2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
NDI сиёсий партиялар билан декабрдаги сайловларга тайёргарлик кўриш ҳақида мулоқот олиб бормоқда (06/18/2009)
Ўзбекистонда рўйхатга олинган сиёсий партияларнинг вакиллари АҚШнинг Миллий демократик институти ва бошқа ташкилотлар билан 2009 йил декабр ойидаги парламент сайловлари олдидан сиёсий кампания олиб бориш стратегиялари ва услубларини ўрганиш учун семинарларда иштирок этди.
Фуқаро жамиятини ўрганиш институти томонидан ташкил этилган ушбу семинарларда рақобатбардош кампанияларни режалаштириш ва уларни олиб бориш сир-асрорлари ёритилади. Ўрганиладиган мавзулар қаторига номзодларни танлаш, кампания дастури ва шиорларини яратиш, оммавий ахборот воситалари ва рекламадан самарали фойдаланиш ҳамда номзоднинг жамоат билан мулоқотлари тартибини ташкил этиш киритилган.
Миллий демократик институт (NDI)нинг Ўзбекистондаги доимий мудири, 200дан ортиқ сиёсий кампаниялар бўйича иш олиб борган Ричард Глаубнинг айтишича, партия вакиллари мавзуларнинг аксариятини ўзлари таклиф этишган. “Улар ўзлари билишлари керак бўлган муайян нарсаларни сўрашмоқда”.
Сайловларни шу йилнинг декабр ойида ўтказиш мўлжалланган, унда Олий Мажлиснинг қуйи палатасидаги 120 ўринга ҳудудий округлардан номзодлар тўғридан-тўғри сайланади.
NDIнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (ЮСАИД) томонидан молиялаштирилади. NDI Фуқаро жамиятини ўрганиш институти ва сиёсий партиялар каби халқаро гуруҳлар, ноҳукумат нотижорат ташкилотлар (ННТ), илмий-тадқиқот марказлари билан иш олиб боради. NDI 2003 йилдан буён Ўзбекистонда ўз фаолиятини юритиб келади.
NDIнинг ўзи ҳеч бир муайян дастурлар ёқламайди. “Биз очиқ, шаффоф ва мувозанатли дастур олиб борамиз. Биз ҳеч бир тарафга ён босмаймиз. Қай бири кучлироқ ёки яхшироқ бўлишининг бизга дахли йўқ. Биз ҳамма партияларга бир ҳил маслаҳат ва консультация таклиф этамиз”, дейди Глауб.
Сиёсий партияларга кампания тактикалари бўйича ахборот тақдим қилишдан ташқари, NDI соғлиқни сақлаш, етимлар ва ногиронлар ҳуқуқи, аёллар масаласи ва атроф- муҳит каби кенг қамровли масалалар ечимини топишга ҳаракат қилаётган ННТлар билан иш олиб борган. Шунингдек, NDI Ўзбекистон ҳукуматининг ННТлар фаолиятига тааллуқли қонунларни таҳрир қилиши асносида, турли манфаатдор ташкилотлар билан маслаҳат ишларини олиб борган.
“Биз бу ерда Ўзбекистоннинг демократиясини бунёд этишга содиқ бўлган инсонларни кўрмоқдамиз. Биз улар билан иш олиб бормоқдамиз”, дейди Глауб. “Булар жумласига расмий структура вакиллари ҳам киради”.
NDI дунё бўйлаб 70 мамлакатда иш олиб боради. Демократия тузилиши турли шаклда бўлса-да, АҚШдаги каби икки партиявийлик тизим ёки Ҳиндистон, Ботсвана ёхуд Бразилиядаги каби буткул бошқача тизимлар бўлсин, демократиянинг асосий тамойили одамлар ўзларини бошқараётганлар устидан назорат қилиш воситасига эга бўлишидадир.
Ушбу воситалар орасида жамоат билан мулоқот қилувчи ва ўз сайловчиларининг ғоясини сайлов кампанияларида акс этувчи фаол сиёсий партиялар туради.
Ўзбекистонда тўртта асосий, рўйхатга олинган сиёсий партиялар мавжуд: 1991 йилнинг ноябр ойида, энди мустақилликка эришилгач асос солинган энг йирик партия - Ўзбекистон Халқ демократик партияси; яқинда “Фидокорлар” Миллий демократик партияси билан бирлашган “Миллий Тикланиш” партияси; “Адолат” партияси; ва энг ёш партия, тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракати саналган Ўзбекистон Либерал демократик партияси.
Ўз низомларида ҳар бир партия демократия ғояларига содиқ қолишлари тасдиқланади ва ўз партия мавқеларини илгари суришда плюралистик жамиятда рақобат қилишлари эътироф этилади.
Тошкентдаги ЮСАИДнинг фуқаро жамияти масалалари соҳасида иш олиб борадиган, ривожланишга кўмак масалалари бўйича мутахассис Сара Бюкананнинг айтишича, NDI дастурининг мақсади барча партияларга ўз платформаларини мустаҳкамлашга ёрдам беришдан иборат. Бюкананнинг айтишича, партиялар ва бошқа фуқаро жамияти ташкилотлари демократизация жараёнини босқичма-босқич илгари суриб келмоқдалар.


