Skip Navigation
Сиз ...дасиз: АҚШ сиёсати > Маколалар > Президент Барак Обаманинг нутқи
Skip Left Section Navigation
АҚШ сиёсати

Рамазон муносабати билан қилинган мурожаат (08/21/2009)

Америка халқи, шу жумладан, эллик штатнинг барчасидаги мусулмон жамоаларнинг номидан мен Америка ва бутун дунё мусулмонларига энг самимий қутловларни изҳор қилмоқчиман. Рамазон муборак!

Рамазон, мусулмонлар эътиқодига кўра, пайғамбар Муҳаммадга иқра’- “ ўқи”, деган оддий сўз билан бошланувчи Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Шунинг учун Рамазон, мусулмонлар учун,  иймон неъмати билан мушарраф бўлган ҳикмат ва дастуруламал,  инсонларнинг  бир-бирлари ва Парвардигорнинг олдидаги  бурч ва масъулиятлари тўғрисида тафаккур қиладиган фурсатдир.  

Бизнинг жамоа ва оилаларимизда Рамазонга қандай муносабатда бўлинишини кўрган турли ақида вакиллари каби, мен, Рамазон, оилалар бирга йиғилиб, ифторлик зиёфатларини тановул қиладиган байрам онлари эканлигини биламан. Мен, шунингдек, Рамазон, мусулмонлар кун давомида рўза тутиб, кечқурунлари таровиҳ намозларини ўқийдиган, ўттиз кун давомида Қуръони каримни тўла тиловат қилиб, уни тинглайдиган ибодат ва тафаккур ойи эканлигини ҳам биламан.

Бу маросимлар бизга  муштарак тамойилларимиз ва адолат, ривожланиш, бағрикенглик ва барча инсонларнинг иззат-шарафини ҳурмат қилиш борасидаги Исломнинг ўрнига бизнинг эътиборимизни қаратади.

Масалан, рўза - кўпгина динлар, жумладан, менинг насроний диним ҳам, инсонларни Парвардигорга ва яна қачон овқат ейиш унга насиб қилишини билмайдиган одамларга яқинлаштириш воситаси, деб эътироф қилувчи тушунчадир. Мусулмонларнинг бошқаларга кўрсатаётган ёрдамлари, одамларга янги имконият ва фаровонлик яратишдаги бизнинг масъулиятимизни эсимизга солади. Чунки, ҳаммамиз, биз қурмоқчи бўлган дунё, биз амалга оширмоқчи бўлган ўзгаришлар бизнинг қалбларимиздан, бизнинг ўз жамоаларимиздан бошланишини ёдда тутмоғимиз лозим.

Бу йил ёзда одамлар бутун Америка бўйлаб болаларни тарбиялаш ишида иштирок қилиш, беморларга қараш, аҳволи ночор кишиларга ёрдам қўлини чўзишлик билан, ўз жамоаларига хизмат қилдилар. Диний, жумладан, кўпгина исломий ташкилотлар ушбу ёзги хизматда фаол қатнашдилар. Ҳозирги қийин шароитда биз келажак ой ва йилларда ҳам худди мана шундай масъулият руҳини қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Биз, шунингдек, Америка сарҳадларидан ташқаридаги тинч, хавфсиз бўлиши лозим бўлган дунёни қуришдаги ўз масъулиятимизни ҳам  унутмаймиз. Шу сабабдан, биз масъулиятни ҳис қилган ҳолда, Ироқдаги урушни ниҳоясига етказмоқдамиз. Айни шу сабаб, биз Афғонистон ва Покистон каби мамлакатларда жангари экстремистларни иҳоталаш билан бирга одамларни ҳақ-ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминлаяпмиз. Худди шунинг учун биз исроил ва фаластинликларнинг тинчлик ва хавфсизликда яшаш ҳуқуқларини эътироф қилишлик билан икки давлатнинг тинч-тотув яшаш тамойилини фаол ва қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Худди шунинг учун, Америка доимо барча одамларнинг ўз фикрларини эркин айта олиш, ўз динларига эркин эътиқод қилиш, жамият ҳаётида тўлақонли эркин иштирок қилиш ва қонун устиворлигига суяниш каби ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кураш олиб бораверади.

Бу ҳаракатларнинг барчаси Американинг мусулмонлар ва аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва ўзаро ҳурматга асосланган алоқаларга тайёр эканлигидан далолат беради. Янгиланиш даврини бошдан кечираётган ҳозирги кунимизда, мен, яна бир бора Америка ва бутун дунёдаги мусулмонлар ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичига бўлган ўз ижобий ишончимни изҳор этаман.

Қоҳирада қилган чиқишимда айтганимдек, бу янги босқич бир-бирига қулоқ солишга бўлган қатъий интилиш, бир-биридан ўрганиш, бир-бирини ҳурмат қилиш ва умумий муштарак нуқталарни излашга асосланган бўлиши лозим. Бу жараённинг муҳим қисми қулоқ сола билиш қобилияти, деб ҳисоблайман. Шунинг учун кейинги икки ой мобайнида дунёдаги барча Америка элчихоналари нафақат ҳукуматлар, балки, аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакат фуқаролари билан ҳам учрашувлар олиб бордилар. Натижада, дунёнинг турли жойларидан Американинг халқларнинг умид-орзуларини ифода этувчи ҳамкор бўла олишлигини тасдиқловчи хабарларни олиб турибмиз.
Биз диққат билан тинглаяпмиз. Биз ҳам, сиз каби, аниқ ҳаракатларга интилмоқдамиз. Бу ҳаракатлар келажакда, айтиб ўтганимдек, хоҳ сиёсат, хоҳ хавфсизлик масалалари бўлсин, шунингдек, сизнинг фикрингиз бўйича, одамлар ҳаётига кучлироқ таъсир ўтказувчи бошқа соҳаларда ҳам ўз самарасини беражак.

Бу сўзлашувлар бизга, мен Қоҳирада таклиф қилган ҳамкорлик тўғрисидаги чақириқларим: таълим соҳасидаги ўзаро алмашув дастурларини кенгайтириш, ишбилармонликнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, янги иш жойларини ташкил қилиш, малака ошириш ва мутахассис тайёрлаш чораларини қўллаш орқали фан ва технология соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш асосида шерикчилик ўрнатишимизга ёрдам беради. Биз, шунингдек, Ислом Ташкилоти Конференцияси (ИТК) ва ИТКга аъзо мамлакатлар билан биргаликда полиомиелитни тугатиш учун ҳаракат қилмоқдамиз. Бир вақтнинг ўзида, биз соғлиқни сақлашнинг умумий, Н1N1 вируси каби, муаммолари бўйича халқаро ҳамжамият билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Менинг билишимча, бу вирус ҳажга тайёрланаётган кўпгина мусулмонларни ташвишга солмоқда.

Бу ҳаракатларнинг ҳаммаси бизларнинг умумий мақсадларимиз - тинчлик ва хавфсизликда яшаш, илм олиш ва яхши иш топиш, оиламиз, жамоамиз, динимизни севишни амалга оширишга қаратилган. Буларнинг ҳаммаси учун вақт ва сабр-тоқат керак. Биз ҳозирги ҳолатни бир соатда ўзгартира олмаймиз, лекин биз қилиниши керак бўлган ишни амалга ошириш учун қатъий қарор қабул қилишимиз лозим ва ўзимиз, фарзандларимиз учун орзу қиладиган келажак – янги йўналиш бўйича юрмоғимиз керак. Бу йўлни биз биргаликда босиб ўтмоғимиз лозим.

Мен ҳозирги долзарб муҳим мулоқотни давом эттириш ва уни ҳаётга татбиқ этишни орзиқиб кутаётирман. Бугун эса, мен бутун Америка ва бутун дунё мусулмонларини муборак Рамазон ойининг бошланиши билан табриклайман. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи.

ОҚ УЙ
Матбуот котиби идораси
Дарҳол тарқатиш учун 
2009 йил, 21 август