Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > Элчихона янгиликлари > Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси У. Бернс иштирокидаги матбуот анжумани
Skip Left Section Navigation

Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси У. Бернс иштирокидаги матбуот анжумани (07/13/2009)

Бернс: Мен Оқ Уй, Давлат Департаменти ва Мудофаа Вазирлигини намоён этувчи Америка Қўшма Штатлари ҳукумати мулозимларидан иборат делегация таркибида Тошкентга ташриф буюриш имкони туғилганидан хурсандман. Ушбу ташриф президент Обаманинг икки мамлакат ўртасидаги бир-бирига ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган мустаҳкам, ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш борасидаги қарашларини ўзида акс эттиради. Мен Ташқи ишлар вазири ҳамда Ўзбекистоннинг бошқа расмий мулозимлари билан амалий суҳбатлар ўтказдим. Бугун эса президент Каримов билан бўладиган учрашувни интиқлик билан кутмоқдаман.

Яна бир бор мен Афғонистонда биргаликда олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизда Ўзбекистоннинг Шимолий Тақсимот Тармоғини қўллаб-қувватлаш ва Қобул ҳамда Афғонистоннинг бошқа шаҳарларини электр билан таъминлаш орқали қўшаётган муҳим ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор этмоқчиман. Мен мамлакатларимиз ўртасида бошқа соҳаларда ҳам биргаликда фаолият юритиш имкониятларини муҳокама қилишга катта умид билдираман. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ушбу минтақада муҳим етакчилик ролини ижро этиб келмоқда. Мен президент билан учрашиб, у билан Афғонистон ва бутун минтақага оид кўп муддатли стратегиямизни самарали амалга ошириш, шунингдек, келгусидаги ишларимиз борасида суҳбатлашиш ниятидаман.

Келгусида биз ҳар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик, хусусан, савдо-сотиқ ва инвестицияни кенгайтириш учун имкониятга эгамиз. Биз гиёҳвандликнинг олдини олиш, терроризмга қарши кураш, давлат чегаралари хавфсизлигини ошириш каби муҳим соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорликдаги ишларни давом эттирамиз, деб умид қиламиз.

Ташрифиз давомида мен фуқаролик жамияти етакчилари билан ҳам учрашиш имконияти туғилганидан мамнун бўлдим. Президент Обама шуни аниқ қилиб айтдики, бутун дунёдаги мамлакатлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги уринишларимизда  биз нафақат ҳукуматлараро алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратишмиз, балки икки жамият ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ҳам иш олиб бормоғимиз лозим. Шу маънода, фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқларини рифожлантириш Қўшма Штатлар учун устувор вазифа бўлиб қолади.

Яна бир бор такорлайманки, мен ушбу ташрифимиз ва муҳокамаларимиз ўзаро муносабатларимиздаги ижобий қадам деб ишонаман. Ишончим комилки, янги маъмуриятнинг келиши билан биз ўз олдимизда ҳар иккала мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятга эгамиз. Мен келгуси ойларда ўзаро фаолиятимиз бўйича реал ўсишга эришишдан умидворман. Эътиборингиз учун ташаккур, марҳамат, бир-икки саволларингизга жавоб беришим мумкин.

Атиф Аъла, “Жиҳан” ахборот агентлиги, Туркия: Бугун Анқарада Набукко лойиҳаси имзоланадиган кун. Бу воқеага Сизнинг муносабатингиз қандай? 

Бернс: Анқарадаги бугунги воқеа Набукко лойиҳаси учун олдинга ташланган муҳим қадам ҳисобланади. Бу транзит йўллари диверсификациясидан ҳам ушбу минтақа, ҳам бутун дунёда манфаатдор бўлган барча учун фойдалидир. Бу минтақадаги энергетика масалаларини ҳал қилишда муҳим ва оқилона ёндошувдир.

“Америка овози” радиоси, Ўзбекистон: Сизни Ўзбекистон президенти билан учрашади, деб айтишмоқда. У билан инсон ҳуқуқлари борасида суҳбатлашмоқчи экансиз. Бу борада айнан қандай масалаларни муҳокама қилишни кўзлаётганингизни айта олмайсизми?

Бернс: Аввал айтиб ўтганимдек, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалалари Америка Қўшма Штатлари учун устувор вазифа бўлиб қолади. Бу нафақат Ўзбекистон билан муносабатларимизда, балки дунёдаги барча мамлакатлар билан муносабатларимизда ҳам шундайдир. Биз Ўзбекистоннинг энг аввало ўз манфаатлари учун зарур бўлган одам савдосига қарши кураш соҳасида маълум бир ютуқларга эришганини эътироф этамиз. Албатта, бу яна кимнингдир фойдаси учун қилинадиган ишмас. Биз муносабатларимиздаги барча масалалар борасида амалий мулоқот олиб боришга, ўзаро манфаатларга асосланган амалий тараққиётга эришишга умид билдирамиз.

“Узметроном” веб-сайти: Президент Ислом Каримов Қўшма Штатларга сафар қилади, деган хабар айтиляпти. Шу тўғрими? АҚШнинг Андижон воқеалари бўйича мустақил ва объектив текширув олиб бориш борасидаги талаблари ўзгардими?

Бернс: Айни босқичда мен айтишим мумкин бўлган нарса шуки, Американинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдордир. Ўйлайманки, буни амалга ошириш учун аниқ имкониятга эгамиз. Мазкур ташрифни эса ушбу йўлдаги биринчи қадам деб биламиз.
Катта раҳмат.