2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Мусиқачи Ўзбекистонга ташрифи давомида дарс берди ва ижро этди (02/28/2009)
Америкалик замонавий мусиқа бастакори ва мусиқа ижрочиси Деметриус Спанеас яқинда Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Ўзбек киноижодкори томонидан тасвирга олинган фильмлар учун басталаган мусиқа асарларини ижро этди, мастер классларни олиб борди, маърузалар ўқиди ва маҳаллий жаз ансамбллари билан ижро этди.
Феврал ойида Тошкентга, Бухорога ва Самарқандга қилган сафари унинг Ўзбекистонга 2007 йилдан буён қилган учинчи марта ташриф буюриши эди, ва Шарқий Европа ҳамда собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларига бир неча бор қилган сафарларининг энг сўнггиси бўлди. Бу сафарларнинг кўпчилиги, жумладан Ўзбекистонга қилган сўнгги сафари, АҚШ Давлат Департаменти томонидан маданият алмашинув дастурлари доирасида ҳомийлик қилинди.
25-феврал куни Спанеас Тошкентдаги Илҳом театрида ҳар йили ўтказиладиган “Black Box” Мусиқа ва визуал санъат фестивалида махсус бастакор ва ижрочи сифатида иштирок этди. У Ўзбек кинорежиссери Сухроб Назимов томонидан тасвирга олинган фильмлар учун басталаган иккита куйни ижро этди. У ва Омнибус ансамбли грек кинорежиссери Эри Скиржианни томонидан олинган фильм учун басталаган бошқа бир куйни ижро этишди. Унинг айтишича, мусиқий ижро жуда муваффақиятли ўтди, ҳамда “улкан ишларни амалга оширувчи ажойиб талант эгалари бўлмиш” Илҳом театри ва Омнибус ансамбли санъаткорлари билан ишлаш катта шараф бўлди, дейди у.
Бухорода у Бухоро Давлат Мусиқа Коллежи томонидан уюштирилган концертда пианиночи Обид Жумаев ва унинг “Ипак Йўли” гуруҳи билан ижро этди. Машҳур пианиночи Эдвард Мусаелян Самарқандда Блу Кафе клубида Спанеас иштирокида концерт ўтказиш учун ёрдам берди.
Тошкентга қайтиб келиб, Спанеас Тошкент Мусиқа Коллежининг 200 нафар талабалари ва ўқитувчилари учун мастер класс машғулоти ўтказди. Машғулот ва муҳокамалар бастакорлик ва пуфлаб чалинадиган асбоблар ҳақида бўлди, бундан ташқари у мусиқа ва профессионал мусиқачи ҳаётига оид бўлган саволларга жавоб берди.
Асли Массачусетс штатидан бўлган Спанеас турли хил пуфлаб чалинадиган асбобларни, шу жумладан саксофон, кларнет ва флейталарни чалади. У жуда машҳур бастакор бўлиб, Гарвард Университетида дарс берган, Танглевуд Мусиқа ва Жаз Фестивалларида ва бошқа кўплаб тадбир ва маросимларда ижро этган. У Норсистерн ва Саффолк университетларида мусиқадан дарс беради, ҳамда Бей Ҳудуди камер оркестрининг доимий бастакоридир.
Сафардаги мусиқий ижроларининг кўпчилиги муваффақиятли ўтгани ҳамда Бухоро ва Самарқандда мусиқачилар билан биргаликда ижро этиш имкониятига эга бўлганидан хурсандлигини изҳор қилади Спанеас. Унинг учун мазкур сафардан мақсад ғоялар билан ўртоқлашиш эди ва у келажакда яна Ўзбекистонга қайтиб келишни режалаштирмоқда.
“Биз бундан фақат фойда оламиз” дейди у санъаткорлик мулоқоти ҳақида. “Бир биримиздан ўрганган ҳолдагина биз маънавий юксалишимиз мумкин”.


