Skip Navigation
Сиз ...дасиз: Элчихона > USAID > Микромолия масаласи бўйича Марказий Осиё 6-минтақавий анжумани Остонада бўлиб ўтди
Skip Left Section Navigation

Янгиликлар ва тадбирлар

Микромолия масаласи бўйича Марказий Осиё 6-минтақавий анжумани Остонада бўлиб ўтди (09/18/2008)

2008 йил 18 сентябрь куни Қозоғистон пойтахти Остонада “Марказий Осиёда микромолия: бугун ва келажак” мавзусидаги икки кунлик минтақавий анжуман ўз ишини якунлади. Мазкур анжуман Тадбиркорликни ривожлантириш Жамғармаси, Қозоғистон Микромолия Ташкилотлари Уюшмаси ҳамда АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлигининг (USAID)  “Марказий Осиё Микромолия Уюшмаси” (CAMFA) лойиҳаси томонидан ташкил этилди.

Анжуманда 300 дан зиёд тадбиркорлар, микромолия экспертлари, шунингдек, минтақадаги ҳукумат ва молиявий муассасалар, халқаро ва донор ташкилотлар, тадбиркорлар уюшмалари, чет эл элчихоналари ҳамда бизнесни қўллаб-қувватловчи қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Марказий Осиё микромолия анжумани ҳар йили турли мамлакатда ўтказиб келинади. У Марказий Осиё микромолия соҳасидаги асосий муаммолар, уларни ҳал қилиш, келгуси режаларни белгилаш, янги технологиялар ва иштирокчи давлатлар ўртасида тажриба алмашишга қаратилди. Икки кун давом этган анжуманда қатнашчилар қуйидаги масалаларни муҳокама қилишди:

  •  Қозоғистондаги микромолия соҳасининг ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиши;
  •  Халқаро бозор ва Марказий Осиёда микромолияни ривожлантириш истиқболлари;
  • Кредит уюшмаларининг маҳаллий ва халқаро тажрибаси;
  • Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги микромолия ташкилотлари уюшмаларининг қўлга киритган ютуқлари ва уларнинг келгусидаги режалари;
  • Қишлоқ хўжалиги соҳасида кредит бериш бўйича Қозоғистон тажрибаси – Жаҳон Банки ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасидаги қўшма микромолия лойиҳаси;
  • Янги маҳсулот ва технологиялар – лизинг, суғурта, мобил банк хизмати ва кредит карталар
  • Микромолия муассасалари ва кредит идоралари ҳамкорлиги орқали фуқароларнинг кредитдан фойдаланиш маданиятини ошириш.

Тадбир қатнашчилари микромолия муассасаларининг ижтимоий мақсад-моҳиятини, ҳукумат ва хусусий тадбиркорларнинг микромолия ташкилотларини тижорат асосларида молиялаши масалаларини ҳам муҳокама қилишди ҳамда “Сармоядорлар Ярмаркаси”да иштирок этишди. Делегатлар нобанк микромолия тизимини ривожлантириш бўйича қатор тавсиялар ишлаб чиқади ва уларни иштирокчи давлатлар ҳукуматларига тақдим этади.

CAMFA лойиҳаси USAID томонидан молиялаштирилган ва халқаро ACDI/VOCA Корпорацияси лойиҳани амалга оширади. Лойиҳа Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш, хусусан, қишлоқ жойлари ва чекка ҳудудларда уларга кенг кўламли молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича иш олиб боради. CAMFA лойиҳаси USAIDнинг Америка халқи номидан Марказий Осиёда амалга ошираётган кўплаб кўмак лойиҳаларининг бири саналади. 1992 йилдан буён Америка халқи USAID орқали Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсиш, демократик институтлар, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўмак дастурларини 1.5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ билан таъминлади.