Skip Global Navigation to Main Content
Skip Breadcrumb Navigation
АҚШ Ҳукумати Ҳисоботлари

2011 йилги инсон ҳуқуқлари амалиёти бўйича мамлакат ҳисоботи: Ўзбекистон

05/25/2012

АСОСИЙ ҲОЛАТЛАР

Ўзбекистон президент бошқаруви ва ҳокимиятнинг ижроия, қонун чиқарувчи ва суд тармоқларига бўлинишини таъминловчи Конституцияга эга бўлган авторитар давлатдир. Амалда эса президент Ислом Каримов ва марказлаштирилган ижроия ҳокимияти сиёсий ҳаёт устидан ҳукм юргизди ва деярли барча ҳокимият тармоқларини тўла назорат қилди. Мамлакат аҳолиси 2007 йили бўлиб ўтган сайловда президент Каримовни учинчи муддатга сайлади, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) чекланган кузатувчилар миссияси хабарига кўра, сайловда сайловчилар чин маънодаги танлаш имкониятидан маҳрум этилди. Парламент сайлови 2009 йил декабрида бўлиб ўтди. Гарчи ЕХҲТ кузатувчилари сайловни ўтказиш тартиби 2004 йилги парламент сайловига нисбатан сезиларли даражада такомиллаштирилганини айтган бўлса-да, 2009 йилги сайлов ҳукумат фақат ўзига маъқул номзодларни рўйхатга олгани, оммавий ахборот воситаларини (ОАВ) ва сайлов кампаниясини маблағ билан таъминлашни назорат қилгани сабабли эркин ва адолатли бўлмади, деган фикр билдирди. Хавфсизлик кучлари фуқаро ҳокимиятига ҳисобот берди.

Хавфсизлик кучларининг тутқинларни қийноққа солиш ҳоллари ва уларга нисбатан зўравонлик қилгани; қонуний тергов олиб бориш ва одил судловни рад қилиш; дин эркинлиги чекловлари, жумладан, камсонли диний гуруҳларга мансуб кишиларнинг таъқиб қилиниши ва қамоққа ташланиши инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг асосий муаммолардан бўлди.

Бошқа давом этаётган инсон ҳуқуқлари муаммолари қамалганларнинг бошқалар билан алоқасини узиб қўйиш ва қамоқда ушлаб туриш муддатини чўзиш; қамоқ шароитларининг оғир, баъзан ҳаёт учун хавфли экани; (гарчи амалдорлар сиёсий сабабларга кўра ушлаб турилган тўрт нафар ҳукумат билан келиша олмайдиган маҳбусни озод қилган бўлса-да) ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқда ушлаб туриш;  сўз, матбуот, йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлигининг чеклангани; ҳукуматнинг фуқаролик жамияти фаолиятини чеклаши; бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги чеклангани; аёллар ҳуқуқлари поймол этилиши ва ҳукуматнинг пахта теримига одамларни мажбурий жалб этишидан иборат бўлди. Давлат ҳокимияти идоралари ҳукуматни танқид қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб қилди, ноқонуний ҳибсга олди, сиёсий буюртма билан судлади ва мажбуран ушлаб турди.

Ҳукумат амалдорлари ҳеч бир жазо берилмайдиган коррупция ишларига тез-тез аралашиб турди.

1-бўлим. Шахс дахлсизлигини таъминлаш, бунга қуйидагилардан эркинлик ҳам киради:

а. Ўзбошимчалик ёки ноқонуний йўл билан ҳаётдан маҳрум қилиш

Давлат ёки унинг махсус хизмат ходимлари ўзбошимчалик билан ёки ноқонуний одам ўлдиргани хусусида тасдиқланган маълумот учрамади.

Ҳукумат йил давомида 2005 йили Андижон шаҳридаги оммавий тартибсизликлар вақтида кўплаб қуролсиз оддий кишилар ўлдирилгани гумон қилинган ҳолат юзасидан мустақил халқаро суриштирув ўтказишга рухсат бермади. Ҳукумат 2005 йили ўзи ўтказган терговдан сўнг  қуролланган кишилар ҳукумат кучларига қарши ўт очиб, зўравонликни бошлади, деб баёнот берди. Ўлганлар сони ҳукумат ҳисоботида 187 киши деб кўрсатилган, аммо гувоҳлар уларнинг сони бир неча юз кишидан ошганини айтади. Ҳукумат ҳарбий бўлмаган кишилар ўртасида берилган қурбонлар учун ҳеч кимни ҳеч қачон жамоат кўз ўнгида жавобгарликка тортмади.

б. Йўқолиб қолиш

Одамларнинг сиёсий буюртма билан йўқолиб қолишига оид маълумот учрамади. 2005 йилда Андижон шаҳрида рўй берган оммавий тартибсизликларда иштирок этган кишиларнинг йўқолиб қолишига оид тасдиқланмаган хабарлар келиб турди.

БМТ Мажбурий ёки ғайриихтиёрий йўқолиб қолишлар бўйича иш гуруҳининг 2010 йилги йиллик ҳисоботида таъкидланишича, ҳукуматга хабар қилинган янги ҳолатлар бўлмади, аммо олдинги йилларда еттита ҳамманинг  оғзига тушган ҳолат рўй берган эди.

в. Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ваҳший ёки хўрлаш муносабати ва ёки жазолаш

Гарчи Конституция ва қонунчилик бундай амалиётни тақиқласа-да, қонунни қўлловчи идоралар ва хавфсизлик ходимлари бўйнига қўйилаётган айбга иқрор қилиш ёки  улардан айблов маълумотини олиш учун маҳбусларни ҳар куни урди ёки уларга нисбатан бошқа ноқонуний муносабатда бўлди. Манбаларнинг хабар қилишича, қийноққа солиш ва таҳқирлаш ҳолатлари қамоқхоналарда ҳам, тергов изоляторларида ҳам, маҳаллий милиция ва хавфсизлик хизмати  участкаларида ҳам кенг тарқалган. Хабар қилинган қийноқ усулларига ўласи қилиб калтаклаш, овқат бермаслик, жинсий таҳқирлаш, бўғиш ҳаракатлари содир этиш, қўлларни боғлаш, қўллардан осиб қўйиш ва электр токи билан шикастлаш киради. Ҳукумат ҳисоботида айтилишича, йилнинг дастлабки тўққиз ойида тўққизта жиноий иш очди ва унга кўра, 12 нафар қонунни қўлловчи идоралар ходими қийноққа солгани ёки бошқа шафқатсиз, ваҳшийларча ва таҳқирловчи муносабатда бўлгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Санкция ёки чиқарилган ҳукмлар ҳақида ҳеч қандай ахборот бўлмади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 2010 йил март ойи ҳисоботида мамлакат Жиноят кодексида қийноқ тушунчаси  йўқ эканидан ташвиш билдирди, ваҳоланки, Ўзбекистон “Қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ваҳшийларча ёки таҳқирловчи муносабат ёки жазога қарши Конвенция”ни имзолаган. 

Октябрь ойининг охирида Дилшод Шоҳидов ҳукуматга очиқ хат ёзиб, Навоий шаҳридаги 64/46 қаттиқ қўриқланувчи қамоқхона мутасаддиларини ўғлини доимий тарзда қийноққа солгани ва унга нисбатан зўравонлик қилганликда айблади.  Айблов хатида келтирилишича, қамоқхона маъмурияти бошқа маҳбусга Д.Шоҳидовнинг ўғлини сўйил билан калтаклатган ва қиш ойларида ўғлининг қўлларига кишан солиб, бир неча кун камерада яланғоч туришга мажбурлаган.

Қариндошлари  2006  йили фирибгарликда айбланиб, 9 йилга кесилган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти  аъзоси Аъзам Фармонов август ва декабрь ойларида йил давомида қийноққа солингани ва ўзига нисбатан ноқонуний муносабатда бўлинганини маълум қилди.  15 август ёки, тахминан, шу санада Фармонов ўзига нисбатан яхши муносабатда бўлингани ҳақида хат ёзиб беришдан бош тортгач, “Жаслиқ”даги 64/71-қамоқхонада капитан Шавкат Воисниёзов ва қўриқчи Ҳабиб Абдуллаев уни калтаклагани ва бўғиб ўлдираман, деб қўрқитгани айтилади. Хабар қилинишича, апрель ойида қамоқҳона мутасаддилари “Жаслиқ” қамоқхонасига “комиссия” келгани сабабли Фармонов билан яна 8 нафар маҳбусни Нукус шаҳридаги судгача ушлаб туриладиган изоляторга (Уя 64/9) кўчирди. Фармонов Нукус шаҳрида ҳам қийноққа солингани айтилади. Хабар қилинишича, у “Жаслиқ”қа қайтариб олиб келингандан сўнг  5 нафар Одам иммунитети танқислиги вируси/Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТВ/ОИТС) билан оғриган маҳбус ишлатган устарада соқол олишга мажбурланган.

Санжар Нормуродов, Қурбон Қодиров, Дилшодбек Омонтурдиев ёки Рустам Усмоновга нисбатан 2010 йилдаги ноқонуний муносабат хусусида янги маълумот олинмади.

Хабар берилишича, давлат органлари исломий экстремизмда гумон қилинаётган шахсларга, айниқса, судгача ҳибсга олинган ва  тақиқланган диний-экстремистик сиёсий ташкилотларга ёки расман тақиқланмаган “Нур” гуруҳига аъзолиги тахмин этилаётган кишиларга нисбатан йил давомида одатдагидан кўра қўполроқ муносабатда бўлди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари хизматчиларининг билдиришича, давлат органлари диний экстремизмда гумон қилинаётган шахсларни калтаклаш учун кўпинча уларнинг хонадошларига пул тўлаган ёки бошқа рағбатлантирувчи нарса берди.

Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, сиёсий буюртма билан амалга оширилган тиббий таҳқирлашлар ҳақида маълумот олинмади. Қамоқда ўтирган ва ҳалқаро ҳамжамият сиёсий маҳбус деб  ҳисобловчи кишиларнинг оила аъзолари маҳбусларнинг тиббий кўрикдан ўтиш ва даволанишга оид илтимосларини орган ходимлари эътиборга олмаганини қайд этди.  Улар орасида Алишер Кароматов, Норбой Холжигитов, Аъзам Турғунов, Ҳабибулло Оқпўлатов  ва журналист Дилмурод Сайид бор эди. 

Қамоқхона ва дастлабки қамоқ жойи шароитлари

Баъзи ҳолларда қамоқхона шароитлари ҳаёт учун хавфлилигича қолди. Улар тўлиб-тошгани, шунингдек, қамоқхона нозирларининг хизмат вазифаларини қўпол равишда суиистеъмол қилиши ва дори-дармон етишмаслиги ҳоллари ҳақидаги хабарлар тез-тез учради. Маҳбуслар ва уларнинг оила аъзолари озиқ-овқат ва сувнинг сифати ёмонлиги, лекин улар мавжудлигини билдирди. Баъзи маълумотларга қараганда, сиёсий маҳбуслар етарли даражада шамоллатилмаган камераларга қамаб қўйилган, улар вақти-вақти билан инсон танаси бардош бера олмайдиган ҳароратларда сақланган. Маҳбусларнинг оила аъзолари жинсий зўрлаш ҳолатлари ҳақида хабар қилди. Оила аъзолари, шунингдек, қамоқхона нозирлари кўпинча  озиқ-овқат ва дори-дармонни маҳбусларга беришдан бош тортгани ёки олиб қўйгани  ҳақида  билдирди.

Август ойида бир гуруҳ маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аёл маҳбусларни қийноққа солиш давом этаётгани ва уларга нисбатан жинсий зўрлаш ҳолатлари кўпайганидан хавотир билдириш мақсадида Европа Иттифоқи раиси мақомида бўлган Польша элчихонаси вакиллари  билан учрашди.  Тошкент шаҳрида жойлашган “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ахлоқ тузатиш тизимининг саккиз ойлик мониторинги натижаларини ошкор қилди ва унда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани 64/7-аёллар қамоқхонасида номусга тегиш ҳолатлари кенг тарқалгани қайд этилди. 

Маҳбусларнинг қариндошлари бир қанча қамоқ муддатини ўтаётган кишилар ўлими ҳақида хабар берди, уларнинг аксарияти диний экстремизмга боғлиқ жазо олган эди. Баъзи ҳолларда оила аъзолари маҳбуснинг танасида қалтаклаш ёки бошқа тажовуз излари борлигини, бироқ давлат органлари, жасадни тиббиёт ходими кўрикдан ўтказишидан бурун кўмасан, деб босим ўтказганини маълум қилди. Ушбу тавсифга мос келувчи маълум қилинган ҳолатларга январь ойидаги Улуғбек Ғафоров билан Абдулфаттоҳ Раимохуновнинг ва июнь ойидаги Абдуманнон Ортиқовнинг ўлими мисол бўлади.

28 сентябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари  мустақил ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎИҲМҲТГ) 51 яшар Равшан Отабоевнинг оила аъзоларидан у Навоий шаҳридаги 64/36-қамоқхонада сил касаллиги ва қийноқлардан ўлгани ҳақида хабар олганини маълум қилди. Отабоев 2005 йил май  ойида Андижон шаҳрида рўй берган воқеаларда қатнашгани учун ўша йили бир неча айбловлар билан 14 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. ЎИҲМҲТГнинг қонунни қўлловчи идоралар манбасига таяниб яна билдиришича, Андижон воқеалари билан боғлиқ ҳолда қамалган маҳбуслардан ҳар йили 20-30 нафар киши қамоқда ўлмоқда. Ушбу маълумотни мустақил тасдиқлаш имкони бўлмади. 2010 йилда ўлган Фармон Йиғинов ва Суннатилло Зариповга оид бошқа маълумот олинмади. 

Оила аъзолари ва нодавлат ташкилотларига (НТ) кўра, давлат органлари маҳбусларни, айниқса, диний экстремизмда айбланганларни қамоқ муддати тугагандан сўнг ҳам озод қилмади. Бунинг ўрнига қамоқхона мутасаддилари кўпинча маҳбусларни ҳар хил баҳоналар билан қўшимча жиноятларда айблаб, қамоқ муддатини чўзиб қўйди ёки улар ҳалиям жамият учун хавфли дея  даъво қилди.  Бундай бузиш ҳолатлари юзасидан судлов қамоқхоналарнинг ўзида бўлиб ўтди, кўпинча айбланувчиларга адвокат олиш ёки қариндошлари билан учрашиш имкони берилмади. Гарчи маҳбуслар техник жиҳатдан мурожаат қилиш имконига эга бўлса-да, кўпчилигининг апелляция бериш учун малакаси етмади.

2009 йилги статистика маълумотларига қараганда, ҳукумат, тахминан, 42 минг маҳбусни 58 та қамоқхонада ушлаб турди. Эркаклар, аёллар ва ўсмир қонунбузарлар турли қамоқхоналарда сақланди. Хабарларга кўра, баъзи қамоқхоналарда конституцион тузумни ағдариб ташлашга уринган маҳбуслар алоҳида сақланган ва камоқхона маъмурлари диний экстремизмда айбланиб қамалган маҳбусларнинг бошқалари билан гаплашишига рухсат бермади. Жиноий жавобгарликка тортилган давлат ҳокимияти органлари вакиллари, шунингдек, собиқ қонунни қўлловчи ходимлар алоҳида биноларда сақланди.

Умуман олганда, қамоқхона маъмурлари оила аъзоларининг маҳбуслар билан ойига 2-4 марта тўрт соатгача учрашишига рухсат берди. Лекин олинган хабарларга кўра, диний ёки экстремизм айблови билан қамалган маҳбусларнинг қариндошлари уларни бориб кўриш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.  Орган ходимлари қамоқхона турига қараб, қариндошларга йилига 2-4 марта бир кундан уч кунгача у ерларга боришга ҳам ижозат этди.  Сиёсий маҳбусларнинг оила аъзолари айтишича, орган ходимлари уларни бориб кўришни кўпинча ўзбошимчалик билан бекор қилди ёки кескин қисқартирди. Ҳукумат маҳбуслар истаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканини билдирди, аммо маҳбуслар оила аъзоларига қамоқхона кун  тартибига зид келадиган диний амалларни адо эта олмаётганидан тез-тез шикоят қилди. Бундай амаллар қаторига исломнинг анъанавий бомдод намозини ўқиш киради. Маҳбусларга диний материаллардан фойдаланишга ҳам рухсат этилмади.

Амалдаги қонунчиликка кўра, суддан тергов изоляторлари мутасаддилари ушлаб турилган  кишининг илтимосига кўра, у билан Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Омбудсмен идораси вакилининг учрашувини ташкил этиши талаб этилади. Орган ходимлари қамоқда ушлаб турилган  кишиларга Омбудсмен идораси ва Бош прокуратурага яширин шикоят юборишга рухсат берди, иккала идора ҳам бундай шикоятлар бўйича тергов ўтказиш ваколатига эга бўлди. Омбудсмен идораси 2010 йил ҳисоботида йил давомида маҳбуслардан ахлоқ тузатиш жойлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида 16 та шикоят олганини маълум қилди. Омбудсмен идораси  15 та шикоятни кўриб чиқди ва 2 та ҳолатга аралашгани самара берди.  Омбудсмен идораси маҳбуслар номидан тавсиялар бериш, жумладан,   зўравонлик қилмаган жиноятчиларга белгиланган ҳукмларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ваколатига эга.

Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) барча қамоқхоналарни доимий суръатда текшириб туради ва давлат ҳокимиятининг бошқа органлари, жумладан, парламент, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ва Вазирлар Маҳкамасига ҳам илтимос қилинганда қамоқхона тизимига кириш рухсати берилган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) қамоқхона маъмурияти масъуллигида барча қамоқхоналарни кузатиб боради ҳамда қамоқда ушлаб туриш шароитлари ва ҳибсга олинган кишиларга қилинадиган муомалани баҳолайди. ХҚХҚнинг Миллий хавфсизлик хизматининг тергов изоляторига  киришга рухсат берилмаяпти.  ХҚХҚ йил давомида  37 та гуманитар сафар уюштирди  ва  25 та қамоқдаги 27,974 нафар маҳбусни бориб кўрди. Ушбу сафарлар чоғида ХҚХҚ 986 маҳбуснинг ишини кузатувга олди, улар орасида 118 нафар аёл ва 53 нафар балоғат ёшига етмаган  киши ҳам бор эди. ХҚХҚ, шунингдек,  маҳбуслар ва уларнинг қариндошлари орасида 636 та Қизил Хоч хабарини алмашишга кўмаклашди. ХҚХҚ  олинган маълумотларни сир сақлаб, уларни фақат ҳукуматга тақдим этди.

Қамоқхона маъмурлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қамоқхоналарда сил хасталигини даволаш ва унинг тарқалиши олдини олиш борасидаги “Сил” дастурига эга экани ҳамда 2008 йилдан бошлаб ОИТВ/ОИТС даволаш ва олдини олиш дастури амалга оширилаётгани ҳақида ҳисобот берди. Давлат ҳокимияти органлари вакилларининг ҳисобот беришича, гепатит – сарғаймага чалинганлар сони кўп бўлмади ва бу хасталик билан оғриганлар мавжуд тиббиёт пунктларида ва  дастурлари  асосида даволанди.

Президент 29 сентбярь куни  жиноят иши кўриб чиқилаётган пайтда вақтинча қамоқда ушлаб туришга оид қонунни имзолади. Қонун вақтинчалик ушлаб турилганларнинг ҳуқуқлари, жумладан, ушлаб туриш вақтида қонунбузарлик ва зўравонлик юзасидан шикоят қилиш, қариндошлар ва адвокатлар билан учрашиш ва шахсий хавфсизлик ҳуқуқини белгилаб беради.  Унда ушлаб турилганларга нисбатан жинс, ирқ, миллат, тил, дин, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий аҳволига асосланиб камситиш, шунингдек, шафқатсиз, ваҳшийларча ёки таҳқирловчи муносабатда бўлиш тақиқланади, шунингдек, Омбудсмен идорасига қамоқхоналарга чекланмаган тарзда кириш ва маҳбуслар билан гувоҳларсиз учрашиш ҳуқуқи берилган.

г. Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқда ушлаб туриш 

Конституция ва қонунчилик ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва қамоқда ушлаб туришни тақиқлайди, лекин давлат органлари бундай амалиётни давом этттирди.

Милиция ва хавфсизлик аппаратининг роли

Давлат жиноят хатти-ҳаракатларини тергов қилиш ваколатини учта ташкилотга берган. Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) қонун муҳофазаси, тартибни сақлаш ва умумий жиноятларни тергов қилишга масъул бўлган милицияни назорат қилади. Тўғридан-тўғри президентга ҳисоб берувчи раис раҳбарлик қиладиган Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) кенг қамровли миллий хавфсизлик ва разведка билан шуғулланади, булар қаторига терроризм, коррупция, уюшган жиноятчилик ва наркотикларга қарши кураш ҳам киради. Прокурорлар одам ўлдириш, орган ходимлари коррупцияси ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш сингари жиноятларни тергов қилади.  Юрисдикциялар бир-бирига тўғри келиб келган ҳолларда зикр этилган идоралардан қайси бири ташаббусни қўлга олиши ўзаро келишиб олинади. ИИВнинг Тергов бошқармаси хизмат вазифаси суиистеъмол қилинган  ҳолатларни тергов қилиш ва инсон ҳуқуқларини бузишда айбланган ходимларни интизомий жазога тортишдай ички  тадбирларни амалга оширди, лекин ҳукумат инсон ҳуқуқларини поймол қилган давлат ҳокимияти органлари вакилларини камдан-кам ҳолларда жазолади. Ички ишлар вазирлигига қарашли Инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий таълим бошқармаси милиционерлар шафқатсизлиги билан боғлиқ баъзи ишларни тергов қилди. Парламент таркибий қисми бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмен идорасининг ҳам ишларни суриштириш бўйича ваколати бор эди, лекин унинг ушбу терговлар бўйича чиқарган қарорлари мажбурий кучга эга эмас эди.

Ҳукумат ҳисоботида айтилишича, йилнинг дастлабки тўққиз ойида қонунни қўлловчи идораларнинг ходимларига нисбатан 334 та жиноят иши очди.  Жами 253 та иш судга оширилди ва 361 нафар қонунни қўлловчи идоралар ходимига нисбатан хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, совуққонлик, фирибгарлик, пора олиш ва ўғирлик айблови қўйилди.

2010 йилда 186 нафар қонунни қўлловчи идоралар ходимига қарши қўйилган жиноят айблови тўғрисида қандай қарор чиқарилгани тўғрисида номаълум сабабларга кўра ҳеч қандай маълумот олинмади.

Ҳибсга олиш тартиби ва вақтинча ушлаб турилганларга муносабат

Қонунга биноан, айбланаётган шахслар ёки гумон қилинувчиларни ҳибсга олиш хусусидаги ҳар қандай қарорни судья кўриб чиқиши лозим ва жавобгарлар ҳибсга олинганидан бошлаб юридик маслаҳат олиш ҳуқуқига эга, лекин амалдорлар ҳар доим ҳам  ушбу ҳуқуқни қатъий таъмин этмайди.

2008 йили  ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотларга кўра, тутқинлар ўзининг қамоқда қолиши ёки озод бўлишини аниқлаш учун судья олдида тинглов уюштиришни илтимос қилиш ҳуқуқига эга. Тутқинни ҳибсга олган идора  бу ҳақда унинг оила аъзоларига хабар қилиши ва уни қўлга олинган вақтдан бошлаб, 24 соат ичида сўроқ қилиб бўлиши талаб этилади. Гумон қилинувчиларнинг жавоб бермасликка ҳаққи бор.  Расмий айбловни эълон қилмасдан 72 соатгача ушлаб туриш мумкин, лекин  прокурор бу муддатни қўшимча 48 соатга чўза олади, ушбу муддатда гумон қилинувчига ё айб қўйилиши ёки у озод қилиниши керак. Ушбу ислоҳотларни ҳаётга татбиқ қилиш суст бўлди.  Судьялар кўпчилик ҳолатларда ҳибсга олиш учун ордер берди, давлат органлари эса гумон қилинувчиларни рухсат этилган давр тугагандан сўнг ҳам қамоқда ушлаб тураверди. Ҳибсга олиш бўйича тинглов ўтказаётган судьяга шахснинг иши кўриб чиқилаётган пайтда судьялар коллегиясида ўтиришига рухсат берилди. Баъзи шикоятларга қараганда, давлат органлари гумон қилинувчиларни оила аъзоларини ёки ўзини ҳибсга олган прокурорларни хабардор қилмай туриб қийнади.

Давлат органлари айб қўйгандан сўнг гумон қилинувчилар тергов давом этаётган вақтда уч ойгача  тергов изоляторида ушлаб турилиши мумкин. Қонун тергов қилаётган идоранинг илтимосига биноан тегишли судга ўша муддатни бир йилга чўзишга рухсат беради.  Прокурор маҳбусни суд давом этаётган пайтда маълум гаров пули эвазига озод қилиши мумкин, лекин ҳокимият амалда ушбу ҳуқуқий ҳимояни эътиборсиз қолдириб келди. Ҳибсга олинган ва жиноятда айбланаётган кишилар судга келишга, ҳар куни маҳаллий милиция бўлимига келиб, рўйхатдан ўтишга кафолат берган тақдирда судга қадар гаровга ҳеч нарса тикмасдан ҳам озод этилиши мумкин. Хусусий ҳуқуқий маслаҳатчи ёлламаган кишилар давлат тайинлаган адвокат олиш ҳуқуқига эга.

Вазирлар Маҳкамаси 2009 йил  9 март куни адвокатлардан  қайта лицензия олиши учун тўлиқ имтиҳондан ўтиши талаб этиладиган қарор қабул қилди. Ушбу жараёнда инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларни ҳимоя қилган бир қанча тажрибали ва билимдон адвокатлар лицензиясидан айрилди. Оқибатда бир қанча фаоллар ва айбланувчилар ўзига вакил бўладиган адвокатларни топа олмай қийналди.

2008 йили Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишлар жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича тингловларда лицензиясиз адвокатларнинг шахсларни ҳимоя қилишига рухсат берадиган ҳолатларни бекор қилди. Бироқ агар адвокат рўйхатдан ўтган ташкилот вакили бўлса, суд унга ҳимоя қилиш ҳуқуқини бериши мумкин.

Баъзи хабарларга қараганда, милиция ходимлари одамларни юлғичлик, наркотиклар сақлаш ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш сингари ёлғон айблов билан  қамади. Бундан мақсад уларнинг ўзи ёки оила аъзолари коррупцияни фош қилиб қўйиши ёки маҳаллий жиноятларни тергов қилиш билан боғлиқ ишларга аралашиб қолишининг олдини олиш бўлди.

Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш: Давлат органлари одамларга экстремистик ҳиссиёт ва фаолият ёки тақиқланган диний гуруҳларга алоқаси бор деган айб қўйиб, уларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни давом эттирди.  Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларининг хабар қилишича, экстремистларнинг уяларини бузиб ташлаш топшириғи билан иш кўраётган милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари кўпинча диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда гумон қилинаётган шахснинг оила аъзолари ва яқин ёрдамчиларини ҳибсга олди ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлди. Айбига мажбурлаб иқрор қилиш ва шоҳидлик бердириш оддий ҳолга айланди.

ЎИҲМҲТГ  август ойининг бошида Холмурод Шокиров, Зайнобиддин Маматов, Зайниддин Исроилов, Ботир Наврўзов ва Йўлдош Эргашевнинг диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, қамоққа  олинганини маълум қилди. ЎИҲМҲТГ Шокировнинг ишида милиция ходимлари Ўктам Ибрагимов ва Улуғбек Мамасолиев ҳибсга олиш бўйича сохта ҳужжат расмийлаштирганини, Бўка тумани жиноят ишлари бўйича суди судьяси О.И.Исмоилов на адвокатлар ва на гувоҳлар иштирокида  ўтган тингловда уни 10 кун ушлаб туришга розилик берганини таъкидлади. Шокировга Ички ишлар вазирлигининг Тошкент вилоятидаги тергов изоляторида ушлаб турилган пайтида унинг мутасаддилари таҳдид қилгани ва қийноққа солгани иддао қилинди.

Тергов изоляторида ушлаб туриш: Умуман олганда, прокурорлар жиноятни кўриб чиқиш тартиби, шу жумладан, судгача қамоқда ушлаб туришни ўз билганича белгилади. Қўлга олинганларнинг бундай ушлаб туриш муддати ёки қонунийлигини текшириб кўриш учун судга мурожаат қилиш имкони бўлмади. Ҳатто давлат органлари  айб қўймаган бўлса ҳам милиция ва прокуратура ходимлари шахсни ҳеч бир айбловсиз қамоқда ушлаб туришни чўзишни чекламасликка, одамларни гумон қилинувчидан кўра, гувоҳ сифатида қамаб ўтиришга ҳаракат қилди. Сентябрь ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари давлат органлари баъзи ушлаб турилганларни “уйсизлар” ёки “Жон Доу”, яъни “шахси аниқланмаган кишилар” сифатида таснифлаган, чунки қонун милицияга бундай кишиларнинг шахсини аниқлагунча 30 кун қамоқда ушлаб туришига рухсат беради. Йил давомида тергов изоляторида ушлаб туриш, одатда, бир ойдан уч ойгача бўлди. Ҳукумат судгача бўлган ҳибсхоналарда ушлаб турилган шахсларнинг сонини маълум қилмади.

Афв этиш: 5 декабрь  куни Сенат маҳбусларни афв этиш тўғрисида қарор чиқарди. Унинг шартларига кўра, аёллар, балоғат ёшига етмаган қонунбузарлар, ёши 60 дан ошган эркаклар, чет эл фуқаролари, ногиронлар ва оғир хасталикка чалингани ҳужжатларда қайд этилган кишилар афв қилиниш ҳуқуқига эга эди. Ушбу қонун илк марта тақиқланган ташкилотга аъзо бўлиб ҳамда тинчлик ва жамоат хавфсизлигини бузиб судланган, “тузалиш йўлига қатъий кирган” кишиларга ҳам тегишли. Афв этиш билан боғлиқ танловлар  қамоқдан озод қилиш, меҳнат лагерига кўчириш ёки жиноят ишини суддан олдинги ва суд босқичида тугатишдан иборат эди.

Маҳаллий қамоқхона мутасаддилари кимни озод қилишни маҳбус “тузалиб бораётгани” ёки қамоқхона тартибларини “доимий тарзда бузаётгани”га қараб ўзлари билганича аниқлашда анча-мунча эркинликка эга. Орган ходимлари  кўпинча “қамоқхонанинг ички тартибларини бузиш”ни  афв этишни бекор қилиш ва қамоқ муддатини чўзиш учун асос деб билади. Улар  кўпинча ушбу ҳукмга асосланиб, сиёсий ва диний маҳбусларнинг афв этилишга ҳаққи йўқ, деб белгилади. Оила аъзолари йил давомида икки нафар қамалган журналист Дилмурод Сайид ва Солижон Абдураҳмонов ўзларини қамоқ муддатини ўтаётган муассасалар тартибин бузганликда айблангани ва бу ҳол уларнинг афв этилмаслигига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

д. Одил ва очиқ судни рад этиш

Гарчи Конституцияда мустақил суд ҳокимияти белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳокимиятнинг суд тармоғи кўпинча ижроия тармоғидан  йўл-йўриқ олиб турди.

Мавжуд қонунчиликка кўра, президент барча судьяларни янгиланиб турувчи беш йил муддатга тайинлайди. Олий суд судьяларини ишдан бўшатишни амалда президент чизган чизиқдан чиқмайдиган парламент тасдиқлаши керак.

Ишларни судда кўриб чиқиш тартиби

Жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган. Ҳакамлик судлари йўқ. Аксарият суд муҳокамалари жамоатчилик учун расман очиқ, лекин амалда баъзи чекловлар ҳам бўлиб туради. Судьялар суд маҳкамаларини давлат сири билан боғлиқ ёки жабрдийда ва гувоҳларни ҳимоя қилишга эҳтиёж туғилиши сингари истисно ҳолатларда ёпиб қўйиши мумкин. Судлар кўпинча халқаро кузатувчилардан судга ўз маҳкамасини кузатиб туришга киришдан олдин суд раиси ёки Олий суддан ёзма рухсат олишни талаб қилди.  Судьялар халқаро кузатувчилар, шу жумладан, дипломатларга баъзи тингловларга киришга рухсат берди. Ҳокимият аксарият ҳолларда суд маҳкамасини у бошланишига бир ёки икки кун қолганда эълон қилди.

Суд маҳкамаларига аксарият ҳолларда бир нафар профессионал судья ва иш жамоалари қўмиталари ёки маҳалла қўмиталари сайлаб қўйган икки нафар профессионал бўлмаган суд маслаҳатчисидан иборат коллегия раислик қилди. Маслаҳатчилар жуда кам гапирди, профессионал судья эса кўпинча процессуал масалалар ва ҳукм  чиқариш борасида прокурорнинг тавсияларига бўйсунди.

Айбланувчилар суд маҳкамаларида иштирок этиш, гувоҳлар билан юзлашиш ва исботлар келтириш ҳуқуқига эга. Умуман олганда, ҳукумат ушбу ҳуқуқларни судда кўрилаётган ва шов-шувга сабаб бўлган инсон ҳуқуқлари ва сиёсатга оид  ишларда ҳам таъминлади. Судга киритилган жиноят ишларининг аксарияти бўйича “айбдор” деган ҳукм чиқарилди.

Айбланувчиларнинг адвокат ёллаш ҳуқуқи бор, давлат 2008 йили 24 соатлик қўнғироқ қилиш тизимини жорий қилиб, адвокат ёллаш ишини яхшилади. Керак бўлиб қолганда давлат ҳеч бир харажатсиз маслаҳатчи ҳуқуқшунос билан таъминлайди. Хабарларга кўра, давлат тайинлаган адвокатлар ўз мижозлари эмас, давлат манфаатини кўзлаб иш юритди.

Қонунга кўра, прокурор ҳибсга олиш ордерини беришни суддан илтимос қилиши керак, лекин суд бундай илтимосни рад этган ҳолатлар жуда кам бўлди. Прокурорлар ҳибсга олиш ордерини олгандан сўнг катта ваколатга эга бўлади; улар тергов ишларини бошқаради, жиноят ишларини тайёрлайди ва ҳукм чиқаришга тавсиялар беради. Гумон қилинувчи шахсни унга айблов эълон қилингандан сўнг гаровга тикилган пул эвазига озод қилиш ёки судгача бўлган даврда қамоқда ушлаб туришни прокурор ҳал қилади. Гарчи жиноят кодексида айбсизлик презумпцияси белгилаб қўйилган бўлса-да, кўпчилик ҳолларда прокурорнинг тавсиялари устунлик қилади. Мабодо судья белгилаган жазо қораловчининг тавсиясига мос келмай қолса, прокурор ушбу жазодан норози бўлиб,  ундан юқори босқичда турган судга шикоят аризаси бериши мумкин. Судьялар кўпинча ҳукмини қийноқлар, оила аъзоларига таҳдид қилиш ва мажбурлашнинг бошқа усуллари билан қўлга киритилиши эҳтимол тутилган айбга иқрор бўлиш ва шоҳидлик беришга таяниб чиқаради. Бир жиноят учун икки марта жавобгарликка тортишга қарши ҳуқуқий ҳимоя амалда қўлланилмайди.

Қонун барча айбланувчиларга суд ҳукми устидан шикоят қилиш ҳуқуқини беради, бироқ бундай шикоятлар камдан-кам ҳолларда жазони бекор қилиш билан якун топади. Бироқ баъзи ҳолларда шикоятлар жазо муддати қисқартирилиши ёки жазони ортга суришга сабаб бўлди.

Адвокатлар дастлабки тергов тугаган ва прокурор расмий айблов эълон қилгандан сўнг ўз мижозлари ишига тегишли давлат органлари  исботлари билан танишиши мумкин. Лекин унда ошкор этилиши давлат сирига таҳдид солиши мумкин бўлган кўрсатувга оид бир истисно бор.  Ўтган йилларда бўлгани каби судлар ўша истиснони қўллади ва бу ҳол, асосий мақсад прокурорларга гувоҳлик материалларини адвокатларга беришдан қочиш имконини беришдир, деган шикоятларга сабаб бўлди. Кўпчилик, айниқса, гумон қилинувчиларни  диний экстремизм билан боғлиқ ҳолатларда қоралаш фақат айбланувчининг айбга иқрор  бўлиши ёки давлат гувоҳларининг айбловларигагина таянди. Адвокатлар вақти-вақти билан айбига иқрор бўлишни рад этиш ва қийноққа солинганлик тўғрисидаги даъволарни тергов қилишни сўраб, судьяларга мурожаат қилди. Судьялар кўпинча бундай даъволарга жавоб бермади ёки асоссиз деб рад қилди.

Сиёсий маҳбуслар ва вақтинча ушлаб турилганлар

Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқларини  ҳимоя қилувчи ташкилотлар давлат органлари 10 нафардан 15нафаргача бўлган кишини сиёсий сабабларга кўра ушлаб турибди, деб тахмин қилди, бироқ ҳукумат бу шахслар қонунни бузгани учун  жавобгарликка тортилди, деб баёнот берди. Амалдорлар  йил давомида тўрт нафар маҳбус: Юсуф Жума, Максим Попов, Норбой Холжигитов ва Жамшид Каримовни озод қилди. Бир қанча сиёсий маҳбусларнинг оила аъзолари қамоқхонада уларга шафқатсизларча муомала қилингани ва саломатлиги ёмонлашганини хабар қилди.

“Эзгулик”нинг билдиришича, июнь ойида Қозоғистондан экстрадиция қилинган 28 кишидан 10 нафари устидан суд бошланди. Қозоғистондан қочқинлик мақоми сўраган, лекин рад жавоби олган бу кишилар 1999 йили Тошкентда рўй берган бомба портлаши, 2008 йили Тошкент шаҳри имоми Анвар қори Турсуновга қилинган ҳужум ва тақиқлнган диний ташкилот “Жиҳодчилар”га аъзо бўлганликда айбланди.

Январь ойида Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳри суди ўша ерлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва мактаб директори Матлуба Комиловани наркотиклар  сақлаганликда айблаб, 11 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Апелляция суди бу муддатни саккиз йилга қисқартирди ва Комилова йил охирида Зангиота туманидаги аёллар қамоқхонасида эди. Комилованинг дўстлари дастлаб, милициядаги коррупцияни фош этишга урингани учун ички ишлар  ходимлари унинг ҳамёнига наркотик солиб қўйган, деб айтган эди.

Йил давомида апелляция суди Тошкент шаҳар судининг инсон ҳуқуқлари фаоли Анатолий Волковга гўёки 90 яшар пенсионердан алдамчилик йўли билан пул олгани учун 1.5 миллион сўм жарима солиш тўғрисида 2010 йил сентябрида чиқарган қарорини ўз кучида қолдирди. Кузатувчилар ушбу айбловларни Волков  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши билан шуғуллангани учун ўч олиш деб ҳисоблади. У 22 сентябрь куни ушбу қарор юзасидан апелляция берди, бироқ суд йил охригигача қарор чиқармади. Волковнинг айтишича, суд унинг апелляция аризасини ўзи йўқлигида кўриб чиқди ва чиқарилган қарордан кейинчалик хабар топди. У апелляция аризаси беришни ва ишни янгитдан тергов қилдиришни режалаштираётган эди.

Фуқаролик суди тартиблари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш воситалари

Гарчи Конституцияда назарда тутилган бўлса-да,  суд ҳокимияти фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида мустақил ҳам, холис ҳам эмас.  Фуқаролар инсон ҳуқуқлари бузилди деб ҳисоблаган ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича  судларга даъво билан мурожаат қилиши мумкин. Айрим хабарларга кўра, судьяларга берилган пора суд қарорларига таъсир қилди, масалан, октябрь ойи охирида милиция Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди судьяси Сулаймон Акбаровни ишни томонлардан бирининг фойдасига ҳал қилиб бериш учун 2.1 миллион сўм (1000 АҚШ доллари) пора сўраганликда айблаб ҳибсга олди.

е. Шахсий ҳаёт дахслсизлиги, оила, уй ва ёзишмаларга ўзбошимчалик билан аралашув

Гарчи Конституция ва қонунчилик бундай хатти-ҳаракатларни тақиқласа ҳам давлат органлари ушбу тақиқларни амалда ҳурмат қилмади. Қонунчилик электрон кузатув олиб бориш учун тинтув ордери бўлишини талаб қилади, лекин бундай ордерларни суд кузатувга олиши учун ҳеч қандай шарт-шароит йўқ.

Хабарларга кўра,  милиция ва бошқа хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаоллари,  баъзи диний гуруҳлар аъзоларининг уйига ордерсиз кириб борди. Хусусий уйларда ибодат маросимларини ўтказаётган протестант черкови аъзоларининг билдиришича, жуда кўп ҳолларда қуролланган хавфсизлик ходимлари ибодат қилинаётган жойга бостириб кириб, черков аъзоларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексига кўра ноқонуний деб ҳисобланган диний фаолият билан шуғуллангани учун ҳибсга олди ва жаримага тортди. Масалан, 28 июль куни Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳри суди ушбу шаҳардаги давлат рўйхатидан ўтмаган баптистлар черковининг 9 нафар аъзосига рухсат берилмаган фаолият билан шуғуллангани ва диндан ноқонуний таълим бергани учун 50 минг сўмдан 5 миллион сўмгача (24 доллардан 2400 долларгача) жарима солди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари  ва сиёсий мухолифат вакиллари хавфсизлик хизмати идоралари ўз телефон қўнғироқларини эшитганини ва махфий равишда фаолиятини кузатганини гумон қилди.

Ҳукумат, тахминан, 12 мингта маҳалла қўмитасидан потенциал экстремистлар  ҳақида маълумот берувчи манба сифатида фойдаланишини давом эттирди. Қўмиталар турли-туман ижтимоий қўллаб-қувватлаш вазифаларини бажарди, лекин улар маҳаллий жамият, ҳукумат ва қонунни қўллаш идоралари ўртасида боғловчи бўғин ҳам бўлди. Қишлоқ жойлардаги маҳалла қўмиталари шаҳарлардагидан кўра кўпроқ таъсир кучига эга  эди.

Ишончли маълумотларга қараганда, милиция ходимлари, иш берувчилар ва маҳалла қўмиталари инсон ҳуқуқлари фаолларининг оила аъзоларини таъқиб қилди. Инсон ҳуқуқлари фаоли Татьяна Довлатова Ўзбекистондаги камсонли этник русларнинг аҳволи тўғрисида Россия телевидениесининг мунозарали дастурида иштирок этгандан сўнг маҳаллий ҳокимият идоралари укасини ногиронлик мақоми ва пенсиядан маҳрум қилди, қонуний ниқоҳдан ўтмаган эри ишдан бўшатилди, милиция ходимлари ўғлини наркотиклар билан боғлиқ жиноятда айблаб, ҳибсга олди. Довлатова бу ишларнинг ҳаммаси ҳукуматнинг ўзига қарши кампанияси эканини иддао қилди.

2-бўлим. Фуқаро эркинликларини ҳурмат қилиш, бунга қуйидагилар ҳам киради:

а. Сўз ва матбуот эркинлиги

Сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи

Сўз эркинлиги: Конституция ва қонунчиликда сўз ва матбуот эркинлиги кўзда тутилган, лекин умуман олганда, ҳукумат ушбу ҳуқуқларни амалда ҳурмат қилмай сўз эркинлигини кескин чеклаб қўйди. 

Қонунлар президентни танқид қилишни чеклайди, президентни жамоатчилик олдида ҳақорат қилиш беш йиллик қамоқ билан жазоланадиган жиноят ҳисобланади. Қонунчилик, айниқса, диний зиддият ва этник ихтилофларга ёки конституцион тузумни обрўсизлантириш ва ёки ағдариб ташлашга ундовчи мақолалар чоп қилишни тақиқлайди.

Матбуот эркинлиги: Қонунда барча хорижий ва ички оммавий ахборот ташкилотларининг ўз ахбороти аниқлиги учун жавобгарлиги белгиланган, унда чет эллик журналистларнинг мамлакатда расмий аккредитациядан ўтмай туриб ишлаши тақиқланади ва чет эл ахборот воситалари ҳам Ўзбекистоннинг ОАВ тўғрисидаги қонунига бўйсуниши талаб қилинади. Давлат диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм, шунингдек, этник ва диний нафрат қўзғашни қўллаб-қувватлашни тақиқлайди. Хорижлик шериклар ҳиссаси 30 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга мамлакатда ОАВ ташкил этиш ман қилинади.

Давлат назоратидаги газеталарнинг мақолалари ҳукумат нуқтаи назарини акс эттирди. Ҳукуматнинг асосий газеталари халқаро оммавий ахборот воситаларининг фақат чекланган материалларини чоп этди.  Ҳукумат тиражи кам ҳамда реклама, гороскоп, шунга ўхшаш материаллар, баъзан мустақил маҳаллий хабарлар, шу жумладан, онда-сонда ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини танқид қилувчи  мақолалар чоп этадиган бир қанча хусусий газеталарни нашр қилишга рухсат берди.

Ҳукумат, шунингдек, хабарларни турли вазирликларнинг расмий Интернет сайтларида чоп этди. Бир неча мустақил деб ҳисобланган вебсайтлар доимий тарзда ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттирилган материаллар чоп қилди. 

Телеэфирда тўртта давлатга қарашли канал ҳукмронлик қилди. Вилоятлардаги бир қанча хусусий теле- ва радиостанциялар маҳаллий аудиторияда таъсир кучига эга бўлди.

Зўравонлик ва таъқиб: Йил давомида журналистларни таъқиб қилиш давом этди. Милиция ва хавфсизлик хизматлари матбуот, телевидение ва радио журналистларини ҳибсга олди, таъқиб этди, қўрқитди ва уларга нисбатан зўравонлик қилди, шунингдек, фаолиятини бюрократик йўл билан чеклаб қўйди. 

22 август куни Тошкент халқаро аэропортининг хавфсизлик ходимлари мустақил журналист Елена Бондарни Бишкек шаҳрида ЕХҲТ академияси ва “Дойче Велле” академияси ҳомийлигида ташкил этилган журналистика курсида қатнашиб қайтиб келгандан сўнг  тўрт соат ушлаб турди. Чегара назорати ва божхона ходимлари буюмларини тинтиб, компакт-дискларини, иккита видеокассета ва USB флешкасини текшириб кўриш учун мусодара қилди. Орган ходимлари олиб келаётган нарсаларини декларацияга киритмагани учун унга нисбатан маъмурий иш очди, лекин кейинчалик айбловларни бекор қилди. У сентбярь ойида Тошкент шаҳрида пропискаси бўлмагани учун қисувга олинди.

Ўтган йилларда бўлгани каби давлатга қарашли ва мустақил оммавий ахборот воситаларида хизмат қилувчи журналистларни чет эллик дипломатлар билан алоқа қилгани учун таъқиб қилди, сўроққа тутди. Баъзи журналистлар чет эллик дипломатлар билан юзма-юз учрашишни рад қилди, чунки бундай учрашувлар ўтмишда МХХнинг таъқиби ва сўроқларига сабаб бўлган эди.

Цензура ва мазмунни чеклаш: Давлат оммавий ахборот ташкилотларида хизмат қиладиган журналистлар ва бош муҳаррирлар  ўша нашрларда масъулият доирасига цензура ҳам кирувчи ходимлар борлигини маълум қилди. Қайта-қайта берилган хабарларга кўра, ҳукумат амалдорлари ва иш берувчилар журналистларга  хорижий мамлакатлар элчихоналари ҳомийлик қилган баъзи тадбирларни ёритмасликка оғзаки кўрсатма берди. Лекин  вилоятлардаги телевизион каналлар маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалалар, жумладан, сув, электр қуввати ва газ таъминотидаги узилишлар, шунингдек, коррупция ва атроф-муҳит булғанишига оид енгил танқидий материаллар бергани ҳақида ҳам маълумот бор.

Ҳукумат “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси”, “Америка овози” ва Би-Би-Си Умумжаҳон хизматига ўз эшиттиришларини мамлакат ичида тарқатишга рухсат беришни рад этаверди. У, шунингдек, чет эллик журналистлар ва оммавий ахборот воситалари, шунингдек, халқаро НТларга мамлакатда ишлаш имкониятини бермаслик учун аккредитация қоидаларини рўкач қилишни давом эттирди.

Туҳмат қилганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар/Миллий хавфсизлик: Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда туҳмат ва ҳақорат учун катта жарима белгиланган.  Ҳукумат президент ёки ҳукуматни танқид қилган журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва бошқа кишиларни жазолаш учун туҳмат, обрўни тўкиш ва ҳақоратлаш сингари айбловлардан фойдаланди. 5 август куни Вазирлар Маҳкамаси ОАВда чоп этилаётган материаллар шахсий ҳаёт дахлсизлигини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига қанчалик  жавоб бераётганини таҳлил қилиш, “фуқароларнинг тушунчаларига бузғунчи салбий ахборот ва руҳий таъсирнинг олдини олиш ҳамда миллий-маданий анъаналар ва меросни сақлаб қолиш ва қўллаб-қувватлаш” учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар бўйича эксперт комиссияси тузиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ушбу қоидалардан ўзгача қарашларга қарши курашда фойдаланиш мумкинлигидан огоҳлантирди. 

Олий суд Тошкент суди 2010 йил февралида сураткаш Умида Аҳмедовага суратлар китоби ва ҳужжатли фильм билан ўзбек халқининг обрўсини тўкканликда айблади, лекин суд ўша вақтнинг ўзидаёқ авф қўллаб, уни жазодан озод этди. У 2010  йил май ойида киритган апелляция аризаси бўйича йил охирида ҳам қарор қабул қилмаган эди.

Чоп қилиш билан боғлиқ чекловлар: Давлат хавфсизлик хизматлари ва бошқа идоралар ноширларга доимий суратда сохта имзолар билан чоп этиш учун мақола ва хатлар, шунингдек, қандай мақолаларни босиш мумкинлиги тўғрисида аниқ йўриқномалар  бериб турди. Кўпинча ҳукумат газеталари ёки хусусий газеталарнинг мақолалари мазмуни ўртасидаги фарқ жуда кам бўлди.  Журналистлар мустақил суриштирув мақолаларини кам ёзди. Газеталардаги танқидий мақолалар сони ва таъсир қамрови озлигича қолди. Лекин қўлма-қўл ўқиладиган сариқ матбуот ҳукумат сиёсатини енгилгина танқид қилган мақолалар чоп этди ҳамда ҳукумат нозик деб ҳисоблайдиган одам савдоси сингари  баъзи масалаларни муҳокама қилди.

Интернет эркинлиги

Умуман олганда, ҳукумат Интернетга, жумладан, ижтимоий тармоқлар сайтларига чиқишга рухсат берди.  Лекин Интернет хизмати провайдерлари ҳукуматнинг илтимосига кўра ва у эътирозли деб ҳисоблайдиган вебсайтларга ёки ўша вебсайтларнинг баъзи саҳифаларига кириш йўлини ҳар куни тўсиб турди, деган тахмин бор. Ҳукумат бир қанча ички, халқаро янгилик ва мухолифатдаги сиёсий партияларнинг вебсайтларига киришга йўл бермади. 9 августдан бошлаб, 60 дан ортиқ Интернет сайти, жумладан, “Файненшл Таймс”, Нью-Йорк Таймс”, Рейтер, “Чегарасиз репортёрлар” ва Россиянинг бир қанча янгилик воситалари вебсайтларига бир неча кун киришнинг иложи бўлмади.

ОАВ тўғрисидаги қонун вебсайтларни ҳам оммавий ахборот воситаси деб ҳисоблайди, уларнинг ҳам худди маҳаллий ва хорижий ОАВ сингари давлат рўйхатидан ўтишини, муассиси, бош муҳаррири, ходимлари номини кўрсатишни талаб қилади. Фақат вебсайтларнинг анъанавий ОАВ сингари эълон қилган материалларининг  босма нусхасини ҳукуматга бериши шарт эмас.

Бир қанча фаол онлайн-форумлар рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга мамлакат дуч келаётган турли-туман ижтимоий муаммолар муҳокамасига ўз шарҳини юбориш ва бошқа шарҳларни ўқишга рухсат берди.  Ушбу форумларда рўйхатдан ўтиш учун кишилардан шахсини аниқлаш мумкин бўлган маълумотлар бериш талаб этилади. Ушбу маълумотларни ҳукумат тўпламоқчи бўлган-бўлмагани аниқ эмас. Сентябрь ойининг бошида  ҳукумат ҳомийлигидаги “Мулоқот” вебсайти ишга тушди, унга тўлиқ кириш учун рўйхатдан ўтган мобил телефон рақамини киритиш талаб этилади. Фуқаролик жамияти фаоллари ҳукумат Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси контентларини юклаган фойдаланувчилар аккаунтини олиб ташлашга  кўрсатма бериш билан ушбу вебсайтни мониторинг ва цензура қилди ҳамда ўша контентларга киришни тўсиб қўйди, деб иддао қилди.

Қарорда "uz" доменини олмоқчи бўлган барча вебсайтлар давлатнинг Матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатдан ўтиши белгилаб қўйилган.  Умуман олганда, қарор фақат ҳукумат тасарруфидаги ва назоратидаги вебсайтларга тааллуқли бўлди. Мухолифат вебсайтлари, халқаро нодавлат ташкилотлар ёки ОАВ вебсайтлари мамлакат ташқарисида рўйхатдан ўтган домен олишни афзал билди.

Баъзи инсон ҳуқуқлари фаоллари электрон почталарини ҳукумат мониторинг  қилади, деб ҳисоблади, бироқ ушбу иддаоларни  тасдиқлайдиган далиллар топилмади. 

Академик эркинликлар ва маданий тадбирлар

Ҳукумат академик эркинликлар ва маданий тадбирларни  чеклашда давом этди. Август ойида Тошкент шаҳридаги маҳаллий амалдорлар сураткаш Умида Аҳмедова ташкил қилган ёш рассомлар кўргазмасини мажбурлаб ёпди. Давлат органлари вақти-вақти билан департамент бошлиғидан университетларда ўқилаётган лекциялар ва уларга бериладиган изоҳларни тасдиқлаб беришни талаб қилиб турди ва университет ўқитувчилари кўпчилик ҳолларда ўз-ўзини цензура қилишга мажбур бўлди. Кўплаб талабаларнинг маълум қилишича, университетларда президентнинг китоблари ва маърузалари бўйича мажбурий курслар ўқитилди, ушбу семинарлардан бирортасида қатнашмаслик ўқишдан ҳайдалишга сабаб бўлиши мумкин эди.

Айрим хабарларда “Ўзбеккино” агентлигининг номини айтишни истамаган ходимига асосланиб хабар қилинишича,  октябрь ойида Миллий хавфсизлик хизмати Давлат академик драма театрида бўлиб ўтган учрашув чоғида мамлакатнинг етакчи ёзувчи, рассом, мусиқачи ҳамда драма ва кино ижодкорларини асарларида диний мавзудан фойдаланмаслик тўғрисида огоҳлантирди.

Гарчи бир қарорда ҳукуматнинг олдиндан берган розилигисиз олий таълим муассасаларининг чет эл ўқув юртлари билан ҳамкорлиги тақиқланган бўлса-да, хорижий ўқув юртлари ўзининг Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорлиги натижаси ўлароқ, чет тилларга оид лойиҳалар бўйича ҳамкорлик учун рухсат ола билди. Баъзи мактаб ва университетлар маъмурияти ўқитувчилар ва талабаларга, чет элларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳомийлигидаги конференцияларда қатнашмайсан, деб тазйиқ ўтказишда давом этди.

б. Тинч йиғин ўтказиш ва уюшма тузиш эркинлиги

Тинч йиғин ўтказиш эркинлиги

Конституция ва қонунчиликда тинч йиғин ўтказиш эркинлиги кўзда тутилган, лекин амалда ҳукумат кўпинча ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Давлат органлари хавфсизликни таъминлашни важ қилиб, митинг, йиғин ва намойишлар ўтказишни орқага суриш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.  Ҳукумат кўпинча намойиш ўтказишга рухсат бериш талабини бажармай келди. Фуқаролар ҳукумат рухсат этмаган митинг, йиғин ёки намойишларни уюштиришга ёрдамлашгани, жой, бино ёки материаллар бергани, шунингдек, йиғин, митинг ва намойишларни ташкил этиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этгани учун катта миқдордаги жаримага тортилади.

Давлат органлари тинч норозилик намойишига  йиғилганларни тарқатиб юборди, баъзан қамоққа олди, баъзида эса норозилик ҳаракатлари учун маъмурий айблар қўйди. Кўплаб мисоллар қаторида 28 июнь куни Президент девони олдида президентнинг ўзи билан учрашишга уринган собиқ тележурналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновани ҳибсга олиш бўйича милиция ходимлари ўтказган тадбир ҳам бор. Милиция ходимлари Эшонқулова билан Омоновани Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судига олиб борди, у ерда судья Шамсутдинова икки журналистга учрашув, митинг ва намойишлар ташкил этиш тартибини бузгани учун 2.94 миллион сўм (1400 доллар) жарима солди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳларининг маълум қилишича, тинглов 10 дақиқа давом этди ва жавобгарларнинг адвокати иштирокисиз бўлди. Бундан норози бўлган Эшонқулова билан Омонова, тахминан, икки ҳафта давом этган очлик эълон қилди.

15 июль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туман суди Британия элчихонасининг маҳаллий ходимига рухсат этилмаган учрашув ўтказгани учун энг кам иш ҳақининг 80 баробари (тахминан, 4.5 миллон сўм ёки 2100 доллар) миқдоридаги жарима солди. Апелляция аризаси берилгандан сўнг айбловлар ўз кучида қолишига Британия элчихонаси ҳудудида фуқаролик жамияти ходимлари учун ўтказилган семинарлар сабаб бўлди.

Уюшмалар тузиш эркинлиги

Мавжуд қонунчиликда уюшмалар тузиш эркинлиги кўзда тутилган бўлса-да, ҳукумат амалда ушбу ҳуқуқни чеклаб келди. Ҳукумат НТлар фаолиятини  назорат қилишга интилди ва халқаро ташкилотлар маблағ билан таъминлайдиган НТлардан, қонун йўли билан тартибга солинмаган исломий ва аъзолари камсонли диний гуруҳлардан ташвиш билдирди. Қонунчиликда ташкил этилиши мумкин бўлган кўплаб турдаги гуруҳларга чекловлар мавжуд ва барча ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтиши талаб этилади. Мавжуд қонунчиликка кўра, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишни кутаётган янги ташкилотлар олти ой давомида имтиёз асосида фаолият кўрсатиши мумкин  ва бу давр мобайнида уларни ҳукумат расман “ташаббус гуруҳлари” дея таснифлайди. Бир қанча НТ олти ойдан ҳам кўпроқ вақт мобайнида ташаббус гуруҳлари сифатида фаолият кўрсатди.

ОИТВ/ОИТС ёки қочқинлар масалалари сингари нозик фаолият турлари  билан шуғулланмоқчи бўлган НТлар рўйхатдан ўтиш учун кўпдан-кўп қийинчиликларга дуч келди. Давлат сиёсий бўлмаган уюшмалар ва ижтимоий ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишига рухсат берди, бироқ мураккаб қонун-қоидалар ва  бюрократия жараённи мушкуллаштирди ва ҳукуматга бу ишларга тўсқинлик қилиши учун шароит яратди. Ҳукумат аксарият маҳаллий НТларни ўз назоратидаги НТлар ассоциацияси рўйхатидан ўтишга мажбурлади, бундан мақсад уларнинг барча молия ишлари ва фаолиятини назорат остига олиш эди. НТларнинг қанчалик фаол бўла олиш имконияти бир вилоятда иккинчисиникидан фарқ қилади, чунки баъзи маҳаллий ҳокимият ходимлари  улар фаолиятига  бағрикенглик билан қаради.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексда НТлар фаолиятини бошқариш тартибини бузганлик, шунингдек, ноқонуний НТларга “бошқаларни жалб қилганлик” учун катта миқдордаги жарималар белгилаб қўйилган. Кодексда “ноқонуний НТлар” рўйхатга олиниши мажбурлаб кечиктирилган, ёпилган ёки рўйхатга олинмаган НТларми ёки бошқаси экани аниқ кўрсатилмаган. Унда, шунингдек, сиёсий фаолият, низомларига тўғри келмайдиган фаолият ёки ҳукумат олдиндан рухсат бермаган фаолият билан шуғулланган халқаро НТларга ҳам жарима белгилаб қўйилган. Ҳукумат банк тўғрисида 2004 йили қабул қилинган қарорни ҳаётга жорий қилиш борасида саъй-ҳаракатларни жадаллаштирди. Гарчи қарор ҳаром пулни ҳалоллашга қарши кураш  учун ишлаб чиқилган деб ҳисобланса-да, рўйхатдан ўтган ва ўтмаган НТларнинг четдан маблағ олишини мураккаблаштириб қўйди. Адлия вазирлиги НТлардан олинган ҳар қандай грант маблағи, ўтказилган тадбирлари ва келгуси давр учун режалаштирилган тадбирлари хусусида ҳар олти ойда батафсил ҳисобот бериб туришни талаб қилади.

Молия вазирлиги барча гуманитар ёрдам ва техник кўмак олувчилардан банк операциялари ҳақида маълумот беришни талаб қилди. 

Қонунчиликда ҳукумат эктремистик деб ҳисоблайдиган ташкилотларга аъзолик жиноят экани белгиланган. Қонунчилик шу билан бирга, нафратни қўллаб-қувватлайди ва терроризм актларини мақтайди, деб “Ҳизб ут-таҳрир” экстремистик исломий сиёсий ташкилоти фаолиятини тақиқлаб қўйди.

в. Дин эркинлиги

Дин эркинлигига оид тўлиқ маълумот олиш учун www.state.gov/g/drl/irf/rpt даги “Халқаро дин эркинлиги тўғрисидаги ҳисобот”га қаранг.

г. Бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги, мамлакат ичида кўчган кишилар, қочқинлар ва фуқаролиги йўқ кишиларни ҳимоя қилиш

Мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш:

Констутиция ва қонунчилик мамлакат ичида ва унинг чегараларини кесиб ўтишда эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини беради, лекин ҳукумат амалда ушбу ҳуқуқни чеклади. Ҳукумат вақти-вақти билан мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчишни, виза олиш учун ариза бериш жараёнида эса чет элга сафар қилиш ва эмиграцияни кечиктирди. Хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ сабабларга кўра, миллий байрамлар нишонланаётган кунларда чегаралар вақти-вақти билан ёпиб турилди. Тошкент шаҳри ёки Тошкент шаҳрига кўчиш учун маҳаллий ҳокимият вакилларининг рухсатномаси талаб этилади, лекин улар бундай рухсатни пора олмасдан туриб, камдан-кам ҳолларда берди.

Чет эл сафари: Фуқаролардан  мамлакат ичида сафар қилиши ёки мамлакатдан чиқиб кетиши олдидан паспортларига доимий яшаш жойидан тўртбурчак муҳр урдириш талаб этилади. Ҳукумат  чет элга сафар қилиш ёки эмиграция учун – гарчи  деярли барча ҳолатларда виза берса ҳам – чиқиш визаси олишни ҳам талаб қилади. Июль ойида Вазирлар Маҳкамаси чиқиш визасини бериш тартибига ўзгартишлар киритди ва бу ўзгартишлар “сафарнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахборот” асосида сафарни бекор қилишга асос бўлади.

Фуқаролик жамияти фаолларининг фикрича, ушбу қоидаларнинг мазмуни аниқ-тиниқ баён қилинмаган ва бундай ҳолларда судга шикоят аризаси бериб  ютиб чиқиш қийин. Бундан ташқари, мамлакатда гўё одам савдосига қарши кураш мақсадида бир қоида жорий қилинди. Унга кўра, 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган аёлларнинг эркак қариндошлари улар чет элдалик вақтида ноқонуний ишлар, жумладан, фоҳишалик билан шуғулланмаслиги ҳақида ариза бериши талаб этилади.

Ўтган йилларда бўлгани каби, гарчи қонунда қарор 15 кунда қабул қилиниши белгилаб қўйилган бўлса-да, хабарларда айтилишича, ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларга чет элга сафар қилиши олдини олиш учун чиқиш визалари беришни кечиктирди. Масалан, йил давомида давлат органлари инсон ҳуқуқлари фаоллари Дмитрий Тихонов ва Владимир Ҳусаинов ва мустақил журналист Абдумалик Бобоевга чиқиш визаси беришни кечиктирди, лекин Тихонов билан Бобоев бундай визани мос равишда 10 ва 4 ойдан сўнг олди. Ҳукумат август ойида инсон ҳуқуқлари фаоли Татьяна Довлатовага январь ойида безориликда айблангани учун чиқиш визаси бермади.

Умуман олганда, фуқаролар қўшни мамлакатларга сафар қилиш имконига эга бўлди. Афғонистонга ер орқали сафар қилиш мушкуллигича қолди. Фуқаролар чегарадан ўтиш учун МХХдан рухсат олиш керак эди.

Ҳукумат меҳмонхоналардан мамлакатга келган чет эллик меҳмонларни ҳар куни рўйхатдан ўказишни талаб қилади. Хусусий уйда турувчи чет элликларда мамлакатга келгандан сўнг уч кун ичида турган жойида рўйхатдан ўтиш талаб этилади. Орган ходимлари чет элликларни чегара ҳудудларида диққат билан кузатади, лекин чет элликлар мамлакат ичида ҳеч бир чекловсиз бир жойдан иккинчи жойга бора олади.

Эмиграция ва репатриация: Қонунлар икки фуқароликка йўл қўймайди.  Қонунларга кўра, қайтиб келган фуқаролар давлат органларига чет элда бўлганида  ўша мамлакат фуқаролигини қабул қилмаганини исботлаши керак бўлади, акс ҳолда улар фуқаролигидан айрилиши мумкин. Аслида эса икки фуқароликка эга бўлган кишилар ҳеч бир тўсиқларсиз сафар қилиб юрди.

Ҳукумат  чет мамлакатларда олти ойдан кўпроқ истиқомат қилган фуқаролар Ўзбекистоннинг консулликларида рўйхатдан ўтиши кераклигини ва бу иш ихтиёрий эканини таъкидлаб келди. Лекин ўтган баъзи йиллардан фарқли ўлароқ, чет элда яшаётган фуқароларнинг рўйхатдан ўта олмагани ва фарзандларининг чет элда фуқароликсиз туғилгани хусусида маълумот олинмади.

Қочқинларни ҳимоялаш

Бошпана олиш имконияти: Мамлакат қонунчилигида бошпана ёки қочқин мақоми бериш назарда тутилмаган, ҳукумат қочқинларни ҳимоя қилиш тизимини жорий қилмади.

Мажбуран репатриация қилмаслик: Ҳукумат амалда қочқинларни ирқи, дини, миллати, муайян ижтимоий гуруҳга мансублиги ёки сиёсий танлови сабабли ҳаёти ёки эркинлигига таҳдид солиниши мумкин бўлган мамлакатларга чиқариб юборилиши ёки қайтарилишидан ҳимоя қилди. Ўтган йилда бўлган каби ҳукуматнинг афғон қочқинларини мамлакатдан мажбурлаб чиқариб юборгани хусусида хабар қилинган ҳолатлар бўлмади.

Йил давомида БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси (ҚМБОКБ) вакили бўлмаган пайтда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) 173  нафар қочқиннинг  (асосан, афғонлар) ҳали охирига етмаган ишини мониторинг қилиш  ва уларга ёрдам беришни давом эттирди, бу ҳол 2006 йили БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги ваколатхонаси ёпилишига сабаб бўлган эди.  Йил давомида БМТТД 97 кишига дахлдор 60 та ишни расмийлаштиришни ниҳоясига етказди, чунки ушбу ташкилот янги аризаларни расмийлаштира ёки қочқин мақомини белгилай олмайди, шунинг учун потенциал ариза берувчиларга қўшни мамлакатлардаги БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги ваколатхоналарига мурожаат қилишни маслаҳат беради.

Ташқи ишлар вазирлиги 2007 йилдан кейин БМТ ҚМБОКБнинг қонуний яшаб туришни чўзишга асос бўладиган мандат гувоҳномасини кўриб чиқмади, бундай гувоҳномаси бўлган кишилар сайёҳ визаси ёки яшашга рухсатномаси олиш учун ариза бериши керак ёки мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Яшашга рухсат олиш қийин бўлди, йил давомида қонунни қўлловчи идоралар яшаш рухсатномасини бекор қилиб, қочқинларни мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилган ҳоллар учради. Ҳукумат Афғонистон ва Тожикистондан келган ва ҚМБОКБнинг қочқин мандатига эга бўлган кишиларни иқтисодий мигрантлар деб ҳисоблади, баъзан амалдорлар уларни таъқиб қилиб, пора талаб этди. Тожикистондан келган қочқинларнинг аксарияти этник ўзбеклар эди; улар Афғонистондан келган кишилардан фарқли ўлароқ, маҳаллий аҳоли билан тезда тил  топишиб кетди, маҳаллий аҳоли уларга ёрдам қилиб турди.  Баъзи тожикистонлик қочқинларнинг расман фуқаролиги йўқ эди ёки фуқароликдан расман ажраб қолиш хавфига рўпара келди, чунки улардан кўпчилигининг Тожикистон ёки Ўзбекистон эмас, Совет паспорти бор эди. Фуқаролиги бўлмаган ота-оналардан туғилган фарзандлар ота ҳам, она ҳам яшаш рухсатномасига эга бўлсагина фуқаролик олади.

3-бўлим. Сиёсий ҳуқуқларни ҳурмат қилиш: фуқароларнинг ўз ҳукуматини ўзгартириш ҳуқуқи

Конституция ва қонунчиликда фуқароларнинг тинч йўл билан ҳукуматни ўзгартириш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Амалда эса ҳукумат сўз эркинлигини қатъий чеклаб қўйди ва сиёсий мухолифатни қисувга олди. Президент Каримов ўта марказлашган ҳукуматни кенг ваколатга эга бўлган фармонлар, қонун лойиҳалари тайёрлаб берувчи асосий ҳокимият тармоғи ҳамда ҳукуматнинг лавозимларга тайинлашини, иқтисодиётнинг асосий қисмини ва хавфсизлик кучларини  назорат қилиш орқали бошқарди.

Сайлов ва сиёсатда иштирок этиш

Охирги сайлов: И.Каримов 2007 йилда ўтказилган, аммо  халқаро демократия меъёрларига мос келмаган сайлов натижаларига кўра, 2008 йили президентликнинг учинчи муддатини бажаришга киришди. Конституция президентнинг учинчи муддатга сайланишини тақиқлайди, ушбу аниқ зиддиятни ҳукумат ҳеч қачон очиқ эътироф этмади. ЕХҲТ чекланган кузатувчилари таъкидлашича, ушбу сайловда иштирок этган номзодлар сони олдингисига нисбатан кўпроқ бўлди, бироқ барча номзодлар ўзи чиқишларида  амалдаги президентнинг  сиёсатини қўллаб-қувватлади, сайловни ўтказиш тартиби билан боғлиқ муаммолар ва овозларни санаш чоғида носозликлар рўй берди. 

Сиёсий партиялар: Қонунчиликда сиёсий партияларнинг мустақил бўлиши белгилаб қўйилган, лекин Адлия вазирлиги партияларнинг ички ишларига аралашиш, ўзи ҳукуматга мухолиф деб ҳисоблаган партияларга молиявий ва ҳуқуқий ёрдамни тўхтатиб қўйишдай катта ваколатларга эга.

Қонунчилик чин маънодаги мустақил сиёсий партияларни ташкил этиш, улардан номзод кўрсатиш   ва кампания ўтказишни ўта қийин қилиб қўйган. Рўйхатдан ўтиш учун янги партиядан 20 мингта имзо йиғиш талаб этилади. Номзодни рўйхатга олиш тартиби жуда оғир. Қонунчиликка кўра,  Адлия вазирлиги партияни рўйхатга олишни суднинг қарорисиз олти ойгача кечиктириши мумкин. Ҳукумат, шунингдек, тузилган сиёсий партияларнинг молияланишини ва ОАВдаги чиқишларини назорат қилди.

Қонунчилик судьялар, прокурорлар, Миллий хавфсизлик хизмати амалдорлари, қуролли кучларда хизмат қилаётган кишилар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг сиёсий партияларга аъзо бўлишини тақиқлайди. Амалдаги қонунлар дин ва миллий асосда, мамлакат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига ёки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари ва эркинликларига қарши бўлган, урушни ёки ижтимоий, миллий ва диний  адоватни тарғиб қиладиган, ҳукуматни ағдариб ташлашга интиладиган  партия тузишни тақиқлайди.

2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат бир қанча сиёсий партияларни тақиқлади ёки уларни рўйхатга олишни рад қилди. Собиқ партия раҳбарлари қувғинда бўлди, партиялари эса мамлакатда кучли таянчга эга бўлмагани учун яшаб қолиш йўлида курашди.

Аёллар ва камсонли миллатлар вакилларининг иштироки: Парламентнинг 150 аъзоси бўлган қуйи палатасида 33 нафар аёл – шулар қаторига спикер Дилором Тошмуҳамедова ҳам киради – 100 нафар аъзоси бўлган Сенатда 15 нафар аёл ҳамда 28 нафар аъзоси бўлган Вазирлар Маҳкамасида 2 нафар аёл бор эди.

Парламент қуйи палатасида 11 нафар, Сенатда эса 11 нафар  камсонли этник гуруҳлар аъзоси бор эди.

4-бўлим. Юқори лавозимдагилар коррупцияси ва ҳукуматнинг ошкоралиги

Қонунчиликда юқори лавозимли амалдорларнинг коррупциясига жиноий жазо белгиланган, лекин   ҳукумат ушбу қонунчиликни самарали қўлламади, амалдорлар кўпинча коррупционерлиги учун жазосиз қолди. Ҳукумат ҳисоботида келтирилишича, йилнинг дастлабки 9 ойида 460 нафар юқори лавозимли амалдорга коррупция билан боғлиқ айб қўйилди ва уларнинг 371 нафари қамоқ жазосига ҳукм этилди.

“Правда Востока” ҳукумат газетасининг 4 октябрь сонида маълум қилинишича, йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида прокуратура порахўрлик, мулкни ноқонуний ўзлаштириш ва давлат идораларида ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланган амалдорларга қарши 60 та жиноий иш қўзғатди. Ушбу қўзғатилган жиноий ишлар бошқалар қатори Олмалиқ шаҳри ҳокими Р.Гулямов, Фориш тумани ҳокими Э.Муҳаммадиев, Қўқон шаҳри ҳокимининг собиқ ўринбосари Рашид Нурматовни иқтисодий ва ижтимоий масалаларда айбдор деб топиш билан якунланди.

Ноябрь ойи охирида инсон ҳуқуқлари фаоллари ва оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди судьяси М.Шукуруллаев порахўрлиги учун қамоққа олинди. Йил охирида унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишнинг аҳволи тўғрисида қўшимча маълумот олинмади.

Қонунни қўлловчи идоралар ходимлари ўртасидаги коррупция муаммолигича қолди. Милиция ходимлари пора тама қилиб, ҳар куни фуқароларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олди. Масалан, Uzmetronom.com вебсайтининг 17 сентбярь куни хабар қилишича, МХХ Тошкент шаҳри Миробод тумани Ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими бошлиғи ўринбосари полковник М.Эгамбердиевни пора олаётган пайтда қўлга туширди. Ҳукумат берган маълумотга кўра, йилнинг дастлабки тўққиз ойида 157 нафар қонунни қўлловчи идоралар ходими коррупиция билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, жавобгарликка тортилди ва бу кўрсаткич олдинги йиллардагидан анча кўпдир.

Жамоатчилик, умуман олганда, ҳукумат фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ола билмади ва ҳукумат жамоатчилик қизғин кутиб олган ахборотни камдан-кам ҳолларда эълон қилди.  Олий ўқув юртларида, ҳуқуқ ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимида коррупция оғир муаммо бўлди. Баъзи хабарларга қараганда, судьяларга берилган пора фуқаролик ишлари натижасига таъсир кўрсатди. Октябрь ойида оммавий ахборот воситаларида аэропортларда божхона ходимлари ўртасида коррупция кенг тарқалгани хусусида бир қанча хабарлар пайдо бўлди.

5-бўлим. Ҳукуматнинг тахмин этилган инсон ҳуқуқлари бузилишини халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар тергов қилишига муносабати

Гарчи ҳукумат расман ўч олиш билан қўрқитиб, маҳаллий инсон ҳуқуқлари гуруҳлари фаолиятига тўсқинлик қилган бўлса ҳам, улардан бир қанчаси мамлакат ичида фаолият кўрсатди. Ҳукумат инсон ҳуқуқлари фаолларини тез-тез таъқиб қилиб, қамаб, жиноий жавобгарликка тортиб турди. Ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, 1 сентябрь – Мустақиллик байрами кунлари фаоллар уй қамоғида ўтиргани ёки қонунни қўлловчи идоралар ходимларининг қаттиқ назоратига олингани тўғрисида хабарлар бўлмади.

Ҳукумат инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича мамлакатда иккита НТ: “Эзгулик” ва Ўзбекистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотини расман тан олди. Бошқа ташкилотлар рўйхатдан ўта олмади, лекин шунга қарамай  ҳам миллий, ҳам халқаро миқёсда фаолият кўрсатаверди. Масалан, май ойида Бухоро шаҳридаги Гуманитар ҳуқуқ маркази рўйхатдан ўтиш учун сўнгги икки йил ичида бешинчи марта ҳужжат топширди, лекин сабаби тушунтирилмаган рад жавоби олди. НТ фаолиятини давом эттираверди, ҳатто маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳам унинг баъзи мавзулардаги давра суҳбатларида иштирок этди.

Ўтган йилларда рўйхатдан ўтишга уриниб кўрган, лекин ўта олмаганлар сирасига Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти, “Экспертлар иш гуруҳи”, “Мазлум” ташкилотлари киради. Улар юридик шахс сифатида мавжуд бўлмади, аммо офисларни ижарага олиш ёки молиявий битимлар тузиш сингари қийинчиликларга қарамасдан, фаолият юритаверди. Улар банкда ҳисоб рақами очолмади, бу ҳол қонуний йўл билан маблағ олишга йўл бермади. Рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар ҳукуматнинг суд орқали таъқиби олдида ҳимоясиз бўлиб қолди. Аммо камдан-кам ҳолларда ҳукумат вакиллари баъзи тадбирларда рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар билан бирга иштирок этди.

Ҳукумат идоралари вакиллари мамлакат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан норасмий тарзда суҳбатлашди. Баъзиларининг айтишича, улар инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ишларни давлат органлари билан бирга бевосита шуғулланиб, ҳал этишга муваффақ ҳам бўлди.

Ҳукумат НТлар ўз ўқув машғулотлари  ёки семинарларини давлат ҳокимияти идоралари билан мувофиқлаштиришни талаб қилди. НТ раҳбарлари ушбу талабни НТларнинг барча фаолият турлари учун олдиндан ҳукуматдан рухсат олиш билан баробар деб ҳисоблади. Милиция ва хавфсизлик кучлари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари фаоллари ва НТларни йил давомида таъқиб қилди. Хавфсизлик кучлари инсон ҳуқуқлари фаоллари ишига тўсқинлик қилиш, хорижий дипломатлар билан учрашмасликка кўндириш учун доимий тарзда таҳдид қилиб, дўқ уриб турди, вақти-вақти билан милиция ва бошқа давлат органлари  фаолларга чет элликлар билан алоқани тўхтатишни буюрди. Гоҳо инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига ҳужум қилиб турилди. Масалан, 3 октябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги 1-мактаб директори Бахтиёр Элмуродов Ўзбекистон Халқаро инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоятидаги филиали раиси, 1-мактаб ўқитувчиси Зиёдулло Раззоқовни ургани ҳақида хабар олинди. Тахмин этилишича, Раззоқовга пахта теримига мактаб ўқувчилари жалб қилингани тўғрисида берган интервьюсига жавобан ҳужум қилинган. Раззоқов 4 октябрь куни милицияга шикоят аризаси берди ва 28 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди Элмуродовни кичик жароҳатлар етказганлик ва Раззоқовнинг шаънини таҳқирлаганликда айбдор деб топиб,  унга, тахминан, 567 минг сўм (270 доллар) жарима солди.

Июнь ойида ҳукумат Олий суд қарорига асосланиб, “Ҳюман Райтс Уотч” ташкилотининг маҳаллий идорасини ёпди.  Ўзбекистоннинг демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олган халқаро мажбуриятларини амалга оширишига ҳисса қўшмоқчи бўлган ташкилот ўз штатидаги чет эллик ходими учун 2008 йилдан бери аккредитация ололмади.

15 август куни милиция ходимлари Жиззах вилояти Пахтакор туманида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари фаоли Саида Қурбоновани бир неча соат ҳибсда ушлаб турди. Хабар қилинишича, бунга унинг фуқаролар давлат чиқарган банк пластик карталаридан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келаётгани хусусида ёзган мақоласи юзасидан туҳмат деб тергов олиб борилгани сабаб бўлган.  Қурбонова милиция ходимлари, жумладан, Пахтакор тумани полицияси милицияси раҳбари ўринбосари  Акмал Жаҳонов ўзига таҳдид қилгани, ноқонуний муносабатда бўлгани, уни зинапоя бўйлаб тепага судраганини айтди. Лекин милиция ходимлари бу  иддаоларни рад этди.

БМТ ва бошқа халқаро идоралар: Ҳукумат халқаро идоралар фаолиятини чеклашда давом этди  ҳамда уларнинг инсон ҳуқуқларига амал қилинишини кузатиш ва бу борадаги сиёсатини кескин танқид остига олди.

ЕХҲТ 2006 йилдан бери инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларда чекланган миқдорда иш қилишга эришди, ҳукумат йил давомида ушбу ташкилотнинг “инсон ўлчами”, ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари компоненти сингари бир қанча таклиф этилган лойиҳаларини маъқуллади.

Ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи идоралари: Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмен идораси ўз мақсади  фундаментал инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва жамоатчиликнинг уларни билишини рағбатлантириш, халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мос келадиган қонунчиликни шакллантиришга ёрдам бериш ва ҳуқуқ бузилиши, деб ҳисобланган ҳолатларни бартараф этиш эканини маълум қилди. Омбудсмен идораси у ерга мурожаат қилган фуқаролар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этишда воситачилик қилади, ҳукумат идораларининг қарорларини  ўзгартириш ёки маъқуллаш бўйича тавсиялар беради, лекин улар мажбурий эмас. Омбудсмен номига 2010 йилда келиб тушган 10 мингдан ошиқ шикоятнинг 40 фоиздан кўпроғи яшаш ҳуқуқи, эркинлик, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, инсонпарварларча муносабат, шунингдек, одил судлов ҳуқуқига тегишли бўлди.

Омбудсмен идораси йил давомида ўзининг воситачилик ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга оид  фаолиятини муҳокама қилиш учун қонунни қўлловчи идоралар, суд вакиллари ва чекланган халқаро НТлар иштирокида учрашув ва конференциялар ўтказди.

Инсон ҳуқуқлари миллий маркази аҳоли ва амалдорларга инсон ҳуқуқлари ва демократия принциплари тўғрисида таълим бериш ҳамда ҳукуматнинг жамоатчиликни инсон ҳуқуқлари тўғрисида ахборот билан таъминлаш борасидаги ҳалқаро мажбуриятларини бажараётганини кафолатлашга масъул бўлган давлат муассасасидир. 

6-бўлим. Камситиш, ижтимоий суиистеъмоллар ва одам савдоси

Қонунчилик ва Конституция ирқ, жинс, ногиронлик, тил ёки ижтимоий мақомга кўра камситишни тақиқлайди.  Бироқ аёллар ва одамларни ногиронлиги учун ижтимоий камситиш учраб турди, болаларга шафқатсизларча муносабатда бўлиш давом этди.

Аёллар

Номусга тегиш ва оиладаги зўравонлик: Қонунлар номусга тегишни, шу жумладан, “яқин қариндош”ни жинсий зўрлашни ман қилади, лекин Жиноят кодекси эр-хотиннинг бир-бирини зўрлашига муайян тақиқ қўймади ва суд бирор маълум ишни кўриб чиқмади.  Урф-одатлар аёлларга ва уларнинг оилаларига жинсий зўрлаш ҳақида очиқ гапиришига йўл бермади, матбуот номусга тегиш ҳақида жуда кам хабар қилди.

Оилада зўравонлик кўп учрашига қарамай, қонунчилик буни махсус тақиқламайди. Қонунларда жисмоний куч ишлатиш ҳолатларига жазо белгиланган бўлса-да, кўпинча милиция ходимлари аёлларнинг ўзларини калтаклаган шерикларидан шикоят қилишини маъқулламади, орган ходимлари  муштумзўрларни камдан-кам ҳолларда уйларидан олиб кетди ёки ҳибсга олди. Жамият аёлларни калтаклашни жиноий эмас, шахсий иш деб ҳисоблади. Оила аъзолари ёки катта ёшлилар бундай ҳолатларни  уйнинг ўзида ҳал қилди ва камдан-кам ҳолларда иш судгача етиб борди. Маҳаллий ҳокимият идоралари бундай муштумзўрликни муҳокама қилишдан кўра, эр билан хотинни яраштиришга кўпроқ эътибор қаратди.  Гарчи кўпхотинлик  қонун билан тақиқланган бўлса-да,  ҳалигача учраб турди.

Олдинги йилларда бўлгани каби, аёллар уйдаги зўравонлик сабаб ўз жонига қасд қилишга уринган ёки қасд қилган ҳолатлар ҳақида хабарлар тарқалди. Аёллар масалалари бўйича фаолларнинг маълум қилишича, бундай ҳолатлар кўпинча ошкор қилинмади, ушбу муаммонинг қай даражада тарқалгани хусусида ишонарли статистиканинг ўзи йўқ эди. Кузатувчилар аёл кишининг эри ёки, анъанага кўра, ўзини тўлиқ назорат қиладиган қайнонаси билан келишмовчилиги жонига қасд қилишнинг одатий сабаби эканини айтди. Уйдаги зўравонлик жабрдийдалари учун на давлат қарамоғидаги бошпана ва на ишонч телефонлари бўлди, жуда оз сонли НТлар уйдаги зўравонликка эътибор қаратди.

Шилқимлик: Қонунчиликда шилқимликнинг тақиқланиши аниқ белгилаб қўйилмаган,  лекин эркак киши учун аёл киши билан бизнес, молиявий ёки бошқа тобе муносабатлар бўлган ҳолатларда уни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш жиноят ҳисобланади. Ижтимоий меъёр ва судга мурожаат қилишнинг етишмаслиги ушбу муаммо кўламини  аниқлашни мушкуллаштирди.

Репродуктив ҳуқуқлар: Умуман олганда, давлат  эр-хотинлар, кишиларга қанча фарзанд кўриш, туғишлар ўртасидаги оралиқ вақтни сақлаш ва қачон фарзанд кўришни ҳамда бу ишни камситиш, мажбурлаш ва зўравонлик қилмай, етарли ахборот ва маблағга эга бўлган ҳолда эркин ва масъулият билан ҳал этишга рухсат берди. Лекин июль ойида оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, Тошкент шаҳрида ишлайдиган, номини ошкор қилишни истамаган гинекологлар Соғлиқни сақлаш бошқармасининг учинчи фарзандига ҳомиладор бўлган аёллардан тушунтириш хати  олиш тўғрисида оғзаки кўрсатма берганини маълум қилди. Ўша хабарларда яна ҳукумат ўтмишда туғилиш кўрсаткичини назорат қилиш учун врачларга аёлларни стериллаш тўғрисида босим ўтказгани ҳақида иддаолар ҳам мавжуд. Ҳукуматнинг расмий сиёсати оилани режалаштиришнинг барча шаклларини, шу жумладан, мижознинг  масаладан хабардорлигига асосланган розилигисиз амалга оширилиши мумкин бўлмаган стериллашни врачлар ёрдамида рағбатлантиришдан иборат.

Эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам  ҳомиладорликнинг олдини олиш воситаларидан фойдаланиш имкони бўлди. Аксарият туманларда дипломли врачлар ишлайдиган туғруқхоналар мавжуд эди, врачлар ҳомиладорлик вақти ва туғишдан кейинги кенг миқёсли даволаш ишларини бажарди. Баъзи хабарларга кўра, қишлоқ жойларда яшайдиган аёллар шаҳарлик аёлларга нисбатан кўпроқ ҳолларда ўз уйида, малакали доялар кўмагисиз туғишни танлади.

Камситиш: Қонунчилик жинс билан боғлиқ камситишни тақиқлайди ва Миллий хотин-қизлар қўмитаси (МХҚ) аёлларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишини рағбатлантиришга хизмат қилиш учун мавжуддир. Аёллар тарихий нуқтаи назардан, эркаклар даражасида бўлмаса-да, турмушнинг барча жабҳаларида олд мавқеларни эгаллаб келган, аммо маданий ва диний амалиётлар уларнинг жамиятдаги ролини чеклаб қўйди.  Ҳукумат аёллар ишга жойлашиш, қарзлар олиш ва айнан бир хил иш учун тенг миқдорда иш ҳақи тўланиши масаласида камситилган ёки камситилмаганига оид маълумотларни жуда кам берди. Бироқ Меҳнат кодексида аёлларнинг эркаклар билан баб-баробар саноатнинг кўп соҳаларида ишлаши тақиқланади. Бундан ташқари, бизнесни бошлаш ва ривожлантириш кескин чекланган.

Болалар

Туғилишни рўйхатга олиш: Фуқаролик мамлакат ҳудудида  туғилгач олинади ва ота ёки онадан ўтади. Одатда ҳукумат барча туғилиш ҳолатларини зудлик билан рўйхатга олади.

Тиббий ёрдам: Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳаси, шу жумладан, болалар учун маблағ ажратди, ўғил ва қиз болалар бу имкониятдан тенг фойдаланди, бироқ қаровсиз болалар, мигрант ишчиларнинг фарзандлари сингари пропискаси ва расмий манзили бўлмаган кишилар  давлатга қарашли соғлиқни сақлаш муассасаларида даволана олмади.

Болаларга нисбатан зўравонлик: Жамият одатга кўра болаларга нисбатан зўравонлик қилишга оиланинг ички иши деб қаради, бу ҳақда танишиш мумкин бўлган расмий маълумот кам бўлди.

Болаларнинг турмуш қуриши: Қонунчиликда қизларнинг камида 17, йигитларнинг 18 ёшдан оила қуриши белгиланган, лекин туман ҳокими истисноли ҳолларда бу ёшни бир йилга камайтириши мумкин. Гарчи баъзи қишлоқ жойларда қизлар гоҳида 15 ёшида давлат тан олмайдиган диний маросимларда турмушга узатилса ҳам, бу ҳолат кўп учрамади.  

Болаларни жинсий зўрлаш: Қонунчилик болаларни “мажбурлаб ишлатишнинг барча шакллари”дан ҳимоя қилади. Болани фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаш энг кам ойлик иш ҳақининг 25 дан 50 баробаригача жаримага тортиш ва муддати аниқ кўрсатилмаган қамоқ билан жазоланади.

Балоғат ёшига етмаганлар билан жинсий алоқа қилишга қарши кураш тўғрисидаги қонунда 16 ёшдан кичик бўлган бола катта ёшли киши билан жинсий алоқа қилиш учун қонуний розилик бера олмаслиги ва балоғат ёшига етмаганлар билан жинсий алоқа қилганлик учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилиши таъкидланади. Болалар (21 ёшга тўлмаган шахслар) порнографиясини ишлаб чиқариш, кўрсатиш ва тарқатиш жарима ёки уч йил қамоқ билан жазоланади. 

Икки томоннинг розилигига кўра фақат 16 ёшдан бошлаб жинсий алоқа билан шуғулланиш мумкин. Зўрлаб номусга теккани учун 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Болалар (21 ёшга тўлмаган шахслар) порнографиясини ишлаб чиқариш, кўрсатиш ва тарқатиш жарима ёки уч йил қамоқ билан жазоланади. 

Унда-бунда олинган хабарларга қараганда, нуқсон ёки бошқа касаллик билан туғилган болаларнинг оналарига уларни махсус даволаш муассасасига жойлаштириш учун босим ўтказилди.  Ўша хабарларда айтилишича, она ёлғиз бўлганда ёки бола боқиш учун маблағи бўлмаганда шундай йўл тутилган.

Давлат муассасаларига жойлаштирилган болалар: Ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, нуқсон ёки бошқа касаллик билан туғилган болаларнинг оналарига уларни махсус даволаш муассасасига жойлаштириш учун босим ўтказилган ҳоллар тўғрисида хабар бўлмади.

Болаларни бир мамлакатдан иккинчисига ўғирлаб кетиш: Ўзбекистон 1980 йили Гаага шаҳрида қабул қилинган “Болаларни бир мамлакатдан иккинчисига ўғирлаб кетишнинг фуқаролик-ҳуқуқий жиҳатлари тўғрисида”ги конвенцияни имзолаган. Ахборот олиш учун Давлат департаментининг Гаага конвенциясига риоя қилиш тўғрисидаги ҳисоботига қаранг: http://travel.state.gov/abduction/resources/congressreport/congressreport_4308.html, шунингдек, мамлакатга оид маълумотлар олиш учун http://travel.state.gov/abduction/country/country_3781.html га қаранг.

Аксилсемитизм

Яҳудий етакчилари жамиятдаги бағрикенглик даражаси юқори эканини маълум қилди. Аксилсемитизм хатти-ҳаракатлари ёки яҳудийларга нисбатан камситиш бўлгани ҳақида маълумот олинмади. Яҳудийлар жамоаси рўйхатдан ўтган марказий ташкилотни расмийлаштириш талабларини бажаролмади, бироқ мамлакатда саккизта рўйхатдан ўтган яҳудий қавми мавжуд эди. Кузатувчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, мамлакатда, тахминан, 10 минг нафар яҳудий бўлиб, улар, асосан, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ғуж бўлиб яшайди. Улар сони иқтисодий сабабларга кўра кўчиб кетиш оқибатида камая борди.

Одам савдоси

Одам савдоси ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: www.state.gov/j/tip.

Ногирон кишилар

Қонунчилик ногирон кишиларни камситишни тақиқлайди, лекин улар баъзи ҳолларда ижтимоий камситишларга дучор бўлди.

Ҳукумат давлатдан ногиронлик нафақаси оладиган фуқароларнинг ногиронлик даражасини тасдиқлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирди. Давлат ҳокимияти идоралари расман ногиронлик учун тўланадиган нафақаларнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун текширувлар ўтказди, лекин тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, ушбу жараёнда баъзи ногирон кишилар оладиган нафақа адолатсиз тарзда қисқариб кетди.

Қонунда жамоат жойларга ногиронлар кириши учун шароит яратилмаган бўлса, жарима солиш белгиланган, аммо ногиронлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи фаоллар сўнгги йилларда қурилган ўрта мактабларнинг ташқарисида нишаб жой – пандуслар борлигини, аммо ичкарисида ногиронлар аравачасида бемалол ҳаракатланиш мумкин бўлган шароит йўқлигини қайд этди.

Қонунчилик ўзбошимчалик билан ёки ғайриихтиёрий равишда даволаш муассасасига жойлаштирмасликни аниқ кафолатламайди.  Бироқ йил давомида одамларнинг руҳий касаллик белгилари йўқлигига қарамасдан, психиатрик шифохоналарда ушлаб турилгани тўғрисида маълумот олинмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ногиронларнинг даволанишини назорат қилди, Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги (МИМВ) уларни иш билан таъминлашга шароит яратиб берди. Ахборот ва мулоқот қилиш борасида муаммолар бўлгани тўғрисида хабар олинмади. Таълим ва руҳий касалликни даволаш муассаларида қонунбузарлик бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамади.

Миллий, ирқий ва этник камсонли кишилар

Конституцияда барча фуқароларнинг, этник келиб чиқишидан қатъи назар, тенглиги белгилаб қўйилган, барча кишиларнинг миллати, ирқи ёки этник келиб чиқишига қарамасдан тенг равишда суд ҳимоясида экани кафолатланади. Мамлакатда йирик тожик (5 фоиз) ва рус (5.5 фоиз) ҳамда камроқ қозоқ ва қирғиз миллатига мансуб камсонли аҳоли  мавжуд. Тошкент шаҳрида, шунингдек,  50 минг кишидан камроқ деб ҳисобланган лўли аҳолиси бор эди. Ушбу гуруҳларга нисбатан зўравонлик ёки камситишга оид шикоятлар жуда кам бўлди.

Конституция  барча фуқароларга  ишлаш ва иш жойини танлаш ҳуқуқини ҳам беради. Гарчи қонунчилик ишга олишда этник ёки миллий келиб чиқишига қараб камситишни тақиқласа-да, этник руслар ва  бошқа камсонли миллатларга мансуб кишилар вақти-вақти билан ишлаш имконияти чекланганидан ташвиш билдирди. Амалдорлар, гарчи кўплаб истисноли ҳоллар бўлса-да, ҳукумат ва бизнесдаги катта лавозимларни этник ўзбеклар учун асраб тургани хабар қилинди.

Қонунчилик фуқароликни олиш учун ўзбек тилини билишни талаб қилмайди, лекин тил аксарият ҳолларда нозик масала бўлиб қолди. Ўзбек тили – давлат тили, Конституцияда президент ҳам уни билиши талаб қилинади. Қонунларда рус тили “миллатлараро мулоқот тили” экани белгилаб қўйилган.

Жинсий ориентация ва одамнинг ўзини у ёки бу жинсга мансуб деб билишига асосланган ижтимоий суиистеъмолликлар, камситиш ва зўравонлик ҳаракатлари

Жинсдошлари билан жинсий алоқа қилиш уч йилгача қамоқ билан жазоланади.  Гарчи ушбу жиноят бўйича жазога тортиш ҳоллари онда-сонда бўлса-да, ўтмишда милиция бесоқолбозлардан йирик миқдордаги пора олиш учун хабаркашларини ишга солгани хусусида хабарлар олинган эди. Қонунчилик аёллар ўртасидаги жинсий алоқани жиноят деб ҳисобламайди.

Умуман олганда, жамиятда бесоқолбозлик ва аёллар ҳамжинсбозлиги тақиқланган мавзу ҳисобланади, бесоқолбозлар, ҳамжинсбоз  аёллар, ҳар икки жинс вакилларини яхши кўрувчилар ва жинсини жарроҳлиқ йўли билан ўзгартирган кишиларнинг маълум  бўлган ташкилотлари йўқ эди.  Бундай кишилар жамоасига қарши зўравонлик содир этилгани ёки шунга йўл берилгани ҳақида маълумот учрамади. Ишга қабул қилишда, уй-жой беришда, фуқаролик бўлмаганда, таълим олиш ёки даволанишда жинсий ориентацияга асосланган расмий ёки ижтимоий  камситиш бўлгани маълум эмас, аммо бу ҳол жинсдоши билан жинсий алоқа қилиш масаласида тенгҳуқуқлиликдан кўра уни муҳокама қилишга оид ижтимоий тақиқ борлигига боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Бошқа ижтимоий суиистеъмолликлар ёки камситиш

ОИТВ билан оғриганларга ижтимоий тамға босилди. ОИТВ юқтирган кишилар касали ошкор бўлиб қолгандан сўнг ўзларини қўшнилари, давлат муассасалари, соғлиқни сақлаш соҳаси, қонунни қўлловчи  идоралар ходимлари, уйни ижарага берувчилар ва иш берувчилар ижтимоий жиҳатдан яккалаб қўйганини маълум қилди. Ҳарбий маъмурлар хизматга чақирилган йигитларни ОИТВ билан оғригани аниқланиши билан армиядан кетказди. Ҳукумат НТ фаолиятига чекловлар жорий этгани оқибатида ОИТВ/ОИТС билан оғриган кишиларга ёрдам берадиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган НТлар сони кескин қисқариб кетди. Октябрь ойининг охирида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой тумани суди маҳаллий Қизил хоч жамияти раҳбари Маннон Раҳимовни бир неча жиноятлар, жумладан, лицензиясиз фаолият юритгани ва анъанавий қадриятларга зид келадиган ОИТСдан огоҳ қилувчи материалларни чоп қилгани учун жазога ҳукм қилди, лекин шу заҳотиёқ авф этди.

7-бўлим. Меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари

а.  Уюшма тузиш эркинлиги ва жамоа бўлиб музокара қилиш ҳуқуқи

Қонунчилик меҳнаткашларга ўз хоҳишига қараб касаба уюшмалари тузиш, уларга бирлашиш, бошқа қонунларда кўзда тутилган истиснолардан ўзга ҳолларда уюшмаларни давлатга қарашли маъмурий ва иқтисодий идоралардан мустақил деб эълон қилиш ҳуқуқини беради. Уюшма аъзолари ва амалдорларини камситиш тақиқланади, лекин касаба уюшмалари ҳукумат билан қалин муносабатда бўлгани учун бунга ҳожат қолмади. Қонунчилик иш ташлаш ҳуқуқини на таъминлайди, на тақиқлайди. Қонунчиликда жамоа бўлиб музокара қилиш, жумладан, корхоналар билан шартнома тузиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Қонунга кўра, касаба уюшмалари тегишли индивидуал ва жамоа меҳнат мунозараларини назорат қилиши керак.

Умуман олганда, меҳнаткашлар касаба уюшмалари тузиш ва уларга бирлашиш ҳуқуқидан фойдаланмади, чунки улар муқобил касаба уюшмалари тузишга урингани учун тезда жазоланишидан қўрқди. Касаба уюшмалари марказлашган ва ҳукуматга қарам бўлиб қолди. Давлат назоратидаги  Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши энг катта уюшма бўлиб, таркибига 35,800 та бошланғич ташкилот ва 14 та вилоятлар миқёсидаги касаба уюшмаси киради, унга мамлакат меҳнаткашларининг 60 фоизи аъзодир. Федерация раҳбарлари уюшма бошқарувида сайланишдан кўра Президент девони томонидан тайинланади.  Маҳаллий даражадаги барча вилоят ва ишлаб чиқариш касаба уюшмаларини давлат бошқарди. Мустақил касаба уюшмалари йўқ эди.

Касаба уюшмалари  ва уларнинг раҳбарлари иш берувчиси ёки давлат назоратидаги муассасаларнинг аралашувисиз фаолият юритадиган даражада эркин бўлмади. Жамоа бўлиб шартнома тузиш ҳуқуқидан фойдаланилмади; амалда эса бу ҳуқуқдан фойдаланилмади. Касаба уюшмалари, гарчи соғлиқни сақлаш ва иш хавфсизлиги масалаларида муайян таъсир кучига эга бўлса-да, давлат ташкилотчилигидаги муассаса бўлгани учун ваколатлари жуда оз эди. МИМВ билан Молия вазирлиги Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши (КУФК) билан маслаҳат қилган ҳолда давлат хизматчиларига маош белгилади. Кичик хусусий секторда маошни раҳбарият белгилади ёки ишга кириш учун шартнома тузаётган кишилар билан алоҳида-алоҳида музокара олиб борди. Меҳнат арбитражига масъул давлат муассасаси бўлмади.

в. Зўрлаб ёки мажбурий ишлатишни тақиқлаш

Конституция ва қонунчилик зўрлаб ёки мажбурий ишлатишни тақиқлайди, бунга болалар ҳам киради, фақат талончилик, фирибгарлик ёки солиқ тўлашдан бўйин товлаш сингари қонунбузарликлар учун ҳуқуқий жазолар ёки қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно. Аммо бундай мажбурлаб ишлатиш ҳолатлари пахта терими вақтида рўй берди, давлат органлари  мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, аҳолининг ишламайдиган қисмини пахта теришга жалб қилиш учун давлат муассасалари, мактаблар ва корхоналарга турли даражада босим ўтказди. Ишончли хабарда айтилишича, пахта йиғим-терими вақтида балоғат ёшидаги кишиларнинг мажбурлаб ишлатилган ҳолатлари олдинги йиллардагига нисбатан кўп бўлди. Давлат органлари ўқитувчилар ва мактаб раҳбарияти йиғим-теримда ё назоратчи бўлиб, ё ўзлари ҳам пахта териб қатнашишини буюрди; мактаб ўқитувчилари кўпинча ўқувчилар белгиланган нормани бажаришига жавобгар бўлди. Нормани бажармаган ўқувчилар ёки балоғат ёшидаги кишиларни маҳаллий маъмурлар ёки милиция ҳазил-мазах қилгани ва ҳақоратлагани хусусида кетма-кет хабарлар олинди. Пахта йиғим-терими вақтида давлат сектори хизматчиларининг иш жойида бўлмагани жамоалар ишига салбий таъсир кўрсатди, тиббий муолажалар тез-тез орқага сурилди, муҳим давлат  хизматлари кечиктирилди, халқаро ташкилотлар молиялаштираётган лойиҳалар уларни ижро этувчи шериклар пахта даласида бўлган пайтда тўхтатиб қўйилди.

Яна Давлат департаментининг “Одам савдоси тўғрисида”ги ҳисоботига қаранг: www.state.gov/j/tip.

г. Болалар меҳнатини тақиқлаш ва ишга қабул қилишнинг белгиланган энг кичик ёши

Болаларни иш жойида мажбурлаб ишлатишдан ҳимоя қиладиган қонунлар болалар меҳнати тўғрисидаги қонунчиликни бузган кишиларга нисбатан жиноий ва маъмурий чоралар кўриш ҳуқуқини беради, бироқ бу қонунлар ҳаётга самарали татбиқ этилмади.

Миллий меҳнат кодексида болалар 16 ёшга тўлгандан сўнг ишга кириши ва иш 18 ёшгача бўлган болаларнинг ўқишига  халақит бермаслиги  белгилаб қўйилган. Кодексда болаларнинг 15 ёшдан бошлаб тўлиқсиз иш куни, мактабда ўқиш бўлмаган пайти, ота-онасининг розилигига кўра, ҳафтасига кўпи билан 24 соат, ўқиш бўлган пайт эса  12 соат ишлаш ҳуқуқи кўрсатилган. Қонун 14 ёшга кирган болаларнинг “енгил меҳнат”га жалб этилишига ўқишига халақит бермаса ҳам, соғлиги ёки ривожланишига таъсир қилмаса ҳам рухсат бермайди, лекин ушбу қоидага амалда ҳар доим ҳам риоя қилинмади.  Мактабда ўқиш бўлмаган пайтлари 16-18 яшар болалар ҳафтасига 36 соат, ўқиш бўлган пайтлар эса ҳафтасига 18 соат ишлаши мумкин. 2009 ва 2010 йилларда қабул қилинган қарорларга кўра, 18 ёшга тўлмаган болаларнинг хавфли ишларда ишлаши ман қилинади ҳамда иш берувчиларнинг болаларни хавфли шароитлар, жумладан, ер ости, сув ости, хавфли баландликлар ёки хавфли ускуналар ёнида ишлатиши тақиқланади. Болалар қишлоқ хўжалиги, оилавий корхоналарда ва кўча сотувчилари сифатида ишга жалб қилинди.

Болалар ғўзага ишлов берди ва пахта терди. Минг-миинглаб мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари  ҳукумат эълон қилган сафарбарлик натижаси ўлароқ, йиллик йиғим-терим даврида пахта далаларида меҳнат қилди. Мамлакатнинг баъзи вилоятларида пахта етиштиришда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишга босим ўтказиш кенг тарқалган бўлса-да, бошқа вилоятларда бу ишга балоғат ёшидаги кишилар ўз розилиги билан жалб қилинди. Кузги йиғим-терим вақтида кўплаб вилоятлардаги маҳаллий маъмурлар мактаб ва олий ўқув юртларини олти ҳафтагача ёпиб қўйди ҳамда ўқувчию талабаларни пахта далаларига олиб чиқди. Гарчи ўқувчилар аксариятининг ёши 14 дан катта бўлса, ёши кичик ўқувчилар ҳам пахтага олиб чиқилгани кузатилди, айрим  маълумотларга қараганда, далада ишлаётган баъзи ўқувчиларнинг ёши 10 да бўлган. Кузатувчиларнинг билдиришича, ёши каттароқ ўқувчилар кўпинча кунига 10 соатдан ишлади, оиласидан узоқдаги чодир ва баракларга жойлаштирилди. Қаторасига уч йилдан бери қуйи синфлардаги дарслар тўхтовсиз берилди.

Ўқувчилар ва балоғат ёшига етган кишилар ҳар бир килограмм (кг) терган пахтаси учун 100-150 сўм (5-7 цент) ҳақ олди. Ёш ўқувчиларга ҳар куни 20-40 кг пахта териш белгиланди, катта ёшли ўқувчиларга эса 50-70 кг териш юклатилди.  Ёш ўқувчилар бир кунда 2000-6750 сўм (0,95 – 3.21 доллар), ёши катта ўқувчилар эса 5000-10500 сўм (2.38 – 5.00 доллар) пул ишлади. Ўтган йилларда бўлгани каби кўплаб олий ўқув юртлари йиғим-теримда қатнашмаган талабаларга ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилди ёки талабалардан йиғим-теримда “ихтиёрий” қатнашиш тўғрисида ариза ёзишни талаб қилди.

Иш шароитлари турли вилоятларда турлича бўлди. Баъзи яккам-дуккам маълумотларга қараганда, ўқувчилар учун озиқ-овқат билан ётоқ жойи талабга жавоб бермайдиган аҳволда бўлган; талабалар тоза ичимлик суви билан таъминланмагани тўғрисида ҳам хабарлар олинди.

Меҳнат қонунчилиги МИМВ инспекторларига болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларга риоя этилишига асосий эътибор қаратишдай ваколатни бермайди. Болалар меҳнати тўғрисидаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш ваколати  МИМВ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва унинг умумий жиноятларни тергов қилиш бўйича терговчиларига берилган. ИИВ қишлоқ хўжалиги соҳасини инспекция қилган-қилмагани маълум эмас. Гарчи ҳукумат болаларни пахта теримига сафарбар қилаётган маҳаллий амалдорлар устидан тергов ўтказиш мақсадида ЮНИСЕФдан ушбу жараённи кузатишни илтимос қилган бўлса-да, йил давомида Болалар меҳнатидан фойдалангани учун кимнингдир жиноий жавобгарликка тортилгани хусусида маълумот олинмади.

Ҳукумат 2008 йили қабул қилган “Миллий ҳаракат режаси”да болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига барҳам бериш даъвати бор эди, бироқ бу мақсадларнинг бирортасига ҳам эришилмади.  Ҳукумат мустақил ташкилотларга пахта етиштириш соҳасидаги болалар меҳнатини ҳар томонлама баҳолашга рухсат бермайди, мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш бўйича маълумотлар билан ҳам таъминламайди. Ҳукумат ЮНИСЕФга пахта йиғим-терими, иш шароитларини кузатишга рухсат берди, ушбу ташкилотга далаларга чиқиш, мактабларга бориш, болалар ва ўқитувчилар билан учрашиши учун тўлиқ шароит яратди.

Ҳукумат 25 март куни  18 ёшгача бўлган балоғатга етмаган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда меҳнаткашлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида Халқаро меҳнат ташкилотига ҳисобот бериш учун идоралараро иш гуруҳи ташкил қилди.

АҚШ Меҳнат вазирлигининг “Болалар меҳнатининг энг ёмон турлари бўйича хулосаларига қаранг: http://www.dol.gov/ilab/programs/ocft/tda.htm.

д. Мақбул иш шароитлари

 Август ва декабрь ойлари оралиғида энг кам иш ҳақи 57,200 сўм (27 доллар) бўлди. Унинг ҳажми 1 декабрь куни 10 фоиз кўтарилиб, 62,920 сўмга (30 доллар) етди. Расмий статистика маълумотларига кўра, солиқларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, ўртача иш ҳақи 693,550 сўмдан (330 доллар) ошди. Ушбу кўрсаткич қишлоқ хўжалигидаги маошларни акс эттирмайди. Оилаларнинг ҳақиқий ўртача даромадига оид ишончли маълумот ва ҳисоб-китобларни олишнинг иложи бўлмади. Ҳукумат амалдорлари қашшоқлик даражасини ҳар куни 2,100 килокалориядан кам овқат истеъмол қилиш деб маълум қилди, бироқ ҳукумат қашшоқлик даражасига оид ҳеч бир кўрсаткичларни эълон қилмайди. Энг сўнгги олинган маълумотларга кўра, 2010 йилда аҳолининг, тақрибан, 20 фоизи қашшоқ кун кечирди.

Қонунчиликда стандарт иш ҳафтаси 40 соат қилиб ва 24 соатлик дам олиш даври белгиланган. Қўшимча ишлаганлик учун ҳақ тўлаш фақат қоғозда бор, амалда эса бунга камдан-кам ҳолларда риоя қилинади. Меҳнат кодексида қайд этилишича, меъёридан ошиқ ишлаш меҳнат шартномасида белгилаб қўйилиши ёки ишчи аъзо касаба уюшмаси билан келишиб олиниши ва қўшимча иш ҳақи ёки таътил сифатида қопланиши керак. Қонунчиликка кўра, қўшимча иш учун товон пули ишчи бир соатлик ҳақининг 200 фоизидан, қўшимча таътил вақти эса ҳақиқий қўшимча иш вақти узунлигидан кам бўлиши мумкин эмас. Ишчи бир йилда 120 соатдан кўп қўшимча ишлай олмайди.

МИМВ касаба уюшмалари билан келишган ҳолда профессионал соғлиқ ва хавфсизлик стандартларини ўрнатади ва ҳаётга жорий қилади. Маълумотларда бундай жорий этиш самарасиз экани билдирилди. Гарчи йўриқномаларда кафолатлар кўзда тутилган бўлса-да, кўпинча хавфли ишларда ишлайдиган ишчиларга ҳимоя кийимлари ва анжомлари етишмади. Меҳнат инспекторлари кичик ва ўрта бизнес корхоналарини фақат тўрт йилда бир марта, йирик корхоналарни эса ҳар  уч йилда бир марта инспекция қилди. МИМВ ёки маҳаллий ҳокимлик ҳам корхоналарни танлаб олиб, инспекция қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин, махсус текширувлар бирор кўнгилсиз ҳодиса ёки шикоятларга жавобан амалга оширилади.

“Меҳнаткашларнинг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга асосан, ишчилар, мабодо, иш берувчи  тегишли хавфсизлик чораларини кўра олмаса, хавфли ишларни бажармасликка ҳақли. Умуман олганда, ишчилар ушбу ҳуқуқидан фойдаланмади, қонун ҳаётга етарли даражада жорий этилмагани учун  улар иш берувчиларнинг ўч олишидан қўрқди. 2009 йили қабул қилинган қонунга асосан, иш берувчилардан ишчининг меҳнат қилаётган пайтда ҳаёти ва соғлигига иш билан боғлиқ етказилган зарар, касб касаллиги ёки соғлиққа етказилган  бошқа зарар учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш талаб этилади. Шу пайтгача ушбу қонун бўйича бирор иш судда кўриб чиқилгани хусусида хабар олинмади.

Ўзбекистоннинг ўз мигрант ишчиларининг бир қатор меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида Россия ва Жанубий Корея билан меҳнат миграциясига оид икки томонлама шартномалари мавжуд.