2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Талабалар Бизнес бошқаруви дастурлари бўйича видео-анжуманда иштирок этдилар (05/28/2009)
Америка университетларида Бизнес бошқаруви бўйича магистрлик унвонини олиш ҳақида Бизнес мактаби мудири билан суҳбатлашиш учун олтмишдан ортиқ талаба АҚШнинг Тошкентдаги Элчихонасига ташриф буюрди.
28 май куни бўлиб ўтган видео-анжуман талабаларни Пембрукдаги Шимолий Каролина Университети Бизнес бошқаруви бўйича магистрлик (MBA) дастурининг мудири Ҳовард Линг билан боғлади. Видеокамералар орқали Тошкентдаги талабалар МВА дастурлари доирасида таълим олиш масалалари, бу унвон ёрдамида қандай касб эгаси бўлиш мумкинлиги ҳамда стипендия ва бошқа молиявий ёрдам олиш ҳақида Линг билан суҳбатлашдилар.
Рақамли видео-анжуман (DVC) элчихонанинг Таълим бўйича маслаҳат маркази (ТММ) томонидан ташкиллаштирилган бўлиб, ушбу марказ Америка Қўшма Штатларида ўқишни режалаштираётган Ўзбекистондаги талабаларга кенг қамровли ресурслар тақдим этади. ТММ директори келаси ойларда олий таълимга оид турли мавзулар бўйича кўпроқ DVC ўтказиш режаси борлигини айтди.
“Видео-анжуман талабалар учун жуда фойдали бўлди”, дейди у, “чунки улар МВА дастурлари бўйича мутахассис билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва ундан истаган саволларини сўраш имконига эга бўлдилар”.
Маркетинг фани бўйича дарс берадиган ва ўз бизнесини бошқарадиган Линг МВА дастурларида ўқитиладиган муайян курс ишлари, Чет тили сифатида инглиз тилини билиш даражасини синаш (TOEFL) ва Битирувчилар Менежмент Кириш Синовлари (GMAT) балларининг ўқув юртларига киришдаги аҳамияти ҳақида сўзлаб, энг мақбул стипендиялар топиш бўйича маслаҳат берди.
Конференция давомида талабаларга МВА дастурлари бўйича бошқа ахборот ҳам тақдим этилди, бизнес мактаблари ва GMATга оид веб-сайтлар манзиллари маълум қилинди.
АҚШдаги коллежлар ва университетлар фаол равишда Марказий Осиёдан талабаларни жалб этиб келишмоқда (бу ҳақдаги мақолани бу ерда ўқишингиз мумкин). ТММдаги таълим масалалари бўйича маслаҳатчининг айтишича, TOEFLда 100 ёки ундан юқорироқ балл олган талабаларнинг АҚШдаги олий ўқув юртларида ўқиш учун стипендия ва бошқа молиявий кўмак олиш имкони катта бўлади. ТММ бепул ва барча учун очиқ бўлган хизматлар кўрсатади, жумладан талабаларга молиявий кўмак топишга ёрдам беради.


