2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
“Катрина” тўфонини хотираловчи ҳайкалча элчихонага тақдим этилди (07/08/2009)
Таниқли ўзбек ҳайкалтароши Рашит Сулейманов, 2005 йил 29 август куни Луизиана штатининг Нью Орлеанс шаҳрини “Катрина” тўфони босганда ҳалок бўлган инсонлар хотирасига ясаган ҳайкалчани АҚШ элчихонасига тақдим этди.
Тахминан 25 см баландликдаги бронзадан қуйилган ҳайкалча ўюрма қоплаб олган курраи заминни тасвир этади. Гўё ўтганлар руҳини намоён қилгандек фаришталар қанотлари глобусдан кўтарилмоқда. Ушбу абстракт асар, “Катрина” сўзи ўйиб ёзилган асосга ўрнатилган.
Луизиана, Миссисипи ва бошқа жанубий штатларда рўй берган ва АҚШ тарихида энг кучли ва энг кўп зарар келтирган деб таъриф берилган ушбу табиий офат оқибатида 1800дан кўпроқ киши ҳалок бўлган. Катрина тўфони соҳил бўйи ҳудудларни вайрона қилиб, сув сатҳидан пастда жойлашган шаҳар Нью Орлеансни ҳимоя қилиш мақсадида қурилган кўтармалар тизимининг ишдан чиқишига олиб келганди. Натижада тўфондан сўнг шаҳарнинг 80 фоизини сув босган.
Сулеймановнинг айтишича, у сув босган шаҳарда қолиб кетган ва ночор аҳволда ёрдам сўраётган инсонлар тасвирини кўриб, қаттиқ таъсирланганди. Ўша ҳиссиётлар, ва қурбонларга ёрдам бериш истаги ушбу санъат асарини яратишга туртки берган, дейди у.
АҚШ элчиси Ричард Норланд Сулеймановнинг студиясига 8 июл куни ташриф қилганда, санъаткор ҳайкалчани элчига тақдим этди. Сулейманов студиядаги ўнлаб ҳайкалчалар ортидаги ғоялар ва уларни ясашга туртки берган сабаблар ҳақида элчига тушунтириб берди.
“Катрина” ҳайкалчаси элчихонанинг америкалик ва ўзбекистонлик санъаткорлар асарлари намойиш этилган марказий қисмидан жой олади.


