Skip Navigation
Skip Left Section Navigation

Нутқлар

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Ричард Норланд иштирокида 2008 йил 27 мартда Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжумани матни (03/27/2008) 

Жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи Кэрол Фахардо: Бугунги тадбирга элчи жаноб Норландни таклиф этишга имкон туғилди. У АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари хусусида қисқача гапириб беради. Илтимос, учрашувимиз бир соат давом этишини назарда тутсангиз, лекин элчи жаноблари саволларингизга ҳам жавоб беришни ва самимий суҳбат қуришни режалаштирган. Элчи Норланд жанобларининг таржимаи ҳолидан нусха тайёрлаб қўйилгани учун бу ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Демак, сўз элчи жаноб Норландга.

Элчи Ричард Норланд: Ушбу тадбирга келганингиз учун барчангиздан миннатдорман. Кўпчилигингиз ПрессГапда мунтазам иштирок этиб туришингиздан хабардорман. Бугунги учрашувимизга ҳам ўз вақтингизни аямай ташриф бурганингиз учун катта раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, Сиз билан бир неча аниқ масалаларни муҳокама этиб олишни истайман. Биринчидан, сиз ўзбек-америка ҳарбий муносабатлари борасидаги қизиқарли хабарлардан бохабар бўлсангиз керак. Аммо бу хабарларнинг аксари ноаниқ эди. Америка Қўшма Штатлари ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ҳарбий базаларга эга эмас ва АҚШ Ўзбекистондан ҳарбий базалар билан таъминлаш хусусида сўраган эмас. Ушбу йилнинг январь ойида адмирал Фэллон Тошкентга ташриф буюрган чоғида ҳам бу масала кун тартибида бўлмаган, шунингдек, айни пайтда ушбу масала АҚШ фуқаролик бошқаруви кун тартибида ҳам мавжуд эмас. НАТО ёки ISAFга (Афғонистондаги хавфсизликка ёрдам берувчи халқаро кучлар) тайинланган, яъни Афғонистонда хавфсизлик ўрнатиш бўйича БМТ мандатига эга алоҳида америкаликлар алоҳида олинган ҳар бир ҳолатни кўздан кечириш асосида Термиздаги авиабазадан Афғонистонга ўтиш учун транзит сифатида Германиянинг «ҳаво кўприги»дан фойдаланиши мумкин. Шу йилнинг 31 январидан Ўзбекистон НАТО ёки ISAFга тайинланган америкаликлар учун алоҳида олинган ҳолатларни кўздан кечириш асосида Термез орқали транзит қилишга имкон бера бошлади. Бу барчангизни қизиқтирган масала бўлса керак, деб ўйлайман. Иккинчидан, умид қиламанки, учрашувимиздан кейин сиз 2007 йилдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича тайёрланган ҳисобот нусхасини ўзингиз билан олиб кетасиз. Ушбу ҳисоботда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат хусусида нечоғли ташвишланаётгани аниқ-тиниқ баён этилган. Инсон ҳуқуқлари масаласини илгари суриш бизнинг Ўзбекистон бўйича амалга ошираётган кўп томонлама ташқи сиёсатимизнинг муҳим томони ҳисобланади. Бироқ, шунга эътибор беришингизни истардимки, бу ҳисоботда фақат 2007 календарь йилидаги воқеалар ёритилади. 2008 йил январидан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида кичик, аммо муҳим қадамлар қўйди, хусусан, бу сиёсий маҳбусларни озод қилиш, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига (ХҚХҚ) ҳибсхоналарга ташриф буюришга рухсат беришда намоён бўлади. Биз бундан мамнунмиз, Давлат Департаменти ҳам расмий равишда ХҚХҚга маҳбуслар билан кўришишга бу ойда изн берилгани хусусидаги баёнотни қўллаб-қувватлади. Бу ҳол бизни рағбатлантиради ва биз Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласини ечишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқишни ундашда давом этамиз.

Ишонамизки, Ўзбекистон ҳукуматини бизнинг икки томонлама кун тартибимизга киритилган кенг қамровли масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик, савдо ва сармоя, маданий алоқалар алмашинуви, шунингдек, инсон ҳуқуқлари мавзулари муҳокамасига жалб этиш жуда муҳимдир. Худди шу мақсадда бугун кечқурун АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг муовини вазифасини бажарувчи Памела Спрэтлен хоним келиши кутилмоқда.

Ташқи дунёдан узиб қўйиш, яъни изоляция қилишга чақирувлардан фарқли ўлароқ, биз айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг қизиқиши ва Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликдаги ҳаракатлар бу борада ижобий натижаларни бериши мумкинлигига далилларни кўряпмиз.

Ва ниҳоят, шуни эслатиб ўтмоқчи эдимки, бу йил биз Тошкент ва Сиэтл шаҳарларининг биродарлашган шаҳарлар мақомини олиб, бу шаҳарлар ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилганининг 35 йиллигини нишонламоқдамиз. Йил давомида ушбу сана муносабати билан делегациялар алмашинуви, маданий, ҳамда кўнгилочар тадбирлар кўзда тутилган. Шундай тадбирлардан бири Бобур боғидаги биродарлашган Сиэтл шаҳри шарафига бунёд этилган бурчакда ҳашар ўтказиш билан боғлиқ. Шу каби тадбирларнинг дебочаси сифатида шу ойнинг бошларида Сиэтлда «Илҳом» театрининг АҚШга гастроль сафарлари бошланганини айтиш мумкин. Бу сафар таассуротлари гарчи матбуот биринчи саҳифаларида кенг ёритилмаётганига қарамаё, улар шуғулланаётган фаолият тури бир-биримизни яхшироқ англашга, ҳамда орамизда узоқ давом этадиган дўстлик ришталарининг боғлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мен бугунги учрашувнинг расмий қисмига якун ясайман, мархамат, ушбу баёнот нусхасини олишингиз мумкин. Саволларингиз бўлса, уларга имкон қадар жавоб беришга тайёрман. Марҳамат.

Немис тўлқини: Хонободдаги ҳарбий база хусусида гапирар экансиз, бу масала айни пайтда Американинг фуқаролик бошқаруви кун тартибида эмаслигини таъкидладингиз. Ҳарбий ҳукуматчи, унинг ушбу ҳарбий базага қизиқиши борми?

Элчи Норланд: Мен ҳозиргина бу мавзу ҳарбий раҳбарлардан бири Адмирал Фэллоннинг ҳам, фуқаролик бошқарувининг ҳам кун тартибида бўлмаганини таъкидладим.

Немис тўлқини: Мен шуни назарда тутяпманки, агарда сизларнинг ҳарбий кучларингиз ушбу базага кириш имконига эга бўлганларида, бу уларнинг Афғонистондаги фаолиятини бажаришларига ёрдам берармиди?

Элчи Норланд: Мен буни билмайман. Шуни айта оламанки, Афғонистон - албатта жуда муҳим мавзу ва худди АҚШ каби Ўзбекистонда ҳам бу масалага қизиқиши мавжуд. Афғон муаммоси энг аввало сиёсий ва иқтисодий ёндашувни талаб этишини ҳамма яхши тушунади. Аммо шундай соҳалар ҳам борки, улар хавфсизлик ва ҳарбий масалаларга тегишли жиҳатларга эга. Бироқ, мен Ўзбекистондаги ҳарбий базалар масаласи кун тартибидаги мавзу, деб айтолмайман.

«Туркистон-пресс» ахборот агентлиги: Маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари НАТО йиғилишида иштирок этишар экан. Ислом Каримов ушбу анжуманда нутқ сўзлаши кутилмоқда. Шу муносабат билан сизнинг шархингизни билмоқчи эдим.

Элчи Норланд: Билишимча, бу таклиф НАТО томонидан юборилган бўлиш керак. Аммо ушбу таклиф қабул қилиндими ёки йўқ, бехабарман. Бу савол билан Оқсаройга мурожаат қилганингиз маъқул.

Туркистон-пресс” ахборот агентлиги: Сизнинг фикрингизча, уларнинг иштироки нечоғли аҳамиятли эканини билмоқчи эдим, бу аҳамият касб этадими…?

Элчи Норланд: Ушбу тадбир НАТО томонидан ташкил этиляпти. Тушунишимча, НАТО ўз таркибига аъзо барча мамлакатлар раҳбарларини, шунингдек, Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши аъзоларини таклиф қилган. Ушбу таклиф қабул этилдими, йўқми, бу менга маълум эмас, аммо НАТО ва минтақанинг барча раҳбарларининг учрашуви, ҳамда ўзаро мулоқотлари фойдали бўлар эди. Лекин бу тадбирдаги иштироки хусусида менимча ўз президентингиздан сўраганингиз маъқул. Мен ўзим маълумотга эга бўлмаганим ҳолда бу мавзуни шарҳлай олмайман, бу ноўрин бўларди. Президент Каримов бу анжуманга борадими-йўқми, билмайман.

ТРТ: Эрон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш истагини билдирмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу ташкилотга аъзо эканлигини эътиборга олган ҳолда ушбу вазиятни қандай баҳолайсиз?

Элчи Норланд: Бу ШҲТнинг иши. Ташкилотга аъзолик масаласини ташкилотнинг ўзи ҳал қилади. Бу масаланинг менинг томонимдан шарҳланиши ўринли эмас.

“Жихан” ахборот агентлиги: Ўзбекистонда 2008 йилнинг январь ойидан ўлим жазоси бекор қилинди. Сизнингча, инсон ҳуқуқларига амал қилиш борасида бу нечоғли аҳамиятли воқеа?

Элчи Норланд: Саволингизга жавобим икки қисмдан иборат бўлади. Америкада ўлим жазоси ҳали ҳам амалиётда қўлланилмоқда. Шу боис қайсидир маънода ўлим жазоси хусусида фикр юритиш мен учун бир оз ноўриндир. Шуни таъкидламоқчиманки, АҚШда бу борада анча жиддий баҳслар давом этмоқда. Бизда элликта штат мавжуд, улардан аксарияти, ўйлайманки, деярли ярми ўлим жазосини бекор қилган. Олий Суд бу олий жазони қўллаш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Бизнинг конституциямизга кўра, шафқатсиз ва ғайриоддий жазо қўллаш таъқиқланган ва Олий Суд ҳозирда АҚШда ҳали ҳам қўлланилаётган ўлим жазоси шафқатсиз ва ғайриоддий жазо турларига мансубми-йўқми, шу масалани таҳлил этяпти. Шундай даҳшатли ҳодисалар ҳам қайд этилганки, бунда ўлим жазосининг ижроси инъекция юбориш орқали адо этилган бўлиб, ушбу ҳолатларда маҳбуслар ҳаёти ўта азобли ўлим билан якун топган. Бироқ, таъкидлаганимдек, бу масала ҳозирда АҚШда сиёсий ва ҳуқуқий соҳаларда кескин ва қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган мавзу бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг бу жазони бекор қилиш тўғрисидаги қарорига келсак, менинг назаримда, биз буни ижобий қадам сифатида баҳолаймиз. Бизнинг АҚШдаги бу борада тутаётган йўлимиз сабабли юқорида айтганларим билан чекланаман. Фақатгина шуни қўшимча қилмоқчиманки, ушбу қарор инсон ҳуқуқлари борасида олға қадам ташлашга қаратилган ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.

Марина Козлова, журналист: АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюришини айтиб ўтдингиз. Ушбу ташриф муносабати билан матбуот анжумани ўтказиладими ва ташрифдан кўзланган асосий мақсад нимадан иборат? Иккинчи саволим қуйидагича: Ўзбекистонда инглиз тилига муносабат борасида қандай тенденция мавжуд ва бу ўтган йиллар мобайнида рус тилига бўлган муносабат билан тенглаша оладими? Мен Ўзбекистонда инглиз тилига бўлган муносабат борасидаги вазият ўзгарганлигини назарда тутяпман. Раҳмат.

Элчи Норланд: Памела Спратлен бугун кечқурун уч кунлик сафар билан ташриф буюради. Унинг лавозими қуйидагича номланади: Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг муовини. Янада аниқроқ айтсам, у Давлат котиби ёрдамчисининг муовини вазифасини бажарувчидир. Аввал ушбу лавозимни Эван Фейгенбаум эгаллаган эди. Уни билсангиз керак. Ҳозирда у бошқа вазифаларни бажармоқда. Памела бир неча вақт мобайнида шу масалаларни бошқаради. Билишимча, ташриф муносабати билан матбуот анжумани ўтказмаймиз. Бу кун тартибида кўрсатилмаган. Унинг дастурида Ўзбекистоннинг расмий вакиллари билан мувофиқ даражадаги учрашувлар кўзда тутилган ва уларда ҳар икки томон кун тартибидан ўрин олган муҳим масалалар муҳокама этилади. Унинг дастури тез орада тасдиқланиши керак. У ғоят юқори даражада қабул килинадигандек ва биз бундан миннатдормиз. Унинг ташрифининг бош мақсади, Америка-Ўзбекистон кун тартибидан ўрин олган одатий масалалардан бири бўлмиш минтақавий хавфсизлик масаласи, шунингдек, Афғонистондаги вазият, савдо ва сармоя, маданий алоқалар, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий соҳалар, хуллас, 2002 йилда Стратегик муносабатлар доирасидаги битим имзолангандан бери ўзгармаган кун тартибидан жой олган доимий масалаларни ҳал этишдир. Ўтган йилнинг сентябрь ойида ташриф буюрганимдан бери, Президент Каримов томонидан таклиф этилган контекст ўз ҳолича қоляпти. У Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар билан муносабатларни яхшилашга қизиқиши борлиги, бу босқичма-босқич амалга ошириладиган жараён ҳисобланиб, ушбу муносабатлар ўзаро қизиқиш ва ҳурматга асосланишини аниқ-равшан тарзда ифода этди. Памелла хонимнинг ташрифи эса ушбу мулоқотнинг узвий давоми ва унинг илгари силжиши учун ташланган одим бўлиб қолади. Инглиз тили масаласига келсак, бу ерда инглиз тилига катта қизиқиш мавжуд, Кэрол олиб бораётган ишларнинг бир қисми эса ўқитувчиларни тайёрлаш ва тилга нисбатан қизиқишларни қондириш йўлларини топишдан иборат. Ўзларингизга маълумки, тил – бу восита, бу – кўприк. Рус тили ҳам худди шундай бу ҳудуд учун жуда зарур кўприк саналади, демакки, ҳар икки тил ҳам ушбу минтақада ўз ўрнига эга. Мен ўйлайманки, ҳар икки тилга ҳам бирдай катта эътибор мавжудлиги аён бўлиб турибди.

«Америка овози»: Жаноб Элчи, матбуотдан бизга маълумки, сиз бу ерда инсон ҳуқуқларини ва демократияни ҳукумат билан яқин узвий мулоқот ўрнатган ҳолда илгари суриш тарафдорисиз. Аммо мамлакатда шундай демократик кучларнинг вакиллари ҳам борки, улар Ўзбекистонда ҳокимиятга инсон ҳуқуқларига риоя этиш борасида кескинроқ талаблар қўйиш йўлини тутишни тавсия этяптилар. Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан бу борада қаттиқроқ, кескинроқ мавқени тутиб туришдан кўра ўзаро яқин мулоқотлар йўлидан боришингизга нима асос бўлди?

Элчи Норланд: Агар тўғри тушунган бўлсам, сиз санкциялар масаласини назарда тутяпсиз. Ижозатингиз билан, мен веб-сайтимиздан ўрин олган, яъни 5 мартда бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари ва қонунларни тадбиқ этиш бўйича мулоқотга қаратилган очиқ конференцияда айтиб ўтган шарҳларимга эътиборингизни қаратсам. Агар веб-сайтимизга кирсангиз, мен айнан шу масалаларга бевосита тўхталиб ўтганман. Ушбу шарҳлар сизнинг саволингизга тўлиқ жавоб бера олади, деб ўйлайман. Иккинчи саволингизни бермоқчи эдингиз...

«Америка овози»: Яқинда «Женерал Моторс» (GM) компанияси Ўзбекистонда ўз қўшма корхонасини ташкил этди. Ўзбекистон ҳукумати ушбу корхонага бир нечта имтиёзлар бермоқчи эканлигини билдирди. Аввалги «Ньюмонт» компанияси шу каби имтиёзларга эга эди, аммо бу компания учун қандай якунланганлигини биламиз. Бизга шунингдек маълумки, Ўзбекистон ҳукумати яна ҳам кўпроқ сармоя жалб этишга умид боғламоқда. Шу маънода, Ўзбекистондаги сармоя муҳити билан боғлиқ умумий вазият тўғрисида сизнинг фикрингиз қандай? Нима деб ўйлайсиз, бундан буён хорижлик сармоядор Ўзбекистонга келиши мумкинми?

Элчи Норланд: Сармоявий муҳит масаласи – фавқулодда долзарб масала. Ўзбекистон ушбу ҳудудда барча ресурсларини ва ўқимишли аҳолини сафарбар этган ҳолда ўз имкониятларини амалга ошира олиши учун иқтисодиёт етакчи куч бўлиши муҳим эканлиги яққол кўзга ташланмоқда. Иқтисодиёт етакчи куч бўла олиши учун эса албатта кўпроқ хорижлик сармоядорларни жалб этиш керак. Бугун америкалик сармоядорлар моддий жиҳатдан ўзига жалб қиладиган бозорларга эътибор қаратишяпти, даромад излашяпти. Бу эса, биз таъкидлагандек, бу ерда ишлаётган ҳамма хориж компаниялари учун бир хил шароитни англатади. GMнинг бу ерда қўшма корхона ташкил қилишга қарор қилгани эса у Ўзбекистонда ўзаро манфаатли алоқалар учун катта салоҳият кўрганларини англатади. Сир эмаски, баъзи бир америкалик ишбилармонлар бу ердаги сармоявий муҳит соҳасида айрим ғовларга дуч келишаётганидан бир оз норозилар. Уларнинг айтишича, биринчи муаммо, валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммодир. Аммо GMнинг бу ерда иш бошлагани – бу ўта муҳим белгидир ва ўйлашимча, бу соҳада ижобий одимлар юз беришига асослар бор. Мен умид қиламанки, GM қўшма корхонаси яхши натижаларга эришганини кўрамиз ва у тез орада бу ерга келадиган кўплаб америкалик сармоядорларнинг биринчиси бўлиб қолади. GM нафақат Америкада, балки бутун дунёда йирик компания сифатида донг таратган АҚШ компанияларидан бири. Шу маънода, мен Ўзбекистонни GM билан битим тузишга эриша олгани билан табриклайман, чунки бу - жуда муҳим воқеа.

«Қиёфа» газетаси: Биламизки, АҚШ инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи давлатлардан бири, аммо яқинда маълум бўлдики, АҚШ ҳукумати Ироқдаги урушга қаршилик билдирган ва Ироқдан америкалик солдатларнинг қайтишини талаб этиб чиққан тинч намойишчиларни куч ишлатиш йўли билан тарқатган. Норозилик намойишини куч билан бостириш Сизнингча инсон ҳуқуқларининг бузилиши эмасми?

Элчи Норланд: Мен сиз айтаётган воқеа ҳақида эшитмадим. Намойишчиларни АҚШда ҳайдаб солишганми? Қачон, бугунми?

«Қиёфа» газетаси: Яқинда.

Элчи Норланд: Бизда намойишга чиқиш ҳуқуқи бор. Одатда, бунга рухсат олиш учун ҳукумат муассасаларига мурожаат қилишингиз керак. Очиғини айтганда, сиз айтаётган воқеадан хабардор эмасман. Одатда, намойиш қилмоқчи бўлганлар рухсат олишса, ҳеч бир муаммо бўлмайди. Шунингдек, сиз анча мураккаб муаммо бўлмиш Ироқ хусусида сўз очдингиз. Бу ҳам Америка сиёсатида баҳсли масала. Дарҳақиқат, ушбу масала Америка президентлик сайлови кампаниясидаги ўткир муаммо бўлиб турибди, Америка халқининг Ироқ муаммосини қандай қабул қилишини сайлов натижалари кўрсатади. Аммо, умуман олганда, Ироқдаги уруш тарафдорлари бўлмаган америкаликлар тинч намойиш ўтказиш ва ўз ҳис-туйғуларини ифодалаш ҳуқуқига эгадирлар. Қолаверса, Республикачи ва Демократ номзодлар Ироқ тўғрисида чиндан ҳам бир оз ўзгача фикрда мустаҳкам турганлари боис, одамлар ўзларига ёққан номзод учун овоз беришга ҳақлидирлар.

Дилмурод Сайид, журналист: Мен АҚШнинг Ўзбекистондаги Элчихонасининг Консуллик бўлими фаолияти тўғрисида танқидий мақола тайёрлаяпман. Ҳордиқ олиш учун саёҳат қилувчи баъзи ғарб давлатлари фуқароларидан фарқли равишда, Ўзбекистон фуқаролари АҚШга фақатгина зарурат туғилгани сабабли боришади. Виза олишга мурожаат қилаётганларнинг ўндан бир қисмига виза берилмаяпти, шунингдек, уларга нега виза рад этилгани хусусида тушунтириш берилмайди. Улар қайта ва қайта келаверишади, аммо яна ҳеч бир тушунтиришсиз қайтарилади, бироқ, улар виза олиш учун суҳбатдан ўтиш чоғида пул тўлашади. Менимча, бу дипломатия эмас, пул ишлашнинг ўзига хос бир йўли, лойқа бизнесдир. Сиз нима деб ўйлайсиз?

Элчи Норланд: Мен дипломат сифатида баъзида одамлар виза олиш-олмасликларидан қатъий назар пул тўлашларига тўғри келишидан таасуфдаман. Сизга шуни айтишим мумкинки, визаларни қўриб чиқиш жараёни катта харажатларни талаб қилади. Виза тўловларини Конгресс жорий қилган, сизни ишонтириб айтаманки, бу тўловлар ҳеч қандай қора бизнес учун ишлатилмайди. Кэрол ҳам менга эслатмоқдаки, бу фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунёдаги консулликларда ҳам шундайдир. Сиз ўзингизни бир дақиқага виза беришда масъул бўлган консулларнинг ўрнига қўйиб кўришингизни истардим. Баъзи америкалик вице-консуллар тахминан олти йил аввал Бутунжаҳон Савдо Марказига самолётларни йўналтирган кишиларга виза беришган. Консулларнинг зиммасида жуда катта масъулият мавжуддир. Визаларни кўриб чиқиш жараёни ҳам эндиликда анча мураккаблашди. Илгари виза бериш тўғрисидаги қарорни шу элчихонанинг ўзида қабул қилиш мумкин эди. Энди эса визаларнинг қўпчилиги, деярли ҳамма визалар Вашингтон билан келишган ҳолда бериладиган бўлди. Бу жараён ҳозир анча мураккаблашгани боис биз унинг учун ҳақ оламиз. Шу билан бирга, шуни ҳам тушуниш лозимки, АҚШ қонуни виза учун мурожаат қилган шахс Қўшма Штатларда қолиб кетмаслигини исбот эта олиш вазифасини виза олишга даъвогар шахснинг ўзига қўяди. Сизнинг сўзингизга қараганда, мурожаат қилаётганларнинг ўндан бир қисмига рад жавоби берилган. Кейинги йилларда Қўшма Штатларга виза олганларнинг эллик фоизи Ўзбекистонга қайтиб келмаган. Менимча, бу нарса кўпроқ аҳамият қаратиш зарур бўлган иқтисодиёт билан боғлиқ масала. Шуни айтишим мумкинки, агар виза учун даъвогар тегишли ҳужжатларни тақдим этса, Ўзбекистонда алоқалари мавжудлиги ва бу ерга қайтиб келишини исботлай олса, унинг виза олиш имконияти бор.

Дилмурод Сайид, журналист: Менинг энг катта саволим «Нима учун уларга виза бериш рад этилгани тўғрисида тушунтириш берилмайди?» деган савол эди.

Элчи Норланд: Аслида, уларга бундай тушунтириш берилади. Аниқроғи, уларга хат берилади, унда фалон қонунга мувофиқ сиз виза олишга лойиқ кўрилмадингиз, дейилади. 100 тадан 99 та ҳолатда сиз потенциал иммигрант эмаслигингизни исботлай олишингиз керак бўлган шарт хусусида гап кетади. Агар истасангиз, биз консулимиз билан бу масалалар хусусида гаплашиб олишингиз учун учрашув ташкил қилишимиз мумкин. Агар бирор ким қайсидир алоҳида ҳолат хусусида гаплашишни истаса, бунинг ҳам имкони бор, албатта.

«FM Орият Доно» радиоси: Мен «Қиёфа» мухбирининг саволига қўшимча қилмоқчиман. Ўтган ҳафтадаги намойиш Нью-Йоркда бўлганди, унда тинч намойишчилар Ироқдаги ҳарбий амалиётлар бошланганига беш йил тўлиши муносабати билан майдонга чиқишган. Хусусан, уларнинг 70 нафари ҳибсга олинган. Телерадиостанциялар, жумладан, «Евроньюс» ҳам бу ҳақда гапирди.

Элчи Норланд: Мен Ассошиэйтед Пресс сарлавҳаларини ўқийман, аммо бу воқеа ҳақида ҳеч нарса кўрмадим.

«FM Орият Доно» радиоси: Мен веб-сайтда 12 март куни тақдим этилган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳисоботни, ундаги Ўзбекистондаги болалар меҳнати ҳақидаги танқидни ҳам ўқидим. Шу маънода, АҚШдаги бир нечта инсон ҳкуқуқлари ташкилотлари тайёрлаган яна бир ҳисоботни эслатиб ўтмоқчиман. Унда айтилишича, 800 нафар бола АҚШда маккажўхори йиғим-теримига жалб қилинган. Айтингчи, нега АҚШ бошқа мамлакатлардаги камчиликларни кўради-ю, ўзининг камчиликларини яширишга уринади?

Элчи Норланд: Аввало, исталган мамлакат Қўшма Штатлардаги инсон ҳуқуқлари тўғрисида ҳисобот тайёрлаши мумкин. Агар ўзимиз ҳақимизда ўзимиз ҳисобот тайёрласак, у қадар ишончли чиқмаслиги мумкин. Аммо мен Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигига уларнинг Вашингтондаги Элчихонаси АҚШдаги инсон ҳуқуқлари ҳолатини таҳлил қилиши мумкинлигини айтганман. Бир қатор элчихоналар, Amnesty International, Хьюман Райтс Вотч каби ташкилотлар бу ишни амалга ошириб келмоқда. Биз АҚШда ҳамма нарса кўнгилдагидай деб айтмаймиз. Мамлакатимизда ечимини топмаган муаммолар кўплигини биламиз. Конгресс биздан бу ҳисоботни ҳар йили тайёрлашимизни талаб этади, биз ўз вазифамизни бажарамиз. Бу ердаги болалар меҳнати масаласига келсак, бу кўпчилик ўйлаганиданда мушкулроқ масала. Назаримда, айрим кишилар бу муаммога сиёсий тус беришга уринмоқда. Аммо биз биламизки, турли халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНИСЕФ ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўзбек ҳукумати билан жиддий мулоқотга киришган, ўйлайманки, бу ижобий натижаларни беради.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти: Ўтган йили Давлат Департаменти ва Хьюман Райтс Вотчдан махсус вакиллар ҳукумат билан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди. Улар бошқа ташкилотлар билан учрашмади. Нима деб ўйлайсиз, балки уларда Ўзбекистон билан муносабатларда қандайдир яширин кун тартиби бордир, негаки, масалан, Европа Иттифоқи санкциялар борасида бир оз ноаниқ аҳволда турибди. Қўшма Штатларнинг асосий дипломати сифатида айта олмайсизми, сизларда Ўзбекистонга нисбатан қандайдир стратегик режа мавжудми? Ёки бу Президент Каримовнинг феъл-атворига боғлиқми?

Элчи Норланд: Бизнинг бу ерда ҳеч қандай яширин кун тартибимиз мавжуд эмас. Муносабатларимиз яхшиланмоқда. Баъзи соҳаларда ҳали ҳам ривожланиш учун имкон бор. Ишончимиз комилки, жалб этиш ва мулоқот орқали биз муваффақиятларга эришишда давом этамиз. Сиз ҳам нимадир сўрамоқчийдингиз чамаси? Бу охирги савол.

«Ўзбекистон» радиоси: АҚШ ва Ўзбекистон муносабатлари яхшиланаётган вақтида Ўзбекистонда «АКСЕЛС» ва «АЙРЕКС» идоралари яна очиладими?

Элчи Норланд: Бу саволга жавоб беришдан аввал шуни айтмоқчиманки, инглиз ва рус тилларига қўшимча равишда, ўйлашимча, ўзбек тили ҳам кучайиб бормоқда. Афсуски, мен ўзбекча билмайман. Умид қиламанки, «АКСЕЛС» қайтиб келади. Бу биз учун жуда муҳим, чунки талабалар алмашинуви билан боғлиқ барча қилинадиган меҳнат жуда мураккаб. Бу ҳужжатлар устида кўп ишлашни талаб этади. Айни пайтда ҳамкасбимиз Кэрол ва унинг бўлими ишларни бажармоқда. Бизга чиндан ҳам «АКСЕЛС» ва «АЙРЕКС», уларнинг қайтиб келиши ва бу ишлар билан шуғулланишини зарур. Бу борада музокаралар давом этмоқда, деб ўйлайман. Буниси охирги савол, марҳамат.

АП: Сиз бир неча бор Ўзбекистон билан алоқалар яхшиланаётганини айтиб ўтдингиз. Бу муносабатлар Ўзбекистон томони қўяётган шартлар асосида яхшиланмоқдами ёки Ғарбнинг шартлари асосидами?

Элчи Норланд: Бу келаси учрашувимиз учун жуда яхши савол бўлди. Бу ва бошқа янада стратегик масалаларни келгуси учрашувимизда муҳокама қиламиз, чунки бундай саволга жавоб бериш кўп вақтни талаб қилади.