2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Жазз Квартети Ўзбекистон Сафарида (06/18/2009)
Брайан Хортон Квартети июн ойида Тошкент, Самарқанд ва Гулистон шаҳарлари бўйлаб қилган сафари давомида бир неча жазз концертлари ижро этди ва маҳорат дарслари ўтказди.
Шимолий Каролина штатининг Дюрхам шаҳридан бўлган квартет кўплаб маданиятларга хос ритмлар ва импровизациядан фойдаланган ҳолда блюз ва жазз мусиқаларини ижро этади. Саксофончи ва бастакор Брайан Хортон, дўмбирачи Жаймео Браун, бас гитара ижрочиси Амин Салим ва пианиночи Эрнест Турнер жазз санъати афсоналари бўлмиш Брэнфорд Марсалис ва Американинг поп мусиқа юлдузлари Стиви Уандер ва Карлос Сантаналар билан бирга ижро этишган.
Уларнинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжонга қилган сафарлари Нью- Йоркдаги Линколн Жазз Маркази ва АҚШ Давлат Департаменти томонидан ташкиллаштирилган “Ритм Йўли Мусиқаси Хорижда” Дастурининг бир қисми бўлди.
Брайан Хортон Квартетининг Ўзбекистонга қилган ташрифи 13 июн куни Тошкентдаги “Туркистон” Саройида ўтказилган концерт билан бошланди. 14 июн куни улар маҳаллий санъаткорлар билан биргаликда ҳар якшанба куни жазз концерти ўтказиладиган Тошкент Фотография Уйининг Жазз Клубида чиқиш қилишди. Ўша куни оқшомда улар АҚШ Элчиси Ричард Норланднинг қароргоҳида Ўзбек миллий санъаткорлари ва қўшиқчилари билан биргаликда унутилмас ижролар намойиш этишди.
15 июн куни Квартет Ниёзий номидаги Тошкент Давлат Мусиқа Коллежида ва Успенский номидаги Мусиқага ихтисослашган Республика Академик Лицейида мусиқа бўйича маҳорат дарслари ўтказишди.
Улар Самарқандга 16 июн куни Самарқанд Санъат ва Мусиқа Коллежида чиқиш қилиш учун сафар қилишди, 17 июн куни улар Гулистондаги “Истиқболли Авлод” номли нодавлат нотижорат ташкилоти ёрдами билан Гулистон Драма Театрида ижро этишди.
“Гастролларни доим иштиёқ билан кутаман, бу йилги Ритм Йўли дастурида иштирок этишга биз бажонидил рози бўлдик”, дейди Хортон Тошкентга етиб келганидан сўнг. “Биз доимо янги тингловчи излаймиз, унга қўшилиб ўзимиз ҳам янги мусиқалар тинглаймиз ва бошқалар ҳам ўз мусиқаларини ижро этадилар”, дейди у.
Брауннинг айтишича, у ўзи учун буткул нотаниш бўлган анъанавий ўзбек мусиқаларини ўрганишни интиқлик билан кутган ва ўзбек дўмбираларидан ўз чиқишларида фойдаланишни мақсад қилган.
Ритм Йўли дастури жазз, блюз, блугрэс ва кантри каби америкача мусиқаларни ижро этадиган гуруҳларни халқаро гастролларга юборади. Сўнгги уч йил давомида жазз гуруҳлари Бразилиядан тортиб то Конго Республикаси ва Тинч океанининг Фижи мамлакатигача бўлган 89 давлатларда сафарларда бўлишган.
Ушбу дастурнинг дастлабки номи “Жазз Элчилари” дастури эди. “Жазз Элчилари” дастури 1950 йилларда бошланиб, унда жазз афсоналари Диззи Гиллеспи, Луис Армстронг, Дюк Эллингтон ва Дэйв Брубеклар иштирок этган.
Касбий ва Маданий Алмашинувлар бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Алина Романовскининг айтишича, гастроллардаги мусиқачилар ва улар ташриф буюрган давлатлар ўртасида ўрнатиладиган алоқалар халқлар орасидаги ўхшашликларга урғу беради, шу билан бирга улардаги тафовутларни нишонлайди.
“Маданий дипломатия санъаткорлар ва тингловчиларга маданият, дин, тил ва авлодларда бўлган фарқлардан холи бўлган ҳолда эришиладиган умумий тажрибани баҳам кўришликка ҳамда уларни сарҳадлар оша боғлашга имкон беради”, дейди у. “Ритм Йўлининг асосий маъноси ҳам шунда”.


