Skip Navigation
Сиз ...дасиз: АҚШ сиёсати > Маколалар > Обаманинг Ифторлик Зиёфатидаги Нутқи
Skip Left Section Navigation
АҚШ сиёсати

АҚШ СИЁСАТИ

Президент Обаманинг Ифторлик Зиёфатида Сўзлаган Нутқи (09/01/2009)

 

ОҚ УЙ

 Матбуот Котиби Идораси

Дарҳол тарқатиш учун                                           2009 йил, 1 сентябр

Оқ Уйнинг зиёфатхонаси

Президент: Марҳамат, ҳаммани ўтиришга таклиф қиламан. Раҳмат! Бу ерда, Оқ Уйда барчангизни ушбу махсус байрамни нишонлаш учун қабул қилишдан жуда мамнунман. Рамазон муборак!

Мен учун дипломатик корпуснинг кўпгина аъзолари, шунингдек, менинг маъмуриятим вакиллари ва ҳурматли Конгресс аъзолари, жумладан, АҚШ тарихида биринчи икки мусулмон конгрессмен - Кит Эллисон ва Андре Карсонларни қутлаш катта шараф. Қаерда улар? ( Қарсаклар.)

Мен бу ерда ҳозир бўлганларнинг яна бир нечтасини зикр қилишим лозим. Бу ерда Сенатнинг халқаро муносабатлар бўйича Қўмитасининг энг обрўли аъзоси бўлмиш сенатор Ричард Лугар бор. Дик Лугар қаерда? Мана у.( Қарсаклар.) Вакиллар палатасининг аъзоси, АҚШ Вакиллар палатасининг судларни ташкил қилиш бўйича Қўмита раиси Жон Коньерс.(Қарсаклар.)  Бу ерда конгрессмен Раш Холт ҳозир. Раҳмат Раш.(Қарсаклар.) Раш, сенга жой топиладими? (Кулги).

Конгрессмен Холт: Бу ердан мен вокзалга бораман.(Кулги).

Президент: Мен сизни тушундим.

Бу ерда, шунингдек, Мудофаа вазири Гейтс мавжуд. Вазир Гейтс.(Қарсаклар). АҚШ Адлия вазири Эрик Холдер.(Қарсаклар). Ва Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири Кэтлин Себелиус ҳам шу ерда.(Қарсаклар).

Яна, мени энг қувонтирадигани - бу ерда ҳозир бўлган ва жамиятнинг турли табақаларига мансуб америкалик мусулмонларни олқишлашдир. Бу Рамазонни нишонлаш тадбирларининг бири холос ва у бу ерда, Оқ уйда, ифторлик уюштириш одати давом этаётир.

Миллиарддан зиёд мусулмонлар учун Рамазон вожиботларни ихлос билан адо этадиган ва тафаккур қиладиган вақтдир. У муҳтож кишиларга ёрдам ва уларни қўллаб қувватлаш вақтидир. Шунингдек, у ўз динлари, ўз жамоалари ва биз барчамиз мансуб бўлган бутун инсоният ҳаққини адо этиш учун оилалар, дўстлар бир жойга йиғиладиган вақтдир. Айни шу руҳият билан мен сизларнинг ҳар бирингизни Оқ Уйда қутлайман.

Бугунги ифтор, шунингдек, шахсий уй ва бутун эллик штат масжидларидаги дастурхон атрофида ҳам ўтказилаётган маросимдир. Сизларга маълум бўлганидек, Ислом Американинг бир қисмидир. Америка фуқаролари ҳамжамиятларига хос бўлганидек, америкалик мусулмон жамиятлари ўзларининг фавқулода ҳаракатчанликлари ва турфаликлари билан ажралиб турадилар. Уларнинг ичида аждодлари кўпдан бери АҚШда яшаётган оилалар ҳам, нисбатан яқинда ҳижрат қилганлари ҳам бор. Улар курраи заминнинг турли бурчакларида, ўз илдизига эга бўлган, жуда кўп ирқ ва миллатга мансуб мусулмонлардир.

Ҳақиқатда, мусулмонларнинг Қўшма Штатлар учун қилган хизматлари шу қадар кўпки, уларни санаш қийин, чунки мусулмонлар бизнинг жамиятимиз ва мамлакатимиз ўзаги билан чамбарчас боғлиқдир. Америкалик мусулмонлар бизнес, кўнгил очар саноат соҳаси, санъат ва спорт, фан ва тиббиёт соҳаларида муваффақият қозондилар. Лекин, энг асосийси, улар ажойиб ота-она, аҳил қўшни ва фаол фуқаролардир.

Биз бугун муқаддас Рамазон ойини нишонлаш учун йиғилдик. Биз, шунингдек, мусулмонлар Америка ва унинг маданиятини нақадар бойитганларини нишонлаймиз. Бугун бу ерда улар қўлга киритган ютуқларнинг фақатгина кичик бир қисми намоён. Бу ажойиб инсонлар ҳаётининг баъзиларини сиз билан қисқача ўртоқлашишга рухсат беришингизни сўрайман.

Элшеба Хон ўғли Карим ўз ватани учун Ироқда жанг қилиб, энг азиз нарсаси - жонини фидо қилди. Карим ўрта мактабни тугатибоқ қуролли кучлар сафига кирди. У “Алвон юрак” ва “ Бронза юлдуз” медаллари билан мукофотланган ва сафдошларининг таҳсинларига сазавор бўлган. Ўғли ҳақида ҳикоя қилар экан, Элшеба шундай деди: “У доимо қўлидан келганича ёрдам беришга тайёр эди”. Бугун у мингларча бошқа қахрамонлар дафн қилинган Арлингтон қабристонида ётибди. Унинг қабрини, бошқа қабрларга хоч ёки Довуд юлдузи ўйиб туширилгани каби, ярим ой безаб турибди. Бу жасур америкаликлар ҳаётда бир бўлганлари каби, ўлимда ҳам бирдирлар. Уларни ўз мамлакатига, биз эъзозлайдиган қадриятларга бўлган садоқат бирлаштириб туради.

Мана шундай қадриятлардан бири эътиқод эркинлигидир. Бу ҳуқуқ АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатишида кафолатлаб қўйилган. Маскоги (Калифорния штати)дан келган Нашала Херн бу ҳуқуқни ёшлигидан талаб қила бошлади. Ноҳия мактаби раҳбарияти унга ҳижоб кийишни маън қилганда, у бу унинг динининг бир қисми эканлигини айтиб, норозилик эълон қилди. АҚШ Адлия вазирлиги уни қўллаб-қувватлади ва у ўз динига амал қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Нашала ҳатто Вашингтонга келиб, Конгрессда чиқиш қилди. У бағрикенглик ҳиссиётлари ишончсизлик ҳиссиётларидан кучлироқ эканлиги тўғрисида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мактабга ҳижобда келганида, бошқа болалар унга илиқ сўзлар айтишган.

Мактабда катта муваффақият қозонган яна бир қиз Билқис Абдулқодирдир. У бўйи баланд эмаслиги - бор йўғи беш футу беш дюйм эканлигига қарамасдан... Билқис қаерда? Ана у. Ўрнингиздан туришингизни илтимос қиламан, тоинки биз- (кулги)- мен,ҳамма унинг баланд пошнали туфли кийганлигини билишини хоҳлайман. Беш футу беш дюймлик бўйи билан Билқис Массачусетс штати мактаблараро баскетбол чемпионатлар тарихида тўпланган очколар сони бўйича Ребекка Лобо рекордидан ўзиб кетди. Яқинда қатнашган матбуот суҳбатида у: “Мен баскетбол ўйнашни хоҳловчи мусулмон қизлар учун ҳақиқий намуна бўлишни истардим. Қилиб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Улар ҳам буни эплайдилар”, деди. Яқинда, Мемфис Университетида ўқишни бошлайдиган аълочи ва спортчи Билқис нафақат мусулмон қизларни, балки ҳаммамизни руҳлантиради.

Албатта, Американи руҳлантирган спортчилар тўғрисида гап кетар экан, биз тўғридан-тўғри энг буюк деб машҳур бўлган одамни эсламаслик мумкин эмаслигини биламиз. Гарчи Муҳаммад Али бизга бугун қўшила олмаган бўлса-да, у қўшган буюк улуш ҳақида фикр юритиш ўринлидир. У рингда енгилмас курашчидан олийжаноб фазилат ва салобат эгаси бўлган инсонга айланди. У барча дин кишиларида жуда кўп умумийлик бор, деган ақидага ишонади ва буни амалга татбиқ қилиш учун курашда давом этмоқда. Бир неча йил олдин у ўз нуқтаи назарини тушунтирар экан, қисман, нима учун у энг буюк эканлигини исботлайди ва шундай деди: “Дарё, кўл, ҳовуз, ариқ - турли тушунчалар, лекин, уларни бир нарса, уларда сув бўлишлиги бирлаштиради. Худди шуни динлар тўғрисида ҳам айтиш мумкин: уларнинг ҳаммасида ҳақиқатлар бор”.

Барча динларда ҳақиқатлар мужассам. Бу ҳақиқатлар тинчликка интилиш ва ҳар бир инсоннинг иззат-шарафини ҳурмат қилишни ўзида жамлаган. Улар доимо биз умумий нуқталарни топа оладиган асосни юзага келтиришлари лозим. Айни шунинг учун, мен бугун бизга нафақат кўпгина таниқли Америка мусулмонлари ва дипломатия корпуси намоёндалари, балки кўзга кўринган кўпгина мусулмонлар билан бирга турли дин вакиллари - насоролар, яҳудийлар, ҳиндулар қўшилганидан хурсандман.

Биз, ўзаро қизиқиш ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ўрнатилишига биргаликда масъулмиз. Бу хоҳ юртимизда, хоҳ хорижда бўлсин, менинг президент сифатидаги асосий мажбуриятларимнинг биридир. Бу Қўшма Штатлар ва бутун дунёдаги мусулмонлар ўртасидаги муносабатларда мен интилаётган янги бошланиш учун алоҳида аҳамият касб этади. Бу ушбу муқаддас кунларда биз яна бир бора таъкидлашимиз мумкин бўлган мажбуриятдир.

Шунинг учун, биз бугун буюк динни, унинг адолат ва ривожланишга бўлган садоқатини қутлаяпмиз. Биз ҳаётлари бошқалар учун ижобий намуна бўлган  Америка мусулмонларининг хизматларини қадрлаймиз. Биз ўзимизни янада яхшироқ, янада умидлироқ дунё яратиш ишига яна сафарбар қиламиз.

Барчангизга ушбу тадбирда иштирок қилиш учун вақт топа олганингиз учун миннатдорлик изҳор қиламан. Сизларга Рамазон ойининг баракотли бўлишини тилайман. Энди эса, ўйлайманки, зиёфатимизни бошласак ҳам бўлар. Бугун нима егуликлар тортилишини билмайман-у, лекин уларнинг сизга ёқишига аминман.(Кулги). Ҳаммага катта раҳмат. (Қарсаклар)