2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
АҚШ элчиси Навоийда савдо-саноат соҳаси билан танишмоқда (05/13/2009)
АҚШ элчиси Ричард Норланд Навоийда вилоят раҳбарияти билан учрашиб, бизнес имкониятларини кенгайтириш мақсадида заводлар, саноат корхоналари ва Навоий шаҳридаги янги Эркин саноат-иқтисодий ҳудудга ташриф буюрди.
Элчининг ташрифи Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва бизнес етакчиларининг Навоий вилоятига сармоя жалб қилиш мақсадида инфратузулма ва иқтисодий рағбатлантирувчи омилларни кенгайтиришга қаратилган режаларни амалга ошираётган пайтга тўғри келди. Навоий Халқаро Аэропорти яқин орада ўзининг логистика ва тақсимлаш объектларини ишга тушириб, карго ҳаво транспортлари учун минтақавий марказга айланиш ҳаракатида. Аэропорт ёнида жойлашган Эркин саноат-иқтисодий ҳудуд (ЭСИҲ) солиқ имтиёзлари, осонлаштирилган божхона процедуралари ва хорижий ишчиларга оид талабларни енгиллаштириш орқали хорижий сармояни жалб қилишга қаратилган катта мақсадларни кўзловчи лойиҳадир.
“Эркин саноат-иқтисодий ҳудуд катта салоҳиятга эга бўлиб, у ажойиб ғоядир”, деди Норланд ва АҚШда жойлашган “General Motors” каби компаниялар ЭСИҲдан фойдаланишга доир дастлабки қизиқиш билдирганидан мамнун экани ҳақида қўшимча қилди.
Ушбу инфратузулмаларни такомиллаштириш жараёнлари ҳамда Навоий вилояти ўзининг кон ва саноат заҳиралари билан Ўзбекистон иқтисодининг юраги эканлиги элчи Норландда, унинг айтишича, вилоятни ўз кўзи билан кўриш иштиёқини пайдо қилган. Элчи Норланднинг таъкидлашича, АҚШ ва Ўзбекистон Навоий аэропорти ва Ўзбекистон транспорт тизимидан ноҳарбий товарларнинг Афғонистонга тижорий транзити учун фойдаланиш бўйича битимга эришганлиги иқтисодий ҳамкорлик учун каттароқ салоҳият ва такомиллашган транспорт инфратузулмасининг бир қисмигина холос.
“Ҳарбий масалалар бўйича муҳокамалар ушбу вилоятга лозим бўлган кенгроқ иқтисодий ва тижорий ҳамкорликдан дарак беради”, деди Норланд. Унинг айтишича, темир йўл линияларини Ўзбекистон чегарасидан Жанубий Осиё шоҳ йўллари тизимига туташувчи Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳригача ётқизиш ҳақидаги муҳокамалар нафақат Афғонистон, балки Ўзбекистон ҳамда бутун Марказий Осиёнинг иқтисодий манфаатига хизмат қилади. “Минтақадаги иқтисодий тараққиёт учун бандаргоҳ ва янги бозорларга чиқиш йўллари керак. Бу барчанинг манфаатига хизмат қилади”.
Норланд Навоий вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва ЭСИҲ мудири Азамат Авезов билан учрашди. Сўнгги ойларда ишчилар ЭСИҲ томон йўл, сув ва газ линияларини тортиб, у ерда маъмурий бинолар барпо эта бошладилар. Ҳудуд пировардида ўзининг темир йўл станцияси, юк машиналари тўхташ жойи, ёнғиндан сақлаш ва логистика кўмак марказларига эга бўлади.
Ташриф чоғида элчи собиқ Совет иттифоқи ҳудудидаги энг катта цемент заводи деб айтилаётган Қизилқум цемент заводига ташриф буюрди. Бу завод йилига 3 миллион тонна цемент ишлаб чиқаради. Норланднинг айтишича, АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги саъй-ҳаракатлар учун кўпроқ Ўзбекистонда ишлаб чиқилган маҳсулотлар сотиб олишни кўзламоқда.
“Бу завод улкан салоҳиятга эга”, деди элчи. “Умид қиламанки, Америка ва Афғонистон шартномаси бўйича ишлаётган компаниялар Афғонистондаги лойиҳаларни бажариш учун ушбу заҳиралардан фойдаланадилар”.
Элчи, шунингдек, Навоийазот кимё заводи ва дунёдаги уран ва олтин ишлаб чиқарувчи 10та энг йирик корхоналардан бири бўлган Навоий кон ва металлургия комбинати раҳбарияти билан учрашди. Р. Норланд Навоий шаҳрининг шимолий-шарқида жойлашган Сармиш-сой дарасидаги 3000 йиллик қоятош ёдгорликларини ҳам бориб кўрди.
2007 йили Ўзбекистонга элчи бўлиб келганидан бери, элчи Норланд Ўзбекистоннинг 14 маъмурий ҳудудларидан 12 тасига ташриф буюрди ва қолган иккитасига келаси ойларда боришни режалаштирмоқда.


