшид Каримов оиласи унинг суст овқатланиши ва сурункали иситмада эканлиги ҳақида маълум қилган. Июл ойида Каримов, шифохонадан яширинча олиб чиқилган деб гумон қилинган хатда, унинг соғлиги ёмонлашётгани, хусусан хотираси заифлашгани, фикрини жамлаш қийинлашгани ва психотроп дориларнинг ичишга мажбур қилингани сабабли кўриш қобилияти қисман йўқолгани ҳақида ёзган.

Кўп ҳолларда маъмурлар инсон ҳуқуқлари фаоллари бўлмиш аёлларни психиатрия шифохоналарига мажбурлаб жойлаштиришган. 2006 йилнинг март ва май ойларида милиция, хабарларга кўра, инсон ҳуқуқлари фаоли Шоҳида Йўлдошевани икки маротаба ҳибсга олган ва Қаршидаги психиатрия шифохонасида уч ҳафталик мажбурий даволаниш учун ушлаб турган. Йўлдошева режим мухолифлари устидан олиб борилган суд жараёнларини кузатиш учун иш олиб борар эди ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг таъкидлашича, Йўлдошеванинг тутқинликка олинишига сиёсий сабаб бўлган.

Қамоқхона ва ҳибс марказларидаги шароитлар

Қамоқхона мулозимлари берган маълумотга кўра, 53 ҳибс иншоотларида 34 мингга яқин маҳбус бўлган. Қамоқхона шароитлари ёмонлигича ва ҳаёт учун хавфлилигича қолган ва қамоқхоналарда қаттиқ тазйиқ ҳоллари ҳақида хабарлар келишда давом этди. Инсон ҳуқуқи фаоллари ва маҳбуслар қариндошларининг айтишларича, қамоқлардаги маҳбусларнинг ўта зичлиги муаммолигича қолаган. Сил ва сариқ касалликлари қамоқларда кенг тарқаган, шу сабабли қамоқларда қисқа муддат бўлса ҳам туриш ҳаёт учун хавф туғдириши эҳтимоли катта. Қамоқ мулозимларининг таъкидлашларича, тахминан 1000 киши сил касали билан хасталанган. Ушбу рақам халқаро соғлиқни сақлаш ва бошқа ташкилотлар томонидан тасдиқланмаган, чунки ҳукумат уларга қамоқхоналарга киришга рухсат бермаган. Маҳбуслар озиқ-овқат ва дори-дармонларни олиш учун кўпинча қариндошларига умид боғлашган, чунки, хабарларга кўра, бир қанча қамоқларда озиқ-овқат ва дори-дармонлар етишмаган. Оила аъзоларининг кўплаб хабарларига кўра, уларнинг маҳбуслар учун деб олиб келган озиқ-овқат ва дори-дармонларини қамоқ мулозимлари ўғирлаб олишган. Маҳбусларнинг оғир шароитларда ишлашлари ва баъзи ҳолларда ҳибсхоналарда калтакланишлари ҳақида хабарлар келган.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг хабарларига кўра, маъмурлар сиёсий маҳбусларни ва тақиқланган диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалган шахсларни махсус белгиланган қисмда ва бошқа маҳбусларга нисбатан оғирроқ шароитда сақлаганлар. Маъмурлар қамоқ муддати ўтаб бўлган маҳбусларни, айниқса диний экстремизда айбланган маҳбусларни озод этмаганлар, деган хабарлар келган. Бунинг ўрнига, қамоқ маъмурлари маҳбусларни қўшимча жиноятларда айблаб, кўп ҳолларда қамоқ муддатини яна узайтириш йўлларини топишар ва бундай қўшимча айбловлар юридик кўрикдан ўтмас эди.

Гиёҳванд моддаларни ташиб ўтгани учун 2000 йили 17 йилга маҳкум этилган Сурхандарё вилоятининг собиқ ҳарбий прокурори Бахтиёр Хасанов бошқа маҳбус томонидан калтакланганидан кейин 64-21 меҳнат колониясида 5 апрел куни вафот этган.

Конституциявий тузумни ағдаришга ҳаракат қилишда айбланиб, 2000 йилда тўққиз йилга қамалган ва ХТга аъзоликда гумон қилинган Шухрат Диёров 18 июл куни Қаршидаги 64-36 қамоқнинг шифохонасида сил касаллигидан вафот этди. Оила-аъзоларининг таъкидлашича, маъмурлар касалликнинг даволашда Диёровга керакли тиббий ёрдам кўрсатмаганлар.

1998 йилда ХТга аъзоликда айбланиб 18 йилга қамалган Иномжон Ёқубов июл ойида мавҳум шароитда қамоқда вафот этди. 29 июлда маъмурлар Ёқубов жасадини унинг оиласига олиб борганлар. Оила аъзоларининг таъкидлашича, жасадда бир неча жароҳат излари бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари манбаларига кўра, август ойи ўрталарида Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 64-78 сонли қамоқда диний экстремизда айбланиб қамалган бир неча юз маҳбус қамоқ шароитлари ва мусулмонларга нисбатан тазйиқ ўтказилишидан оммавий норозилик уюштирганлар. Хабарларга кўра, қамоқ маъмурлари кўрган чора оқибатида, айтилишича, сони номаълум бўлган маҳбуслар ўлдирилган ва яралаган. Шундан сўнг, маъмурлар ХТга аъзоликда айбланиб қамалган Ортиқжон Муҳамедов жасадини унинг Тошкентдаги оиласига топширганлар ва тезда дафн этишни буюрганлар. Оила аъзоларининг айтишларича, жасаднинг аъзои бадани мўматалоқ бўлиб кетган эди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари шароитларни кўздан кечириш мақсадида ҳибсхона иншоотларига ташриф буюрмадилар. Йил давомида Ҳалқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) ўзининг одатий амалиётига мувофиқ тарзда барча маҳбусларни олдига кириш учун ҳукумат билан музокаралар олиб борди, аммо бу борада келишувга эришилмади.

д. Рухсатсиз ҳибсга олиш ва қамаш

Конституция ва қонун рухсатсиз ҳибсга олишга ва қамашга йўл қўймайди: бироқ бу ҳамон муаммо бўлиб қолмоқда.

Милиция ва хавфсизлик аппаратининг тутган ўрни

Ички Ишлар Вазирлиги милицияни назорат қилади. Милиция қонун ижросини таъминлашга ва жамоат тартибини сақлашга масъулдир. Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раис томонидан бошқарилади. Раис тўғридан-тўғри президентга ҳисобот беради. Унинг вазифаси миллий хафвсизлик масалаларига тегишли кенг миқёсли масалаларни ўз ичига олади. Жумладан, коррупция, уюшган жиноятчилик ва наркотикларга қарши кураш. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида коррупция ҳолатлари хали ҳамон муоммо бўлиб келмоқда. Милиция мунтазам равишда фуқароларни рухсатсиз ҳибсга олган ва улардан пора ундирган. Жазоламаслик муаммолигича қолди ва ҳукумат ўз лавозимларини суъистемол қилган мутасаддиларни камдан кам ҳолларда жазолади. Ички Ишлар Вазирлиги бош бошқармасининг назорат бўлими ички текширувларни олиб бориш учун ишлаб чиқилган қонун-қоидалар асосида текширувлар олиб боради ва инсон ҳуқуқларини бузган ва ўз лавозимини суъистемол қилган ходимларни тартибга чақиради, ва бу каби чораларни бир қатор алоҳида ҳолатларда қўллаган. Парламент қошидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманининг идораси, бу каби ҳолатларни ўрганиб, текширув олиб бориш ваколатига эга. Бироқ, доимий равишда бундай ҳолатларни ўрганиб текширув олиб бориш ваколатига эга бўлган мустақил орган йўқ. Ички Ишлар Вазирлиги бош бошқармасининг текширув бўлими ўз ходимларини малакасини ошириш бўйича инсон ҳуқуқлари бўйича тренинг курсларини татбиқ қилди.

4 июл куни Ички Ишлар Вазирлиги Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилоти ЕҲХТ билан англашув меморандумига имзо чекди. Ҳужжат ИИВ академияси учун янги дарсликларни ва замонавий таълим қўлланмаларини ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Қўлланмалар ИИВни ғарбда ишлаб чиқилган жамоат полицияси ва ҳамкорлик методологиясини тарғиб қилишдан иборат. Сентябрда ЕҲХТнинг полиция стратегияси бўлими ИИВ билан ҳамкорликда вазирлик академиясида тахсил олаётган курсантлар учун 4 кунлик тренинг семинар ўтказди. Семинарни Халқаро Полиция Тренинг Марказларининг экспертлари ва Ирландия Миллий Полиция Академиясининг мутахасислари олиб боришди.

Ҳибсга олиш ва қамаш

Қонунга биноан, ҳибсга олиш учун суд-ҳуқуқ органларининг санкцияси талаб этилмайди, ва ҳибсга олиш учун қандай асос кераклиги борасида кенг йўл очиб беради, бироқ қонун ҳибсга олаётган тегишли органдан 24 соат ичида ҳибсга олиш сабабларини асослаб берувчи ҳисоботни прокуратура идорасига жўнатишни талаб этади. Бундан ташқари, қонунга биноан, барча ҳибсга олинганлар, улар маълум бир жиноятни содир этишда айбланаётган ёки шубҳа остида бўлишидан қатъий назар, 24 соат ичида сўроқ қилинишлари шарт. Шубҳа остидагилар жавоб бермаслик ҳуқуқига эгалар. Ҳибсга олиш борасида ҳуқуқий тасниф йўқ. Расмий айбловсиз ушлаб туриш муддати 72 соат билан чегараланган, бироқ прокуратура идораси ушбу вақтни яна 7 кунга узайтириши мумкин, ушбу муддат ичида ушлаб турилган шахсга нисбатан айблов қўйилиши ёки у озод қилиниши керак. Амалда эса, ҳуқуқ-тартибот вакиллари ҳибсга олинганларни турли йўллар билан, жумладан, уйдирма айбловларни илгари суриш орқали, кўрсатилган муддатдан узоқроқ ушлаб туришда давом этдилар. Бир нечта ҳолатларда шахслар аввалига гувоҳ сифатида қўлга олиниб, сўнг жиноят содир этганликда айбланганлар. Айблов қўйилиши биланоқ, айбланувчи прокурорнинг қарори билан тергов мобайнида суддан аввал ҳибсхонада ушлаб турилиши мумкин. Прокурор маҳбусни гаров эвазига судга қадар озод қилиши мумкин, бироқ ҳуқуқ-тартибот вакиллари ушбу қонуний ҳимояни кўп ҳолатларда эътибордан четда қолдиради. Ҳибсга олинган ва айблов қўйилган шахслар судга қадар озод қилинишлари мумкин, бу учун улар судда келиш ҳақида кафолатнома тақдим этишлари шарт. Бу каби ҳолатларда айбланувчи гаров туловини амалга ошириш талаб этилмайди, лекин ушбу шахс ҳар куни маҳаллий милиция пунктида руйхатдан ўтиб туриши талаб қилинади.

29 июн куни парламент Habeas Corpus, яъни қамоққа олиш санкциясини бериш ҳуқуқини прокуратура идораларидан олиб судларга беришни кўзда тутувчи янги қонунни қабул қилди. Қонунга кўра, қамоққа олиш ҳақида санкция берган суд вакили айбланувчини суди жараёнида суд сифатида иштирок этолмайди. Ҳамда қонунга биноан, ҳибсга олинган шахслар ҳибсда қолишлари ёки озод қилинишлари имконини суд кўриб чиқишини талаб этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Олий Суд томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, айбланувчи ҳибсга олинган вақтдан бошлаб адвокат хизматидан фойдалана олиш ҳуқуқига эга. Амалда эса ҳуқуқ-тартибот органлари айбланувчининг адвокат билан учрашишига йўл қўймаганлар ёки кечиктирганлар ва қариндошлари билан эса алоқа қилишга йўл қўймаганлар. Терговчилар айбланувчиларга уларнинг қариндошлари ёллаган хусусий адвокат хизматидан фойдаланмаслик ҳақидаги ҳужжатга имзо чекишга кўп ҳолларда босим ўтказганлар. Ҳусусий адвокатлар ўрнига маъмурлар кучли ҳимояни ташкил этмайдиган давлат адвокатларини белгилайдилар.

Йил мобайнида милиция ҳукуматни танқид қилувчи фикр билдирган шахсларни тез-тез ва рухсатсиз равишда ҳибсга олган. Мисол учун, 14 январда чегарачилар Андижонлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва патологоанатом Гулбаҳор Тўраевани Қирғизистондан қайтаётганда чегара постида қўлга олишди. Тўраева 2005 йили Андижонда рўй берган ғалаёндаги фуқаролар ўлими ҳақида халқаро ташкилотларга хабар берган эди, ва Фарғона водийсидаги шифокорлар аёлларда, уларнинг огоҳ қилмасдан ва уларнинг розилигисиз, бачадонни олиб ташлаш каби шарт бўлмаган жарроҳлик амалиётини амалга оширганлар деган гумон билдирган эди. 24 апрелда Андижон суди Тўраевани конституцияга қарши ҳаракатлари, туҳмат ва жамоатчилик тартибига хавф туғдирадиган материалларни тарқатгани учун 6 йилга қамаш ҳақида ҳукм ўқиди. 7 май куни иккинчи бор бўлиб ўтган суд жараёнида, суд Тўраевани яна бошқа бир туҳматда айблаб, унга 510 доллар (648000 сўм) жарима солди. 12 июнда Андижондаги аппеляция суди унинг 6 йиллик қамоқ жазосини 3 йиллик синов муддати билан 6 йиллик шартли қамоқ жазосига ўзгартирди: жарима тўлови ҳақидаги ҳукм ўзгаришсиз қолди.

22 январда маъмурлар ХРВнинг ходими ва журналист Умида Ниёзовани Қирғизистондан қайтиб келаётган вақтида қўлга олди ва тўрт кун давомида бир кишилик камерада ушлаб турди. 1 майда Тошкент шаҳар Сирғали туман жиноий суди Ниёзовани 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Унга чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда жамоатчилик тартибига хавф туғдирувчи материалларни яратиш, тарқатиш ва чегарадан ноқонуний олиб ўтиш айблови қўйилди. 8 майда Тошкент шаҳар аппеляция суди унинг 7 йиллик қамоқ жазосини 3 йиллик синов муддати билан 7 йиллик шартли қамоқ жазосига ўзгартириб уни ҳибсдан озод қилди.

Инсон ҳуқуқлари кузатувчиларининг таъкидлашларича, Тўраева ва Ниёзовага қўйилган айбловлар сиёсий тусга эга эди ва улар озодликка чиқиш учун айбларни тан олишга мажбур қилинган. Шу вақтдан бери, Ниёзова ўзининг ҳаракатланиши бўйича расмий ва норасмий чекловларга дуч келган.

Хабарларга кўра, милиция ходимлари уларнинг коррупцияда ёки маҳаллий жиноий фаолиятлардаги иштирокини фош этмоқчи бўлган шахсларни ёки уларнинг оила аъзоларини қўрқитиш мақсадида уйдирма айбловлар билан ҳибсга олганлар. Бу каби кўпгина ҳолатларда, маъмурлар иқтисодий жиноятлар ёки солиқдан қочиш каби уйдирма айбловлардан фойдаланганлар.

Маъмурлар шахсларни экстремистик кайфиятда бўлганликда ёки фаолият юритганликда, ёки тақиқланган диний гуруҳларга аъзоликда айблаб, уларни рухсатсиз ҳибсга олишда давом этдилар. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг ҳисоботларига кўра, милиция ва хавфсизлик кучлари ходимлари ХТ ҳужраларини тарқатиш керак деган босим остида фаолият юритиб, кўп ҳолатларда ташкилотга аъзоликда шумон қилинган шахсларнинг оила аъзоларини ва яқин танишларини ҳибсга олишган. Маъмурлар ХТнинг ҳақиқий аъзолари ва ХТдан йироқ бўлганлар, жумладан Қуръондан сабоқ олиш дарсларига жамоат бўлиб қатнашган шахслар ўртасида унча фарқ кўрмайди.

Ўтган йилларга қараганда, бу йил ҳукумат томонидан ХТ адабиетлари билан ҳибсга олинган фуқаролар ёки уларни ҳуқуқий таъқиб қилиш ҳақида унчалик кўп хабарлар бўлмади.

Айбловларни тан олишга ва гувоҳлик беришга мажбурлашлар кенг кўламда қўлланилган. Ҳатто ХТга аъзолиги маълум бўлган шахсларнинг айтишларича, уларга қарши бўлган далиллар ҳақиқий бўлмай, балки ташлаб қўйилган ёки ёлғон кўрсатмалар асосида йиғилган.

Милиция ходимлари Бирлик, Озод Деҳқонлар ва Эрк муҳолифат партиялари аъзоларига қарши тазйиқ ўтказиб ва баъзи ҳолатларда уларни рухсатсиз ҳибсга олган.

Йил мобайнида, судгача бўлган ҳибсда ушлаш даври одатда 1 ойдан 3 ой орасида бўлгани кузатилди. Қамоқ расмийларининг ҳисобларига қараганда, бир вақтнинг ўзида тахминан 3400 шахс судгача бўлган муддатда ҳибсда ушлаб турилган.

Умуман олганда, прокурорлар жиноий ишларни кўриб чиқишда, жумладан, судгача бўлган ҳибсга олишда, ўз ихтиёрларига мувофиқ ҳаракат қилдилар. Ҳибсга олинганларга судларга мурожаат қилиб ўзларининг судгача бўлган қамоқда ушланишларининг қонуний ёки ноқонуний эканлигини аниқлаш имкони берилмади. Ҳатто, хеч қандай айблов қўйилмаган ҳолатда ҳам, милиция ва прокуратура ходимлари фуқароларни айбланувчи сифатида эмас балки гувоҳ сифатида ушлаш йўлини қўллаган холда уларни ушлаб туриш муддати ҳақидаги чекловларни айланиб ўтишди.

Маҳаллий милиция ходимлари диссидентларнинг овозини бўғиш учун мунтазам равишда уй қамоғини қўллади. Кўпгина ҳолатларда милиция инсон ҳуқуқлари фаолларининг ёки ҳукуматни танқид қилганларнинг уйларини қуршаб олиб, уларни намойишларда ёки бошқа фаолиятларда иштирок этишини олдини олишга ҳаракат қилишган. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси Бахтиёр Ҳамроев ҳамда Жиззах вилоятида фаолият юритаётган бошқа инсон ҳуқуқлари фаоли ўз уйларини тарк этмасликлари учун уларниг уйларини маҳаллий милиция ходимлари мунтазам равишда ўраб олганлари ҳақида хабар қилишди. Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромов диний экстремистлар устидан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган суд жараёнларига бормаслиги учун унинг уйи атрофида ҳам кузатув ўрнатилгани ҳақида хабар қилган.

Амнистия

2006 йилнинг ноябри ва ўтган феврал оралиғида, ҳукумат 2006 йил ноябрда эълон қилинган йиллик амнистияни амалга оширди. Қамоқхона мулозимларининг ҳисоботларига кўра, улар 3661 нафар маҳбусга нисбатан амнистия қўллаб, уларни қамоқдан озод қилганлар, жумладан, 26 нафар вояга етмаганлар ҳамда 72 нафар судгача бўлганлар қамоқдан озод этилди. Бундан ташқари, 9482 нафар шахсларнинг қамоқ муддати камайтирилди. Ҳукумат, амнистиянинг тақиқланган ташкилотларга аъзолик учун ва тинчлик ва хавфсизликка қарши қаратилган жиноят учун 10 йилгача қамалганларга нисбатан қўлланилишини эълон қилган. Ўтган йилларда каби, амнистия ҳақидаги қарор «доимий равишда қамоқ коидаларини» бузиб келганларга нисбатан қўлланилмаслигини айтиб ўтган. Қамоқ тартибини бузганлиги ҳақидаги айбловлар мустақил ҳуқуқий орган томонидан ва на ташқи кузатувчилар иштирокидаги маҳкамада кўриб чиқилмайди. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг хабарларига кўра, қамоқхона маъмурлари фақат маълум маҳбусларни ички тартибни қайтадан бузганликда айблашган ва шу тариқа уларнинг амнистияга тушишига атайлаб тўсқинлик қилганлар.

Бу каби услуб Мўтабар Тожибоева ва Ихтиёр Ҳамроев инсон ҳуқуқи фаолларига ҳамда сиёсий муҳолифат намоёндаси Санжар Умаровга қўлланилган дея гумон қилинмоқда.

Озод қилингарлар орасида: Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Ўктам Пардаевнинг укаси Ўткир Пардаев, у 2006 йил ҳибсга олинган эди ва безорилик айблови билан қамалган эди. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг сўзларига кўра, унинг қамалишига сиёсий сабаб асос бўлган; Ёдгор Турлибеков ҳукумат сиёсатларини танқид қилувчи варақалар тарқатгандан кейин, 2006 йил октябрида хақорат ва туҳмат айблови билан уч ярим йилга озодликдан махрум қилинди; ҳамда Эзгулик ташкилотининг Андижон вилоят бўлими раиси Абдулғофур Дадабоев ҳеч қандай айбловсиз 18 ойга озодликдан махрум этилди. Уни 2005 йил Қирғизистон чегарасини кесиб ўтаётганида қўлга олишган эди.

Ўтган йиллардаги амнистия каби, хабарларга кўра, маъмурлар маҳбусларни озод бўлиш учун шарт қилиб, тавба-тазарру хатларини ёзишга мажбурлаганлар. Баъзи гумонларга кўра, маъмурлар бу каби хатларга имзо чекишни рад этган айрим маҳбусларга нисбатан жисмоний қўпол муомалада бўлганлар ва баъзи бир хабарларга кўра, маъмурлар бу каби хатларга имзо чеккан кўплаб маҳбусларни ҳам озод қилмаганлар. Озод қилиш учун мавжуд қонун-қоидаларга қарамай, маҳаллий қамоқхона маъмурлари кимга нисбатан амнистия қўллаш ёки қўлламаслик ҳақида ўзлари қарор қабул қилиш каби катта ваколатга эгалар ва ўтган йилларда бўлгани каби, бу йил ҳам бу соҳада коррупция ҳолатлари ҳақида ҳабарлар бор. Ўтган йилларда амнистияга қилинган маҳбусларнинг айтишларича, ҳукумат маъқуллаган имомлар баъзи қамоқларга жўнатилиб, бирон-бир маҳбус ҳақиқатдан ҳам тавба қилдими ёки йўқлигини аниқлар эди. Хабарларга кўра, кўпгина ҳолатларда, маъмурлар бу каби услубни маҳалла қўмиталари билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширди.

Сенат томонидан Конституция қабул қилинишининг 16 йиллиги муносабати билан 30 ноябрда қабул қилинган амнистия ҳақидаги қарорга Президент Каримов декабрда имзо чекди.

e. Очик адолатли суд жараёнига моънелик

Гарчи Конституцияга кўра суд тизими мустақил бўлсада, суд-ҳуқуқ тармоғи ҳукуматнинг ижроий тармоғидан, хусусан Бош Прокуратура идорасидан кўрсатмалар олган ва амалда суд тизими унчалик мустақил бўлмаган.

Қонунга кўра, президент барча суд ҳакамларини 5 йил муддатга тайинлайди. Олий Суд ҳакамларини ишдан озод қилиниши парламент томонидан маъқулланиши керак. Парламент ўз ўрнида президентнинг хохиш иродасига бўйсинади.

Жиноий ишлар бўйича олий судлар мавжуд, улар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам юрисдикцияга эга. Туман ва вилоят судлари томонидан қабул қилинган қарорлар ҳукм ўқилгандан кейин 10 кун ичида юқори инстанцияларга аппеляция учун берилиши мумкин. Бундан ташқари, Конституцион суд қонунлар, қарорлар ва суд ҳукмларини Конституция билан мувофиқлигини таъминлаш учун кўриб чиқади. Ҳарбий судлар ҳарбийларда содир этилган барча фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга. Олий Суд умумий юрисдикцияга эга бўлиб давлат аҳамиятига эга ишларни кўриб чиқади.

Суд жараёнлари

Маҳкама жараёнларининг кўпи жамоатчилик учун расман очиқдир, бироқ амалда судга кириш чекланган. Судлар баъзи бир алоҳида ҳолатларда, жумладан давлат сирига оид маълумотлар бўлса ёки жабрланувчи ва гувоҳларни ҳимоя қилиш мақсадида, ёпиқ бўлиши мумкин. Судлар кўпинча кузатувчиларнинг Суд раиси ёки Олий Суддан суд жараёнида иштирок этиш учун ёзма рухсатнома олишларини талаб қилганлар. Бу каби рухсатномаларни олиш қийин кечган ва кўп ҳолатларда узоқ вақт талаб қилган. Бунинг натижасида, халқаро кузатувчилар кўп ҳолатларда суд жараёнларининг муҳим қисмларини кузата олмаганлар. Маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, жумладан, чет эллик дипломатларнинг судларда иштирок этишларига кўпинча монеълик билдирилди.

Ҳукумат умуман олганда, суд жараёнлари, жумладан диний экстремизмда гумон қилинганлар устидан ўтадиган судларни, ушбу суд бўлиб ўтадиган суд залида ва суднинг бошланишидан бир ёки икки кун аввал эълон қилган.

Ишчилар коллективи ёки маҳалла қўмиталари уч нафар ҳакамдан иборат раёсатни танлайди. Уларнинг бири профессионал ҳакам бўлиб, қолган иккиси маслаҳатчи сифатида суд жараёнида раислик қилишади. Маслаҳатчи раислар кам ҳолатларда сўз оладилар. Одатда профессионал ҳакам ҳуқуқий ва бошқа масалалар бўйича прокурор тавсияларига мурожаат қилади. Жюри иштирокидаги суд бўлмайди.

Айбланувчилар суд жараёнларида иштирок этиш, гувоҳлар кўрсатмаларига қарши чиқиш ва далил-исбот келтириш ҳуқуқига эгалар. Бу каби ҳуқуқларга умуман олганда риоя қилинди, жумладан инсон ҳуқуқлари фаоллар ва сиёсий арбоблар устидан бўлиб ўтган катта суд жараёнларида. Бироқ, прокурор томонидан судга оширилган деярли барча жиноий ишларда айбланувчи айбдор деб топилган. Айбланувчилар адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалар, ҳукумат керак бўлган ҳолатларда бепул адвокат ҳизмати билан таъминлайди. Аммо бундай давлат томонидан белгиланган юристлар мунтазам равишда ўз ҳимояси остидагиларни эмас балки ҳукумат манфаатларида ҳаракат қилган. Судгача бўлган ҳибс мобайнида, айбланувчининг адвокат хизматига бўлган ҳуқуқлари маъмурлар томонидан кўп ҳолатларда поймол қилинади, ва суд ҳакамлари бир қанча ҳолатларда, айбланувчининг адвокат танлаш ҳуқуқларини бузган. Бир қанча хабарларда, терговчилар айбланувчиларга босим ўтказиб, юридик маслаҳатчилардан воз кечишга мажбур этган. Кўпинча, ҳимояловчи юрист бирор масалани ҳал қилишга ожиз ва кўп ҳолатларда адвокатининг тутган ўрни фақатгина айбланувчининг иқрор бўлиши ва авф сўрашини етказиш билан чегараланган. Бир қатор хусусий юридик фирмалар бепул хизмат кўрсатган ва баъзиларининг хизмати учун тўловни амалга оширишда халқаро ташкилотлар ўз хиссаларини қўшган.

Давлат прокурорлари ҳибсга олиш буйруғини берадилар, терговларни бошқарадилар, жиноий ишларни тайёрлайдилар ҳамда қандай ҳукум чиқаришни тавсия этадилар. Айбланувчилар айбсизлик презумпцияси ҳуқуқидан фойдалана олмайдилар. Агар суд томонидан чиқарилган ҳукм прокурорнинг тавсиясидан фарқ қилса, прокурор ҳукмни юқори инстанцияга аппеляция қилиш ҳуқуқига эгадир. Ҳукмлар кўп ҳолларда қийноқ, хабарларга кўра, айбланувчининг оила аъзоларига таҳдид ва мажбурлашнинг бошқа йўллари орқали қўлга киритилган иқрор ва гувоҳлар кўрсатмаларига асосланади. Камдан-кам ҳолатларда айбдор деган ҳукм ўқилмаса, ҳакам айбланувчини оқлашга шошилмайди; балки унинг ишни қайтадан терговга жўнатилади. Айни бир жиноят учун икки марта жиноий иш қўзғатишга қарши ҳуқуқий ҳимоя амалда қўлланмайди.

14 майда ҳукумат Иегова Гувоҳларининг Самарқанддаги жамоасининг аъзоси Ирфан Ҳамидовни ноқонуний тарзда диний таълим беришда айблаб, уни 2 йилга меҳнат колониясида жазони ўташ ҳақида ҳукм чиқарди. Суд жараёнида унинг фойдасига берилган гувоҳларнинг кўрсатмалари суд протоколидан ўчириб ташланган.

Қонун айбланувчиларни аппеляцияга бериш ҳуқуқи билан таъминлайди. Аппеляция ҳукмларнинг бекор қилинишига олиб келмаган, аммо бир қатор ҳолатларда аппеляция натижасида ҳукм муддати камайтирилган ёки шартли қамоқ ҳукмига ўзгартирилган.

Ҳукумат қўлида мавжуд бўлган далиллардан адвокатларнинг тўла фойдаланиши имкони бўлмаган, гарчи ушбу далиллар улар ҳимояси остидаги айбланувчилар ишига тааллуқли бўлган. Бироқ кўпгина ҳолатларда қораловчи тараф фақатгина айбланувчининг иқрори ёки давлат чақирган гувоҳларининг айбловчи кўрсатмалари асосида иш тутган, айниқса бундай ҳолатлар ХТ аъзолари устидан олиб борилган жараёнларда кузатилди. Адвокатлар суд ҳакамларини айбни тан олганлик ҳақидаги ҳужжатларни эътиборга олмасликка ва қийноқ қўлланганлиги ҳақидаги даъволарни кўриб чиқишга чақиришлари мумкин ва айрим ҳолларда шундай ҳам қилганлар. Ҳакамлар бундай чақириқларни мунтазам равишда эътиборсиз қолдирганлар ёки уларни асоссиз деб топганлар.

Сиёсий маҳбуслар ва тутқунликдаги шахслар

Сиёсий маҳбусларнинг ёки тутқунликдаги шахсларнинг сонини аниқлашнинг имкони бўлмади. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг сўзларига кўра, сиёсий маҳбусларнинг сони йил мобайнида ўсиб боришда давом этди, чунки қамалган янги маҳбуслар сони амнистия қўлланилган ёки ўз жазо муддатларини тўлиқ ўтаб бўлганлар сонига нисбатан кўпроқ бўлган. Сиёсий жиноятларда айбланганларнинг асосий қисми Конституцияга қарши фаолият, ноқонуний гуруҳларда аъзолик ёки жамоатчилик хавфсизлигига хавф туғдирувчи матералларни тайёрлаш ёки тарқатиш каби ҳибсга олиш учун сабаб бўлган айбловлар билан маҳкум этилганлар.

Бироқ, судлар бир қатор инсон ҳуқуқлари фаолларини ва журналистларни тамагирлик ва безорилик каби сиёсий тус олган айбловлар билан маҳкум этганлар. Йил мобайнида судлар бир қатор инсон ҳуқуқлари фаолларини, журналистларни ҳамда Андижонликларни 2005 йилда бўлиб ўтган воқеалар ёки унга тааллуқли ишлар ҳақида гапирганликлари учун айблаб, уларга нисбатан қамоқ жазоси белгилади. Ҳукумат йил давомида мустақил кузатувчи гуруҳларга сиёсий маҳбусларни ёки тутқунликдаги шахсларни кириб кўришга рухсат бермади.

19 февралда Андижон вилояти жиноий ишлар суди Эрк мухолифат партияси аъзоси Исроил Холдоровни чегарани ноқонуний кесиб ўтишда, конституцияга қарши фаолиятда, ноқонуний ташкилотга аъзоликда ва жамоатчилик тартибига хавф туғдирувчи материалларни тарқатишда айблаб, олти йил қамоққа ҳукм қилди. Холдоров 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб кетган эди. Қирғизистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан Қирғизистоннинг расмий Омбудсмани хавфсизлик агентларини Холдоровни ва Андижонлик бошқа қочоқларини ўғирлаб кетишда айблаган.

24 сентябрда Тошкент ҳарбий суди Мудофаа Вазирлигининг собиқ расмийси Эркин Мусаевни коррупцияда айбдор деб топди. Икки йил ичида бу Мусаевга қўйилган учинчи айблов эди ва унинг 16 йиллик қамоқ муддати 20 йилга узайтирилди. Хабарларга кўра, март ойида маъмурлар Мусаевни Тошкент вилоятидаги Бекобод қамоқхонасидан Миллий Хавфсизлик Хизматининг Тошкент шаҳардаги қароргоҳига ўтказганлар. У ерда унга бир гуруҳ чегарачиларга қарши гувоҳ сифатида иштирок этиш буюрилди. Мусаев бундай қилишдан бош тортганда, айтилишича, уни гувоҳликдан ушбу иш бўйича айбланувчи қилишган. Мусаевнинг иккинчи бор айбланиши унинг БМТнинг Тошкентдаги Ривожланиш Дастуридаги фаолияти билан боғлиқ бўлиб, унга нисбатан амнистия қўлланишига тўсқинлик қилди ва аксинча қамоқ муддатига яна бир йил қўшилишига сабаб бўлди. Унинг қариндошлари ва ташқи кузатувчиларнинг сўзларига кўра, Мусаевга қўйилган айбловлар ёлғон ва сиёсий тусга эгадир. Мусаев биринчи иши бўйича олиб борилган тергов вақтида ўзига нисбатан қийноқлар қўллангани, жумладан, унинг боши, кўкраги ва оёқларига урушлар ҳақида хабар қилган. Учинчи суд жараёнида гувоҳ сифатида иштирок этишдан бош тортганидан сўнг, терговчилар унинг бошига уришган ва бунинг натижасида унинг мияси чайқалган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджахон Зайнобиддинов масаласида хеч қандай ўзгаришлар кузатилмади. Зайнобиддинов 2006 йил январда Тошкент вилоят жиноий ишлар суди томонидан 2005 йил Андижон воқеаларига алоқадор экстремистик фаолияти учун етти йилга қамалган эди. Ҳукумат чет эллик дипломатик миссиялар томонидан Зайнобиддинов билан учрашиш ҳақидаги сўровларига рад жавоби берган ва баъзи ҳолатларда умуман жавоб бермаган. 2006 йил август ойида ҳукумат уни 5 ой муддатни Қарши шаҳар колониясида ўтаганидан кейин, Тошкент шаҳридаги қамоқхонага ўтказди ва 2006 йил декабрда Тошкент вилоятидаги Зангиота туман колониясига ўтказди. У ерда у ўз адвокати билан учрашиш имконига эга бўлди. Адвокат, Зайнобиддиновнинг ахволи қониқарли деб айтган.

Йил мобайнида маъмурлар Санжар Умаровни Навоий вилояти колониясида ушлаб турди. Хабарларга кўра, унинг қариндошларида у билан икки марта учрашишга имкон бўлган холос. Унинг оила аъзоларининг сўзларига кўра, Умаров бир кишилик камерада бир йилдан зиёдроқ муддат ушланганидан сўнг, унинг соғлиги сезиларли даражада ёмонлашган. Йилнинг охирларига келиб у бошқа маҳбуслар қаторига ўтказилган. 2006 йил мартда иккита алохида олиб борилган суд жараёнида, Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди сиёсий муҳолифатдаги Серқуёш коалициясининг асосчилари - Умаров ва Нодира Хидоятовани - солиқ тўловларидан қочиш ва товарларнинг ноқонуй савдосида айблаб уларни 10 йилга ва ўн турт ярим йилга озодликдан махрум этди. 2006 йил май ойида Тошкент судига берилган аппелияциядан сўнг Хидоятова устидан ўқилган ҳукм юмшатилгач, маъмурлар уни озод қилганлар. Маъмурлар Умаровнинг қамоқ муддатини инсонпарварлик юзасидан 10 йилдан 7 йилу 8 ойга камайтирдилар. Суд шунингдек Умаровга 8,2 миллион доллар (10,4 миллиард сўм) жарима солди. Инсон ҳуқуқларини ҳимояловчи ННТлар иккала суд жараёнини сиёсий тусга эга деб, танқид қилганлар.

2005 йил ҳибсга олиниб, 2006 йил март ойида 8 йилга қамалган инсон ҳуқуқлар фаоли Мўтабар Тожибоева қамалгандан бери ўз оила аъзолари билан 4 мартда ва адвокати билан 1 марта учрашганини хукмат 14 августда тан олди. Унинг оила аъзоларининг сўзига кўра, Тожибоева қўшимча учрашувлар ҳақида бир неча маротаба сўров жўнатган, лекин унинг барча ҳаракатлари муваффақиятсиз бўлган. Хабарларга кўра, Тожибоева билан учрашгандан кейин бир неча кун ўтгач, унинг укасига 15 январда номаълум шахслар агарда яна бир бор опасини кўришга борса, уни ХТда аъзоликда айблаб, қамалиши ҳақида таҳдид қилишган. 2006 йил июлда Тошкент шаҳар қамоқхона маъмурлари Тожибоевани қамоқхонанинг психиатрик бўлимига жойлаштиришган, ва у ерда, хабарларга кўра, шифокорлар унга оғиз орқали қабул қилинадиган дорилар юборишган.

Фуқаролик судлари шаҳар ва туман ҳамда туманлараро ва вилоят даражасида фаолият кўрсатади. Жиноий ишлар судлари шаҳар ва туман даражасида иш юритади. Бундан ташқари яна олий фуқаролик судлари ҳам мавжуд бўлиб, улар Қорақалпоғистон Республикаси ҳам юрисдикцияга эга.

Иқтисодий судлар ҳар бир вилоятда ва Тошкент шаҳар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида юрисдикцияга эга. Улар юридик шахслар ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этади. Улар томонидан қабул қилинган қарорларга қарши аппеляцияни Олий Иқтисодий Судга жўнатса бўлади.

Фуқаролик ва юридик процедуралар ва ҳуқуқий ҳимоя йўллари

Конституцияда қайд этилган кафолатларга қарамай, судлар фуқаролик ишларида мустақил эмас ёки тўлиқ холис эмас. Фуқаролар фуқаролик судларига аризалар ёзишлари мумкин, агар керак бўлса, ушбу аризлар инсон ҳуқуқларининг пой-мол бўлиши ҳақидаги айбловлар бўлиши мумкин. Ариза берган шахсларнинг даъвосининг қондирилиш ҳолатлари ҳақида ҳабарлар бўлган. Бироқ кўпгина хабарларга кўра, суд ҳакамларига пора берилиб, суд ҳукмига таъсир кўрсатилган.

f. Шахсий, оилавий хаётга, уй ишларига ва хатларга рухсатсиз аралашув

Конституция шахсий, оилавий хаётга, уй ишларига ва хатларга рухсатсиз аралашувларга йўл қўймайди; бироқ, амалда эса маъмурлар бу каби тақиқларга риоя қилмадилар. Қонун талабига кўра, электрон кузатувлар учун прокурорнинг санкцияси талаб этилади, бироқ бундай рухсатномаларни текшириш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Фуқароларнинг умумий фикрича, миллий хавфсизлик ходимлари мунтазам равишда мухолифат сиёсий фаолиятда машғул бўлган шахсларнинг телефон суҳбатларини кузатиб, уларнинг кетидан назорат ўрнатганлар.

Йил мобайнида милиция ва бошқа хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаоллари ва диндорларнинг уйларига мустақил суд вакилининг рухсатисиз бостириб кирганлари ҳақида кўплаб хабарлар келган. Протестант черковлар аъзолари хусусий хонадонда диний маросим ўтказаётган вақтда, бир неча бор қуролланган хавфсизлик ходимлари уларнинг уйларига рейдлар ўтказиб, черков аъзоларини ноқонуний диний фаолиятда гумон қилиб, ҳибсга олишган.

24 сентябрда тахминан 20 нафар аёл ва болалардан иборат бир гуруҳ Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги Саида Қурбонованинг уйига бостириб киришди. Бу пайт Тошкентлик инсон ҳуқуқи фаоли Елена Урлаева унинг хонадонига ташриф буюрганди. Бостириб кирганлар Қурбонова ва Урлаевага хужум қилишган; хабарларга кўра, милиция ушбу манзарага гувоҳ бўлган, аммо ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган. Инсон ҳуқуқлари фаолларининг даъволарига кўра, хужум милиция билан ҳамкорликда олиб борилган.

Ҳукумат тахминан 12000 маҳалла қўмиталаридан экстремизмга мойил бўлганларнинг рўйхатини тузишда ахборот манбаси сифатида фойдаланишда давом этди. Қўмиталар турли ижтимоий вазифаларни бажарди, шу билан бирга улар маҳаллий аҳоли ва ҳукумат ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида кўприк сифатида иштирок этади. Қишлоқ жойлардаги маҳалла қўмиталари шаҳар жойларда жойлашган қўмиталардан кўра кўпроқ таъсирга эга. Ҳар бир қўмитада посбон бириктирилган бўлиб, уларнинг вазифаси ўз маҳаллаларида жамоатчилик тартибини ва тўғри тарбияни таъминлаш бўлган. Амалда посбонлар ёшларни исломий экстремист гуруҳларга қўшилиб кетмаслигининг олдини олган. Маҳалла қўмиталари кўп ҳолатларда милиция учун шубҳали шахсларни аниқлашда ёрдам берган ва ИИВ ва МХХ вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб борган ҳолда, хабарларга кўра, амнистия бўлиб озод бўлганларга ва экстремизмда айбланиб қамалган шахсларнинг оила аъзолари устидан алоҳида назорат ўрнатган. Йил мобайнида хабарларга кўра, маҳалла қўмиталари МХХ буйруги остида шахсларнинг диний амалларини назорат қилди ва аҳолини Протестант христиан черковларга аъзо бўлишдан қайтарди.

Маъмурлар кўп холларда исломий экстремист фаолиятда айбланиб, қидирувда бўлган ёки қамалган шахсларнинг оила аъзоларини ҳибсга олиб ва уларга ёмон муносабатда бўлди, гарчи уларнинг бу каби фаолиятда иштирок этганлари ҳақида далил оз бўлган. Кўпгина ишончли хабарларга кўра, милиция ва иш берувчилар ва маҳалла қўмиталари инсон ҳуқуқлари фаолларининг оила аъзоларига тазйиқ ўтказиб, уларни ҳибсга олишган. 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизстонга қочиб кетганларнинг қариндошларига нисбатан мулозимлар томонидан тазйиқ бўлгани ҳақида хабарлар бўлмаган.

2-бўлим: Фуқаро эркинликларини ҳурмат қилиш, шу жумладан:

a. Матбуот ва сўз эркинлиги

Конституция ва қонун сўз ва матбуот эркинлигини таъминлайди; шунга қарамай, умуман олганда ҳукумат бундай ҳуқуқларни амалда ҳурмат қилмади.

Қонун президентни танқид қилишни чегаралайди ва президентни жамоат олдида ҳақорат қилиш беш йилгача қамоқ жазоси бериладиган жиноят ҳисобланади. Қонун диний ихтилоф ва этник зиддият ҳолларини қўзғатувчи ва конституцион тузумни қўпоришни ёки ағдариб ташлашни тарғиб қилувчи мақолаларни тақиқлайди.

Ҳукумат тақиқланган ташкилот бўлмиш ХТ томонидан варақалар тарқатилишини сиёсий ва террористик мақсадга йўналтирилган даъват, деб кўрсатишда давом этди. Хабарларга кўра, йил давомида милиция ХТ адабиётларини сақлаганликлари учун бир неча кишини ҳибсга олган.

Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги (ЎзА) расман рухсат берилган барча янгилик ва ахборотларни тайёрлаш ва тарқатишда президент аппарати билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Ҳукуматнинг матбуот ва ахборот агентлиги барча оммавий ахборот воситаларини назорат қилишга масъулдир. Вазирлар Маҳкамаси энг муҳим кундалик ҳисобланган учта нашр "Правда Востока" (русча), "Халқ сўзи" (ўзбекча) ва "Народное Слово" (русча) газеталарига муассис бўлиш баробарида, уларни назорат қилди. Ҳукумат ёки унинг назоратидаги сиёсий партиялар ёки ижтимоий ҳаракатлар, Тошкент шаҳар ҳокимияти, ҳамда вилоят ҳокимиятлари бошқа бир қанча кундалик ва ҳафталик нашриётларга эгалик қилди ёки уларни назорат остида ушлади. Шунингдек, ҳукумат Интернетдаги Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлигига тегишли UzA.uz ва Ташқи Ишлар вазирлигига тегишли Jahon.mfa.uz расмий сайтларида янгиликлар бериб турди. Гарчи мустақил бўлишни даъво қилсаларда, бир неча веб-сайтлар, асосан, Press-uz.info, Gazeta.uz ва C-Asia.org хабарларида ҳукумат нуқтаи назари акс этди.

Кўп бўлмаган хусусий нашриёт уйлари мавжуд бўлиб, улар кам ададга эга маҳаллий газеталарни чоп этишади. Умуман олганда, ҳукуматга қарашли нашриётлар кўпчилик газеталарни чоп этишган. Реклама, мунажжимлар башорати ва шу каби материаллар босиладиган, лекин жиддий маҳаллий янгиликлар ва таҳририятнинг таҳлилий мақолаларини чоп этмайдиган хусусий газеталарнинг нашр этилишига ҳукумат рухсат берди. Рус тилида чиқадиган учта хусусий газета - "Новости Узбекистана", "Новый век" ва "Бизнес Вестник Востока" ва иккита ўзбек тилидаги "Хуррият" (Журналистлар Уюшмасига қарашли) ва "Моҳият" (ҳукуматга содиқ бўлмиш нодавлат ахборот агентлиги "Туркистон-Пресс"га тегишли) газеталари ҳукуматга маъқул бўлган янгиликлар ва мақолалар бериб борди. Ҳукумат хорижий газета ва нашрларнинг кенг тарқатилишига рухсат бермади. Бироқ, Россиянинг икки-учта газеталари ва бошқа хилма-хил кўнгил-очар ва маиший йўналишдаги нашрлари сотилди, хорижий даврий нашрларни эса жуда кам миқдорда Тошкентдаги йирик мехмонхона ва бошқа жойларда кўриш мумкин бўлди.

11 январда ҳукумат юридик масалаларга йўналтирилган "Адвокат-пресс" газетасига янги лицензия берди. Бироқ газетага номини "Ҳуқуқ жараёни" деб ўзгартириш шарти қўйилди ва ишга олинадиган ходимлар ҳукумат расмийлари тасдиғидан ўтди. Газета ҳукумат амалдорларининг қонунбузарликлари тўғрисидаги туркум мақолалар чоп этганидан сўнг, 2005 йилнинг декабрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги газетани ёпишга буйруқ чиқарган эди.

15 январ куни Президент Каримов оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид қонунни имзолади. Бу қонун 2006 йили март ойида чиқарилган қарор, яъни журналистларга аккредитациясиз ишлаш ёки аккредитацияга эга бўлмаган ОАВ учун ишлашни ман этувчи қарорга нисбатан янада кўпроқ чеклов ўрнатади. Янги қонун барча хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларини ўз ахборотларининг "холислиги" учун жавобгар этиб, хорижий журналистларга мамлакатда расмий аккредитациясиз ишлашни ман қилади, ҳамда хорижий ахборот воситалари оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунларга бўйсунишини талаб қилади. Шунингдек, қонун диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб этиш, ҳамда диний ва этник адоватни қўзғашга даъват қилишни тақиқлайди. Қонун таркибида чет эллик сармоя улуши 30 фоиздан ортиқроқ бўлган юридик шахсларга мамлакатда оммавий ахборот воситасига асос солишни тақиқлайди.

31 июлда ҳукумат расмийлари "Одамлар орасида" исломий йўналишидаги мустақил ҳафтаномани оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунни гўёки бузганликда айблаб ёпиб қўйишди. Ушбу ҳафтанома гўдаклар ўлими, бесоқолбозлик ва фоҳишабозлик каби мавзуларни мусулмончилик нуқтаи назаридан муҳокама этган ҳолда ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланувчи газеталар ёки мазмун-моҳияти асосан кўнгилочар ва саҳна юлдузлари ҳақидаги миш-мишлардан иборат нашрларга нисбатан рақобатни юзага келтирган эди. 2007 йилнинг февралида ўз фаолиятини бошлаган газета Тошкент шаҳридаги ададини 24000 нусхагача ошириб, кўпчилик расмий нашрлар ададидан ҳам ошиб кетган эди.

Давлатга қарашли ва ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлайдиган тўртта телевизион канал мамлакатнинг телеэфир тўлқинларида устунлик қилди. Хусусий бўлган 24 та вилоят телестанциялари ва 14 та хусусий радиостанция фаолият юритди. Ҳукумат теле ва радио оммавий воситалари, ҳамда даврий нашрлар устидан қаттик назорат ўрнатди. Журналистлар ва давлат ОАВдаги тахририятларнинг катта ходимларининг айтишларича, миллий телестанция ва газеталарда вазифаси цензурадан иборат бўлган махсус ходимлар бўлган. Шунга қарамай, баъзи хабарларга кўра, вилоят телестудиялари маҳаллий муаммолар ҳақида бир неча нисбатан танқидий материалларни кўрсата олишган.

Ҳукумат "Озод Европа Радиоси/Озодлик Радиоси"га ва "БИ-БИ-СИ Жаҳон Хизмати"га мамлакат ичидан эфирга чиқишга рухсат бермади. Шунингдек, ушбу ёки бошқа Ғарб ОАВ нинг чет эллик журналистлари аккредитациядан ўтказилмади.

2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеалари туфайли журналистларга қарши юзага келган ҳукуматнинг таъқиблар тўлқини йил бўйи давом этди. Нашрлар, телевидение ва радиода ишлайдиган журналистлар милиция ва хавфсизлик хизмати органлари томонидан ҳибсга олиниш, таъқиб, қўрқитиш ва зўравонлик ҳолларига дуч келганлар, бундан ташқари, уларнинг фаолиятига бюрократик тўсиқлар ҳам қўйилган.

Март ойида прокуратура Германиянинг Немис тўлқини (Дeutsche Welle) радиостанциясининг маҳаллий мухбири Наталья Бушуевани гўёки солиқларни тўлашдан бош олиб қочиш ва Ташқи ишлар вазирлигининг рухсатисиз фаолият юритишда айблаб, унга қарши жиноий иш қўзғади. Ўзига қарши суд жараёни адолатсиз кечишидан чўчиган Бушуева хорижий мамлакатга жўнаб кетди.

Апрелда ҳукумат Немис тўлқинининг яна учта мухбири, яъни Юрий Черногаев, Сайёра Рўзикулова ва Обид Шабановларга расмий рухсатсиз фаолият юритишда айблади. 4 июнда Тошкент прокуратурасида ушбу уч мухбирга 2006 йилнинг ноябридаги амнистияга тушганликларини эълон қилинди ва айбловлар олиб ташланди.

14 июнда Самарқанд шаҳар суди Ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус марказининг бошлиғи Комилжон Ашуровга Президент Каримов декабрда қонуний тарзда қайта сайланиши мумкинми, деган саволни берувчи мақолани чоп этгани учун 1575 АҚШ доллари (2 миллион сўм) миқдорида жарима солди. 31 августда суд қарори ижрочилари Ашуровнинг марказидаги оргтехникани мусодара қилишди.

11 октябрда ўзларини гўёки МХХ ходимлари сифатида таништирган икки шахс Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) ва мустақил вебсайт Ferghana.ru нинг Тошкентдаги мухбири Сид Янишевни калтаклашди. Улар эндигина Чирчиқ шаҳридан Тошкентга қайтиб, у ердаги нон тақчиллиги ва уннинг нархи ошгани сабабли бўлиб ўтган норозилик намойишлари ҳақида ахборот тайёрлаётган Янишевга хужум қилишди.

Йил давомида ҳукумат давлат ОАВ да фаолият юритувчи журналистларни хорижий дипломатлар билан алоқада бўлганликлари учун ўч олиш мақсадида таъқиб қилганликлари ҳақида бир нечта хабарлар бўлган. Давлат назоратидаги ОАВ баъзи журналистларга хорижий элчихоналар ўтказган муҳокамалар ва бошқа дастурларда иштирок этмаслик тўғрисида огоҳлантирган.

Ҳукумат муассасаси ҳисобланган Ҳукуматлараро мувофиқлаштирув қўмитаси (ҲМК) маъқул деб топилган компанияларга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ва эфирга чиқиш учун зарур лицензияни бериш, ушбу лицензияни суд қарорисиз бекор килиши ва компаниянинг иш фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин. Электромагнит мувофиқлик маркази эфир тўлқинлари бўйича лицензиялар беради.

Хабарларга қараганда, Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Уюшмаси (ЭОАВМУ) ўз директорларининг ҳукумат билан яқинлигидан фойдаланган ҳолда маҳаллий телестанцияларга нисбатан уларни уюшма таркибига киритиш ва дастурлари тузилишини чегаралаш мақсадида босим кўрсатган. Ҳукумат ЭОАВМУга қўшилишга қаршилик қилган станцияларда солиқ инспекциясининг текширувларини ташкиллаштирган, баъзи ҳолларда эса эфир лицензиясини олиб қўйиш билан пўписа қилган. Кўп ҳолларда ЭОАВМУ уюшмага аъзо махаллий телестанциялардан уларнинг ўзлари ишлаб чиққан эмас, балки белгилаб берилган дастурларни эфирга узатишни талаб қилган.

Ҳукумат хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралар мунтазам равишда ноширларга босиб чиқариш учун муаллифининг исми-шарифи ўйлаб топилган мақолалар ва хатлар берган, шунингдек, нашр этиш мумкин бўлган мавзулар бўйича аниқ кўрсатмалар юборган. Кўпинча, ҳукуматга қарашли ёки хусусий газеталарнинг мазмунида унча катта фарқ бўлмаган. Мустақил текширувга асосланиб ёзилган материаллар босилган тақдирда ҳам, уларнинг сони жуда оз бўлган. Йил бўйи ўз-ўзини цензура қилиш стандарт ҳолат бўлиб қолди. Танқидий мақолаларнинг сони камлигича, уларнинг кўлами эса пастлигича қолган.

Қонунга кўра, газетанинг ҳукумат томонидан тасдиқланадиган таҳрир ҳайъати босиладиган материаллар мазмун-моҳиятини назорат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай юридик қоидалар ҳукумат ОАВ мазмунига билвосита таъсир қила оладиган механизмларни ўрнатади, бу эса ўз навбатида ОАВ ходимлари ўз-ўзининг устидан цензура ўрнатишига туртки бўлиб хизмат қилади. Теле- ва радиостанциялар ўз-ўзларининг устидан цензура ўрнатганлари сабабли танқидий мақолалар камдан-кам берилган.

2005 йил декабрда Жиноят ва маъмурий жавобгарлик кодексларига киритилган ўзгартишлар бўҳтон ва ҳақорат учун жарима миқдорини кескин оширган. Умуман, ҳукумат президент ёки ҳукуматни танқид килган журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа шахсларни жазолаш учун бўҳтон, туҳмат ва ҳақоратлаш айбловларидан фойдаланган.

Интернет эркинлиги

Ҳукумат Интернетдан фойдаланиш имкониятини берсада, Интернет хизматлари провайдерлари вақти-вақти билан ҳукумат талабига биноан ҳукумат номақбул деб ҳисоблаган вебсайтларни ёпиб қўйди. Ҳукумат бир қанча янгилик вебсайтлари ва мухолифат партиялар бошқарадиган вебсайтларни ёпиб қўйсада, уларнинг баъзиларига прокси-серверлар орқали кириш имконияти мавжуд бўлди. Хабарларга қараганда, "Ўзбектелеком" миллий телекоммуникация операторининг расмий шахслари Интернет кафеларга фойдаланувчилар қайси вебсайтларни ишлатаётганини текшириш учун учун мунтазам равишда ташриф буюриб туришди.

15 январда Президент Каримов томонидан имзоланиб, ўзгартиришлар киритилган ОАВ ҳақидаги қонун вебсайтларни ҳам ОАВ сифатида таърифлайди, бу эса ўз навбатида вебсайтлар ҳам қонун талабларига биноан бошқа маҳаллий, ҳамда хорижий ОАВ каби ҳукумат рўйхатидан ўтиши, ҳукуматга ўз муассислари, бош муҳаррири ва ходимларининг исми-шарифлари ҳақидаги маълумотни беришлари кераклигини англатади. Вебсайтлар шунингдек ҳар бир мақолаларининг нусхасини расмий шахсларга етказишлари шарт. Маҳаллий журналистларнинг сўзларига қараганда, ўзгартирилган қонун кучга қиргандан буён Интернет хизмати провайдерлари мамлакатнинг исталган жиҳатини муҳокама этган блогларни ҳам ёпиб қўйишган.

2006 йилнинг октябрида Вазирлар Маҳкамаси ".uz" доменидаги барча вебсайтларнинг Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтишини талаб қилувчи қарор қабул қилди. Қарор асосан ҳукуматга тегишли ёки ҳукумат томонидан назорат килинадиган вебсайтларгагина дахл килди. Мухолифатга тегишли вебсайтлар ва халқаро ННТ лар бошқарадиган вебсайт ёки ОАВ, одатда, мамлакатдан ташқарида рўйхатга олинган домен номларига эга.

26 октябрда ҳукумат этник келиб чиқиши ўзбек бўлган журналист Алишер Саиповнинг Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ўлдириб кетганлиги ҳақида ахборот тарқатган вебсайтларни ёпиб қўйди.

Академик эркинлик ва маданий тадбирлар

Ҳукумат академик эркинликни ҳам чеклаб борди. Маъмурлар кўп ҳолларда ўқув маърузалар ва конспектларга раҳбариятдан рухсатнома олишни талаб қилди. Гарчи маъмурлар бу талабни амалга оширишда изчиллик кўрматмаган бўлсада, университет ўкитувчилари асосан ўзини-ўзи цензура қилишни қўлладилар. Университетлардаги бир неча талабаларнинг хабар қилишларича, президентнинг китоблари ва нутқларига бағишланган "Каримов асарларини ўрганиш" мажбурий курси ўқитилган ва мана шундай семинарларга қатнашмаслик университетдан ҳайдаш учун асос бўлган. Олий таълим вазирлигининг 2005 йилдаги буйруғига кўра, таълим муассасалари билан хорижий ташкилотлар ўртасида ҳукуматнинг олдиндан берилган тасдиғисиз ҳамкорлик ўрнатиш ман этилган. Йил давомида ҳукумат ўқитувчи ва талабаларга дипломатик миссиялар ҳомийлик қиладиган конференция ёки академик алмашув дастурларида қатнашмасликлари учун босим ўтказган. Талабаларга халқаро алмашув дастурларида қатнашган ҳолда ўкув юртларидан ҳайдаб юбориш билан таҳдид қилингандан сўнг улар ушбу алмашувларда қатнашмасликни афзал кўрганликлари ҳақида хабарлар бўлган. Алмашув дастурларида қатнашган баъзи иштирокчилар мамлакатга қайтиб келгач, университетлардаги ишларидан бўшатилганлар. Бир неча хабарларга кўра, ҳукумат расмийлари маҳаллий аҳолига улар хорижий дипломатик миссиялари ҳомийлик қилган маданий дастурларида қатнашмасликлари учун босим ўтказган.

б. Тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлиги

Йиғинлар ўтказиш эркинлиги

Конституция ва қонунда йиғинлар ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, бироқ амалда ҳукумат бу ҳуқуқни тез-тез чегаралади. Маъмурлар хавфсизликни сақлаш нуқтаи назаридан чиқишлар, йиғилишлар ва намойишларни тўхтатиш ёки тақиқлашга ҳақлидирлар. Ҳукумат намойишлар ўтказиш учун лозим бўлган рухсатни мунтазам равишда бермай келди. Жиноят кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2005 йилда киритилган ўзгартиришларга кўра, фуқаролардан рухсат берилмаган чиқишлар, йиғилишлар ёки намойишларни ўтказишга ёрдам берганликлари ёки, уларни ўтказиш учун жой ва бошқа воситалар билан таъминлаганликлари учун катта жарима ундирилади. Шунингдек, ушбу ўзгартишлар чиқишлар, йиғилишлар ва намойишларни ташкил этишга тааллуқли қоидаларни бузганлик учун ҳам жарималар миқдорини оширган.

Бир неча ҳолларда маъмурлар тинч норозиликларнинг олдини олиш ёки тўхтатиш учун қатор усулларни қўллаган. 2 январда Тошкент милицияси инсон ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан бир нечта сиёсий махбусларни озод этиш талаби билан Бош прокуратура биноси қаршисида ўтказилаётган намойишларни тўхтатди. 31 январда эса милиция олти нафар шахсни Олий Суд раиси Бўритош Мустафоевга петиция топширмоқчи бўлаётганларида ушлаган ва хабарларга кўра, уларни пикетларда қатнашмаслик ҳақида тилхатга қўл қўйишга мажбурлаган. Айтишларича, маъмурлар шикоят қилувчиларнинг бири бўлмиш Лариса Кузнецовани калтаклаган.

21 февралда Тошкент милицияси Ташқи Ишлар вазири Владимир Норовнинг ишдан кетишини талаб қилаётган икки нафар инсон ҳуқуқ ҳимоячиларининг намойишларини тўхтатди. Ушбу икки нафар ҳуқуқ ҳимоячилари учта номаълум аёл томонидан калтаклангани ҳақида ҳам хабарлар бўлган. Милиция инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини ушлаган ва уларнинг ўзини ўша уч аёлни калтаклаганда айблаган.

Маъмурлар Халқаро Аёллар куни бўлмиш 8 мартда қамоқдаги аёл ҳуқуқ ҳимоячиларига бирдамлик билдириш мақсадида режалаштирилган маросимнинг олдини олиш учун ўнлаб мухолифат вакиллари ва инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини уй қамоғида сақлашди. 21 мартда милиция Тошкентнинг Хадра майдонига ногиронларни қўллаб-қувватлашга бириктирилган намойишга кетаётган инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевани тутиб, калтаклади. Милиция намойишда қатнашишни режалаштирган бошқа тўққиз нафар инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини ушлади, намойишдан бир неча кун аввал эса ҳуқуқ ҳимоячилари Жаҳонгир Шосалимов, ҳамда Расул Тажибоевларни уй қамоғида сақлади.

Шундай бўлсада, инсон ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарларига қараганда маҳаллий аҳоли вакиллари иқтисодий аҳволдан нолиб бир неча намойишлар уюштиришган. Чамаси, улар ушбу намойишларни ўтказиш учун олдиндан маъмурлардан рухсат олмаганликлари сабабли, милиция томонидан босимга дуч келишмаган.

Уюшиш эркинлиги

Қонун уюшиш эркинлигини кафолатласада, ҳукумат амалда бу ҳуқуқни чегаралашда давом этди. Ҳукумат ННТларнинг фаолиятини бутунлай назорат қилишга интилди. Қонун тузиш мумкин бўлган гуруҳлар турини кенг равишда чегаралайди ва барча ташкилотлар расман ҳукумат рўйхатидан ўтишини талаб қилади. Қонун янги ташкилотга рўйхатга олинишини кутиб, олти ой фаолият юритиб туришга рухсат этади ва мана шу пайт ичида ташкилот "ташаббускор гуруҳ" деб юритилади. ННТлар ва бошқа жамоатчилик ташкилотларини рўйхатга олиш жуда мураккаб тарзда кечди ва кўп вақт талаб қилди, ҳукумат томонидан тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам кўп учради. Одатда, ҳукумат сиёсий бўлмаган уюшмалар ва ижтимоий ташкилотларни рўйхатга олишга рухсат берди, лекин мураккаб тартиб ва ҳукумат коғозбозлиги ушбу жараённи қийинлаштирди. Ҳукумат барча маҳаллий ННТлардан ҳукумат назоратида бўлган ва мақсади барча молия, ҳамда ННТлар фаолиятини назорат қилишга қаратилган ННТ уюшмасида рўйхатдан ўтишни талаб этди.

3 январда Президент Каримов ННТларнинг давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини белгиловчи қонунни имзолади ва бу қонун дархол кучга кирди. Бу қонун ННТларга давлат ҳимояси кафолати, ҳамда ННТ лар "қонун тақиқ этмаган ва уларнинг низомида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ истаган фаолиятларини" олиб бориш ҳуқуқини кўзда тутади. Қонун шунингдек, ННТ лар фаолиятига аралашувни тақиқлайди, уларга мулкдорлик ҳуқуқи, ҳамда "қонунга мувофиқ ахборот қидириш, олиш, ўрганиш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш" ҳуқуқларини беради. Ҳукумат ташкилотнинг фаолияти қонунга зид келишлигини аниқловчи ҳакамлича қолаверади.

Вазирлар Маҳкамаси 28 апрелда қабул қилган янги қарорга мувофиқ расман рўйхатдан ўтган ва камида бир йил давомида "ижтимоий аҳамият касб этувчи фаолият" олиб борган ННТлар давлатдан субсидия, грант, ҳамда "давлатнинг ижтимоий буюртмалари" шаклида маблағ олиши мумкин. Грант ва давлат ижтимоий буюрмалари давлат томонидан бериладиган маблағ бўлиб, ушбу маблағ танлов асосида саралаб олинган ННТларга уларнинг ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилади. Шу билан бирга, маблағ фақатгина расмий рўйхатдан ўтган ва аксарияти ҳукумат томонидан назорат қилинадиган ННТларгагина ажратилиши мумкин.

2005 йили маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга биноан ННТ фаолиятини тартибга солиб турувчи қоидаларни бузганлик, шунингдек, ноқонуний ННТ фаолиятига "бошқаларни жалб этганлик" учун катта миқдорда жарима солинади. Қонун "ноқонуний" деганда мажбуран ёпилган ёки фаолияти тўхтатилиб кўйилган, ёки шунчаки рўйхатдан ўтказилмаган ННТлар назарда тутиладими, аниқлаштирмайди. Шунингдек, ўзгартишлар халқаро ННТларга сиёсий фаолият олиб борганлик, низомда кўзда тутилмаган фаолият билан шуғулланганлик ва олдиндан ҳукумат томонидан маъқулланмаган фаолият билан шуғулланганлик учун солинадиган жарималар миқдорини ҳам оширди. Бир қарашда 2004 йилги банк карори ноқонуний топилган пулларни қонунийлаштириб олишга қарши қаратилган бўлишига қарамай, аслида ҳукумат ушбу қарорни инсон ҳуқуқлари ва сиёсий иш билан шуғулланувчи, рўйхатдан ўтган ва ўтмаган ННТларнинг четдан молиялаштирилишининг олдини олиш мақсадида кўллаган.

Қонун мустақил сиёсий партияларнинг фаолият юритишига рухсат беради, лекин Адлия вазирлигига (АВ) партияларнинг ишига аралашиш ва ҳукуматга мухолиф бўлган партияларга молиявий ва юридик ёрдамни тўхтатиб қўйишдек катта ваколатлар беради. Рўйхатга олинган партиялар ҳукуматдан молиявий маблағ олганлар. Рўйхатга олинган барча бешта партия ҳукумат томонидан назорат килинган.

Қонун ҳукумат экстремистик деб ҳисоблайдиган ташкилотларга аъзоликни тақиқлайди. Қонун ислом сиёсий экстремистик ташкилоти ХТни адоватни тарғиб қилгани ва терроризмни олқишлагани учун тақиқлайди. ХТ ўзини зўравонликка амал қилмайди деб ҳисобласада, ушбу партиянинг ашаддий антисемитик ва антиғарб адабиётлари мавжуд ҳукуматларни, шу жумладан Марказий Осиёдаги ҳукуматларни ағдариб ташлаш ва халифалик деб аталувчи жаҳон ислом ҳукуматини ташкил этишга даъват қилди.

Ҳукумат 1997 йилдан буён Акромия ислом гуруҳи (Акромийлар) аъзоларига босим ўтказиб келди ва уларни қоралади. Диний экспертлар Акромия норасмий уюшма бўлиб, ислом диний ақидалари билан бир қаторда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашини таъкидлайдилар, ҳукумат эса ушбу гуруҳ ХТнинг бир қисми бўлиб, у Ўзбекистон Ислом Ҳаракати билан биргаликда 2005 йилнинг май ойида Андижонда қуролли қўзғолон йўли билан ҳукуматни ағдариб ташлашга уринган, деб уқтиради.

Йил мобайнида давлат томонидан назорат қилиб туриладиган ташкилот бўлган хотин-кизлар қўмитаси хотин-кизлар ННТларида мониторинг ўтказди ва кўп ҳолларда бундай ННТларнинг, айниқса хотин-кизларнинг сиёсий фаоллигини ошираётган ташкилотларнинг фаолиятини чеклаб қўйди.

Майда суд иккита халқаро ташкилотнинг фаолиятини чеклаш ҳақида қарор чиқарди. Июлда ҳукумат HRW нинг мамлакатдаги хорижий ходимларининг аккредитациясини узайтиришдан бош тортиш билан HRW ни Тошкентдаги офисини ёпишга мажбур этди. Февралда сўнгги шартномасини бажарган "Мехр-шафқат корпуси" (Mercy Corps) ўз ҳоҳишига биноан мамлакатни тарк этди. Йил давомида 2006 йилда суд қарори билан вақтинчалик ёки буткул ёпиб қўйилган 15 та хорижий ташкилотларнинг ҳеч бири қайта очилмади. Ўтган икки йил мобайнида ҳукумат 300 дан ортиқ маҳаллий ННТларни ёпиб ташлади.

Ҳукумат барча халқаро ННТларни текшириш сиёсатини давом эттирди. Одатда, текширувлардан сўнг Адлия вазирлиги текширувлар вақтида аниқланган қонун бузилишлари баён этилган хат жўнатган ва унда ана шу қонунбузарликларни бартараф этиш учун 30 кунлик муҳлат берган.

Ҳукумат ННТлардан улар ўтказадиган тренинглар ва семинарларни ҳукумат органлари билан келишиб олишлари кераклигини қатъий талаб килган. ННТ раҳбарлари бу талаб ННТнинг барча дастурий фаолиятларини ўтказиш учун аввалдан ҳукумат органларидан рухсат олиш талаби билан баробар эканига аминлар. Ҳукумат томонидан назорат килиб туриладиган Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ҳомийлигида бўлган ННТлар ўз тадбирларини муваффақиятли равишда ўтказганлар.

c. Дин эркинлиги

Конституция ва қонун дин эркинлигини, ҳамда дин билан давлатнинг алоҳидалигини кафолатлайди, бироқ амалда ҳукумат диний фаолиятни чегаралаб қўйган. Ҳукумат мамлакатдаги мусулмон меросини Ислом университетини молиялаш, ислом тарихий ёдгорликларини сақланишини қўллаб-қувватлаш ва фуқароларнинг хаж зиёратига боришларига техникавий ёрдам кўрсатиш орқали кўллаб-кувватлади. Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳри ислом маданиятининг тўртта пойтахтларидан бири деб эълон қилинганлигини нишонлаш мақсадида ҳукумат йил давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси (Муфтийлик)биноларини кенг кўламда кенгайтирди ва катта янги масжид ва кутубхонадан иборат мажмуа барпо этди. Ҳукумат Муфтийликни назорат қилиш ва маблағ билан таъминлаш орқали ҳукуматнинг наздидаги мўътадил исломни тарғиб қилишга уринди. Муфтият эса ўз навбатида мамлакатдаги ислом иерархияси ва имомлар ўқийдиган маърузалар мазмуни ва нашр этиладиган исломий материалларни назорат қилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси (ДИҚ) рўйхатга олинган диний фаолиятни назорат қилиб турди ва барча турдаги диний адабиётларни тасдиқдан ўтказди. Ҳукумат оз сондаги норасмий, мустақил масжидларга расмий имомлар кузатувида ишлашга рухсат берди.

Қонун барча диний гуруҳ ва жамоаларнинг рўйхатдан ўтишини талаб этади ва бунинг учун, жумладан, ҳар бир гуруҳ Адлия вазирлигининг маҳаллий бошқармасига камида 100 нафар маҳаллий фуқаронинг рўйхатини тақдим этиши, ҳамда жамоаларнинг ҳақиқий юридик манзили бўлиши лозимлиги сингари қатъий ва мушкуллаштирувчи мезонларни қўяди. Бу ва шунга ўхшаш кўплаб бошқа талаблар, масалан, гуруҳ низомида грамматик хатолар мавжудлиги ҳукуматга бундай гуруҳларни рўйхатга олмаслик учун техникавий бахоналарни топиш учун имкон берди. Бу ҳолат давлат назоратида бўлмаган масжидларда ибодат қилмоқни истаган мусулмонлар, шунингдек, рўйхатга олинмаган христиан черковлари ва бошқа диний гуруҳларнинг аъзолари фаолиятига тўсқинлик қилди.

Рўйхатга олинмаган ҳар қандай диний ташкилотнинг диний хизмати ноқонуний саналади. Милиция вақти-вақти билан бундай рўйхатга олинмаган гуруҳларнинг хусусий уйларда ўтказиладиган йиғинларини тарқатиб юборган. Баъзан протестант христиан жамоаларнинг айрим аъзолари ҳибсга олиниб, маъмурлар томонидан калтакланган.

Қонун бўйича бошқа динга оғдириш (прозелетизм) жиноят ҳисобланиши натижасида айниқса евангелик баптистлар ва Иегова Гувохларига қарши бир неча жиноий ишлар қўзғатилди. Ҳукумат 2006 йилги қонун тақиқларидан фойдаланган ҳолда христиан пасторини диний фаолият олиб боришда айблаб, ҳукм қилди. 9 мартда Андижон вилоят жиноий ишлар бўйича суди Элликчилар Евангелия черкови етакчиси бўлмиш пастор Дмитрий Шестаковни ноқонуний диний гуруҳ тузиш, диний адоватни қўзғаш, ҳамда диний эктремистик руҳдаги адабиётни тарқатишда айбдор деб топиб, аҳлоқ тузатиш колониясида тўрт йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 25 майда ўтказилган иккинчи суд жараёнидан сўнг маъмурлар Шестаковни Навоий вилоятидаги қаттиқ режимли колонияга ўтказишди.

Йил давомида рўйхатдан ўтган диний жамоалар сони учтага кўпайиб, 2 220 га етди, бундан 2 048 тасини мусулмон жамоалари ташкил этди. Бир қанча протестант черковлари, яъни Тошкент, Чирчиқ, Самарқанд, Нукус, Гулистон, Андижон ва Ғазалкентдаги черковлар рўйхатдан ўтмаганлигича қолди. Бир неча, асосан евангелик черковлар ҳукумат уларни барибир рўйхатдан ўтказмайди деган ҳаёлда ҳаттоки хужжатларини рўйхатдан ўтказиш учун ҳам топширишмади. Шунингдек улар ўз аъзоларини рўйхатини, айниқса этник келиб чиқиши ўзбек бўлган аъзоларнинг номларини фош этишдан қўрқишди. Аъзоларининг сони кам бўлган бошқа гуруҳларнинг айтишларича, улар рўйхатдан ўтиш учун ариза топшириш натижасида маъмурлар эътиборига тушишни исташмади, бунинг устига улар хужжатлари қонуний меъёрларга мос тушишига шубҳа билан қарашди.

Иегова Гувоҳлари маҳаллий, вилоят ва миллий миқъёсда рўйҳатдан ўтиш учун хужжат топширишди, бироқ на рад жавоби, на расмий тасдиқ олишга муваффақ бўлишди.

Диний сабабларга кўра ҳибсга олинган мусулмонларнинг аксарияти конституцияга қарши фаолият ва "диний экстремистик, сепаратист, фундаменталист ёки бошқа тақиқланган ташкилот" да иштирокда айбланган, бу эса ўз ичига ҳам сиёсий, ҳам диний экстремизм айбловларини олади. Ушбу айблов остида ҳибсга олинган кишиларнинг аксарияти ХТга аъзо бўлишда айбланган. Ҳукумат шунингдек Ваҳҳобийлар номи билан танилган бошқа гуруҳ аъзоларини ҳам ҳибсга олди. Экстремизмда айбланиб ҳибсга олинган шахсларнинг аксарияти қийноқ, калтаклаш, хусусан, оғир қамоқ шароити каби қўпол муносабатларга дуч келганлар. Уларга асосан 7 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси тайинланган ва улар ишсиз қолганлар. Хабарларга кўра, қамоқхона раҳбарлари исломий экстремизмда айбланган кўплаб махбусларга ўз диний рукнларини адо этишига рухсат бермаган, баъзи ҳолларда эса уларга ўзлари билан Куръон сақлаш ҳам тақиқланган. Хабарларга кўра, маъмурлар қамоқхона қоидаларига қарамай ўз диний фарзларини бажаришга интилган ёки қамоқхона қоидаларига нисбатан норозилик билдирган маҳбусларни бир кишилик хонага жойлаштириб, калтаклаш билан жазолаган.

Аввалги йиллардан фарқли равишда, ҳукуматнинг художўй мусулмонларни ўз диний қарашларини ташқи воситалар билан ифода этиши асосида, жумладан, соқол қўйган, ҳижоб ўраган ва масжидга мунтазам қатнаган шахсларни ҳибсга олгани ёки таъқиб қилгани ҳақида хабарлар бўлмади. Қонунга кўра, жамоат ичида диний ташкилотларда ишлайдиганлар кишилардан ташқари шахсларга диний либос кийиш тақиқланади, лекин бу қоида амалда тадбиқ этилгани кузатилмади. Хабарларга кўра, маъмурлар имомларга болаларнинг масжидларга айниқса рамазон ойида бориши номақбуллиги ҳақида кўрсатмалар берган ва милиция вақти-вақти билан болаларни жума намозида қатнашишига йўл қўймаган.

28 майда Тошкент вилояти жиноий ишлар бўйича суди Абдумалик Ибрагимовга Акромия гуруҳининг аъзолиги айбини қўйди ва 8 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Декабрда Андижон шаҳри Бош прокуратураси Анваржон Маҳсадалиевни Акромия гуруҳига аъзолик ва 2005 йилги Андижон шаҳрида бўлиб ўтган воқеаларга таалуқлилик айби остида жазога тортди.

18 апрелда Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди Гулнора Валижоновани ХТга аъзолик айби билан 6 йиллик қамоқ муддатига ҳукм қилди. Худди шу суд жараёнида ХТга аъзоликда айбланган яна етти нафар аёлларнинг иши кўрилди, лекин уларга шартли жазо муддати тайинланди. Суд жараёнини кузатган инсон ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, ҳукумат уларнинг ХТга аъзолигини тасдиқловчи далиллар кўрсата олмаган ва бу аёлларнинг ҳар бири қайсидир оила аъзоси эктремизмда айбланиб қамоқда бўлгани сабаблигина нишонга олингани фош бўлган. 11 апрелда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яна етти нафар аёл ХТ га аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган. Тошкентда судга тортилган аёллар сингари ҳам, бу аёлларнинг барчаси экстремизмда айбланиб қамалган кишиларнинг рафиқалари, оналари ёки бошқа яқин қариндошлари эди.

Октябрда Бухоро суди саккиз нафар кишини уч йилдан ўн йилгача бўлган муддатга ХТга аъзо бўлгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилди. Кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, милиция судланувчиларни дастлабки тергов жараёнида қийноққа солган.

Декабрда Хоразм вилояти суди уч нафар эркакни келиб чиқиши жанубий осиёлик бўлган "Жамоати Таблиғ" ислом гуруҳига аъзоликда айблаб, уларнинг ҳар бирига ўн бир йилдан ўн тўрт йиллик муддатга қамоқ жазоси тайинлади.

Ҳукумат ўзининг оммавий баёнотларида 2005 йилнинг 13 май кунига тааллуқли равишда судланганлар, ҳибсдагилар ва ҳалок бўлганларнинг барчасини диний экстремистлар деб атади. 2005 йилда судланган 187 нафар кишиларга қўшимча равишда 2006 йилда қарийб 70 нафар шахс Андижон воқеалари муносабати билан турли айблар, жумладан ислом экстремизми, қотиллик, терроризм ва антиконституциявий фаолиятда айбланиб суд қилинган. Андижондаги воқеалар билан боғлиқ бўлган барча судлар ташқи кузатувчилар учун ёпиқ бўлган, бунинг оқибатида жиноий ишлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар, шу жумладан судланувчиларнинг номлари ва ҳукмларнинг оғирлиги аниқланмаган.

Тошкентлик собиқ имом Обидхон Назаровнинг ислом экстремизми айблови билан суд қилиниб, ўрта ҳисобда олти йиллик қамоқ муддатига ҳукм этилган етти нафар издошларининг жиноий ишлари бўйича ўзгариш бўлмаган. Суд саккизинчи судланувчи Шоирмат Шорахметовни руҳий касаллар шифохонасига жойлаштиришга ҳукм қилган. Тўққизинчи судланувчи бўлмиш Тошкентлик собиқ имом Руҳиддин Фаҳруддинов эса 1999 йилги Тошкентдаги портлашларда иштирок этиш, ҳамда диний экстремизмда айбланиб, 2006 йилнинг сентябрида 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Мусулмонларни ўз динига даъват этган ёки жамоа аъзолари орасида этник мусулмонлар бўлган христианлар кўпинча расмий таъқиблар, ҳуқуқий чоралар ёки баъзи ҳолларда ёмон муносабатга дуч келишган. Қонун ўз динига оғдиришни тақиқлайди ва диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш, ҳамда тарқатишни қатъиян ман этади.

15 январда милиция Пресвитериан черкови хусусий уйда ўтказаётган хизматига уютирган рейд давомида 18 нафар диндорларни ҳибсга олди. Расмийлар уларнинг бир нечтасини маъмурий жавобгарлик кодексини бузишда айблаб, жарима солди. 10 майда Нукус шаҳар жиноий ишлари бўйича суди ушбу ҳисбга олинганлардан бири бўлмиш Салават Серикбаевни диний таълимотни ноқонуний тарқатганликда айблади, лекин унга икки йиллик шартли жазо тайинлаган тарзда озод қилди, ҳамда бу жазо кейинчалик бир йилгача қисқартирилди.

Иегова Гувоҳлари айниқса синчков назорат остида бўлди ва унинг аъзолари вақти-вақти билан суд жарималари ва динни тарғибот қилиш айбловлари остида ҳибсга олиш ҳолларига дуч келишди. 6 июнда ҳукумат Иегова Гувоҳларининг Самарқанд бўлими аъзоси Дилафрўз Арзиевани диний таълимотни ноқонуний тарқатганликда айблади ва икки йил аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазосини белгилади.

29 ноябрда Наманган вилоят Поп тумани жиноят ишлари суди Поп яқинидаги Халқобод шаҳарчасида жойлашган, рўйхатдан ўтмаган кичик Баптистлар черковининг етакчиси Николай Зулфиқоровни диний таълимотни ноқонуний тарқатганликда айблади ва жазо сифатида икки йил аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этишни белгилади. 27 декабрда Зулфиқоров Наманган жиноий ишлар апелляцион суди томонидан амнистия қилинди.

Қонун диний таълим бериш ҳуқуқини расмий рухсатномаси мавжуд бўлган диний мактаблар ва давлат тасдиғидан ўтган ўқитувчиларгагина бериб чегаралайди ва вояга етмаганларни ота-она рухсатисиз хусусий равишда ўқитиш ёки билим беришни тақиқлайди. Мамлакатда диний уламоларни тайёрлайдиган ўқиш даргоҳлари кам сонли бўлган бир вақтда, келажакда фаолиятини диний даргоҳлар билан боғламай, фақатгина ўз динини ўрганмоқчи бўлганлар учун имкониятлар жуда чегараланган.

Ҳукумат диний адабиётларнинг нашр этилиши, четдан келтирилиши ва тарқатилишини назорат қилиш билан бирга, диний цензура номақбул деб топган адабиётни нашр этмаслик ёки четдан келтирилмасликка ундади ва баъзи вақти-вақти билан тўсқинлик ҳам қилди. Ҳукумат ҳар бир маҳаллий нашрда уни чоп этаётган давлат идорасининг номи кўрсатилишини талаб этди. Экстремистик деб саналган адабиётларга эга бўлиш ҳибсга олиниш ва айбланишга асос бўлиши мумкин эди. Диний адабиётларни ноқонуний тарзда нашр қилиш, сақлаш, четдан олиб келиш ёки тарқатиш энг кам иш ҳақининг 100 дан 200 баробарида жарима солиниши ёки уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазосининг белгиланишига олиб келиши мумкин. Ҳукумат қонунга хилоф равишда четдан келтирилган диний адабиётларни мусодара этиб, йўқ қилди. Жиноят кодекси ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари "ирқий ва диний адоватни қўзғашга даъват этувчи адабиётлар"ни нашр қилиш ва тарқатиш учун жазони кўзда тутади.

Ижтимоий суистеъмолликлар ва камситиш ҳоллари

Умуман олганда, жамият бошқа динга оғдириш ҳолларидан ташқари диний хилма-хилликка нисбатан бағрикенгдир. Айниқса, мусулмон, рус провослав, рим католиклари, ҳамда яҳудий ҳамжамиятлари етакчилари жамиятда муносабат юқори даражада эканлиги ҳақида хабар беришди. Протестант ёки Элликчилик черковлари, ҳамда аъзолигида мусулмонликдан христианликка ўтган ўзбек миллатига мансуб кишилар бўлган черковлар ижтимоий камситиш туфайли қийинчиликларга дуч келишган. Христианликка ўтган ўзбек миллатига мансуб кишиларни камситиш, ҳамда таъқиб қилиш ҳоллари ҳакида хабарлар кўп бўлган.

Антисемитизм ҳоллари ҳақида хабарлар бўлмаган. Рўйхатдан ўтган саккизта яҳудийлар жамоаси мавжуд ва кузатувларга қараганда Тошкент, Самарқанд ва Бухорода яҳудий аҳолисининг тахминан 15000-20000 вакили истиқомат қилади. Уларнинг сони асосан иқтисодий сабабларга кўра эмиграция қилиш туфайли қисқариб борган. Бу йили ХТ аъзолари антисемитик варақаларни тарқатганликлари ҳақида хабарлар бўлмаган. Гарчи халқаро матбуот 6 сентябрда машҳур "Илҳом" театрининг директори Марк Вайлнинг ҳали ҳам очилмаган ўлими ҳақидаги илк хабарларида антисемитизм асослари тўғрисида мулоҳазалар билдиришган бўлишсада, мазкур ўлимда антисемитик тус борлиги ҳақида далиллар топилмаган.

Батафсилроқ маълумотни "Диний эркинлик бўйича халқаро ҳисобот"дан олиш мумкин.

д. Ҳаракат эркинлиги, мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлган шахслар, қочоқлар ҳимояси ва фуқаролиги йўқ шахслар

Конституция ва қонун мамлакат ичида ва чегарадан ташқарида эркин ҳаракат қилишни кафолатлайди, бироқ, амалда ҳукумат бундай ҳуқуқни қаттиқ чеклаган. Бошқа шаҳарга кўчиш учун маҳаллий ҳукумат аъзоларидан рухсат олиш талаб этилган. Ҳукумат камдан-кам ҳолларда Тошкентга кўчиб ўтишга рухсат берган. Маҳаллий кузатувчиларнинг хабарларига кўра, кўчиш учун зарур бўладиган хужжатларни олиш учун фуқаролар 80 АҚШ долларигача миқдорда (100000 сўм) пора беришга мажбур бўлганлар.

Ҳукумат фуқароларнинг чет элга чиқиши ёки эмиграция қилиши учун чиқиш визаси олишларини талаб этган ва умуман олганда визани берган, лекин шу вақтнинг ўзида, маҳаллий маъмурлар кўпинча чиқиш визасини бериш учун кичик миқдорда пора сўраган. 2005 йилда ҳукумат фуқароларнинг мамлакатдан чиқишлари учун уларнинг яшаш жойларидаги маҳаллий маъмурлардан махсус муҳр урдириб келишларини талаб этадиган янги рўйхатга олиш тизимини жорий этди. Умуман олганда, фуқаролар қўшни мамлакатларга чиқишда давом этдилар ва янги муҳр талаби ҳамма жойда бир хил қўлланилмади. Афғонистонга ер усти транспортлари орқали ўтиш қийинлигича қолди, чунки ҳукумат Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадош катта қисмида, жумладан, чегарадош Термиз шаҳрида ҳаракат чекловларини қўйишда давом этди. Фуқаролар чегарадан ўтиш учун миллий хавфсизлик хизматидан рухсатнома олишлари зарур бўлган, лекин афғонлардан Ўзбекистон ҳудудига савдо-сотиқ қилишга кириш учун визадан ташқари бошқа рухсатномалар талаб қилинмаган.

Январда маъмурлар Туркияга конференцияда қатнашиш учун сафар қилишни режалаштирган инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳмаджон Мадмаровнинг паспортини олиб қўйгани ҳақида хабарлар бўлган. Бир кун аввал эса, нотаниш кимса инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Салима Қодировага ҳужум қилиб, уни калтаклаган ва паспорти, ҳамда самолетга билетини ўғирлаган.

Март ойидан то йилнинг охиригача маъмурлар вақтинчалик Швецияда истиқомат қилувчи ўзбек фуқароси, "Бирлик" мухолифат партиясининг етакчиси Пўлат Ахуновга янги паспорт беришдан бош тортишди. Фуқаролардан 25 ва 45 ёшга бўлганда паспорт янгиланиши талаб қилингани туфайли, Ахунов Андижонга янги паспорт олиш учун сафар қилган. Хабар беришларича, маъмурлар янги паспорт беришни бир неча марта хеч бир изоҳсиз кечиктиришгани натижасида Ахунов Швецияга қайтиб кета олмаган.

Майда маъмурлар иккинчи маротаба Tribune.uz янгиликлар вебсайтининг собиқ муҳаррири журналист Аъло Ходжаевга чиқиш визасини беришни рад этди. 2006 йилнинг май ойида маъмурлар Ходжаев ва яна бир журналист, Алишер Таксановга чиқиш визасини беришдан бош тортган эдилар. Ходжаев 2006 йилнинг июлида рафиқаси автомашина билан уриб кетилганидан бир оз ўтгач вебсайтини ёпиш ҳақида огоҳлантириш олгач, Tribune.uz ни ёпган эди.

Чет элликлар одатда муддати ўтмаган виза билан мамлакат ичида тўсиқсиз ҳаракат қила олганлар, бироқ, ташриф буюрувчилардан Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилоятига кириш учун махсус рухсатнома талаб этилган.

Қонун куч ишлатиб мамлакатдан чиқариб юборишни очиқ-ойдин тақиқламайди ва умуман олганда ҳукумат ҳам бундай йўл тутмади. Йил охиригача мухолифатдаги бир неча сиёсий арбоблар, ҳамда инсон ҳуқуқ ҳимоячилари иҳтиёрий равишда қувғинда қолишди.

Қонун икки фуқароликка рухсат бермагани боис, эмиграция ва ватанга қайтиш чегараланган. Амалда, юртига қайтаётган фуқаролар ҳукумат органларига чет элда бўлган вақтларида бошқа фуқаролик олмаганликларини исботлашлари керак бўлган, акс ҳолда эса улар жиноий таъқибга учраганлар. Кўпинча фуқаролар икки фуқароликка эга бўлган ва ҳеч бир муаммосиз саёҳат қилганлар. Айрим ҳолларда, илгарироқ эмиграция қилган ва/ёки чет элдалик вақтида хорижий фуқароликни олган шахслар собиқ Совет мамлакатларидан чиқиш вақтида қийинчиликларга дуч келишган, чунки ушбу мамлакатлар Ўзбекистоннинг чиқиш визасини талаб қилганлар.

Қочоқлар ҳимояси

Қонун 1951 йилдаги Қочоқлар мавқеига тегишли БМТ Конвенциясига, ҳамда унинг 1967 йилдаги Протоколига мувофиқ қочоқларга бошпана ёки қочоқ мавқеини бермайди ва ҳукумат қочоқларни ҳимоя қилишни таъминлашга оид тизим ишлаб чиқмаган. Амалда, ҳукумат кочоқларни таъқибга учраш эҳтимоли бор бўлган мамлакатга мажбуран жўнатиш ҳолатига қарши баъзи ҳимояларни таъминлаган. Шундай бўлсада, январ ва март ойлари, ҳамда август ва сентябр ойлари ўртасида ҳукумат БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий Коммисари Бошқармаси (ҚОКБ) томонидан қочоқ мақоми берилган афғон фуқароларини мамлакатдан мажбуран чиқариб юборгани ҳақида хабарлар бўлган. Амалда ҳукумат қочоқлар ва бошпана изловчиларга кўмак беришда БМТ ҚОКБ билан ҳамкорлик қилмади.

Йил давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ривожланиш Дастури (БМТРД) мамлакатда қолган тахминан 1000 нафар қочоқларни ўрганиш ва уларга янги истиқомат жойларини бериш бўйича кўмаклашишни давом эттирган. Шунингдек, БМТРД ҳукумат БМТ ҚОКБ нинг Тошкентдаги офисини 2006 йилнинг апрелида ёпишга мажбур этган вақтидан бери бажариб келаётган баъзи гуманитар вазифаларини давом эттирди. БМТ ҚОКБ 2005 йили Андижон бўлиб ўтган ғалаёндан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтган ўзбек қочоқларига ёрдам берган.

Март ойида Ташқи ишлар вазирлиги БМТРД га БМТ ҚОКБ нинг мандатига эга бўлиш қонуний резидентлик ҳуқуқини узайтириш учун асос бўла олмаслиги, шундай мандатларга эга шахслар тегишли визани олиш учун хужжат топширишлари кераклиги, акс ҳолда эса депортация қилинишларини маълум қилди. Бу билан ҳукумат 1951 йилдаги Қочоклар мавқеига тегишли БМТ Конвенциясига, ҳамда унинг 1967 йилдаги Протоколига қўшилмаган бўлишига қарамай, БМТ ҚОКБ билан 1999 йилдан буён кучда бўлган келишувини гўёки тугатгандай бўлди.

Ҳукумат афғон ва тожик қочоқларини иқтисодий мигрантлар сифатида кўрган. Ўз мавқеъларини қонуний резидентлар каби мувофиқлаштиришни истаб мурожаат қилган ушбу қочоқлар таъқибга дучор бўлишган ва улардан пора талаб қилинган. Бундай кишилар хужжатлари жойида бўлмаган тақдирда, мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин эди. Тожик қочоқларининг кўпчилиги этник ўзбеклардир, улар афғон қочоқларига қараганда маҳаллий аҳолига мослашиб кетган ва маҳаллий аҳоли ҳам уларни қўллаб-қувватлаган. Гарчи кўпгина тожик қочоқлари ижтимоий жиҳатдан камситилмаса-да, кўпларида Тожикистоннинг эмас, бор-йўғи Совет паспорти бўлгани сабабли фуқаролиги бўлмаган шахсларга айланиш эҳтимоли туғилди.

Йил давомида афғон қочоқларини таъқиб қилиш сезиларли равишда кучайди. Март ва феврал ойларида милиция афғон қочоқларини тутиб олиб, уларнинг БМТ ҚОКБ нинг мандат сертификатларини кучга эга эмас дея, йиртиб ташлагани ҳақида камида ўнлаб хабарлар бўлди. Январдан мартга қадар тўрт марта Афғонистонликларни депортация қилингани ҳақида хабарлар бўлган. Йилнинг охиригача эса депортация қилинган афғонларнинг иккитаси яна Ўзбекистонга қайтгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Хабарларга қараганда, афғон қочоқлари август ва сентябрда яна депортацияга дуч келган. БМТ ҚОКБ нинг хабарига кўра, афғон қочоқлари қонуний ишга жойлашишга ҳақли эмас, шу боис уларнинг кун кечириш учун маблағлари чекланган.

Февралда Хитойнинг Урумчи шаҳрида суд БМТ ҚОКБ нинг қочоқлик мандатига эга бўлган Хусайн Жалилни айирмачилик ва терроризм билан шуғулланганликда айблаб ҳукм чиқарди. 2006 йилнинг июнида Хитойга экстрадиция қилингандан сўнг Жалил айбга иқрорлик хатини қийноқлар остида имзолаганини тасдиқлади. Канада фуқароси бўлмиш Жалил Ўзбекистонга рафиқасининг оиласини кўришга келган вақтида ҳибсга олинган эди. Аслида, у 90-йилларнинг ўрталарида Хитойда сиёсий фаолият олиб боргани, жумладан, Хитойдаги озчилик ҳисобланувчи уйғурларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун ҳибсга олингач, Марказий Осиёга қочиб келган эди.

Ҳукумат бир қанча бошқа мамлакатларга ҳам ўша давлатда БМТ ҚОКБ ҳимоясида бўлган ўзбек фуқароларини куч ишлатиб Ўзбекистонга қайтариши учун босим кўрсатди. Масалан, Россия Федерациясининг миграция хизмати деярли 20 ойлик муддат давомида Иваново туманининг ҳибсхонасида сақланиб, 5 март куни озодликка чиқарилган 12 нафар фуқарога Россияда қолишга рухсат бермади. Ўзбек ҳукумати ушбу 12 шахсни 2005 йилда Андижонда бўлиб ўтган ғалаёнларда иштирок этганликда айблади ва уларни экстрадиция қилишни талаб этди. Уларнинг адвокатлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Судига даъво билан мурожаат этишди. Халқаро Амнестия (Amnesty International)га кўра, 13 июнда ўзбек МХХ вакиллари эканлиги тахмин қилинган шахслар Муҳамадсолиҳ Абутовни Москва вилоятининг Красногорск шаҳарчасидаги уйи ташқарисида тутиб олиб, маҳаллий милицияга топширишган. Гарчи Абутов БМТ ҚОКБ га қочоқ мақомини олиш учун мурожаат қилган бўлсада, хабарларга қараганда, милиция унинг аризасини қайтариб беришдан бош тортган. 26 июнда шаҳар суди уни Ўзбекистонга депортация қилиш мақсадида ҳибсда сақлашни давом эттириш ҳақида қарор чиқарди. Дастлабки тергов участкасига ўтказилгандан сўнг, Абутов Россия Федерациясидан бошпана сўраб мурожаат этди. 30 августда Москва вилоят суди Ўзбекистонда диний сабабларга кўра таъқибга учраганини таъкидловчи Яшин Джураевни экстрадиция қилиш ҳукмини чиқарди. 5 декабрда Россиянинг Тюмен вилояти расмийлари Ўзбекистонда 1999 йилдан бери диний экстремизмда айбланиб қидирувда бўлган Абдуғани Камалиевни депортация қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Судининг Камалиев Ўзбекистонда қийноқларга дучор бўлади, дея эътироз билдиришига ҳам қарамай, Камалиев рус фуқаролигидан маҳрум этилди, ҳамда Ўзбекистонга депортация қилинди.

2006 йилнинг Украина расмийлари томонидан ўзбек ҳукумати Андижондаги воқеаларга алоқадорликда айблаган ўн нафар бошпана изловчи шахсларнинг Ўзбекистонга қайтарилиб юборилиши, 2006 йилнинг 9 августида Қирғизистон расмийлари томонидан Андижон воқеаларидан кейин қочиб кетган, БМТ ҚОКБ мандатига эга бўлган тўрт нафар кочоқ ва битта бошпана изловчи шахснинг депортация қилиниши, ҳамда 2005 йилда Қозоғистон расмийлари томонидан айримлари БМТ ҚОКБ рўйхатидан ўтган тўққизта бошпана изловчи ўзбек шахсларининг Ўзбекистонга қайтариб юборилиши каби мамлакатдан куч билан чиқариб юбориш ҳоллари ўзгаришларсиз қолди.

Ўтган йилларда мавқеи ноаниқ бўлган бир неча шахслар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган. Кўпинча, бундай шахслар қаторига мустақилликдан сўнг ҳукумат орқали хужжатларини керакли тарзда расмийлаштирмаган ва ҳозирда тинимсиз равишда муаммоларга дуч келаётган кишилар киради.

3-бўлим. Сиёсий ҳуқуқларга риоя этиш: фуқароларнинг ўз ҳукуматларини ўзгартириш ҳуқуқи

Қонун фуқароларга ўз ҳукуматларини ўзгартириш ҳуқуқини беради; бироқ амалда буни тинч ва демократик воситалар билан амалга ошириб бўлмаган. Ҳукумат ўз фикрини ифода этиш эркинлигини қаттиқ чегаралаб, муxолифатни репрессия қилган. Ҳукумат ўта марказлашган бўлиб, фармонлар чиқариш, қонун лойиҳаларини тақдим этиш, шунингдек ҳукуматдаги лавозимларга тайинлаш, иқтисоднинг аксарият қисмини ва хавфсизлик кучларини тўлалигича бошқариш каби кенг ваколатларга эга бўлган Президент Каримов, ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бошқарилади.

Сайлов ва сиёсий жараёнда қатнашиш

23 декабрда Президент Каримов учинчи муддатган қайта сайланди. Сайлов демократик жараённинг баъзи тартибий белгиларини намоён этган бўлсада, умуман олганда халқаро демократик андозаларига жавоб бермади. Декабрда ЕХҲТ нинг Сайловларни кузатиш бўйича чекланган миссияси (СКЧМ) ташриф буюрди ва мазкур сайловда аввалги президент сайловларига қараганда кўпроқ номзодлар (умумий сони тўртта) иштирок этганлигини, шу жумладан, бир аёл кишининг номзоди ва ташаббускор гуруҳдан партиясиз номзод кўрсатилганлигини таъкидлади. Бироқ, СКЧМ ушбу сайловда барча номзодлар амалдаги президентни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаганлари сабабли сайловчилар ҳақиқий танлаш имкониятига эга бўлмаганлари, ҳамда сайловолди ташвиқотида ғоялар ва сиёсий қарашларнингҳақиқий мусобақаси мавжуд бўлмагани ҳақида хулоса чиқарди. Маъмурий тўсиқлар бошқа номзодларнинг сайловда иштирок этишига йўл қўймади ва Ўзбекистон ҳукумати оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилди. СКЧМ овозларни санаш жараёнида тартибий муаммолар ва тартиббузарликлар бўлганини таъкидлади. Бошқа кузатувчилар ушбу сайловни эркин ва ҳаққоний деб атади, лекин уларнинг шарҳлари етарлича ишончли эмас.

2002 йилдаги Парламент қарори билан 23 декабр сайлов куни деб тайинланди. Баъзи инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаолларининг фикрича ушбу қарор Конституцияга зид, чунки Президент Каримовнинг ваколати унинг қайта сайланганига етти йил тўлган кун, яъни 9 январда, ёки унинг инаугурациясига етти йил тўлган кун, яъни 22 январда тугаган. Конституция президентларга учинчи марта қайта сайланишни ман этади, гарчи ҳукумат ушбу очиқ ва равшан зиддиятни ҳеч қачон оммавий тарзда шарҳламади.

Президент Каримов 2000 йилда иккинчи муддатга қайта сайланган. ЕXҲТ эркин ва одил сайловолди шароити яратилмагани боис, президент сайловларини кузатишдан бош тортган. 2002 йилдаги кўплаб халқаро ташкилотлар ва хорижий элчиxоналар кузатишни рад этган референдум, президентлик муддатини беш йилдан етти йилга узайтирди.

30 августда Президент Каримов кейинги парламент сайловлари 2009 йилда бўлишини эълон қилди. 2004 йил декабрида парламентнинг қуйи палатасига бўлиб ўтган сайловлар натижасида кўпчилик ўринлар ҳукумат тарафидаги партиялар томонидан эгалланган ва бу сайловлар ЕXҲТ томонидан демократик сайловларнинг xалқаро андозаларига етарли даражада жавоб бермади, деб топилган. 2005 йилнинг январида парламентнинг янги юқори палатаси бўлмиш Сенатнинг 84 аъзосидан 16 нафари шахсан Президент Каримов томонидан тайинланган; палатанинг қолган аъзолари эса вилоятлар кенгашлари томонидан танланган.

Қонун бўйича муxолиф партияларни ташкил этиш, улар томонидан номзодларни илгари суриш ва кампаниялар уюштириш ниҳоятда мураккабдир. Янги партияни рўйxатга олиш учун йигирма мингта имзо тўплаш талаб қилинади. Номзодни рўйxатга олиш тартиби ҳам мураккаб бўлиб, Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) рўйxатга олишни рад этиши мумкин. МСК президентликка номзодларни "xалқ соғлиги ва маънавиятига зарар келтиради" деб топса, уларнинг номзодини рўйхатга олишни рад этиши эҳтимоли бор. МСК қарори устидан шикоятга ўрин бўлмайди. Қонун Адлия вазирлигига партиялар фаолиятини суд қарорисиз 6 ойгача муддатга тўxтатиб қўйиш ваколатини беради. Шунингдек, ҳукумат рўйхатдан ўтган партияларни молиялаштиришни назорат қилиш йўли билан уларни бошқаради. Вазирлар Маҳкамаси 2005 йил мартида Адлия вазирлигига сиёсий партияларга давлат маблағларининг келиб тушишини назорат қилиш ваколатини берадиган фармон қабул қилди. Фармонга кўра, Адлия вазирлиги партияларнинг парламентдаги фракциялари хажмига кўра, ҳамда вазирликнинг, жумладан партия ўз низомига мувофиқ ишлаётганлиги хусусидаги фикрига асосланиб, партияларнинг молиялаштиришига тузатишлар киритиши мумкин.

Рўйxатга олинган сиёсий партиялардан ташқари, 300 ва ундан ортиқ аъзоси бўлган фуқаролар ташаббускор гуруҳлари парламентга ва президент сайловига номзодларини ўртага қўйишлари мумкин. Ташаббускор гуруҳлар сайлов участкасидаги камида 8 фоиз сайловчининг имзосини тақдим этиш орқали парламентга ўз номзодини қўйишлари мумкин. Президентликка номзодлар учун ташаббускор гуруҳлар битта вилоятнинг камида 5 фоизи, бироқ 8 фоиздан ошмаган сайловчининг имзосини тақдим этиши керак ва бундай имзолар камида Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон вилоятини ичига олган ҳолда 8 та вилоятда тўпланиши лозим. МСК сентябрда 300,000 та имзо кераклигини эълон қилди, ваҳоланки, инсон ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра имзолар сони юқорироқ, яъни 700,000 та атрофида, ҳукумат назоратидаги вебсайтга кўра эса 815,000 та бўлиши керак эди. Президентликка номзодлар аризалари сайловдан роппа-роса 45 кундан 65 кун аввал топширилиши мумкин. Икки нафар рўйхатдан ўтган, ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватланган сиёсий партиялар ўз номзодлари ўтиши учун етарлича овоз йиға олишмади. Шундай қилиб, жами тўрт нафар президентликка номзодлар иштирок этди: амалдаги Президент Каримов билан ҳисоблаганда уч нафар номзод рўйхатдан ўтган, ҳукумат қўллаб-қувватлаган партиялар томонидан кўрсатилди, яна бири эса "ташаббускор" гуруҳ томонидан олға сурилди.

Рўйxатга олинган партиялар ёки ташаббускор гуруҳлардан ташқари, ташкилотларга сайловолди кампаниясида қатнашиш тақиқланган ва номзодларга фақатгина сайлов комиссиялари ташкил этган учрашувларда қатнашишга руxсат берилган. Президентликка сайловолди кампанияси пайтида плакатларни тайёрлаш ва нашр этиш ҳуқуқига факатгина МСК эга.

Қонун судьялар, прокурорлар, МXX мансабдор шахслари, ҳарбий хизматчилар, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шаxсларни сиёсий партияларга аъзо бўлишини тақиқлайди. Қонун диний ёки этник негизга асосланган, мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, шунингдек, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларига қарши бўлган; уруш ёки ижтимоий, миллий, ёки диний адоват қўзғатувчи, ёки ҳукуматни ағдариб ташлашни кўзловчи партиялар тузишни ман этади.

31 январда милиция "Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси" вакили Жаҳонгир Шосалимовнинг рафиқасини ҳибсга олди; бу ҳодиса Шосалимов ўзининг президентликка номзодини қўймоқчи эканлигини эълон қилиш учун ўтказмоқчи бўлган пресс анжумандан етти соат аввал содир бўлди. Хабарларга қараганда, милиция Шосалимовга хотинининг озодлиги эвазига пресс анжуманни ўтказмаслик ҳақида айтган. Бундан аввалроқ, январ ойида, Шосалимов Президент Каримовнинг декабрда бўлиб ўтиши керак бўлган сайловларга қадар президентлик мансабини эгаллашига қарши чиқиб, Олий Судга ариза топширишга ҳаракат қилган эди. Суд алоҳида шахс томонидан ёзилган аризаларни қабул қилмаслиги айтиб, аризани рад этди.

Ноябрда "Бирлик" мухолифат партияси рўйхатга олишлари учун Адлия вазирлигига олтинчи марта мурожаат килган, бироқ вазирликдан жавоб олмаган. Маъмурлар ушбу муxолиф партиясини охирги сафар 2005 йил апрелда рўйxатдан ўтказишдан бош тортган. 2005 йил Андижон воқеалари муносабати билан ҳибсга олинган ва қамоққа ташланганлар орасида "Бирлик" аъзолари ҳам бўлган. Тўртта рўйхатга олинмаган партиялардан учтасининг раҳбарлари, яъни "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ (1999 йилда сиртдан терроризмда айбланиб судланган), "Бирлик" партияси раҳбари Абдураҳим Пўлат ва "Озод Дехконлар" партияси раҳбари Бобур Маликов кўнгилли қочқинликда қолишган. Тўртинчи рўйхатдан ўтмаган партия "Қуёшли Ўзбекистон" нинг асосчиларидан бири бўлмиш Санжар Умаров қамоққа ташланган.

Парламентнинг қуйи палатасининг 120 аъзосидан 21 нафари аёл бўлган, 100 кишилик Сенатда эса 15 нафари аёл бўлган. 28 аъзога эга Вазирлар Маҳкамасида битта аёл бўлган.

Парламентнинг қуйи палатасида 9 нафар,Сенатда эса 15 нафар этник озчилик вакиллари ўрин эгаллаган; Вазирлар Маҳкамасидаги этник озчилик вакилларининг сони ҳақида маълумот бўлмаган.

Ҳукуматда коррупция ва транспарентлик (шаффофлик)

Жамиятда, хусусан ижро этувчи ҳокимиятда коррупция мавжудлиги ҳакидаги тушунча омма орасида кенг тарқалган. Абитуриентлар нуфузли ўқув муассасаларига ўқишга пора бериб кира олиши умумий тушунчага айланиб қолган. Бундан ташқари, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида пора олиш кенг тарқалгани билан бир қаторда, фуқаролик ишлари бўйича суд жараёнларида судьяларга пора бериш орқали суд жараёни натижаларига таъсир кўрсатиш ҳоллари ҳакида хабарлар бўлган. Лекин шу билан бирга, алоҳида ҳолларда, мансабдор шахслар коррупцияда айбланган маҳаллий маъмурлар ва милиция расмий шахсларини ишдан четлатгани ҳақида хабарлар бўлган. Жаҳон Банкининг Умумжаҳон Бошқарув Кўрсатгичларига қараганда, мамлакатда коррупция жуда катта муаммодир.

Қонунга кўра, барча ҳукумат идоралари фуқароларга уларнинг эркинликларига таъсир ўтказадиган хужжатлар, қарорлар ва бошқа материалларни текшириш имкониятини бериши керак. Бироқ, амалда ҳукумат бу каби ҳуқуқларга камдан-кам ҳолларда риоя этган. Умуман олганда, жамоатчилик ҳукуматга тегишли ва одатда омма учун очиқ бўлган маълумотлардан xабардор бўлмаган. 2004 йил июнда "ННТ 19-модда: Фикрни эркин ифода этиш учун глобал кампанияси" мамлакатдаги давлат сири ва аxборот эркинлиги тўғрисидаги қонунларни таҳлил қилувчи ахборотини чиқарди. Унинг хулосасига кўра, мамлакатда маҳфий ҳисобланган ва шу тариқа давлат томонидан ҳимоя қилинадиган маълумотлар тури шу қадар кенгки, деярли барча маълумотлар маҳфий ҳисобланади.

4-бўлим Инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари юзасидан халқаро ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар олиб борадиган текширувларга ҳукуматнинг муносабати

Мамлакатда бир нечта маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари фаолият олиб борган, аммо ҳукумат репрессиясига дучор бўлиш хавфи уларнинг фаолиятини чегаралаб қўйган. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўпинча тазйиқ қўрсатиб, ҳибсга олган ва жавобгарликка тортган.

Иккита маҳаллий ННТ бўлмиш "Эзгулик" ва "Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти" ҳукумат томонидан рўйхатга олинган, бошқа ташкилотлар эса рўйхатга олинмаган бўлишига қарамай миллий ва маҳаллий даражада фаолият юритишни давом этган. Ҳукумат "Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти" (ЎИҲЖ), "Мазлум", "Оналар ўлим жазоси ва қийноққа қарши" каби ташкилотларини рўйхатдан ўтказишни рад этиб келган. Ҳукумат ушбу ташкилотларни мурожаатномадаги грамматик хато каби ҳар хил сабаблар туфайли рўйхатдан ўтказишдан бош тортган. Гарчи бу ташкилотлар қонуний мақомга эга бўлмасаларда, ўз фаолиятларини турли қийинчилик билан давом эттирдилар. Ушбу гуруҳлар офисларни ижарага олишда ёки молиявий операцияларни амалга оширишда қийинчиликка учраган, уларга банк ҳисоб рақамлари очиб берилмагани натижасида молиявий кўмак олиш қийинлашган. Рўйхатга олинмаган гуруҳнинг фаолият олиб бориши ҳукуматга ушбу гуруҳларни жиноий таъқиб қилиш учун сабаб бўлган.

Ҳукумат расмийлари вақти-вақти билан маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашиб турган ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, маъмурлар билан тўғридан-тўғри боғланиш орқали айрим ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ижобий ҳал этилган. Хорижий ННТ маҳаллий инсон ҳуқуқ ҳимоячиларига милиция вакиллари, қамоқхона маъмурлари ва хавфсизлик хизмати ходимлари билан учрашувлар ўтказиш учун имкон берадиган форум ташаббусини давом эттирган. Ҳукумат нодавлат ташкилотлари билан чекланган ҳолда ҳамкорлик қилган.

Йил давомида милиция ва хавфсизлик хизматининг маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ННТ ларга нисбатан тазйиқ ўтказиши давом этган. Инсон ҳуқуқлари фаоллари ўз тадбирларини ўтказа олмасликлари учун хавфсизлик кучлари доимий равишда уларга нисбатан пўписа қилиш ва қўрқитишдан фойдаланган. Номаълум шахслар тез-тез инсон ҳуқуқ ҳимоячиларига хужумлар уюштириб турганлар. Шунингдек, маъмурлар инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини доимий равишда ҳибсга олганлар, уй ҳибсида сақлаганлар, баъзи ҳолатларда ўз ҳоҳишига қарши психиатрик даъволанишга мажбур қилганлар, ёки уларга уйдирма жиноий айбловларни қўйганлар. Бунга қўшимча равишда, маъмурлар айрим фаолларни ҳукуматни обрўсини тўкиш мақсадида хорижий журналистлар билан тил бириктирганликда ошкора айблаганлар.

15 мартда Наманган суди "Бирлик" мухолифат партиясининг маҳаллий етакчиси Муҳаммадали Қорабоевни товламачилик ва фирибгарликда айблаб, олти йилга озодликдан маҳрум этди. Инсон ҳуқуқлари кузатувчилари айблов сиёсий сабабларга асосан қўйилганлигини таъкидлашган. 20 мартда милиция ходимлари Васила Иноятовани Европа Парламенти делегацияси вакиллари билан инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини муҳокама қилиш бўйича учрашувига бир соат қолганида ҳибсга олдилар.

Май ойида ЎИҲЖнинг Жиззах вилоятидаги "Пахтакор" бўлимининг обрўсини тўкиш мақсадида вилоят рўзномаларида бир нечта мақолалалар чоп этилди. Ушбу мақолалалар гўёки "уруш фаҳрийлари" томонидан ёзилгандек бўлиб, улар ЎИҲЖ аъзоларини жиноий жавобгарликка тортишга чақирганлар. 27 майда Пахтакор тумани ҳокими жамоат йиғилишида ЎИҲЖнинг Пахтакор тумани бўлими етакчиси Саида Қурбоновани "Ватан хоини" деб эълон қилди.

Сентябр ойида таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибеков Қашқадарё вилояти мансабдор шахслари уни инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ фаолияти учун ҳибсга олиш билан пўписа қилишганларидан сўнг мамлакатни тарк этди ва қочоқ мақомини олиш учун БМТнинг ҚОКБ га мурожаат қилди. 20 майда милиция ходимлари Турлибековни президент шаънига ва қадр-қимматига тажовуз қилганликда айблаб ушлаган эдилар. 2006 йилнинг июл ойида милиция ходимлари Турлибековни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фикрига қараганда уйдирма айблов асосида ҳибсга олишган эди. 2006 йилнинг декабр ойида у амнистия қилинган.

3 декабрда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳар суди "Эзгулик"нинг маҳаллий етакчиси Карим Бозорбоевни фирибгарлик жинояти бўйича сиёсий айблов асосида уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди. Бозорбоев 23 октябрда бозор савдогарларининг жамоат норозилик чиқишида воситачилик қилишга уринганидан бир кун ўтгач ҳибсга олинган эди. Кейинроқ, у декабр ойида амнистия қарори асосида озод қилинди.

Хабар қилинишича, феврал ойида Ички ишлар вазирлиги Академияси ўқитувчиси лейтенант Отабек Маҳкамов 12-14 февралда Будапештдаги Халқаро Ҳуқуқ-тартибот Органлари Академиясида инсон ҳуқуқлари бўйича бўлиб ўтган семинарда раҳбариятнинг рухсатисиз қатнашганидан кейин жосуслик айби билан ушланган.

Хабар қилинишича, Навоийдаги 64-29 қамоқхона маъмурлари йил давомида конституцияга қарши фаолият деб айтилаётган сиёсий тусга эга бўлмиш айблов билан 2006 йилнинг январ ойида беш йилга қамалган "Эзгулик"нинг Андижондаги маҳаллий етакчиси Дилмурод Мухитдиновни қийноққа солганлар. 2006 йилнинг июл ойида товламачиликда айбланиб, уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган "Эзгулик" фаоли Мамаражаб Назаровнинг иши бўйича ўзгариш бўлмаган. У Жиззах вилоятидаги қамоқхонада сақланган.

2005 йилдаги Андижон воқеаларидан бери ҳукумат халқаро инсон ҳуқуқлари ННТларининг фаолиятини қатъиян чеклаб қўйган, уларнинг ходимларини эса мунтазам равишда тазйиқ остига олган ва дўқ-пўписалар қилган. Маъмурлар ва ҳукумат назорат қилган матбуот қўп ҳолларда халқаро ННТларни мамлакатга қарши халқаро "ахборот урушида" қатнашганликда айблаган.

Ҳуқумат халқаро ташкилотлар ва чет эл дипломатик миссияларининг фаолиятини чеклашни давом эттирган ва уларнинг инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини кузатиш фаолиятини қаттиқ танқид остига олган. Ҳукумат 2006 йилнинг март ойида ёпилишга мажбур қилинган БМТнинг ҚОКБ нинг Тошкентдаги ваколатхонасини қайта очилишига йўл қўймади. Шунингдек, ҳукумат 2006 йилнинг март ойида инсон ҳуқуқларига урғу берувчи дастурларини сезиларли даражада қисқартирган ҳолда қайта ташкил этилишига мажбур қилинган ЕХҲТнинг Тошкентдаги миссияси кенгайишига розилик бермади. Бир неча ҳолларда милиция ва ҳукуматнинг бошқа агентлари чет эл дипломатлари билан учрашган инсон ҳуқуқлари фаолларини таъқиб этиб, дўқ-пўписа қилганлар ва уларга чет элликлар билан алоқарни узишни буюрганлар. Олдинги йилларда ҳукумат баъзи чет эл дипломатларни аккредитация қилишни рад этиши ушбу дипломатларни мамлакатдан чиқиб кетишга мажбурлаган эди. Йил давомида ҳукумат баъзи дипломатларни рўйхатга олинмаган ташкилотлар, айниқса Тошкентдан ташқарида жойлашган рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар аъзолари билан учрашганликлари учун танқид қилди.

Ҳукумат халқаро ҳамжамият, БМТ, ЕҲХТ, Европа Иттифоқи (ЕИ) ва бошқа халқаро ташкилотларнинг 2005 йилда Андижонда бўлиб ўтган ғалаённинг бўйича мустақил текширувини олиб боришга қаратилган аввалги талабларини рад қилишни давом этди. 2005 йилдаги БМТнинг ҚОКБ ҳисоботига асосан "ўз кўзи билан кўрган гувоҳларнинг изчил, ишончли кўрсатмалари шундан қатъий далолат берадики... Ўзбекистон ҳарбийлари ва хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишини содир этган. Бўлиб ўтган воқеалар оммавий қатлга тенглаштирилиши мумкинлигини истисно эмас".

ЕИ ва ҳукумат ўртасида Андижон воқеалари ва инсон ҳуқуқлари бузилиши юзасидан чекланган даражада расмий музокаралар бўлиб ўтди. Апрелда ЕИ вакиллари делегацияси 2006 йилнинг декабрида бўлган ташрифини давоми сифатида мамлакатга келдилар. Йил охирига келиб тарафлардан ҳеч бири ушбу муҳокама натижаларини эълон қилмади. Шунингдек, 9 майда ҳам ЕИ вакиллари ва ҳукумат Ўзбекистон/ЕИ Маслаҳат Кенгашининг Адлия, Ички Ишлар ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси доирасида расмий муҳокамалар олиб бордилар. ЕИ ва ҳукумат инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича йиллик муҳокама ўтказишга келишдилар.

Парламентга алоқадор Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман офиси ўз мақсади сифатида фундаментал инсон ҳуқуқларига риоя этишни кенгайтириш ва ушбу масалаларда жамоатчилик хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга мувофиқ равишда қонун хужжатларини шакллантириш ва тахмин қилинаётган бузилишларни ҳал қилишда кўмаклашишни эълон қилди. Омбудсман фуқаролар ва ҳукумат орасидаги низоларда воситачи бўлиши, ҳамда давлат идораларига қарорларни ўзгартириш ёки маъқуллаш учун тавсиялар бериши мумкин, лекин унинг тавсиялари мажбурий эмасдир. Омбудсманнинг идоралари мамлакатнинг барча вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкентда фаолият юритган. Йил давомида Омбудсман идораси кўриб чиққан юзлаб ишларнинг аксарияти лавозимни суиистеъмол қилиш, меҳнат ва ижтимоий таъминот масалалари билан боғлиқ бўлган. Омбудсман ҳукуматнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқларининг энг жиддий поймол қилинган ҳоллари кўрсатилган ҳисоботлар тайёрлаган; бундай ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти милиция ва маҳаллий ҳукумат одамларининг ўз лавозимини суиистеъмол қилиши билан боғлиқ бўлган.

Йил давомида Омбудсман идораси ҳуқуқ-тартибот органлари, суд тизими вакиллари, чекланган миқёсда халқаро ННТ вакиллари иштирокида ўз воситачилик вазифаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш воситаларини муҳокама этиш мақсадида учрашув ва анжуманлар ўтказди. Феврал ойида Омбудсман идораси бир нечта вилоятда тўқимачилик саноатида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишини кузатди ва саноатда аёллар ҳуқуқини мухофаза қилиш бўйича тафсиялар қилди. Июнда Омбудсман идораси Иегова Шаҳидлари ва дипломатик миссиялар вакиллари билан диний эркинлик масалаларини муҳокама қилиш учун учрашувлар ўтказди. Июлда Омбудсман идораси Андижон вилоятида икки кунлик анжуман доирасида фермерлар билан уларнинг ҳуқуқлари юзасидан фикр алмашиш ва улар дуч келадиган муаммоларни муҳокама қилиш учун учрашди. Августда Омбудсман идораси қамоқхоналар шароитини яхшилаш бўйича семинар доирасида Нукусдаги қамоқхонага ташриф буюриб шароитларни кузатди ва маҳбуслар билан учрашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ аҳоли ва ҳукумат маъмурларига инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида таълим берадиган, ҳамда ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги xалқаро мажбуриятларини бажариши ҳақидаги ахборот таъминотини бажарувчи давлат идорасидир. Кўпчилик кузатувчилар фикрига кўра, бу марказнинг фаолияти на мустақил ва на самарали бўлган.

5-бўлим: Камситиш, ижтимоий зўравонлик ва одам савдоси

Қонун ирқ, жинс, меҳнатга қобилият, тил ёки ижтимоий мақом негизидаги камситишни ман этади; конституция ирқ, жинс, ногиронлик, тил асосида камситишни ман қилади, аммо ногиронлик асосида камситишни алоҳида тақиқламайди. Хотин-қизларга ва ногирон шахсларга нисбатан ижтимоий камситиш, шунингдек болаларга қўпол муносабатда бўлиш сақланиб қолган.

Хотин-қизлар

Қонун жинсий зўрлашни тақиқлайди. Никоҳдаги жинсий зўрлаш қонун томонидан юзаки равишда тақиқланган, аммо бундай ишлар судда кўриб чиқилиши ҳоллари бўлмаган. Маданий қоидалар аёлларга ва уларнинг оилаларига жинсий зўрлаш ҳақида очиқ гапиришга йўл қўймайди ва жинсий зўрлаш ҳоллари деярли ҳеч қачон матбуотда ёритилмаган.

Одатий бўлиб қолган оиладаги зўравонлик қонунда алоҳида тақиқланмаган. Қонун жисмоний тажовузни жазоласада, милиция ходимлари аёлларни зўравон эрлари устидан арз қилишдан қайтарганлар ва зўравонлар камдан-кам ҳолларда уйдан олиб кетилган ёки қамалган. Хотинни уриш жиноят эмас, балки оиладаги шахсий масала ҳисобланиб, бундай ишлар кўпинча оила аъзолари ёки маҳалла оқсоқоллари томонидан ҳал қилинади ва камдан-кам судга етиб боради. Маҳаллий ҳокимият зўравонлик муаммосини ҳал этишга эмас, балки эр-хотинни яраштиришга урғу бериб келган. Оиладаги зўравонлик муаммоси билан шуғулланувчи ННТнинг хабарларига кўра, маҳаллий маъмурлар таълим дастурлари бўйича маҳалла қўмиталари билан ҳамкорликни ошириш мақсадида омалга оширилган бир қанча ташаббуслар доирасида ҳамкорлик қилган. Айрим милиция ходимлари ва диний раҳбарлар ҳам ННТнинг ўқув дастурларида иштирок этган.

Аввалги йилларда бўлгани сингари уйдаги зўравонлик оқибатида аёллар ва қизлар ўз жонига қасд қилишга уринганлари ёки шундай қилганлари ҳолатлари хабар қилинган. Бундай ҳолларнинг аксарияти хабар қилинмаган ва ушбу муаммонинг кўлами бўйича ишончли статистик маълумотлар бўлмаган. Кузатувчилар таъкидлашича, ўз жонига қасд қилишнинг асосий сабаби анъаналарга кўра ёш келинни мутлақ назорат қиладиган эр ёки қайнона билан можаролар бўлиб келган. Жонига қасд қилишдан сақланиб қолганларга ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи ННТ маҳаллий ҳокимият ва маҳалла қўмиталари томонидан турли даражада ҳамкорлик мавжудлигини хабар қилган.

Фоҳишалик қонунда тақиқланган; аммо, бу айниқса этник озчилик орасидаги кучайиб бораётган муаммо бўлган. Милиция органлари фоҳишаликка қарши қонунларни адолатсиз қўллаган; баъзи милиция ходимлари фоҳишалардан пул ундириш мақсадида зўравонлик ва таҳдид қилганлар.

Қонунда жинсий тегажоғлик тақиқланмаган. Ижтимоий нормалар ва юридик чора-тадбирларнинг мавжуд эмаслиги мазкур муаммонинг кўламини баҳолашни қийинлаштиради.

Қонун хотин-қизларни камситишни тақиқлайди; бироқ анъаналар, маданият ва дин уларнинг жамиятдаги ролини чеклаб қўйган. Юқори лавозимларда ва ишлаб чиқаришда аёллар сони жуда кам бўлган. Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари жамиятда хотин-қизларнинг мавқеи масалалари билан шуғулланиб келган ва Хотин-қизлар миллий қўмитасига бошчилик қилган. Кўпчиликнинг фикрича, мазкур қўмита амалда самарасиз бўлган ва ҳатто хотин-қизларнинг ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ННТларнинг ишини қийинлаштирган.

Болалар

Ҳукумат умуман болалар ҳуқуқи ва таъминотига доир мажбуриятларини бажарган.

Қонунда болаларга умумтаълим мактаблари орқали 12 йил бепул мажбурий таълим олиш ҳуқуқи белгиланган. Амалда, етишмовчиликлар ва бюджет қийинчиликлари туфайли таълим билан боғлиқ ҳаражатларнинг кўпини оилалар ўзлари тўлашга мажбур бўлишган. Ўқитувчилар ниҳоятда кам маош олишган ва мунтазам равишда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан тўловлар талаб қилишган. Ҳукумат статистикасига асосан, болаларнинг 98 фоизи умумтаълим мактабни тугатган. Аммо, далиллар шуни кўрсатадики, иқтисодий вазият ёмонлашиб бориши билан ўрта мактабларнинг ўрта ва юқори синф ўқувчиларининг мактабни ташлаб кетиш ҳоллари кўпайган.

Ҳукумат соғлиқни сақлашга, шу жумладан болалар соғлиғига маблағ ажратган ва ўғил болалар ва қизлар тенг шароитга эга бўлган. Таълимда бўлганидек, шифокорларнинг маошлари камлиги ва соғлиқни сақлаш соҳасига етарли маблағ ажратилмаслиги хизматлар учун кенг қамровли норасмий тўловлар тизими вужудга келишига олиб келган. Бу баъзи ҳолларда ночорлар учун тиббиёт муассасаларга мурожаат қилишга тўсиқ бўлган. Расман турар жойда рўйхатдан ўтмаган шахслар, масалан, уйи йўқ болалар ва бошқа меҳнат мигрантларининг болалари, давлат соғлиқни сақлаш идораларига мурожаат қилиш имконига эга бўлмаганлар, айрим ҳоллар бундан истисно.

Болаларга нисбатан зўравонлик одатда ички оилавий масала ҳисобланган муаммо бўлган, ҳолбуки кўпинча маҳалла оқсоқоллари бундай муаммога маҳалла қўмиталарининг маҳаллада уйғунлик ва тартиб сақлаш ваколатлари доирасида эътиборларини қаратганлар. Ҳукумат болаларга нисбатан зўравонликка қарши чора-тарбирлар олиб бормаган, лекин одам савдосига қарши ўтказилган чора-тарбирларда вояга етмаган қурбонларни ҳимоя қилиш назарда тутилган.

Болаларнинг турмуш қуриши мамлакатда кенг тарқалмаган бўлсада, айрим қишлоқ ҳудудларида баъзида 15 ёшли қизлар давлат томонидан расман тан олинмаган диний никоҳ маросими ўтказилиб турмушга берилган. ЮНИСЕФнинг ва Ўзбекистон республикаси давлат статистика қўмитасининг 2006 йилги ҳисоботига кўра, 15 дан 19 ёшгача бўлган жувонларнинг 5 фоизи никоҳда бўлган.

Қизларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида мамлакатдан ташқарига сотилиши ва қизларни мажбурий фоҳишалик билан шуғулланиши ҳоллари ҳақида хабар қилинган.

Пахта йиғими пайтида, айниқса қишлоқ ҳудудларида, айрим мактаб ўқувчилари пахта далаларида ишлашга мажбур қилинган.

Одам савдоси

Одам савдоси қонунда тақиқланган, аммо конституцияда махсус тақиқ белгиланмаган. Одам савдоси жиддий муаммолигича қолган. Ҳукумат одам савдосига қарши курашиш учун айрим чоралар кўрган, лекин муаммони бартараф қилиш учун белгиланган минимал стандартларни бажармаган.

Одам савдосига алоқадор бўлган порахўр мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида биттагина хабар бўлган. 28 февралда ҳукуматга қарашли "Ҳуррият" рўзномаси хабар қилишича, Тошкент аэропортида ишлаган Ички ишлар вазирлиги подполковники Жалолиддин Ҳожиев одам савдоси қурбонидан пора олганлиги учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Мамлакат асосан аёллар ва қизларни жинсий эксплуатация қилиш учун ва эркакларни меҳнат экплуатация қилиш учун манбаи ва камроқ миқёсда транзит мамлакати бўлган. Ушбу муаммо кўлами бўйича ишонарли статистика бўлмасада, ННТ ва ҳукуматнинг таъкидлашича, меҳнат учун одам савдоси ҳоллари жинсий эксплуатация учун одам савдоси ҳолларидан кўпроқ учраган ва чамаси иқтисодий шароит ёмонлиги сабабли янада кўпайиб борган.

Хотин-қизлар Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Қувайт, Бахрайн, Ҳиндистон, Исроил, Грузия, Малайзия, Россия, Жанубий Корея, Таиланд,Туркия, Япония, ва Ғарбий Европага фоҳишалик билан шуғулланиш мақсадида борганлари ҳақида ишончли хабарлар бўлган. Уларнинг айримлари одам савдоси қурбонлари бўлгани маълум қилинган. Транзит мамлакатлар сифатида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, ва Украина белгиланган. Меҳнат эксплуатацияси қурбонлари кўпинча Қозоғистон ва Россияга қурилишда, қишлоқ ҳўжалигида ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаш учун сотилганлар. Қўшни мамлакатлардан ва Ўзбекистон транспорт боғловчиси сифатида хизмат қиладиган мамлакатлардан ёки мамлакатларга - Таиланд, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва БААга фуқароларни транзит қилиш амалга оширилган бўлиши эҳтимоли бор. 17дан 30 ёшгача бўлган аёллар жинсий эксплуатация учун сотилиш хавфи остида бўлганлар ва барча ёшдаги эркаклар меҳнат учун сотилишга нишон бўлганлар. Одам савдосига қарши фаолият юритувчи маҳаллий ННТ йил давомида 497 одам савдоси ҳолатларини ҳисобга олди. Бундай ҳолатлар 2006 йилда 527, 2005 йилда 874 бўлган.

Тунги клублар, ресторанлар, ёки фоҳишалар орасида фаолият кўрсатган одам савдогарлари аёлларни жалб қилганлар, уларнинг кўпчилиги фоҳишаликка жалб қилинган. Тошкент ва Самарқанд каби катта шаҳарларда одам савдогарлари қурбонларни илинтириш учун турмуш қуриш ёки сохта иш имкониятларини таклиф қилувчи матбуотда эълонлардан фойдаланишган. Туркия, Таиланд ва БААда саёҳат ва иш таклиф қиладиган саёҳат фирмаларидан ҳам одам ёллаш учун фойдаланилган. Аксарият ҳолларда одам савдогарлари аёллар манзил мамлакатга етиб боришлари билан уларнинг хужжатларини олиб қўйишган. Меҳнат учун одам савдоси қурбонлари кўпинча маҳаллий ҳудудлардан ёлланганлар ва машинада Қозоғистон ва/ёки Россияга олиб борилганлар ва у ерда иш берувчиларга "сотилганлар". Одам савдогарлари ўз қурбонларини, айниқса, жинсий эксплуатация учун одам савдоси ҳолатларида, қарздорлик қарамлигида ушлаб турганлар.

Ёлловчилар қўпинча бўлғуси қурбонлар билан битта яшаш ҳудудида истиқомат қилишган ва ҳатто улар билан таниш бўлишган. Бундай ёлловчилар бўлғуси қурбонларини транспорт воситаси, авиабилет, виза ва манзил мамлакатдаги шахс билан учрашиш ҳақида кўрсатмалар берадиган одам савдогарлари билан таништирганлар.

Қонун одам савдосининг барча турларини тақиқлайди ва республика ҳудудидан олиб чиқиб кетиш мақсадидаги одам савдоси учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилайди. Одам савдоси учун ёллаш олти ойдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва тахминан 708 АҚШ доллари (900 минг сўм) жарима белгиланади. Ёллаш бўйича жиноий иш хорижий ва ички одам савдогарларига нисбатан қўзғатилиши мумкин. Барча ҳуқуқ-тартибот идоралари зиммасига Жиноят кодексидаги одам савдосига қарши қоидаларни татбиқ қилиш юклатилган. Йил давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари одам савдосига доир жиноятларга эътиборини қаратишни давом эттирди, жамоатчилик учун баёнлар ва давлат телевидениесида шунга ўхшаш дастурларнинг сони ошди. Умуман қонун қўлланиши самарали бўлмаган; 10 йилдан камроқ вақтга қамоқ жазосига ҳукм қилинган одам савдогарлари кўпинча амнистия қилинган ва жуда оз вақт қамоқ жазосини ўтаган ёки умуман ўтамаган. ТИВнинг маълумотига кўра, йил давомида одам савдоси жинояти учун ҳукм қилинган икки киши амнистия бўйича озод этилган ва 15 кишининг қамоқ муддатлари камайтирилган. Айбдор деб топилган одам савдогарлари кўпинча аёллар бўлган ва улар камоқ жазосига эркаклардан кўра камроқ ҳукм қилинганлар.

ТИВнинг маълумотига кўра, йил давомида, ҳуқуқ-тартибот идоралари 273 одам савдосига оид ишни тергов қилган, 2006 йилда эса бундай ишлар сони 259 бўлган. Йил охирида 66 киши одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун қамалган.

Одам савдосига қарши курашга масъул бўлган давлат органлари ИИВ Одам савдосига қарши кураш бўлимини, Жиноятларнинг олдини олиш бошқармаси, шунингдек фуқароларнинг мамлакатга кириш ва мамлакатдан чиқиш ҳамда фуқаролик бўлимини; МХХ Уюшган жиноятчиликка, терроризмга ва наркотикларга қарши кураш бошқармасини; Бош прокуратура; Меҳнат вазирлигини; Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бўлимини; ва Давлат хотин-қизлар қўмитасини ўз ичига олган. Ҳукумат одам савдосига қарши кураш бўйича ҳар ой йиғиладиган ва юқорида саналган ҳукумат идоралари вакилларидан тузилган ишчи гуруҳни ташкил қилган.

Июнда ҳукумат одам савдосига қарши кураш бўйича оралиқ ҳаракат режасини қабул қилди.

Ҳукумат одам савдоси қурбонларини бошқа мамлакатга олиб чиқилиши пайтида ноқонуний миграцияда айбланганлиги ҳақида хабар бўлмаган. Олдинги йилларда, маълум бўлишича, ИИВ, божхона, ва чегара назоратида ишлайдиган айрим маҳаллий мансабдор шахслар фоҳишалик билан шуғулланиш учун бошқа мамлакатга кетаётган ёш аёлларни чиқармаслик тўғрисидаги қоидага риоя қилмасликлари эвазига пора олганлар. Олдинги йилларда маҳаллий манбаларнинг эътироф этишича, мансабдор шахслар қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш билан шуғулланиб, ноқонуний равишда мамлакатдан чиқишга уринган шахслардан ёки одам савдогарларининг ўзидан пора олганлар.

Ўз мамлакатига қайтган қурбонлар кўпинча ижтимоий ва оилавий муаммоларга дуч келганлар. Йил охирида, халқаро донорлар ҳомийлик қиладиган ННТлар қурбонларга жамиятга қайта интеграциялашда ёрдам бериш учун иккита бошпанада ишлаганлар. Тошкентдаги бошпана 2004 йилда очилганидан бери 200тадан ортиқ одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатган, Бухородаги бошпана эса 2006 йилда очилганидан бери 46 одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатган. Маҳаллий милиция ходимлари томонидан бошпанада яшовчиларга тажовуз қилиш ҳолатлари ҳақида хабар қилинмаган. 2005 йилнинг июн ойидан январигача Тошкент шаҳар ҳокимияти Аёллар қўмитаси мансабдор кишилари одам савдоси қурбонини Сирғали туманидаги ҳукуматга қарашли ётоқхонада бепул яшаш жойи билан таъминлаган. Февралда мазкур қурбон ижарага олинган уйга кўчиб ўтгани хабар қилинган.

ТИВнинг маълумотига кўра, йил давомида ҳукумат Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ўз мамлакатига қайтган 21 одам савдоси қурбонига ёрдам курсатиш йўлида ҳамкорлик қилган. ХМТ хабар беришича, милиция, консуллик бўлимларининг расмий ходимлари ва чегарачилар чет элдан қайтган одам савдоси қурбонлари бўлган аёлларни ташкилотнинг хизматларидан фойдаланишга юборганлар. Ҳукумат қайтаётган аёлларга доимий равишда аэропортда ва чегарадан ўтишда, ИИВга дастлабки баёнот беришда ёрдам кўрсатишга ХМТга рухсат берган.

Йил давомида ҳукумат Урганч шахрида одам савдосига қарши кураш бўйича ННТни рўйҳатдан ўтказди ва Жиззахда одам савдосига қарши кураш бўйича рўйҳатдан ўтган ННТга бепул офис ажратди. Олдинги йилларда, ҳукумат бундай ННТни Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Гулистон ва Термизда рўйҳатдан ўтказди.

Мамлакатнинг айрим вилоятларида одам савдосига қарши кураш бўйича ННТлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳаллий мансабдор шахслар иштирокида меҳрибонлик уйлари, ўрта мактаблар ва олий ўқув юртлари учун семинарлар ўтказган, шунингдек маҳаллий газеталарда одам савдоси тўғрисида огоҳлантирувчи хабарларни эълон қилган, ва ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ахборот тусидаги брошюраларни ва ўқув материалларини ишлаб чиққан. Мазкур ННТлар шунингдек аҳолини, айниқса қишлоқ жойларда, одам савдоси ҳақидаги билимларни ошириш йўлида Ўзбекистондаги маҳаллалар билан ҳамкорлик қилди. Ёз ойларида ушбу ННТлар 6000та ёшлар учун 70 яқин одам савдосига қарши ёзги лагерлар ташкил этди.

Йил давомида ҳукумат одам савдосини олдини олишга эътиборни кучайтиришни давом этди. 2004 йилда ИИВда ташкил этилган одам савдосига қарши кураш махсус бўлим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва консуллик органлари учун тренинг-машқлар ўтказиш бўйича ННТлар билан ҳамкорликни давом эттирди. Ушбу бўлим шунингдек одам савдогарларига қарши кўрсатма берган қурбонларга ёрдам кўрсатган ва аҳолини одам савдоси ҳақидаги билимини ошириш кампанияларини ўтказган.

28 июнда ҳукуматга қарашли Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Парламент ва ННТлар вакиллари иштирокида одам савдосига қарши кураш бўйича давра сухбати ўтказди. Сухбатда одам савдоси "фавқулодда" муаммо сифатида эътироф этилди ва уни олдини олиш ва қурбонларга ёрдам кўрсатиш учун ННТлар билан ҳамкорликни давом эттириш тавсия қилинди.

Ҳукуматга қарашли рўзномалар сотилган аёллар ва фоҳишалик ҳақида кўплаб мақсадли мақолалар чоп этган. Йил мобайнида ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситаларида 1337та чиқиш, шу жумладан 184та радио эшиттириш, 793 телекўрсатув, ва 360 газета ва журнал мақоллалари бўлган. 2006 йилга солиштирганда 1277та жамоатчилик учун баёнлар ва узунроқ дастурлар, шу жумладан 831 радио эшиттириш, 151 телекўрсатув, ва 295 газета ва журнал мақолалари бўлган.

Ҳукуматга қарашли радиостанциялар жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосига аралашган аёллар иштирокида ҳафталик эшиттиришларни ва жамоатчилик учун баёнларни давом эттирган. Давлат телевидениеси одам савдоси ҳақида бир нечта ҳужжатли филмларни намоиш этган. Давлат телевизион станциялари одам савдосига қарши кураш тўғрисида эшиттиришлар тайёрлаш хамда ҳақиқий ва потенциал қурбонларга маслаҳат берувчи ННТнинг вилоятлардаги фавқулодда алоқа тизими ҳақида маълумот бериш учун маҳаллий ННТлар билан ҳамкорлик қилганлар. Ҳукумат одам савдоси хавфи ҳақида огоҳлантириш мақсадида жамоат автобуслари, паспорт бўлинмалари ва чет элдаги консуллик идораларида плакатлар осиш ишларини ННТлар билан биргаликда амалга оширган. ХМТ таъкидлашича, одам савдосига қарши қурбонларга ёрдам кўрсатишга мўлжалланган унинг 10та фавқулодда алоқа тизимига келадиган қўнғироқлар сони ошган. Йил давомида бундай тизимларга 17.000 дан ортиқ қўнғироқ бўлган, аммо улардан одам савдоси ҳоллари билан боғлиқ бўлганлари 1000 ошмаган, аксарияти эса чет элда иш имкониятлари хусусида мурожаатларни ташкил этган.

Ногиронлар

Қонун ногирон кишиларга нисбатан иш жойидаги ва таълим тизимидаги камситишни тақиқлайди, лекин конституцияда бевосита шундай қоида мавжуд эмас, уй-жой масаласида ёки давлат идоралари хизматларидан фойдаланишда камситишни алоҳида тақиқловчи қонун ҳам йўқ. Ногирон кишиларга нисбатан бирмунча ижтимоий камситиш мавжуд бўлган, ногирон болалар эса одатда алоҳида мактабларда ўқишган. Давлат ақли заиф бўлган ногиронларга махсус муассасаларда эътибор кўрсатган. Қонунда ногиронларнинг жамоат жойларига киришини таъминлаш мажбурий эмас, аммо мамлакатда ногиронлар аравачаларига мўлжалланган йўлкалар учрайди. Қонун психиатрик касалхоналарга ўзбошимчалик билан мажбуран жойлаштиришга қарши самарали эҳтиёт чораларини таъминламаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронларнинг тиббиёт муассасаларидан фойдаланишларини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган, Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги эса ногиронларни ишга жойлаштириш масалалари учун масъул бўлган.

Миллий/Ирқий/Этник озчилик

Аҳоли асосан ўзбеклар ва кўп сонли рус, тожик, татар ва қозоқ, қорақалпоқ ҳамда этник корейс ва уйғурлардан иборат бўлган.

Қонун ишга жойлаштиришда этник ёки миллий келиб чиқишига асосланиб камситишни тақиқлайди. Конституция бундай камситишни бевосита тақиқламасада, у ҳар бир шахснинг ўзи истаган касбда ишлаши ва касбни танлаши ҳуқуқини кафолатлайди. Аммо, руслар ва бошқа озчиликка мансуб кишилар иш топиш имконияти чекланганидан мунтазам равишда нолишган. Ҳукумат тепасидаги ва бизнес соҳасидаги юқори лавозимлар асосан этник ўзбекларга берилган, лекин бирмунча истиснолар ҳам мавжуд бўлган.

Қонун фуқаролик олиш учун тилни билишни талаб қилмайди, бироқ тил анча нозик масала бўлиб қолмоқда. Ўзбек тили давлат тилидир ва Конституция Президент ўзбек тилини билишини талаб этади. Шу билан бирга, қонун рус тили "миллатлараро мулоқот" тили эканлигини назарда тутади. Катта шаҳарларда асосан рус тилида, Самарқанд ва Бухорода эса кўпроқ тожик тилида сўзлашилган.

Бошқа ижтимоий суиистеъмоллар ва камситиш

ОИВ/ОИТСга чалинган беморларга нисбатан ижтимоий иснод мавжуд бўлган. ОИТСга чалинган беморлар уларнинг мақоми маълум бўлганидан кейин қўни-қўшниларнинг, жамоат муассасалари хизматчиларининг, тиббиёт ходимларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг, ижарачиларнинг ва иш берувчиларнинг ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўяётганларини хабар қилганлар. Ҳарбий хизматга янги келганларда ОИТС аниқланиши билан улар тезлик билан бўшатиб юборилганлар. ИИВнинг ЖИББ қамоқхоналар ишчилари учун ўтказган ўқув машғулотларида уларнинг ОИВ/ОИТСга оид бохабарлигини оширишга этибор қаратган. Ҳукуматнинг маҳаллий ННТлар фаолиятини чегаралаши натижасида ОИВ/ОИТСга чалинган шахсларга ёрдам бериш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш билан шуғулланадиган атиги бир нечта ННТ қолган.

ОИТС бўйича ижобийлик хавфини туғдирувчи қарийб барча аҳлоқ турлари, шу жумладан фоҳишабозлик, наркотикларни томирга юбориш ва бесоқолбозлик фаолияти жиноят ҳисобланади. Бесоқолбозлик уч йилгача қамоқ жазоси билан жазоланадиган жиноятдир. Айрим бесоқолбозлар, хабар қилинишича, эркинроқ муҳит топиш ниятида мамлакатни тарк этганлар.

6-Бўлим: Ишчиларнинг ҳуқуқлари

a. Касаба уюшмаларни ташкил этиш ҳуқуқи

Қонунда ишчиларнинг ўз ҳохишларига кўра касаба уюшмаларини ташкил этиш ва уларга аъзо бўлиш ҳуқуқи белгиланган, аммо ишчилар ушбу ҳуқуқдан амалда фойдалана олмаганлар. Қонунга кўра, касаба уюшмалари ҳукуматнинг маъмурий ва иқтисодий идораларига тобе эмас,бошқа қонунларда кўрсатилган холлар бундан мустасно. Бироқ, амалда касаба уюшмалари марказлашган ва ҳукуматга қарашли бўлиб келган. Ҳукумат томонидан бошқариладиган Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши энг катта уюшма бўлган. Ҳудудий ва саноат касаба уюшмалари ҳукуматга қарашли бўлган. Мустақил касаба уюшмалари мавжуд бўлмаган. Қонунда уюшма аъзолари ва ходимларига нисбатан камситиш тақиқланади; аммо ушбу тақиқ касаба уюшмаларининг ҳукумат билан яқин алоқада бўлиши сабабли аҳамиятга эга бўлмаган.

б. Касаба уюшмаларини ташкил этиш ва жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи

Касаба уюшмалари ва унинг раҳбарлари ҳукумат аралашувисиз эркин фаолият юрита олмаганлар. Қонунда касаба уюшмаларини тузиш ва жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи кўзда тутилади; бироқ, амалда ҳукумат бу ҳуқуққа риоя қилмаган. Гарчи соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазаси масалаларида ўз таъсирини бир мунча ўтказса ҳам, касаба уюшмалари давлат томонидан тузилган ва оз кучга эга бўлган муассасалар бўлган.

Қонунда касаба уюшмалари корхоналар билан шартномалар тузиши мумкин дейилган, бироқ уюшмалар давлатнинг кучли таъсири остида бўлганлиги туфайли ҳеч қандай жамоавий музокаралар юз бермаган. Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (КУФК) билан келишган ҳолда ҳукумат хизматчилари маошлари миқдорини белгилайдилар. Кичик хусусий секторда раҳбарият ўзи ёки ишга олинаётган ходимлар билан алоҳида келишиш орқали уларга шартномага асосан маошларини белгилаган. Меҳнат низоларини арбитраж йўли билан ҳал килиш учун масъул давлат муассасаси мавжуд бўлмаган.

Қонунда иш ташлаш ҳуқуқи кўзда тутилмаган ва тақиқланмаган ҳам. Қонун бўйича касаба уюшмалар хусусий ва жамоа низоларини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар.

Эркин савдо зоналари мавжуд бўлмаган.

c. Мажбурий ва шартли меҳнатни тақиқлаш

Конституция ва қонун мажбурий ва шартли меҳнатни, шу жумладан, болалар меҳнатини тақиқлайди, суд ҳукмига асосан ўғрилик, фирибгарлик ёки солиқ тўлашдан бош тортиш каби жиноятлар учун ёки қонунда кўзда тутилган бошқа ҳоллар бундан мустасно; бироқ, бундай ҳодисалар юз бергани, айниқса пахта теримида бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

д. Болалар меҳнатини тақиқлаш ва ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш

Ҳукумат иш жойларида болаларни эксплуатация қилинишдан ҳимоялашга доир қонунларни ва сиёсатни самарали равишда қўлламаган. Ўзбекистон Меҳнат кодексида меҳнатга қобилиятли энг кам ёш 16 ёш деб белгиланган ва унда иш ҳали 18 ёшга тўлмаганларнинг ўқишига ҳалақитит бермаслиги кераклиги белгилаб қўйилган. Қонунда болаларнинг 14 ёшдан бошлаб ярим кунлик ишда ишлашлари рухсат этилган, яъни улар ота-онанинг розилиги билан мактаблардаги таътиллар пайтида ҳафтасига кўпи билан 24 соат ва ўқиш жараёни пайтида хафтасига 12 соат ишлашлари мумкин. 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар мактаб таътили пайтида ҳафтасига 36 соат ва ўқиш жараёни пайтида 18 соат ишлай оладилар. Ҳукуматнинг 2001 йилги қарорида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан пахта теримида ва бошқа ноқулай шароитли меҳнатларда фойдаланиш ман қилинган. Бироқ, қишлоқ жойларда болалар пахтани ҳам, бошқа ҳосилларни ҳам теришда кўпинча ёрдам берганлар. Шаҳарларда етти-сакиз ёшлик болалар доимий равишда мактаб таътиллари пайтида оилавий бизнесда ҳамда кўчадаги савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариши ва транспорт соҳаларида ишлаганлар.

Қишлоқ жойларда кузги пахта ҳосилини йиғиштириб олишда кўмаклашиш учун ёшлар ва мактаб ўқувчиларини кенг миқёсда мажбурий жалб этиш давом этган. Бундай меҳнатга жуда кам ҳақ тўланган, яшаш шароити оғир бўлган ва болалар далаларга сепиладиган зарарли кимёвий моддалар ва ўғитлардан нафас олишга мажбур бўлганлар. Инсон ҳуқуқлари фаолларидан шундай хабарлар бўлганки, айрим туманларда маҳаллий амалдорлар ўқувчиларни ҳосил йиғимида ёрдам беришлари учун дарслардан қўйиб юборишга ўқитувчиларни мажбур қилишган, аксарият туманларда эса мактаблар ҳосил йиғим-терими пайтида ёпиб қўйилган. Пахта теримига жалб қилинган болаларнинг аксарияти 15 ёшдан катта бўлсада, инсон ҳуқуқлари манбаларини айрим хабарларига қараганда 11 ёшли болалар ҳам теримда иштирок этганлар. 2006 йилнинг охирги статистик маълумотига кўра меҳнатга жалб қилинган болаларни фоизи 2 дан 19 гача бўлган. Болалар меҳнати асосан оилавий пахта теримида қўлланилган.

Амалдаги қонун Мехнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги ходимларига бевосита болалар меҳнатига оид қонунларни ижро этиш ҳуқуқини юкламайди. Бундай қонунларни ижро этиш вазифаси умумий тарзда Мехнат вазирлиги, Прокуратура органлари ва ИИВ ва унинг терговчилари зиммасига юклатилган. Қонунда қонунбузарларга қарши ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган, бироқ ҳокимият пахта теримида йўл қўйилган қонунбузарликларни жазоламаган ва жиноий ёки маъмурий жавобгарликка олиб келган текширувлар ўтказилгани ҳақида хабарлар бўлмаган. Жамиятда қарор топган болалар меҳнатидан пахта теримида арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш тартиби туфайли қонунни қўлланиши чекланган.

e. Мақбул меҳнат шароитлари

Меҳнат ва ижтимиой ҳимоя вазирлиги Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши(КУФК) билан келишилган ҳолда энг кам иш ҳақини белгилайди ва таъминлайди. Йил охирида ойлик иш ҳақи бир ишчи ва унинг оиласи ҳаражатларини мутлақо қопламайдиган миқдорни, тахминан 12 АҚШ долларини (15.525 сўмни) ташкил этган.

Қонун хафтасига 40 соат иш ва 24 соат хордиқ пайти бўлишини белгилаган. Қўшимча иш учун тўлов белгиланган бўлсада, амалда кўпинча тўланмаган.

Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги касаба уюшмалари билан маслаҳатлашган ҳолда соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича стандартларни белгилайди ва жорий этади, бироқ ҳисоботларга кўра уларнинг амалда бажарилиши деярли самарасиз бўлган. Матбуотда вақти-вақти билан касаба уюшмалари ва ҳукумат иш жойларида хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга қодир эмаслиги ҳақида мақолалар босилган. Хавфсизлик чораларига риоя этиш қоидалари мавжудлигига қарамай, хатарли иш билан шуғулланадиган ишчиларга ҳимоя кийимлари ва асбоблари етишмаган. Ишчилар ишдан маҳрум бўлиш хавфисиз, ўз ҳаётлари учун хавфли бўлган ишдан воз кечиш ҳуқуқига эгалар, бироқ бу қоида самарали ижро этилмаганлиги натижасида бундай ҳуқуқдан фойдаланганлар жуда кам бўлган, умуман бўлмаган деса ҳам бўлади. Июлда мамлакат Россия билан Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини бир қанча ҳуқуқлани ҳимоялашга қаратилган иккитомонлама меҳнат миграциясига оид битимларини имзолади.