Пресс-релизлар 2008
АҚШдаги коллеж ва университетлар ўзбекистонлик талабалар учун оммабоп маскан бўлиб қолмоқда (11/17/2008)
Халқаро Таълим Институтининг халқаро таълим бўйича йиллик ҳисоботи – «Очиқ эшиклар»да таъкидланишича, 2002 йилдан буён АҚШдаги олий ўқув юртларига қабул қилинаётган ўзбекистонлик талабалар сони ҳар йили қарийб икки баравар ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2007 йилда АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 2006 йилдагига қараганда 23% га ошган. Шунга қарамай, Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонлик талабаларнинг умумий сони ўтган йили аввалги йилдагига қараганда 42 нафарга камайган (2007/08 да 539 нафар, 2006/07 да 581 нафар); хали бундай холат 2002 йилдан буён кузатилмаганди.
Бу йилги ҳисоботда қайд этилишича, Америка Қўшма Штатларидаги коллеж ва университетларда билим олаётган халқаро талабаларнинг сони 2007/08 ўқув йилида 7 фоизга ошган ва рекорд даражани - 623 085 кишини ташкил этган. Бу 2002/03 ўқув йилидаги ҳисоботда энг юқори деб хисобланган кўрсаткичдан 6 % га ортиқдир. «Очиқ эшиклар»даги маълумотга қараганда, 2007 йил кузида АҚШ коллеж ва университетларига қабул қилинган халқаро талабалар сони янада ортган. Янги қабул қилинган талабалар сонининг ўсиши аввалги йилларда 10% ва 8 % ни, янги ўқув йилида эса 10 % ни ташкил этди.
АҚШ Элчихонасининг маданият масалалари бўйича атташеси Стефани Фицмориснинг билдиришича, чет элда тахсил олиш истагида бўлган ўзбекистонлик талабалар кўпроқ АҚШни маъқул кўрмоқда. Чунки бу ердаги таълим даражаси ўз сифати ва нуфузи билан ажралиб туради. АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчихонасида 2007 йилда кенг жамоатчилик учун ташкил этилган Таълим бўйича маслаҳат марказидан АҚШда таълим олиш тўғрисида батафсил ва аниқ маълумот олиш учун кенг имконият яратилиши бунга сезиларли ижобий таъсир кўрсатаётган омиллардан биридир. Ўзбекистондаги талабалар, ўқитувчилар ва ёш мутахассисларга Америка Қўшма Штатларида таълим олиш имкониятлари хусусида кўпроқ маълумот олишларига кўмаклашиш мақсадида АҚШ Элчихонаси 20 ноябрь куни, соат 16:00да Тошкент Халқаро Мактабида бўлиб ўтадиган Халқаро Таълим Ярмаркасига ҳомийлик қилмоқда. Ушбу тадбирда бошқа халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳам ўз мамлакатларидаги таълим олиш имкониятлари ҳақида маълумот беради.
Нью-Йоркда жойлашган Халқаро Таълим Институти Президенти ва Бош ижрочи директори Аллан Э. Гудманнинг сўзларига кўра, Америка Қўшма Штатларидаги халқаро талабалар сонининг тобора ўсиб бориши АҚШ Ҳукумати ва кўплаб хусусий коллеж ва университетлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасидир. “Халқаро талабалар Америка Қўшма Штатларида илиқ кутиб олиниши, уларнинг талабалар шаҳарчаси ва кенг жамоатчилик орасида интеллектуал ҳамда маданий муҳитга қўшадиган ҳиссаси қадрланишини яхши билишади. Таълим йўналишидаги алмашинувларни қўллаб-қувватлаш – бу бизнинг олий таълим, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда қашшоқликка қарши кураш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва терроризмга кучли зарба бериш каби глобал муаммолар бўйича халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун киритишимиз мумкин бўлган энг яхши сармоядир.”- дейди Аллан Гудман.
«Очиқ Эшиклар» ҳисоботи таълим ва маданий алмашинувлар бўйича Америка Қўшма Штатларидаги етакчи нотижорат ташкилотларидан бири хисобланган Халқаро Таълим Институти (ХТИ) томонидан тайёрланади. ХТИ 1949 йилдан буён Америка Қўшма Штатларидаги халқаро талабаларга оид йиллик статистик маълумотларни тайёрлаб келмоқда. АҚШ Давлат Департаментининг Таълим ва маданият ишлари бўйича Бюроси 1970 йил бошидан эътиборан ушбу ташкилотни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳисобот АҚШдаги 3000 га яқин таълим масканларидан олинган маълумотлар асосида тузилади. Шунингдек, «Очиқ Эшиклар» АҚШ университетларидаги халқаро олимлар, ўқишга киришдан аввал кучайтирилган инглиз тили дастурларига қабул қилинган халқаро талабалар ҳамда чет элда таълим олаётган АҚШлик талабалар (1985 йилдан буён) тўғрисида ҳам ҳисобот тайёрлайди. «Очиқ Эшиклар»нинг 2008 йилдаги ҳисоботлари ва умуман фаолияти хусусида тўлиқ маълумот интернетдаги www.opendoors.iienetwork.org саҳифасида мавжуд. 104 саҳифадан иборат ҳисобот учун эса ХТИнинг www.iiebooks.org сайти орқали буюртма бериш мумкин.Буюртма баҳоси 59 доллару 95 цент.
АҚШ Давлат Департаментининг Таълим ва маданият ишлари бўйича Бюроси хилма-хил ўқув, профессионал ва маданий алмашинув дастурларини бошқаради. Америка Қўшма Штатлари ва бошқа мамлакатлар халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ҳурматни кучайтириш мақсадида ташкил этиладиган бундай дастурларда йилига тахминан 40 000 киши иштирок этади. Таълим ва маданият ишлари бўйича Бюроси Америка Қўшма Штатларида таълим олишни истовчи бутун дунёдаги талабалар учун маслаҳат марказлари тармоғи – «EducationUSA»ни ҳам бошқариб боради (http://educationusa.state.gov/) Давлат Департаментининг таълим ва маданий алмашинувлар билан боғлиқ фаолияти хусусида батафсил маълумот www.exchanges.state.gov сайтида мавжуд.
Ўзбекистондаги «EducationUSA» маслаҳат маркази ёки Таълим Маслаҳат Маркази АҚШ Элчихонасида жойлашган. У Ўзбекистон фуқаролари учун Америка Қўшма Штатларида олий таълим олиш бўйича батафсил маълумот беради. Хусусан, ушбу марказ даража берадиган ёки бермайдиган, университет ёки аспирантура дастурлари, шу билан бирга, малака ошириш ёки илмий тадқиқот ишларини олиб бориш имкониятлари тўғрисида тегишли маълумотлар билан таъминлайди. Марказдаги қуйидаги хизматлар бепулдир: таълим соҳаси ва курс тўғрисида маслаҳат олиш, SAT, TOEFL, GRE ва GMAT тайёрлов материаллари, АҚШ коллежларини танлаш бўйича маълумотлар базаси, маълумотномалардан фойдаланиш, молиявий ёрдам ресурлари, ариза топширишга оид йўл-йўриқлар олиш ва масофавий ўқув курслари. Марказ ва унинг хизматлари хусусида батафсил маълумот олиш учун интернетдаги http://uzbekistan.usembassy.gov/advising сайтига киринг ёки Tashkent-Advising@state.gov манзили бўйича хабар юборинг.

