Халқаро диний эркинлик бўйича 2008 йилги ҳисобот (09/19/2008)
Демократия, Инсон Хукуклари ва Мехнат Бюроси томонидан тайёрланган
Конституция дин эркинлиги ҳамда дин ва давлатнинг бир-биридан мустақиллигини таъминлайди, аммо 1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун аксарият ҳуқуқларни фақат рўйхатдан ўтган ташкилотлар доирасида чеклаган, гуруҳлар рўйхатга олинишини эса чегаралаб қўйган. Бошқа динга тарғиб қилиш, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш, шунингдек, хусусий диний дарслар бериш каби ҳаракатлар мазкур қонун томонидан тақиқланган. Бу қоидаларни бузганлар жиноий жавобгарликка тортилади.
Ушбу ҳисоботни тайёрлаш давомида диний эркинлик чегараланганича қолди, бироқ кўпчиликни ташкил этувчи мусулмонлар учун диний эркинлик шароитлари яхши томонга ўзгарди. Ҳукумат рухсат этилган масжидларда ибодат қилувчиларга тўсқинлик қилмади ва янги исломий нашрлар, аудио ва видео материаллар чиқаришга рухсат берди. Ҳукумат ўзи оммавий деб ҳисоблаган диний гуруҳлар фаолиятига рухсат берди, аммо қатор диний гуруҳлар қонун томонидан рўйхатдан ўтиш учун белгиланган қатъий талабларни қондира олмагани туфайли рўйхатдан ўта олмаганича қолдилар. Айрим рўйхатдан ўтмаган, хусусан ўзбек миллатига мансуб аъзолари бўлган, насроний гуруҳларга нисбатан текширувлар, тазйиқлар ўтказилган. Уларнинг раҳбарлари ва аъзолари эса ҳибсга олинган, айримлари эса жиноий жавобгарликка тортилган. Экстремистик қарашлар ёки фаолиятда шубҳа қилинган, рўйхатдан ўтмаган исломий гуруҳларга қарши тазйиқлар камайди, аммо тўхтатилмади. Экстремистик гуруҳларга аъзоликда шубҳа қилинганларни ҳибсга олиш ва узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилиш давом этди.
Диний гуруҳларга нисбатан, умуман, бағрикенглик муносабати мавжуд. Аммо ўзбек миллатига мансуб насронийларга, айниқса ўзга динни яқин орада қабул қилганларга ва кичикрок жамоа аъзоларига нисбатан, баъзида қўшнилар, қариндошлар ва ишхонадаги раҳбарлар томонидан босим ўтказилиши давом этди. Иегова гувоҳлари, пятидесятникчилар ҳаракати ва евангелист насронийлар каби озчиликни ташкил этувчи айрим диний гуруҳлар ҳақида оммавий ахборот воситаларида салбий маълумот тарқатиш давом этди.
АҚШ ҳукумати ўзининг инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган умумий сиёсатининг бир қисми сифатида диний эркинлик масалаларини Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилади. АҚШ Элчиxонаси ҳамда Давлат Департаментининг Диний эркинлик масалалари бўйича элчиси диний эркинликни назорат қилиш ва тарғиб қилишда давом этишди ва бу борада ҳукумат, диний уламолар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан мулоқотни давом этишди. Элчиxона диний бағрикенгликни тарғиб этиш ва диний эркинликни кенгайтиришга қаратилган алишув ва таълим дастурларига ҳомийлик қилди. 2006 йилда Давлат Котиби "Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги" акт асосида, диний эркинликни ўта қўпол равишда бузганлиги учун Ўзбекистонни "Жиддий ташвишга солувчи давлат" деб белгилаган эди.
I қисм. Диний демография
Мамлакат ҳудуди 172,742 квадрат милни ташкил этиб, аҳоли сони 28.2 миллион кишидан иборат. Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, ўтган йиллар ичида меҳнат миграцияси сабабли 2-3 миллион фуқаро чет мамлакатларга, хусусан Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетган. Аҳолининг тахминан 80 фоизини ўзбеклар, 5,5 фоизини руслар, 5 фоизини тожиклар, 3 фоизини қозоқлар, 2,5 фоизини қорақалпоқлар ва 1,5 фоизини татарлар ташкил этади.
Диний гуруҳларга аъзолик тўғрисида ҳеч қандай расмий статистика мавжуд эмас; бироқ, тахминларга кўра, аҳолининг 90 фоизига яқини ҳанафийлар мазҳабига мансуб сунни мусулмонлардир. Шиа мусулмонлари асосан Бухоро ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилиб, аҳолининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади. Аҳолининг тахминан 5 фоизи рус православлари ва бу рақам этник руслар ва славянлар Ўзбекистондан кўчиб кетаётганликлари сабабли тобора камайиб бормокда. Аҳолининг қолган 3 фоизини кичик жамоалар - Рим католиклари, Корея насронийлари, баптистлар, лютеранлар, Иегова гувоҳлари, еттинчи кун адвантистлари, евангелистлар ва пятидесятникчилар черкови, буддистлар, бахаийлар ва Ҳари Кришначилар, ҳамда атеистлар ташкил этади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда қолиб кетган тахминан 15,000-20,000 ашкенази ва Бухоро яхудийлари яшайди. Улар асосан Тошкент, Бухоро ва Самарқандда истиқомат қилишади. Сўнгги 20 йил ичида, камида 80,000 яхудийлар, Исроил ва АҚШга иқтисодий сабаблар туфайли кўчиб кетишган.
2008 йил 15 майдаги маълумотларга кўра, ҳукумат рўйхатга олган диний жамоалар ва ташкилотлар сони 2,228 та етган. Бу 2007 йил май ойидаги кўрсаткичдан (2,227) 1 тага кўп. Масжидлар, исломий таълим муассасалари ва Ислом марказларининг сони ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2 тага кўпроқ ва жами 2,048 тага етган. Мусулмон гуруҳлари орасида бир неча шиа жамоалари мавжуд. Рўйхатдан ўтган насроний гуруҳларнинг сони 1 тага камайди. Озчиликни ташкил этувчи ва рўйхатдан ўтган 180 та ташкилотлар, ўз ичига 58 та корейс насроний, 36 та рус православ, 23 та баптист, 21 та пятидесятникчилар ҳаракати, 10 та еттинчи кун адвантистлари, 8 та яхудий, 5 та рим католик, 6та бахаий, 3 та лютеран, 4 та "янги апостол", 2 та арман апостол, 1 та Иегова гувоҳлари, 1 та Кришна онгги, 1 та будда ибодатхонаси ва 1 та "Тангри овози" насроний гуруҳларини олади.
Сон жиҳатдан ўсиб бораётган мусулмонлар ва рус православлари ўз динларига фаоллик билан эътиқод қилмоқдалар. Вилоятларда динга амал қиладиган мусулмонлар, амал қилмайдиган мусулмонлардан кўпроқ. Ҳисобот ўз ичига олган давр мобайнида, масжидга қатновчилар сони ошишда давом этди. Ушбу кўрсаткич айниқса ёшрок эркаклар орасида баланддир. Ёшлар ибодат қилувчиларнинг асосий қисмини ташкил этади.
II қисм. Диний эркинлик ҳолати
Қонун/сиёсат доирасида
Конституция виждон эркинлигини таъминлайди, аммо амалда ҳукумат ва қонунлар бу каби ҳуқуқларни чеклайди. Конституция, шунингдек, дин ва давлат бир-биридан мустақил эканлигини белгилаган. Ҳукумат диний гуруҳларга сиёсий партиялар тузишни ва ижтимоий ҳаракатларга асос солишни тақиқлайди.
1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун эътиқод эркинлигини, эътиқоди туфайли таъқиб қилмасликни, дин билан ҳокимиятнинг алоҳидалигини, имом ва руҳонийларни ўқитиш учун мактаблар ташкил этиш ҳуқуқларини таъминлайди; аммо бу ҳуқуқлар фақат рўйхатдан ўтган гуруҳларга берилади. Бундан ташқари, агарда баъзи диний эркинликлар миллий хавфсизликка зид деб топилса, қонун уларни чеклайди, шунингдек, миссионерликни, диний фанларни ўрта таълим мактабларда ўқитишни тақиқлайди ва диний тамойилларни хусусий тарзда тарғиб қилинишига йўл қўймайди. Қонунга биноан, диний гуруҳлар ўз адабиётларини нашр қилиш ёки тарқатиш учун рухсатнома олишлари шарт. Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Диний Ишлар Қўмитаси (ДИҚ) барча диний адабиётларни тасдиқлаши шарт.
"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун барча диний гуруҳлардан рўйхатдан ўтишни талаб қилади, рўйхатдан ўтиш учун эса мураккаб талабларни қўяди. Жумладан, қонун ҳар бир гуруҳдан, ташкилотнинг камида 100 аъзоси кўрсатилган рўйхатни Адлия Вазирлигининг (АВ) маҳаллий бўлимларига топширишларини талаб қилади. ДИҚ рўйхатдан ўтган гуруҳларнинг диний фаолиятни назорат қилиб туради.
Қонунга кўра, агарда диний гуруҳлар ўзларининг марказий бошқарув идораларини рўйхатдан ўтказмаган бўлсалар, уларга диний ходимларни тайёрлаш тақиқланади. Марказий бошқарув идорасини рўйхатга олиш учун, диний гуруҳлардан, 13 вилоятдан 8 тасида рўйхатдан ўтиши талаб қилинади. Бу эса кўпгина диний гуруҳлар учун амалга ошириб бўлмайдиган талабдир. Диний ходимларни қонунан тайёрловчи 6 та шундай ташкилот мавжуд. Қонунга кўра, диний таълим фақат рўйхатдан ўтган диний ўқув муассасаларида ва давлат томонидан тасдиқланган ўқитувчилар томонидан берилади. Қонун хусусий тарзда диний таълим беришни тақиқлайди ва бу қонунни бузганларга жарима солади. Қонун ўрта мактабларда диний фанларни ўқитишни тақиқлайди. "Дин тўғрисидаги қонун"нинг 14-моддаси жамоатчилик жойларда диний либосларни кийишни тақиқлайди. "Диний ташкилот хизматчилари" бундан мустасно.
Жиноят ва Фуқаролик Кодекси "Дин тўғрисидаги қонун"ни ва бошқа диний фаолиятга тааллуқли низомларни бузганлар учун қатъий жавобгарликни белгилаган. Тақиқ этилган фаолият жумласига, ноқонуний диний гуруҳни ташкил қилишдан ташқари, бошқаларни бу каби ташкилотларга аъзо бўлишига даъват этиш, вояга етмаганларни ота-оналарининг рухсатисиз диний ташкилотларга жалб этиш ҳоллари ҳам киради. Рўйхатдан ўтмаган ҳар қандай диний ташкилот томонидан амалга оширилган диний маросим ноқонуний ҳисобланади.
Жиноят кодекси, рўйхатдан ўтмаган "ноқонуний" гуруҳлар билан "тақиқланган" гуруҳлар, жумладан, Хизбут-Таҳрир (ХТ) исломий экстремистик сиёсий партияси, Таблиги Жамоат ва бошқа умумий қилиб "Вахобий" деб аталадиган гуруҳлар ўртасида расман фарқ борлигини белгилайди. Кодекс ноқонуний диний гуруҳга асос солишни ёки рўйхатдан ўтишга рухсат берилмаган ёки тарқатиб юборилиши буюрилган гуруҳнинг фаолиятини қайтадан янгилашни жиноят деб белгилаб, 5 йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазолайди. Бундан ташқари, кодексда, бу каби гуруҳда аъзолик учун 3 йилгача озодликдан махрум қилиш белгиланган. Кодексда, диний экстремист, фундаменталист, сепаратист ва бошқа тақиқланган гуруҳлар фаолиятига "асос солиш ва қатнашиш" (агар бу жиноят "оғир оқибатларга" сабаб бўлса) 20 йилгача озодликдан махрум қилиш белгиланган.
Маъмурий органлар фуқароларни диний фаолияти учун айблашда Жиноят кодексининг асосан қуйидаги моддаларини қўллайдилар: 159-модда (анти-конституцион фаолият); 216-модда (ноқонуний диний ташкилотларни ёки жамоатчилик уюшмаларни ташкил этиш); 216-модда, 2-қисм (диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунга хилоф фаолият юритиш, миссионерлик фаолиятини ҳам ўз ичига олади); 244-модда, 1-қисм (жамоатчилик тартибига ва хавфсизлигига хавф туғдирадиган материалларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш); ва 244-модда, 2-қисм (диний экстремист, сепаратист, фундаменталист ёки бошқа тақиқ этилган ташкилотларни тузиш, бошқариш ва уларга аъзо бўлиш). Бу моддалар остида айбланган фуқаролар аксарият ҳолларда (асосан 244-модда, 2-қисмга асосан) ХТга аъзоликда айбланадилар.
Жиноят кодекси (217-моддаси 2-қисми) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (201-моддаси)га 2005 йилнинг декабрида қабул қилинган қўшимчалар ва ўзгартиришларга биноан, такрор қилинган диний қонунбузарлик учун жарима микдори ошди ва эндиликда Жиноят кодексига биноан, $16 (20,865 сум) миқдоридаги энг кам ойлик иш ҳақининг 200-300 баробарини, ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан 50-100 баробарини ташкил қилади.
Ҳукумат диний фаолият тўғрисидаги қонунларни бузганларга нисбатан жавобгарлик қўллаш йўлида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тўрт моддасидан ҳам фойдаланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси диний ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги қонунларни бузиш, шунингдек, ноқонуний оммавий чиқишлар ва намойишлар ўтказиш каби ҳаракатларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилайди. 202-модда рухсат этилмаган йиғилишлар ўтказиш учун "шароитлар яратиш" учун жарима белгилаган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддаси "Дин тўғрисидаги қонун"ни бузганларга нисбатан маъмурий жарима белгиласа, 241-модда "махсус диний таълим олмаганлар томонидан ва диний ташкилотларнинг марказлашган махсус идоралари томонидан рухсат олмасдан, шунингдек, шахсий шаклда диний таълим берганларга нисбатан жарима белгилаган.
Маъмурий Кодексининг 2006 йилнинг июнида қабул қилинган қўшимчалари ва ўзгартиришларига биноан, "диний қўлланмаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, сақлаш ва мамлакатга олиб кириш ёки тарқатиш" учун хусусий шахсларга нисбатан энг кичик иш ҳақининг 20 дан 100 баробарида жарима солинади, ҳамда ташкилотлар ходимларига нисбатан энг кичик иш ҳақининг 50 дан 100 баробаргача жарима солинади ва қўлланмалар ҳамда "уларни ишлаб чиқариш воситалари" мусодара этилади. Жиноий Кодекснинг 244-3 моддаси Маъмурий Кодексида қайд қилинган модда остида бу каби жиноятни содир этган, олдин судланган шахслар учун, энг кичик иш ҳақининг 100 дан 200 баробарида жарима солинади ёки 3 йилгача тарбиявий меҳнат билан жазоланади. Жиноий ва Маъмурий Кодексларига бир вақтнинг ўзида киритилган бошқа ўзгартиришлари "ирқий ва диний нафратни тарғиб қилувчи адабиётларни" нашр қилиш ва тарқатиш учун жазони назарда тутади.
Қонун барча рўйхатдан ўтган динларга нисбатан тенг муносабатда бўлса ҳам, давлат Ислом Университетига ва исломий тарихий обидаларни сақлаш учун молия ажратади. Ҳукумат сараланган мусулмонларни 2007 йил декабр ойида ҳаж сафарига боришини ташкиллаштиришда кўмаклашди, аммо ҳаж қилаётганлар ўз ҳаражатларини ўзлари тўлаганлар. Давлат Мусулмонлар Идорасини назорат қилади ва ўз ўрнида ушбу идора исломий тизимни, имомлар томонидан ўтказиладиган диний маросимларни ва исломий адабиётлар ҳажми ва мазмунини назорат қилади. Мусулмонларнинг муқаддас байрами бўлмиш Қурбон ва Рўза ҳайитлари миллий байрам сифатида нишонланади.
Диний эркинликни чеклантириш
Мазкур ҳисоботни тайёрлаш даврида, ҳукумат томонидан диний эркинликларни сезиларли даражада чеклаш ҳолатлари кузатилди. Ҳукумат айрим диний гуруҳларни рўйхатдан ўтказмасликни давом эттириш, айрим рўйхатдан ўтган ташкилотларни эса рўйхатдан чиқариш орқали уларни ибодат қилиш ҳуқуқидан махрум қилди. Ҳукумат кўп диний маросимлар ва тадбирларни чеклаб, айрим фуқароларни рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузиб, диний тадбирларда иштирок этганликда айблаб, жазолади.
Ҳукумат ўзи экстремистик деб ҳисоблаган исломий ташкилотларни тақиқлайди ва уларга аъзо бўлишни жиноят деб баҳолайди. Тақиқ этилган ташкилотларнинг асосийлари бу Хизбут-Тахрир (ХТ), Акромийлар, Таблиги Жамоат ва ҳукумат умумий қилиб "Вахобий" деб атайдиган бошқа гуруҳлар. Давлат экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланганларни махкум қилишни диний эркинликни чеклаш деб эмас, балки давлатга нисбатан қуролли қаршиликни олдини олиш деб атайди.
ХТ исломий экстремистик сиёсий ташкилот бўлиб, ижтимоий-диний ғояларни тарғиб қилади. Ушбу партиянинг адабиётлари бутун дунёда ҳалифалик аталмиш ислом давлатини ташкил этишга қаратилган уч босқичдан иборат кампанияни ўз ичига олган. ХТ ўзини куч ишлатмайдиган ташкилот деб билсада, қуролланган жиход ва терроризм ҳаракатларини қайта-қайта олқишлаган, ёхуд оқлаб чиққан. ХТ адабиётлари ташкилот вақти келиб қуролланган ҳаракатларга ўтиши мумкинлигини қатъий таъкидлайди. Партиянинг ашаддий анти-семитик ва ғарбга қарши қаратилган адабиётлари ва веб сайти дунёвий ҳукуматларни, жумладан Марказий Осиёдаги ҳукуматларни ағдариб ташлашга чақиради. Ҳукуматнинг ХТ фаолиятини тақиқлаши ва унинг аъзоларини таъқиб қилиши диний эркинликларни чеклаш эмас, балки мазкур гуруҳнинг сиёсий фаолиятига қарши қаратилган ҳисобланади. Ҳукумат диний таълим ва ибодатни чекловчи тартибларни қўллаганда ва қонуний ибодат қилиш масканларини чеклаш орқали одамларни ХТ каби ташкилотларга қўшилиб қолишга мажбур қилгандагина диний эркинлик борасидаги хавотирлар юзага келади. ХТ ва унга ўхшаш ташкилотларга алоқадорликда айбланган шахслар зарур қонуний жараёнлардан махрум этилган ва ишончли маълумотларга кўра уларга нисбатан қийноқлар қўлланган. Бу масала нафақат инсон ҳуқуқлари борасида жиддий ташвишларни уйғотади, балки бегуноҳ шахсларнинг диний эътиқодлари ёки ибодатлари туфайли мазкур гуруҳларга аъзоликда айбламокда. Ҳукумат ушбу муаммони тан олган кўринади, муътадил ислом динига эътиқод қилиш ва таълим бериш борасида назорат енгиллаштирилган.
Ҳукумат Акромийлар гуруҳи аъзоларига нисбатан тазйиқни 1997 йилдан бошлади. Диний экспертларнинг сўзларига қараганда, Акромийлар бу норасмий уюшма бўлиб тадбиркорликни исломий тамойилларга асосланган ҳолда юритишни тарғиб қилади. Ҳукуматнинг фикрича, ушбу гуруҳ ХТнинг бир бўлими бўлиб, УИХ билан биргаликда 2005 йилнинг майида Андижонда қуролли қўзғолон орқали мавжуд ҳукуматни ағдариб ташлашга ҳаракат қилган.
Таблиги Жамоат исломий даъват гуруҳидир. Ушбу гуруҳга Жанубий Осиёда асос солинган бўлиб, уларнинг ибодат ва кийиниш, соч-соқол қўйиш услублари Муҳаммад давридаги турмуш тарзига асосланади; унинг аъзолари ўзларини ўта художўй ва сиёсатдан узоқ деб билишади.
Тақиқланган гуруҳлар туркумига, шунингдек, ҳукумат умумий қилиб "Вахобий" деб атайдиган бошқа гуруҳлар киради. Ушбу термин мамлакатда 1990 йилларда таниқли бўлган ўта консерватив имомларнинг интеллектуал ва диний таълимидан таъсир кўрган ҳар кайси консерватив мусулмонга нисбатан кенг қўлланилади. Имом Назаров, Парпиев ва Мирзаев уларнинг ичида энг таниқлидир. Назаров ҳозирда унга сиёсий бошпана берган Швецияда истиқомат қилади. Қолган имомлар эса ҳибсга олингандан сўнг ғойиб бўлишган. Ҳукумат давлат томонидан тасдиқланган муассасалардан ташқарида ибодат қиладиган, чет эл мадрасаларида таҳсил олган ёки "Вахобий" имомларига алоқаси бор мусулмонларга нисбатан шубҳали муносабатда қолган.
Ҳукумат вакилларининг кўпчилиги Иегова Гувоҳларига нисбатан шубҳа билдириб, уларни экстремист гуруҳ деб билишади. Милиция ходимлари фойдаланиши учун чиқарилган ҳужжатларда, Иегова Гувоҳлари, УИХ ва ХТ билан бир қаторда хавфли гуруҳ деб аталган. Маҳаллий мутасаддилар ва диний идора вакиллари ушбу гуруҳнинг миссионерлик фаолияти бўйича норозилик билдиришда давом этди.
Янги масжидлар рўйхатдан ўтиш борасида қандай қийинчиликларга дуч келишаётган бўлса, аввал беркитилган ва эндиликда қайтадан рўйхатдан ўтмоқчи бўлган масжидлар ҳам худди шундай қийинчиликларга дуч келишмокда. Жанубий ва шарқий Фарғона вилоятида жойлашган бир қатор масжидлар сўнги йиллар ичида бу каби рўйхатдан ўтиш муаммолари ҳақида хабар беришди. Улар рўйхатдан ўтиш учун керакли одамлар сонини тақдим этишганига қарамай, ҳали ҳануз рўйхатдан ўтказилмаганлар. Бир қатор норасмий ва мустақил масжидларга, расмий имомлар назорати остида, осойишта фаолият кўрсатиш учун рухсат берилган.
Мазкур ҳисоботни тайёрлаш даврида озчиликни ташкил қиладиган диний гуруҳлар рўйхатдан ўтишда ҳануз қийинчиликларга учраган. Ҳисобат даврида, Иегова Гувоҳлари маҳаллий, вилоят ва республика миқёсида рўйхатдан ўтиш учун аризалар топширдилар. Бироқ улар на рад жавоби, на бошқа расмий жавоб олишди. Ҳисобот тайёрлаш жараёнида мамлакатдаги жами 11 Иегова гувоҳларидан фақатгина 1 таси Чирчиқда рўйхатдан ўтказилган. "Форум 18" ахборот хизматининг хабар беришича Тошкентдаги "пятидесятникчилар" черкови рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни Тошкент шаҳар Адлия бошқармасига 2007 йил июль ойида топширган, лекин мазкур ҳисобот даври мобайнида ҳануз жавоб олишмаган.
Ҳисобот даврида камида битта черков рўйхатдан чиқариб ташланган. 2007 йил 23 ноябрда Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича суди Тошкентдаги пресвитериан черковининг рўйхатдан ўтган хужатларини бекор қилди. 15 ноябрда Тошкент вилоят Ҳўжалик ишлари бўйича суди, 1999 йилда бўлиб ўтган ким-ошди савдоси натижаларини бекор қилди ва натижада пресвитериан черкови мазкур ким-ошди савдосида сотиб олган биносидан махрум бўлди. Натижада черков рўйхатдан ўтиш учун талаб қилинадиган расмий манзилидан айрилди. 2008 йил, январь ойида, мазкур черков пастори Феликс Ли ва черковнинг яна бир аъзоси гўёки психотроп моддаларни тарқатганликда айбланиб, қисқа муддат давомида, жиноий иш очилган. Бир неча кундан кейин бу айблар олиб ташланди. Черков ўзининг доимий ибодат хизматларини 2008 йил май ойида, Тошкент шаҳар Ҳамза тумани ҳокимиятидан огоҳлантириш олгандан сўнг, тўхтатди.
Ўтган йиллар ичида бошқа черковларнинг ҳам рўйхатдан ўтиш ҳаракатлари самарасиз бўлди. Улар орасида Тошкент шаҳридаги Мирзо-Улуғбек туманида жойлашган Бетани баптистлар черкови, Чирчиқдаги Пятидесятникчилар черкови, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги Эммануэл ва Мир (тинчлик) черкови, Гулистондаги Ҳушхабар черкови, Андижондаги Пятидесятникчилар черкови ва Самарқанддаги Еттинчи кун адвантистлари черкови, Грейтер Грейс Насронийлар черкови ва Мирал протестант черкови бор. 1999 йилдан бери бирорта ҳам баптист черкови рўйхатга олинмаган.
Мусулмон ва православлардан бошқа диний жамоалар расман рўйхатга олинмаган Қорақалпоғистонда диний фаолият жуда қийинлигича қолди. Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган охирги протестант черкови - Эммануэл пятидесятникчилар черкови, 2005 йил июнь ойида рўйхатдан чиқарилган. 20 дан ортиқ протестант ва Иегова гувоҳлари жамоаларига қонуний статус берилмаганлиги сабабли, уларнинг фаолияти эндиликда ноқонуний ҳисобланади.
Ушбу ҳисобот даврида, айрим черковлар, жумладан аъзолари этник ўзбеклар бўлган евангелист черковлари рўйхатдан ўтиш учун ариза бермади, чунки улар маҳаллий мутасаддиларнинг рухсат беришларига ишонмади. Бошқа гуруҳлар, шу жумладан, аъзолари сони кам бўлган гуруҳлар, ариза бериб ўзларига нисбатан ҳокимият вакилларининг эътиборини тортишдан кўра, рўйхатдан ўтмасликни маъқул кўришди, негаки аризалари барибир қонун қўйган талабларни қондира олмаслиги аниқ. Айрим гуруҳлар ҳам ўз аъзоларининг рўйхатини, асосан этник ўзбеклар рўйхатини, тақдим қилишни хоҳламади, сабаби улар рўйхатдан ўтиш ниятида қилинган олдинги ҳаракатлар давомида тазйиққа учраганлар. Айрим гуруҳлар принципиал мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда рўйхатдан ўтиш учун ариза бермаган, чунки улар давлатнинг бу талаби ҳуқуқлигига ишонмайди.
Рўйхатдан ўтиш учун гуруҳлар ўз низомларида мавжуд манзилларини кўрсатишлари шарт. Ушбу ҳисобот даврида, маҳаллий мутассадилар қонуний манзилни тасдиқлашга монеълик билдирдилар ёки бўлмаса бу каби талабларни жавобсиз қолдирдилар. Бу билан улар диний гуруҳларни рўйхатдан ўтказишга қаршилик қилдилар. Адлия Вазирлиги ҳам маҳаллий маъмурларнинг қарорини тушунтирар экан, бу талабни рўкач қилган. Тошкент Халқаро Черкови каби гуруҳлар рўйхатдан ўтиши кафолатланмас экан, кўчмас мулк сотиб олишни хохлашмади. Бошқа гуруҳларнинг фикрича, маҳаллий ҳокимият вакиллари манзилни рўйхатдан ўтказиш масаласида ўз раъйларидан келиб чиққан ҳолда иш тутадилар. Сабаби, улар этник ўзбек аъзолари бўлган насроний черковларининг мавжуд бўлишига қарши.
Ўтмишда гуруҳларни рўйхатдан ўтказишга қаршилик қилган бошқа муаммолар рўйхати қуйидагилардан иборат: гуруҳ тўғрисидаги ёлгон маълумотлар; манзилни тасдиқлаш билан боғлиқ бўлган муаммолар; ёнғинга қарши кураш, санитария ва эпидемиология идоралари томонидан нотўғри тўлдирилган ҳужжатлар; гуруҳнинг ўзбек тилида ёзилган низомида қайд этилган грамматик хатолар; ва бошқа техник сабаблар.
Руслар, яхудийлар ва мусулмон бўлмаган ҳорижликлар, этник мусулмон гуруҳлар вакилларидан, хусусан ўзбеклардан, фарқли ўлароқ дин танлаш ва ўзгартиришда кенгроқ эркинликларга эга. Аксарият черковлар, агар этник ўзбекларни ўз динларига ўтказишга ҳаракат қилишмаса, бемалол фаолият юритишлари мумкин.
Диний тамойилларни хусусий тарзда ўқитиш, шунингдек, ота-онанинг розилигисиз вояга етмаганларга дин борасида дарс бериш ноқонунийдир. Фақатгина рўйхатдан ўтган, марказий идораси мавжуд бўлган диний гуруҳларгина қонунан диний таълим бериши мумкин.
Ўзбекистонда 11 та мадраса (улардан 2 таси аёллар учун) мавжуд. Улар ўрта таълим муассасаси ҳисобланади ва барча дунёвий фанларни ўқитади. Бундан ташқари, Тошкентдаги Ислом Институти ва Ислом Университети олий таълим муассасаси ҳисобланади. Вазирлар Махкамаси мадрасалар томонидан бериладиган дипломларни бошқа дипломлар қаторида кўради. Бу билан ушбу мадраса битирувчиларини олий ўқув юртларида таълим олишлари учун имкон яратади. Мадраса ва Ислом институтидаги дарсликлар тўплами талабаларнинг имом ёки диний муаллим бўлишга қаратилган. Давлат томонидан молиялаштириладиган ва ташкил этилган Ислом Университетида эса бунинг акси, талабалар динни дунёвий нуқтаи назарда ўрганадилар. Ислом Университети битирувчилари тўғридан-тўғри имом бўла олмайдилар. Лекин баъзи битирувчилар имом бўлишлари учун мадрасанинг стандарт курсини якунлашларига тўғри келди.
Ушбу таълим муассасаларида тўлиқ таълим олишдан ташқари, исломни ўрганувчилар учун бошқа расмий диний мактаблар мавжуд эмас. Фарғона водийсидаги 2 та мадраса биноси ҳукумат томонидан тиббий муассасага айлантирилгандан сўнг, улар фаолияти тўхтатилди. Тобора сони ошиб бораётган имомлар норасмий тарзда диний таълим бериш билан шуғулландилар; ваҳоланки, бу амалда ноқонуний ҳаракат деб ҳисоблансада, маҳаллий ҳокимият камдан-кам ҳолатларда бунга қарши қонуний чоралар кўрди. "Форум 18" хабарига кўра, 2008 йилда давлатдан рухсат олмасдан маҳаллий ёшларга дарс берган Наманганлик икки имом ва Наманган диний ишлар идораси аъзоси ўз лавозимларидан бўшатилган.
Давлат мамлакат ичида алоҳида шиъа мазҳаби имомларини тайёрлашга йўл қўймайди ва бу орқали шиъа мазҳабининг таълимини чеклайди, ҳамда четда олинган бундай таълимни тан олмайди. Бироқ шиъа мазҳаби имомлари сунни мазҳаби учун шиъа мазҳабининг фикхий масалалари бўйича дарслар ўқитиладиган мадрасаларида таълим олишади. Рус православ черковининг 2 та монастирида (бири аёллар ва бошқаси эркаклар учун) ва уларнинг бирига тегишли бир қатор черковларида якшанба кунлари таълим берадиган семинария фаолият юритмоқда. Бошқа диний гуруҳлар таълимни ўзининг диний марказлари орқали олиб борадилар. Яхудийлар жамияти раббилар идорасига эга эмас, сабаби улар қонун талаб қилганидек, ўзларининг марказий идораларини рўйхатдан ўтказишлари учун 8 та турли вилоятда жойлашган синагогаларига эга эмаслар; бироқ, Тошкентнинг Яккасарой туманидаги яхудийлар мактаби яхудийлар маданияти бўйича таълим беради.
Ҳукумат томонидан миссионерликда айбланган нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) аксарият хорижий ННТлар қатори ёпилганича қолди. Вазирлар Маҳкамасининг ННТларни рўйхатдан ўтказиш талабларини ўзгартириш тўғрисидаги 2003 йилдаги қарори диний ташкилотлар фаолиятини чеклаб қўйган, 1998 йил қабул қилинган дин тўғрисидаги қонун эса "бир дин вакилларини бошқа динга даъват қилиш ва бошқа барча миссионерлик фаолиятларини" тақиқлайди. Адлия Вазирлиги аккредитация масалаларини назорат қилади. Мамлакатда фаолият кўрсатмоқчи бўлган ҳар бир нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) учун аккредитациядан ўтиши шарт. Агарда Адлия Вазирлиги, бундай ташкилотлар миссионерлик билан шуғулланаётган деб шубҳа килса, уларга нисбатан расмий айблар қўймай туриб ҳам мамлакатни тарк этишларини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
2008 йил апрель ойида Адлия Вазирлиги Америка яхудийлари қўшма тарқатиш қўмитаси (ҚТҚ)га рўйхатдан ўчириб қўйиш билан тахдид солди. ҚТҚ ваколатхона сифатида рўйхатни сақлаб қолди. 2008 йил июнь ойида эса Адлия Вазирлиги ҚТҚ минтақавий координаторларига, кичик бир юридик муаммо ҳал бўлгандан кейин, тез орада ташкилот рўйхатга олиниши ҳақида маълум қилган. 2008 йил апрель ойида Адлия Вазирлиги Америка ва Исроил фуқаролигига эга бўлган Умумжаҳон Любавич Ҳаракати раҳбари равий Давид Гуревичга аккредитация ва виза муддатини узайтиришда рад жавоби берган. 2008 йил июнь ойида эса уни депортация қилишган. Любавич синагогаси бошқа равий бошчилигида ўз фаолиятини давом эттирди, аммо синагога ўзининг кўпдан бери бошчилик қилиб келган маънавий раҳбаридан айрилди. Бу иккала ҳолат ҳам диний эркинликка алоқаси бўлмаган факторлар натижасида юзага келганга ўхшайди.
2008 йил 21 апрелда Ассошиэйтд Пресс берган хабарга кўра Адлия Вазирлиги Жанубий Кореяликлар томонидан бошқариладиган Самарқанддаги евангелист насронийлар черковига берилган аккредитацияни бекор қилди.
Манбалардан келган хабарларга кўра, ҳукумат айрим маҳалла қўмиталари ва имомларга кундалик ибодатни канда қилмайдиган ва тақводорлар орасидан экстремистик ҳаракатлар ва ташкилотларга аъзо бўлиб кетиши мумкин бўлган шахсларни аниқлашни топширган. Ҳукумат имомлар қиладиган маърузалар ва нашр этиладиган исломий адабиётлар таркибини назорат қилади. Хабарларга кўра, 2007 йил сентябрда муфтият мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойини қандай ўтказиш борасида маҳаллий имомларга махсус кўрсатмалар берган. Мазкур кўрсатмалар, тунги таровеҳ намозлари вақтида имомларнинг маъруза қилиши ва мактаб ёшидаги болаларнинг таровех намозларига боришини тақиқлаган.
Бошқа манбаларга кўра эса, аксинча, мусулмон жамоаларидаги вазият ижобий томонга ўзгарган: жума намозларида жой етишмаганидан одамлар масжидларнинг ташқарисида ҳам намоз ўқиган. Тақводор мусулмонлар ўз дин ва ихлосларини жамоатчилик орасида эркинроқ намоён қила олганлар. Жума намозларида мактаб ёшидаги кўплаб болалар кузатилган.
Ишончли хабарларга кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари насроний жамоаларни яширинча кузатишни кучайтиришган.
Давлат томонидан назорат қилинадиган оммавий ахборот воситалари озчиликдан иборат диний гуруҳларга нисбатан ижтимоий салбий фикрларни шакллантиришга ҳаракат қилган. 2008 йил 17 майда Ўзбекистон телевидениесининг 1-канали "Жаҳолат гирдобида" деб номланган кўрсатувни эфирга берган. Бу кўрсатувда Пятидесятникчилар ва Грейтер Грейс черковларини миссионерликда айблаб, уларнинг ҳаракатларини "глобал муаммо" дея талқин қилиб, "диний догматизм, фундаментализм, терроризм ва наркомания" каби иллатлар билан бир қаторга қўйган. Фильм миссионерларни динга тарғиб қилишда психотроп моддаларни қўллашда ва аксарият ҳолларда ёшлар ва ақли заиф шахсларни ўз динларига ўтказишга ҳаракат қилганликда айблади. Иегова гувоҳлари ва Еттинчи кун адвантистлари ва Ҳари Кришна диний жамоаларини ҳам ўз ичига олган бу дастур мазкур черков раҳбарларини пўписа қилган шаклда кўрсатган. Худди шу дастур бир неча ҳафтадан сўнг рус тилида эфирга берилган.
2008 йил 31 мартда ҳукумат томонидан бошқариладиган Gorizont.uz веб сайти Иегова гувоҳларини "идрокини йўқотган секта аъзолари" дея изоҳлаб, мухлисларни бундай секталарнинг таъсирига тушиб қолмасликка чақирган. Ҳукумат томонидан бошқариладиган Gorizont газетаси 2008 йил 11 январда ва 2007 йил 22 октябрда Тошкентдаги Грейтер Грейс черкови аъзоларини ноқонуний миссионерлик фаолиятида айблаб, одамларга психотроп моддалар бериш орқали "гипноз ҳолатига келтиришда" айблаб, танқидий мақолалар ёзган.
Ҳукумат талабига кўра, барча диний адабиётлар ДИҚ томонидан тасдиқланиши шарт. Бироқ, амалда бошқа давлат ташкилотлари, жумладан Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ), Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ), божхона хизмати ва милиция ўзлари номаъқул деб билган адабиётларни мусодара қиладилар. Дин тўғрисидаги қонун диний адабиётларни нашр этиш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатишни фақатгина рўйхатдан ўтган марказий идорасига эга диний ташкилотлар доирасига чеклаган. Бундай ташкилотлар 7 та эди: Умумнасроний инжил жамияти, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, иккита ислом маркази, Рус православ, Пятидесятниклар, Баптист ва Рим католик идоралари. Ҳукумат мамлакатга ноқонуний олиб келинган диний адабиётларни мусодара қилиши ва айрим ҳолларда бутунлай йук қилиши ҳам мумкин.
Ҳисобат даврида, ҳукумат ўзбек тилида чоп қилинадиган ўзларининг марказий идораларини рўйхатдан ўтказган ва мамлакатга диний қўлланмаларни олиб келиш ҳуқуқига эга бўлган насронийларнинг адабиётлари сонини чеклаб қўйди. Бундан ташқари, ҳукумат мамлакатга қонуний йўллар билан олиб кирилган ўзбек тилида нашр этилган насронийлар адабиётларини мусодара қилди. Ўтган ҳисобот йилларида, ҳукумат вакиллари черков бошларига ўзбек тилидаги барча қўлланмалар, ҳатто улар қонуний йўл билан олиб кирилган бўлса ҳам, контрабанда деб ҳисобланади, деб айтганди. Умуман олганда, тарихий ва маданий сабабларга кўра, евангелист пасторлар рус тилида маъруза қиладилар. Улар томонидан қилинадиган ўзбек тилидаги - давлат ва мусулмонларнинг асосий қисмига яқин бўлган тилдаги - маърузаларнинг сони етарли эмас. Ушбу ҳисобот даврида, ДИҚ айрим адабиётларга рухсат берди. Улар орасида баъзи китоб ва Инжилнинг ўзбек тилидаги таржимасининг чекланган сондаги нусхалари. Ҳукумат Евангелия Жамиятидан маълум вақт оралиғида ўзининг нашриёт, китобларни четдан олиб кириш ва таржима фаолияти борасида ҳисобот беришни талаб қилади.
2008 йил май ойида божхона хизмати Ўзбекистон инжил жамиятига олиб келинаётган 11,000 нусхадаги диний китоблар ва брошюралар тўхтатиб қолинди; Инжил жамияти мутасадди ташкилотларни талаб доирасида хабардор қилмаганини баҳона қилиб, ўзининг 30 июндаги мактуби орқали ДИҚ мамлакатга мазкур китоблар олиб киришни рад этди. Бу Инжил жамиятининг ҳисобот тайёрлаш вақтидаги бирдан-бир китоб олиб кириш ҳолати эди. 2006 йил июль ойида Чирчиқдаги Иегова гувоҳлари жамоасига олиб келинаётган ва божхона хизмати томонидан ушлаб қолинган 500 нусхадаги рус тилидаги инжил ва бошқа адабиётлар, Тожикистонга транзит қилиб олиб кетилаётган бошқа адабиётлар билан бирга, ҳисобот даврининг охиригача ҳам қайтариб берилмади.
Тошкентдаги халқаро почта идораси келаётган барча жўнатмаларни текширишда ва диний адабиётлар намуналарини тасдиқ олиш учун ДИҚга юборишда давом этди. ДИҚ материалларни рад этганда, рад этиш сабабларини кўрсатиб, жўнатмани қабул қилувчи ва юборувчига мактуб йўллайди. ДИҚ ҳам исломий ҳам насроний материалларни рад этган. 2008 йил 29 февралда Ташки Ишлар Вазирлигининг "Огоҳ" деб номланган хафталик газетасида божхона хизматчилари 13 та насроний журналларини ушлаб қолгани ва бу журналлар гўёки бошқа динга тарғиб қилишга мўлжаллангани ҳақида хабар берган.
Ҳукумат мусулмонлар нашрларини яқиндан назорат қилиб туради ва мамлакат ичида чоп этиладиган ҳар бир нашр (китоб, китобча, компакт диск ва видео) учун рухсатнома ва уни берган манбаа номини кўрсатишни талаб қилади. Кўпгина китоблар ичида "Ушбу китоб ДИҚнинг рухсати билан нашр этилган" деган жумла мавжуд. Бу билан улар расмий рухсатнома бор эканлигига ишора қиладилар. Умуман олганда, фақатгина Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси қошида фаолият кўрсатаётган "Мовароуннахр" нашриёт уйи томонидан чоп қилинган адабиётлар бу жумлани ишлатади. Шарқ ва Адолат нашриёт уйи томонидан чиқарилган бошқа қўлланмалар учун ДИҚнинг рухсатномаси талаб этилмайди, ҳаттоки улар шариат қонунлари ҳақида бўлса ҳам. Баъзан чет элдан келтирилган араб тилидаги нашрларни китоб сотувчиларидан ҳарид қилса бўлади. Қонунга зид адабиётларнинг очиқ савдода мавжуд эмаслигига қарамай, уларни топиш мумкин, аммо улар учун махсус талаб зарур. Экстремистик ҳисобланган авторлар қаламига мансуб адабиётларни сақлаганлик ёки ноқонуний йўллар билан мамлакатга олиб келганлик ёки кўпайтирганлик учун ҳибсга олиш ва жазо белгиланиши мумкин. Ҳукумат ХТ варақаларини қатъий тақиқ этади.
Ҳукумат Ҳаж сафарига бормоқчи бўлганлар сонини 5,000 тага қисқартирган. Аслида бу жами бориши мумкин бўлганларнинг 20 фоизи ҳолос (аслида тахминан 25,000 киши ёки ҳар 1 миллион аҳолидан 1,000 киши бориши керак бўлган). Яна тахминан 4,000 нафар шахс Умра (кичик Ҳаж) сафарига бориб келган. Маҳалла қўмиталари, туман ҳокимиятлари, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва ДИҚ ва муфтият томонидан бошқариладиган ва давлат томонидан назорат қилинадиган Ҳаж комиссияси хабарларга кўра, ҳажга борувчиларни ўз қора рўйхатлари орқали текширувдан ўтказишган.
Ҳукумат ишларидагилар хусусий сектордагиларга нисбатан ўз диний қарашларини камроқ намоён қилишади. Давлат дунёвийлик сиёсатида иш олиб боради, дин ва давлат тизимларининг бир-биридан мустақиллигини тасдиқлаш мақсадида ҳукумат ишчилари ўта қаттиқ назоратда бўладилар.
Диний эркинликларнинг поймол қилиниши
ХТ каби экстремист гуруҳларга қарши кампанияни амалга оширар экан, ҳукумат жиддий равишда диний эркинликларни поймол қилишда давом этди. Ҳукумат экстремизмда гумон қилиниб, ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқлар қўллаган, дўппослаган ва уларни ўта оғир қамоқхона шароитларида сақлаган. Қамоқхоналарда қийноқларга барҳам бериш мақсадида ҳукумат қатор маъмурий чоралар кўрди. Диний экстремизмда айбланиб, қамалганларга нисбатан қамоқхонадаги шароитлар яхши томонга ўзгараётгани ҳақида бир неча хабарлар бўлганига қарамай, қийноқлар давом этди. Айбланувчиларнинг аксарияти 3 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинган; айримлар эса 16 йилдан 20 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Авваллари жуда оз далиллар ёки умуман далилларсиз терроризмда айбланганга 20 йилгача қамоқ жазолари тайинланган.
Ушбу ва бундан аввалги ҳисоботлар даврида, диндорлар хабар қилишича, ҳукумат мўтадил диний қарашга эга бўлган шахсларни улар фақатгина ўз диний эътиқодларини очиқ намоён қилганликлари учун ХТга аъзоликда айблаган. Ҳукумат, шунингдек, экстремизмда айбланиб қамоққа тушган ёки бошқа суд ишларида гувоҳ сифатида қатнашганларнинг қариндошларига ҳам кўз-қулоқ бўлган. Маълумотга эга кузатувчилар таъкидлашича, ҳукумат диний эътиқод масканлари борасида қўйган чеклашлари экстремистик ташкилотлар аъзоларининг ошиб кетаётганига сабаб бўлаётганини тушуниб етган. Ўтган икки йил мобайнида масжидларга қатнаш ва дин борасидаги очиқлик ошган, фуқароларни диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айблаб ҳибсга олишлар эса камайган.
Диний экстремизмда айбланиб, қамалганларнинг қамоқхонада номаълум ҳолатларда ўлиши ҳоллари ҳақида бир неча хабарлар бўлди. 2008 йил 5 майда ҳуқуқ тартибот ходимлари диний экстремизм айби билан 15 йил муддатга қамалган Одил Азизовнинг мурдасини оила аъзоларига топширишган. Қариндошларнинг хабар қилишича, унинг баданида қийноқ белгилари бўлган. Айрим фикрларга кўра, Азизов қийноқлар натижасида вафот этган, бошқалар фикрича эса у қамоқхонадаги ночор аҳволлар туфайли орттирган бронхит натижасида вафот этган. 2007 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган яна бошқа ҳолларда ХТга аъзоликда айбланиб, қамалган уч киши Андижондаги қамоқхонада вафот этган. Милиция Фитрат Салоҳиддинов ва Тоҳир Нурмуҳаммедовнинг жасадларини оила аъзоларига 13 ва 15 ноябрь кунлари етказиб беришган. Оила аъзолари жасадлардаги қийноқ излари ҳақида хабар беришган. Учинчи махбус тахминан 29 ноябрда вафот этган.
Ҳисобот даврида камида 37 киши ХТ ва бошқа тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалган. Аксарият шундай ҳолларда, қийноқлар ва мажбурлаш қўлланган. Кузатувчилар аксарият суд ишларида қатнаша олмаганлар. Бу каби хабар қилинмаган бошқа суд ишларининг сони номаълумлигича қолди.
2008 йил июнь ойида Тошкент вилояти суди Угиби Мизаев ва Раъно Аҳрорхўжаева исмли икки аёлни ХТга аъзоликда, ХТга тарғиб қилишда ва экстремистик адабиётларни тарқатишда айблаб, 5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилган.
2008 йил февраль ойида Бухородаги суд 13 кишини диний экстремистик ташкилотга аъзоликда айблаб, 16 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилган. Айбланувчиларнинг камида бир нафари ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан унга ва оиласига нисбатан қилинган дўқ-пўписалардан кейин унга қарши қўйилган айбларга иқрор бўлгани ҳақида хабарлар бўлди. Айбланувчилар Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридан бўлганига қарамай, суд Бухорода бўлиб ўтди. Бу эса қариндошларнинг суд жараёнида қатнашишига қийинчиликлар туғдирди.
2008 йил 22 январда Тошкент вилояти Зангиота тумани Жиноий ишлар суди Алишер Убайдуллаевни экстремистик ташкилотга аъзоликда айблаб, уни 5 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукумат Убайдуллаевни "Ваххобийлик" варақаларини тарқатганликда ва 2005 йил Лондондаги Ўзбекистон Элчихонаси олдида ҳукуматга қарши намойишда қатнашганликда айблади.
2007 йил декабрда Хоразм вилоятидаги суд 3 кишини "Таблиги жамоат"га аъзоликда айблаб, уларни 11 йилдан 14 йилгача қамоқ муддатларига ҳукм қилди. 2007 йил октябрда Бухородаги суд 8 кишини ХТга аъзоликда айблаб, 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, тергов жараёнида милиция ходимлари уларга нисбатан қийноқлар қўллаган.
2007 йил 9 июлда Тошкент вилоят Жиноий ишлар бўйича суди Дилноза Тўхтахўжаева ва яна 6 та аёлни ХТга аъзоликда айблаб, Тўхтахўжаевани 3 йил қамоқ муддати, қолган аёлларни эса 2 йил муддатга шартли ҳукм қилган. Бу аёлларнинг барчасига нисбатан руҳий босим ва дўқ-пўписа ишлатилгани хабар қилинган.
Ўтган йилларда ХТ ва бошқа тақиқланган диний ташкилотларга аъзоликда айбдор деб топилган қуйидаги шахсларнинг ишлари юзасидан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади: 2007 йил апрелда Сурхондарё вилоятида "Ваххобийлик" жамоасига аъзоликда айбланиб ва хабарларга кўра қийноқлар сабабли айбни бўйнига олган ва натижада 3 йилдан 6 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган 6 киши; 2007 йил апрелда ХТга аъзоликда айбланиб, хабарларга кўра асоссиз далиллар ёрдамида 6 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган Гулнора Валижонова; 2006 йил октябрда Самарқандда ХТга аъзоликда айбдор топилиб, 3 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва судда айбларига зўрлаш ва қийноқлар сабабли иқрор бўлганини айтган 3 нафар шахс; 2006 йил сентябрда ХТга аъзоликда айбдор топилиб, 10 йилдан 13 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва хабарларга кўра ҳукумат томонидан қилинган дўқ-пўписа сабабли айбни бўйнига олган 7 нафар шахс; 2006 йил августда Тошкент вилоятида 2 та алоҳида суд ишида ХТга аъзоликда айбдор топилган ва суд залида айбланувчилар уларга нисбатан қўйилган айбларга зўрлаш ва дўппослашлар сабабли иқрор бўлганини айтган ва 1 йилдан 13 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган 29 нафар шахс; 2006 йил августда Тошкентда судланиб 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланганини очиқ суд залида айтган 5 нафар шахс; 2006 йил апрелда Янгийўлдаги рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотга аъзоликда айбланиб ҳукм қилинган ва дўппосланган ва қийноқларга солингани сабабли айбга иқрор бўлганини айтган 8 нафар шахс.
2007 йил 6 сентябрда экстремизм ва 1999 йилда Тошкентдаги портлашларга алоқадорликда айбланиб, 17 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ Тошкентлик имом Рухитдин Фахрутдинов иши юзасидан, шунингдек, 2006 йил июлда исломий экстремизмда айбланиб, ўртача 6 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган етти нафар имом Обидхон Назаровнинг издошлари иши юзасидан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.
Ҳукумат "Акромия" исломий гуруҳига аъзоликда гумон қилинганларни таъқиб этишда давом этди. 2007 йил декабрда Андижон прокуратураси Анваржон Махсадалиевни "Акромия"га аъзоликда ва 2005 йил Андижон воқеаларига алоқадорликда айблади. 2007 йил февралда "Акромия"га аъзоликда айбланиб, 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Абдумалик Ибрагимов, ёки 2006 йил июлда 8 ва 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Абдусамат Каримов ва Илҳомжон Йўлдошев, ёки бу гуруҳнинг "Акромия"га аъзоликда айбланиб, ҳукм қилинган бошқа аъзолари иши юзасидан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.
2008 йил 25 апрелда Самарқанд шаҳар суди Иегова гувоҳлари жамоаси аъзоси Олим Тўраевни ноқонуний тарзда диний дарслар бергани ва ноқонуний диний ташкилот ташкил этганликда айблаб, 4 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Тўраевни уч ўсмир томонидан берилган гувоҳлик асосида айбдор деб топишган. Хабарларга кўра, бу гувоҳликлар мажбурлаш орқали олинган: икки ўсмирга нисбатан дўқ-пўписа қўлланган, учинчи ўсмир эса калтакланган. Тўраевни аввалига ўз уйида ўтказилган тинтув давомида жамоанинг бошқа 11 аъзоси билан бирга ҳибсга олишган. Тинтув вақтида қўлга олинган вояга етмаганлардан бирига нисбатан маст ҳолдаги бир милиция ходими жинсий тегажонлик қилгани маълум қилинган. Тўраевнинг уйида тинтув ўтказилгандан сўнг, Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари Самарқанддаги яна 20 нафар Иегова гувоҳлари уйларида тинтув ўтказишни буюрган. Тинтувлардан сўнг Самарқанддаги судлар жамоанинг 6 аъзосини диний материалларни ноқонуний тарқатганлик ва ноқонуний диний фаолият билан шуғулланганликда айблаб, уларга нисбатан 70 доллардан 700 долларгача (93,150 сўмдан 931,500 сўмгача) жарима белгилаган. Ҳукумат Тўраевни ноқонуний тарзда диний дарслар бергани учун жиноий жавобгарликка тортишдан ташқари унга нисбатан 100 доллар (125,000 сўм) миқдорида жарима белгилаган.
2007 йил 29 ноябрда Наманган вилояти Поп тумани суди Халқободдаги рўйхатдан ўтмаган кичик Баптист черкови раҳбари Николай Зулфиқоровни ноқонуний тарзда диний дарслар бергани учун 2 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган. 27 декабрда Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича аппеляция суди Зулфиқоровни амнистия қилди.
2007 йил майда ноқонуний тарзда диний дарслар беришда айбланиб, 2 йил муддатга меҳнат лагерига ҳукм қилинган Самарқанддаги Иегова гувоҳлари жамоаси аъзоси Ирфан Ҳамидов 2008 йил бошида қамоқхона қоидаларини бузганликда айбланиб, Самарқанддаги меҳнат лагеридан Тошкентдаги шароитлари оғир бўлган қамоқхонага, апрель ойида эса Навоий вилоятидаги яна бир бошқа қамоқхонага кўчирилган. Кейинроқ суд қарори билан у яна Самарқанддаги меҳнат лагерига қайтарилган.
2007 йил мартда ноқонуний диний гуруҳ тузиш, диний адоват қўзғатиш ва диний экстремистик руҳдаги адабиётларни тарқатишда айбланиб, 4 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган ва ҳозирда Навоийдаги меҳнат лагерида жазо ўтаётган Дмитрий Шестаков 2007 йил ноябрдаги амнистия қарори остида озодликка чиқишини сўраб аппеляция қилишига қарамай, меҳнат лагерида сақлаб қолинди. Ҳукумат фикрича Шестаков қамоқхона қоидаларини бузган ва шу сабабли амнистия қилинмайди. Ирфан Ҳамидовга худди шу аснода амнистия берилмаган. Қамоқхона расмийлари диний ва сиёсий махбусларга амнистия бермаслик мақсадида, уларга нисбатан доимий равишда қамоқхона тартибини бузганлик айбини қўйишади.
Ўтган йиллардаги ҳисобот даврида, манбааларнинг таъкидлашича, диний экстремизмда айбланиб қамалганлар қамоқхонадаги «оддий» махбуслардан алоҳида камераларда ушлангани ва қамоқхона ходимлари уларга нисбатан ёмонроқ муносабатда бўлгани хабар қилинган эди. Аммо ушбу ҳисобот даврида, аксинча, бир неча қамоқхоналарда диний махбусларни бошқа махбуслар билан бирлаштирилгани хабар қилинди.
ХТга аъзоликда айбланиб ҳозирда қамоқхоналарда сақланаётган махбуслар сонини аниқлаш имкони йўқ; ўтган йиллардаги ҳисобот даврида қилинган тахминларга кўра бу сон 4,500 га етади.
Диний экстремизмда айбланиб қамалган махбуслар ўз қамоқ муддатлари тугашига оз қолганда қамоқхонада экстремистик камералар ташкил этганликда айбланиб қайтадан ҳукм қилинганликлари ҳақида хабарлар келишда давом этди. Исломий экстремизмда гумон қилиниб қамалган айрим махбусларга қамоқхона расмийлари эркин эътиқод қилишга, хусусан беш вақт намоз ўқишга ва Рамазон ойида иш ва овқатланиш жадвалини ўзгартириб беришга рухсат бермагани ҳақида хабарлар бўлди.
Ҳукумат исломий-сиёсий фаолиятга алоқадорликда айбланиб қидирувда бўлган ёки шу каби ҳаракатларда айбланиб қамалган шахсларнинг оила аъзоларини таъқиб қилгани ёки ҳибсга олгани ҳақида хабарлар келишда давом этди. Кўп ҳолларда, оила аъзоларнинг бирдан-бир жинояти фақатгина қариндош бўлгани эди.
"Форум 18" берган хабарларга кўра, Нукуслик протестант Аймурат Хайбурайманов ноқонуний тарзда диний таълим бериш ва "диний эктремистик" ташкилотда қатнашганликда айбланиб, 2008 йил 14 июнда ҳибсга олингандан сўнг, ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан дўппосланган. Унга қўйилган айбларга 5 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Рўйхатдан ўтмаган диний ташкилот томонидан ўтказилган ҳар қандай диний маросим ноқонуний ҳисобланади. Рўйхатдан ўтмаган диний жамоалар учрашувларининг милиция ходимлари томонидан рейд қилингани ва жамоа аъзоларининг ҳибсга олингани ҳақида кўплаб хабарлар келди. Аксарият ҳолларда, расмийлар ҳибсга олинганларга қарши ибодат қилиш, диний таълим бериш, динга тарғиб қилиш ва рухсат этилмаган диний адабиётни сақлаш каби ноқонуний диний фаолиятда айблаб, энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробаригача миқдорда маъмурий жарима белгилаган.
«Форум 18» хабар қилишича, 2008 йил 16 июнда Тошкент вилояти Юқори-Чирчиқ тумани жиноят ишлари бўйича суди рўйхатдан ўтмаган Дўстлик Баптист черковининг беш нафар аъзоси - Наталья Огай, Филипп Ким, Дмитрий Ким ва Нурлан Толебаевни - уларнинг ҳар бирини Дин тўғрисидаги қонунни бузган ҳолда ноқонуний диний учрашувлар ташкил этганлик ва ноқонуний тарзда диний таълим берганлик учун 10 кунлик маъмурий ҳибсда сақлаш ва 32 доллар (42,000 сўм) миқдоридаги жарима тўлашга ҳукм қилган.
«Форум 18» хабар қилишича, 2008 йил 12 майда Навоийдаги жиноят ишлари бўйича суд рўйхатдан ўтмаган Баптист черковининг икки нафар аъзосини ноқонуний учрашувлар уюштирганликда айблаб уларга нисбатан жарима белгилаган. Аъзолардан бири Алишер Абдуллаевга нисбатан 790 доллар (1,430,000 сўм) миқдорида жарима тўлаш белгиланган. 2008 йил 10 майда Муборак жиноят ишлари бўйича суди шаҳардаги рўйхатдан ўтмаган Баптист черковининг икки аъзосига нисбатан жарима белгилаган. Бу 2008 йил 16 мартда черковда ўтказилган тинтувлардан кейин содир бўлган.
«Форум 18» хабар қилишича, 2008 йил 15 апрелда Сирдарё вилояти жиноят ишлари бўйича суди гулистонлик тўрт нафар Еттинчи кун адвантистлари - Надежда Кожина, Рита Мадминова, Эдуард Югай ва Виктор Климовни ўз уйларида рўйхатдан ўтмаган учрашувлар ўтказишда айблаб, уларга нисбатан жарима белгилаган.
Шунингдек, хабар қилинишича, 2008 йил 9 апрелда ҳукумат Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Пентекостал черковида тинтув ўтказиб, черковдан топилган диний адабиётларни мусодара қилган. 2008 йил 11 апрелда эса Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича суди черков раҳбари Серик Кадировга нисбатан 3 суткали маъмурий ҳибсда сақлаш ва 7 доллар (10,000 сўм) миқдорида жарима тўлаш ҳақида қарор чиқарган. Бундан ташқари суд черковнинг яна уч нафар аъзосига нисбатан 320 доллар (417,000 сўм) миқдорида жарима белгилаган.
«Форум 18» хабар қилишича, 2008 йил 3 апрелда милиция ходимлари Самарқанддаги Харизматик протестант черковида тинтув ўтказиб, жамоанинг бир неча аъзоларини қисқа вақтга ҳибсга олган ва калтаклаган ва насроний диний адабиётлар ва ноутбук компьютерини олиб қўйишган.
2008 йил февралда Фарғона шаҳар жиноят ишлари бўйича суди ноқонуний диний йиғилишлар ўтказгани учун баптист Эдуард Кимга 287 доллар (373,000 сўм) миқдорида жарима солган, деб «Форум 18» хабар берган. Ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари 2008 йил 3 февраль якшанба куни Кимнинг уйида бўлиб ўтаётган ибодат вақтида тинтув қилишган.
«Форум 18» хабар қилишича, 2007 йил 10 октябрда Жиззах шаҳар жиноят ишлари бўйича суди Жиззахдаги рўйхатдан ўтган баптист жамоасининг раҳбари - пастор Александр Винокуровдан ўзбек ва қозоқ тилларидаги насроний китоблар мусодара қилинганидан сўнг, унга нисбатан 35 доллар (46,575 сўм) миқдорида жарима белгилаган. «Форум 18» хабар қилишича, 2007 йил 11 сентябрда Термизда милиция маҳаллий протестант Виталий Суворов туғилган куни муносабати билан ўтказилаётган кечага келиб тинтув ўтказган, насроний адабиётларни мусодара қилган ва 17 шахсни тонггача ҳибсда сақлаган. Хабар қилинишича, ҳибсга олинганларнинг бир нечаси калтакланган ва яна бирига пичоқ тираб қўрқитилгандан кейин Сурхондарё протестант черкови раҳбарларига қарши кўрсатма ёзиб берган.
2007 йил августда Нукусда милиция Пентекостал насроний эътиқодидаги Мақсад Жаббарбергенов уйида тинтув ўтказган ва диний адабиётлар, компьютер ускуналари, пул ва унинг паспортини мусодара қилиб, ноқонуний тарзда диний таълим берганликда айблаб, унга нисбатан жиноий иш очган. Бунинг натижасида Жаббарбергенов яширинган, милиция эса уни қидирувдагилар рўйхатига қўшган.
2007 йил майда Нукусда ноқонуний тарзда диний таълим берганликда айбланиб, 2 йиллик шартли ҳукм олган Салават Сэрикбаевга нисбатан 2008 йил январда амнистия қўлланган. 2007 йил июнь ойида ноқонуний тарзда диний таълим берганликда айбланиб, 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган «Парвардигор муҳаббати черкови»нинг икки нафар аъзоси иши юзасидан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.
Иегова гувоҳларига нисбатан ўта қаттиқ текширувлар олиб борилди ва гоҳида гуруҳ аъзоларини миссионерликда айблаб, уларни ҳибсга олиш ва қамаш кузатилди. 2008 йил 10 мартда Иегова гувоҳлари жамоаси аъзоси Абдуманноб Аҳмедов яна бир ҳамжамоаси билан Фарғонада инжил сабоқлари бераётганда ҳибсга олинган. Кейинроқ Аҳмедовга нисбатан диний материалларни ноқонуний тарқатиш учун 280 доллар (372,000 сўм) миқдорида ва ноқонуний диний фаолият билан шуғулланганлик учун 845 доллар (1,117,800 сўм) миқдорида жарима солинган.
2008 йил 27 февралда 19 нафар Иегова гувоҳлари ўз жамоаларининг Жиззахдаги йиғилишида ҳибсга олинган. 2008 йил 5 мартда Жиззах суди ноқонуний диний фаолият олиб борганлик учун Мамур Турсункулов ва Наби Қипчақовни 5 кун қамоқ жазосига, Арслан Суванкуловни эса 3 кун қамоқ жазосига ҳукм қилган. Жамоанинг ҳибсга олинган бошқа бир неча аъзоларига нисбатан 14 доллардан (18,000 сўм) 42 долларгача (56,000 сўм) миқдорда жарима солинган.
2008 йил 22 февралда Тошкентнинг Сирғали туманидаги хусусий хонадонда 16 нафар Иегова гувоҳлари ҳибсга олинган. 2008 йил 27 февралда Тошкент шаҳар Сирғали тумани суди ноқонуний тарзда диний таълим бериш билан боғлиқ маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир неча моддаларини бузганликда айблаб, жамоа аъзолари Элвира Сафаровага нисбатан 71 доллар (93,150 сўм) ва Евгений Курбановга нисбатан 143 доллар (186,300 сўм) миқдорида жарима белгилаган. Суд, шунингдек, тинтув вақтида мусодара қилинган барча диний адабиётларни йўқ қилиб ташлашни буюрган.
Бухоро яқинидаги Когон шаҳрида Иегова гувоҳлари жамоасининг рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги аризаси рад этилгандан кўп ўтмай, 2007 йил августда милиция ушбу жамоанинг 10 нафар аъзосини ҳибсга олиб, уларга агар рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилишлари тўхтатилмаса, жиддий тан-жароҳатларига сабаб бўлиши мумкинлигини айтиб тахдид қилишган. 2007 йил 9 октябрда Когон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди жамоанинг 10 нафар аъзосини ноқонуний диний йиғилишлар ўтказишда айблаб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 719 доллар (931,500 сўм) миқдорида жарима белгилаган. Суд ижрочилари жаримани тўламаган айбланувчиларнинг хонадонларига қайта-қайта бориб шахсий мулкларини мусодара қилишни айтиб тахдид қилишган.
Самарқанддаги Иегова гувоҳлари жамоасининг 2007 йил июнда ноқонуний тарзда диний таълим берганликда айбланиб, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган аъзоси Дилафруз Арзиева ўз жазосини ўташда давом этди. Унинг ойлик иш ҳақидан 20 фоизи давлатга ўтказилди.
Икки йилдан бери Иегова гувоҳларининг Исо Масиҳ вафотини хотирлаш маросимига халақит бериш ҳолатлари кам бўлди, аммо 2008 йил 22 мартда бўлиб ўтган ибодатларни чет мамлакатлардан, жумладан Америка Қўшма Штатларидан, келиб кузатгмоқчи бўлган бир неча Иегова гувоҳлари вакилларига ҳукумат виза беришда рад этган.
Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, ушбу ҳисобот даврида озчиликни ташкил этадиган диний гуруҳлар аъзоларини уларнинг диний мансублигига асосланиб мамлакатдан депортация қилиш ҳоллари бўлмади. Кўп йиллар давомида Тошкентда истиқомат қилиб келган, аммо 2006 йил сентябрда депортация қилинган Бетани баптист черкови аъзолари Иван Бичков, Виктория Хрипунова ва 2007 июнь ўртасида депортация қилинган Тожик пятидесятниги мамлакатга қайтиб кела олмади.
Динни мажбурий тарзда қабул қилиш
Динни мажбурий тарзда қабул қилиш ва вояга етмаган АҚШ фуқароларини ўғирлаб кетилиши ёки АҚШдан ноқонуний олиб кетилиши ёки бундай шахсларни қайтиб АҚШга қайтишига қаршилик қилиш ҳолатлари кузатилмади.
Диний эркинликни таъминлаш борасидаги вазиятнинг яхшиланиши ва ижобий ўзгаришлар
Ҳукумат қийноқлар эҳтимолини камайтириш, жумладан диний экстремизмда гумон қилиниб ҳибсга олинганларга нисбатан, ҳибсга олиш тўғрисидаги санкцияларни прокурорлардан судларга ўтказиш (хабеас корпус) ва бу билан ҳуқуқ тартибот органларининг суд томонидан назорат қилинишини белгилашга ҳаракат қилди. Ҳукумат, шунингдек, Қизил Хоч Халқаро Қўмитаси мустақил кузатувчиларига қамоқхоналарга киришга рухсат берди. Бу 2006 йилда тўхтатиб қўйилган эди. Қамоқхоналардаги шароитлар, жумладан, диний экстремизмда айбланиб қамалганларга нисбатан, ўзгараётгани ҳақида ҳам бир неча хабарлар бўлди. Хабарларга кўра, мамлакатдаги бир неча қамоқхоналарда диний экстремизмда айбланиб қамалганларни бошқа махбуслар билан қайтадан бирлаштиришган.
Ҳукумат диний экстремизмда гумон қилинганларга қарши кампаниясини енгиллаштирган кўринади, диний экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланиб қамалган шахслар сони камайгандай бўлди. Ҳукумат, шунингдек, мусулмонларга ўз эътиқодларини кенгроқ ифода қилиш имконини берди. Ўтган йиллардан фарқли ўлароқ, ушбу ҳисобот даврида кўчаларда ҳижоб кийиб юрган аёлларни кўриш ҳолатлари кўпайди, масжидларга қатновчилар сони эса ошиб борди. Собиқ муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф радио эшиттиришни олиб боришда, Ислом Университетида дарс беришда ва турли диний мавзуларда нашрий ва электрон материалларни чиқаришда давом этди.
Ҳукумат Иегова гувоҳларининг тинчликсеварлигини инобатга олиб, ҳарбий чақирув комиссияси уларни доимо ҳарбий хизматдан озод қилиб келди. Икки йилдан бери кузатилаётгандей, бу йил ҳам 2008 йил 22 мартда Иегова гувоҳлари Исо Масих вафотини хотирлаш маросимини нишонлаш учун йиғилганда, уларга халақит бериш ҳолатлари кузатилди.
Ушбу ҳисобот даврида камида икки протестантга амнистия берилди. Шунингдек, протестантларнинг адвокатлари процессуал ва далиллар билан боғлиқ масалаларда эътироз билдирганда, ҳукумат айбланувчиларга қўйилган айбларни бекор қилди.
III қисм. Ижтимоий тахқирлаш ва дискриминация
Умуман олганда, Ўзбекистон жамияти турли дин вакилларига бағрикенглик муносабатида бўлади, лекин миссионерлик фаолиятига қаршидир. Аҳоли қадимдан дунёвий қарашларга ва бағрикенгликка асос солиб келган. Хусусан, мусулмонлар, рус православлари, Рим католиклари ва яхудийлар рахнамолари жамиятда ўзларига нисбатан илиқ муносабат ҳақида айтадилар. Евангелист ёки Пятидесятникчилар черковлари ва этник ўзбек аъзолари мавжуд черковлар диний тахкирлашлардан келиб чиққан мураккабликларга рўбаро келмоқдалар. Насронийликни қабул қилган этник ўзбеклар тахкирлаш ва зулм тазйиққа учраётгани ҳақида хабарлар келишда давом этди.
Давлат томонидан назорат қилинадиган оммавий ахборот воситалари баъзи ҳолатларда евангелист насронийларга қарши бўлган ижтимоий ғазабни қўзғатган ҳолатлари кузатилди. 2008 йил 23 мартда Қашқадарё вилоят телевидениеси Муборак шаҳридаги озчиликдан иборат баптист кенгаши жамоаси милиция томонидан рейд қилинаётганини кўрсатиб, жамоа аъзоларини ўз болаларини нормал болаликдан махрум қилаётганликда айблаган.
IV қисм. АҚШ ҳукумати сиёсати
АҚШ элчиси ва элчихонанинг бошқа ходимлари инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликларга боғлиқ бўлган муҳим масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маҳаллий диний раҳбарлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳукумат вакиллари билан учрашди. Вашингтондаги расмийлар АҚШнинг диний эркинликлар борасидаги хавотирларини етказиб қўйиш учун бир неча бор Ўзбекистон элчихонаси ходимлари билан учрашди. АҚШ расмийлари Ўзбекистон бўйлаб қилган хизмат сафарларида диний раҳбарлар ва ҳукумат вакиллари билан учрашдилар. Элчихона ходимлари ДИҚ, диний ташкилотлар бошлиқлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан алоқада бўлди. Ўзининг инсон ҳуқуқларига оид тадбирларига диний раҳбарларни таклиф этиш орқали, Элчихона диний эркинликнинг аҳамиятига урғу берди.
Элчихона диний гуруҳлар ёки динга алоқадор ҳорижий гуманитар ташкилотлар қийинчиликларга дуч келгани ҳақида хабардор бўлганда, имкони бўлганда уларнинг ёнини олиб, ҳукумат расмийлари билан учрашди, суд жараёнларида қатнашди. Диний эркинликлар борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ҳукумат вакиллари эътиборини бу муаммоларга қаратиш борасида Элчихона дипломатик корпусдаги ўз ҳамкасблари билан тез-тез муҳокамалар олиб борди.
2008 йил 22 мартда Тошкентда Иегова гувоҳлари Исо Масих вафотини хотирлаш маросимини нишонлаш учун йиғилганда, жамоа аъзолари ўз диний маросимларини эркин ўтказа олишларини кузатиш мақсадида, АҚШ дипломатлар бу маросимда қатнашди.
Шунингдек, АҚШ элчихонасининг Демократия Комиссияси диний эркинликлар борасида ҳисоботлар тарқатадиган маҳаллий гуруҳларга кичик грантлар беришда давом этди.
Элчи ва элчихонанинг бошқа расмийлари диний эркинлик масаласини муҳокама этиш ва кузатиш учун кўплаб мусулмон уламолари ва бошқа диний уламолар билан учрашди. Элчихона, шунингдек, диний эркинлик, бағрикенглик ва Америкада Ислом дини мавзусида давра суҳбатларини уюштирди.
Элчихона расмийлари диний бағрикенглик ва сиёсий хавфсизлик ўзаро чамбарчас боғлиқлигига урғу берган ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматини диний эркин ифода этиш ва кўпроқ масжидларни рўйхатга олишга чақирди. Вашингтон ва Тошкентдаги АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматини дин тўғрисидаги қонунни қайтадан кўриб чиқишга, хусусан, диний гуруҳни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган аъзолар сонини 100 тадан камайтириш, динга тарғиб қилишга бўлган тақиқни бекор қилиш, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ёки нашр этишни ман этмаслик ва хусусий тартибда диний таълим беришни тақиқламасликка ундади. АҚШ ҳукумати хусусий тартибда диний таълим беришни тақиқламаслик ёш мусулмонлар орасида радикализм тарқамаслиги учун зарур элемент деб билади.
АҚШ ҳукумати диний бағрикенглик, диний эркинликларни ва инсон ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган алишув ва таълим дастурларига ҳомийлик қилади.
2006 йил ноябрда АҚШ Давлат котиби Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги акт асосида Ўзбекистонни диний эркинликларни ўта қўпол равишда бузганлик учун «Алоҳида ташвиш уйғотадиган давлат» (АТУ) деб белгилаган эди. АҚШ ҳукуматининг Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси 2008 йил март ойида диний эркинликни яхшилаш борасида мулоқотни давом эттириш учун ҳукумат вакиллари билан учрашиш учун Ўзбекистонга иккинчи марта келди.

