2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Фулбрайт олимлари бошқаларни ушбу дастурда иштирок этишга чақирмоқдалар (03/09/2009)
Феруз Акобиров Америка Қўшма Штатларида бир йил ўқиса, инглиз тилини яхшироқ ўзлаштиришини биларди. Лекин у Аризонадаги одамларнинг Ўзбекистонга қизиқиши шу қадар катта бўлишини ёки унинг ўзи Америка футболи мухлиси бўлишини кутмаган эди.
Феруз ўзининг она тили - тожик тили ҳамда ўзбек тилидан сабоқ беришини, унинг дўстлари жойлашиб олишини енгиллаштириш учун унга идиш-товоқ ва чойшаб каби буюмларни бериб туришларини ёки бошқа халқаро талабалар билан чўлда экскурсия қилишини билмаган эди.
“Менга одамларнинг бир бирига бўлган муносабати жуда ёқди. Бу жуда самимий, жуда таъсирли ҳол эди”, дейди у. “Уларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишлари шу қадар катта эканлигини билиб, ҳайрон қолдим”.
Айни пайтда Бухоро Давлат Университетида инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган Акобиров, 2007-2008 ўқув йилини, Фулбрайт стипендияси туфайли Аризона штатининг Темпе шаҳридаги Аризона Штати Университетида чет тилларни ўқитиш бўйича ассистент сифатида ўтказди. У ҳафтасига тўрт кун аспирантлар ва битирувчи талабаларнинг кичик гуруҳига ўзбек тилини ўргатди, сўнг ёзги курслар давомида тожик тилини ўргатиш учун ташрифини икки ойга узайтирди. Унинг ўзи эса, испан тили, АҚШ ҳукумати тизими ва Америка адабиёти бўйича дарсларга борди ва инглиззабон дўстлари билан бир уйда яшагани сабабли, унинг инглиз тили бўйича билими анча юксалди.
Акобировнинг айтишича, буларнинг бари Бухорода инглиз тилидан сабоқ беришида жуда қўл келмоқда.
“Аввалари, мен талабаларнинг ҳамма саволларига жавоб бера олмасдим. Менинг АҚШ ҳақидаги билимим чекланган эди”, дейди у. “Мен қайтиб келганимда, билимим ҳақиқаттанам ошганини сездим”.
Акобиров ўзининг Бухородаги талабаларини АҚШда ўқиш ҳақида ўйлаб кўришга рағбатлантирмоқда ва ўзини Фулбрайт дастурларининг ашаддий мухлиси эканлигини айтмоқда.
“Улар буни ўз кўзлари билан кўришларини истайман”, дейди Акобиров. “Аммо улар ўз Ватанларини унутмасликлари керак. Дастур якунланганда, улар ўз она юртларига қайтиб келиб, кўрганлари ҳақида гапириб беришлари, ўз билимларини улашишлари керак”.
Бу ой АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 2010-2011 ўқув йили Фулбрайтнинг учта дастури ва Хуберт Хамфри стипендияси дастурида иштирок этишни истаганлар ўз ҳужжатларини топширишлари мумкинлиги ҳақида эълон қилмоқда. Фулбрайт ва Хуберт Хамфри дастурларида бутун дунё талабалари ва олимлари иштирок этишлари мумкин бўлиб, улар АҚШ ҳукумати томонидан бошқариладиган олий таълим соҳасига оид алмашинув дастурларнинг энг илғорларидир. Дастурлар йўл харажатлари, ўқиш ва бошқа харажатларни қоплайди ҳамда бутун дастур курси мобайнида стипендия билан таъминлайди.
Фулбрайт ташрифчи олимлар учун дастур доирасида коллеж ва университет ўқитувчилари ва турли касб эгалари АҚШда тўрт ойдан 12 ойгача бўлган муддат ичида лекция ўқишлари ва тадқиқот олиб боришлари мумкин.
Фулбрайт хорижий талабалар учун дастур бир йил ёки ундан кўпроқ вақт мобайнида АҚШда ўқишни ёки тадқиқот олиб боришни истаган аспирантлар, ёш касб эгалари ва ижод аҳли учун. Талабалар одатда гуманитар, ижтимоий фанлар ва муҳандислик каби аниқ фанлар бўйича таҳсил олишади.
Фулбрайт чет тили ўқитувчилари учун дастур (FLTA) бир йил давомида АҚШда ўқишни истаган ва шу билан бирга ўз она тилларини ўргата оладиган инглиз тили ўқитувчиларига мўлжалланган. Ушбу дастур АҚШда хорижий тилларни ўқитиш жараёнини кучайтиради, айни пайтда ўқитувчиларга ўз инглиз тили билимларини оширишга ва ўқитиш маҳоратларини мукаммалашга имкон беради.
Хуберт Х. Хампри стипендияси дастури бир йиллик укув курсини уз ичига олади ва ўрта ёшдаги етакчилик тажрибасига эга ва жамоат хизматига содиқ мутахассисларга мўлжалланган. Стипендия соҳиблари АҚШнинг етакчи университетларининг бирида таҳсил олиш учун мустақил равишда ўзлари ўқув дастури ишлаб чиқадилар.
Ҳар йили Фулбрайт дастури доирасида 155 мамлакатдан 7000га яқин талаба ва олимларга грант тақдим этилади. Булар ичида, дастурларни бошқарадиган АҚШ Давлат Департаменти берган маълумотга кўра, тахминан 1600 хорижий талаба, 850 ташрифчи олимлар ва 170 Хуберт Хамфри дастури қатнашчилари бўлади. 2007 йилда АҚШ ҳукумати Фулбрайт дастурлари учун 198 миллион АҚШ доллар сарфлади. “АҚШ бутун дунёдан келадиган олимлардан ўрганиб, кўп фойдали натижаларга эга бўлади. Шу сабабдан биз бу дастурларни амалга оширамиз”, дейди Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Кэрол Фаҳардо. “Шу билан бирга умид қиламизки, олимларнинг ўзлари ҳам ушбу дастурда иштирок этишни маъноли ва арзигулик деб топадилар”.
Ушбу дастурларни ташкиллаштирадиган Жамоатчилик билан алоқалар бўлими берган маълумотга кўра, 2005-2006 ўқув йилидан бери ўзбекистонлик 26 талаба ва олим Фулбрайт ва Хамфри дастурлари бўйича АҚШга сафар қилганлар. Уларнинг тахминан ярмиси FLTA дастурида иштирок этган ўқитувчилар бўлган, қолганлари эса бошқа дастурларда иштирок этганлар.
Тошкентдаги Вестминстер университетининг ўқув ресурс марказига раҳбарлик қиладиган, фалсафа ва диншунослик бўйича олим Виктория Левинская Фулбрайт дастурида иштирок этган ўзбекистонликлардан бири. У 2002-2003 ўқув йилини Фулбрайт ташрифчи олими сифатида пойтахт Вашингтондаги Американинг Католик Университетида сиёсий фалсафа ва фуқаролик жамиятига оид масалалар бўйича лекция ўқиган. У шунингдек, Оҳайо штатидан тортиб мамлакатнинг шимолий ғарбидаги Айдаҳо штатигача бўлган Америка университетларида айни мавзу бўйича лекция ўқиган.
Левинская яна бир бор Фулбрайт мутахассиси сифатида “Ислом дунёсига тўғридан-тўғри йўл” номли дастурда 2007 йили иштирок этди. Левинская, АҚШдаги иқтисодий жиҳатдан энг кам ривожланган штатлардан бири Миссисипи пойтахти - Жэксон шаҳридаги, асосан афроамерикалик талабалар қатнайдиган ўқув муассасаси Жэксон Давлат Университетига бириктирилган эди.
У мактаблар, фуқаролик гуруҳлар ва асосан қора танлилар ўқийдиган Миссисипи атрофидаги бошқа қоллежларда, Ўзбекистон ва ислом дини асослари ҳақида, бу мавзу бўйича жуда кам ёки ҳеч нарса билмайдиган тингловчиларга лекция ўқиган. Теология ҳақида батафсил муҳокамага киришишдан кўра, Левинская Ўзбекистондаги бозорлар, масжидлар ва қишлоқ ҳудудлари суратларини намойиш этган, озиқ-овқат, кийиниш ва олис юртнинг анъаналари ҳақида кўпроқ гапирган.
Левинскаянинг айтишича, у тингловчиларнинг билимга бўлган чанқоғи ва уларнинг самимий қутловидан ҳайратга тушган.
“Улар мени қутлашар эди, улар жуда меҳмондўст эдилар”, дейди у Миссисипидаги тингловчилар ҳақида гапирар экан.
Америкаликларга Ўзбекистон ва ислом дини ҳақида лекция ўқишдан ташқари, Левинская, ирқлараро муносабатлар, Шимол ва Жанубдаги штатлар орасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳамда АҚШда тил ва маданиятдаги ҳудудий фарқлар ҳақида жуда кўп нарса ўрганганини айтди. Унинг Миссисипидаги тажрибаси пойтахт Вашингтондаги тажрибадан тубдан фарқ қилар эди, дейди у, эҳтимол кўпроқ қаноат ҳосил бўларди.
Левинская Ўзбекистондаги олимлар ва талабаларни Фулбрайт дастурида иштирок этишга чақирди. Бу ажойиб шахсий тажрибадир ва давлатлар орасидаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг яхши йўлидир, деди у.
“Баъзан америкаликлар ҳақида гап кетганда одамларда ҳайиқиш ёки нотўғри тасаввур ҳосил бўлади. Эҳтимол улар, америкаликлар дўстлашмайдилар ёки америкаликлар қизиқмайдилар, деб ўйлашса керак”, дейди Левинская. “Одамларнинг бизга қизиқиши жуда катта. Айниқса, кичиқроқ шаҳарчаларда сиз юлдузга айланасиз. Сиз ўз мамлакатингизнинг жуда яхши элчиси бўлишингиз мумкин”.


