2009 йилдаги дастурлар ва тадбирлар
АҚШ Элчисининг Америка Савдо палатасида сўзлаган нутқи (10/29/2009)
АҚШ Элчиси Ричард Норланд 29 октябр куни Ўзбекистондаги Америка Савдо палатасида қилган нутқида АҚШ ва Ўзбекистон орасидаги икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий лойиҳалар ҳақида сўз юритди.
Норланд Навоийдаги аэропортни халқаро карго маркази даражасида кенгайтириш, Навоий Эркин Саноат Иқтисод Зонаси қурилиши ҳамда Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидан то Мозори Шарифгача темир йўл қуриш режалари, у ердан юклар Жанубий Осиё бозорларига олиб борадиган йўлларга ўтказилиши мумкинлиги ҳақида тўхталди.
Шунингдек, Норланднинг айтишича, октябр ойида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан Савдо ва Инвестиция бўйича доиравий битим юзасидан Вашингтонда музокаралар бўлиб ўтган. Яхшиланиб бораётган муносабатларнинг яна бир рамзи ўлароқ, Норланд, Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг Ўзбекистон ва АҚШ орасида бир қатор масалаларни муҳокама қилиш учун икки томонлама консультациялар механизмини ишга туширишни таклиф этганини айтди.
Ўзининг 11 октябрда Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида Блейк юқори мартабали Ўзбекистон делегациясининг ушбу жараённи бошлаб юбориш мақсадида Вашингтонга ташриф буюриши таклифи билан чиқди.
“Ушбу жараён муносабатларимизни ҳар бир асосий йўналиш – сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ва инсон фаровонлигига оид йўналишлар бўйича илгари суришини кутиб қоламан”, деди Норланд ва икки давлат орасида ишончни қайта тиклаш ўта муҳим эканлигини қўшимча қилди. Аминманки, биз ўша ишончни қайта тиклаш йўлида ҳақиқий илғор натижаларга эришмоқдамиз. Ёндашувларда тафовутлар бўлиши давом этади, аммо биз ўша тафовутларни ўзаро манфаат ва ҳурмат асосида муҳокама қилиш йўлларини топмоқдамиз. Ҳар бир томон юқори қадрлайдиган ушбу масалалар бўйича умумий англашувга эришиш учун энг мақбул ва ягона йўл мулоқотга киришиш эканлигига ишончим комил”.
Элчи Норланд Ўзбекистондаги халқаро бизнес жамиятини намоён этувчи Америка Савдо Палатасининг саксон аъзодан иборат вакиллари билан мунтазам равишда учрашиб туради. Палата вакиллари олиб борган машаққатли иш Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг ажралмас қисми бўлди, деди элчи.
Пайшанба куни Элчи ва АҚШ Консули Дэвид Мико Америка палатаси аъзолари олдида нутқ сўзлаган пайтда залда 100 дан зиёд киши тўпланган эди. Элчи Норланднинг нутқини бу ерда ўқишингиз мумкин. Консул Миконинг виза ва бошқа консуллик хизматлари ҳақида берган маълумоти билан танишиш учун бу ерни босинг.
Америка Савдо палатаси президенти Доналд Николсон II Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилашга хизмат қилувчи кўп омиллар пайдо бўлмоқда, деган фикрга қўшилишини айтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон иқтисоди глобал молиявий инқирозга бардош бериб, илгари силжишда давом этмоқда, олтин қиймати баланд бўлиб, табиий газ ишлаб чиқариш ва транспорт инфраструктураси кенгаймоқда.
“Бу ерда ҳақиқий ўсиш кузатилмоқда ва бундан кўпларнинг рағбати ошган”, деди Николсон.
Элчи Норланд баъзи йирик Америка компаниялари Ўзбекистонга бўлган қизиқишни қайта янгилаётганларининг аломатларини кўрганини ҳамда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этувчи кичик ва ўрта бизнес ҳам бу ерда бизнес очиш имкониятини таъминлашда муҳим эканини айтди.
“Сармоядорларни Ўзбекистонга холисона назар ташлашга ундаш элчихонадагиларнинг вазифасидир. Ўзбекистон маъмуриятининг вазифаси эса инвестиция учун жозибали бўлган бардавом шароитлар яратишдан иборат”, деди Норланд.


