Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > Элчи > Нутқлар > АҚШ Элчиси Ричард Норланднинг Америка Савдо палатаси умумий мажлисида қилган нутқи
Skip Left Section Navigation


АҚШ Элчиси Ричард Норланднинг Америка Савдо палатаси умумий мажлисида қилган нутқи (10/29/2009) 

Тошкент
2009 йил 29 октябр

Бугунги оқшомда сизнинг ҳузурингизда нутқ ирод этиш ҳамда янги Консулимиз жаноб Дэвид Микони таништиришдан бағоят мамнунман. У киши сизларни АҚШ визасига оид қоидалар ва Америка фуқаролари хизмати ҳақидаги янгиликлардан бохабар этади. 

Буни қарангки, Америка Савдо палатаси вакиллари олдида илк маротаба расмий нутқ сўзлаганимга ҳам икки йил тўлибди. 2007 йил 25 октябрда қилган нутқимни қайта ўқир эканман, сизнинг нақадар пешқадам инсонлар эканлигингизни яна бир бор ёдга олдим, зеро ўшанда мен Америка Савдо палатаси аъзоларини тадбиркор капиталистлар деб эмас, балки «кашфиётчи капиталистлар» дея атагандим. Ҳали кўплар Марказий Осиёнинг ушбу қисмида бизнес имкониятларини кўра билмаган бир пайтда, аксариятингиз бу ерда ишни йўлга қўйгансиз - сиз таваккал қилдингиз, сизнинг машаққатли меҳнатингиз Ўзбекистон иқтисодига ва унинг бир маромда олға силжишига ёрдам берди.

Мен ўша меҳнат сиз учун ҳам фойдали бўлган деб ўйлайман. Турган гапки, биз йирик Америка корпорациялари Ўзбекистонга бўлган қизиқишни қайта янгилаётганлари аломатларини кўра бошладик. Бунда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Мен бажарадиган ишнинг бир қисми АҚШни намоён этувчи кичик ва ўрта тадбиркорлик вакиллари ҳам йирик компаниялар каби айни имкониятларга эга бўлишларини таъминлашдан иборатдир. Менга айтишларича, кичик ва ўрта тадбиркорлик Ўзбекистон ЯИМининг 62 фоизини ташкил этар экан, шундай экан, гарчи биз Ўзбекистоннинг кўп сонли, ёш ва юқори маълумотли аҳолисини самарали иш билан таъминлайдиган йирик ширкатларни жалб этишга ҳаракат қилаётган бўлсак-да, биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан биргаликда иқтисодий спектрнинг бу қисмида ҳам олиб борилаётган ишларни янада рағбатлантиришимиз керак.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида Ўзбекистондаги инвестицион муҳит халқаро иштирокчилар  нигоҳи остида бўлди. Шу ой бошида Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа делегациялари билан Вашингтонда Савдо ва Инвестиция бўйича доиравий битим юзасидан музокаралар, ундан сўнг Нью-Йоркда Америка-Ўзбекистон Савдо Палатаси томонидан уюштирилган инвестицион конференция бўлиб ўтди. АҚШнинг Савдо Палатаси 7 октябрда Вашингтонда  Ипак Йўлида савдо ва сармоя мавзуси бўйича конференция уюштирди.

Кўпларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон глобал иқтисодий бўҳроннинг энг абгор ҳолатини бартараф этди, гарчи унинг ўзи таъкидлагани каби, ҳеч бир мамлакат ушбу инқироз унга умуман таъсир қилмайди, деб айта олмайди. Инвесторлар, яъни ушбу янги асрнинг "кашфиётчи капиталистлари", диққат билан кузатмоқдалар. Уларни Ўзбекистонга холисона назар ташлашга ундаш биз элчихонадагиларнинг вазифасидир. Ўзбекистон маъмуриятининг вазифаси эса инвестиция учун жозибали бўлган бардавом шароитлар яратишдан иборат. 

Энг қизиқарли истиқболлардан бири, агар мендан сўрасангиз, Навоийда дейман. Бир қарашда, у ер Марказий Осиёнинг кенг чўлларидаги кичик бир жойдек кўринади. Аммо у ердаги аэропорт аста-секин Узоқ Шарқ, Жанубий-шарқий Осиё, Жанубий Осиё ва Европани боғловчи транс-континентал аҳамиятга эга марказга айланмоқда. Бундан ташқари аэропорт ёнидаги Эркин Саноат Иқтисод Зонаси ҳам ўзига эътиборни жалб қилишни бошламоқда. Мен у ерни бориб кўрдим. Инфраструктура ривожланмоқда, юқори технологик, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ишлаб чиқариш заводларини йўлга қўйиш нияти бўлган компаниялар учун ер участкалари мавжуд.  

Тўғри, компанияларни у ерга боришини таъминлаш алоҳида мавзу, бу уларнинг инвестицион муҳитга бўлган қарашларига боғлиқ. Бироқ мен ушбу лойиҳани яратганларнинг идрокига ва ундан фойдаланишни бошлаганларга қойил қолдим. Мен замонавий транспорт воситалари ва юқори технологияларни Ипак Йўли қалбига олиб келишдек рамзий аҳамиятни юқори баҳолайман. 

Жон Ҳопкинс Унивеситетининг Илғор халқаро тадқиқотлар институти профессори Фред Стар буни қуйидагича тавсиф этди: асрлар оша ортга назар ташлаб, у қуйидаги хулосага келдики, "Марказий Осиё халқларининг ДНКсида тамаддунлар орасида кўприк бўлиш, ришта ўрнатиш қобилияти бўлса керак". Менинг назаримда, Ўзбекистончалик шундай кўприк ролини ўйнайдиган, марказий ўринда жойлашган мамлакат топилмаса керак.

Биз ушбу кўприкнинг аҳамиятини Ўзбекистоннинг Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига кўрсатаётган кўмагида кўрамиз, хусусан, Ўзбекистон темир йўл ва юк автомашиналари ёрдамида Термиз ёнидаги чегаранинг нариги томонида жойлашган  Ҳайратонга ноҳарбий юкларнинг транзит қилинишига рухсат берган. Бироқ бу фаолият кетида кенгроқ муроду мақсад ётибди, у ҳам бўлса савдо транзит йўлларини Евроосиёдан то Ҳинд океанигача олиб боришдир.

Ўзбекистон ушбу жараённинг навбатдаги босқичида муҳим роль ўйнайди, хусусан Ҳайратондан Мозори-Шарифга темир йўл ўтказади, у ерда юклар тўғридан-тўғри Ҳалқа Йўлга ўтказилиши мумкин. Осиё Тараққиёт Банки, АҚШ кўмагида, мазкур лойиҳани молиялаштирмоқда, қурилиш ишлари эса "Ўзбекистон Темир Йўллари" томонидан олиб борилади. Келаси йилларда ушбу темир йўл Ҳиротгача боради, деган гаплар янграй бошлади. Ҳиротдан эса Покистон, Ҳиндистон ва Эроннинг йирик бандаргоҳлари ва бозорларига уланса бўлади. Ушбу жанубий йўналишлар ҳозирда мавжуд бўлган Шимолий, Шарқий ва Ғарбий йўналишларга муҳим иқтисодий такомиллик олиб киради.

Албатта Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик ушбу мақсадни амалга оширишда муҳим ўринга эга, бу эса барчанинг манфаатига хизмат қилади.  У ердаги вазият мураккаб, аммо масалага ечим топиш учун фундаментал асос бор: бу Покистон ўз ҳудудидан экстремистлар фойдаланмаслиги учун мувофиқлаштирилган ҳолда босим кўрсатиши, Афғонистонда қонуний ҳукумат тузиш ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг хавфсизлик ва иқтисодий ёрдамни таъминлашда жонкуярлик қилишидир.

АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлиги доирасида Афғонистонга катта аҳамият ажратилган, лекин бу асло ягона масала эмас. Бизнинг муштарак манфаатларимиз кўплаб соҳалар бўйича туташади, жумладан иқтисодий ўсиш, инвестицион муҳит, таълим алмашинувлари, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти, наркотик контрабандасига қарши кураш ва бошқалар. Бирор бир соҳада олға силжиш бошқа соҳада олға силжишга ҳалақит беради, деб ўйламаймиз, аксинча, қачонки биз муносабатларимизнинг ҳар қандай жиҳати бўйича самарали иш олиб боришга киришар эканмиз, бошқа жабҳаларда ҳам прогресс томон эришишга бўлган мавқеимиз ошиб боради. 

Изчил равишда яхшиланиб бораётган ўзаро муносабатларнинг рамзи ўлароқ, Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк шу ойнинг бошида Ўзбекистон тарафига ушбу барча масалаларни кўриб чиқиш учун икки томонлама консультациялар механизмини ишга туширишни ва ушбу жараённи бошлаб юбориш мақсадида ўзаро қулай пайт аниқланиши биланоқ юқори мартабали Ўзбекистон делегацияси Вашингтонга ташриф буюришини расман таклиф этди.

Ушбу жараён муносабатларимизни ҳар бир асосий йўналишлар - сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ва инсон фаровонлигига оид йўналишлар бўйича илгари суришини кутиб қоламан. Икки йил муқаддам сизга қилган нутқимда ишончни қайта тиклаш ўта муҳим эканлигини айтиб ўтган эдим. Аминманки, биз ўша ишончни қайта тиклаш йўлида ҳақиқий илғор натижаларга эришмоқдамиз. Ёндашувларда тафовутлар бўлиши давом этади, аммо биз ўша тафовутларни ўзаро манфаат ва ўзаро ҳурмат асосида муҳокама қилиш йўлларини топмоқдамиз. Ҳар икки томон юқори қадрлайдиган ушбу масалалар бўйича умумий англашувга эришиш учун энг мақбул ва ягона йўл мулоқотга киришиш эканлигига  ишончим комил. 

Америка бизнес доираларининг Ўзбекистондаги фаолияти ушбу ишончни қайта тиклашга сезиларли ҳисса қўшди, бунинг учун сиз эътирофга ва ҳурматга сазовордирсиз. Ўзбекистонга келганимдан буён мендан маслаҳатингиз ва билимингизни аямаганингиз учун миннатдорман ва ишонтириб айтаманки, элчихона ва камина доим хизматингизга мунтазир. Ушбу ажойиб ва муҳим мамлакатни яхшироқ тушунишда, узоқ келажакка борадиган муваффақиятли муносабатлар учун мустаҳкам негиз барпо қилишда биргаликдаги ишимизни давом этишини интиқлик билан кутиб қоламан. Раҳмат.