Пресс-релизлар 2008
Элчихона ташаббуси билан Иккинчи Йиллик Халқаро Таълим Ярмаркаси муваффақиятли ўтказилди (11/20/2008)
20 ноябрь куни АҚШ Элчихонаси Иккинчи Йиллик Халқаро Таълим Ярмаркасини ўтказди. Унда Ўзбекистон фуқаролари учун чет элда ўқиш имкониятлари билан танишиш мақсадида 350 дан ортиқ киши қатнашди. Тадбир давомида АҚШ Элчихонаси ўзининг Таълим бўйича Маслаҳат Маркази ҳамда кўплаб алмашинув дастурлари тўғрисида ҳам йиғилганларни бохабар қилди. Мазкур ўқув ярмаркасида АҚШ Элчихонасидан ташқари 13 та бошқа ташкилотлар, жумладан, тил ўргатиш марказлари, инглиз тилида китоб чоп этувчи нашриёт, чет эл синов марказлари, Тошкентда филиали мавжуд бир неча хорижий университетлар ва бошқа элчихоналарнинг маданият ва таълим марказлари ҳам иштирок этди.
Тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчиси Ричард Норланд сўзга чиқиб, у Элчихона ушбу ярмаркани Халқаро Таълим Ҳафталиги муносабати билан ташкил этганини айтиб ўтди. У чет элда таълим олишнинг аҳамиятини урғулаб, ёшларни Германия, Буюк Британия, Япония, Россия ва Ҳиндистон каби мамлакатлардаги ўқув юртларига кириш имкониятларидан оқилона фойдаланишга руҳлантирди. Шундан сўнг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Кэрол Фаҳардо қизиқарли лотерея ўйини ўтказиб, унда ғолиб бўлганлар учун TOEFL тестларини топширишга оид ўқув материаллари ҳамда луғатларни топширди.
Ўқув ярмаркасида турли ёшдаги кишилар – мактаб ўқувчилари, чет элда таълим олиш имкониятлари хусусида маълумот олишни истаган талабалар ва уларнинг ўқитувчилари қатнашди. АҚШ алмашинув дастурларининг битирувчилари тадбирни янада жонли ўтиши учун катта ҳисса қўшди. Улар тадбир ташкилотчиларига лотерея чипталарини тарқатиш ва қизиққанлар учун тегишли маълумотларни тақдим этишда ўз ёрдамларини аямади. Ўзлари бевосита иштирок этган алмашинув дастурлари тўғрисида талаба ва ўқитувчилар берган саволларга жавоб қайтариш билан бирга, улар АҚШда олган қимматли тажрибалари, қизиқарли ҳикоялари ва суратлари билан ҳам ўртоқлашишди.

