Янгиликлар ва тадбирлар
Марказий Осиёдаги энергетика компаниялари минтақада энергия тақсимотини режалаштириш моделини муҳокама қилди (09/26/2008)
2008 йил 26 сентябрда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг миллий энергетика компаниялари вакиллари АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) кўмагида ишлаб чиқилган Марказий Осиё минтақасида янги энергия узатиш бўйича режалаштириш моделини муҳокама қилди. Остонада бўлиб ўтган учрашувга USAIDнинг АҚШ Энергетика Уюшмаси томонидан амалга ошириладиган “Марказий Осиёда Минтақавий Узатишни Режалаштириш (CARTRANS)” лойиҳаси мезбонлик қилди.
Марказий Осиё электр энергиясини узатишга қаратилган янги модел Марказий Осиё мамлакатларига минтақадаги мамлакатлар ичида ва ўзаро энергия оқимини яхшироқ режалаштириш ва бошқаришга имкон беради. Марказий Осиё энергия узатиш тизими Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондаги, шунингдек, Қозоғистон жанубий қисмидаги миллий электроэнергия тизимини ўз ичига олади. Шўролар тузуми даврида барпо этилган ушбу тизим, мамлакатларнинг ўзаро бир-бирига боғлиқлигини кўзда тутади ва ҳар бир мамлакат ичидаги энергиянинг энг самарали таъминоти учун биргаликда режа тузишни талаб этади. Минтақавий энергия узатиш модели Марказий Осиёда энергия ишлаб чиқаришни режалаштирувчиларни тизимнинг ҳар бир бўлимидаги энергия узатиш кўлами тўғрисидаги маълумот билан таъминлайди ҳамда электр ишлаб чиқариш борасида тўғри ва самарали режа тузишга имконият яратади. Бу ўз навбатида минтақада жойлашган тўртта мамлакатга энергия таъминоти миқдорини оптималлаштириш ва энергия узилишини камайтиришда катта ёрдам беради.
Мазкур жараённинг биринчи босқичида USAID Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг миллий энергия компанияларини махсус компьютер дастури билан таъминлади, уларга миллий электр узатиш тизимларини мамлакатга мос тарзда ривожлантиришга кўмак берди. “Энергия” минтақавий мувофиклаштирувчи тақсимот маркази, шунингдек, Афғонистон ва Туркманистон энергия таъминоти компаниялари ҳам ушбу жараёнга ўз ҳиссасини қўшди. Шу тариқа миллий моделлар ягона минтақавий моделга бирлаштирилди. Жума кунги учрашувда иштирокчи давлатлар бундай моделнинг самарали бўлишига ишонч ҳосил қилиш мақсадида коммуникация ва ахборот алмашув механизмларини муҳокама қилди.
Учрашувда Қозоғистон электр энергияси ишлаб чиқариш компанияси, Қирғизистон миллий электроэнергия ташкилоти, Тожикистоннинг “Барки Тожик” компанияси, “Ўзбекэнерго”, “Энергия ”минтақавий мувофиқлаштирувчи тақсимот маркази, шу билан бирга, Афғонистон энергия ва сув хўжалиги вазирлиги мулозимлари иштирок этди. Электр энергияси модели Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган эса-да, иштирокчилар яқин келажакда Туркманистон ҳам бу сафга қўшилишига умид билдиришди.
CARTRANS лойиҳаси USAIDнинг Америка халқи номидан Марказий Осиёда амалга ошираётган кўплаб кўмак лойиҳаларининг бири саналади. 1992 йилдан буён Америка халқи USAID орқали Марказий Осиёдаги иқтисодий ўсиш, демократик институтлар, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўмак дастурларини 1.5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ билан таъминлади.


