2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
АҚШ Суд-тиббиёт олими далилларни таҳлил қилиш бўйича маърузалар қилди (05/03/2009)
Техас штатининг Хюстон шаҳридан келган Бош тиббиёт эксперти суд-тиббиёт олимлари, терговчилар, прокурорлар ва судъялар учун суд-тиббиёт соҳасига тегишли бўлган, жасаддаги заҳарларни аниқлашдан тортиб то гумон остидаги шахснинг ДНК изларини топиш масалалари бўйича бир ҳафталик малака ошириш курсини олиб бориш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.
27-апрелдан 3-майгача бўлган вақт мобайнида Тошкент ва Бухорода ўтказилган бир неча анжуманларда Доктор Луис Санчез “Гиёҳвандлик ўлим ҳоллари ва ўқ тегиш натижасидаги жароҳатлар”, “Автоҳалокатлар, Гўдак ёшидаги болаларнинг тўсаттан ўлиш ҳоллари, Болалар номусига тегиш” ва “Ўлим сабаблари ва усулларини ўрганиш” каби мавзулар бўйича маърузалар ўқиди.
Санчез ўлим сабабларини аниқлаш учун жасадларни текшириш, ашёвий далилларни топиш, ДНКларни таҳлил қилиш ва бошқа моддий далилларни аниқлаш вазифаларини бажарувчи гуруҳга раҳбарлик қилади. Полиция ва прокуратура ходимлари унинг гуруҳи тайёрлаб берган таҳлиллар ва талқинлардан жиноятларни фош қилишда фойдаланишади.
Суд-тиббиёт фанлари криминалистика тизимининг асосий таянчидир, чунки улар жиноий ишларни очишда инкор қилиб бўлмайдиган далилларни тақдим этади, дейди Санчез.
“Илм-фан адлия тизимининг пойдеворидир”, дейди у, “шунинг учун, натижалар аниқ бўлиши учун, бу жараённинг тўғри олиб борилиши ўта муҳимдир”, деб қўшимча қилади у. “Лабораторияларда олиб борган усулларимиз суд жараёнида ўз татбиқини топиши лозим”.
Мана шу сабабли, Ўзбекистонда ўтказилган муҳокамаларнинг аксарияти жиноят содир этилган жойлардан далилларни мақбул услубда йиғиб, уларни лабораторияларда таҳлил қилиш жараёнлари учун мезонлар ишлаб чиқиш ва кучга киритиш масалаларига қаратилди.
Бин неча йиллардан буён АҚШ Ҳукумати Ўзбекистон билан суд-тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилиб келаяпти. 28-апрел куни Тошкентда бўлиб ўтган конференциянинг очилиш маросимида АҚШ Элчиси Ричард Норланд, АҚШ Ҳукумати Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига тегишли Бош Суд-тиббиёт Лабораториясини қайта тиклаш, Санчез каби ташриф буюрувчи экспертлар билан малака ошириш курсларини ташкил қилиш ва касб маҳоратини оширишга оид конференцияларида қатнашиш учун моддий ёрдамларга $900,000 миқдорида сармоя киритганини таъкидлади.
“Мустаҳкам суд-тиббиёт тизими адолат ўрнатишда ёрдам беради”, дейди Норланд. “АҚШ Элчихонаси Ўзбекистон билан суд-тиббиёт фанларини ривожлантириш бўйича узоқ муддатдан бери олиб бораётган ҳамкорлигидан фахрланади”.
Унинг айтишича, Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг суд-тиббиёт лабораторияси Халқаро Стандартлар Ташкилотининг гувоҳномасини олиш устида иш олиб бормоқда, ва ишонаманки дейди у, улар бу гувоҳномани олишга муваффақ бўлишади.
Санчез суд-тиббиёт фанлари бўйича малака ошириш курсларини 1996 йилдан буён Лотин Америкаси, Африка ва Марказий Осиё мамлакатларида олиб бораяпти. Ҳар бир минтақадаги судъялар, ҳуқуқшунослар ва терговчилар суд-тиббиёт фанининг суд тизимини мустаҳкамлашдаги роли ҳақида жуда ҳам ижобий фикрдалар, дейди у.


