Пресс-релизлар 2008
АҚШ Давлат Департаменти одам савдосига оид ҳисоботни эълон қилди (06/05/2008)
4 июнь куни АҚШ Давлат Департаменти одам савдосига оид саккизинчи йиллик ҳисоботини эълон қилди. 170 та давлат ҳақидаги маълумотлардан ташкил топган ушбу ҳисобот одам савдоси ёхуд замонавий қулликнинг ўта қўпол шаклларига қарши курашга оид турли ҳукуматларнинг саъй-ҳаракатлари борасида энг батафсил хужжатдир. АҚШ таҳминига қараганда, ҳар йили 800 000 киши давлатлараро чегаралар орқали савдо мақсадида олиб ўтилади. Бу рақамлар ўз мамлакатларининг ичида траффик қурбони бўлган миллионлаб кишиларни ўз ичига олмайди. Ҳисоботдаги маълумотлар глобал огоҳликни ошириш ва мамлакатларни одам савдосига қарши курашда самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиши учун кўмак беришни мақсад қилади.
Ўзбекистон бу йили одам савдосига қарши курашиш йўлида аниқ қадамларни амалга оширгани сабабли ўтган йилги ҳисоботда эгаллаган 3-тоифадан бу йилги ҳисоботда 2-тоифага кўчирилди. Ҳукумат томонидан қабул қилинган қонун нафақат ушбу турдаги эксплуатациянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, балки одам савдосининг қурбонига айланган шахсларни ҳимоялаш, ҳамда уларга ёрдам кўрсатишни ҳам назарда тутади. Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилотининг болалар меҳнати ва унинг олдини олиш ҳақида иккита конвенциясига қўшилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг аҳоли огоҳлигини оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш ва конференциялар ўтказиш ёрдамида оширишга йўналтирилган ҳаракатлари ҳукуматнинг одам савдосига қарши курашишга бўлган истагининг намойишидир.
Одам савдосига оид йиллик ҳисобот АҚШ Конгресси мандати билан тайёрланади ва одам савдосига қарши қўлланилувчи асосий дипломатик восита сифатида хизмат қилади. Ҳисоботнинг тўлиk матни билан Давлат Департаментининг веб-сайтида танишиш мумкин: http://www.state.gov/g/tip.

