2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Элчи Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф буюрди (06/16/2009)
АҚШ элчиси Ричард Норланд Фарғона ва Наманган вилоятларига бўлган ташрифи чоғида асаларичилар жамоаси, фермерлар, гилам тўқувчилар, кулоллар ва шойи фабрикаси ишчилари билан учрашди.
Элчи, унинг рафиқаси Мэри Ҳартнет ҳамда Вудров Вилсон номли халқаро олимлар марказидан ташриф буюрган олима Филиппа Струм тоғли йўллар орқали Ўзбекистонга қарашли, Қирғизистон ҳудудига яқин ва аксарият ўзбеклар яшайдиган тарихий маскан - Шоҳимардонга ташриф буюрди.
15 июнда эса элчи XVIII ва XIX асрларда Қўқон хонлиги маркази бўлмиш Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройи ва ундаги музейни кўздан кечирди. Сўнг элчи Риштондаги таниқли кулол Рустам Усмонов устахонасини зиёрат этди.
Тошкентдаги АҚШ Элчихонасининг маданий масалалар бўйича маслаҳатчиси Кэрри Лининг айтишича, Шоҳимардонга ташриф чоғида кўргани гўзал тоғ манзаралари, Фарғона вилояти ҳокимияти вакиллари ва Шоҳимардондаги маҳаллий мулозимлар томонидан америкаликларга кўрсатилган меҳмондўстлик унда катта таассурот қолдирди.
16 июн куни элчи ва унинг ҳамроҳлари Марғилондаги “Ёдгорлик” шойи фабрикасини бориб кўришди. Ушбу фабрика бошқарувчиси Юсуфжон Мамаюсупов АҚШ Давлат Департаментининг Халқаро етакчилар дастури доирасида Америка Қўшма Штатларида бўлиб қайтган. У иштирок этган дастур кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилган эди.
Гуруҳ, шунингдек, Фарғона вилояти Асаларичилар уюшмаси аъзолари билан ҳам учрашди. Уюшманинг бир қанча аъзоси АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ҳомийлигида 2008 йил касбий алмашинув дастурида қатнашиб, АҚШда уч ҳафта бўлган, америкалик асаларичилар ва қишлоқ хўжалигига алоқадор бошқа ҳамкасблари билан алоқалар ўрнатган.
Наманган вилоятининг Поп туманида элчи “Ширинсув Янгиер” номли сувдан фойдаланувчилар уюшмаси аъзолари билан учрашди. “Ширинсув Янгиер” ЮСАИДнинг Сувдан фойдаланувчилар уюшмаларига ёрдам лойиҳаси орқали кўмак олган. Уюшмани қишлоқ хўжалиги тажрибаларига оид ахборот билан таъминлаган AgLinks ташкилоти эса бозорларга чиқишни такомиллаштириш ва узум етиштириш учун кўргазма участка яратишга ёрдам берган.
Наманган ва Фарғона вилоятлари иқтисоди енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги, жумладан пахта етиштириш, мевачилик ва ипак ишлаб чиқариш соҳаларига таянади. Қишлоқ хўжалигининг катта қисми жадал суғоришга боғлиқ.
Поп туманига кетишда гуруҳ тарихий Чуст шаҳрида тўхтаб, у ердаги марказий истироҳат боғига ташриф буюрди ва Чустнинг машҳур пичоқчилик мактаби сирлари билан танишди.
Наманган ва Фарғона вилоятларига қилинган сафар билан элчи Норланднинг Ўзбекистондаги барча 14 та маъмурий ҳудудга ташриф буюришга оид режаси амалга ошди.


