Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > Элчихона янгиликлари > АҚШнинг юқори мартабали зобитлари Ўзбекистоннинг маданияти ва тарихи билан танишмоқдалар
Skip Left Section Navigation

2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар

Close Window АҚШ Ҳаво кучлари академиясининг юқори мартабали зобитларидан иборат делегацияси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон бўйлаб уюштирган сафари доирасида Фарғона шаҳрига ташриф буюрди
АҚШ Ҳаво кучлари академиясининг юқори мартабали зобитларидан иборат делегацияси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон бўйлаб уюштирган сафари доирасида Фарғона шаҳрига ташриф буюрди

АҚШнинг юқори мартабали зобитлари Ўзбекистоннинг маданияти ва тарихи билан танишмоқдалар (03/13/2009)

АҚШ Ҳаво кучларида ўтказган даври мобайнида подполковник Мэтъю Кмон асосан учоқларни парвозга тайёрлаш билан боғлиқ механик ва техник-моддий масалалар билан машғул бўлган. Узоқ вақт давомида учоқларнинг техник ҳолатига масъул бўлгани боисми, Кмон, Ҳаво кучларининг ҳарбий академиясида ўқишга таклиф этилганда, ҳайрон бўлганди. Академияда Кмон АҚШ Қуролли кучларининг бўлажак етакчиларини миллий хавфсизлик сиёсати доирасида фикр юритишга ва стратегик режалашга ўргатувчи дастур бўйича таҳсил олган.

Мазкур дастур Кмон ва Ҳаво кучлари ҳарбий академиясидаги тўққиз нафар бошқа талабанинг март ойида Марказий Осиёга келишларига сабаб бўлди. Кмон ва унинг ҳамкасблари икки ҳафта давомида Қозоғстон, Тожикистон ва Ўзбекистонда бўлдилар. Бу ташриф улар Минтақавий тадқиқотлар бўйича топширишлари керак бўлган курс ишининг бир қисми эди. Бу дастур АҚШ Қуролли кучларининг ушбу бўлажак етакчиларига Марказий Осиё минтақасининг сиёсати, иқтисоди, тарихи ва маданиятига оид батафсил билим бериш учун ташкил этилган. 
 
Ўзбекистонда улар Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозимлари билан учрашдилар, Тошкентнинг шимолий-шарқидаги ҳарбий қисмларни зиёрат қилдилар ва Ҳаво кучлари академиясида ўзлари зўр бериб ўрганаётган мамлакатни ўз кўзлари билан кўрдилдар. Улар Фарғона водийсидан то Самарқандга бўлган сафар чоғида мамлакатнинг бугунги эҳтиёжлари ва эртанги мақсадлари ҳақида билимга эга бўлишга интилдилар ҳамда АҚШ ва Ўзбекистон орасидаги ҳам фуқаролар, ҳам ҳарбийлар орасидаги ҳамкорлик икки давлатга ўша мақсадларга эришишда қандай ёрдам бера олиши ҳақида фикр юритдилар.    

Бундай ўзига хос минтақавий тадқиқот АҚШнинг замонавий, бир-бирига боғлиқ дунёдаги роли ҳақида чуқур фикр юрита оладиган юқори мартабали зобитларни тайёрлайдиган Ҳаво кучлари академияси мақсадининг асосий қисмидир. Ўн нафар талабадан иборат ушбу гуруҳ Марказий Осиёга сафар қилар экан, Ҳаво кучлари академиясининг бошқа талабалари ҳам дунёнинг бошқа минтақаларига шундай сафарлар уюштирганлар.  
  
“Дунёқарашимизни кенгайтириш ва жойларнинг маданий жиҳатини ўрганиш жуда муҳим”, дейди Кмон, Тошкентдаги ош марказида палов солинган косани ола туриб. “Дунёнинг бу минтақасига катта умид боғланмоқда... Биз ортга қайтишимиз эмас, балки иштирок этишда давом этишимиз тўғри бўлади”.

Ҳаво кучлари академияси АҚШ Ҳаво кучларининг юқори мартабали зобитлари малакасини оширадиган маскандир. Ўзбекистонга келган ҳар бир талаба Ҳаво кучлари, қуруқликдаги қўшинлар ёки денгиз пиёда қўшинларининг подполковниги ёки полковнигидир, улар билан бирга АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали бир фуқаро вакили ҳам бор. Аввалари бу зобитлар ўз эътиборларини ҳарбий нуқтаи назардан келиб чиқиб, тактик ва оператив масалаларга мужассам қилар эдилар. Ҳаво кучлари академиясининг мақсади уларни энг юқори ҳарбий мартабаларга эришганларида стратегик режалаш ва сиёсатни белгилай олишга тайёрлашдан иборат. Буни амалга ошириш эса ҳарбий билимни АҚШ дипломатлари, ҳамкор давлатларнинг етакчилари ва АҚШ ҳукуматидаги қарор қабул қилувчилар эҳтиёжи билан мувофиқлаштиришни талаб этади, дейди Кмон.

“Биз ҳарбий фикрлашдан стратегик фикрлашга ўтмоқдамиз. Бундан мақсад Миллий Хавфсизлик Стратегияси, сиёсатчилар, бошқа идоралардан маслаҳат ва йўриқномалар олишга ўрганиш ва ҳарбий соҳадаги бўшлиқни тўлдиришдир”, деб тушунтиради Кмон. 

Делегациянинг яна бир аъзоси, АҚШ Ҳаво кучларининг заҳирадаги подполковниги Жефф Хинричснинг таъкидлашича, зобитларнинг ҳеч бири минтақа бўйича мутахассис бўлиб чиқмаса-да, аммо Ўзбекистон ва Марказий Осиё билан бўлган танишув, уларнинг минтақа ҳақидаги тасаввурига катта таъсир ўтказди. Унинг айтишича, улар ноҳукумат ташкилотлар етакчилари, бу ерда хизмат қилаётган АҚШ ва БМТ мулозимлари ва кўплаб фуқаро ва ҳарбий ўзбекистонликлар билан учрашганлар.

“Мен уларнинг меҳмондўстлиги ва биз билан мулоқотда нақадар киришимли эканликларидан ҳайратда қолдим”, дейди Хинричс. “Бу ҳолат сизга минтақада ҳамкорлик олиб боришда давом этиш ёки янада кучайтириш борасида оптимизм бахш этади, уларда ҳам шуни давом эттириш истаги борлиги кўринади”.
Кмоннинг айтишича, Ҳаво кучлари академияси курс иши, жумладан Марказий Осиёга ташриф, унинг учун бутунлай янгича фикр юритиш имконларини очди. 

“Менинг дунёқарашим тубдан ўзгарди”, дейди у. “Илгари мен, масалан, аэродром майдонига, унга қанча учоқ сиғишига аҳамият берардим. Энди эса “менинг бу ерда ҳозирлигим ушбу мамлакатлар тараққиёти учун нима беради? Менинг бу ерда ҳозирлигим қандай қилиб ҳаёт сифатини яхшилаши мумкин?” деган саволларга аҳамият бераман. Академия менинг тор доирада фикрлаш одатимни кенгроқ фикрлашга ўзгартиришга мажбур этди”.