2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Кутубхоналар бўйича мутахассис АҚШ ва Ўзбекистон кутубхоналари ўртасида алоқалар ўрнатмоқда (04/08/2009)
Америка Қўшма Штатлари кутубхоначиси икки давлат кутубхоналари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш ва замонавий воситалар орқали интернетда ахборотларни топишга рағбатлантириш мақсадида апрел ойида Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Виллиам Мидлтон АҚШ Давлат Департаменти кутубхоначиси бўлиб, Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатларидаги Ахборот Ресурс Марказлари (АРМ) фаолиятини кузатиб боради. АҚШнинг Тошкентдаги Элчихонаси қошидаги марказга ўхшаган АРМлар инглиз тилида китоблар ва журналлар, электрон маълумотлар базаси ва материаллардан ташкил топган кутубхоналардир. АРМ барча учун очиқдир.
Ушбу ойда минтақа бўйлаб қилган сафари давомида Мидлтон Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрди. Унинг айтишича, у бу ердаги АРМ ходимлари билан маслаҳатлашган ҳолда, АРМни Ўзбекистон кутубхоналар тармоғи билан бирлаштириш йўлларини қидирмоқда.
Мидлтон Самарқанд ва Бухородаги Ахборот ва Кутубхона Марказларига ҳамда мамлакатнинг марказий кутубхонаси бўлиб хизмат қиладиган Тошкентдаги Миллий Кутубхонага ташриф буюрди. Унинг мақсадларидан бири ўзбекистонлик ҳамкасблари билан икки давлат кутубхоналари ўртасидаги мавжуд алоқаларни яхшилаш ва янги алоқалар ўрнатиш масалаларини муҳокама қилишдир.
Ҳозирги пайтда Тошкентдаги Миллий Кутубхона пойтахт Вашингтондаги Конгресс Кутубхонаси ҳамда Бостон Норсистерн Университети кутубхонаси билан боғланган бўлиб, бу ўзаро ахборотлар нашри билан алмашиш имконини бермоқда. Сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистондан олти нафар кутубхоначи АҚШ кутубхоналари билан малака алмашинув дастурларида иштирок этди.
Бундай алмашинув дастурлари давом этишига умид қиламан, дейди Мидлтон.
Мидлтоннинг ташрифи Самарқанддаги кутубхонага инглиз тилида чоп этилган китобларни совға қилиш вақти билан тўғри келиб қолди. Тошкент ва Фарғона кутубхоналарига ҳам келаётган ҳафталарда худди шундай совғалар топширилади. Учта совғанинг ҳар бири 150 дан зиёд инглиз тилидаги китоблар, жумладан романлар, инглиз тили дарсликлари ва малакали кутубхоначилар учун материаллардан иборат.
Булар АРМ томонидан кутубхоналарга берилаётган биринчи совғалар бўлди, Мидлтон эса бундай кўмак янада кўпроқ бўлишига умид қилаётганлигини таъкидлади.
“Ўзбекистонда инглиз тилига бўлган қизиқиш жуда юқори, бу эса биз учун афзалликдир” дейди у. Агар қизиқиш бўлса, АҚШ Давлат Департаменти инглиз тили бўйича ресурсларни кутубхоналар орасида самаралироқ тақсимлай олади.
Ўзбекистонга ташрифи давомида Мидлтон ҳар ҳафта АҚШ Элчихонасида ўтказиладиган “Чай Чат” клубининг (АРМнинг инглиз тилида суҳбатлашиш клуби) “Ижтимоий ахборот воситаси: Веб 2.0 ўзаро мувофиқлаштирилган технологиялар тараққиёти” мавзуси бўйича ташкил этилган суҳбатни олиб борди. “Википедиа сингари янги интернет орқали изланиш воситалари, Фейсбук каби танишув ва алоқа ўрнатиш сайтлари изланувчиларнинг ахборот қидириш усулларини ўзгартирмоқда ҳамда бу мавжуд ахборотларнинг кескин кўпайиб кетишига сабаб бўлмоқда” дейди у.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда бир қатор танишув ва алоқа ўрнатиш сайтларига қизиқиш ортиб бормоқда, бу ахборотларни топиш ва таснифлаш бўйича янги усулнинг бошланишидир. Анъанавий сайтлар фақат бир томонлама бўлиб, изланувчи керакли маълумотни сайтдан олади – Веб 2.0 воситалари эса сайтга ташриф буюрувчиларга сайтда ахборот ва маълумотлар қолдиришлари учун имконият бериб, онлайн жамоаларни юзага келишига сабаб бўлади.
“Бу жараён бизнинг интернетдан фойдаланиш тарзимизни ўзгартирмоқда” дейди у. “Бу эса ахборот топишнинг тамомила янги техникасидир”.
Хоҳ интернет воситалари орқали, хоҳ анъанавий кутубхоналарни такомиллаштириш орқали бўлсин, Мидлтоннинг айтишича, унинг мақсади ўзларига керакли ахборотларни қидираётган инсонларга ёрдам қўлини чўзишдир.


