2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Америка Савдо Палатаси халқаро бизнес ширкатлари хизматида (04/16/2009)
Ўзбекистондаги Америка бизнес жамияти унчалик катта эмас, аммо бу ерда фаолият юритаётган кўпчилик бизнес ширкатлари Ўзбекистондаги Америка Савдо Палатасида (АСП)фаолдир. Мамлакатда фақат бизнес соҳасидаги ширкатларга хизмат кўрсатувчи гуруҳлардан ҳисобланган АСП Ўзбекистондаги халқаро бизнес ширкатларнинг эҳтиёжлари учун хизмат қилишда муҳим рол ўйнайди.
Америкалик ишбилармонлар АСПнинг 80 дан зиёд аъзоларининг оз қисмини ташкил қилади холос. Америка корпорациялари томонидан таъсис этилган UzTexaco ва UzAIG каби компаниялар билан бир қаторда Siemens, CNH France ва Royal Bank of Scotland каби бошқа хорижда жойлашган трансмиллий корпорациялар ҳам аъзолар қаторидан ўрин олган. Аъзолар хедж фондлардан тортиб юридик фирмалар, қишлоқ хўжалик корхоналари, меҳмонхоналар ва Интернет хизмати провайдерларигача бўлган турли хил бизнес жабҳаларида фаолият юритишади. Аъзолар орасида жисмоний шахслар ва БМТ Тараққиёт Дастури ва Жаҳон Банки сингари халқаро ташкилотлар ҳам бор.
Аъзоларнинг ҳар бири мамлакатдаги бизнес муносабатларни мустаҳкамлашга ва бизнес юритиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишдан манфаатдор, дейди Америка Савдо Палатаси президенти ва хусусий сармоялар фирмаси Марказий Осиё Кичик Корхоналар Фонди бошқарувчиси Доналд Николсон II. АСП эса уларга бу ишларни амалга оширишда ёрдам беради.
“Бизнес жамияти учун хизмат кўрсатувчи ташкилот бўлиши лозим. АҚШдаги ҳар қандай шаҳарча ёки бизнес муассасаси бизнес форумга эга” дейди Николсон. “Бизнес жамият учун нима ёрдам қила оламиз?’ деган саволдан келиб чиқамиз. Бизнинг мақсадимиз ушбу жамиятга ёрдам беришдир.”
АҚШ Савдо Палатаси аъзоси ҳисобланган АСП Ўзбекистонда 1997 йилдан буён фаолият юритиб келади. Николсоннинг айтишича, АҚШ Савдо Палатасининг Тожикистонда (Душанбедаги АСПнинг очилишига Тошкентдаги АСП етакчилари кўмак беришган), Қозоғистонда ва Қирғизистонда ҳам ваколатхоналари мавжуд.
АҚШ Элчихонасининг Иқтисод масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт МакКатчеоннинг айтишича, АҚШнинг Тошкентдаги Элчихонаси бизнес муҳитни кузатиш ва Ўзбекистонда ишлашга қизиқиш билдирган Америка ишбилармонларига ёрдам бериш учун АСП билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Унинг таъкидлашича, ўз вақтининг учдан бир қисми АСПга ҳам тегишли бўлган масалаларга бағишланади ҳамда АҚШ Элчиси Ричард Норланд ва АҚШ Элчихонасининг бошқа юқори лавозимли ходимлари АСПнинг ҳар ойда ўтказиладиган йиғинларига доимий равишда ташриф буюришади.
“Шубҳасиз, улар бу ердаги Америка бизнес доираси учун энг муҳим одамлардир” дейди МакКатчеон. МакКатчеон, бу ерда ишлашга қизиқиш билдирган Америка компанияларига АСП ва АҚШ Давлат Департаментининг Ўзбекистон бизнес муҳити бўйича умумий маълумот берувчи қўлланмаси билан танишиб чиқишга маслаҳат беради. “АСП кўп керакли маълумотлар манбаидир. Бу ерда рўй бераётган ҳодисалардан бехабар қолмайди киши.”
АПС бизнес муносабатла рни ўрнатиш ва алоқада бўлиб туриш учун ўз аъзолари учун ҳар ойда учрашувлар ва бизнес йиғинлар ўтказади. Улар нотиқларни таклиф қиладилар ҳамда махсус учрашувларни ташкил этадилар. Шундай учрашувлардан бири 2008 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондаги миссияни қўллаб-қувватлаш учун товар ва хизматлар етказиб бериши мумкин бўлган корхоналарлар билан учрашуви бўлди. АСП ушбу корхоналарни аниқлаш бўйича АҚШ Элчихонаси билан бирга ишлади ҳамда корхона раҳбарларини АҚШ ҳарбийлари вакиллари билан таништириш учун учрашув ташкил қилди.
АСП ўз фаолияти ҳақида ҳамда бизнес муҳитга алоқадор бўлган, янги солиқ талабларидан тортиб то Ўзбекистонни туризм макони сифатида тарғиб этиш бўйича маслаҳатларгача бўлган мақолалардан ташкил топган, ҳар чоракда чоп этиладиган “Бизнес Алоқалар” журналини нашр этади.
АСПда Савдо ва сармоялар, Банк ва молия, Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби ҳамда Туризм бўйича қўмиталар фаолият юритади. Аъзоларнинг айримлари “Келажак илми” Халқаро Бизнес Мактаби кенгашининг аъзоларидир, шунингдек АСП етакчилари унинг аъзолари ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида бизнес жамиятнинг долзарб масалалари юзасидан мулоқот йўлларини ўрнатиш учун иш олиб борадилар, дейди Николсон.
Унинг айтишича, энг асосий муаммолардан бири валюта конвертациясидир. Хорижий компаниялар айрим пайтлар Ўзбек сўмдаги тушумларини хорижий валютага айирбошлашда қийинчиликларга дуч келади. Шу билан бирга, ўз ходимларига маош тўлаш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар сотиб олиш учун ўзларининг хорижий валюталарини сўмга айирбошлашда ҳам қийинчиликлар мавжуд, дейди у.
“Мақсадларимиздан бири Ҳукумат билан мулоқот қилиш ва керакли ечимларни топишга ҳаракат қилиш” дейди Николсон. “Агар биз ечимларни топишга муваффақ бўлсак, бизнес жамияти тараққий этади. Муваффақиятли натижаларга эришар эканмиз, бошқа бизнеслар ҳам кириб келади.”
АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги муносабатлар илиқлашиб бориши халқаро бизнес учун зарур бўлган муҳитга ижобий таъсир қилади деб ўйлайман, дейди Николсон. Унинг айтишича, ноҳарбий юкларни Ўзбекистон ҳудудидан Афғонистонга олиб ўтиш бўйича шартноманинг икки ҳукумат томонидан яқинда қабул қилинганлиги ушбу илиқлашётган муносабатлардан далолат беради.
“Агар АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари биз умид қилганимиздек яхшиланар экан, бутун бизнес жамияти яхшиланади” дейди у, ва Ўзбекистон Ҳукумати раҳбарлари хорижий инвестицияларни кўпайтиришга умид боғлашаётганлигини бир неча бор маълум қилишганлигини қўшимча қилди.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун бу ерда жуда кўп нарсалар мавжуд, дейди у. Николсон Ўзбекистоннинг ишончли ва яхши маълумотга эга бўлган ишчи кучи, бой табиий ресурслари ва умумжаҳон иқтисодий таназзул давомида ҳам сезиларли ўсишда давом этган иқтисодиётини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Ҳукумати 2008 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўсиши 9 фоизни ташкил этганлигини маълум қилди, бу кўрсатгич Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки (ЕТТБ) ва бошқа мустақил ташкилотлар томонидан башорат қилинган кўрсаткичлар билар ҳамоҳанг. ЕТТБ 2009 йилда иқтисодий ўсиш 5 фоизга пасайишини башорат қилмоқда, бу эса ҳозирги глобал иқтисодий муҳит учун анча салмоқли кўрсаткич ҳисобланади.
“Ҳозирги молиявий таназзул шароити асносида Ўзбекистоннинг аҳволи анча яхши кўринади” дейди Николсон.
Иқтисодий ўсиш ва хорижий инвестициялар учун муҳит ўзгариши билан, АСП халқаро бизнес ҳамжамиятининг асосий овозлардан бири бўлишда давом этади, дейди у.


