Skip Navigation
Сиз ...дасиз: АҚШ сиёсати > Маколалар > АҚШ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ БМТ БОШ АССАМБЛЕЯСИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
Skip Left Section Navigation
АҚШ сиёсати

АҚШ сиёсати

АҚШ Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқи

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қароргоҳи

Нью-Йорк, Нью-Йорк штати

ПРЕЗИДЕНТ: Хайрли тонг. Жаноб раис, Жаноб Бош котиб, ҳурматли делегатлар, хонимлар ва жаноблар, Қўшма Штатларнинг 44-Президенти сифатида сизга биринчи марта мурожаат қилиш мен учун катта шарафдир. (Қарсаклар). Мен Америка халқи зиммамга юклаган масъулият олдида мутавозе ҳолга тушиб, тарихнинг ҳозирги дамларида юзага келган улкан муаммоларни англаб, юртимизда ва хорижда адолат ва фаровонлик ҳукм суриши учун қатъий ва баҳамжиҳат ҳаракат қилиш ниятида сизнинг ҳузурингизда турибман.

Мен ўз вазифамни бошлаганимга бор йўғи тўққиз ой бўлди – айрим пайтларда бу қисқа давр анча узоқ давом этгандек туюлади. Президентлик фаолиятим юзасидан дунё бўйлаб эътимод пайдо бўлганини яхши биламан. Бу эътимод айнан менга тааллуқли эмас. Ишончим комилки, бу эътимод, тафовутларимизнинг олдинги ўринга чиқишига ҳамда ўз қобиғимизга ўралиб қолишимизга имкон бераётган жорий вазият оқибатида юзага келган норозиликка кўпроқ тааллуқлидир. Аммо унда умид учқунлари ҳам бор, яъни ҳақиқий ўзгаришлар бўлишига ва бу ўзгаришларни амалга ошишида Америка етакчилик қилишига умид бор.

Мен, дунёда кўпчилик, Америкага беҳафсала ва ишонқирамай қараётган бир даврда президент бўлдим. Бундай бўлишига мамлакатим ҳақидаги хато тасаввурлар ва нотўғри маълумотлар қисман сабабчи бўлди. Қисман эса муайян сиёсий қарорларга бўлган қаршиликлар ҳамда маълум бир муҳим масалалар юзасидан Америка, бошқаларнинг манфаатларини эътиборга олмаган ҳолда, фақат бирёқлама ёндашган, деган фикр сабаб бўлди. Бу эса деярли рефлектив тус олган  аксил-Америка ҳиссиётини кучайиб кетишига олиб келди, натижада бизнинг жамоа бўлиб ҳаракат қилмаслигимизга кўп ҳолларда сабаб бўлди.

Барчангиз қатори менинг вазифам ҳам мамлакатим ва халқим манфаатлари учун хизмат қилишдир, мен бу манфаатларни ҳимоя қилаётганим учун ҳеч қачон узр сўрамайман. Аммо мен қатъий ишонаманки, инсоният тарихида, 2009 йил, мамлакатлар ва халқлар манфаатлари энг умумийлашган йилдир. Қалбимизда бўлган диний эътиқодларимиз инсонлар орасида янги ришталарни ўрнатиши ёки улар бизларни ажратиб ташлаши мумкин. Биз кашф этган технология тинчлик сари йўлни ёритиши, ё бўлмаса бир умрлик зулматга солиши ҳам мумкин. Биз фойдаланаётган энергия сайёрамизни сақлаб туриши, ё бўлмаса вайрон қилиши ҳам мумкин. Қаердалигидан қатъи назар биргина боланинг умиди рўёбга чиқиши ёки чиқмаслиги дунёмизни бойитиши ёки қашшоқлаштириши мумкин.

Бу кошонага биз кўп жойлардан ташриф буюрганмиз, аммо барчамизнинг келажагимиз умумийдир. Биз биргаликда қилишимиз лозим бўлган ишларга таъсир этаётган тафовутларимиз давом этишига йўл қўймаслигимиз керак. Мен бу даъватни Лондондан Анқарага, Порт-оф-Спейндан Москвагача, Аккрадан Қоҳирагача бўлган минбарларда қилдим; бугун ҳам айнан шу ҳақида сўз юритмоқчиман – чунки дунёнинг янги йўналиш бўйича ҳаракат қилиш пайти етиб келди. Биз ўзаро манфаат ва ўзаро ҳурмат асосига қурилган муносабатларнинг янги даврига киришимиз керак, бизнинг ишимиз дарҳол бошланиши зарур.

Биламизки, келажак нафақат сўзлар билан, балки амаллар билан шаклланади. Нутқларнинг ўзи бизларнинг муаммоларимизни ҳал қилмайди – бунга шижоатли амаллар ҳам талаб этилади. Мамлакатимнинг характери ва тутган йўлини сўроқ остига олаётганлардан биз тўққиз ой давомида амалга оширган конкрет ишларга назар ташлашни сўрайман.

Президентликнинг биринчи кунидаёқ, мен – батамом ва қатъият билан – Америка Қўшма Штатлари томонидан қийноқлар қўлланишини ман қилдим. (Қарсаклар). Гуантанамодаги қамоқхонани ёпиш учун буйруқ бердим, биз қонун доирасида экстремизмга қарши курашиш учун тартиблар ишлаб чиқиш устида машаққатли иш олиб бормоқдамиз. Ҳар бир мамлакат билиши лозим: Америка ўз қадриятларига мувофиқ яшайди ва ўз намунаси билан етакчилик қилади.

Биз аниқ ва равшан мақсад белгиладик: БМТнинг барча аъзолари билан биргаликда, кўплаб дин ва халқларга мансуб минглаб инсонларни нобуд қилган, мана шу бинони ҳам портлатмоқчи бўлган тармоқ - “Aл-Қоида” ва унинг экстремист иттифоқчилари фаолиятига барҳам бериб, уларни тарқатиб, мағлуб этишдир. Афғонистон ва Покистонда биз ва бу ерда намояндалари ҳозир бўлган кўплаб давлатлар бу икки мамлакат ҳукуматларига ушбу саъй-ҳаракатларни олиб бориш салоҳиятларини ривожлантиришда ёрдам бермоқдамиз, айни пайтда у ердаги халқларнинг хавфсизлиги ва имкониятларини кенгайтириш устида ҳам иш юритмоқдамиз.

Ироқда биз масъулият билан урушни тугатмоқдамиз. Биз Ироқ шаҳарларидан Америка жанговар бўлинмаларини олиб чиқмоқдамиз, барча жанговар бўлинмаларимизнинг Ироқ ҳудудидан чиқиб кетишининг охирги санаси қилиб кейинги йил август ойини белгиладик. Мен аниқ қилиб айтганимдек, биз ироқликларга ўз келажаклари учун тўлиқ масъулиятга эга бўлишлари йўлида кўмак берамиз, биз Американинг барча қўшинларини 2011 йилнинг охиригача олиб чиқиб кетиш мажбуриятига содиқ қоламиз.

Мен ядро қуролларидан холи бўлган дунёни барпо этиш масаласи бўйича кўпқиррали чора-тадбирлар дастурини маълум қилдим. Москвада Қўшма Штатлар ва Россия қилган эълонга кўра, биз стратегик жанговар каллакларнинг ва уларни етказиш воситаларини сезиларли даражада қисқартиришга интиламиз. Қуролсизлантириш бўйича Конференцияда биз ядро қуроллари учун ёқилғилар ишлаб чиқилишини тугатишга қаратилган музокаралар бўйича амалий дастурга оид келишувга эришдик. Бу ҳафтада менинг Давлат котибим Ядро қуроллари синовини бутунлай тақиқлаш бўйича шартноманинг аъзолари томонидан ҳар йили ўтказиладиган Конференцияда биринчи юқори лавозимли америкалик вакил сифатида қатнашади.

Президентлик фаолиятини бошлаганимдан сўнг, мен Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича Махсус вакил тайинладим, Америка икки давлат – Исроил ва Фаластин – мақсадларига эришиш сари барқарор ва қатъий иш олиб борди, бу мақсадлар негизида тинчлик ва хавфсизлик ҳамда исроилликлар ва фаластинликларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш белгиланган.

Иқлим ўзгаришига қарши туриш учун биз 80 миллиард доллар миқдорида экологик тоза энергияга сармоя қилдик. Биз сезиларли даражада ёқилғи-самарадорлик мезонларини оширдик. Биз энергияни тежаш учун янги имтиёзлар тақдим этдик, Америка қитъалари бўйлаб энергия ҳамкорлигини бошладик ва иқлим бўйича халқаро музокараларда кузатувчи ролидан етакчи ролига ўтдик.

Дунёнинг ҳар бир бурчагига ўз таъсирини ўтказган иқтисодий инқирозни бартараф этиш мақсадида биз “Катта 20”лик давлатлари билан биргаликда жаҳон иқтисодини ҳалокат ёқасидан орқага қайтариш учун  2 триллион доллардан зиёд рағбатлантириш маблағларини кўзда тутувчи халқаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Биз инқирознинг ривожланаётган мамлакатларга тарқалиб кетмаслигининг олдини олишда ёрдам берган заҳираларни сафарбар этдик. Биз бошқалар билан биргаликда 20 миллиард доллар қийматига тенг глобал озиқ-овқат хавфсизлиги ташаббусини ҳам бошладик, бу дастур озиқ-овқатга муҳтожлар учун ёрдам қўлини чўзишга ва уларнинг ўз салоҳиятларини қуришда ёрдам беради.

Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан яна қайта ишлай бошладик. Биз БМТга ўз қарзларимизни тўладик. Биз Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига қўшилдик. (Қарсаклар). Биз Ногирон Шахсларнинг Ҳуқуқлари бўйича Конвенцияга имзо чекдик. Биз Минг Йиллик Тараққиёт Мақсадларини тўла қабул қилдик. Шунигдек биз ушбу ташкилотдаги ўз устувор вазифаларимиз устида иш олиб бормоқдамиз, мисол учун, мен эртага Хавфсизлик Кенгашининг ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш бўйича йиғилишида раислик қиламан ва бу ишлар мен бугун муҳокама қиладиган масалалар орқали ҳам олиб борилмоқда.

Биз амалга оширган ишлар ҳозирча мана шулардан иборат. Бу фақат бошланиши. Ҳаракатларимизнинг айримлари мувафаққиятга олиб келди. Айримлари эса келгусида ривож топиши учун замин яратди. Аммо хато қилишга ўрин йўқ: бу ишлар фақат Американинг ҳаракатлари бўлиб қолмаслиги лозим. Америка дунёда якка ўзи иш тутганлиги учун танбеҳ берганлар энди Американинг бир ўзи дунё муаммоларини ҳал этиб беришини кутиб ўтирмасликлари керак. Биз дунё билан муносабат ўрнатишнинг янги даврини сўзда ва амалда излаган эдик. Энди глобал муаммоларга глобал жавоб бериш масъулиятидан барчамиз ўз улушларимизни олиш пайти етиб келди.

Ростини айтганда, тан олишимиз керакки, биз ўша масъулият билан яшамаяпмиз. Тасаввур қилинг, агар жорий вазиятга муносиб жавоб бера олмасак, биз қандай ҳолатга тушиб қоламиз: экстремистлар дунёнинг турли бурчакларида террорчилик уруғларини экишади; давомли можаролар тобора авж олади; қатлиом ва оммавий ваҳшийликлар; ядро қуролга эга давлатлар сони ошади; эриб бораётган музликлар ва хонавайрон бўлган аҳолилар; кескин қашшоқлик ва пандемик касалликлар. Мен буларни қўрқитиш учун айтаётганим йўқ, балки мавжуд фактларни баён этяпман: Амалларимиз даражаси муаммолар кўламига нисбатан ҳамон номутаносибдир.

Бу ташкилот дунё мамлакатлари ўзларининг муаммоларини биргаликда ҳал қилишлари мумкин, деган ишонч асосида ташкил топган эди. Бу ташкилот борасидаги ўз орзулари рўёбга чиқишидан аввал вафот этган Франклин Рузвельт бу ҳақида шундай деган: “Дунё тинчлигининг тузилмаси бир киши ёки бир партия ёки бир давлатнинг иши бўла олмайди.... Бу тинчлик улкан мамлакатларнинг ёки кичик мамлакатларнинг тинчлиги бўла олмайди. Бу бутун дунёнинг ҳамжиҳат саъй-ҳаракатларига асосланган тинчлик бўлиши лозим”.

Бутун дунёнинг ҳамжиҳат саъй-ҳаракатлари. Бу сўзлар бугун янада долзарб бўлиб янграмоқда, бугун нафақат тинчлик, балки соғлиғимиз ва фаровонлигимиз ҳам муштаракдир. Бироқ шуниси ҳам маълумки, бу ташкилот суверен давлатлардан ташкил топган. Афсуски, аммо ҳайратланарли бўлмаган ҳол шуки, бу ташкилот бирдамликни қўллаб-қувватлаш ўрнига, кўпинча келишмовчиликлар юзага келадиган форумга айланиб қолмоқда;  муаммоларни ҳал этадиган муассаса ўрнига, сиёсат ўйини ўйналадиган ва эски гина-кудуратлар тўкиладиган жойга айланиб қолмоқда. Ҳеч бўлмаганда, мана бу минбарга чиқиб, бошқаларни бармоқ билан кўрсатиб, фирқачиликни авж олдириб юбориш осондир. Ўз муаммоларимиз учун бошқаларни айблаш ва ўз амалимиз учун масъулиятдан воз кечиш осон. Бу ҳар кимнинг қўлидан келади. XXI асрдаги масъулият ва етакчилик бундан кўпроқ нарсани талаб қилади.

Тақдиримиз туташ бўлган асрда куч ишлатиш натижасиз ўйиндир. Ҳеч бир миллат бошқа бир миллат устидан ҳукмронлик ўрната олмайди ва ўрнатишга ҳаракат қилмаслиги ҳам керак. Бир миллатни ёки бир гуруҳ инсонларни бошқалардан устун қўядиган ҳар қандай дунё тартиби ҳеч қачон муваффиқиятга эришмайди. Давлатлар орасидаги кучлар мувозанати кўп сақланиб тура олмайди. Жануб ва Шимол халқлари орасида бўлган анъанавий бўлиниш ўзаро боғланган дунёда мазмунга эга эмас; худди шу нарса Совуқ Уруш сарқитларига асосланган тарафкашлик тизимига ҳам тегишли.

Эски одатлар, эски мунозараларнинг халқларимиз дуч келаётган муаммоларга умуман дахли йўқ эканлигини англаш фурсати етиб келди. Бу иллатлар давлатларни ўз олдиларига қўйган мақсадларига қарши ўлароқ ҳаракат қилишларига олиб боради, кўпинча мана шу ташкилотда ўз халқларининг манфаатларига зид бўлган овоз беришларига ҳам сабабчи бўлади. Улар бизлар ва халқларимиз орзу қилган келажак ўртасида деворлар қурадилар, бу деворларни олиб ташлаш фурсати ҳам етиб келди. Биргаликда биз эски зиддиятларни енгиб, янги коалициялар қуришимиз керак – турли эътиқодлар ва турли ақидаларга мансуб, шимол ва жануб, шарқ, ғарб, қора танли, оқ танли ва буғдой ранглилар коалициялари каби.

Танлаш биздандир. Бизни XX аср мунозараларини XXI асрга судраб олиб келган авлод сифатида эслашлари мумкин, чунончи бу авлод қатъий қарор танлаш имкониятларини четга сурарди, олдинга интилишни инкор қилиб, ҳаётдан ортда қолганди, чунки ўзи қўллаб-қувватлалаган ғояга эмас, балки ўзи қарши деб эътироф этган нарсага эргашарди. Ёки  биз жўшқин сувлар ортидаги қирғоқларни кўра олган, инсонларнинг умумий манфаатларига хизмат қилиш учун бирлашган, энг асосийси, ушбу ташкилот - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номи билан уйғунлашган ваъда моҳиятини англатиш учун келган авлод бўлишимиз мумкин.

Америка истаётган келажак – тинчлик ва фаровонлик келажагидир, унга биз фақат агар бошқа барча давлатлар ўз ҳуқуқларига ва шу билан бирга ўз мажбуриятларига ҳам эга эканлигини тан олсаккина эришамиз. Айнан шундай келишув оқибатида маълум натижага эришиш мумкин. Бу ҳол халқаро ҳамкорликнинг асосий дастуриламали бўлиши керак.

Бугун фарзандларимизга биз раво кўрадиган келажак учун жуда муҳим бўлган тўрт устун ҳақида айтиб ўтишга ижозат бергайсиз: ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизлантириш; тинчлик ва хавфсизликни кучайтириш; сайёрамизни муҳофаза қилиш; ҳамда барча инсонлар учун имкониятлар яратадиган глобал иқтисодиёт.

Биринчидан, биз ядро қуролларининг тарқалишини тўхтатишимиз шарт ҳамда бундай қуролдан воз кечган дунё сари интилишимиз керак.

Атом даври бошида ташкил топган бу ташкилотнинг мақсадларидан бири инсоният қўлида пайдо бўлган қатлиом қилиш салоҳиятини тўхтатиш бўлган. Бир неча ўн йиллар давомида, ҳатто қудратли давлатлар қарама-қаршилиги асносида ҳам, биз фалокатнинг олдини олиб келдик. Аммо бугун ядро қуролларининг тарқалиш хавфи кўлам ва мураккаблиги жиҳатидан янада ошмоқда. Агар биз чора кўра олмасак, ҳар бир минтақада ядро қуролланиш пойгасига ва тасаввуримизга ҳам сиғмайдиган даражада урушлар ва террорчилик ҳаракатларининг авж олишига изн берган бўламиз.  

Ушбу қўрқинчли оқибатлар йўлида омонат турган муроса мавжуд, у ҳам бўлса Ядро Қуролларини Тарқатмаслик Шартномаси шаклидаги асосий битимдир. Унда айтилишича, барча давлатлар тинч мақсадда атом энергиясидан фойдаланиш ҳаққи бор; ядро қуролига эга мамлакатлар қуролсизланиш сари ҳаракат қилиш мажбуриятига эга; бу қуролга эга бўлмаганлар эса улардан воз кечиш мажбуриятига эга. Келаси йил давомида бу битим мустаҳкамланадими ёки аста-секин ўз кучини йўқотадими деган масалани ҳал этишда жуда муҳим бўлиши мумкин.

Америка эришилган келишувларни бажариш ниятида. Биз Россия билан  стратегик жанговар каллакларнинг ва уларни нишонга етказиш воситаларини сезиларли даражада қисқартириш  учун янги шартнома тузишга интиламиз. Ядро Қуроллар Синовини Тақиқлаш Шартномасини ратификация қилиш устида иш олиб борамиз ҳамда бошқалар билан ядро қуролларини синашни тамомила бекор бўлиши учун ушбу шартномани кучга киритиш устида иш олиб борамиз. Биз ядро қуроллар сонини янада қисқартиришга ва уларнинг  ролини пасайтиришга қаратилган АҚШ Ядро сиёсатини қайта кўриб чиқишни якунлаймиз. Биз мамлакатларни қуролларга ёқилғи материаллар ишлаб чиқишни тугатиш келишуви бўйича январ ойида музокаралар бошлашга чақирамиз.

Ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги ядровий материалларни хавфсиз ҳолда сақлашга масъул эканлигини қайта тасдиқлаш мақсадида кейинги йил апрел ойида мен саммит ўтказмоқчиман – чунки биз биргина бўлса ҳам ядровий мослама жангари экстремистлар қўлига тушиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Биз ядровий контрабанда ва ўғирликка қарши курашувчи институтлар ва ташаббусларни кучайтириш бўйича ҳам иш олиб борамиз.

Буларнинг барчаси Ядровий Қуролларни Тарқатмаслик Шартномасини  (NPT) кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши лозим. Ўз мажбуриятларини бажармайдиган давлатлар бунинг оқибатини ҳам билишлари лозим. Аниқроқ айтганда, гап бу ерда алоҳида бир давлатларни иҳоталаб қўйиш ҳақида эмас – балки ўз мажбуриятларини бажариб келаётган барча давлатларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳақидадир. АТЭХА назоратчиларидан ўзини олиб қочиш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти талабларини инкор этиш оқибатида барча халқлар ҳимояси ва барча давлатлар хавфсизлигига путур етиши мумкин.

Шу пайтгача олиб бораётган ишлари туфайли, Шимолий Корея ва Эрон ҳукуматлари бизларни таҳликали йўлга олиб бориш хавфини туғдирмоқда. Биз уларнинг миллатлар жамоаси аъзолари сифатида ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз. Илгари айтганимдек, мен яна қайтараман, агар ушбу икки давлат ўз мажбуриятларини бажаришса, мен бу давлатлар билан янада кенгроқ фаровонликка ва янада хавфсизроқ бўлган тинчлик сари элтувчи дипломатик музокараларга тайёрман.

Бироқ, агар Эрон ва Шимолий Корея ҳукуматлари халқаро стандартларни инкор этишадиган бўлса, агар улар ядровий қуроллар ишлаб чиқаришни минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик ҳамда ўз халқларининг имкониятларидан устун қўйишса; агар улар Шарқий Осиё ва Яқин Шарқда ядровий қурол пойгасининг авж олиб кетиш хавфларини эсдан чиқариб қўйишса – у ҳолда улар жавобгарликка тортилишлари керак. Дунё бирдай туриб, халқаро ҳуқуқ оддий сўзлар эмаслигини ҳамда шартномалар кучга эгалигини кўрсатиб қўйиши лозим. Биз келажак қўрқувдан иборат бўлиб қолмаслиги учун ҳаракат қилишимиз даркор.

Бу эса мени келажагимизнинг иккинчи устуни бўлмиш, тинчликка интилиш мавзусига олиб келади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти негизида, бутун дунё инсонлари умргузаронлик қилишлари, ўз фарзандларини тарбиялашлари ва ўртадаги тафовутларни тинч йўл билан ҳал қилишлари мумкин, деган ишонч ётади. Ҳолбуки бизга маълумки, дунёнинг кўп қисмларида бу ишонч мавҳум тушунча ва ушалмас орзу бўлиб қолмоқда. Биз бундай ҳолатни муқаррар экан дея қабул қилиб, доимий ва фалокатли можароларга тоқат қилиб ўтиришимиз мумкин, ёки тинчлик учун муштоқлик ҳамма учун бир хил эканлигини тан олиб, дунё бўйлаб бўлаётган можароларга барҳам бериш ниятимизни қайта изҳор этишимиз мумкин.

Бу саъй-ҳаракатлар бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болаларни ўлдиришга ҳеч қачон тоқат қилиб турилмайди, деган мустаҳкам қатъиятдан бошланиши лозим. Бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай мунозара бўлмаслиги керак. Динни ниқоб қилиб олиб, можароларни илгари сураётган зўравон экстремистлар ўзларини бадном қилдилар ва яккаланиб қолдилар. Улар нафрат ва бузғунчиликдан бошқа ҳеч нарса таклиф қилмайдилар. Улар билан курашда Америка террористларни нишонга олиш, разведка маълумоти билан алмашиш, ҳуқуқий муҳофазани мувофиқлаштириш ва халқларимизни ҳимоя қилиш мақсадида мудом ҳамкорликлар ўрнатади. Ал-Қоиданинг Афғонистон ёки бошқа бир давлат ҳудудидан хуруж қилишига йўл қўймаймиз. Биз дўстларимиз билан олдинги жабҳаларда ёнма-ён турамиз; шу тарзда биз ва кўплаб бошқа давлатлар эртага Покистон халқини қўллаб-қувватлаш  ваъдасини берамиз. Биз динлар ўртасида кўприклар қуриш ва келажак имкониятлар учун янги ҳаморликлар ўрнатишни кўзда тутувчи ижобий иштирок сиёсатини олиб борамиз.

Бизнинг тинчликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз фақат зўравон экстремистларни енгиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Қуролларимиз ичида энг кучлиси бу умиддир, яъни келажак бузғинчиларга эмас, балки қурувчиларга тегишли деган ишончдир; можаролар тугаши ва янги ҳаёт бошланишига бўлган ишончдир.

Шунинг учун ҳам биз самарали тинчликпарварлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз – можаролар юзага келишидан олдин уларнинг олдини олиш учун саъй-ҳаракатларимизни аямаймиз. Биз Судан халқи лойиқ бўлган тинчликни ўрнатиш мақсадида Дарфур халқига ёрдам бериш ва Кўптомонлама Тинчлик Шартномасини амалга ошириш орқали Суданда доимий тинчлик ўрнатишга интиламиз. (Қарсаклар). Зўравонлик туфайли хонавайрон бўлган мамлакатларда – Гаитидан тортиб Конго ва Шарқий Тиморгача – биз БМТ ва бошқа ҳамкорлар билан доимий тинчликни қўллаб-қувватлаш устида бирга ишлаймиз.

Мен Исроил, Фаластин ва араб дунёси ўртасида адолатли ва мудом тинчликни ўрнатишга интилишда давом этаман. (Қарсаклар). Биз бу муаммо устида ишни давом эттирамиз. Кеча мен Бош вазир Нетаняху ва Президент Аббос билан конструктив учрашув ўтказдим. Биз маълум прогрессга эришдик. Фаластинликлар хавфсизлик бўйича ўз саъй-ҳаракатларини кучайтиришди. Исроилликлар фаластинликларнинг ҳаракатланиш эркинлигини кенгайтиришга кўмак беришди. Иккала томоннинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ғарбий соҳилда иқтисодий фаоллашув бошланди. Аммо кўпроқ ютуқлар талаб этилади. Биз фаластинликларни Исроилга қарши зўравонликни авж олдириш кампаниясини тўхтатишга чақирамиз, айни пайтда Америка Исроилнинг босиб олинган ҳудудларда масканлар қурилишини ноқонуний, деб эътироф этишда давом этади. (Қарсаклар).

Доимий мақомга доир масалалар, жумладан исроилликлар ва фаластинликлар хавфсизлигини таъминлаш, чегараларни демаркация қилиш, қочоқлар ва Қуддус мақомига оид масалаларни ҳеч қандай шартларсиз музокара қилиш пайти келди. Мақсад аниқ: ёнма-ён тинч ва хавфсиз ҳолатда ҳаёт кечирадиган икки давлатнинг пайдо бўлиши – барча исроилликлар учун ҳақиқий хавфсизлик таъминланган яҳудийлар давлати Исроил; ҳамда 1967 йилда бошланган оккупациянинг тугатилишига олиб келадиган, бевосита туташ чегараларга эга бўлган,  ҳаётбахш ва мустақил Фаластин давлати. (Қарсаклар).

Биз ушбу мақсад сари интилар эканмиз, биз Исроил ва Ливан, Исроил ва Сурия ҳамда Исроил ва унинг кўплаб қўшнилари ўртасида тинчлик сари интилган бўламиз. Бу мақсад сари интилганда, биз икки томонлама музокаралардан ташқари, кўптомонлама саъй-ҳаракатлар орқали минтақавий ташаббусларни ҳам ривожлантирамиз.

Мени ўта соддадил деб ўйламанг. Биламан, бу осон кечмайди. Фақат исроилликлар ва фаластинликлар эмас, балки ҳаммамиз тинчликка эришиш ниятимиз жиддийми йўқми, ё бунга фақат номигагина киришамизми – биз шуни аниқлаб олишимиз лозим. Эски нотўғри қарашларга барҳам бериш, шубҳа ва чорасизлик доирасидан чиқиб кетиш учун биз ҳаммамиз, шу пайтгача ўзаро айтган гапларни, энди очиқчасига айтишимиз керак. Агар фаластинликларнинг қонуний даъволари ва ҳуқуқлари Исроил томонидан эътироф этилиши билан Исроил хавфсизлигига берадиган кўмагимизни боғлаб қўя олмасак, у ҳолда Қўшма Штатлар Исроил фойдасини кўзламай иш тутган бўлади. (Қарсаклар). Шу билан бирга, БМТнинг баъзи аъзо давлатлари, қачонки Исроилнинг қонунийлиги ва уни тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириш ҳуқуқини тан олиш ўрнига, Исроилга қарши нафратли ҳужумларида давом эттиришганда, фаластинликлар фойдасини кўзламай иш тутган бўладилар. (Қарсаклар).

Ёдимизда тутайлик, бу можародан энг катта жабр кўрадиганлар биз эмас. Сиёсатчилар эмас. Бу жабрни ярим кечаси ракета ўз ҳаётига зомин бўлишидан қўрқиб, кўзини юмиб олган Сдеротдаги исроиллик қизалоқ тортади. Бу жабрни тоза ичимлик сувига ва ватаним деб атайдиган юртига эга бўлмаган Ғазодаги фаластинлик болакай тортади. Уларнинг ҳаммаси Худо бандалари. Агар сиёсатни бир четга суриб қарасак, гап бу ерда ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати ва хавфсиз ҳаёт кечириш ҳуқуқи ҳақида кетмоқда. Бу сабоқ Ернинг бу кичкина қисмида жойлашган Муқаддас Заминда пайдо бўлган уч буюк дин берган сабоқдир. Шунинг учун ҳар қандай муваффақиятсизликлар, қийинчиликлар ва оғир кунларга дуч келсак ҳам, мен тинчликка бўлган интилишимдан воз кечмайман. (Қарсаклар).

Учинчидан, тан олишимиз керакки, XXI асрда сайёрамизни муҳофаза қилиш масъулиятини ўз бўйнимизга олмагунимизча, тинчликка эришиб бўлмайди. Иқлим ўзгариши масаласи бўйича кеча ўтказилган саммит уюштиргани учун Бош котибга миннатдорлик билдираман.

Иқлим ўзгариши таъсирида юзага келаётган хавфларни инкор қилиб бўлмайди. Буларни ҳал қилиш бўйича мажбуриятларимизни кечиктириб бўлмайди. Агар биз шу тарзда давом этар эканмиз, ушбу Бош Ассамблея сессиясида иштирок этаётган ҳар бир вакилнинг юртида қайтариб бўлмас ўзгаришлар юзага келади. Бизларнинг можароларга барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларимиз, қочоқлар ва заҳиралар юзасидан бўладиган урушлар асносида иккинчи даражага ўтиб қолади. Қурғоқчилик ва очарчилик сабабли тараққиёт тўхтаб қолади. Одам боласи минг йиллардан бери яшаб келган ерлар йўқолиб кетади. Келгуси авлодлар ўтмишга боқиб, нима учун бизларнинг вақтида ҳаракат қилмаганимизга, нима учун бизга мерос бўлиб ўтган атроф-муҳитни фарзандларимизга сақлаб қолмаганимиздан ҳайратланишади.

Мана шунинг учун ҳам Американинг бу масалада қўл қовуштириб ўтирган кунлари энди тугади. Биз энергетика соҳамизни ўзгартириш учун сармоя киритиш, тоза энергияни даромадли энергия турига айлантиришда имтиёзлар бериш учун олға ҳаракат қиламиз. Биз зарарли чиқиндиларни кескин камайтириш бўйича 2020 йил ва ниҳоят 2050 йиллар учун белгиланган мақсадларга эришиш учун олға ҳаракат қиламиз. Биз қайта ишланадиган энергия ва самарадорликни қўллаб-қувватлаш ва дунё мамлакатлари билан янги технологиялардан бирга фойдаланишни давом эттирамиз. Биз бутун дунё билан бир жамоа бўлиб, бу хавфни бартараф этишга туртки бўлувчи ҳеч бир имкониятни қўлдан чиқармаймиз.

XX асрда атроф-муҳитга шунча кўп зарар етказган ўша бой давлатлар бу ишни олиб бориш мажбуриятини қабул қилишлари лозим. Аммо мажбурият бу билан тугамайди.  Турли хил ёндашув кераклигини тан олган ҳолда, углерод чиқиндиларни камайтириш учун қилинган саъй-ҳаракатларга тез суръатда ривожланиб келаётган давлатлар қўшилиши керак, чунки улар углерод чиқарувчи манба сифатида ва ўз ўсиш суръатларини чекламаган ҳолда, ҳаво ифлосланишига қарши фаолроқ курашишлари мумкин. Камбағал давлатларнинг ўз таъсирини кўрсата бошлаган иқлим ўзгариши муаммоларига мосланишларида ёрдам беришга ва тоза тараққиёт йўлидан боришларига кўмак беришга ожиз бўлсак, ҳар қандай саъй-ҳаракатлар кутилган наф бермайди.

Бизнинг энергиядан фойдаланиш каби чуқур ўрнашиб қолган одатларимизни ўзгартириш қийин кечади. Мен буни биламан. Бу нарсани глобал иқтисодий таназзул ўртасида амалга ошириш янада мушкулроқдир. Албатта, қўл қовуштириб, бошқаларнинг биринчи ҳаракат қилишини кутиб туриш жозибадор кўринади. Аммо барчамиз бирга олға ҳаракат қилмагунимизча, биз бу сафарга чиқа олмаймиз. Копенгагенга йўл оларканмиз, келинглар, ҳар биримиз умумий келажагимиз учун нима қила олишимиз мумкинлигига эътибор қаратсак.

Энди эса, келажагимизга таянч бўладиган сўнгги устун: барча инсонларни имкониятлар билан таъминлайдиган глобал иқтисод ҳақида сўз юритсак. 

Дунё ҳали ҳам Буюк депрессиядан бери энг ёмон иқтисодий таназзулдан чиқмоқда. Америкада биз иқтисодий ўсиш двигатели ишлай бошлаганини кўраяпмиз, аммо шунда ҳам кўпчилик иш топишда ёки харажатларни тўлашда қийналмоқда. Дунё бўйлаб биз умидбахш аломатларни кўряпмиз, аммо олдинда нималар кутаётгани ҳақида аниқлик етишмаяпти. Жуда кўплаб инсонлар жуда кўплаб мамлакатларда инсониятга зарба берган ҳар кунлик инқироз асносида умр кечирмоқдалар –оч қорин оқибатида ночорлик; сув танқислиги туфайли ташналик; даволаса бўладиган дарддан ёш бола нобуд бўлгандаги алам; ёки бўлмаса кўзи ёриётганда онанинг ҳаётдан кўз юмиши.

Питсбургда биз дунёнинг энг катта иқтисодлари билан мувозанатли ва барқарор ўсишга эришиш йўлларини ишлаб чиқиш устида ишлаймиз. Бу дегани, то халқларимиз ишга қайтмагунларича, бизнинг бўшашмаслигимиз учун сергаклик деганидир. Бу глобал қайта тикланишни қўллаб-қувватлаш учун талабни яна жонлантиришга қаратилган чоралар қабул қилиш кераклигини англатади. Бу ҳозиргига ўхшаган таназзулни келажакда яна юзага келишининг олдини олишимиз учун, бу фалокатга бизни олиб келган ҳирс, баднафслик ва суиистеъмолни тугатишимиз учун бизнеснинг янги қоидаларини белгилаш ва барча молиявий марказларни тартибга солишни кучайтиришни билдиради.

Бундай ўзаро боғлиқлик замонида таназзул бошланишидан ҳам олдин мавжуд бўлган кенгроқ ривожланиш масалаларига оид ёндашувда биз маънавий ва прагматик томонларни ҳам ўйлашимиз даркор. Шу боис, Америка ўз тарихий саъй-ҳаракатларида давом этиб, инсонлар ўзларини боқишлари учун кўмак беради. Биз, ОИВ/ОИТСга қарши курашиш, сил касал ва безгакдан ўлим ҳолатларини тугатиш, полиомиелитни таг-туги билан йўқотиш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини кучайтириш мақсадлари учун 63 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратдик. Биз бошқа мамлакатлар билан биргаликда H1N1 вакциналарини Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига етказмоқдамиз. Биз жаҳон савдоси тизимига кўпроқ мамлкатлар қўшилиши тарафдоримиз. Биз Минг Йиллик Декларациясида қайд этилган Ривожланиш Мақсадларини қўллаб-қувватлаймиз ва кейинги йил саммитига уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича глобал режа билан борамиз. Биз ўта қашшоқликни ўз замонимизда таг-томири билан йўқотиш бўйича вазифаларни белгилаймиз.

Ҳозир барчамиз учун ўз бурчимизни бажариш пайтидир. Барча давлатлар ўз мажбуриятларини қабул қилмагунларича, тараққиёт барқарор ёки ҳар ерда бўлмайди. Бу дегани бой давлатлар ўз бозорларининг кўпроқ маҳсулотлар учун очишлари ва камбағалроқ давлатларга ёрдам қўлини чўзишлари лозимлигини билдиради, кўпроқ мамлакатлар сезиларлироқ даражада иштирок этишлари учун халқаро институтларни ислоҳ қилиш керак. Ривожланаётган мамлакатлар тараққиёт учун тўсқин ҳисобланган коррупцияни таг-туби билан йўқотиши лозим – одамлар зулм тортаётган, бизнес субъектлари эса пора беришга мажбур қилинадиган ерда имкониятлар гуллаб-яшнамайди. Шунинг учун ҳам биз ҳуқуқ-тартибот органларининг поклиги ва судларнинг мустақиллиги, фуқаролик жамияти ва фаол ривожланаётган хусусий секторни қўллаб-қувватлаймиз. Бизнинг мақсадимиз оддий: мунтазам ўсиш ва ҳамма учун баравар имконият бўлган глобал иқтисоддир.

Бугун мен айтиб ўтган ўзгаришларни амалга ошириш осон бўлмайди. Ушбу ўзгаришларни амалга ошириш учун биз каби раҳбарларнинг бундай форумларда тўпланишининг ўзи етарли эмас, гарчи бундай йиғинлар фойдадан холи эмасдир. Чунки дунё мамлакатларининг ҳар қандай ассамблеясида асл ўзгаришларга фақат биз намоён қилаётган ҳалқлар иштироки билан эришиш мумкин.  Шунинг учун тараққиётга эришиш учун асос солишда биз авваламбор ўз пойтахтларимизда фаол иш олиб бормоғимиз лозим. Айнан ўша ерда, можароларга барҳам бериш ва технолгияларни тинчлик мақсадида қўллаш, энергиядан оқилона фойдаланиш ва барқарор ҳамда умумий иқтисодий ўсишни илгари суриш учун муросага келишамиз.

Ўйлайманки, дунё халқлари ўз фарзандларининг айнан шундай келажакда яшашларини истайдилар. Шунинг учун биз, ҳукуматларнинг халқ иродасини ифода этишини таъминловчи тамойилларни ҳимоя қилишимиз керак. Бу тамойиллар иккинчи даражали аҳамиятга эга эмас: демократия ва инсон ҳуқуқлари бугун мен айтиб ўтган мақсадларнинг ҳар бирига эришишда муҳимдир, чунки халқнинг ва халқ учун бўлган ҳукуматлар ҳокимиятдаги тор доира манфаати эмас, балки ўз халқининг кенг манфаати доирасида амал қилишга мойилдир.

Бизнинг етакчи сифатидаги самарадорлигимиз даражаси халқларимиз орасида эски қўрқувлар ва нафратни кучайтириш билан ўлчанмайди.  Етакчилар самарадорлиги ўзга фикрликни бостириш, мамлакат ичидаги сиёсий мухолифларни қўрқитиш ва тазйиқ қилиш билан ўлчанмайди. Дунё халқлари ўзгаришларни истайдилар.  Улар тарих оқимига қарши кетаётганларга тоқат қилиб ўтирмайдилар. 

Ассамблеямизнинг Низоми барчамизни “инсоннинг асосий ҳуқуқлари, инсон шахсиятининг қадр-қимматига, эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигига ишончни қайта тасдиқлаш”га чақиради. Ушбу ҳуқуқлар орасида ўз фикрини ифода этиш ва истаган динига эътиқод қилиш эркинлиги, барча ирқлар вакиллари учун тенглик, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятларини тўла ишга солиш имконияти борасидаги ваъда, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок эта олиши ва суд тизмининг адолатли эканлигига бўлган ишонч бор. Зеро, ҳеч бир давлат бошқа давлат томонидан зулмга дучор бўлмаслиги лозим бўлганидек, ҳеч бир инсон ўзи каби бошқа инсон томонидан зулм чекмаслиги керак.        

Мен афроамерикалик сифатида шуни доим ёдимда тутаман: агар мамлакатимда мукаммалроқ бирдамлик сари сўнмас интилиш бўлмаганида, мен бу ерда турмаган бўлардим. Шунинг учун аминманки, кун қанчалик зулматли кўринса ҳам, адолат йўлига турганлар ҳамиша туб ўзгаришларга эришадилар. Ваъда бераманки, Америка, ўз қадр-қиммати ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр турганлар билан – у илмга интилаётган талаба бўлсин, ўз овозининг инобатга олинишини талаб қилаётган сайловчи бўлсин, озод бўлишни истаётган бегуноҳ инсон бўлсин, тенг ҳуқуқлик бўлишни орзу қилаётган мазлум бўлсин, доим бирга бўлади.  

Демократияни ҳеч бир давлатга ташқаридан ўрнатиб бўлмайди. Ҳар бир жамият ўз йўлини излаши лозим, гарчи мукаммал йўлнинг ўзи йўқ. Ҳар бир мамлакат ўз халқининг маданияти ва анъаналарига асосланган йўлдан боради.  Тан оламан, Америка демократияни тарқатишда кўпинча бирёқлама асосда ёндошган. Бироқ бу бизнинг садоқатимизни сусайтирмайди, билъакс кучайтиради. Умумбашарий бўлган асосий тамойиллар мавжуд, кўриниб турган муайян ҳақиқатлар мавжуд – Америка Қўшма Штатлари бутун дунёдаги инсонларнинг ўз тақдирларини белгилашга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳеч қачон тўхтатмайди.

Олтмиш беш йил муқаддам ҳориган Франклин Рузвельт Америка халқига ўзининг тўртинчи ва сўнгги инаугурацион мурожаатини қилди.  Узоқ йиллар давом этган урушдан кейин, у даҳшатли изтироблар ва улкан қурбонлардан кейин олинган сабоқларни жамлашга уринди.   “Биз, - деди у, -  дунё фуқароси бўлишга, инсоният жамиятининг аъзоси бўлишга ўргандик”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Рузвельт каби, курраи заминнинг турли бурчаклари – Африка ва Осиё, Европа ва Америкадан  тўпланган  инсонлар томонидан барпо этилган эди. Халқаро ҳамкорликни барпо этган бу меъморларнинг армони бор эди, аммо у содда кўнгил армони эмасди – унинг асосида урушнинг машаққатли сабоқлари, халқлар, ўз манфаатларини ажралган ҳолда эмас, балки биргаликда ҳаракат қилиб ҳимоя қилишлари мумкин деган ҳикмат бор эди. 

Энди бу масъулият бизнинг зиммамизда: бу ташкилот қандай бўлиши бизга боғлиқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун дунё бўйлаб савобли ишлар қилмоқда  - очларга озиқ-овқат етказмоқда, касалларни даволамоқда,  вайрон бўлган жойларни қайта тикламоқда.  Лекин у ўз қарорларии татбиқ этишга ва ўз таъсисчилари асос солган идеалларга эришишнинг доим ҳам уддасидан чиқа олмаяпти. 

Бу каби камчиликлар бу ташкилотдан чиқиб кетиш учун сабаб бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайман, бу камчиликларнинг борлиги, биздан ўз саъй-ҳаракатларимизни икки баравар кучайтиришимиз лозимлигини англатади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ё эски аламларимиз юзасидан айтишадиган жой, ёки муштарак ечимга келадиган жой бўлиши мумкин; бизни ажратиб турувчи нарсаларни муҳокама қиладиган жой, ёки бизни бирлаштириб турувчи нарсаларни топадиган жой бўлиш мумкин; зулм илдиз отишига сабаб бўладиган ёки ахлоқий куч манбаи бўлиши мумкин. Қисқаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фуқароларимиз ҳаёти учун муҳим бўлган барча нарсалардан ўзини ажратиб оладиган ташкилот бўлиши ёки биз хизматида бўлган халқларнинг манфаатини илгари сурувчи зарур механизмга айланиши мумкин.

Биз муҳим паллага етиб келдик. Америка Қўшма Штатлари халқаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси, барча давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари эътироф этиладиган саҳифа очишга тайёр. Шу боис, танлаган йўлимиз тўғри эканлигига ишонч билан ва қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда , биз барча давлатларни халқларимизга жуда муносиб бўлган келажакни барпо этиш учун биз билан бирлашишга чақирамиз. 

Катта раҳмат. (Қарсаклар)

 

###