Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > Элчихона янгиликлари > Элчихона ходимлари ўз дўстлари билан АҚШ Мустақиллик кунини нишонламоқдалар
Skip Left Section Navigation

2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар

Элчихона ходимлари ўз дўстлари билан АҚШ Мустақиллик кунини нишонламоқдалар (07/02/2009)

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзининг Ўзбекистондаги 700 яқин дўстлари, ҳамкасблари ва ҳамкорлари билан биргаликда Америка Мустақиллик кунини нишонлади.

2 июл куни бўлиб ўтган қабул маросимида ҳукумат, фуқаро жамияти, маданият, бизнес соҳаларидаги етакчилар ва дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари биргаликда АҚШ элчихонаси ҳудудида тўпланиб, ёз оқшомида мустақилликнинг 233 йиллигини нишонлашда иштирок этиш имконига эга бўлдилар.

АҚШ денгиз пиёдаларининг фахрий соқчилари Америка байроғини тақдим этгач, элчихона ходимларидан иборат “Дип Ноталар” номли қўшиқчилар гуруҳи АҚШ ва Ўзбекистон миллий мадҳияларини ҳамда Америка ҳақида бир қанча машҳур қўшиқлар ижро этди. Тўртинчи июл мушакбозликлари акс этган баннерлар ва Мустақиллик Декларацияси матни туширилган улкан плакатлар элчихона ҳовлисига қўшимча шукуҳ бериб турарди. 

Кўплаб меҳмонлар қаторида Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳамедова, Олий Мажлис Сенати раиси Илгизар Собиров, Олий суд раиси Бўритош Мустафоев, Президент девонидаги Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Мурат Атаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг бошқа раҳбарлари бўлдилар.

Ўз нутқида элчи Ричард Норланд “Ўзбекистон билан англашувнинг янги поғонаси” ҳамда минтақавий хавфсизлик, маданий алмашинув, инсон ҳуқуқлари, демократик ислоҳотлар ва иқтисодий сармояларга оид соҳаларда АҚШ ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорликни давом этишга интилаётганлари ҳақида сўз юритди.  

“Ушбу элчихонада меҳнат қилаётган кишилар шундай бир ўзгаришлар даврида, дунёнинг бу каби муҳим ва ажиб бир ҳудудида эканидан ниҳоятда бахтиёрдирлар. Биз фарзандларимизнинг мустаҳкам келажаги йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларда ҳамкор эканимиздан фахрланамиз”, деди элчи. “Биз келгуси йилларда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар янада чуқурлашиши тарафдоримиз.”

Ҳар йили АҚШ Мустақиллик кунини 4 июлда нишонлаб келади, бу кун 1776 йили Америкадаги 13 мустамлакаларнинг Континентал конгресси Буюк Британиядан мустақил эканлигини эълон қилган эди. Кейинроқ Американинг учинчи президенти бўлган Томас Жефферсон, ушбу Мустақиллик Декларациясини Америка қўшинлари Британия қўшинлари билан Мустақиллик учун уруш олиб бораётган пайтда  ёзган эди. 

АҚШ элчихонасининг америкалик ва маҳаллий ходимлари Мустақиллик кунини 3 июлда ҳам анъанага кўра, элчи қароргоҳининг ҳовлисида барбекю кабобларидан тамадди қилиб, нишонлашди.