Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > Элчихона янгиликлари > НДТлар соғлом муҳит тарафдори
Skip Left Section Navigation

2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар

Close Window Эко-мактаб лойиҳаларидан бири, ёшларни атроф-муҳит масалаларини ёритувчи журналист бўлишга ўргатади (Эко-мактаб томонидан тақдим этилган сурат)
Эко-мактаб лойиҳаларидан бири, ёшларни атроф-муҳит масалаларини ёритувчи журналист бўлишга ўргатади (Эко-мактаб томонидан тақдим этилган сурат)

НДТлар соғлом муҳит тарафдори (02/10/2009)

Йўқолиб бораётган айрим ўсимлик ва ҳайвон турларини муҳофаза қилиш бўладими, сувдан унумли фойдаланиш йўлларини топиш бўладими ёки чиқиндиларни қаерга ташлашингиз ҳақида ўйлаб кўриш бўладими, атроф-муҳит борасида жонкуярлик қилишдаги биринчи қадам - одамларни бу борада ўйлашга ундашдир.

Буни амалга оширишнинг энг самарали йўлларидан иккитаси оммавий ахборот воситаси орқали тақдим этиладиган дастурлар ва мактаб ўқувчиларига атроф-муҳит ҳақида таълим беришдир. 
 
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси қўллаб-қувватлаёган бир қатор дастурлар борки, улар доирасида Ўзбекистондаги нохукумат нотижорий ташкилотлар аҳолининг атроф-муҳитга оид билимини ошириш учун саъй-ҳаракатлар олиб боришмоқда. Дастурлар асосан журналистлар малакасини ошириш ва ёшларнинг атроф-муҳит ҳақида кўпроқ билимга эга бўлиш учун янги услубларни таклиф этиш каби вазифаларга қаратилган. ННТлар Ўзбекистон республикаси Таълим вазирлиги ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси каби давлат идоралари билан биргаликда атроф-муҳит муҳофазаси борасида таълим  ишларини олиб боради. ННТ етакчиларининг айтишларича, аҳолининг бу масалага оид огоҳлигини ошириш атроф-муҳитни муҳофаза қилишдаги ва долзарб экологик муаммоларни ҳал этишдаги илк қадамдир.

“Атроф-муҳит муҳофазаси учун керак бўлган илк қадам – маълумотдир,” дейди ННТ “Логос” мудири Саидрасул Сангинов. “Логос” атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғулланиш учун 2001 йили ташкил этилган ННТ бўлиб, атроф-муҳит масалаларига ихтисослашган журналистикани рағбатлантириш дастури учун элчихона кўмагини олган. “Бизнинг вазифамиз журналистлар билан ҳамкорлик яратишдир.”

Шу каби амалга оширалаётган бошқа дастурлардан яна бири ўқувчиларга атроф-муҳит масаласига доир дарс беришдир. Эко-мактаб Тошкент шаҳри ҳудудида истиқомат қилувчи 30 нафар ўсмирга журналистика ва атроф-муҳит асосларини ўргатди. Ушбу бўлажак журналистлар орттирган билим ва маҳоратларини эндиликда мактаблардаги ўз синфдошларига ўргатмоқдалар, ва шу тариқа 1200 нафар бошқа ўқувчи ушбу масала борасида хабардор бўлмоқда, дейди гуруҳнинг лойиҳа директори Наталья Шивалдова.

Бу ўқувчилар кейин атроф-муҳит ҳақида мақолалар ёзишга рағбатлантириладилар. Эко-мактаб айни чоғда бундай мақолаларни тўпламоқда ва улардан саралаб олинганларини “Класс” ва “Молодёжь Узбекистана” каби ёшлар газеталари ва журналларида чоп этиш устида иш олиб бормоқда, дейди Шивалдова.  

Эко-мактабнинг ўзи ҳам “Ёш эколог” номли журнал нашр этиш ниятида, мазкур журнал саҳифаларида ушбу ёш журналистларнинг атроф-муҳит ҳақидаги мақолалари чоп этилади, дейди Шивалдова. ННТ ходимларининг ишонишича, ёшлар томонидан ёшлар учун ёзилган мақолалар атроф-муҳит масалаларини яхшироқ англашга ёрдам беради.

Шивалдованинг айтишича, болалар тушунмайдиган тилда ёзилган материаллар кўп. Агар болалар ўз тилларида ёзсалар, эҳтимол бу қизиқроқ ва тушуниш осонроқ бўлар, дейди у.

Ёш журналистлар учун бошланган ташаббус  Эко-мактаб дастурларининг фақат биттасидир. Бу ННТ Тошкент шаҳри ҳудудида атроф-муҳитга оид таълимни такомиллаштириш учун 2004 йили ташкил этилган. Гуруҳ ўқув қўлланмалари ишлаб чиқади ва болалар ҳамда ўқитувчиларга дарслар беради, табиат қўйнига чиқиш сафарлари шулар жумласидандир. Болаларнинг атроф-муҳит борасидаги билимини кенгайтириш орқали, Эко-мактаб ота-оналар ва маҳалла ташкилотларини ҳам қамраб олишга умид қилади, дейди Шивалдова.
Эко-мактаб шунингдек, атроф-муҳит масалалари бўйича фаолият юритувчи гуруҳлар, масалан жайрон ва сайғоқ каби йўқолиб бораётган ҳайвонот турларини муҳофаза қилувчи гуруҳлар тармоғининг аъзосидир.  

Сангиновнинг  “Логос” ННТси АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган яна бир таълим дастурини бошқаради. Ҳар йили ушбу гуруҳ атроф-муҳитни ёритиш бўйича журналистлар орасида мусобақа ўтказади. Ҳар йили мусобақада бутун Ўзбекистондан 40 яқин журналист иштирок этади ва баъзан ғолиблар Марказий Осиё бўйича ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этадилар, дейди Тошкент ахборот технологиялари университетида фаолият юритувчи фалсафа фанлари профессори Сангинов.

Мусобақанинг бир қисми ўлароқ, мазкур ННТ атроф-муҳитни ёритиш журналистикаси бўйича тренинглар ҳам уюштириб туради. Ушбу тренинг семинарлар – уларнинг энг сўнггиси Нукус ва Ургенчда бўлиб ўтди – журналистларга атроф-муҳитга оид маълумотларни топиш учун керак бўлган ресурслар ва мақолалар ёзиш учун зарур бўлган билим ва маҳоратни ўргатади, дейди Сангинов. Семинарлар ва мусобақалардан мақсад атроф-муҳит масалалари бўйича мақолалар ёзиш сифатини яхшилаш ва ушбу масалани ёритиш учун журналистларни жалб қилишдир, дейди у.  

“Атроф-муҳит бўйича хабарлар тайёрлай оладиган журналистлар бу ерда жуда кам, дейди Сангинов, ва шуни қўшимча қилади: “кўплаб муҳаррирлар атроф-муҳитга оид мақолаларга унча қизиқмайдилар, чунки уларнинг фикрича ўқувчилар ёки томошабинлар бу масалага унча қизиқишмайди. Муҳаррирлар бу масала унча муҳим эмас, бу иккинчи даражали масала, деб ўйлашади.” 
Аммо Сангинов бу фикрга қўшилмайди. Бу масалалар нафақат муҳим, балки қизиқарли ҳамдир. У ўтган йилги мусобақа ғолибини Сергей Шавлевни мисол қилиб келтиради, унинг “Табиат билан ёлғиз қолганда” номли хужжатли фильми атроф-муҳит масалаларига оид журналистикаси бўйича Марказий Осиё Фестивалида ҳам бош совринни қўлга киритган. Фильм сув сатҳи ўзгаришларига ўта таъсирчан бўлган Жиззах вилоятидаги Айдаркул-Арнасой кўллар тизимидаги масалаларга бағишланган. 

АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаётган ва атроф-муҳит бўйича таълим берувчи дастурлар қаторида, суғориш каналларидан олинадиган сувни истеъмол қилишнинг энг самарали йўллари бўйича тренинглар ўтказиш ва университетларнинг ўқув дастурларида қўллаш учун атроф-муҳит масалаларига оид материаллар нашр этиш лойиҳалари киради. Ушбу дастурларнинг ҳар бири элчихонанинг мамлакатдаги атроф-муҳит бўйича таълимни такомиллаштиришга қаратилган мақсади сари боришга хизмат қилади.