Тинчлик учун ҳамкорлик
Тинчлик учун ҳамкорлик (ТУҲ) бу алоҳида Ҳамкор мамлакатлар ва НАТО ўртасидаги амалий иккитомонлама ҳамкорлик дастуридир. Ушбу дастур ҳамкор мамлакатларга ҳамкорлик йўлида ўзлари учун устувор йўналишларни танлаган ҳолда, Нато билан алоҳида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга имконият беради.
Альянснинг таянчи бўлмиш демократик тамойилларга бўлган мажбуриятларга биноан Тинчлик учун ҳамкорлик мақсади барқарорликни ошириш, тинчликка бўлган хавф-хатарни камайтириш, алоҳида Ҳамкор мамлакатлар ва НАТО ўртасида ҳамда Ҳамкор мамлакатлар ўртасида мустаҳкам хавфсиз алоқаларни ўрнатишдир.
Амалда бунинг маъноси нима?
ТУҲ дастурининг моҳияти - ҳар бир Ҳамкор мамлакат ва НАТО ўртасидаги алоҳида шаклланган, ҳар бир иштирок этаётган давлат эҳтиёжларига мослашган ва у томонидан танланган даража ва суръатда биргаликда амалга оширилган ҳамкорликдир.
Сиёсий мажбуриятлар
Тинчлик учун ҳамкорликка бўлган расмий асос - ҳар бир Ҳамкор мамлакат учун муайян саъй-ҳаракатларни белгиловчи Доиравий ҳужжатдир.
Демократик жамиятни сақлаш; халқаро қонун тамойилларига риоя қилиш; БМТ низоми, Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон декларацияси, Хелсински якуний ҳужжати, халқаро қуролсизлантириш ва қуроллар назорати шартномалари остидаги мажбуриятларни бажариш; бошқа мамлакатларга хавф солишдан ёки куч ишлатишдан сақланиш; мавжуд чегараларга дахл қилмаслик ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш учун ҳар бир мамлакат кенг қамровли сиёсий мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
Бошқа муайян мажбуриятлар орасида шунингдек миллий мудофаани режалаштиришда ҳамда қуролли кучлар устидан демократик назорат ўрнатиш учун бюджет белгилашда шаффофликни татбиқ этиш, тинчликпарвар ва инсонпарварлик амалиётлар бўйича НАТО билан бирга иш олиб бориш учун салоҳиятини ривожлантириш каби вазифалар ҳам бор.
Доиравий ҳужжатга мувофиқ, ўзининг ҳудудий яхлитлигига, сиёсий мустақиллигига ёки хавфсизлигига бевосита таҳдидни сезаётган ҳар қандай Ҳамкор мамлакат билан Альянс аъзолари машварат олиб бориш мажбуриятига ҳам эгалар (масалан: Косово инқирози пайтида Албания ва Собиқ Югослав Республикаси Македония шу механизмдан фойдаланганлар).
Амалий фаолиятлар тўплами
НАТО ва унинг Ҳамкор мамлакатлари кенг кўламдаги масалалар бўйича мунтазам машваратлар ўтказадилар. Уларнинг қуролли кучлари биргаликда машқ қиладилар, НАТО етакчилигидаги амалиётларда ёнма-ён хизмат қиладилар. Улар терроризмга қарши иш олиб борадилар.
Ҳарбий ислоҳотлар, қуролларнинг тарқалишига қарши кураш, миналар ва заҳиралаб қўйилган қурол-яроқлардан келиб чиқадиган таҳдидни даф қилиш, офатларга таёргарлик ва илмий тадқиқотлар каби соҳаларда ҳам улар ҳамкорлик қиладилар.
Машваратлар
Евро-Атлантик Ҳамкорлик Кенгаши орқали, НАТО ва Ҳамкор мамлакатлар мунтазам равишда хавфсизлик ва ҳарбий соҳага оид кенг қамровли масалалар бўйича машваратларни олиб боришади.
Ушбу машваратлар ўз ичига умумий сиёсий масалалар мухокамасини олади, мисол учун инқироз пайтидаги чора-тадбирлар, ҳудудий масалалар ва таранг вазиятлар, шунигдек ҳарбий ислоҳотлар, бюджет ва режалаштириш каби масалалар бўйича асосан техник алмашинувлар ҳам шулар ичида.
Қўшма ҳаракатлар, интероперативликни кенгайтириш
Альянснинг Болқондан Афғонистонгача ва Ироқдан Дарфургача бўлган жойлардаги амалиётлари ва вазифаларини амалга оширишда, Ҳамкор мамлакатлар мухим ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
НАТО етакчилигидаги амалиётларда ҳамкор кучларларнинг иштирок эта олишини таъминлаш мақсадида, улар НАТО уюштирадиган машқлар ва дастурларда мунтазам равишда иштирок этишади.
Ҳарбий ислоҳот
Совуқ уруш якунланганидан сўнг, ўта катта армия ва қуролларнинг катта заҳирасига эхтиёж қолмади. Бироқ ҳарбий ислоҳотларни олиб бориш кўп куч ва сармоя талаб этади.
НАТОнинг Ҳамкор мамлакатлар билан ҳамкорликка қўшиб келаётган энг муҳим ҳиссаларидан бири - ҳарбий ислоҳотларни олиб боришда кенг муаммоларни ҳал этиш ва унинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини бошқариш мақсадида ўзаро тажриба алмашиш ва ёрдам беришдан иборат.
Фуқаро ва демократик назорат остидаги самарали ҳарбий институтларини ривожлантириш устивор масалалардан бири ҳисобланади.
Терроризмга қарши кураш
2001 йил 11 сенябрда АҚШга қарши қилинган хужумлардан бир кун ўтиб учрашган НАТО ва Ҳамкор мамлакатлар элчилари, хужумларни шартсиз равишда қоралаб чиқдилар ва терроризм балосига қарши кураш олиб бориш мақсадида барча кучларини ишга солишга ваъда бердилар.
2002 йилда Прага шаҳрида бўлиб ўтган Саммитда, НАТО ва унинг Ҳамкорлари Терроризмга қарши Ҳамкорлик Ҳаракат Режасини эълон қилдилар. Мазкур дастур чегара хавфсизлиги, терроризм ҳолларига оид трейнинг ва машқлар ўтказиш, террористик ҳужумларини бартараф этишда ҳарбийлар салоҳиятини ривожлантириш ёки бундай ҳужумлар оқибатларини бошқариш масалалари бўйича такомиллаштирилган разведка маълумотлари алмашинуви ва ҳамкорликка олиб келди.
Қуроллар тарқатилиши муаммосини ҳал этиш
Ҳамкор мамлакатлар билан маслаҳат олиб бориш орқали, Альянс қурол тарқатиш муаммоси бўйича ўзаро англашув ва фикр алмашиш ҳаракатларини кенгайтиришга интилади. Ўтказилган бир қатор семинарлар ва конферекнцияларда бу борада муайян муаммолар кўриб чиқилди.
Мавзулар қаторида АҚШда ва бошқа мамлакатларда 2001 йил кузида рўй берган ходисаларда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, фавқулодда ҳолатларга оид баъзи муҳим режаларни қамраб олувчи “Куйдирги таҳдиди – ўзлаштирилган сабоқлар” мавзусида чуқур муҳокамалар олиб борилди. Яна бир мавзу атроф муҳитга хавф солувчи саноатда учрайдиган таҳликалар ва бошқа тиббий оператив қийинчиликлар билан боғлиқ муаммоларни ўз ичига олади.
Мина ҳамда ўқ отар қуролларга қарши чора-тадбир
Евро-Атлантика Ҳамкорлик Кенгаши енгил ва ўқ отар қуроллар ва миналар бўйича Махсус Ишчи Гуруҳи ташкил этиб, миллий экспорт назорат органлари ва мажбурий кучга эга механизмлардан фойдаланган ҳолда, бундай қуроллар савдосини энг самарали равишда назорат қилиш ҳақида маълумотлар алмашишга имкон яратди.
Шу билан биргаликда, НАТО нинг Тинчлик учун Ҳамкорлик дастури қурол захираларни тўғри ташкил этиш ва ҳавфсиз сақлаш шароитларини таъминлаш, захирадаги ортиқча саналган қуролларни йўқ қилиш, ҳамда тинчликпарвар амалиётлар пайтида қурол-аслаҳаларни йиғиб олиш ва йўқ қилиш каби масалалар юзасидан трейнинглар ташкил этмоқда. 2000 йилда, махсус Траст Жамғармаси ташкил этилиб, у пиёдаларга қарши ер миналари, ортиқча ўқ-дори ҳамда енгил ва ўқ отар қуролларни йўқ қилишга кўмаклашади.
Офатларга жавоб
Табиий ёки техноген офатлар юз берганда самарали халқаро ёрдамни таъминлаш учун НАТО ва Ҳамкор мамлакатлар офат оқибатлари билан кураш ҳамда қўшма амалиётлар ўтказиш чора тадбирларини ишлаб чиққан ва такомиллаштиришда давом этишмоқда.
Бу каби тадбирлар мунтазам равишда машқ қилиниб, ўқув семинарларида мустахкамлаб борилади. Бир неча фавқулодда ҳолатларда НАТО ва Ҳамкор мамлакатлар офат қурбонларини қутқариш, муҳофаза этиш ва уларга ёрдам кўрсатиш ишларини амалга оширган.
Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик
НАТОнинг иккита ажралиб турувчи дастури доирасида НАТО ва Ҳамкор мамлакатлардан жалб қилинган олим ва мутахассислар мунтазам равишда муштарак аҳамиятга эга муаммолар бўйича иш олиб бориш билан шуғулланади.
НАТОнинг “Фан орқали хавфсизлик” дастури терроризмга қарши ёки ҳавфсизликка таҳдид солувчи бошқа хавфларга қарши курашиш соҳаси билан боғлиқ мавзулар бўйича илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорликни қўллаб – қувватлашга қаратилган. “Замонавий жамият муаммолари бўйича қўмита” дастури атроф-муҳит ва жамият муаммолари билан шуғулланиб, бу соҳаларда тадқиқотлар олиб бориш учун миллий идоралар билан қисқа ва узоқ муддатли ҳамкорлик олиб боради.
Бу қандай юзага келди?
НАТО ҳамкорлик сиёсатининг дастлабки мақсади тўсиқларни олиб ташлаб, мулоқот ҳамда ҳамкорлик орқали ҳавфсизликни таъминлаш эди. Бугун эса, Ҳамкор мамлакатлар НАТО билан биргаликда, XXI аср хавфсизликка оид муаммолар, жумладан терроризм, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши ва беқарор мамлакатлар каби масалаларни ҳал этиш билан шуғилланадилар.
1989 йилнинг ноябрида Совуқ уруш ниҳоясининг нишонаси ўлароқ Берлин девори қулади. Жуда қисқа муддат ичида Марказий ва Шарқий Европада юз берган ўзгаришлар натижасида, НАТО янги ва аввалгидан кескин фарқланувчи ҳавфсизлик масалалари билан юзма-юз келди.
Дўстлик қўлини узатиш
1990 йилининг июнь ойида Лондонда бўлиб ўтган саммитда Иттифоқдош мамлакатлар етакчилари Ғарб-Шарқ ўртасида “дўстлик қўли”ни узатиб, Марказий ва Шарқий Европанинг барча мамлакатлари билан янги ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш таклифи билан чиқдилар. 1991 йилнинг декабрида Шимолий Атлантика Ҳамкорлик Кенгаши (ШАҲК)ни таъсис этишга ҳамма нарса тайёр эди. Бу кенгаш НАТО ва унинг янги Ҳамкор мамлакатлари билан умумий аҳамиятга эга масалаларни мухокама этиш учун форум бўлиб ҳизмат қилиш керак эди.
Европада шундай катта ўзгаришлар рўй бераётган даврда, ШАҲКнинг илк мажлиси ҳам тарихий воқеанинг гувоҳига айланди: якуний коммюнике келишилиб турган пайтда, Совет иттифоқи элчиси, шу учрашув бўлиб ўтаётган бир вақтда, Совет иттифоқининг парчалангани ҳақида хабарни элон қилди ва элчи эндиликда Россия Федерацияси вакили сифатида мажлисда қатнишаётганини айтди.
Хавфсизликка бўлган ёндашувни ўзгартириш
Муносабатлардаги ушбу катта ўзгариш Альянснинг 1991 йил ноябрь ойида эълон қилинган ва хавфсизлик масаласига кенгрок ёндашувни қабул қилган янги стратегик концепциясидан ўрин олди. Ҳарбий йўналиш ўз заруриятини сақлаб қолган ҳолда, Евро-Атлантик ҳудудида барқарорлик ва хавфсизликни илгари сурувчи восита сифатида иқтисодий, ижтимоий ва атроф-муҳит масалаларига эндиликда кўпрок аҳамият бериш мумкин. Мулоқот ва ҳамкорлик Альянс дуч келаётган турли масалаларни ҳал қилиш учун лозим бўлган ёндашувнинг муҳим қисмлари бўлади. Айни пайтда асосий мақсад қуйидагилардан иборат: тушунмовчилик ёки ёвуз режалар натижасида келиб чиқаётган можаролар таҳликасини камайтириш ва Альянсдошларнинг хавфсизлигига таьсир қилувчи инқирозни самаралироқ бошқариш; Европа мамлакатлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни кучайтириш; умумий хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда ҳақиқий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш.
Шу билан бир қаторда, Совуқ уруши давридан кейинги дастлабки йилларда, NACC машваратлари Россия қўшинларининг Болтиқ бўйи давлатлардан олиб чиқилиши каби Совуқ урушдан қолган хавфсизлик ҳавотирларига қаратилган. Яна бир қанча хавфсизлик ва ҳарбий масалаларда ҳам сиёсий ҳамкорлик йўлга қўйилди. NACC кўплаб жиҳатдан янги ғояларни татбиқ этди. Бироқ, у асосан кўп-тарафлама, сиёсий мулоқотга эътиборини қаратиб, ҳар бир Ҳамкор мамлакатнинг НАТО билан алоҳида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш имкониятига урғу бермади.
Тинчлик учун Ҳамкорлик ва Евро-Атлантик Ҳамкорлик Кенгаши
Бу ҳолат 1994 йили, НАТО ва алоҳида Ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги икки тарафлама амалий ҳамкорлик назарда тутувчи асосий дастур - Тинчлик учун Ҳамкорлик (PfP) - йўлга қўйилиши билан ўзгарди. Бу дастур ҳамкорлик жараёнида сезиларли ўсиш намойиш этди.
1997 йил эса, NACCнинг ўрнига ва унинг ютуқларини давом этиш ниятида, кенгайтирилган ва тезкорроқ ҳамкорликни ривожлантириш сари Евро-Атлантик Ҳамкорлик Кенгаши (EAPC) тузилди.
НАТО ва унинг Ҳамкор мамлакатлари, ўзлари тузган ҳамкорлик келишувларини мустаҳкамлаган ҳолда, хавфсизлик ҳамкорлигини кенгайтириш учун кетма-кет қадамлар қўяр эканлар, EAPC ва Тинчлик учун Ҳамкорлик дастури изчил ривожланишда давом этдилар.
Ҳамкорликни мустаҳкамлаш
2002 йили Прага Саммитида НАТО ва Ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қўшимча қадамлар қўйилди. EAPC ва Тинчлик учун Ҳамкорлик дастурини кенг қамровли қайта қўриб чиқилиши, Ҳамкорлар билан сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва уларнинг ўзлари қатнашаётган фаолиятларни режалаштириш, олиб бориш ва назорат қилишдаги иштирокларини янада кенгайтириш тавсия қилинди.
Янги ҳамкорлик механизми бўлмиш Ҳамкорлик Ҳаракат Режаси Прагада эълон қилинди. Биринчи бўлиб Терроризмга қарши Ҳамкорлик Ҳаракат Режаси ишлаб чиқилди. Яна бир янги ташаббус Алоҳида Ҳамкорлик Ҳаракат Режаси бўлиб, у фаолиятлар рўйхатидан танлашдан кўра, ички ислоҳотлар, хусусан ўзларининг маҳсус эҳтиёжлари ва шароитларидан келиб чиқиб, ҳарбий ва хавфсизлик сектори учун кўпроқ тузулмавий кўмак сўраган манфаатдор Ҳамкор мамлакатларга Альянс томонидан мослаштирилган ёрдам берилишига йўл очади.
Прагада эришилган ютуқларга таяниб, 2000 йил Истамбул Саммитида Евро-Атлантик Ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва муҳим тематик масалалар ечимини топиш ва алоҳида Ҳамкорларнинг эхтиёжлари ва шароитларини ҳал этиш учун янада мослаштириш мақсадида қадамлар ташланди.
Ҳарбий институтлар барпо этиш бўйича Ҳамкорлик Ҳаракат Режаси самарали ва демократик масъулиятга эга ҳарбий институтларни барпо этишда Ҳамкорларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқилди. Аввалроқ қўшинлар билан ҳисса қўшувчи мамлакатларни, эндиликда қарорлар қабул қилиш жараёнида ва сиёсий машваратларда иштироки учун қўпроқ шароитлар яратиб, уларни жалб қилиш орқали Ҳамкорларнинг НАТО етакчилигидаги амалиётларига қўшаётган ҳиссаларини ошириш имкониятлари кенгайтирилмокда. Бунга қўшимча ҳолда, Оператив Салоҳиятлар Концепцияси кенгайтирилмоқда ва Ҳамкорлар Альянснинг кучлари ва салоҳиятлари бардавом ўзгаришини олға суриш ва кузатишга қаратилган “Иттифоқдош Қўмондонлик Трансформацияси”да вакилликка эга бўлиш имконияти таклиф қилинмоқда. Бу эса НАТО ва Ҳамкор мамлакат кучлари ўртасида самаралироқ ҳарбий интер-оперативликни таъминлашга ва НАТОнинг давом этаётган оператив ўрни ва салоҳиятига мос ҳолда ҳарбий трансформация олиб боришга ёрдам беради.
Иккита стратегик жиҳатдан муҳим минтақада Қавқоз (Арменистон, Озарбайжон ва Гуржистон) ҳамда Марказий Осиё (Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон)даги Ҳамкор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратиш қарори қабул қилинди. НАТО ушбу икки минтақага бир маҳсус вакил ва икки нафар алоқа зобитларини тайинлади. Уларнинг вазифаси Алоҳида Ҳамкорлик бўйича Ҳаракат Режаси, ҳамда Терроризмга қарши Ҳарбий Институтлар Барпо этиш бўйича Ҳамкорлик Ҳаракат Режасининг тегишли жиҳатларини бажаришда ёрдам ва маслаҳатлар беришдан иборат.
Ҳамкорликдан аъзолик сари
НАТО кенгайишининг иккита боскичи Иттифокдошлар ва Ҳамкорлар ўртасидаги мувозанатни ўзгартириб юборди. 2004 йилнинг март ойига келиб, Ҳамкорлардан кўра Иттифоқдошлар сони кўпроқ эди, ва қолаётган Ҳамкорлар эса жуда ранг-баранг гуруҳдир. Улар жумласига, ҳамон ўз ўтмишларидан мерос бўлиб қолган муаммолар билан машғул бўлиб келаётган Болқон мамлакатлари, Қавқоз ва Марказий Осиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим, аммо етарлича ривожланмаган мамлакатлари ва Ғарбий Европанинг қўшилмаган давлатлари киради. Уларнинг баъзилари ўз ҳарбий тузулмаларини ва салоҳиятларини ривожлантириш жараёнида бўлсалар, бошқалари НАТО етакчилигидаги амалиётларга сезиларли куч қўшишга ва турли соҳаларда Ҳамкор мамлакатларга маслаҳат, трейнинг ва ёрдам таклиф этишга қодирлар.
Бугунги кунда 22 Ҳамкор EAPCдан фойдаланган ҳолда, 28та Иттифоқдош билан мунтазам машварат олиб боради ва ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларининг турли жиҳатларидан иборат масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришади. Уларнинг ҳарбий кучлари кўпинча бирга машқ қилишади ва ўзаро фаолият олиб боришади; уларнинг аскарлари НАТО етакчилигидаги тинчликпарвар амалиётларда ёнма-ён ҳизмат қилишади; Иттифодошлар ва Ҳамкорлар умумий мақсад сари терроризм тахдидига қарши бирга иш олиб боришади.
Кимлар иштирок этади?
Ҳозирда Тинчлик учун Ҳамкорлик дастурида 22 мамлакат иштирок этади, мамлакат ёки сана бўйича рўйҳатга қаранг.
НАТОнинг қайси органлари марказий ролга эга?
Евро-Атлантик Ҳамкорлик Кенгаши НАТОнинг ҳамкорлар билан алоқалари учун умумий сиёсий доира ҳамда НАТО ва Тинчлик учун Ҳамкорлик дастуридаги алоҳида ҳамкор мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожланишини таъминлайди.
1.* Туркия Македония Республикасини конституциявий номи билан тан олади.


