АҚШ Ҳукумати Ҳисоботлари
Одам савдоси борасидаги 2008 йилги хисобот (06/04/2008)
ЎЗБЕКИСТОН (Назорат Рўйхатида 2-поғона)
Ўзбекистон тижорат йўли билан жинсий эксплуатация қилиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА), Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста Рикага траффик қилинадиган аёл ва қизлар учун манба-мамлакат ҳисобланади. Эркаклар эса қурилиш, пахта даласида ва тамаки саноатида ишлаш учун Қозоғистон ва Россияга траффик қилинади. Эркак ва аёллар мамлакат ичида тутқинликка, қишлоқ хўжалиги ва қурилишдаги оғир ишларни бажаришга ва тижорат йўли билан жинсий эксплуатация қилинишга жалб этилади. Кўплаб мактаб ўқувчилари ҳар йили пахта йиғим-теримига чиқишга мажбурланади.
Ўзбекистон Ҳукумати одам савдосини бартараф этиш учун минимал андозаларга тўлиқ жавоб бермайди, аммо у буни амалга ошириш учун муҳим ишларни амалга оширмоқда. Ўтган йилда одам савдосининг кучли кўринишларига қарши курашиш бўйича мунтазам ҳаракатларни амалга ошира олмагани юзасидан Ўзбекистон бу борадаги Назорат Рўйхатининг 2-поғонасига киритилган эди. Хусусан, ҳукумат одам савдоси билан шуғулланишда айбдор деб топилганлар учун жазони кучайтириш бўйича жиноят кодексига ўзгартиришлар киритмади, ҳисобот даврида қурбонларга ёрдам бераётган НДТларга ҳеч қандай молиявий кўмак бермади. Шунингдек, ҳукумат йиллик пахта йиғим-терим мавсумида болалар меҳнатидан мажбуран фойдаланишни тугатиш бўйича зарур чора-тадбирларни қўлламади. Бироқ, 2008 йилнинг март ойида Ўзбекистон БМТга қарашли Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенциясининг 138 (ишга қабул қилишдаги минимал ёш) ва 182-бўлимларини (болалар меҳнатининг энг оғир кўринишлари) қабул қилди ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан уларни амалга ошириш бўйича фаолият бошлади. Ўзбекистон Ҳукумати 2008 йил март ойида одам савдосига қарши тўлақонли қонун қабул қилиш орқали одам савдосига қарши курашиш ишига жиддий киришаётганини намойиш қилди. Ушбу янги қонун одам савдоси билан боғлиқ турли ҳаракатлар учун масъул бўлган вазирликларга мувофиқлаштирувчи механизм бўлиб хизмат қилади, давлат маблағи бу йўлда қурбон бўлганларни ҳимоя қилиш ва ёрдам беришга қаратилишини таъминлайди ҳамда қурбонларнинг сотиб юборилиш оқибатида амалга оширган ишлари учун жазога тортилмаслигини кафолатлайди.
Ўзбекистон учун тавсиялар: пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланишни камайтириш мақсадида қабул қилинган конвенцияларни амалга ошириш бўйича Халқаро Меҳнат Ташкилоти ва ЮНИСЕФ билан бирга иш олиб боришни давом эттириш; траффик қурбонлари учун мамлакатда очилган иккита бошпанани молиявий томондан қўллаб-қувватлаш; ҳимоясиз меҳнат муҳожирларини ҳимоя остига олиш; одам савдоси бўйича қонун юритиш маълумотларини тўплашни кучайтириш чора-тадбирларини қўллаш. Ҳукумат одам савдосига қарши янги қабул қилинган тўлақонли қонуннинг бажарилишига қуйидагилар орқали эришиши лозим: Одам савдосига қарши курашиш бўйича Муассасалараро Миллий Комиссия тузиш; аҳолининг огоҳлигини ошириш кампанияларини ташкил этиш; қурбонларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш; одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга ихтисослашган ташкилотлар тузиш.
Суд фаолияти
Ўзбекистон одам савдосига қарши қонунчиликни кучайтириш бўйича ҳисобот тақдим этди, бироқ, ҳисобот даврида одам савдоси билан шуғулланувчилар ҳибсда кўп ушлаб турилмади. Ўзбекистондаги мавжуд қонунларда одам савдосининг ҳамма кўринишини ҳам жиноят сифатида баҳоланмайди. Жиноят кодексининг баъзи моддалари жинсий савдони, баъзилари эса меҳнат савдосини қоралаш учун қўлланади, шунга қарамай, амалдаги қонунлар мажбурий меҳнатнинг барча кўринишларини ҳам тегишли равишда жиноят сифатида кўрмайди. Жиноят кодексининг одам савдоси билан боғлиқ қонунларида бундай ноқонуний фаолият учун 5 йилдан 8 йилгача жазо тайинланиши кўрсатилган; бироқ, 10 йилдан кам жазо тайинланган маҳбусларга кўпинча амнистия берилади ва улар қамоқда тегишли муддат ўтирмайди. Бу ҳолат жинсий зўрлаш каби оғир жиноятларга бериладиган жазо учун ҳам тааллуқлидир. Шунингдек, ўзбек маданий эътиқодига кўра, биринчи марта одам савдоси билан шуғулланган аёлларга бундай жиноят қилувчи эркакларга нисбатан кўпроқ амнистия берилади. Шу сабабли ҳам кўплаб жиноятчиларга тегишли равишда жазо берилмайди. 2007 йилда милиция одам савдоси билан боғлиқ 303 нафар гумондорга тааллуқли 273 та иш қўзғатилгани ҳақида ҳисобот берди, 2005 йилда 268 нафар гумондор билан боғлиқ 250 та иш мавжуд бўлган. Ваколатли ходимлар 2007 йилда одам савдоси билан боғлиқ 185 та гумондорни айблаб, ҳибсга олди, 2005 йилда эса 148 киши айбдор деб топилган. 2008 йилнинг январь ойида ноқонуний одам савдоси билан шуғулланувчи 66 кишига олти ойдан 3 йилгача қамоқ жазоси тайинланди. Одам садоси билан шуғулланишга қарши курашаётган жаъми 272 ходим бўлиб, уларнинг 118 таси фақат шу иш билан банд бўлди. 2007 йилда Ички ишлар Вазирлигига қарашли ўқув академиясида одам савдосига қарши машғулотлар ўтказиш ўқув режасига киритилди.
Ҳисобот даврида ҳукумат мулозимлари ҳам пора ва товламачилик ортидан одам савдоси ишига аралашгани хусусида тасдиқланмаган маълумотлар олинди. 2008 йил март ойида парламент қуйи палатасининг бир аъзоси жинсий савдога аралашгани учун ишдан бўшатилди; ушбу ҳисобот даврида бу борада ҳукумат томонидан бирор баёнот берилмади.
Ҳимоя
Ҳисобот даврида ҳукумат қурбонларга ёрдам ва ҳимояга олиш масаласи бўйича бир оз илгари силжиди. НДТларга кўра, қонун юритувчи мулозимлар орасида одам савдоси курбонларига айланмаслик учун огоҳлантириш ва бохабарликка эътибор кучайтирилган. Милиция, консуллик ходимлари, чегара назоратчилари одам савдоси қурбонларига айланган чет элдан қайтган аёлларни ёрдам учун Халқаро Меҳнат Ташкилотига йўналтирган. НДТлар мамлакатдаги бошқа иккита вилоятда ҳам курбонлар учун қўшимча бошпана қуриш зарур эканини билдирган. Бу барада мавжуд иккита бошпана чет эл донорлари томонидан маблағ билан таъминланган ва ҳисобот даврида ҳукумат уларга молиявий ёрдам кўрсатмаган.
НДТларнинг ҳисоботига кўра, 2007 йилда 497 киши жинсий зўравонлик ва оғир меҳнат қурбони бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2006 йилда 681 кишини ташкил этган. 2007 йилда 40 нафар қурбоннинг иши қонун йўли билан қўриб чиқилди, қурбонларнинг аксарияти ўзларини сотган кишиларнинг зуғумидан қўрқиб, кўрсатма ёки маълумот беришдан ҳайиққан, ҳукумат эса қурбон-гувоҳларни ҳимоя қилмаган. Одам савдосига оид янги қабул қилинган қонун текширув ишида ҳамкорлик қилаётган қурбонларни ҳимоя қилишни талаб этади. Мамлакатга қайтарилган қурбонлардан ўзларининг Ўзбекистондан ноқонуний чиқариб юборилганини тасдиқловчи ҳужжатга имзо қўйиш сўралади; бироқ, НДТларга кўра, сотиб юборилгани учун жиноят қилган қурбонларга жазо қўлланилмаган.
Муаммонинг олдини олиш
Ҳисобот даврида ҳукумат одам савдосининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатларини давом эттирди. 2007 йилда у Жиззахдаги одам савдосига қарши ихтисослашган НДТни бепул жой билан таъминлади. 12 вилоятдаги 200 дан ортиқ қонун ҳимоячилари 2007 йилда НДТлар ўтказган машғулотларга қатнашди ва қуйи даражали офицерларнинг бу муаммо бўйича хабардорлиги оширилди. 2007 йилда одам савдоси бўйича ҳукуматга қарашли муассасалараро ишчи гуруҳи беш марта учрашув ўтказди, бу борада тўлақонли қонун лойиҳасини ишлаб чиқилди, кейинчалик, 2008 йил март ойида ушбу қонун Парламент томонидан қабул этилди ва Президент уни имзолади.
Ҳукумат ҳисоботига кўра, 2007 йилда газета ва журналларда одам савдосига қарши 360 та мақола эълон қилинган, милиция ходимлари 184 марта радио орқали чиқиш қилган, 793 марта телекўрсатувларда бу муаммо кўтарилган. Оммавий ахборот воситаларида энг кўп акс этган муаммо одамларни жинсий эксплуатация қилиш бўлиб, оғир меҳнат учун одамлар сотилган ҳолатлар ҳам оз бўлса-да акс этган. Ҳукумат маълум мамлакатларга сафар қилаётган ҳамрохсиз бўлган ёш аёлларни текширишни кучайтирган. Ўзбекистон БМТнинг 2000 йили қабул қилинган Одам савдосига оид Протоколини имзолаган эмас.

