Skip Navigation
Сиз ...дасиз: АҚШ сиёсати > Маколалар > Президент Обаманинг 4 июнда Қоҳирада сўзлаган нутқи
Skip Left Section Navigation
АҚШ сиёсати

Президентнинг муносабатларда янги саҳифа очишга доир нутқи

4 июнь 2009
Қоҳира Университети
Қоҳира, Миср

ПРЕЗИДЕНТ ОБАМА:  Катта раҳмат. Хайрли кун. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Қоҳирани зиёрат қилиш ва икки мўътабар муассасанинг меҳмони бўлиш мен учун катта шарафдир. Минг йилдан кўпроқ давр мобайнида Ал-Азҳор ислом таълимининг маёғи бўлиб келмоқда, Қоҳира университети эса бир асрдан зиёд вақт давомида Миср тараққиёти учун манба бўлиб хизмат қилмоқда. Биргаликда, сиз анъана ва тараққиёт орасидаги уйғунликни намоён этасиз. Мен сизнинг меҳмондўстлигингиз ва Миср халқининг меҳмондўстлигидан миннатдорман. Мен, шунингдек, сизга Америка халқининг эзгу нияти ва мамлакатимдаги мусулмонларнинг саломини етказишдан фахрланаман: Ассаламу алайкум. (Олқишлар).

Бизнинг бу учрашувимиз Америка Қўшма Штатлари ва дунё мусулмонлари орасида кучли зиддият юзага келган бир пайтда бўлиб ўтмоқда -- бу зиддиятнинг илдизи жорий сиёсий муноқашаларга боғлиқ бўлмаган тарихий жараёнларга бориб тақалади. Ислом ва Ғарб орасидаги муносабатлар асрлар давомида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳида олиб борилган, бироқ шу билан бирга можаролар ва диний урушлардан холи бўлмаган. Яқин тарихда бундай зиддиятнинг кучайишига кўплаб мусулмонларни ўз ҳуқуқлари ва имкониятлардан маҳрум қилган мустамлакачилик ҳамда аксарият аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларнинг орзу-умидларини инобатга олмай, уларга нисбатан кўпинча пиёда сифатида қаралган "совуқ уруш" сабаб бўлган. Бундан ташқари, модернизация ва глобализация сабабли юз берган туб ўзгаришлар туфайли, кўплаб мусулмонлар Ғарбнинг ислом анъаналарига адовати бор, деган хулоса қилишларига олиб келган.   

Зўравон экстремистлар ушбу зиддиятдан фойдаланиб, мусулмонларнинг кичик, аммо қўли узун ақаллиятини жалб этдилар. 2001 йил 11 сентябрдаги хуружлар ва бу экстремистларнинг тинч аҳолига қарши зўравонлик қўллашга бўлган саъй-ҳаракатлари менинг юртимдаги баъзи инсонларнинг ислом нафақат Америка ва ғарб давлатларига, балки инсон ҳуқуқларига нисабатан ҳам адовати бор экан, деган хулоса қилишларига олиб келди. Буларнинг бари қўрқув ва ишончсизлик ҳиссини оширди. 

Токи бизнинг муносабатларимиз тафовутларимиз асосида белгиланар экан, биз тинчлик ўрнига нафрат уруғини экаётганлар ва барча халқларимиз адолат ва фаровонликка эришишлари учун ёрдам бера оладиган ҳамкорлик ўрнига можароларни илгари сураётганлар тегирмонига сув қуяётган бўламиз. Бу шубҳалар ва нифоқлар чархини тўхтатиш лозим. 

Мен бу ерга, Қоҳирага, Қўшма Штатлар ва бутун дунё мусулмонлари орасида муштарак манфаатлар ва ўзаро ҳурмат асосида, шунингдек, Америка ва ислом бир-бирини инкор қилмас ва шунинг учун уларнинг рақобат қилишларига эҳтиёж йўқ, деган ҳақиқатга асосланган янги сахифа очиш илинжида келдим. Ҳолбуки, рақобат ўрнига уларда умумий мақсадларга интилиш ҳамда адолат ва тараққиёт, бағрикенглик ва барча инсонларга хос қадр-қиммат каби муштарак тамойиллар мавжуд.

Шу билан бирга ўзгаришлар бир кечада содир бўлмаслигини яхши англайман. Бу нутқ қанчалик реклама қилинганини биламан, бироқ битта нутқ билан  йиллар давом этган ишончсизликка барҳам бериб бўлмайди, бундан ташқари менга ажратилган вақт ичида бугунги ҳолатга олиб келган барча мураккаб саволларга жавоб бера олмайман. Лекин аминманки, олға юриш учун биз қалбимиздаги гапларни бир-биримизга очиқчасига айтишимиз лозим, ҳолбуки бу гаплар фақат ёпиқ эшиклар ортида кўп айтилади. Бир-биримизни тинглашга интилишимиз керак, бир-биримиздан ўрганишимиз керак, бир-биримизни ҳурмат қилишимиз ва умумий негиз топишимиз керак. Қуръони Каримда айтилганидек, "Аллоҳдан қўрқингиз ва доим рост гапни сўзланг". (Олқишлар). Бугун мен айнан шу ишни қилишга ҳаракат қиляпман, яъни олдимиздаги вазифаларнинг мураккаблигини англаган ҳолда, бизларни бирлаштирувчи умумбашар манфаатлар бизни бўлувчи омиллардан кўра мустаҳкамроқ эканлигини аниқ билган ҳолда, баҳоли қудрат ҳақиқатни гапиришга ҳаракат қиляпман. 

Зеро қисман ушбу қатъий ишонч ўз шахсий тажрибамга асосланган.  Мен масиҳийман, аммо менинг отам, мусулмон авлодлардан иборат кениялик оилада туғилган.  Болалигимда мен бир неча йил Индонезияда яшадим ва эрта тонгда ҳамда кеч оқшомда азон овозини эшитардим. Ёшлик чоғимда мен Чикагода ишлаганман, у ердаги кўплаб инсонлар ислом динида ўзлари учун қадр-қиммат ва осойишталикни топганлар. 

Тарихга қизиққан инсон сифатида мен цивилизация ислом олдида қанчалик қарздор эканлигини ҳам биламан. Айнан ислом, Ал-Азҳор каби жойларда, асрлар давомида илм нурини таратиб келди ва Европадаги Тикланиш ва Маърифатга йўл очди. Мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи - (Олқишлар) - мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи туфайли алгебра тартиб-қоидалари, магнитли компасс ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўлдик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақида тушунча ҳосил қилдик. Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни ҳаттотлик ва ҳузур-ҳаловат ила таффакур қилиш имконларини берди. Тарих давомида ислом сўз ва амал билан диний бағрикенглик ва ирқий тенглик имкониятларини намойиш этди. (Олқишлар).

Мен яна биламанки, ислом доим Америка тарихининг бир қисми бўлган. Менинг Ватанимни расман эътироф этган илк давлат Марокаш бўлган. 1796 йили Триполи битимига имзо чекар экан, бизнинг иккинчи президентимиз Жон Адамс шундай деб ёзган эди: "Қўшма Штатлар табиатига мусулмонларнинг қонуни, дини ёки осойишталигига хусумат билан ёндашиш хос эмас" ва "диний қарашлардан келиб чиққан ҳеч бир сабаб  икки мамлакатларимиз орасидаги муносабатлардаги уйғунликка асло путур етказмагай". Мамлакатимизга асос солиниши биланоқ, америкалик мусулмонлар унинг ривожига кўп ҳисса қўшдилар. Улар жанг-жадалларимизда қатнашдилар, ҳукуматимизда хизмат қилдилар, фуқаролик ҳуқуқлари учун кураш олиб бордилар, тадбиркорлик билан шуғулландилар, университетларимизда дарс бердилар, спорт саҳнасида зафар чўққиларига эришдилар, Нобел совриндорлари бўлдилар, бизнинг энг баланд биноимизни барпо этдилар ва Олимпия гулханини ёқдилар. Асрлар давомида шундай бўлган ва бу ҳақиқат яқинда Конгрессга илк америкалик мусулмоннинг сайланиши билан намойиш этилди. У бизнинг Конституцияни ҳимоя қилиш қасамёдини келтириш учун, мамлакатга асос солган аждодларимиздан бири - Томас Жефферсоннинг шахсий кутубхонасида сақланган Қуръони Каримдан фойдаланди. (Олқишлар).

Ислом дастлаб нозил бўлган ушбу минтақага келишдан аввал, мен бу динни уч қитъада ўз кўзим билан кўрганман. У ҳақида билганларим шундан далолат берадики, Америка ва ислом орасидаги ҳамкорлик, ислом нимани намоён этмаслигига эмас, балки у аслида намоён этадиган ҳолларга асосланиши керак. Қўшма Штатлар Президенти сифатида, қаерда исломга нисбатан салбий сохта тасаввурлар пайдо бўлса, уларга қарши курашишни мен ўзимнинг вазифаларимдан бири деб ҳисоблайман. (Олқишлар).

Бироқ айни шу ёндашув мусулмонлар томонидан ҳам Америкага нисбатан бўлган муносабатларида қўлланиши лозим. (Олқишлар). Мусулмонлар ўзлари ҳақидаги қўпол нотўғри тасаввурлар доирасига сиғмаганлари каби, Америка ҳақида ҳам фақат ўз манфаатини ўйлайдиган империя сифатида салбий тасаввур ҳосил қилиш муносиб эмас. Қўшма Штатлар дунёда мавжуд бўлган энг муҳим тараққиёт манбаларидан бири бўлган. Менинг Ватаним империяга қарши кўтарилган инқилоб жараёнида вужудга келган. Биз барча инсонлар тенг яратилган, деган олий қадриятни ўзимизга асос қилиб олганмиз ва биз асрлар давомида қон тўкиб, ўз сарҳадларимиз чегарасида ва дунё бўйлаб ушбу сўзларни маъно билан тўлдиришга кураш олиб борганмиз.

Биз дунёнинг ҳар бир бурчагини намоён этувчи барча маданиятлар таъсири остида шаклландик ва оддий тамойил: E pluribus unum: «Турлиликда - бирдамлик» деган тамойилга содиқмиз.

Барак Ҳусейн Обама исмли афро-америкалик президент бўла олганига қанчалик кўп эътибор қаратилган эди. (Олқишлар). Аммо менинг ҳаётим қиссаси у қадар ноёб эмас. Гарчи катта имкониятлар ҳақидаги орзу ҳамма америкалик учун рўёбга чиқмаса-да, ушбу орзуда жо бўлган ваъда соҳилларимизга қадам босган ҳар бир инсон учун ўз кучини сақлаб қолади, жумладан мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган салкам 7 миллион америкалик мусулмонлар учун ҳам. Кези келганда шуни айтиш мумкинки, даромад бобида ва таълим даражаси бўйича америкалик мусулмонлар Америка аҳолисининг ўртача кўрсаткичларидан юқоридир. (Олқишлар).

Бундан ташқари, Америкада эркинлик диний эътиқод эркинлигидан ажралмас тушунчадир.  Шу боис федерациямизнинг ҳар бир штатида масжид фаолият юритади, ҳаммаси бўлиб эса мамлакатимиз ҳудудида 1200 масжид бор. Шунинг учун Қўшма Штатлар ҳукумати, хотин-қизларнинг ҳижоб кийиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда бу ҳуқуқни инкор этганларни жазолаш учун маҳкамага мурожаат этган. (Олқишлар).

Ислом - Американинг бир қисмидир ва бу борада ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак. Аминманки, Америка қалбига қуйидаги ҳақиқат жо бўлган: ирқи, дини ёки мартабасидан қатъи назар, тинчлик ва хавфсизлик, таълим ва муносиб меҳнат, оиламизга, жамиятимизга ва Парвардигоримизга бўлган муҳаббат каби муштарак мақсадларга интилиш барчамизга хосдир. Буларнинг бари бизларни бирлаштиради. Инсониятнинг умиди ҳам шундадир.

Табиийки, умумбашар қадриятларни эътироф этиш билан вазифамиз чекланмайди. Аслида бу фақат бошланишидир. Халқларимизнинг эҳтиёжларини қониқтириш учун сўзларнинг ўзи етарли эмас. Келаси йилларда биз қатъий чораларни амалга оширмоғимиз лозим. Дунё халқлари олдида муштарак муаммолар тургани, уларни ҳал эта олмасак, барчамиз жабр кўришимизни тушунган ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим.  

Яқинда бошимиздан кечирган тажрибадан биламизки, агар бир мамлакатда молиявий тизим заифлашса, ҳар ерда одамлар фаровонлиги оқсайди.  Агар бир кишига гриппнинг янги тури юқса, барча учун хасталаниш таҳликаси пайдо бўлади. Агар бир давлатда ядро қуроли устидан иш кетаётган бўлса, барча мамлакатлар учун ядровий ҳужум таҳликаси ошади. Жангари экстремистлар бирор бир довонда ҳукм ўрнатсалар, уммон ортидагилар ҳам таҳдид остида бўладилар. Босния ва Дарфурда минглаб одамларнинг қатлиоми барчамизнинг виждонимиздаги доғдир. (Олқишлар). 21-асрда бир планетада биргаликда яшаш дегани мана шудир. Биз, инсонлар, бир-биримизнинг олдимизда айни шундай масъулиятга эгамиз.    

Бундай масъулиятни зиммага олиш осон эмас.  Инсоният тарихида миллатлар ва қабилалар ҳамда динлар томонидан ўз манфаатлари йўлида бошқаларни тобе қилиб олиш ҳақида кўплаб ҳоллар қайд этилган.  Лекин бу янги даврда бу каби ҳатти-ҳаракатлар мағлубиятга дучор бўлади. Бир-биримизга боғлиқлигимизни ҳисобга олсак, бир миллат ёки бир гуруҳни бошқалардан устун  қўядиган ҳар қандай дунё тартиби охир оқибатда барибир қулайди. Ўтмиш ҳақида фикримиз қандай бўлишидан қатъи назар, биз ўтмишнинг маҳбусига айланиб қолмаслигимиз даркор. Бизнинг муаммоларимизга ечимни ўзаро ҳамкорлик билан топиш керак; бизнинг тараққиётимиз биргаликда баҳам кўрилиши шарт. (Олқишлар).

Бу биз зиддиятлар келтириб чиқарувчи манбаларга эътибор бермасак ҳам бўлади,  дегани эмас. Аксинча, биз бу зиддиятларга тик қарамоғимиз керак. Шундан келиб чиққан ҳолда, охир оқибат биз биргаликда ҳал қилишимиз зарур бўлган баъзи махсус масалаларни имконим борича аниқ ва равон изҳор қилишга ҳаракат қиламан.

Биз ҳал қилишимиз керак бўлган биринчи масала бу зўравон экстремизмнинг ҳар қандай кўринишидир.

Мен Анқарада очиқ айтганман, Америка исломга қарши уруш ҳолатида эмас ва ҳеч қачон бундай ҳолатда бўлмайди. (Олқишлар). Бироқ биз хавфсизлигимизга катта хавф туғдираётган зўравон экстремистларга қарши шафқатсизларча курашамиз, чунки биз ҳамма дин вакиллари рад қилган нарсани, яъни бегуноҳ эркак, аёл ва болаларни ўлдиришни рад қиламиз. Ва менинг Президент сифатидаги энг биринчи вазифам бу Америка халқини ҳимоя қилишдир.

Афғонистондаги ҳолат Американинг мақсадлари ва бизнинг ўзаро ҳамкорликда ишлашимиз керак эканлигини намоён қилади.  Мана етти йилдирки АҚШ кенг ҳалқаро кўмак билан Ал-Қоида ва Толибонларга қарши кураш олиб бормоқда. Бизнинг у ерга бориш-бормаслик танловимиз йўқ эди; биз у ерга боришимиз зарурат талаби эди. Биламан, 11 сентябрь воқеаларини савол остига қўядиган ёки ҳатто оқлайдиганлар ҳали ҳам бор. Лекин шуниси аниқки, ўша куни Ал-Қоида 3000га яқин киши умрига зомин бўлди. Қурбонлар орасида америкалик ва кўплаб бошқа мамлакатлардан келган бегуноҳ эркак, аёл ва болалар бўлиб, улар ҳеч кимга озор етказишмаган эди. Шунга қарамай, Ал-Қоида бу инсонларни аёвсиз ўлдиришга қарор қилди, хуружлар масъулиятини ўз бўйнига олди ва ҳозир ҳам кенг миқёсда қотиллик қилишга бўлган ўзининг қатъиятини баён қилмоқда. Улар кўплаб мамлакатларда тармоқларга эгалар ва таъсир доираларини кенгайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Булар муҳокама қилинадиган фикрлар эмас, балки  ҳал қилиниши керак бўлган фактлардир.

Хулосага қилишда адашмангиз: биз ўз қўшинларимизни Афғонистонда қолишини истамаймиз. Биз у ерда ҳарбий базалар яратишга интилмаймиз. Америка учун ўзининг йигит-қизларини йўқотиш жуда оғирдир. Ушбу можарони давом эттириш жуда қиммат ва сиёсий жиҳатдан мушкулдир. Агар Афғонистонда, мана энди Покистонда ҳам, имкон борича кўпроқ америкаликни ўлдиришга шай турган зўравон экстремистлар йўқлигига ишонч ҳосил қила олсак эди, қўшинларимизнинг ҳар бир аскарини мамнуният билан Ватанга қайтарардик. Лекин бу ҳали рўй бергани йўқ.

Шунинг учун биз 46 та мамлакатдан иборат коалиция билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Катта харажатлар бўлишига қарамай, Америка ўз мажбуриятини бажаришда давом этади. Дарҳақиқат, ҳеч биримиз бу экстремистларга тоқат қилиб туришимиз керак эмас. Улар кўп мамлакатларда қотилликлар содир этишди. Улар турли динга мансуб кишиларни ўлдиришди - лекин ҳаммадан ҳам кўп улар мусулмонлар ҳаётига зомин бўлишди. Уларнинг ҳатти-ҳаракатлари инсон хуқуқлари, миллатлар тараққиёти  ва исломга зиддир.   Муқаддас Қуръонда айтиладики, кимки бир бегуноҳ инсонни ўлдирса гўё у бутун инсониятни ўлдирган бўлади. (Олқишлар).  Муқаддас Қуронда яна айтиладики, кимки бир инсон ҳаётини сақлаб қолса, гўё у бутун инсоният ҳаётини сақлаб қолган бўлади. (Олқишлар).  Бир миллиарддан ортиқ кишиларнинг букилмас эътиқоди саноқли кишиларнинг тор фикрли нафратидан анча устундир. Ислом зўравон экстремизмга қарши курашда муаммонинг бир қисми эмас - у тинчликни тарғиб қилишнинг муҳим қисмидир.

Бугун биз шуни ҳам биламизки, фақат ҳарбий куч билангина Афғонистон ва Покистонда муаммоларни ечиб бўлмайди. Шунинг учун бизнинг режамиз кейинги беш йил давомида ҳар йили 1.5 миллиард АҚШ долларини покистонлик ҳамкорларимиз билан мактаб ва шифохоналар, йўллар ва тижорат тизимларига сармоя киритиш ва ўз уйларини тарк этиб кетишга мажбур бўлганларга юзлаб миллион долларга тенг маблағларни сарфлаб, ёрдам кўрсатишдир. Шунинг учун биз афғонларга ўз иқтисодларини ривожлантариш ва инсонларга керак бўлган хизматлар кўрсатиш учун  2.8 миллиард доллардан кўпроқ маблағга тенг кўмак бермоқдамиз.

Ироқ масаласи ҳақида ҳам гапириб ўтсам. Афғонистондан фарқли равишда, Ироқ ихтиёрий уруш бўлиб, у менинг мамлакатимда ва бутун жаҳонда кескин мунозаралар келтириб чиқарди. Гарчи мен Ироқ халқи учун Саддам Ҳусайннинг зулмидан қутилиш яхши иш бўлди деган фикрда бўлсам-да, Ироқда бўлиб ўтган воқеалар муаммоларимизни ҳал қилишда имкон борича дипломатияни қўллашни ва ҳалқаро консенсусга эришиш кераклигини Америкага эслатди. (Олқишлар). Шу аснода, Томас Жефферсоннинг сўзлари ўринлидир: "Умид қиламанки, бизнинг ҳикматимиз бизнинг кучимиз билан ўсиб боради ва кучимизни қанчалик кам ишлатсак, у шунчалик катта бўлиши ҳақида сабоқ беради".

Бугун Америка иккита маъсулиятга эгадир: Ироққа яхшироқ келажак қуришга ёрдам бериш ва Ироқни ироқликларга топшириб чиқиб кетиш. Мен буни Ироқ халқига аниқ баён қилдим -- (Олқишлар). -- мен буни Ироқ халқига аниқ баён қилдимки, биз уларнинг заминида ҳарбий базалар очмаймиз ҳам, уларнинг ҳудудига ва табиий бойликларига ҳам даъво қилмаймиз. Ироқнинг мустақиллиги унинг ўз қўлидадир. Шунинг учун мен жанговар қўшинларимизни келаси август ойигача олиб чиқиш буйруғини бердим. Шунинг учун биз Ироқнинг демократик равишда сайланган ҳукумати билан Ироқ шаҳарларидан жанговар қўшинларимизни июль ойигача олиб чиқиб кетишни ва 2012 йилгача барча қўшинларимизни Ироқдан бутунлай олиб чиқиш шартномасига содиқ қоламиз. (Олқишлар) Биз Ироққа ўз хавфсизлик кучларини тайёрлашга ва ўз иқтисодини ривожлантиришга ёрдам берамиз. Биз хавфсиз ва бирлашган Ироққа катта ҳомий сифатида эмас, балки ҳамкор сифатида ёрдам берамиз.

Ва ниҳоят, Америка экстремистларнинг зўравонликларига ҳеч қачон тоқат қилиб турмагани каби, биз ҳеч қачон ўз тамойилларимизни ўзгартирмаслигимиз ёки унутмаслигимиз лозим. 11 сентябрь воқеалари мамлакат учун жуда оғир жароҳат бўлди. У келтириб чиқарган қўрқув ва ғазаб тушунарлидир, лекин баъзи ҳолларда у бизни ўз анъаналаримиз ва олий қадриятларимизга хилоф равишда ҳаракат қилишимизга олиб келди. Биз йўналишни ўзгартиришга доир аниқ чоралар кўрмоқдамиз. Мен АҚШ томонидан қийноқлар қўлланилишини батамом ман этдим ва Гуантанамодаги қамоқхонани кейинги йил бошигача ёпишга буйруқ бердим. (Олқишлар).

Америка, мамлакатлар суверенитетини ва қонун устиворлигини ҳурмат қилган ҳолда, ўзини ҳимоя қилади. Биз буни таҳдид остидаги мусулмон ҳамжамиятлар билан ҳамкорликда амалга оширамиз. Экстремистлар мусулмон ҳамжамиятларида қанчалик тез иҳоталанса ва қувилса, биз ҳаммамиз шунчалик тез, ўзимизни хавфсиз сезамиз. 

Биз муҳокама қилишимиз керак бўлган зиддиятнинг иккинчи асосий манбаси бу исроилликлар, фаластинликлар ва араб дунёси орасидаги вазиятдир.

Американинг Исроил билан кучли ришталари кўпларга маълум. Бу ришталарни узиб бўлмайди. Улар маданий ва тарихий алоқаларга ва яҳудийлар малакатига бўлган интилиш инкор этиб бўлмайдиган фожиали тарихга боғлиқ, деган эътирофга асосланган.

Дунё бўйлаб яҳудийлар асрлар давомида тазйиқларга дуч келишган ва Европадаги анти-семитизм мисли кўрилмаган Холокост билан ўз чўққисига чиқди. Эртага мен Буҳенвалдни зиёрат қиламан, у ер, Учинчи Рейх томонидан яҳудийлар қулга айлантирилган, қийноқларга солинган, отилган, газ билан заҳарлаб ўлдирилган концлагерлар тармоғининг бир қисми бўлган. Ўшанда олти миллион яҳудий қатл этилган - бу сон ҳозир Исроилдаги бутун яҳудий аҳолисининг сонидан кўпдир. Ушбу фактни инкор қилиш асоссиздир, бу жоҳиллик ва нафратдан далолатдир. Исроилни йўқ қилиб ташлаш таҳдидини қилиш - ёки яҳудийлар ҳақида жирканч нотўғри тасаввурларни қайтариш - буткул нотўғри ва исроилликларнинг онгида энг оғир хотираларни қўзғашга хизмат қилади ва бу минтақа халқлари ҳақли бўлган тинчликка эришишга тўғаноқ бўлади.

Иккинчи томондан шуни ҳам инкор қилиб бўлмайдики, Фаластин халқи - мусулмон ва масиҳийлар - Ватанга эришаман деб жабру жафо чекишган. Улар 60 йилдан кўпроқ вақт давомида ватангадолик азобини бошдан кечириб келишмоқда. Уларнинг кўпчилиги Ғарбий соҳилда, Ғазода ва қўшни юртлардаги қочоқлар лагерларида тинч ва осойишта ҳаётни кутишмоқда, бундай ҳаёт кечириш учун уларда имкон бўлмаган. Улар, катта-ю кичик, оккупация ўзи билан олиб келган тахқирларга чидаб келишмоқда. Бундан шубҳасиз кўриниб турибдики, фаластинликлар учун вазият тоқат қилиб бўлмайдиган даражада. Америка, фаластинликларнинг қадр-қиммат, имконият ва ўз давлатларига эга бўлишга қаратилган қонуний интилишларидан юз ўгирмайди. (Олқишлар).

Ўн йиллар давомида ечимсиз бир ҳолат давом этиб келмоқда: икки халқ ўз қонуний интилишлари билан, ҳар бири аламли тарихга эга бўлиши муросага эришишни қийинлаштиради. Айблашдан осон иш йўқ: фаластинликлар Исроилга асос солиниши оқибатида одамлар бошпанасиз қолишини гапирсалар, исроилликлар доимий адоват ва тарих давомида ўз худуди ва ташқарисидаги ҳужумлар ҳақида гапиради. Аммо агар биз ушбу можарога фақат бири ёки иккинчиси томонидан қарайдиган бўлсак, биз ҳақиқатни кўришга ожиз бўламиз: бунинг ягона ечими ушбу икки томоннинг интилишларига икки давлат яратиш орқалигина эришса бўлади, шундагина исроилликлар ва фаластинликлар шояд тинч ва хавфсиз ҳаёт кечирсалар. (Олқишлар).

Бундан Исроил, Фаластин, Америка ва жаҳон ҳам манфаатдор бўлади. Шунинг учун мен бор сабр-тоқат ва садоқат билан шахсан ушбу ечимга эришишга ният қилмоқдаман.  (Олқишлар). Йўл харитасига мувофиқ, томонлар ўз зиммаларига олган мажбуриятлар эса аниқ ва равшандир. Тинчликка эришиш учун, улар ва барчамиз, ўз маъсулиятларимизга содиқ ҳолда амал қилишимиз вақти келди.

Фаластинликлар зўравонликни тарк этишлари лозим. Зўравонлик ва қотиллик орқали қаршилик кўрсатиш нотўғри ва муваффақиятга олиб бормайди. Асрлар давомида Америкада қора танли аҳоли қуллар сифатида қамчи еб, зулм тортди ва ирқий сегрегация даврида тахқирлашлардан озор чекди. Лекин тўла ва тенг ҳуқуқларга эриштирган нарса зўравонлик бўлмади. Бунга эришиш Американинг ташкил этилиш марказидаги олий қадриятларга тинч ва қатъий равишда интилиш орқали амалга ошди. Айнан шундай кечинмаларни Жанубий Африкадан тортиб то Жанубий Осиё, Шарқий Европадан то Индонезия халқларигача ўз бошларидан ўтказганлар. Бу кечинмаларда оддий ҳақиқат мавжуддир: зўравонликнинг охири берк кўчадир. Ухлаётган болаларга қаратиб ракета учириш ёки автобусдаги қари аёлларни портлатиб юбориш жасорат ёки кучлилик белгиси эмасдир. Бундай йўл билан маънавий нуфузга эга бўлинмайди; билъакс, бу йўл орқали ундан маҳрум бўлинади.

Ҳозир фаластинликлар учун бунёдкорлик ишларига эътиборни қаратадиган пайтдир. Фаластин Маъмурияти, ҳалқнинг эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган муассасалар яратиш орқали, ўзининг бошқариш салоҳиятини ривожлантириши керак. Ҳамас баъзи фаластинликлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда, лекин унинг аъзолари ҳам маъсулиятларга эга эканликларини тан олишлари лозим. Фаластинликларнинг орзу-умидларини амалга оширишда иштирок этиш учун, фаластин ҳалқини бирлаштириш учун, Ҳамас зўравонликка чек қўймоғи лозим, ўтган шартномаларни тан олиб, Исроилнинг давлатга эга бўлиш ҳуқуқини эътироф этиши керак. 

Айни пайтда, исроилликлар ҳам, уларнинг давлатчилик ҳуқуқи инкор қилинмаслиги каби, Фаластиннинг ҳам давлатчилик ҳуқуқи инкор қилиб бўлмаслигини тан олишлари шарт. АҚШ Исроил томонидан (Ғарбий Соҳилда) мавзелар қурилиши қонуний эканлигини қабул қилмайди.(Олқишлар) Бундай қурилиш ишлари олдинги шартномаларга хилоф бўлади ва тинчликка эришиш саъй-ҳаракатларига путур етказади. Бу қурилишларни тўхтатиш вақти келди. (Олқишлар).

Исроил ҳам фаластинликларнинг яшаш ва ишлаш ҳамда ўз жамиятларини ривожлантириш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган мажбуриятини бажариши лозим. Ғазодаги гуманитар инқироз нафақат фаластинлик оилаларга кулфат олиб келмоқда, балки шу билан бирга Исроил хавфсизлигига ҳам раҳна солмоқда. Айни шу ҳолат Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги чорасиз вазиятга ҳам тааллуқли. Фаластинликлар кундалик ҳаётидаги тараққиёт, тинчлик сари йўлнинг ажралмас қисми бўлиши лозим, Исроил эса шундай тараққиётни таъминлаш учун муайян чоралар қабул қилиши лозим.

Ва ниҳоят, Араб давлатлари, Араб Тинчлик Ташаббуси муҳим бошланғич қадам бўлгани, аммо бу уларнинг масъулиятлари тугади дегани эмаслини эътироф этишлари керак. Араб-Исроил можаросидан Араб давлатлари халқларини бошқа муаммолардан чалғитиш мақсадида ортиқ фойдаланмаслик лозим. Бу можаро, Фаластин халқига, давлат мустаҳкамлиги учун хизмат қиладиган муассасаларни ривожлантириш, Исроил давлатини тан олиш ҳамда ўтмишга қаратилган ўз-ўзини емирувчи ўй-фикрлар ўрнига, тараққиётни танлаш учун ёрдам берадиган ҳаракатларга туртки бўлиши керак.

Америка сиёсати тинчлик тарафдори бўлганлар билан биргадир, биз исроилликлар ва фаластинликлар ҳамда арабларга алоҳида айтадиган гапларимизни ҳамманинг олдида очиқ айтамиз. (Олқишлар). Биз тинчликни мажбуран ўрната олмаймиз. Аммо кўпгина мусулмонлар ўзаро суҳбатда эътироф этишади - Исроил энди тарқалиб кетмайди. Худди шу йўсинда, кўпгина исроилликлар ҳам тан олишадики, Фаластин давлати бўлиши керак. Энди фурсат келди, биз барча тўғри деб билган нарсалар устида ҳаракат қилишимиз керак.

Жуда кўп кўз ёшлар тўкилди. Жуда кўп қон тўкилди. Барчамиз исроиллик ва фаластинлик оналар болаларининг ҳеч қандай қўрқувсиз вояга етишларини кўрадиган кунга эришишлари учун масъулмиз; ушбу кунда учта буюк дин тўпланган Муқаддас Ер Аллоҳ истагани каби тинчлик маконига айланади; бу кунда Қуддус шаҳри  яҳудийлар, масиҳийлар ҳамда мусулмонларнинг хавфсиз ва доимий Ватанига айланади, худди Исро қиссасидаги каби -(Олқишлар) - худди Исро қиссасидаги каби, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳумуссаломлар бирга намоз ўқишганидек, Иброҳимнинг барча фарзандлари биргаликда тинч-тотув яшайдиган маконга айланади. (Олқишлар).

Кескинликнинг учинчи манбаи ядро қуроллари бўйича давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бизнинг муштарак манфаатларимиздир.

Бу масала Америка Қўшма Штатлари ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида вужудга келган кескинлик манбаига айланди. Кўп йиллар давомида Эрон қисман ўзини менинг мамлакатимга бўлган ихтилоф билан белгилаб келди, дарҳақиқат бизнинг ўртамизда нотинч тарих мавжуд. Совуқ уруш авжига чиққанда, Америка Қўшма Штатлари демократик йўл билан сайланган Эрон ҳукуматини ағдариб ташлашда роль ўйнади. Ислом Инқилобидан буён Эрон АҚШ қўшинлари ва фуқароларини гаровга олиш ва уларга қарши куч ишлатиш ҳаракатларида роль ўйнади. Бу тарих жуда яхши маълумдир. Ўтмиш қопқонида қолиб кетиш ўрнига, мен Эрон раҳбарлари ва халқига менинг мамлакатим олға силжиш учун тайёр эканлигини маълум қилдим. Энди масала Эроннинг нимага қарши эканлигида эмас, балки унинг қандай келажак қуришни истаётганлигидадир.

Тан оламан, бир неча ўн йиллар давом этган ишончсизликни енгиш осон бўлмайди, аммо биз жасорат, тўғрилик ва қатъиятлик билан ҳаракат қиламиз. Икки давлатларимиз ўртасида муҳокама қилиниши керак бўлган кўп масалалар юзага келади, биз ўзаро ҳурмат асосида ҳеч қандай шартларсиз олға боришни истаймиз. Аммо барчага маълумки, ядро қуроллари масаласи бўйича биз ҳал қилувчи маррага келдик. Бу фақат Америка манфаатларига тааллуқли эмас. Бу Яқин Шарқда ядро қуроллари пойгасининг олдини олишга тааллуқлидир, чунки бундай пойга ушбу минтақани ва бутун дунёни ўта хавфли ҳолатга солиши мумкин.

Мен айрим мамлакатлар бундай қуролга эга-ю, бошқаларда эса йўқ, деб эътироз билдирувчиларни тушунаман. Ҳеч қайси мамлакат ким ядро қуролига эга бўлиши мумкинлигини белгилай олмайди. Шунинг учун мен Американинг ҳеч бир мамлакатда ядро қуроли бўлмаслиги сари ҳаракат қилиш аҳдини қаттиқ қўллаб-қувватладим. (Олқишлар). Ҳар қандай мамлакат, шу жумладан Эрон ҳам, агар Ядро Қуролларини Тарқатмаслик Шартномаси талабларига жавоб берадиган бўлса, тинч йўлда атом энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Бу мажбурият Шартноманинг энг асосий талаби бўлиб, унга аъзо бўлган барча учун бажарилиши шарт. Умид қиламанки, минтақадаги барча мамлакатлар ушбу мақсадни баҳам кўрадилар.

Мен муҳокама қилмоқчи бўлган тўртинчи масала демократиядир. (Олқишлар).

Биламан - биламан, кейинги йилларда демократияни илгари суриш борасида мунозаралар бўлиб ўтди, ва бу мунозараларнинг аксарияти Ироқдаги уруш билан боғлиқдир. Ижозатингиз билан сўзимни аниқроқ ифода этсам: Ҳеч қандай ҳукумат тизими бир давлат томонидан бошқа бир давлат учун белгилаб берила олмайди ва белгилаб берилмаслиги лозим.

Аммо бу ўз халқининг иродасини намоён қиладиган ҳукуматларга бўлган садоқатимни асло камайтирмайди. Ҳар бир мамлакат бу тамойилни ўзига яраша, ўз халқининг анъаналарига асосланган услубда татбиқ этади. Америка ҳар кимга нима яхши эканлигини билишини даъво қилмайди, ҳудди шу йўсинда биз тинч сайловнинг натижасини ҳал қилишга ҳам даъво қилмаймиз. Аммо мен қаттиқ ишонаманки, барча инсонлар маълум бир нарсаларни доимо исташади: ўз фикрини ифода қилиш имконияти ва қандай бошқарилаётганлиги юзасидан ўз сўзига эга бўлиш; қонун устуворлигига бўлган ишонч ва адолат ҳаммага баробар қўлланиши; амаллари шаффоф бўлган ва халқ бойлигини ўғирламайдиган ҳукумат; ўзингиз хоҳлагандай ҳаёт кечириш. Бу фақат америкача ғоялар эмас; булар инсон ҳуқуқларидир. Шунинг учун ҳам биз уларни барча жойда қўллаб-қувватлаймиз. (Олқишлар).

Ҳозирча бу ваъдаларни амалга ошириш учун чизилган бир тўғри чизиқ йўқ. Аммо шуниси маълум: Бу ҳуқуқларни ҳимоя қилган ҳукуматлар анча барқарорроқ, муваффақиятлироқ ва хавфсизроқдир. Ғояларни бостириш ҳеч қачон уларни бартараф этишда ёрдам бермайди. Америка барча тинчликсевар ва қонунга амал қилувчи овозларнинг, ҳатто биз уларга қўшилмасак-да, бутун дунё бўйлаб эшитилиш ҳуқуқини ҳурмат қилади. Агар ўз халқини ҳурмат билан бошқарар экан, биз барча сайланган, тинчликсевар ҳукуматларни олқишлаймиз.

Бу охирги таъкидлаган фикр муҳимдир, чунки баъзилар ҳокимиятда эмасликларида демократияни ҳимоя қилишади; аммо ҳокимиятга келгач, бошқаларнинг ҳуқуқларини шафқатсизларча бузишади. (Олқишлар). Шундай қилиб, қаерда бўлишидан қатъий назар, халқ томонидан бошқариладиган ҳукумат ҳокимият тепасига келувчилар учун ягона андоза белгилайди: Сиз ҳокимиятни куч билан эмас, муроса билан ушлаб турасиз; сиз кам сонли аҳоли вакиллари ҳуқуқларини ҳурмат қилишингиз ҳамда бағрикенглик ва ўзаро келишув руҳида иштирок этишингиз керак; сиз халқингиз манфаатини ўз партиянгиз манфаатидан устун кўришингиз керак. Бу омилларсиз фақат сайловларнинг ўзи ҳақиқий демократияни таъминлаб бера олмайди.

АУДИТОРИЯ АЪЗОСИ: Барак Обама, биз сени севамиз!

ПРЕЗИДЕНТ ОБАМА: Раҳмат. (Олқишлар). Биз биргаликда ҳал қилишимиз лозим бўлган бешинчи масала бу дин эркинлигидир.

Ислом фахрланишга арзийдиган бағрикенглик анъанасига эга. Биз буни Инквизиция давридаги Андалус ва Кордоба тарихида кўрамиз. Мен буни болалик давримда, аксарият аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган мамлакат, Индонезияда, масиҳийлар эркин ибодат қилишганида кўрганман. Айни шу руҳият бугунги кунда бизга керакдир. Ҳар бир мамлакатдаги инсонлар ўз фикри, қалби ва руҳи мойил бўлган эътиқод бўйича танлаш ва яшаш эркинлигига эга бўлиши лозим. Бундай бағрикенглик дин равнақи учун жуда муҳимдир, аммо бу кўп ҳолларда муаммоларга учрамоқда.

Айрим мусулмонлар орасида ўз эътиқодини бошқа бировнинг эътиқодини инкор этиш билан баҳолаш каби хавотирли ҳолатлар учрамоқда. Динларнинг турли-туманлиги сақланиши лозим - хоҳ бу Ливандаги маронитлар бўлсин, ҳоҳ Мисрдаги қибтийлар бўлсин. (Олқишлар). Агар очиқ айтадиган бўлсак, мусулмонлар орасидаги тафриқалар ҳам барҳам топиши лозим, суннийлар ва шиалар ўртасидаги тарафкашлик, айниқса Ироқда, фожиали ҳолатларга олиб келди.

Дин эркинлиги турли инсонларнинг бирга яшашлари учун жуда муҳим саналади. Биз бу эркинлик қандай ҳимоя қилиниш йўлларини доимо кузатиб боришимиз керак. Мисол учун, Америка Қўшма Штатларида хайр-эҳсон бўйича қонун-қоидалар мусулмонлар учун ўз дин арконларини бажаришлари учун қийинчилик туғдирди. Шунинг учун мен америкалик мусулмонларнинг закот амалларини бажаришларини таъминлаш учун улар билан бирга ишлашга аҳд қилдим.

Худди шу йўсинда, Ғарб давлатлари ўз мусулмон фуқароларининг динга амал қилишларига тўсқинлик қилмасликлари - мисол учун, муслима аёлнинг нима кийиши бўйича кўрсатма бермасликлари лозим. Биз либерализм ниқоби остида ҳеч қайси динга нисбатан адоват сақламаслигимиз лозим.

Аслида эътиқод бизларни бирлаштириши керак. Мана шунинг учун ҳам биз Америкада масиҳийлар, мусулмонлар ва яҳудийларни бирлаштириш учун жамоат хизмати лойиҳаларини яратмоқдамиз. Шунинг учун ҳам биз Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳнинг динлараро мулоқотлар ва Туркия раҳбариятининг "Тамаддунлар альянси" бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Дунё бўйлаб биз мулоқотларни динлараро хизматга айлантиришимиз мумкин, Африкадаги безгак касаллигига қарши кураш бўлсин, ё табиий офатдан кейинги ёрдам етказиш бўлсин - инсонлар орасидаги кўприклар хайрли ҳаракатларга етаклайди.

Олтинчи масала - мен айтмоқчи бўлган олтинчи масала, бу хотин-қизлар ҳуқуқларидир. (Олқишлар). Биламан, бу ерда ҳозир бўлганлардан билиш мумкин, бу масала бўйича кўп мунозаралар бўлиб ўтган. Мен  Ғарбдаги айрим фикрларни, жумладан, сочини ўраган аёл ўз тенгҳуқуқлилигини йўқотган, деган қарашларни инкор этаман, аммо шунга ишонаманки, таълим ҳуқуқидан маҳрум этилган аёл тенгҳуқуқликдан ҳам маҳрум этилгандир. (Олқишлар). Тасодиф эмаски, хотин-қизлари яхши таълим олган мамлакатларнинг фаровон ҳаёт кечириш эҳтимоли жуда каттадир.

Ижозатингиз билан шуни аниқ айтсак: аёлларнинг тенгҳуқуқлилик масаласи фақат исломга тегишли бўлган масала эмас. Мусулмон мамлакатлари ҳисобланмиш Туркия, Покистон, Бангладеш, Индонезияда биз аёл киши раҳбарлик қилганини кўрдик. Шу билан бирга аёлларнинг тенглиги учун кураш Америка ҳаётининг жуда кўп жабҳаларида ва дунёнинг бошқа мамлактларида ҳам давом этиб келмоқда.

Мен аминманки, бизнинг қизларимиз бизнинг ўғилларимиз сингари жамиятга бирдай ҳисса қўша оладилар. (Олқишлар). Бизнинг умумий фаровонлигимиз бутун инсониятнинг - эркаклару аёлларнинг - тўлиқ салоҳиятига эришишига имкон бериш орқали янада тараққий этади. Тенг бўлиш учун аёл ҳам эркак қилган ишни танлаши кераклигига ишонмайман, мен анъанавий ҳаёт тарзини танлаган аёлларни ҳурмат қиламан. Аммо бу уларнинг танлаш ҳуқуқи бўлиши лозим. Мана шунинг учун Америка Қўшма Штатлари мусулмон мамлакатлар билан қиз болаларнинг саводхонлигини ошириш ҳамда ўзлари орзу қилган ҳаёт кечиришлари учун ёш хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида микромолиялаштириш орқали ёрдам бериш борасида ҳамкорлик қилади. (Олқишлар).

Ва ниҳоят, мен иқтисодий ривожланиш ва имкониятлар тўғрисида гаплашиб олишни хоҳлардим.

Биламан, кўпчилик учун глобаллашув қиёфаси қарама-қарши табиатга эга. Интернет ва телевидение билим ва ахборот бериш билан бир қаторда фаҳш ва зўравонликка ўргатиши мумкин. Савдо-сотиқ қўшимча даромад келтириши ва янги имкониятлар очиши билан бир қаторда, шаҳар ва қишлоқларнинг турмушини бузувчи ва ўзгартириб  юборувчи ҳолатларнинг вужудга келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳамма мамлакатларда, жумладан Америкада ҳам, бундай ўзгаришлар, қўрқув уйғотиши мумкин. Бу қўрқув, модернизация туфайли биз ўзимизнинг молиявий имкониятларимиз, сиёсий ҳаётимизни ва энг асосийси ўзлигимизни, яъни жамоаларимиз, оилаларимиз, урф-одатларимиз, иймон эътиқодимиздаги энг қадр-қимматли ҳолатлар устидан бўлган назоратни йўқотиб қўйиш билан боғлиқдир.

Мен, шунингдек, инсоният ривожланишини тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслигини ҳам биламан. Қадриятлар ва ривожланиш ўртасида қарама-қаршилик бўлмаслиги керак. Япония ва Жанубий Корея каби давлатлар ўзларининг такрорланмас маданиятларини сақлаб қолган ҳолда, иқтисоди ривожланган йирик мамлатларга айлана олдилар. Худди шу фикрни Куала Лумпурдан то Дубайгача бўлган мусулмон оламидаги ҳайратга солувчи ривожланишга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Қадимги вақтларда бўлгани каби, бугунги кунда ҳам мусулмон жамиятлар маориф ва инновациялар соҳасида пешқадам бўла олиш қобилиятларини намойиш қилдилар.

Бу нарса шунинг учун ҳам муҳимки, ҳеч қандай ривожланиш стратегияси, фақат ердан  олинадиган бойликларгагина асослана олмайди, шунингдек у, ёшлар иш билан таъминланмаса, барқарор бўла олмайди. Кўпгина Форс кўрфази мамлакатлари нефт қазиб чиқариш ҳисобига бойидилар, шу билан бирга уларнинг баъзилари эътиборларини  янада кенгроқ соҳаларнинг ривожланишига қаратмоқдалар. Биз ҳаммамиз, ХХI асрнинг валютаси таълим ва инновация технологиялари бўлишини эътироф қилишимиз лозим -(Олқишлар) - аммо жуда кўплаб мусулмон жамиятларида ушбу соҳаларга етарлича сармоя киритилмаяпти. Мен ўз мамлакатим ичида бундай соҳаларга сармоя киритишга катта эътибор қаратмоқдаман. Агар Американи олдинлари бу минтақанинг нефт ва гази қизиқтирган бўлса, энди биз янада кенг ҳамкорликка интилмоқдамиз.

Таълим соҳасида биз алмашув дастурларини кенгайтириш ва  отамнинг Америкага келишига сабаб бўлган стипендия каби стипендиялар сонини кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Айни пайтда биз америкаликларнинг мусулмон мамлакатларда таълим олишларини қўллаб-қувватлаймиз. Биз истиқболли мусулмон талабаларни Америкага стажёрлик ишларига жалб қиламиз, онлайн режимида, бутун дунё бўйлаб ўқитувчи ва болаларга таълим беришни молиялаштирамиз, Канзасдаги ўспирин Қоҳирадаги ўз тенгдоши билан реал вақт режимида мулоқот қила оладиган янги интерактив тармоқларни яратамиз.

Иқтисодий ривожланиш режасига кўра, биз аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакатларда ўзларининг ҳамкасабалари билан ҳамкорлик қилувчи кўнгилли бизнесменларнинг янги корпусини ташкил қилиш ниятимиз бор. Бу йил мен, Қўшма Штатлар ва дунёдаги мусулмон мамалакатларидаги бизнес етакчилари, жамғармалар, ижтимоий ишбилармонлар орасидаги алоқаларни қандай қилиб мустаҳкамлаш мумкинлигини аниқлаш мақсадида, Тадбиркорлик масалаларига оид саммит ўтказаман.

Фан ва техника соҳасида биз аҳолисининг кўпчилигини мусулмонлар ташкил қилувчи мамлакатларда технологик ривожланишни қўллаб- қувватлаш  ва янги иш жойларини яратиш мақсадида дунё бозорида янги ғояларни ишга тушириш билан шуғулланувчи янги жамғарма тузиш ниятимиз бор. Биз Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий-Шарқий Осиёда илмий марказларни очамиз, шунингдек, янги энергия манбаларини кашф қилиш, экологик тоза иш жойларини яратиш масалалари ва архивларни рақамлаштириш, сувни тозалаш, янги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича махсус вакилларни тайинлаймиз. Бугун мен, Ислом конференцияси ташкилоти билан бирга олиб бориладиган, полиомелитни тугатиш бўйича янги глобал ташаббусни эълон қиламан. Биз, шунингдек, она ва бола соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича мусулмон мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтирамиз.

Бу режаларнинг ҳаммаси ҳамкорлик асосида амалга оширилади. Америкаликлар одамларнинг яхшироқ ҳаётга эришишлари учун ёрдам беришда, бутун дунё мусулмон мамлакатлари фуқаролари, ҳукуматлари, жамоат ташкилотлари, диний раҳбарлари ва ишбилармонларига қўшилишга тайёрдирлар.   

Мен зикр қилган муаммоларни ҳал қилиш осон эмас. Лекин, зиммамизда биз интилаётган ҳаёт учун кучларимизни бирлаштириш масъулияти бор. Бу - экстремистлар бизнинг халқимизга ҳеч қачон  хавф солмайдиган, Америка қўшинлари ўз уйларига қайта оладиган, исроиллик ва фаластинликлар  ўзларининг алоҳида давлатларида хавф-хатарсиз яшайдиган ҳаётдир. Бу ҳаётда ядро энергияси тинч мақсадлар учун хизмат қилади, ҳукуматлар ўз фуқароларининг манфаатлари учун хизмат қиладилар ва Аллоҳнинг барча бандалари ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинадиган бўлади. Бу манфаатлар ҳаммамиз учун умумийдир. Бу ҳаммамиз интиладиган ва фақат бирлашиб қилинадиган ҳаракатларимиз эвазига қўлга кирадиган ҳаётдир.

Мен биламан, кўплар - мусулмонлар ҳам, ғайри мусулмонлар ҳам бу янги ташаббусни амалга ошира олишимизга шубҳа қиладилар. Баъзилар ихтилофлар оловини ёқишга, ривожланиш йўлида ғов бўлишга астойдил бел боғлаганлар. Бошқалар эса, ҳаракатларимизни беҳуда билиб, ихтилофлар пешонамизга ёзилган, маданиятларимиз қарама-қаршиликка маҳкум, деб ҳисоблайдилар. Учинчилар эса, ҳақиқий ўзгаришлар имконияти борлигига ишонмайдилар. Ахир, қанчадан-қанча қўрқув ва ишончсизлик йиғилиб қолган. Лекин, биз ўзимизни ўтмиш юки билан боғлаб қўйсак, ҳеч қачон олға силжий олмаймиз. Турли динга мансуб ва турли мамлакатларда истиқомат қилаётган ёшларга мурожаат қиламан: бошқалардан кўра, айнан сизлар, бу дунёга янги қиёфа беришга қобилсизлар.  

Ҳаммамиз бу дунёга вақтинчалик келамиз. Хўш, шу қисқа вақтни бир-биримиздан узоқлаштирувчи нарсаларга ўралашиб қолишга сарф қилишимиз керакми, ёки диққатни болаларимиз учун таъминламоқчи бўлган келажакка қаратиш учун, барча инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш учун, бирлаштирувчи умумий нуқтани топиш учун сарф қилишимиз керакми?

Урушни тўхтатишдан кўра, бошлаш осонроқ. Ўзига назар солишдан кўра, бошқаларни айблаш осонроқ, бизни умумлаштирувчи нарсани топишдан кўра, фарқимизни кўриш осонроқ. Лекин, биз нафақат осон йўл, балки тўғри йўлни танлашамиз керак. Ҳар бир дин асосида оддий бир қоида ётади: ўзинга қанақа муомала қилишларини хоҳласанг, бошқаларга шу муомалани қил. (Олқишлар) Бу ҳақиқат ҳамма мамлакат ва халқларга бирдай тааллуқли. У янги гап эмас ва у қора танлилар, оқ танлилар ёки қизил танлилар, масиҳий, мусулмон ёки яҳудийлар эътиқодининг алоҳида  тамали эмас. Бу ишонч тамаддунлар бешигида тебранган ва миллиардлаб инсонлар қалбида тебранмоқда. Бу инсонларга бўлган ишончдир, мана шу нарса мени бугун бу ерга олиб келди.

Бизда ўзимиз интилаётган дунёни яратиш учун куч бор, лекин, бунинг учун биз муқаддас китоблардаги битикларни ёдга олган ҳолда, янги саҳифа очиш учун ўзимизда журъат топа олишимиз керак.

Муқаддас Қуръон айтади: "Эй, инсонлар, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик".

Талмуд айтади: "Таврот дунёга тинчликни олиб келиш учун берилди".

Муқаддас Инжил эълон қилади: "Тинчликпарварлар марҳаматга сазовордирлар, чунки улар Худонинг болалари, деб аталурлар".

Дунё халқлари биргаликда тинчликда яшашлари мумкин. Биз Парвардигорнинг иродаси шундай эканлигини биламиз. Мана шу мақсад учун биз шу заминда, Ерда меҳнат қилмоғимиз керак.

Раҳмат. Парвардигор сизга тинчлик-осойишталик ато этсин. Катта раҳмат. (Олқишлар).

Фикрларингиз

Президентнинг Қоҳирада сўзлаган нутқига оид фикр-мулоҳазаларингизни и-мейл орқали ёки Тошкентдаги АҚШ Элчихонасининг Ахборот Ресурс Марказининг Facebook (инглиз тилида) саҳифаси орқали билдирасиз деган умиддамиз.