Хавфсизлик Форуми Марказий Осиёдаги асосий муаммоларни муҳокама қилмоқда
2009 йил 24-25 июн
Афғонистондаги вазият ва унинг қўшниларининг роли, Марказий Осиёдаги энергия хавфсизлиги ва умумий хавфсизлик масалалари 2009 йил 24-25 июн кунлари Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилган Евро-Атлантик Ҳамкорлик Кенгаши Хавфсизлик Форумининг кун тартибида асосий ўрин эгаллади.
24 июн оқшомда ўтказилган Амалий зиёфатдан сўнг, учрашув 25 июн куни НАТО Бош котиби Яап де Хооп Схеффер, Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазири Марат Тажин ва Дания Ташқи Ишлар Вазири Жаноб Пер Стиг Меллернинг нутқларидан иборат бўлган ялпи мажлис билан бошланди.
“Бугун Қозоғистон НАТОнинг Марказий Осиё минтақасида энг фаол Ҳамкоридир. Мудофаа ва ҳарбий ҳамкорлик соҳаларида сезиларли силжишлар бўлди”, дейди Бош котиб. “Бугун биз муҳокама қиладиган масалалар Афғонистондан Кавказгача, энергия хавфсизлигидан то Марказий Осиё хавфсизлигигача бўлган масалалардан иборатдир. Ҳар бир масала НАТО Иттифоқдошлари ва Ҳамкорлари билан боғлиқдир. Ва ҳар бир масала Ҳамкорлик қилиш учун кучли жиҳатларга эга”, дейди у қўшимча қилиб.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев номидан қутлов нутқини ўқиб эшиттирган Ташқи Ишлар Вазири Марат Тажин Форумнинг муҳим ўрин тутишини таъкидлади. “Ушбу Форум мулоқот учун энг қулай имкониятдир. Умид қиламанки, тўпланганларнинг бари минтақадаги мураккаб масалаларни мулоҳазали ва ўзаро фойдали бўлган ҳолда ҳал этишга тайёрдир”, дейди у.
“Ўзининг географик жойлашувига кўра Марказий Осиё, Ғарб ва Шарқда рўй бераётган тенденциялар учун синов замини бўлиб хизмат қилади. Бизнинг вазифамиз бошқа минтақаларнинг тажрибаларини тўғридан-тўғри олиб келиб қўллаш эмас, балки муқобил моделларни моҳирлик билан амалга ошириш ва минтақага хос бўлган махсус қурилмани босқичма-босқич равишда шакллантиришдир”, дейди у қўшимча қилиб.
Қозоғистон расмийлари ўтказган учрашувда НАТО ва Ҳамкор давлатларнинг юқори лавозимли вакиллари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, махсус меҳмонлар (жумладан Афғонистондан келган меҳмонлар ҳам), фан арбоблари, ишбилармонлар ва журналистлар ҳам иштирок этишди.


