2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Ўзбекистон фуқаролари Обаманинг ислом дунёсига қарата сўзлаган нутқига муносабат билдиришмоқда (06/11/2009)
9 июнь куни бўлиб ўтган муҳокама пайтида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ Президенти Барак Обаманинг ислом дунёсига қилган мурожаатини “жуда таъсирли”, “муҳим” ва “аниқ тасаввурга эга” деб таърифладилар.
Ҳам америкаликлар, ҳам ўзбекистонликлардан иборат элликка яқин киши Обама нутқи ёзиб олинган видеолавҳани кўриш учун АҚШнинг Тошкентдаги Элчихонасига келишди. АҚШ элчиси Ричард Норланд олиб борган муҳокамада ўзбекистонлик фуқаролар нутқнинг ўзи ва унинг ислом дунёси ҳамда Қўшма Штатларда қандай таъсирга эга бўлиши мумкинлиги борасида бир қатор фикр-мулоҳазалар билдириб, саволлар бердилар.
“Бу сўзлар Обаманинг чин юрагидан айтилаётгани аниқ”, дейди бир ёш аёл АҚШ Президентининг бу йўсинда мусулмонларга мурожаат этаётганини таъкидлаб. “Бу жуда муҳим ишорадир”.
4 июнь куни Обама “Янги бошланиш: Президент Обаманинг ислом дунёсига мурожаати” деб аталган нутқни сўзлаган эди. У ўз нутқида АҚШ ва ислом дунёси орасида ҳурмат, ишонч ва ўзаро англашувга асосланган янги муносабатлар ўрнатиш истаги ҳақида гапирганди. Обама унинг ўзи, Қўшма Штатлар ва дунё тарихига бўлган ислом таъсири ҳақида сўз юритган. Обама, шунингдек, ўз маъмуриятининг Исроил-Фаластин можароси, Афғонистон ва Ироқдаги урушлар, Эрон билан муносабатлар ва ислом дунёси учун алоҳида аҳамиятга эга бошқа масалалар борасидаги мақсадлари ҳақида ҳам тўхтатилиб ўтди.
Унинг нутқини инглиз, рус ва ўзбек тилларда ўқишингиз ёки видеолавҳасини кўришингиз мумкин.
Элчихонадаги муҳокама пайтида ўзбекистонлик фуқаролар билдирган муносабат жуда ижобий бўлди, гарчи нутқда айтилган сўзларни кескинликларга барҳам бера оладиган амалий чораларга татбиқ этиш қанчалик қийин бўлиши ҳақида фикр билдирганлар ҳам бўлди; бошқалар эса ушбу нутқ Америка жамоатчилиги томонидан қандай қабул қилиниши ҳақида саволлар беришди.
“Мен америкаликларнинг ўзлари томонидан бу нутқ қандай қабул қилинишини билмайман”, деди бир аёл. “Нутқда бошқаларга ҳаддан ташқари кўп урғу берилганми дейман”.
Бир аёл нима учун аввалги президентлар мусулмонларга бу каби мурожаат қилмаганликлари ҳақида сўради, бошқа бир аёл эса Обама беназир мавқега эга деган фикрдалигини айтди: “Обама мусулмон мамлакатлар билан яраша оладиган биринчи президентдир”.
Муҳокамага келганлардан, шунингдек, нутқ ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдириш сўралди. Ёзиб қолдирилган фикрлардан бирига кўра, мазкур нутқ энди амалга ошадиган прогрессдан далолатдир.
“Америкаликлар, умуман олганда, ислом дунёсини яхшироқ тушунадиган бўлдилар. Нутқ, шунингдек, мусулмонлар ҳақидаги нотўғри тушунчалар сонини камайтиради ва икки тарафни яқинлаштиради”, деб ёзади иштирокчилардан бири.
Муҳокама пайтида билдирилган ижобий муносабатлар аввалроқ ЎзбекистонТашқи ишлар вазирлигининг расмий матбуот хизмати “Жаҳон” томонидан эълон қилинган баёнот билан ҳамоҳангдир. “Бу ишончсизликка йўғирилган ахлоқсизлик доираси ва мусулмон олами билан зиддиятларга чек қўйиш сари бўлган бир даъватдир”, дейилади пресс-релизда ҳамда ушбу нутқ “реализм ва прагматизм”ни акс эттиради, дея қўшимча қилинади. “Бундай ҳушёр ва ҳаққоний ёндашув... халқаро жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилиниши шубҳасиздир”.
Тошкентдаги АҚШ Элчихонасининг Жамоат билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Кэрол Фаҳардога кўра, нутқ янги муносабатлар барпо этишнинг фақат бошланишидир, аммо айтилган ғоялар Обама маъмурияти сиёсатининг тамал тошига айланади. Фаҳардонинг қўшимча қилишича, мазкур нутқ Обаманинг “Ал-Арабия” телеканалига берган интервьюси, Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табриги ва Туркиядаги жамоатчилик билан учрашувларини ўз ичига оладиган алоқаларни мустаҳкамлаш дастурининг бир қисмидир.


