Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси
Инсон ҳуқуқларининг умумбашарийлиги
Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида баён этилган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари дунёдаги барча инсонлар учун улар туғилган пайтдан эътиборан инъом этилади. Инсон ҳуқуқлари ҳафталигида (8-14 декабрь) Америка Қўшма Штатлари халқи катта ёки кичик, ривожланган ёки ривожланмаган мамлакатлардаги турфа маданият ва эътиқод, ирқ ва динга мансуб эркак ва аёллар билан биргаликда Умумжаҳон Декларациясини нишонлайди.

Декларация қабул қилинган сана – 10 декабрь 1948 йилдан буён ўтган 60 йил мобайнида курраи заминнинг ҳар бир қитъасида мазкур ҳужжатда кўрсатилган ҳуқуқларга амал қилиш бўйича сезиларли ютуқлар қўлга киритилди. Бироқ, 60 йил ўтганига қарамай, асосий эркинликлардан фойдаланишда дунёдаги миллионлаб кишиларнинг имконияти ҳануз ўз ҳукуматлари томонидан чеклаб қўйилмоқда. Бугунги кунда бутун дунёда эркагу аёллар ўз қадр-қимматларини сақлаш, виждонан иш юритиш, ўз фикрларини қўрқмай ифодалаш, бошлиқларини ўзлари сайлаш, раҳбарларнинг халқ олдида жавобгарлигини таъминлаш ҳамда қонунда кўрсатилгани каби тенглик ва адолатни юзага чиқариш учун асосий ҳуқуқларни мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилмоқдалар. Афсуски, кўпгина мамлакатларда ўз ватандошларининг ҳуқуқлари учун тинч йўл билан курашган жасоратли кишилар ҳукумат томонидан таъқиб остига олиниб, озодликдан маҳрум этилмоқда.
Умумжаҳон Декларацияси шунчаки ҳуқуқларнинг жамланмаси эмас, балки маълум бир ҳаракат учун даъват ҳамдир. Умумжаҳон Декларацияси “ҳар бир шахс ҳамда жамиятнинг ҳар бир аъзосини ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни ҳурмат қилишга тегишли ҳисса қўшиш ҳамда миллий ва халқаро чора-тадбирлар орқали ўзларининг жаҳонда эътироф ва эътиборга лойиқ эканликларини таъминлашга” чақиради.
Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясида намоён бўлган буюк ваъда ҳаётга табдиқ этилса, халқаро ҳамжамият, хусусан, дунёдаги демократик кучлар бу заминда яшаётган бирор кимсанинг қадрсизланиши ёки зулм қилинишини қабул қила олмайди.
Ҳали дунёнинг турли бурчакларида яшаётган эркак ва аёллар ўзларининг асосий ҳуқуқларидан маҳрум экан, биз, озодлик неъматидан баҳраманд бўлаётганлар, эркинлик йўлида жасорат билан курашаётганларни ҳамиша қўллаб-қувватламоғимиз шарт.


