Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > Элчихона янгиликлари > АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк иштирокида ўтган матбуот анжумани стенограммаси
Skip Left Section Navigation

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк иштирокида ўтган матбуот анжумани стенограммаси

“Интерконтиненталь” меҳмонхонаси,
Тошкент, Ўзбекистон
2009 йил 14 октябрь

Элчи Ричард Норланд: Сизларни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси жаноб Роберт Блейк билан таништиришга ижозат бергайсиз.

Котиб ёрдамчиси Блейк: Хайрли тонг! Тошкентга ташриф буюриш мен учун мамнуният бахш этади. Ўзбекистонда менга кўрсатилаётган меҳмондорчиликни ниҳоятда қадрлайман. Бу Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси сифатида гўзал мамлакатингизга қилаётган биринчи ташрифимдир.

Мен Президент Ислом Каримов жаноби олийлари, Ташқи ишлар вазири Норов ва ҳукуматнинг бошқа мулозимлари билан учрашиш имконига эга бўлганимдан ниҳоятда хурсандман. Шунингдек, мен қонунчилик палатаси бошлиғи ҳамда Сенат раиси билан ҳам учрашишга муваффақ бўлдим. Менинг ташрифим Президент Обама ва Давлат котиби Клинтоннинг Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг инъикосидир. Биз буни умумий манфаатлар ва ўзаро ҳурмат асосида амалга оширишни истаймиз.

Мен Ўзбекистоннинг Афғонистондаги халқаро фаолиятни қўллаб-қувватлаётгани учун Президент Каримовга Американинг самимий миннатдорчилигини етказдим. Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик борасида умумий манфаатга эга. Шу билан бирга мен Президент Каримовнинг Афғонистон ва минтақадаги тараққиёт бўйича билдирган фикр ва маслаҳатларини юқори баҳолайман. Биз АҚШ ва Ўзбекистоннинг хилма-хил соҳаларда йўлга қўйиши мумкин бўлган йўллар хусусида суҳбатлашдик. Бу соҳалар савдо ва ривожланиш, чегара хавфсизлиги, гиёҳванд моддаларга қарши кураш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва шахсий ҳуқуқларни ўз ичига олди.

Келгусидаги мулоқотга замин яратиш учун биз келишмовчиликларни ўзаро ҳурмат асосида бартараф этишда аниқ мақсадлар қўйишга имкон берувчи кенг кўламли ва структурали механизм ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилдик. Мен Президент Каримовга ушбу мулоқотнинг муваффақиятли давом этиши тарафдори эканимни билдирдим. Мен унга Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон иккитомонлама муносабатларимизнинг устувор йўналишлари бўйича илгари силжиши мумкинлигини айтдим.

Сўзимнинг охирида Элчи Норланд ва унинг Ўзбекистондаги ажойиб жамоасига ушбу ташрифни ташкил этгани ҳамда Қўшма Штатларни Ўзбекистонда намойиш этиш бўйича олиб бораётган фаолияти учун миннатдорлик изҳор қилмоқчиман. Яна бир бор барчаларингизга келганингиз учун катта раҳмат айтаман. Энди эса бир неча саволларингизга жавоб беришга тайёрман.

Атиф Ала (“Жиҳан” турк ахборот агентлиги): Маълумингизким, Цюрихда Арманистон ва Туркия ўртасида тарихий келишув имзоланди. Ушбу келишувнинг аҳамиятини, хусусан ушбу минтақадаги аҳамиятини нимада деб биласиз?

Котиб ёрдамчиси Блейк: Саволингиз учун катта раҳмат. Давлат котиби Клинтон ана шу тарихий келишувнинг имзоланишига гувоҳ бўлганидан жуда хурсанд бўлди. Биз келишувни имзолаган томонларни муборакбод этамиз ва ишонамизки, у муносабатларнинг ижобий ривожланишида ўз аксини топади.

Абдумалик Бобоев (“Америка овози” ўзбек хизмати): Сиз Ўзбекистон Президенти билан учрашувда Афғонистон масаласи хусусида суҳбатлашганингизни айтдингиз. Бу борада келгусида Ўзбекистонда имзоланиши кўзда тутилган қандайдир келишувлар ҳақида гап бордими? Иккинчи саволим: сиз фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашибсиз, бундай учрашувларда қандай мавзуларда гап борди?

Котиб ёрдамчиси Блейк: Афғонистонга оид саволга жавоб берадиган бўлсам, биз асосан амалга оширилаётган жорий ҳамкорлик хусусида гаплашдик. Мен Ўзбекистоннинг Афғонистондаги барқарорликка нафақат ноҳарбий юкларни олиб ўтиш орқали, балки Афғонистон учун электр энергияси таъминоти ва реконструкция орқали ҳам қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолашимизни айтиб ўтдим. Биз Афғонистон борасида ҳам, бошқа масалалар хусусида ҳам ҳеч қандай келишув имзолаганимиз йўқ.

Дарҳақиқат, мен ташрифим давомида фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашдим. Бу ўзимиз алоқа ўрнатган барча мамлакатлардаги мулоқотларимизнинг муҳим бир қисмидир. Мен улар билан бўлган суҳбатдан қониқиш ҳосил қилдим. Ўзбекистон ҳукуматидаги дўстларимиз ҳам бу улар учун муҳим устувор йўналиш эканига бизни ишонтиришди.

Абдураҳмон Ташанов (Харакат вебсайти): Мен фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувингиз тўғрисидаги саволга қайтмоқчи эдим – марҳамат қилиб унда муҳокама қилинган мавзуларни айтиб ўтсангиз. Иккинчи саволим эса қуйидагича: Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бор эди, аммо Ўзбекистон ташқи ишлар вазири инсон ҳуқуқлари Ўзбекистоннинг ички масаласи эканини таъкидлади. Мабодо Қўшма Штатлар билан мулоқотда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва демократия Ўзбекистонинг ички масаласи эканини айтса, сиз бунга қандай қараган бўлардингиз?

Котиб ёрдамчиси Блейк: Бу жуда кўп савол. Биринчидан, фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувим ҳақида тўхталадиган бўлсам, мен буни сир тутишни мақбул кўрардим, чунки биз ҳукумат билан мулоқотларимизнинг махфийлик принципини ҳурмат қиламиз. Инсон ҳуқуқлари масаласига келсак, Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон муносабатларимизнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида йиллик иккитомонлама маслаҳат йиғини ташкил этишни кўзламоқда. Мен Қўшма Штатлар ҳукуматининг Ўзбекистон юқори доира вакилларини ана шундай маслаҳат йиғинларини ўтказиш учун ўзлари белгилаган пайтда Қўшма Штатларга юбориш тўғрисида таклифини Ўзбекистон ҳукуматига етказдим. Баёнотимда таъкидлаганимдек, мен иккитомонлама муносабатларнинг устувор масалаларини ҳал қилишда ижобий натижаларга эришишмизга ишонаман.

Сид Янишев (мустақил журналист): Сиз Ўзбекистон Президенти билан учрашувда кўпгина мамлакатлар билан савдо муносабатлари хусусида гаплашганингизни айтиб ўтдингиз. Аммо, маълумки, Қўшма Штатлар меҳнат вазирлиги Қўшма Штатлардаги тўқимачилик компанияларига болалар меҳнатидан фойдаланилгани учун ўзбек пахтасини бойкот қилишга чақирди. Сиз буни қандай шарҳлаган бўлардингиз?

Котиб ёрдамчиси Блейк: Савдо ва тараққиёт борасида айтишим мумкинки, биз Ўзбекистонда Америка компаниялари йирик савдо-сотиқ ва сармоя ишларини юритиши учун зарур бўлган баъзи имкониятлар мавжуд деб ўйлаймиз. Ўзбекистонда йирик бозор, яхши маълумотли аҳоли ҳамда Америка компаниялари минтақанинг бошқа ҳудудларига экспорт қилишлари учун имконият мавжуд. Шунинг учун ҳам “General Motors” каби компаниялар бу ерда фаолият олиб бора бошлади ва келгусида ҳам биз Америка компанияларининг бу ердаги имкониятлардан кўпроқ фойдаланишлари учун ҳаракат қиламиз.
Бола меҳнатидан фойдаланиш ва пахта ҳақидаги саволингизга келсак, айтишим мумкинки, Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан иккита жуда муҳим шартномани имзолаган, шунингдек у бу борада махсус қарор ва миллий фаолият режасини қабул қилган, эндиликда ана шу қабул қилинган қарорларни амалга ошириш муҳимдир деб ўйлайман. Яна битта ёки иккита саволингизга жавоб беришим мумкин.

Раҳимжон Султонов (“Россия овози” радиоси): Ўзбекистоннинг Афғонистондаги барқарорлик ва тинчлик учун олиб бораётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаганингиз жуда яхши. Аммо Афғонистоннинг бошқа қўшнилари ҳам бор. Россия ва Хитойнинг Афғонистондаги вазиятни яхшилашдаги ролини қандай баҳолайсиз?

Котиб ёрдамчиси Блейк: Биз бу борада Россиянинг ролини жуда юқори баҳолаймиз. Маълумингизким, Президент Обама ва Президент Медведев шу йил бир саммитда учрашиб, Россиянинг бу ишда кўпроқ ҳисса қўшишни исташини ҳамда келгусида ҳарбий юкларни Россия ҳудудидан ўтказиш борасидаги махсус келишувни эълон қилди.  Давлат котиби Клинтон ҳам куни кеча ташқи ишлар вазири Лавров билан кўришиб, шу масалада маслаҳатлашди. Яна бир бор айтмоқчиманки, АҚШ ва Россия Афғонистон борасида ўзаро манфаатларга эга ва Афғонистонда барқарорлик ўрнатишда ёрдам бериш учун ҳамкорлик қилишига ишонаман.

Сергей Ежков (Узметроном веб-сайти): Жаноб Блейк, Ўзбекистон Президенти Бухарестдаги учрашув чоғида Афғонистондаги барқарорлик билан боғлиқ “6+3” гуруҳини тузиш ташаббуси билан чиққанди. АҚШ ҳукуматининг ушбу ташаббусга муносабати қандай? Бу таклиф амалга ошириляптими?

Котиб ёрдамчиси Блейк: АҚШ ва халқаро ҳамжамият ҳозир эътиборни сайлов ва бу сайлов тўғрисида сайлов шикоят комиссиясининг муҳокамаларини билишга қаратган. Президент Каримов бизга Афғонистондаги вазият хусусида жуда қимматли маслаҳат берди, мен унга яқин орада Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича вакил саналган Элчи Холбрук Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада батафсил мубоҳасаларга киришиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришини айтдим.

Барчаларингизга катта раҳмат.