2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
АҚШ элчиси Президент Обама нутқини муҳокама қилишга рағбатлантирмоқда (06/09/2009)
Президент Барак Обаманинг 4 июнь куни ислом дунёсига қарата қилган мурожаатини тарихий ҳодиса дер экан, АҚШ элчиси Ричард Норланд Ўзбекистондаги дўстлари ва ҳамкасбларининг ушбу нутқ ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ва муносабатларини интиқлик билан кутаётганини айтди.
“Бу нутқ ноёб тарихий ҳодиса бўлди”, деди Норланд. “Америка Президенти илк маротаба тўғридан-тўғри ислом дунёсига мурожаат қилишидир.”
4 июнь куни Қоҳирада қилган нутқида Президент Обама АҚШ ва ислом дунёси орасида ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган “янги бошланиш”га интилишини айтди. Обама ўзининг ҳаёти, Америка маданияти ва умуман исломнинг тамаддунга таъсири ҳақида гапириб ўтди. У, шунингдек, Исроил-Фаластин можароси, Эрон билан муносабатлар ҳамда Ироқ, Афғонистон ва Покистондаги урушлар борасида АҚШ маъмурияти кўраётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Президент нутқининг инглиз, ўзбек, ёки рус тилларидаги матнини ўқишингиз ёки видеолавҳани томоша қилишингиз мумкин.
Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Ўзбекистондаги кўплаб одамлар мазкур нутқда айтиб ўтилган мавзуларга қизиқиш билдиришади, деб ҳисоблашини айтди Норланд.
Обама инсоният тарихи давомида мусулмонларнинг илм-фан, тиббиёт, санъат, риёзиёт ва адабиёт соҳаларидаги улкан роли ҳақида гапириб ўтди. Норланднинг айтишича, ушбу соҳалардаги энг ёрқин зиё нурларининг баъзилари Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихидан жой олганлар: IX аср риёзиёт олими Муҳаммад ал-Хоразмий, унинг исмидан “алгебра” ва “алгоритм” истилоҳлари пайдо бўлган; Бухоро яқинида таваллуд топган ва Ғарбда Авиценна номи билан танилган XI аср табиби ва файласуфи Ибн Сино; XV асрда Самарқандда яшаган ҳукмдор ва замонавий астрономия ҳамда риёзиёт отаси деб ҳисобланадиган Мирзо Улуғбек; Туркий тиллар, жумладан ўзбек тилини мўътабар адабиёт тиллари даражасига кўтарган XV аср шоири Алишер Навоий.
9 июнь куни АҚШ Элчихонаси Президент Обама нутқининг видеоёзувини намойиш этиш ва муҳокама қилишни режалаштирган.


