Skip Global Navigation to Main Content
Skip Breadcrumb Navigation
Халқаро диний эркинлик бўйича 2009 йил ҳисоботи

АҚШ Ҳукумати Ҳисоботлари

(10/26/2009)

Демократия, инсон ҳукуклари ва меҳнат бюроси томонидан тайёрланган

Ўзбекистон

Конституция дин эркинлиги ҳамда дин ва давлатнинг бир-биридан алоҳида эканлигини таъминлайди, аммо 1998 йилда қабул қилинган Дин ҳақидаги қонун аксарият ҳуқуқларни фақат рўйхатдан ўтган ташкилотлар доирасида чеклаган, гуруҳлар рўйхатга олиниши эса чегаралаб қўйилган. Бошқа динга тарғиб қилиш, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ва тарқатиш, шунингдек, хусусий равишда диний дарслар бериш каби ҳаракатлар мазкур қонун томонидан тақиқланган. Бу қоидаларни бузганлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Сўнгги йилларда кўпчилик мусулмон жамоалари учун шароит яхшиланишига қарамай, ҳисобот даврида диний эркинликка бўлган ҳурмат бир неча жабҳаларда пасайди. "Ҳизбут-Таҳрир" (ҲТ) каби экстремистик гуруҳларга аъзолик учун қамоққа олинган шахслар сони икки йилдан буён камайиб борди чоғи; бироқ Ҳукумат чамаси ўз эътиборини Туркияда асосланган исломий гуруҳ - "Нурчилар"га қаратиб, ушбу гуруҳга аъзоликда гумон қилинган камида 42 нафар шахсни ҳибсга олди ва уларнинг кўпчилигини 6 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳукумат рухсат этилган масжидларда ибодат қилувчиларга тўсқинлик қилмади ва унинг наздида асосий оқим ҳисобланмиш  бошқа диний гуруҳлар фаолиятига рухсат берди. Баъзи кам сонли диний гуруҳлар рўйхатдан ўтмаганича қолдилар, чунки улар рўйхатдан ўтиш бўйича қонунда белгиланган қатъий талабларга жавоб бера олмаганлар. Ушбу гуруҳлар, хусусан прозелитизм билан шуғулланишда деб гумон қилинган гуруҳларга қарши рейдлар, тазйиқлар уюштирилган, уларнинг етакчилари ва аъзолари ҳибсга олинган, баъзиларига нисбатан жиноий жавобгарлик айблови қарши сурилган.

Ўзбекистон жамияти диний гуруҳларга нисбатан, умуман олганда, бағрикенг муносабатда бўлади, диний гуруҳлар ҳам одатда бир-бирига нисбатан бағрикенг муносабатдадир. Аммо ўзбек миллатига мансуб христианларга, айниқса христианликни яқинда қабул қилган ва кичикроқ жамоатларда истиқомат қилувчиларга нисбатан қўшнилар, қариндошлар ва иш берувчилар томонидан баъзида босим ўтказилади. Айрим кам сонли диний гуруҳлар ҳақида эса оммавий ахборот воситаларида салбий мақола ва дастурлар давом этган.

АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқларини илгари суришга қаратилган умумий сиёсати доирасида Ўзбекистон Ҳукумати билан диний эркинлик масалаларини муҳокама этади. АҚШ элчихонаси диний эркинликни кузатиш ва илгари суриш фаолиятини давом эттирмоқда ҳамда ҳукумат ва диний етакчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан алоқаларни давом эттирди. 2009 йилнинг 16 январида Давлат Котиби диний эркинликни ўта жиддий равишда бузиш ҳоллари бўйича Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги Акт асосида Ўзбекистонни "Жиддий ташвишга солувчи мамлакат" сифатида қайта белгилади.

I қисм. Диний демография

Мамлакат ҳудуди 447,4 минг кв. кмни ташкил этиб, аҳоли сони 28,2 миллион кишидан иборат. Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, ўтган йиллар ичида тахминан икки-уч миллион ўзбекистонлик мавсумий равишда қўшни мамлакатларда, хусусан, Россия ва Қозоғистонда иш топиш учун миграция  қилган. Аммо мазкур тенденция, минтақадаги иқтисодий пасайиш сабабли, 2009 йилда камайиши кутилмоқда. Аҳолининг тахминан 80 фоизини ўзбеклар, 5,5 фоизини руслар, 5 фоизини тожиклар, 3 фоизини қозоқлар, 2,5 фоизини қорақалпоқлар ва 1,5 фоизини татарлар ташкил этади.

Диний гуруҳларга аъзолик тўғрисида ҳеч қандай расмий статистика мавжуд эмас; бироқ, тахмин бўйича, аҳолининг 90 фоизига яқини ҳанафий мазҳабига мансуб сунний мусулмонлардир. Бухоро ва Самарқанд вилоятларида мужассамлашган шиа мусулмонлари аҳолининг тахминан 1 фоизини ташкил қилади. Аҳолининг тахминан 5 фоизи рус православлари бўлиб, этник руслар ва бошқа славянлар Ўзбекистондан кўчиб кетишда давом этаётганликлари сабабли мазкур адад тобора камайиб бормоқда. Аҳолининг қолган 3 фоизини кичик жамоалар - Рим католиклари, Корея христианлари, баптистлар, лютеранлар, еттинчи кун адвентистлари, инжилчилар ва пентакосталлар, Иегова гувоҳлари, буддавийлар, баҳоийлар ва кришначилар ҳамда атеистлар ташкил этади. Бундан ташқари, асосан Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида истиқомат қилувчи 15 000 - 20 000 атрофидаги Бухоро ва Европа яҳудийлари мавжуд. Сўнгги 20 йил ичида камида 80 000 яҳудий Исроил ва АҚШга иқтисодий сабаблар туфайли кўчиб кетган.

2008 йил 15 майга қадар олинган маълумотга кўра, ҳукумат рўйхатга олган диний жамоалар ва ташкилотлар сони 2228га етиб, бу 2007 йил май ойидаги кўрсаткичдан (2227) биттага кўпдир. Масжидлар, исломий таълим муассасалари ва Ислом марказларининг сони 2007 йилги кўрсаткичга нисбатан 2тага кўпроқдир ва жами 2048тага етган. Мусулмон гуруҳлари орасида бир неча шиа жамоалари мавжуд. Рўйхатдан ўтган христиан гуруҳларнинг сони биттага камайди. Рўйхатдан ўтган 180 кам сонли диний ташкилотлар қуйидагилардан иборат: 58та корейс христиан, 36та рус православ, 23та баптист, 21та пентакостал черкови («Тўла Инжил»), 10та еттинчи кун адвентистлари, 8та яхудий, бешта рим католик, олтита баҳоий, учта лютеран, тўртта "янги апостол", иккита арман апостол, битта Иегова гувоҳлари, битта Кришнани англаш гуруҳи, битта будда ибодатхонаси ва битта "Тангри овози" черкови христиан гуруҳлари. Бундан ташқари рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳлар ҳам бор. Ҳукумат 2009 йилга оид статистика борасида янги маълумотлар тақдим этмади.

Сон жиҳатдан ўсиб бораётган мусулмон ва рус православ диндорлари ўз динларига фаоллик билан амал қилмоқдалар. Вилоятларда дин арконларини бажарадиган мусулмонлар кўпроқ. Сўнгги бир неча йил давомида масжидга қатновчилар сони ошишда давом этди. Ушбу кўрсаткич айниқса ибодат қилувчиларнинг асосий қисмини ташкил қилувчи ёш йигитлар орасида баланддир.

II қисм. Ҳукумат томонидан диний эркинликни таъминлаш ҳолати

Дин борасида сиёсат/ҳуқуқий асос

Конституция диний эркинликни таъминлайди, аммо амалда ҳукумат ва қонунлар ушбу ҳуқуқларни чеклайди. Конституцияда, шунингдек, дин ва давлат бир-биридан алоҳида эканлиги белгиланган. Ҳукумат диний гуруҳлар томонидан сиёсий партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар тузилишини тақиқлайди.

1998 йилда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун эътиқод эркинлигини, эътиқоди туфайли таъқиб қилмасликни, дин билан давлат алоҳидалигини, мактаблар очиб, дин ходимларини тайёрлаш ҳуқуқларини таъминлайди; лекин бу ҳуқуқлар фақат рўйхатдан ўтган гуруҳларга берилади холос. Бундан ташқари, мазкур қонун миллий хавфсизликка зид деб топилган диний ҳуқуқларни чеклайди, ўз динига тарғиб этишни, диний фанларни давлат мактабларида ўқитишни тақиқлайди ва диндан хусусий равишда таълим берилишини ман қилади ҳамда диний гуруҳлар ўз адабиётларини нашр қилиши ёки тарқатиши учун лицензия олинишини талаб қилади. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний Ишлар Қўмитаси (ДИҚ) барча диний адабиётларни тасдиқлаш учун масъул ҳукумат идорасидир.

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун барча диний гуруҳлардан рўйхатдан ўтишни талаб қилган холда, рўйхатдан ўтиш учун қатъий ва сермашаққат мезонларни кўзда тутади. Жумладан, қонун ҳар бир гуруҳдан, ташкилотнинг камида 100 нафар аъзоси кўрсатилган рўйхатни Адлия Вазирлигининг (АВ) маҳаллий бўлимига топширишни талаб қилади. ДИҚ эса, ўз навбатида, рўйхатдан ўтган гуруҳларнинг диний фаолиятини назорат қилиб туради.

Қонунга кўра, рўйхатдан ўтган марказий бошқарув идораси бўлмаган диний жамоалар томонидан дин ходимларини тайёрлаш тақиқланади. Марказий бошқарув идорасини рўйхатга олиш учун эса диний гуруҳнинг 13 вилоятдан 8 тасида рўйхатдан ўтишини талаб қилади, аммо бу талаб оз сонли диний гуруҳларнинг аксарияти учун амалга ошириб бўлмайдиган талабдир. Дин ходимларини қонуний равишда тайёрлаш ҳуқуқига эга 6та ташкилот мавжуд. Қонунга мувофиқ диний таълим расман рухсат берилган диний ўқув муассасаларида ва давлат томонидан тасдиқланган ўқитувчилар томонидан берилади. Хусусий равишда диний таълим бериш Қонунда тақиқланади ва уни бузганларга жарима солинади. Қонун давлат мактабларида диний фанлар ўқитилишини ман қилади. "Дин тўғрисидаги қонун"нинг 14-моддасида "диний ташкилотларда хизмат қилувчилардан" ташқари барчага жамоат жойларида диний либосларни кийиш тақиқланади.

Жиноят ва Фуқаролик Кодекслари "Дин тўғрисидаги қонун"ни ва диний фаолиятга тааллуқли бошқа низомларни бузганлик учун оғир жазоларни белгилаган. Ман этилган фаолиятлар қаторига, ноқонуний диний гуруҳни ташкил қилишдан ташқари, бошқаларни шу каби жамоаларга аъзо бўлишга даъват этиш, вояга етмаганларни ота-оналарининг рухсатисиз диний ташкилотларга жалб этиш фаолиятлари ҳам киради. Рўйхатдан ўтмаган ҳар қандай диний ташкилот томонидан амалга оширилган диний маросим ноқонуний ҳисобланади.

Жиноят кодексига кўра, рўйхатдан тегишли тартибда ўтмаган "ноқонуний" гуруҳлар ва ҳукумат томонидан бутунлай ман қилинган экстремистик деб ҳисобланадиган "тақиқланган" гуруҳлар орасида фарқ бор. Ноқонуний диний гуруҳга асос солиш, рўйхатдан ўтишга рухсат берилмаган ёҳуд тарқатиб юборилиши талаб қилинган жамоа фаолиятини қайта тиклаш Кодексга мувофиқ 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига лойиқ жиноий иш ҳисобланади. Бундан ташқари, кодексда, бу каби гуруҳга аъзолик учун 3 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Кодексда, шунингдек, диний экстремистик, фундаменталист, сепаратист ҳамда бошқа тақиқланган гуруҳлар фаолиятига "асос солганлик ва қатнашганлик" учун 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Маъмурий идоралар фуқароларни диний фаолияти учун айблашда Жиноят кодексининг асосан қуйидаги моддаларини келтиради: 159-модда (анти-конституцион фаолият); 216-модда (ноқонуний диний ташкилотларни ёки жамоатчилик уюшмаларни ташкил этиш); 216-модда, 2-қисм (диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунга хилоф фаолият олиб бориш, жумладан прозелитизм билан шуғулланиш); 244-модда, 1-қисм (жамоатчилик тартибига ва хавфсизлигига хавф туғдирадиган материалларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш); ва 244-модда, 2-қисм (диний экстремист, сепаратист, фундаменталист ёки бошқа тақиқ этилган ташкилотларни тузиш, бошқариш ва уларга аъзо бўлиш).

2005 йилнинг декабрида Жиноят кодексига (217-моддасининг 2-қисми) ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (201-моддаси) киритилган қўшимчалар ва ўзгартиришларга мувофиқ, диний фаолиятга тааллуқли қонунни такроран бузганлик учун жарималар микдори оширилган ва ҳозирда бу жарима, Жиноят кодекси бўйича, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 дан 300гача миқдори баробарида, яъни 19 АҚШ доллари ( 28040 сўм)га тенг, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан эса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 дан 100гача миқдор баробарида жарима солинади.

Маъмурлар, шунингдек, диний фаолият тўғрисидаги қонунларни бузганларга нисбатан маъмурий жазоларни белгилаш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги тўрт моддасидан фойдаланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси диний ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги қонунларни бузиш, шунингдек, ноқонуний оммавий чиқишлар, юришлар ва намойишлар ўтказиш каби ҳаракатларга нисбатан жарималар белгилайди. 202-модда рухсат этилмаган йиғилишлар ўтказишга "шароитларни яратиш" учун жарима белгилаган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 240-моддаси "Дин тўғрисидаги қонун"ни бузганларга нисбатан маъмурий жарима белгиласа, 241-модда "махсус диний таълим олмаганлар томонидан ва диний ташкилотнинг марказлашган махсус идораси томонидан рухсат олмасдан, шунингдек, хусусий равишда диний таълим берганларга нисбатан жарима белгилаган.

Маъмурий Кодексга 2006 йилнинг июнида киритилган қўшимчалар ва ўзгартиришларга мувофиқ "диний мавзудаги материалларни ноқонуний равишда чиқариш, сақлаш ва мамлакатга олиб кириш ёки тарқатиш" учун хусусий шахсларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 20 дан 100 гача баробарида жарима солинади, ташкилотлар ходимларига нисбатан эса энг кам ойлик  иш ҳақининг 50 дан 100 гача баробарида жарима солинади ҳамда материаллар ва "уларни ишлаб чиқариш воситалари" мусодара этилади. Жиноий Кодекснинг 244-3 моддаси Маъмурий Кодексдаги худди шу каби модда бўйича ҳукм қилинган шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 дан 200 гача баробарида жарима солади ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш меҳнати билан жазолайди. Жиноий ва Маъмурий Кодексларга бир вақтнинг ўзида киритилган бошқа ўзгартиришлар "ирқий ва диний нафратни тарғиб қилувчи адабиётларни" нашр қилиш ва тарқатиш учун жазони назарда тутади.

Қонун рўйхатдан ўтган барча диний конфессияларга нисбатан тенг муносабатда бўлса ҳам, Ислом Университети ва тарихий аҳамиятга эга исломий обидаларнинг муҳофазаси давлат томонидан молиялаштирилади. Ҳукумат саралаган мусулмонлар 2008 йилнинг декабрь ойида ҳаж сафарига боришлари учун ташкилий ёрдам берди, лекин ҳожилар ўз харажатларини ўзлари қопладилар. Давлат Мусулмонлар Диний Идорасини назорат қилади, у эса ўз навбатида исломий рутбалар силсиласини, имомлар томонидан ўқиладиган маърузаларни ҳамда исломий адабиётлар ҳажмини ва мазмунини назорат қилади. Исломий муқаддас байрамлар Қурбон ва Рўза ҳайитлари умуммиллий байрамлар сифатида нишонланади.

Диний эркинликни чеклаш

Ҳисобот даврида диний эркинликлар ҳукумат томонидан сезиларли даражада чекланди. Ҳукумат айрим диний жамоаларнинг рўйхатдан ўтишига рухсат бермаслик билан, уларни конституцияда белгиланган ибодат қилишлик ҳуқуқидан маҳрум қилмоқда. Ҳукумат кўплаб диний маросимлар ва тадбирларни чеклаб, баъзи фуқароларни рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузган холда диний тадбирларда иштирок этганликлари учун  жазолади.

Ҳукумат ўз нигоҳида экстремистик деб ҳисоблаган исломий ташкилотларни ман этади ва уларга аъзоликни жиноят деб баҳолайди. Тақиқланган  ташкилотларнинг асосийлари - Ҳизбут-Таҳрир (ҲТ), Акромийлар, Таблиғ Жамоат, Нурчилар ҳамда ҳукумат томонидан умумлаштирган холда "Ваҳҳобийлар" деб аталадиган бошқа гуруҳлар. Ҳукумат, экстремизмда гумон қилинган шахслар ёки гуруҳларни таъқиб қилишни диний эркинликни чеклаш деб эмас, балки ҳукуматга қарши қуролли қаршиликнинг олдини олиш деб ҳисоблайди.

ҲТ ижтимоий-диний ғояларга таянган исломий экстремистик сиёсий ташкилотдир. Унинг адабиётларида дунё бўйлаб Ислом Халифалигини ўрнатишга қаратилган уч босқичли кампания баён этилади. Гарчи ҲТ ўзини зўровонликка таянмайдиган ташкилот деб таъкидласа-да, у қуролли жиҳод ва терроризм ҳолларини кўп маротаба олқишлаган ёхуд оқлаган. ҲТ адабиётлари ташкилот, кези келганда қуролли ҳаракатларга ўтиши мумкинлигини қатъий таъкидлайди. Партиянинг ашаддий аксил-яҳудий ва аксил-ғарбий адабиётлари ҳамда веб сайтлари дунёвий ҳукуматларни, жумладан Марказий Осиёдаги ҳукуматларни ағдаришга чақиради. Ҳукуматнинг ҲТни тақиқлаш ва унинг аъзоларини таъқиб қилиш ҳаракатлари, аслини олганда, жамоатнинг сиёсий фаолияти сабабли бўлиб, диний эркинликларни чеклаш эмас деса бўлади. Бироқ, ҲТ ва унга ўхшаш ташкилотларга алоқадорликда айбланган шахслар тегишли қонуний жараёнлардан маҳрум қилинган ва ишончли даъволарга кўра қийноққа солинган. Ҳисобот даврида таъқиб учун нишон остига олинганлар орасида асосан ҲТга аъзоликда айбланиб илгарироқ қамалган шахсларнинг қариндошлари ва танишлари бўлган.

Ҳукумат "Акромия" гуруҳи аъзоларини (Акромийлар) 1997 йилдан буён сиқув остига олган ва таъқиб этиб келади. Диний мутахассисларнинг таъкидлашича, Акромийлар ислом диний тамойилларига мувофиқ равишда тадбиркорлик олиб борилишини илгари сурувчи норасмий уюшмадир, аммо ҳукуматнинг даъво қилишича, ушбу гуруҳ ҲТнинг шўъбаси ёки ундан ажраб чиққан оқим бўлиб, Ўзбекистон Ислом Ҳаракати (ЎИҲ) террористик жамоаси билан биргаликда 2005 йилнинг май ойида Андижондаги қуролли ғалаён орқали Ҳукуматни ағдариб ташлашга ҳаракат қилган.

Таблиғи Жамоат, Жанубий Осиёда пайдо бўлган исломий даъват гуруҳи бўлиб, Муҳаммад Пайғамбар даврида одат бўлган ибодат қилиш, кийиниш, соқол қўйиш каби амалларга риоя қилади; унинг аъзолари ўзларини фақат диний ва сиёсатдан узоқ деб даъво қилади.

"Нурчилар" ҳаракатига дастлаб Туркияда, I Жаҳон урушидан сўнг курд мулласи Саид Нурсий томонидан асос солинган ва Туркияда шариат киритилишини тарғиб қилган. Сўнгги йилларда, Нур ҳаракати, ҳозирда АҚШда истиқомат қилувчи туркиялик уламо Фетхулла Гулленнинг диний ва пан-туркист ғоялари билан боғланиб кетган. Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришганларидан сўнг, Гуллен Марказий Осиё бўйлаб, жумладан Ўзбекистонда, турк лицейларини очишга кўмак берган. Нурчилар адабиётлари 1990 йилларда Ўзбекистон бўйлаб эркин холда мавжуд эди. Хозирда турк лицейлари Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида фаолият юритмоқда, чунки 1999 йилда Тошкент шаҳрида уюштирилган ва Туркияда ўша пайтда истиқомат қилган собиқ ўзбек мухолифатчи зиммасига юклатилган қатор портлашлардан сўнг Ўзбекистондаги Турк лицейлари ўзбек ҳукумати томонидан ёпиб юборилган. Ўша йилнинг ўзида ҳукумат мустақил исломий фаолиятни таъқиб қилиш жараёнида бир қанча Нурчиларга тазйиқ ўтказиб, қамоққа ҳукм қилди.

Ҳисобот даврида маъмурлар Нурчиликка аъзоликда гумон қилинганларни кенг кўламли равишда таъқиб остига олди, натижада ўнлаб одамлар ҳибсга олинди ва қамоққа ташланди. Ўзбекистон Диний ишлар қўмитаси (ДИҚ) Нурчиларни ман этилган ташкилотлар рўйхатига киритди. Мамлакатдан ташқарида Нурчилар ақидасига тараққийпарвардан тортиб мутаассиб деган тавсифлар берилади, гуруҳ эса доим зўравон экстремизмни қоралаб келган.

ДИҚ томонидан тақиқланган яна бир гуруҳ "Ваҳҳобийлар" бўлиб, бу атама билан Ҳукумат дунёқараши ва диний қарашлари 1990 йилларнинг бошларида таниқли имомлар таълимоти томонидан таъсирланган мусулмонларни тавсифлайди. Назаров, Парпиев ва Мирзаев шундай имомлар қаторидандир. Назаровга ҳорижда сиёсий бошпана берилган; қолганлари эса тутқунликда ғойиб бўлишган. Ҳукумат давлат томонидан тасдиқланган муассасалардан ташқарида ибодат қиладиган, чет эл мадрасаларида таҳсил олган ёки "Ваҳҳобий" имомларига алоқаси бор мусулмонларга нисбатан ҳамон катта шубҳа билан қарайди.

ДИҚ, шунингдек, унча таниқли бўлмаган саккизта диний экстремистик гуруҳни ҳам ман қилган. Бундан ташқари, ҳукумат Ўзбекистон Ислом Ҳаракати (ЎИҲ) ва Исломий Жиҳод Уюшмаси (ИЖУ) каби террористик ташкилотларга аъзоликни тақиқлайди.

Янги масжидлар рўйхатдан ўтиш борасида қийинчиликларга дуч келаётган каби, аввал ёпиб қўйилган ва эндиликда қайтадан рўйхатдан ўтмоқчи бўлган масжидлар ҳам қийинчиликларга дуч келмокда. Жанубий ва шарқий Фарғона водийсида жойлашган ва сўнги йилларда рўйхатдан ўтиш муаммоларига дуч келганликлари ҳақида хабар берган бир неча масжидлар, талабга жавоб берувчи намозхонлар сони мавжудлигига қарамай ҳамон рўйхатдан ўтказилмаган. Бир қатор норасмий ва мустақил масжидларга, расмий имомлар назорати остида, оҳиста равишда фаолият кўрсатиш учун рухсат берилган. Маъмурлар, шунингдек, Фарғона водийсининг Қўқон шаҳридаги рўйхатдан ўтмаган хонақоҳга фаолият юритиш учун рухсат берганлар. Ҳукумат вақти-вақти билан исломнинг ҳориждан келтирилган экстремистик шаклларига муқобил равишда тасаввуфни, хусусан дастлаб шу ҳудудда пайдо бўлган Нақшбандия тариқатини тарғиб қилиб келган.

Ҳисобот даврида озчиликни ташкил қилувчи диний гуруҳлар рўйхатдан ўтишда қийинчиликлар дуч келишда давом этган. Мазкур ҳисобот қамраб олувчи давр мобайнида Иегова Гувоҳлари маҳаллий, вилоят ва республика миқёсида рўйхатдан ўтиш учун ариза топширсалар-да, бироқ рад жавобини олган ёки умуман расмий жавоб ҳам олмаган. 1996 йилдан буён Иегова Гувоҳлари Тошкент шаҳрида ўз ибодатхоналарини рўйхатга олиниши учун камида 23 марта ҳаракат қилган, вилоятларда эса 13 марта рўйхатдан ўтказиш учун ҳаракат қилинган. Ҳисобот даврининг якунига келиб, мамлакатдаги Иегова Гувоҳларига мансуб бир қанча гуруҳлардан фақат биттасигина - Чирчиқда - рўйхатдан ўтган ташкилот мақомига эга бўлган.

2008 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳар адлия бошқармаси техникавий сабабларни келтирган ҳолда, Тошкентдаги "Эсхол" Тўла инжил христианлари черковининг рўйхатдан ўтказиш учун берилган сўнгги аризасини рад этди. Черков аввалроқ ҳам Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Чилонзор тумани ҳокимлиги ва маҳалла қўмитаси томонларидан Черковга берилган тавсияномаларни "расмий талабларга мувофиқ келмаслигини" даъво қилиб, қабул этмаганидан сўнг 2008 йилнинг 22 июль кунида рўйхатдан ўтиш учун рад жавобини олган. Маъмурлар Черковнинг рўйхатдан ўтказиш бўйича сўралган аввалги уч сўровига ҳам рад жавобини берган.

1999 йилдан буён бирорта Баптист черкови рўйхатдан ўта олмаган. 2006 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Баптистлар черковининг уюшмаси рўйхатдан олиб ташланди. Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги ҳамда Тошкент вилоятининг Ғазалкент, Красногорск ва Тўй-тепаларидаги Баптистлар черковларининг уюшмаси сўнгги йиллар давомида бир неча бор муваффақиятсиз равишда рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган.

Бошқа черковлар ҳам қатор муваффақиятсиз ҳаркатлардан сўнг рўйхатдан ўтмаганлигича қолди. Улар қаторига қуйидагилар киради: Тошкент шаҳрининг Мирзо-Улуғбек туманида жойлашган Бетани баптистлар черкови; Чирчиқдаги Пентакостал черкови; Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги Эммануил ва Мир (Тинчлик) черкови; Гулистондаги Хушхабар черкови; Андижондаги Пентакостал черкови; ва Самарқанддаги Адвентистлар черкови, Тангри марҳамати христиан черкови ва Мирал протестант черкови.

2007 йилда рўйхатдан ўчирилиб, 2008 йилда мунтазам ибодатларини тўхтатган Тошкентдаги Пресвитериан черкови масаласи бўйича ҳеч бир ўзгаришлар йўқ.

Қорақалпоғистонда диний фаолият қийинлигича қолди, чунки у ерда мусулмон ва православлардан ташқари бошқа диний жамоалар расмий рўйхатдан ўтганлик мақомига эга эмас. Энг сўнгги Эммануил Пентакостал черкови 2005 йилда рўйхатдан чиқариб ташланган эди. 20 дан ортиқ протестант ва Иегова гувоҳлари жамоаларига қонуний мавқе берилмаганлиги сабабли, уларнинг фаолият юритиши ноқонуний ҳисобланади.

Ҳисобот даврида, кўплаб черковлар, айниқса миллати ўзбек аъзолардан иборат инжилчи черковлар, маҳаллий мутасаддилар томонидан рухсат берилишига кўзлари етмаганлиги сабабли рўйхатдан ўтиш учун ариза бермадилар. Бошқа гуруҳлар эса, жумладан, сон жиҳатдан жуда кичик гуруҳлар, муқаррар равишда қонун талабларига мувофиқ келмайдиган аризаларни топшириб, ҳокимият вакилларининг эътиборини ўзларига қаратишни лозим топмаганликларини маълум қилдилар. Баъзи жамоалар эса рўйхатдан ўтиш учун қилинган аввалги уринишларда таъқибга учраганликлари сабабли ўз аъзоларининг рўйхатини, хусусан ўзбеклар рўйхатини, тақдим қилишни истамадилар. Бир неча гуруҳлар эса принципиал равишда рўйхатдан ўтиш учун ариза топширмаган, чунки улар, ҳукуматнинг аслида бундай талаблар қўйишга ҳаққи йўқ деб ҳисоблашади.

Рўйхатдан ўтиш учун диний жамоа ўз низомида ҳақиқий юридик манзилини кўрсатиши шарт. Аввалги ҳисобот даврларида маҳаллий расмий мутасаддилар бундай юридик манзилларни тасдиқламаган ёхуд бу каби тасдиқлаш сўровларини жавобсиз қолдирган, натижада диний жамоалар рўйхатдан ўта олмаган. Адлия Вазирлиги ҳам, ўз навбатида, маҳаллий маъмурлар қарорларини асослаб беришда, мазкур талаб бажарилмаганига ишора қилган. Тошкент Халқаро Черкови каби баъзи жамоалар эса рўйхатдан ўтиши кафолатланмаган ҳолда кўчмас мулк сотиб олишни истамади. Бошқа жамоаларнинг даъвосига кўра, маҳаллий мутасаддилар миллати ўзбек бўлган аъзоларга эга христиан черковларнинг мавжудлигига қарши бўлганликлари сабабли, юридик манзилларни тасдиқлашни ўз хохишлари биноан тасдиқламаганлар.

Рўйхатдан ўтказмасликка асос қилиб кўрсатилган бошқа муаммолар қаторида жамоа аъзоларининг рўйхати қалбаки деган даъво; манзилларни тасдиқлашга оид муаммолар; ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувчилар, санитария ходимлари ва эпидемиологлар томонидан нотўғри тўлдирилган ҳужжатлар; жамоанинг ўзбек тилидаги низомида қайд этилган грамматик хатолар; ва бошқа техник сабаблар мавжуд.

Руслар, яҳудийлар ва номусулмон хорижликлар, мусулмон бўлган этник гуруҳлар, айниқса ўзбеклардан фарқли ўлароқ динларини танлаш ва ўзгартириш борасида кўпроқ эркинликларга эга. Аксарият христиан черковлар, агар ўзбекларни христиан динига ўтказишга ҳаракат қилмаса, эркин равишда фаолият юритиши мумкин.

Диний ақидаларни хусусий тарзда ўқитиш ва ота-онанинг розилигисиз вояга етмаганларга дин борасида дарс бериш ноқонунийдир. Фақатгина марказий бошқарув идораси рўйхатидан ўтган диний жамоаларгина диний таълим бериш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистонда барча дунёвий билимларни ўз ичига қамраб олиб ўрта таълим берувчи 11 та мадраса (жумладан 2 таси хотин-қизлар учун) мавжуд. Вазирлар Махкамаси мадрасалар томонидан бериладиган дипломларни бошқа ўрта таълим ҳақидаги гувоҳномаларга тенглаштириб, мазкур таълим муассасалари битирувчиларига олий ўқув юртларида таҳсил олиш имконини беради. Бундан ташқари, Тошкент Ислом Маъҳади ва Тошкент Ислом Университети олий таълим беради. Мадрасалар ва Ислом институтидаги ўқув режаси имом ёки диний муаллим тайёрлашга қаратилган. Давлат томонидан молиялаштирилиб, ташкил этилган Тошкент Ислом Университетида эса талабалар диний илмларни дунёвий нуқтаи назардан ўрганадилар, шунинг учун ҳам унинг битирувчиларида имом бўлиш учун малака етишмайди; бироқ айрим битирувчилар мадрасада тегишли таълимни олганларидан сўнг имом этиб тайинланганлар.

Мазкур ўқув юртларидаги кундузги таҳсилдан ташқари, ислом ҳақида билим олмоқчи бўлганлар учун бошқа расман рухсат берилган диний таълим муассасалари мавжуд эмас. Фарғона водийсидаги икки мадраса биноси ҳукумат томонидан аввалги йилларда тиббий муассасага айлантирилгандан сўнг, улар фаолияти тўхтатилди. Адади тобора ошиб бораётган имомлар норасмий равишда диний таълим беришни таклиф қиладилар; бу амалда қонунга хилоф фаолият бўлса­-да, маҳаллий маъмурлар камдан-кам ҳолатларда бунга қарши қонуний чоралар кўради.

Ҳукумат, мамлакат ичида шиа имомларига алоҳида ўқув курслари олиб борилишига рухсат бермаслик ва мамлакат ташқарисида олинган таълимни эътироф этмаслик орқали шиа таълимотини чеклайди. Бироқ, шиа имомлари шиа фиқҳи бўйича баъзи таълимни берувчи сунний мадрасаларда таълим олишади. Рус православ черковига тегишли 2 та монастир (бири аёллар ва бошқаси эркаклар учун) ва семинария фаолият юритиб, унинг қатор черковларида якшанба мактаблари таълим бермоқда. Бошқа диний жамоалар ўзларининг диний марказларида диний таълим берадилар. Яҳудийлар жамияти раввинлик идорасига эга эмас, чунки қонун талабларига мувофиқ марказий бошқарув идорасини рўйхатдан ўтказиш учун саккизта турли вилоятларда жойлашган ибодатхоналарига эга эмаслар; бироқ, Тошкентнинг Яккасарой туманидаги яхудийлар мактаби яҳудий маданияти бўйича таълим беради.

Маҳаллий ҳокимият ва диний соҳа мутасаддилари Иегова гувоҳлари жамоасининг прозелетизм фаолияти бўйича ўз ташвишларини ифода этишда давом этдилар. Ҳукумат томонидан прозелетизмда айбланган ҳорижий нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) бошқа аксарият ҳорижий ННТлар қатори ёпиқлигича қолди. Вазирлар Маҳкамасининг ННТларни рўйхатдан ўтказиш талабларини ўзгартириш тўғрисидаги 2003 йилдаги қарори диний йўналишдаги ташкилотлар фаолиятини чеклаб қўйган, 1998 йил қабул қилинган Дин тўғрисидаги қонун эса "бир дин вакилларини бошқа динга ўтказиш (прозелетизм) ва бошқа барча миссионерлик фаолиятларини" тақиқлайди. Адлия Вазирлиги мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ)да ишламоқчи бўлган ҳар бир чет эллик учун зарур бўлган аккредитация масалаларини назорат қилади. Ушбу назорат Ҳукумат наздида прозелетизм билан шуғулланганларни расмий айбловларсиз мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш имконини беради.

Ҳисобот даврида ННТларнинг бир қанча хорижий ходимлари прозелетизмда гумон қилиниб, мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилдилар. 2009 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳридаги ногирон инсонларга тиббий ёрдам кўрсатувчи Янги Умид деб номланган диний-хайрия ННТда ишлайдиган уч нафар АҚШ фуқароси ҳукумат томонидан депортация қилинди. Ушбу АҚШ фуқаролари номи келтирилмаган қонунларни бузганликда айбланиб, мамлакатдан чиқиб кетиш учун икки ҳафта муддат берилган. Улар прозелетизм фаолиятига алоқадорликни рад этганлар.

2008 йилнинг 1 декабрида Адлия вазирлиги инсонпарвар ёрдам кўрсатувчи Америка Яҳудийларининг Бирлашган Тақсимот Қўмитасини (БТҚ) қайта рўйхатдан ўтказди. 2008 йилнинг апрель ойида вазирлик расмийси оммавий равишда БТҚни қонунни бузганликда айблаб, уни рўйхатдан ўчириш билан таҳдид қилган эди. Адлия вазирлиги томонидан аккредитацияси ва визаси узайтирилмагандан сўнг 2008 йилнинг июнь ойида депортация қилинган АҚШ ва Исроил фуқароси бўлмиш Ҳасидларнинг Умумжаҳон Любавич Ҳаракати Бош эмиссари Раввин Давид Гуревич масаласи бўйича ўзгаришлар бўлмаган. Ҳозирда Любавич синагоги ўзининг кўп йиллик маънавий етакчисисиз, бошқа раввин етакчилигида фаолият юритмоқда. Иккала ҳолат ҳам диний эркинликка алоқаси бўлмаган омиллар сабабли юзага келган.

Адлия вазирлиги томонидан, рухсат этилмаган миссионерлик фаолиятида айбланганидан сўнг, 2008 йилнинг апрель ойида аккредитациядан маҳрум қилинган Самарқанддаги жанубий кореяликларнинг инжилчи черкови масаласи бўйича ҳам ўзгаришлар йўқ.

Манбалар хабар беришича, Ҳукумат, маҳалла қўмиталари ва имомларга экстремистик фаолият ёҳуд гуруҳларга аралашиб қолиши мумкин бўлган маҳаллий фуқаролар, жумладан ҳар куни ибодат қилувчи ёки қаттиқ ҳудожўйлик аломатларини намойиш этганларни аниқлаш вазифасини топширган. Ҳукумат имомлар маърузалари ҳамда чоп этиладиган исломий адабиётлар ҳажми ва мазмунини назорат қилади.

Манбаларга кўра, мусулмон жамоаларидаги вазият сўнгги йилларда яхшиланган: кўпгина масжидларда жума намозларида жой етишмаганидан одамлар кўчаларда ҳам намоз ўқийдилар. Тақводор мусулмонлар ўз эътиқодларини жамоатчилик орасида эркинроқ намоён қила оладилар. Жума намозларида мактаб ёшидаги кўплаб болалар иштироки кузатилган, гарчи баъзи манбаларга кўра, расмий вакиллар болаларнинг масжидларга қатнашини чегаралагашга ҳаракат қилган.

Ишончли хабарларга кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари христиан жамоаларни яширинча кузатишда давом этишган.

Давлат томонидан назорат қилинадиган оммавий ахборот воситалари муайян кам сонли диний гуруҳларга нисбатан салбий муносабатни шакллантиришга уринган. Ҳисобот даврида давлат назоратидаги ОАВ миссионерларни жамиятга таҳдид солувчи деб айблаган ва диний экстремистларга тенглаштирган. Ҳукумат вакиллари ҳам ўз навбатида мамлакатнинг турли вилоятларидаги олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказиб, уларни "миссионерлик ва диний экстремизмнинг салбий оқибатлари" ҳақида огоҳлантирди.

2009 йилнинг март ойида давлат назоратидаги телевидение Нурчилар фаолиятига бағишланган "Зулматга етакловчи нур" номли ҳужжатли фильмни намойиш этди. Мазкур фильмда Нурчилар ягона туркий давлатни яратишга қаратилган экстремистик оқим сифатида таърифланиб, унинг фаолияти "кўп асрлик қадриятларга путур етказувчи" сифатида баҳоланди. Кўрсатув хотимасида 2009 йилнинг 16 февралида Нурчилар гуруҳига аъзоликда саккиз нафар шахс суд томонидан айбланиб, саккиз йилгача қамоқ жазосига маҳкум қилингани ҳақида хабар берилди.

2009 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ҳукумати назорати остидаги телевидение орқали Нурчиларга "Евроосиёда ягона туркий давлатни ўрнатишга ҳаракат қилувчи "экстремистик оқим" деб таъриф берган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильмда, Нурчиликни тарғиб этгани учун мамлакатдаги ўзбек-турк лицейлари 1990 йиллар охирида ҳукумат томонидан ёпиб қўйилгани ҳамда мазкур лицей битирувчилари 2006 йилда Нурчилик ҳаракати фаолиятини давом эттирганлари ҳақида айтилади. Таъқиблар давомида ҳибсга олинган ва қамоққа маҳкум қилинганларнинг кўпчилиги ўзбек-турк лицейлари битирувчиларидир.

Ҳукумат барча диний адабиётлар ДИҚ томонидан тасдиқланишини талаб қилса-да, амалда бошқа давлат ташкилотлари ҳам, жумладан Ички Ишлар Вазирлиги (ИИВ), Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ), божхона хизмати ва милиция диний адабиётларни тақиқлаши ёки мусодара қилиши мумкин. Дин тўғрисидаги қонун диний адабиётларни нашр қилиш, мамлакатга олиб кириш ва тарқатишни фақатгина марказий бошқарув идораси рўйхатдан ўтган диний ташкилотлар билангина чеклайди, бундай ташкилотлар сони еттитадан иборат: Умумхристиан Инжил жамияти, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, иккита ислом маркази, Рус православлар, Тўла инжилчилар, Баптистлар ва Рим католиклари идоралари. Ҳукумат мамлакатга ноқонуний равишда олиб келинган диний адабиётларни мусодара қилиши ва баъзи ҳолларда бутунлай йўқ қилиши мумкин. 

Ҳисобот даврида ҳукумат марказий бошқарув идоралари рўйхатдан ўтган ташкилотлар томонидан мамлакатга олиб келиниши мумкин бўлган ўзбек тилидаги христиан адабиётлар миқдорини чеклаб қўйди. Ўзбекистон Инжил жамиятининг 11000 дона диний китоб ва рисолалари ҳамон мусодара қилинганлигича қолмоқда, чунки 2008 йилнинг май ойида ДИҚ, Инжил жамиятининг китоблар ҳақида мутасадди идораларга тегишли равишда хабар бермаган, дея бу адабиётни олиб киришга рухсат бермаган. 2006 йилдаги Иегова гувоҳлари адабиётлари ҳам ҳанузгача мусодара остида. Маъмурлар, шунингдек, қонуний равишда олиб келинган ўзбек ва рус тилларидаги христиан адабиётларни мусодара қилган, баъзи холларда эса бутунлай йўқ қилган. Тарихий ва маданий сабабларга кўра, инжилчи пасторлар одатда рус тилида маъруза қиладилар, расмий давлат тили ва мусулмон аҳолининг асосий қисмига кўпроқ яқин бўлган ўзбек тилида эса чегараланган миқдорда маросимлар ўтказилади. Аввалги ҳисобот даврларида ДИҚ баъзи адабиётларга, хусусан Инжилнинг ўзбек тилидаги таржималарини чекланган миқдорда олиб киришга рухсат берган. Ҳукумат Инжил жамиятидан унинг ноширлик, импорт ва таржима фаолиятлари ҳақида мунтазам ҳисобот беришини талаб қилади.

Тошкент халқаро почтамти келаётган барча жўнатмаларни текширишда ҳамда ҳар қандай диний адабиёт намунасини текширув ва тасдиқ учун ДИҚга юборишда давом этди. ДИҚ материалларни тақиқлаганда, қабул қилувчи ва юборувчига тақиқлаш сабаблари кўрсатилган мактуб йўллайди. ДИҚ, ҳам исломий, ҳам христиан материалларни олиб киришга рухсат бермаган.

Ҳукумат исломий нашрларни қаттиқ назорат қилди ва мамлакат ҳудудида чиқариладиган ҳар бир нашр (китоб, рисола, компакт диск ва видео)да уни чоп этган ташкилот номини кўрсатишни талаб қилди. Китобларнинг аксарияти "Мазкур китоб ДИҚ рухсати билан нашр этилган" ёки "Мазкур китоб ДИҚ томонидан тавсия қилинган" жумлалари билан босилиб, расмий рухсатнома борлигига ишора қилади. Одатда, фақатгина Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси қошидаги "Мовароуннаҳр" нашриёти томонидан чоп этилган адабиётлардагина ушбу жумлалар мавжуд. Давлатга тегишли "Шарқ" ва "Адолат" нашриёт уйи томонидан чиқарилган бошқа адабиётлар учун, ҳатто улар шариатга оид бўлса ҳам, ДИҚнинг рухсатномаси чамаси талаб этилмайдиган кўринади. Хориждан келтирилган араб тилидаги нашрларни баъзан китоб сотувчиларидан харид қилса бўлади. Кўпроқ мунозаларга сабаб бўладиган адабиётлар очиқ-ойдин сотилмаса-да, уларни махсус буюртма бўйича топиш мумкин. Экстремист деб топилган муаллифлар асарларини ёки ноқонуний йўл билан мамлакатга олиб кирилган ёҳуд чоп этилган ҳар қандай бошқа адабиётларни сақлаш ҳибсга ва жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Ҳукумат кескин равишда ҲТ варақаларини ва Нурчилар адабиётларини тақиқлаган.

Ҳукумат ҳожилар сонини 5000тага, яъни мамлакатга берилган квотанинг 20 фоизигача қисқартирган (Ўзбекистондан йилига тахминан 25000 киши ёки ҳар 1 миллион кишидан 1000 таси ҳажга бориши мумкин). Шунингдек, тахминан 4000 нафар киши Умра (кичик Ҳаж) сафарига бориб келган. Маҳалла қўмиталари, туман ҳокимликлари, Миллий Хавфсизлик Хизмати, ДИҚ ва Мусулмолар идораси назоратидаги Ҳаж комиссияси, хабарларга кўра, ҳажга бормоқчи бўлганларни текширувдан ўтказади ва қора рўйхатга киритиши ҳам мумкин.

Жума намозларида иштирок этувчи давлат хизматчиларининг сони ортиб борса-да, улар хусусий сектордагиларга нисбатан ўз диний эътиқодларини камроқ намоён этадилар. Давлат дунёвий сиёсат олиб боради, шунинг учун ҳам ҳукумат хизматчилари эҳтиёткорлик билан дин ва давлат тизимлари бир-биридан алоҳида эканлигига риоя қилади.

Диний эркинликнинг поймол қилиниши

Ҳукумат экстремист ёки мустақил исломий ташкилотларга қарши кампаниясида диний эркинликни жиддий равишда поймол қилишда давом эттирди. Кўпгина холларда маъмурлар экстремизмда гумон қилиниб ҳибсга олинган шахсларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган: қийноққа солган, калтаклаган ва ўта оғир қамоқхона шароитларига солган. Ҳукумат ўз эътиборини ҲТдан Нурчиларга қаратганидан сўнг, анча-мунча шахс Нур оқимига аъзоликда айбланиб, қамоққа олинди. ҲТда аъзолик учун ҳукм қилинган шахсларнинг умумий сони ўтган бир неча йил давомида пасайган кўринади. Ҳукумат маҳбусларнинг қийноққа солинишига қарши қатор маъмурий чоралар кўрди. Диний экстремизмда айбланиб қамалганлар учун қамоқ шароитлари яхшилангани ҳақидаги хабарлар бўлса-да, уларга нисбатан ёмон муносабат давом этди. Айбланувчиларнинг аксарияти 3 дан 14 йилгача, баъзилари 16 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Аввалги ҳисобот даврларида манбаларнинг хабар беришича, диний экстремизда айбланган маҳбуслар "оддий" маҳбуслардан алоҳида равишда ушланиб, қамоқхона соқчилари томонидан оғирроқ муносабатга дуч келган. Сўнгги икки ҳисобот даврида бир неча хабарларга кўра, маъмурлар бир неча қамоқхоналарда диний маҳбусларни бошқа маҳбуслар билан бирлаштирган ва баъзи ҳолларда шароитлар яхшиланган. Шунингдек, диний экстремизм учун ҳукм қилинган маҳбусларнинг сил ва бошқа касалликлар туфайли вафот этганликлари ҳақида ҳам хабарлар бўлди.

2008 йилнинг ноябрь ойида Акромия гуруҳига аъзоликда гумон қилинган Хошимжон Қодиров Андижонда ҳибсга олиниб, Тошкентдаги Ички ишлар вазирлигига олиб келинган ва у ерда, хабарларга кўра, калтаклаш оқибатида вафот этган.

2009 йилнинг 27 февраль куни, мустақил ахборот веб-сайтларида ҳабар берилишича, 1999 йилда диний экстремизмда айбланиб, 17 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Соҳиб Сидиқов Навоий вилоятидаги 64/36 сонли қамоқхонадан Тошкентдаги Сангород қамоқ касалхонасига даволаниш учун олиб келинганидан сўнг сил касаллигидан вафот этди. Унинг жасади 23 февраль куни Қўқондаги оиласига қайтариб берилди.

2009 йилнинг 30 январь куни, мустақил фаолнинг хабар беришича, 2006 йилда ҲТга аъзоликда айбланиб 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Абдулатиф Аюпов Сангородда силдан вафот этган. Хабарларга кўра, 2008 йилнинг сентябрь ойида Аюпов Навоий вилоятидаги 64/36 сонли қамоқхонадан даволаниш учун кўчирилган. Хабар қилинишича, Аюпов сил касаллигини қамоқда юқтирган.

2009 йилнинг 22 январида мустақил веб-сайтлар номаълум касалликдан қуйидаги маҳбусларнинг ўлими ҳақида хабар бердилар: 2005 йилдаги Андижон воқеаларига туртки бўлган судда иштирок этган 23 нафар Акромий ишбилармонларидан бири бўлган Муҳаммад Ортиқов ва Андижон воқеаларининг иштирокчиси деб гумон қилинган Абдураҳмон Қўчқоров.

Диний экстремизмда айбланиб, номаълум сабабларга кўра вафот этган қуйидаги маҳбуслар иши бўйича ҳанузгача янгиликлар йўқ: 2008 йил май ойидаги Одил Азизов иши ҳамда 2007 йил ноябрь ойидаги Фитрат Салохиддинов ва Тохир Нурмухаммедовларнинг ишлари. Уларнинг қариндошлари жасадларда қийноқ изларини топганликларини маълум қилганлар.

2008 йилнинг августи ва ҳисобот даврининг якуни орасида камида 16 нафар шахс Нур жамоасига аъзолик учун қамалган ва камида 26 нафар бошқа шахслар ҳибсга олинган. Нур жамоасига аъзоликда гумон қилинган шахслар илгари ҳам қамоққа олинган эди, аммо бунчалик миқдорда бўлмаган. Ушбу ишларнинг баъзиларида қийноқ ва мажбурлашлар бўлган деган хабарлар мавжуд.

2009 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди "Етти иқлим" газетасига алоқадор уч нафар шахсни Нур ҳаракатига аъзоликда айбдор деб топди. Журналист Даврон Тожиев ва тарқатувчи Шавкат Исмоилов саккиз йиллик қамоқ жазосига, наманганлик имом Мамадали Шаҳобиддинов эса 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2009 йилнинг 6 март куни мустақил Harakat.net веб-сайтининг хабар беришича, Нур оқимига аъзоликда гумон қилинган тўрт нафар шахс, жумладан Муҳаммаджон Собиров, Наманганда ҳибсга олинди. Уларнинг тақдири ҳисобот даврининг якунига қадар номаълум қолди.

2009 йилнинг февралида мустақил "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳнинг хабар беришича, Нур ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган 12 нафар шахс Хоразм вилоятида ҳибсга олинди. Уларнинг тақдири ҳисобот даврининг охиригача номаълум қолди.

2009 йилнинг 26 февраль куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди "Ирмоқ" журналига алоқадор бўлган беш нафар шахс - Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Равшанбек Вафоев, АҚШ алмашув дастури битирувчиси Абдулазиз Дадаханов ва Ботирбек Эшқўзиевларни - Нур ҳаракатига аъзолик учун саккиз йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилди. Хабар берилишича, айбланувчилар тергов жараёнида қийноққа солинганликларини ҳамда уларга қарши далиллар сохталаштирилгани ҳақида судга маълум қилганлар. 2009 йилнинг 1 апрель куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди айбланувчиларнинг аппеляция аризасини рад этган. "Ирмоқ" журналига алоқадр бўлган шахслар, хабар берилишича, 2008 йилнинг август ойида ҳибсга олинган.

2009 йилнинг 17 февраль куни Harakat.net веб-сайтининг хабар беришича, Тошкент ислом университетининг ўқитувчиси Мансурали Аррабоев Нур ҳаракатига аъзоликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Унинг тақдири ҳисобот даврининг охиригача номаълум қолди.

2009 йилнинг 16 февраль куни суд саккиз нафар шахс - Элдор Шерматов, Анвар Шарипов, Жамшид Расулов, Ўктам Бекиев, Олимжон Мусаев, Музаффар Каримов, Шарофиддин Ғофуров ва Бахт Абдуғаффоровларни Нур ҳаракатига аъзолик учун олти ярим йилдан саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилган.

2008 йилнинг 22 декабрь куни Бухоро хуқуқ-тартибот органлари ходимлари университет ўқитувчиси Икром Меражовнинг уйига рейд уюштириб, диний адабиётларни мусодара қилдилар. Меражов ва бошқа саккиз нафар киши - Музаффар Оллоёров, Ботир Тўхтамуродов, Алишер Жумаев, Абдурахмон Мусаев, Бобомурод Саноев, Жамшид Рамазонов, Салохиддин Қосимов ва Шухрат Каримовлар Нур ҳаракатига аъзоликда айбланиб, ҳисобот даврининг охиригача Бухорода тергов учун ҳибсда қолдилар. Рейддан бир неча кун ўтиб, хабар берилишича, шахси аниқланмаган бошқа бир шахс худди шу каби айблар билан Бухорода ҳибсга олинган. Меражовнинг ҳибсга олиниши 2009 йилнинг февраль ойида давлат назоратидаги телевидение орқали намойиш этилган ҳужжатли фильмда кўрсатилди.

ҲТ диний экстремистик ташкилотига аъзоликда гумон қилинган шахсларнинг ҳибсга олиниши ва қамалиши холатларининг сони икки йилдан бери камайиб бораётган кўринади. 2009 йилнинг апрель ойида чиққан ҳисоботда Москвада жойлашган "Мемориал" Инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳ 2004 ва 2008 йиллар орасида сиёсий жиноятларда айбланиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиб қилинган 1452 нафар шахслар рўйхатини эълон қилди. Уларнинг қарийб 95 фоизи диний экстремизмда, асосан ҲТга аъзоликда гумон қилиниб, айбланган. Ҳисоботда диний экстремизмда гумон қилинганлар бўйича 2004 йилдаги 38та, 2005 йилдаги 54та, 2006 йилдаги 43та, 2007 йилдаги 18та ва 2008 йилдаги 10та суд жараёнлари ҳақида маълумот келтирилган. ҲТга аъзоликда гумон қилинган маҳбуслар сонини аниқлашнинг иложи бўлмади; аввалги ҳисобот даврларидаги тахминий адад 4500 атрофидадир.

Диний экстремизмда айбланиб қамалган маҳбуслар жазо муддатлари тугашига оз қолганда қамоқда экстремистик гуруҳлар ташкил қилганлари ёки бошқа интизомбузарликлари учун қайта судланиб, жазо муддатлари узайтирилганлиги ҳақидаги хабарлар келишда давом этди. Шунингдек, диний экстремизмда айбланиб қамалган шахсларнинг қамоқ жазосини ўтаб, озод этилгани ҳақида бир неча хабарлар мавжуд.

2009 йилнинг 22 март кунида, мустақил фаолнинг хабар беришича, 2000 йилда ҲТ адабиётларини тарқатишликда айбланиб, тўққиз йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Руслан Жубатхановнинг қамоқ муддати озод этилишига оз вақт қолганида Навоий жиноий ишлар бўйича суди томонидан "қамоқдаги интизомбузарлик" учун яна уч ярим йилга узайтирилди. Жубатхановнинг адвокатига то ҳукм ижро этилмагунча унинг мижозига қарши қўйилган айбловлар  ҳақида  хабар берилмаган.

2009 йилнинг 28 январь куни, мустақил веб-сайт хабар беришича, 1999 йилда диний экстремизмда айбланиб, 2008 йилнинг охирида дастлаб қамоқ жазоси ниҳоясига етиши лозим бўлган Иброҳимжон Умаровнинг жазо муддати қамоқ раҳбарларининг ўз ихтиёрлари билан икки йилга узайтирилди. Шундан сўнг, маълум қилинишича, у Тошкент вилоятидаги Товоқсой қамоқхонасидан Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги қамоқхонага кўчирилди.

2008 йилнинг сентябрь ойида маъмурлар Марғилонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадмаровнинг ўғли Ҳабибулло Мадмаровни Навоий вилоятидаги қамоқда яширин экстремистик гуруҳ тузишда айблаб, унинг жазо муддатини диний экстремизм учун ўн олти ярим йилга узайтирдилар. Ҳудди шу қамоқдаги бошқа маҳбусларнинг ҳам жазо муддатлари узайтирилгани ҳақида хабарлар берилди. 2009 йилнинг 26 июнь куни ҳукумат Мадмаровнинг бошқа бир ўғлини етти йиллик қамоқ жазосини ўтаганидан сўнг, шартли равишда озодликка чиқарди, аммо унинг яна бир ўғли ва икки жияни қамоқда қолди; уларнинг барчаси диний экстремизмда айбланган.

"Ваҳҳобийлар" экстремистик гуруҳига аъзолик учун ҳукм қилинган Мухсин Мухсинов 2009 йилнинг 20 апрель кунида қамоқдан озод этилди. Ўзининг Harakat.net номли мустақил веб-сайтига берган маълумотида  Мухсинов диний экстремизм учун ҳукм қилинган бошқа маҳбуслар ҳам яқинда озод қилингани ҳақида хабар берди.

Қамоқхоналарда маҳбуслар ибодат қилиши учун махсус жойлар мавжудлиги ҳамда қамоқхона кутубхоналарида Қуръон ва Инжилнинг нусхалари борлигига қарамай, қамоқхона маъмурлари исломий экстремизмда гумон қилинган баъзи маҳбусларга ўз эътиқодларига эркин равишда амал қилишга имкон бермаганлар, маҳбусларнинг беш вақт намоз ўқишига рухсат берилмаган, Рамазон ойида иш ва овқатланиш вақтларини мослаштиришни ҳам рад этилган. Шунингдек, куннинг маълум вақтларида намоз ўқиб, "қамоқхонанинг ички тартибини бузганлик" учун маҳбуслар жазолангани ҳақида хабарлар ҳам бор.

2008 йилнинг 26 сентябрь куни Қорақалпоқ суди ноқонуний равишда диний таълим берганлик ва "диний экстремистик" ташкилотда иштирок этганлик ҳақидаги жиноий айблар бўйича 2008 йилнинг июнь ойида ҳибсга олинган ва калтакланган нукуслик протестант Айтмурат Хайбурахмановга қарши диний экстремизм бўйича айбловларни бекор қилди.

Ҳисобот даври мобайнида камида 31 нафар шахс, жумладан 12 аёл, ҲТга аъзоликда айбланиб қамалган. Бошқа бир қанча аёлга шартли равишда қамоқ ҳукми чиқарилган. Давлат назоратидаги ОАВларнинг хабар беришича, ҳисобот даври мобайнида кўплаб бошқа шахслар ҲТга аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган. Баъзи холларда шахслар ҳеч қандай айбловларсиз озод этилгани ҳақида хабарлар мавжуд, лекин аксариятининг тақдири номаълумлигича қолди. Айрим холларда қийноққа солиш ва мажбурлашлар ҳақида хабарлар бор. Кузатувчилар мазкур суд жараёнларининг барчасида иштирок эта олмадилар. Камида 11 нафар киши "Ваҳҳобийлик" ёки бошқа диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Бошқа қанча ишлар ҳақида хабарлар берилмагани ҳамон номаълум.

2009 йилнинг 4 февраль кунида Тошкент шаҳар суди уч аёл - Шаҳло Султонова, Машҳура Манапова ва Гулнора Ҳакимоваларни ҲТга аъзолик учун олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бошқа саккиз нафар аёл худди шу айблар бўйича ҳукм қилинди, лекин шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Султонованинг қариндошлари хабар беришича, у 2008 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ҳибсга олинганидан сўнг милиция ходимлари томонидан калтакланган.

2008 йилнинг 28 декабрь кунида Тошкент шаҳар прокурори уч аёл: Раъно Абзалова, Холида Нурматова ва Доно Ғуломбековага қарши ҲТга аъзоликда айблов илгари сурди. Суд жараёнини кузатган мустақил фаол хабар беришича, маҳкум қилинган ва бир йиллик қамоқ жазосини олган аёллар Қуръонни ўқиганликларини тасдиқладилар, лекин ҲТга аъзоликни рад этдилар. Уларга қарши қўлланилган далилларнинг асосийси илгарироқ ҲТга аъзолик учун ҳукм қилинган танишларининг гувоҳлик кўрсатмалари бўлган.

Ҳисобот даврида ҲТга аъзолик учун қамоққа ҳукм этилганларнинг кўпчилиги аввалроқ ҲТга аъзолик учун маҳкум қилинганларнинг қариндошлари ва танишларидир. Уларнинг аксарияти хотин-қизлар бўлиб, улар одатда эркаклардан камроқ муддатга ҳукм қилинадилар. Диний экстремизмда айбланган аёллар кўпинча шартли равишда ҳукм олади, амнистия қилинади, ёки ҳеч қандай айбловларсиз озод этилади - бу нафақат диний экстремизм, балки бошқа аксарият жиноий ишларда хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган амалиётдир. Ҳисобот даврида давлат назоратидаги ОАВлар хотин-қизларни хоссатан диний экстремизм хатаридан огоҳ этувчи ва собиқ диний экстремист аёлларнинг гувоҳликларини келтирувчи мақолалар чоп этди ва кўрсатувлар намойиш қилди.

Ҳукумат диний экстремизмда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароларининг, жумладан сиёсий бошпана сўраганларнинг, бошқа давлатлардан, хусусан Қирғизистон, Россия ва Украинадан экстрадициясини талаб қилишда давом этди. Ҳисобот даврида камида икки нафар Қирғизистонда сиёсий бошпана излаган шахс Ўзбекистонга мажбуран қайтарилган ва диний экстремизмда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2009 йилнинг 24 февраль куни Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича суди 2008 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистон маъмурлари томонидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган диний экстремизмда гумон қилинган Ҳаитжон Жўрабоевни диний экстремизм ва чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтиш айбловлари бўйича 13 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 17 март куни жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди Жўрабоевнинг аппеляциясини рад этди. Қирғизистонда бўлган вақтида Жўрабоев Миграция ва меҳнат бўйича Қирғизистон давлат қўмитаси томонидан сиёсий бошпана изловчи сифатида рўйхатдан ўтказилган эди. "Хюман Райтс Уотч"нинг хабар беришича, Жўрабоевга БМТ Қочоқлар бўйича Олий Комиссари (UNHCR)нинг Бишкек шаҳрида жойлашган ваколатхонаси томонидан қочоқ мақоми берилган. Жўрабоев 1990 йилларнинг бошларида диний экстремизмда айбланиб, қамоққа маҳкум этилган ўзбекистонлик имом Обидхон Алихоновнинг куёвидир.

2008 йилнинг 29 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг жиноий ишлар бўйича суди Эркин Холиқовни "Исломий экстремизм ва терроризм"да айблади ва 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Шу суд жараёнида бошқа тўққиз нафар шахс устидан ҳам ҳукм чиқарилиб, улар қамоққа маҳкум қилинган. Қирғизистонда ноқонуний равишда чегарани кесиб ўтганликда ва жиноят ҳақида хабар бермаганликда айбланиб, ҳибсга олинган сиёсий бошпана изловчи Холиқовни Қирғизистон ҳукумати 2008 йилнинг май ойида Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.

Аввалги ҳисобот даврларида ҲТ ва бошқа экстремистик ташкилотларга аъзолик учун ҳукм қилинган кўплаб  шахсларнинг ишларида ўзгаришлар йўқ ва қуйидагилар шулар қаторидандир:

2008 йилнинг июнь ойида икки нафар аёл - Угиби Мирзаева ва Раъно Ахрорхўжаевалар ҲТга аъзолик, ҲТга аъзоликка тарғиб қилиш ва экстремистик адабиётларни тарқатганликлари учун беш йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум этилган.

2008 йилнинг февраль ойида 13 нафар киши диний экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланиб, 16 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Хабар берилишича, камида бир шахснинг айбида иқрор бўлиши босим остида бўлган.

2008 йилнинг январь ойида Алишер Убайдуллаев Ваҳҳобийлик ғояларини тарғиб қилганлик ҳамда 2005 йилда Лондондаги Ўзбекистон элчихонаси ташқарисида давлатга қарши намойишда иштирок этганликда айбланиб, экстремистик ташкилотга аъзолиги учун беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2007 йилнинг декабрь ойида уч нафар шахс Таблиғ жамоасига аъзоликда айбланди ва ҳар бири 11 йилдан 14 йилгача қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

2007 йилнинг октябрь ойида саккиз киши ҲТга аъзолик учун уч йилдан ўн йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолларининг хабарига кўра, тергов вақтида милиция уларни қийноққа солган.

2007 йилнинг июнь ойида ҲТга аъзолик учун Дилноза Тўхтахўжаева уч йил муддатга қамоқ жазосига ва қолган олти нафар аёл шартли равишда икки йилга ҳукм қилинди. Аёлларнинг барчаси, хабар қилинишича, руҳий босим ва таҳдидларга дучор бўлган.

Ўтган йилларда ҲТ ва бошқа тақиқланган диний ташкилотларга аъзоликда айбдор деб топилган қуйидаги шахсларнинг ишлари юзасидан ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмади: 2007 йилнинг апрель ойида Сурхондарё вилоятида "Ваҳҳобийлик" оқимига аъзоликда айбланиб ва, хабарларга кўра, қийноқлар остида айбларга иқрор бўлиб, уч йилдан олти йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган олти нафар киши; 2007 йил апрелда, маълум қилинишича, асоссиз далилларга таянган ҳолда ҲТга аъзоликда айбланиб, олти йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган Гулнора Валижонова; 2006 йилнинг октябрь ойида Самарқандда ҲТга аъзоликда айбдор топилиб, уч йилдан саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва суд вақтида қийноқлар сабабли мажбуран айбларига иқрор бўлганликларини маълум қилган уч нафар шахс; 2006 йилнинг сентябрида, хабарларга кўра, ҳокимият аъзолари томонидан таҳдид қилинганидан сўнг қўйилган айбларни бўйнига олиб, ҲТга аъзолик учун ўн йилдан ўн уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган етти нафар шахс; 2006 йилнинг августида Тошкент вилоятида ўтказилган икки алоҳида суд жараёнида, уларда бир неча айбланувчилар шафқатсиз калтаклашлар туфайли айбларга мажбуран иқрор бўлганликларини маълум қилганлар, ҲТга аъзолик учун бир йилдан ўн уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган 29 нафар шахс; 2006 йилнинг август ойида очиқ суд жараёнида қийноққа солинганликларини маълум қилган беш нафар киши 12 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга Тошкентда қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Экстремизм ва 1999 йилда Тошкентдаги портлашларга алоқадор деган  айбловлар билан 2006 йилнинг сентябрь ойида 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган тошкентлик собиқ имом Руҳитдин Фахрутдинов ҳамда 2006 йилнинг июль ойида имом Обидхон Назаровнинг исломий экстремизмда айбланиб, олти йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилган етти нафар издошлари ишлари бўйича ҳеч бир силжишлар мавжуд эмас.

Ҳукумат "Акромия" исломий гуруҳига алоқадорликда гумон қилинган шахсларга босим ўтказишни давом эттирди. Аввалги ҳисобот даврларида Акромия жамоасига аъзоликда айбланган қуйидаги шахсларнинг ишлари бўйича ҳеч бир ўзгаришлар йўқ: Анваржон Маҳсадалиев, 2007 йилнинг декабрь ойида Акромияга аъзолик ва 2005 йилдаги Андижон воқеаларида иштирок этишда айбланди; Абдумалик Ибрагимов, 2007 йилнинг февраль ойида Акромияга аъзолик учун саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди; Абдусамат Каримов ва Илҳомжон Йўлдошев, 2006 йилнинг июль ойида Акромияга аъзоликда айбланиб, бири саккиз ва иккинчиси беш йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинди, шунингдек улар гуруҳининг бошқа аъзолари ҳам маҳкум этилди.

Аввалги ҳисобот даврларидан фарқли ўлароқ, фақат соқол қўйиш, ҳижоб кийиш ёки масжидга қатнаш каби белгилар асосида мусулмонларни ҳибсга олиш ёхуд ман этилган ташкилотларга аъзо бўлмаган мўътадил диний эътиқоддагиларни таъқиб қилиш учун баҳона сифатида маъмурлар томонидан диний экстремизмни рўкач қилиш холатлари ҳақида ишончли хабарлар мавжуд эмас.

Иегова гувоҳлари алоҳида кузатувда бўлиб, вақти-вақти билан прозелитизм айбловлари бўйича ҳибсга олинди ва қамоққа ташланди. 2008 йилнинг 23 июль куни ҳокимият вакиллари Марғилон шаҳридаги икки нафар Иегова гувоҳи, Абдуманноп Аҳмедов ва Сергей Ивановларни ноқонуний равишда диний таълим берганликда айблаб, бирини тўрт йилга, иккинчисини уч ярим йил қамоқ жазосига маҳкум қилди. Судлар, шунингдек, Марғилондаги бошқа уч нафар Иегова гувоҳлари - Рая Литвиненко, Светлана Шевченко ва Азиза Усмановаларни шартли равишда уч йилга ҳукм қилдилар. 2008 йилнинг охирларида, хабар қилинишича, Хоразм вилоятидаги яна бир исми келтирилмаган Иегова гувоҳи ноқонуний равишда диний дарс бергани учун жиноий жавобгарликка тортилди, аммо у ҳам шартли равишда ҳукм қилинди.

2008 йилнинг 8 июль куни Навоий суди Иегова гувоҳлари бўлмиш Гулдара Ортиқова ва Турсуна Йўлдошеваларни судда гувоҳлик беришдан бош торганликлари учун уларга жарима солди. 30 май куни Навоий милицияси Ортиқованинг уйига келиб, диний адабиётларни топганидан сўнг уни ва Йўлдошевани ҳибсга олди. Аёллар милиция бўлинмасига олиб келинди, у ерда милиция ходимлари, хабар берилишича, Йўлдошевани бадани кўкариб, мияси чайқалгунча калтаклаган. Маъмурлар аёлларнинг паспортларини олиб қўйганидан сўнг, милиция уларни эрталаб қўйиб юборган.

2008 йилнинг март ойида Инжилдан таълим бергани учун жарима солинган Иегова гувоҳлари аъзоси Абдуманноп Аҳмедов; 2008 йилнинг март ойида ноқонуний диний фаолият учун беш кунлик қамоқ жазосини олган Маъмур Турсунқулов ва Наби Қипчоқов ҳамда уч кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Арслон Суванқулов; 2008 йилнинг февраль ойида ноқонуний равишда диний таълимот беришга тегишли маъмурий кодексни бузганлик учун $71 (93150 сўм) миқдорида жарима солинган Эльвира Сафарова ҳамда $143 (186300 сўм) миқдорида жарима солинган Евгений Курбатовлар, иккови ҳам Иегова гувоҳлари аъзоси, ишлари бўйича ўзгаришлар йўқ.

2008 йилнинг апрель ойида ноқонуний равишда диндан дарс берганлиги ҳамда ноқонуний диний ташкилот тузганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиб, Самарқандда тўрт йиллик муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган Иегова гувоҳлари аъзоси Олим Тўраевнинг иши бўйича силжишлар йўқ.

2007 йилнинг май ойида ноқонуний равишда диний таълимот берганликда айбланиб, икки йиллик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган Иегова гувоҳлари аъзоси Ирфан Ҳамидов, қамоқ муддатини тўлиқлигича ўтаб, 2009 йилнинг май ойида озод қилинди ва ўзи фуқароси бўлган Тожикистонга чиқариб юборилди.

Рўйхатдан ўтган Пентакостал черковининг етакчиси пастор Дмитрий Шестаков ноқонуний равишда диний гуруҳ тузганлик, диний нафратни қўзғатганлик, диний экстремистик адабиётларни тарқатганлик айбловлари бўйича 2007 йилда ҳукм этилган тўрт йиллик муддатини Навоийдаги ахлоқ тузатиш лагерида ўтамоқда. Аввалги ҳисобот даврларида ҳукумат Шестаков қамоқхонанинг ички тартиб-қоидаларини бузганлигини баҳона қилиб, уни амнистия қилишни рад этган.

Рўйхатдан ўтмаган диний ташкилот томонидан ўтказилган ҳар қандай диний маросим ноқонунийдир. Рўйхатдан ўтмаган диний жамоалар йиғинларига милициянинг бостириб кириши ва уларнинг аъзоларини ҳибсга олиш ҳолатлари ҳақида кўплаб хабарлар бўлган. Кўп ҳолларда, ўша ҳибсга олинганларга қарши ноқонуний диний маросимлар ўтказиш, жумладан ибодат қилиш, диний таълим бериш, прозелетизм билан шуғулланиш, рухсат этилмаган диний материлларга эга бўлиш каби айбловлар илгари сурилган ва энг кам ойлик иш ҳақининг 50дан 100гача баробарида маъмурий жарималар солинган. Аввалги ҳисобот даврларидан фарқли ўлароқ, бу ҳисобот даврида, бир неча шахслар шу каби айбловлар бўйича 15 кунгача қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

2009 йилнинг 8 апрель куни Сергели туманининг жиноий ишлар бўйича суди, расмий равишда рўйхатдан ўтган Баптист черкови руҳонийси Павел Неннонинг Тошкентдаги уйига рейд ўтказиб, ноқонуний равишда болаларга диний таълим бериш билан Маъмурий жавобгарликлар кодексини бузганликда айблади ва 15 кунлик муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ненно уйсиз болаларга диний таълим эмас, балки овқат берганини таъкидлади. 2009 йилнинг 27 март куни саккиз нафар ҳуқуқ-тартибот ходимлари унинг Тошкент шаҳри Сергели туманидаги уйида рейд ўтказганлар. Суд, шунингдек, Ненно уйидан мусодара қилинган материаллар, жумладан христиан мавзудаги китоблар, журналлар, плакатлар, фильмлар ва ноутбук компьютерини бутунлай йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарди.

2009 йилнинг 3 апрель куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги суд 13 нафар баптистларни прозелитизмда айбдор деб топиб, ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробарида (1000 АҚШ доллари атрофида) жарима солди. 2009 йилнинг 15 март куни "терроризмга қарши кураш" бошқармасининг милиция ходимлари Олмалиқдаги баптистлар ибодат қилаётган хусусий уйга рейд ўтказиб, рус ва ўзбек тилларидаги диний адабиётларни мусодара қилди. Милицияга Рус православ черкови руҳонийси ҳамроҳлик қилиб, хабар беришларича, баптистларни рўйхатдан ўтмаган черковларда ибодат қилмаслик ҳақида огоҳлантирган ва бунинг ўрнига унинг черковига қатнашга чорлаган.

2009 йилнинг 3 март куни Андижон вилоятидаги Қўрғонтепа тумани жиноий ишлар бўйича суди рўйхатдан ўтмаган Протестант черковининг уч нафар аъзоси - Маҳмуджон Турдиев, Маҳмуджон Бойназаров ва Равшанжон Баҳромовларни ноқонуний равишда диний таълим берганликда айблаб, уларни 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Черковнинг бошқа уч нафар аъзоси - Маҳмуджон Деҳқонбоев, Алишер Шораҳмедов ва Мурод Раҳимовлар шахси аниқлангунча уйсизлар бошпанасида қўлга олинди. Раҳимов 6 март куни, Деҳқонбоев ва Шораҳмедовлар эса 13 март куни озод этилди. Мазкур шахсларнинг барчаси 1 март куни милициянинг хусусий уйга қилган рейдидан сўнг ҳибсга олинганлар.

2008 йилнинг 10 октябрь куни Тошкентнинг Миробод тумани жиноий ишлар бўйича суди рўйхатдан ўтмаган Пентакостал черковининг етти нафар аъзосини 4 октябрь куни ноқонуний равишда диний йиғилиш ўтказганликда айблаб, уларни 15 кунлик муддатга қамоқ жазосига маҳкум этди. Черковнинг бошқа беш нафар аъзосига 90 АҚШ доллари (125200 сўм) миқдорида жарима солинган. Суд Пентакостал черкови аъзоларидан мусодара қилиб олинган диний адабиётларни, жумладан Инжилларни, бутунлай йўқ қилишни буюрди. Черков аъзолари авваллари бир неча бор муваффақиятсиз равишда рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилган эдилар.

Аввалги ҳисобот давридан қуйидаги ишлар бўйича янги маълумотлар мавжуд эмас: 2008 йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтмаган Дўстлик Баптист черковининг тўрт нафар аъзоси ноқонуний диний йиғинлар уюштирганлиги, "Дин тўғрисидаги қонун"ни бузганлиги ва ноқонуний равишда диний таълим бергани учун ҳар бирига 10 кунлик маъмурий қамоқ жазоси ва 32 АҚШ доллари (42000 сўм) миқдорида жарима солиниши ҳақидаги ҳукм; 2008 йилнинг май ойида Навоийдаги рўйхатдан ўтмаган Баптист черковининг аъзолари ноқонуний йиғинлар ўтказганликлари учун чиқарилган ҳукм; 2008 йилнинг май ойида Муборакдаги рўйхатдан ўтмаган Баптист черковининг аъзоларига қарши 2008 йилнинг март ойида черковга қилинган рейддан сўнг чиқарилган ҳукм; 2008 йилнинг апрель ойида Гулистондаги тўрт нафар Еттинчи кун адвентистлари уйларида рухсат берилмаган йиғинларни ўтказганлиги учун чиқарилган ҳукм; 2008 йилнинг февраль ойида баптист Эдуард Кимнинг уйида ўтказилган якшанба ибодати маросими вақтида ўтказилган рейд натижасида ноқонуний диний йиғилишлар уюштирганлиги учун ундан 287 АҚШ доллари (380 000 сўм) миқдорида жарима ундирилгани; шунингдек, 2007 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида ўтказилган рейдлар ва қисқа муддатли қамоқ жазолари ҳақида иккита иш бўйича ҳам қўшимча маълумот йўқ.

Иегова гувоҳлари бўйича қуйидаги ишлар борасида янги маълумотлар мавжуд эмас: 2008 йилнинг март ойида Иегова гувоҳлари аъзоси Абдуманноб Аҳмедов диний материалларни ноқонуний равишда тарқатганлиги учун 280 АҚШ доллари (372000 сўм) миқдорида ва ноқонуний диний фаолияти учун 845 АҚШ доллари (1117800 сўм) миқдорида жарима тўлаш ҳақидаги ҳукм; 2008 йилнинг март ойида Жиззахдаги ноқонуний диний фаолият учун Маъмур Турсунқулов ва Наби Қипчоқовлар беш кунга, Арслон Сувонқулов эса уч кунга қамоқ жазосига ҳукм этилганлари; 2008 йилнинг февраль ойида ноқонуний равишда таълим бериш билан боғлиқ маъмурий жавобгарлик кодексини бир неча бор бузганлиги учун Эльвира Сафаровага 71 АҚШ доллари (93150 сўм) миқдорида ва Евгений Курбатовга 143 АҚШ доллари (186300 сўм) миқдорида жарима солиниши; 2007 йилнинг октябрь ойида жамоанинг ўн нафар аъзосига Когонда ноқонуний йиғилишларни уюштирганлиги ва олиб борганлиги учун 719 АҚШ доллари (931500 сўм) миқдорида жарима солиниши.

Дилафруз Арзиева, Самарқанддаги Иегова гувоҳлари жамоаси аъзоси, 2007 йил июнь ойида ноқонуний равишда диний таълим берганлиги учун берилган икки йиллик ахлоқни тузатиш меҳнат бўйича жазо муддатини ўтаб бўлди ва унинг ойлик маошидан давлатга жарима тўланиши тўхтатилди.

Аввалги йиллардан фарқли равишда, Иегова гувоҳлари томонидан ўтказиладиган ҳар йиллик Исо Масиҳ ўлимини хотирлаш маросимларини тарқатиб юбориш холатлари ҳақида хабарлар бўлмади. Иегова гувоҳлари тарқатиб юборишларнинг олдини олиш учун махсус жойлар тайёрлаганлари ҳақида хабар бердилар. Маъмурлар 2009 йилнинг 9 апрель кунида маросимларда иштирок этиш учун АҚШлик Иегова гувоҳлари вакилига кириш визасини берди, аммо бошқа хорижий Иегова гувоҳларига визалар берилмаган.

Кам сонли бошқа диний жамоалар, жумладан Харе Кришна жамиятининг аъзолари баъзан тазйиққа учрадилар. "Форум 18" хабарига кўра, 2009 йилнинг 7 февраль куни милиция ходимлари Харе Кришна жамоасинининг аъзолари Шри Нитьянанда пайдо бўлишига бағишланган диний байрамни нишонлаш арафасида турганларида, уларнинг Самарқанддаги йиғилиш жойига рейд ўтказди. Ушбу эътиқод мухлисларининг баъзилари туни билан милицияда ушланиб, тонгда озод этилди.

Аввалги йиллардан фарқли равишда, ҳисобот даврида маъмурлар томонидан диний эътиқодлари учун кам сонли диний гуруҳларнинг аъзоларини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳолатлари кузатилмади.

Бошқа динга мажбурий равишда киргизиш 

Бошқа динга мажбурий тарзда киргизиш ҳоллари, жумладан АҚШдан олиб қочилган ёки ноқонуний равишда олиб чиқилган вояга етмаганларни бошқа динга киргизиш, ёхуд бундай фуқароларни АҚШга қайтиб боришига тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилмади.

Диний эркинликни таъминлаш борасида вазиятнинг яхшиланиши ва ижобий ўзгаришлар

Ҳукумат қийноққа солиш, жумладан диний экстремизмда айбланиб ҳибсга олинганларни қийноққа солиш эҳтимолини камайтириш учун бир қатор чоралар кўрди, хусусан, ҳибсга олиш ҳақидаги ордерлар бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказди (habeas corpus) ва бу билан ҳуқуқ-тартибот ходимларини суд назорат остига олди. Шунингдек, 2008 йилнинг декабрь ойида ҳукумат, айбланувчининг сукут сақлаш; ҳибсдан сўнг адвокат ёки қариндошни чақириш; ва адвокати билан истаган вақтда учрашиш ҳуқуқларини таъминловчи янги қонун қабул қилди. Аммо шу билан бирга, ҳукумат, адвокатларнинг ихтиёрий уюшмаларини адвокатлар аъзо бўлиши мажбурий бўлган давлат назорати остидаги Адвокатлар палатаси билан ўзгартирди.

2009 йилнинг апрель ойида миллий қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман қамоқ шароитларини кузатиш учун қамоқхоналарга эркин киришини таъминлайди. Аксарият ҳуқуқбузарликлар содир бўладиган деб хабар берилган суддан олдин тергов участкалари маъмурлар, эндиликда, маҳбуснинг талаби бўйича, маҳбус ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман вакиллари билан учрашув ташкил қилишга мажбурдирлар. Шунингдек, 2008 йилда ҳукумат Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ)нинг мустақил кузатувчиларига олти ойлик синов муддатида қамоқхоналарга кириш учун рухсат берди, ХҚХҚнинг бундай ташрифлари 2004 йил декабрь ойида тўхтатиб қўйилган эди. Синов муддати 2008 йилнинг сентябрь ойида тугади ва ХҚХҚ ўзининг хулосалари ва тавсиялари киритилган ҳисоботни ҳукуматга топширди. Ҳисобот даврининг якуний даврида ХҚХҚнинг келгусида Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф этиши борасидаги музокаралари давом этаётган эди.

Диний экстремизм учун маҳкум этилганларнинг қамоқ шароитларини яхшилаш, жумладан мамлакатдаги қатор қамоқхоналарда бу каби шахсларни бошқа маҳбуслар билан интеграция қилиш ҳолатлари ҳақида хабарлар келишда давом этди. Ҳукумат, 2008 йилда 10000 нафар маҳбус амнистия қилганлиги тўғрисида хабар берди, бу билан қамоқдаги маҳбуслар сони 38000 тага қисқарди, бу дегани аҳолининг ҳар 100000 кишисига 138 нафар маҳбус тўғри келади. Амнистиялар туфайли қамоқхоналар бир оз бўшатилди, аммо диний маҳбуслар мазкур амнистиялардан қандай наф кўргани маълум эмас.

Ҳукумат, шунингдек, мусулмонларга диний эътиқодларини намойиш этишлари учун кўпроқ имконият яратди. Хисобот даврида, хусусан муқаддас Рамазон ойи давомида, давлат назоратидаги телевидение орқали ислом ҳақидаги кўрсатувларнинг сони салмоқли даражада кўпайди. Аввалги ҳисобот даврига нисбатан ҳижоб кийган аёлларни кўчада кўриш холлари одатий ҳол бўлиб қолди, масжидларга қатновчилар сони кўпайишда давом этди. Собиқ Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф радио орқали оммабоп эшиттириш олиб бориш ва Ислом Университетида дарс беришда давом этди, у ҳам босма, ҳам электрон кўринишдаги турли диний нашрлар чиқармоқда.

2008 йилда ҳукумат Хоразм вилоятида янги Православ черковини рўйхатга олиш ва қуриш учун рухсат берди. Ҳукумат, шунингдек, муҳтожларга хайрия ёрдам кўрсатувчи Америка Яҳудийлари Бирлашган Тақсимот Қўмитасини (ҚТҚ) қайта рўйхатдан ўтказди.

Ҳукумат Иегова гувоҳларининг пацифистлик тамойилларини ҳурмат қилишда давом этди ва ҳарбий хизматга чақирув комиссиялари уларни мунтазам равишда мажбуриятдан озод қилмоқда. 2009 йилнинг 9 апрель куни мамлакатдаги ҳеч бир Иегова гувоҳлари Исо Масиҳ ўлимини хотирлаш бўйича йиллик маросимларининг бузилишини кузатмади.

Ҳисобот даврида камида бир нафар протестантга амнистия берилди.

III қисм. Диний эркинликка нисбатан ижтимоий муносабат ҳолати

Жамият одатда диний хилма-хилликка нисбатан бағрикенглик муносабатида бўлади, лекин прозелитизмга эмас. Хусусан, мусулмон, рус православ, католик ва яҳудий диний етакчилари юқори даражадаги жамоатчилик эҳтироми ҳақида хабар бердилар. Лекин, айрим инжилчи ёки Пентакостал христиан черковлари ҳамда ўзбек миллатига мансуб аъзолари мавжуд бўлган черковлар камситишлар оқибатида келиб чиққан қийинчиликларга дуч келган. Христианликни қабул қилган ўзбекларнинг камситиш ва тазйиққа учраган ҳақида кўплаб хабарлар бўлди. Давлат назоратидаги ОАВлар баъзи ҳолларда жамиятда салбий муносабат фикрини рағбатлантирган.

IV қисм. АҚШ ҳукумати сиёсати

АҚШ элчиси ва элчихонанинг бошқа ходимлари инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликларга боғлиқ бўлган муайян масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маҳаллий диний етакчилар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳукумат вакиллари билан учрашди. Пойтахт Вашингтондаги Давлат департаменти расмийлари АҚШнинг диний эркинликларни кенгайтириш борасидаги манфаатларини етказиш мақсадида бир неча бор Ўзбекистон элчихонаси ходимлари билан учрашди. АҚШ расмийлари Ўзбекистон бўйлаб қилган хизмат сафарларида диний етакчилар ва гуруҳлар ҳамда ҳукумат вакиллари билан учрашди. Элчи ва элчихона ходимлари ДИҚ ва диний етакчилар, жумладан имомлар, руҳонийлар ва раввинлар билан доимий алоқада бўлди; улар, шунингдек, ўқитувчилар, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича фаоллар билан мунтазам равишда диний эркинлик масалаларини муҳокама қилдилар. Элчихона ўзининг расмий тадбирларига диний етакчиларни таклиф этиш орқали диний эркинликнинг аҳамиятига урғу берди.

Элчихона, диний жамоалар ёки хорижий диний-хайрия ташкилотлар қийинчиликларга дуч келганлиги ҳақида хабар топганда, имкон даражада улар номидан ҳаракат қилиб, ҳукумат расмийлари билан учрашди ва суд жараёнларида иштирок этди. Судда кўрилаётган ишларни кузатиш ҳамда ҳукумат расмийлари билан боғланиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун Элчихона ходимлари тез-тез дипломатик корпусдаги ҳамкасблари билан диний эркинлик бўйича ишларни муҳокама қилди. 2008 йилнинг ноябрь ойида Элчихона бошқа хорижий ваколатхоналардаги ҳамкасблари, шунингдек, протестант конфессиялар ва Иегова гувоҳлари вакиллари иштирокида, мазкур жамоаларга тегишли масалаларни муҳокама қилиш учун давра суҳбатини ўтказди.

АҚШ дипломатлари Иегова гувоҳларининг 2009 йил 9 апрель куни Тошкентда ўтказилган ибодатини кузатиб, жамоанинг ҳар йили нишонланадиган Исо Масиҳ ўлимини хотирлаш маросимини эркин ўтказишини таъминлашга ёрдам берди.

АҚШ расмийлари диний бағрикенглик ва сиёсий хавфсизлик бир-бирини тўлдирувчи мақсадлар эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ҳукуматини динни ифода этишга кўпроқ эркинлик бериш, масжидларни кўпроқ рўйхатга олиш ҳамда диний маҳбусларни кўпроқ амнистия қилишга даъват қилди. Пойтахт Вашингтон ва Тошкентдаги АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукуматини Дин тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишга, хусусан, диний гуруҳни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган аъзолар сонини 100 тадан камайтириш, прозелетизм олиб бориш бўйича тақиқни бекор қилиш, диний адабиётларни мамлакатга олиб кириш ёки нашр этиш ҳамда АҚШ ҳукумати фикрича ёш мусулмонларни радикаллашувдан сақловчи муҳим омил - хусусий диний таълим бериш учун рухсат беришга ундади.

2006 йилнинг ноябрь ойида Давлат Котиби диний эркинликни жиддий равишда бузганлиги учун Халқаро диний эркинлик тўғрисидаги Акт асосида Ўзбекистонни биринчи бора "Жиддий ташвишга солувчи давлат" (ЖТСД) сифатида белгилан эди. 2009 йилнинг 16 январь куни Давлат Котиби яна бир бор "Жиддий ташвишга солувчи давлат" мақомини берди ва диний эркинликни яхшилаш учун чора-тадбирлар борасидаги музокаралар давом этар экан, ЖТСД мақоми берилишига жавобан Президент амалий чораси сифатида "Халқаро диний эркинлик тўғрисида"ги Актнинг 407‑моддасига мувофиқ равишда ва унинг мақсадларини олға суриш учун 180 кунлик истисно этиш ҳужжатини имзолади.

2009 йил 26 октябрда чоп этилди.