2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
АҚШ Элчихонаси ходимлари кўпкари мусобақасини мириқиб томоша қилишди (03/29/2009)
30га яқин дипломатлар, Тошкентдаги АҚШ Элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларидан иборат гуруҳ, баҳорнинг ажойиб кунларидан бири – якшанба куни чавандозлар ва забардастлар ўйини бўлмиш кўпкарини томоша қилдилар.
28-29 март кунлари Тошкент вилоятидаги Пискент шаҳри яқинида ҳар йили уюштириладиган кўпкари турнирида бутун тумандан келган жамоалар иштирок этди. 2000-3000га яқин томошабин ўзлари билан енгил тушлик таоми, кабоб олиб келдилар ва мусобақани мириқиб томоша қилдилар.
Кўпкари (“бўзкаши” номи билан ҳам маълум) Марказий Осиё мамлакатларида отлиқлар иштирокидаги оммабоп спортдир. Чавандозлардан иборат жамоалар ўртага сўйиб ташланган эчки ёки кичикроқ бузоқни (улоқни) бир-биридан куч билан тортиб олиб, маррага элтиб ташлаш учун курашадилар. Ўша марра этиб белгиланган жойга улоқни ташлаш орқали ҳисоб очилади.
Ушбу спорт тури катта куч, чайирлик, яхши ўргатилган отлар ва жасурлик талаб этади. Улоқ чопадиган чавандозлар отларни елдек югуртириб кураш олиб борган пайтларда кўпкари аёвсиз тус олади.
Ўйинни томоша қилгани келган америкаликлар орасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд ҳам бор эди. Америкаликларнинг бир қанчаси ўзлари ва оила аъзолари бу ўйиндан катта завқ олганларини айтдилар.
“Чавандозларнинг маҳорати менда кучли таассурот қолдирди – бундай юксак даражадаги маҳорат ушбу ўйин ўзбек маданиятида чуқур илдизга эга эканлигини акс эттиради”, деди Элчи Норланд.
АҚШнинг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси полковник Жефри Хартманнинг айтишича, у отларни томоша қилишни жуда яхши кўради, чамаси отлар ҳам чавандозлар каби ўйинни ёқтирса керак.
“Бу ғаройиб ўйин!” дейди ўзининг беш нафар фарзандини ўйинга олиб борган Хартман. “Булар гўё регби ёки америкача футбол ўйнайдиган отлар экан”, дейди у Америкада тез-тез ўйналадиган ва баъзан дағал кечадиган иккита ўйинга ишора қилиб.
Элчихонанинг тиббий бўлими ҳамшираси Нэнси Элричнинг айтишича, ўйин унда катта таассурот қолдирди, қисман бунга сабаб ушбу ўйин АҚШда ўйналадиган спорт турларининг ҳеч бирига ўхшамаслигидир.
“Сиз анъана, ҳақиқий қадимий анъанани ҳис этасиз”, дейди Элрич. “Дарҳақиқат, бу каби бошқа ўйин йўқ”.
Купрок расмда


