2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
Америкалик олима хотин-қизлар ва дин ҳақидаги муҳокамаларда иштирок этди (07/01/2009)
Нуфузли АҚШ олимаси июн ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, хотин-қизлар масалалари ва Америкадаги диний хилма-хиллик каби мавзулар бўйича муноқашалар олиб борди.
Филиппа Струм тарих, сиёсатшунослик ва халқаро муносабатларга оид масалалар бўйича АҚШнинг етакчи институтларидан бири бўлмиш Вудроу Вилсон Халқаро Илмий Марказининг етакчи олимасидир. Марказ тадқиқотчи олимлари ва АҚШ сиёсатини ишлаб чиқишга мутасадди ҳукумат вакиллари ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Ҳарвард Университети ва Нью Йоркдаги “Янги Мактаб” олий ўқув юртларини битирган Струм хоним тўққизта китобга муаллифлик қилган ва кўплаб китобларни тақриз этган; аксарият китоблар АҚШ конституцион ҳуқуқи, хотин-қизлар ҳуқуқи ҳамда Америка мусулмонлари ҳаётига оид масалаларга бағишланган. Струм хоним Европа, Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва собиқ Совет Иттифоқи мамлакатларида маърузалар ўқиган.
Ўзбекистонда Струм хоним Фарғона водийси, Бухоро ва Самарқандга сафар қилди. Тошкентда у Ислом дини уламолари билан учрашди, Маданият Институтининг Ижтимоий Ишлар Бошқармасининг ўқитувчилари ва талабалари билан хотин-қизлар масалалари ҳақида сўз юритди, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг “Ҳамдўстлик” Хотин-қизлар Клуби аъзолари билан норасмий равишда учрашди ҳамда диний хилма-хиллик ва хотин-қизлар масалалари бўйича муноқашалар ўтказди.
“Мен жуда кўп нарса ўргандим: Ўзбекистон тарихи ҳақида жуда кўп маълумотларга эга бўлдим; Ўзбекистон аёллари ҳақида, айниқса, аёлларнинг Ўзбекистоннинг маданий ва интеллектуал ҳаётидаги роли ҳақида кўп тушунчаларга эга бўлдим”, дейди Струм. Струмнинг айтишича, касб эгалари бўлмиш аёлллар билан бўлган кўплаб учрашувларда америкалик ва ўзбек аёлларининг профессионал ва оилавий ҳаётларидаги мувозанатни сақлаш борасидаги муаммоларнинг ўхшашлиги уни ҳайратда қолдирган.
Талабалар, олимлар ва журналистлар билан бўлган суҳбатларда Струм диний хилма-хиллик ва Америка Қўшма Штатларидаги мусулмонлар ҳаёти ҳақида сўз юритди. У 1965 йилдан буён мусулмонлар ва масжидлар сони жадал суратларда ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди. Ўша йили, деди у, АҚШ иммиграция қонунчилигига киритилган ўзгаришлар туфайли, Америкага кўпроқ мамлакатлардан муҳожирлар кела бошлаган эди. Бугунги кунда АҚШда етти миллионга яқин мусулмонларнинг даромади ва маълумоти ўртача Америкаликнинг даромади ва маълумотидан юқори, дейди у.
Струмнинг таъкидлашича, Америкадаги масжидларнинг аксарияти ҳукумат ёки бадавлат шахслар томонидан эмас, балки ўз аъзоларидан иборат кенгашлар томонидан бошқарилади, шундай кенгашларнинг кўпчилиги аёл аъзоларга ҳам эга.
“Ҳар бир мамлакатдаги мусулмонлар исломни ўзларига хос тарзда тушунадилар”, дейди у. “Америкалик мусулмонлар ҳам АҚШ ҳаёт тарзига уйғунлашган эътиқодларига асосланган Америкача исломни шакллантирмоқдалар”.
Струм 2001 йил 11 сентябр воқеалари рўй берганда Вилсон Халқаро Илмий Марказининг Америкашунослик бўлимининг директори бўлган. Унинг айтишича, у америкалик мусулмонлар ушбу воқеалардан кейин қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини билган, ва шу сабабли Струм, АҚШ сиёсатчилари билан алоқалар ўрнатиш учун мусулмон уламоларни жалб қилишга ҳаракат қилган. Унинг айтишича, унинг америкалик мусулмон жамиятлари ҳақидаги илмий ишларига ана ўша ҳаракатлар туртки бўлган.
Струмнинг ташрифи АҚШ Давлат Департаментининг Воиз ва Мутахассис Дастури томонидан ҳомийлик қилинди. Ушбу дастур долзарб масалалар бўйича мутахассисларнинг хорижда маърузалар ўқишини ташкиллаштиради. Дастур АҚШ ҳақида, унинг халқи ва ташқи сиёсати ҳақида тушунчаларни илгари суриш, мутахассисларга эса улар ташриф буюрган давлатлар ҳақида кенгроқ билимлар бериш учун мўлжалланган.


