АҚШ сиёсати
Давлат Котиби Ҳиллари Родҳам Клинтоннинг Давлат Департаменти уюштирган ифтор зиёфатида сўзлаган нутқи
АҚШ Давлат Департаменти
Матбуот Котиби Идораси
2009 йил, 15 сентябр
Бенжамин Франклин Зали
Вашингтон, К.О.
КОТИБ КЛИНТОН: Хайрли оқшом ва Рамазон муборак! Мен ушбу оқшомнинг ифтор зиёфатида барчангизни қутлашдан бағоят мамнунман. Аслида, биз Рамазон Ҳайит байрамини Оқ Уйда нишонлашни биринчи бор 1996 йил бошлаган эдик. Сизлардан айримларингиз ўша байрамда иштирок этгандингиз, бугун сизлар билан яна бу ерда кўришиш ва бошқа кўплаб кишиларнинг ташрифи қувонарли ҳолдир. Мен Фараҳга миннатдорлик билдирмоқчиман. Бугун эрталаб уни Мусулмон жамиятлари билан мулоқот олиб боришдек янги лавозимга тайинлаш шарафига эга бўлдим. (Қарсаклар.)
Бу мен учун ҳиссиётга бой оқшомдир. Фикримча, Америка элчихоналари ифтор зиёфатларини бир неча ўн йиллардан бери ўтказиб келишмоқда. Бизнинг дипломатик ваколатхоналаримиз Рамазонни нишонлаш мақсадида шу йилнинг ўзида юзлаб маросимлар ташкиллаштирди. Мен мамлакатимиз ташқи сиёсат манфаатларини олға суришда ҳамда мамлакатимиздаги ва бошқа юртлардаги мусулмонлар билан ҳамкорлик ва ўзаро англашув алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаётган жуда кўплаб мусулмонларнинг бизнинг Дипломатик ва Фуқаролик Хизмати маҳкамаларимизда хизмат кўрсатаётганидан фахрланаман.
Бу фақат бизнинг Департаментимиз кўраётган натижалар эмас. Мамлакатимиздаги етти миллионга яқин мусулмонлар бизнинг маданиятимизни бойитдилар, сиз ва Америка бўйлаб кўплаб бошқа кишиларнинг қўшаётган ҳиссалари туфайли маданиятимиз кучлироқ бўлмоқда. Бугунги маросим ўша олий мақсадларга эътибор қаратишнинг бир йўли холос. Фараҳ айтганидай, ушбу маросим ўз динларимизга амал қилишда мамлакатимизда ҳеч қандай таъқиб қилиш хавфлари йўқлигини намойиш этишнинг муҳим кўринишидир. Бу ҳолат Конституциямиз асосига мустаҳкам бириктирилган. Биз ишонамиз ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қиламиз.
Ҳозирги ўй-фикрга чўмиш ва покланиш пайти бизга Рамазон ойининг асосий рукнлари бўлмиш садақа, қурбонлик ва ҳамдардлик тамойиллари америкаликлар томонидан ҳам катта эътибор бериладиган фазилатлар ҳисобланишини эслатади. Бу фазилатлар бизларни оилаларимизга, жамиятимизга, мамлакатимизга ва бутун оламга нисбатан яхши муносабатда бўлишга ундайди. Фараҳ менга тавсия қилган ажойиб ёш ёрдамчиларимдан бири, Хума Абидин, Абдул Ғаффор Хон сўзларини мисол қилиб келтирганидек, қашшоқлик, адолатсизлик ва нафратга қарши “Пайғамбаримиз қуроли ҳисобланган сабр ва одиллик” билан курашишда биз етакчиларимиздан илҳомланишимиз лозим. Аслида, бугун ифторлик давомида фикр юритиладиган кўп мавзулар мана шу жумлада ўз аксини топган.
Биламизки, Америка Қўшма Штатлари ва Мусулмон олами ўртасидаги алоқаларга нотўғри талқин қилиш ва тушунмовчилик сабабли путур етган ҳоллар ҳам бўлди. Аммо биз сабоқ олиш ва тинглашга, ўзаро тушуниш ва ҳурмат қилиш кўприкларини қуришга ҳамда ҳамкорликнинг мустаҳкамроқ алоқаларини ўрнатишга киришдик. Аминмизки, барча дин вакилларини ажратишдан кўра бирлаштирадиган нарсалар кўпроқдир.
Обама Маъмурияти мулоқотимиз, ҳамкорлигимиз ва сиёсатларимиз мана шу энг муҳим ғоя асосида амалга оширилишини таъминлаш учун ҳаракат қилади. Чунки қайси динга мансуб бўлманг – ёки умуман динсиз бўласизми – биз барчамиз ягона мақсадлар учун, яъни фарзандларимиз дунёда тинчлик ва фаровонликда умргузаронлик қилишлари ҳамда Худо берган қобилиятларини рўёбга чиқаришлари учун ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Шундай экан, келинглар, бу оқшом умумий қадриятларимиздан руҳланиб, ягона мақсадларимиз йўлида бел боғласак. Энди эса, дастурхонга марҳамат. Барчангизга ташаккур. (Қарсаклар.)
# # #


